Ғарблик сайёҳлар Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёнинг тарихий шаҳарларини иштиёқ билан ўрганмоқда. Италиялик фотосуратчилар Роберто Конте ва Стефано Перего Марказий Осиёга сафари давомида замонавий Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон шаҳарларидаги Совет даври архитектурасини ўрганиб чиқиб, “Совет Осиёси” номли фотокитобни чоп эттиришни режалаштирмоқда.
Муаллифлар ушбу китобда собиқ СССР ҳудудида топилган модерн услубидаги кўплаб биноларнинг суратлар тўпламини намойиш этади. Унда бетондан қурилиб, такрорланмас услубда безатилган университет биноларидан тортиб, музей ва тураржой мажмуаларигача бўлган архитектура мерослари бор.
Шунингдек, фотокитобда форс ва исломий архитектура маданиятидан таъсирланиб қурилган бинолар ҳақида ҳам сўз юритилади. Декоратив мозаика ва нақшлардан фойдаланилган, кулранг меъморчиликка асосланган ва Совет бруталист услубининг шарқона услубларига таяниб бунёд этилган бинолар бунга мисол бўла олади.
Америкалик Девид Триллинг Ўзбекистонда суратга олиш эркинлашгани ҳақида фотомақола ёзиб, мамлакат бўйлаб олган бир неча суратларини баҳам кўради.
Муаллиф Қўқондаги масжидлардан бирида бўлиб, у ердаги одамлар билан суҳбат қургани, шаҳарга сафаридан одамлар хурсанд бўлгани ва улар ҳар ерда бемалол суратга олиш мумкинлигини айтганини ёзади.
Британиялик саёҳатчи блогер Эмили Лукстон эса Тошкент метрополитени ичкариси ва маҳаллий бозорлардан олган таассуротлари ҳақида ёзади. Муаллиф, айниқса, рус классик меъморчилиги услуби ва кўзни қамаштирувчи исломий обидалар билан уйғунлашган Тошкент бинолари услубидан таъсирланганини таъкидлайди. “Мен Тошкент метросидаги ҳар битта бекатни турли меъморлар бутунлай ўзгача услубда лойиҳалаштирганидан ҳайратландим”, − дейди Эмили.
Шунингдек, блогер Самарқанд шаҳридан олган таассуротлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтади. Бибихоним масжиди ва Регистон гўзаллигидан завқ олган муаллиф, у ердаги обидалар тарихи ва улар ҳақидаги ҳикояларга қулоқ тутганидан ҳам ҳикоя қилади.
Яна у ўзбек ҳалқининг меҳмондўстлигини, Самарқанд ва Бухорога сафари чоғида ипак гиламлардан мутаассир бўлганини алоҳида таъкидлайди.
Марианна Нобл янги хукумат даврида Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга эътибор кучайгани, виза эркинлиги боис мамлакатга саёҳат қилиш осонлашгани ва 2019 йил мамлакатга саёҳат учун энг қулай давр экани ҳақида ёзади. Фикрича, мамлакатнинг меҳмондўст халқи, кўк гумбазли масжидлари ва мадрасалари сайёҳларни жалб қилади. Бу ерда туризмга бағишланган биринчи халқаро форум бўлиб ўтди. Мамлакат 2019 йилда 5 миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилиш ва уларга қулай шароит яратишга ҳаракат қилмоқда. Яқинда олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон 12 та энг бахтли мамлакатлардан бири сифатида тан олинди ва Lonely Planet эса мамлакатни “кўриш шарт” (must see) бўлган жойлардан бири сифатида таърифлайди.