Мана, 2018 йил ҳам ўз поёнига етиб бормоқда. Мутахассисларнинг аксарияти ушбу 365 кунлик дунё миқёсида сиёсий жўшқинлик билан кечганини эътироф этмоқда. Ўзбекистон ҳаётида ҳам “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” ўзининг манфий ва мусбат томонлари билан тарихга кирди. Ислоҳотлар қаердадир муваффақият билан, яна қайсидир соҳада айрим камчиликлар билан кечди. Ҳўш, бу жараёнда қайси муҳим йўналишлар назардан четда қолди? Якун топаётган йил нимаси билан ҳаётимизда муҳим роль ўйнади?

Uzanalytics.com ўтказган кичик сўровномада Ўзбекистоннинг номдор иқтисодий таҳлилчи, журналист, сиёсатшунос ва ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этдилар.

1. Сиз бу йил мамлакат ҳаётидаги қайси вақеани энг муҳими деб ҳисоблайсиз ва қандай кутилган воқеалар юз бермади?

2. Келаётган янги йилдан нималарни кутаяпсиз?


Юлий ЮСУПОВ, иқтисодчи, Center for Economic Development директори

1. Йилнинг энг муҳим ҳодисаси бу – амалдаги солиқ тизимини тубдан ўзгартиришга қаратилган солиқ ислоҳоти концепциясининг қабул қилинганидир.

Солиқ ислоҳоти мамлакатимиз солиқ тизимидаги учта муҳим муаммони ҳал этишга йўналтирилган:

– Солиқ юкида солиққа тортишнинг соддалаштирилган ва кичик корхоналарнинг ўсишига ва иқтисодиёт афзалликларидан фойдаланиш имконини бермаётган умумбелгиланган режимлар ўртасидаги катта узилиш;

– Меҳнатнинг ижтимоий тақсимотини ўлдирадиган фойда солиғининг кўплиги (кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, йирик корхоналар учун давлат манзилли ажратмалари) ва қўшимча солиқ қийматининг узундан-узун занжирининг мавжудлиги иқтисодиётимизни жаҳон иқтисодиётининг хомашё базаси бўлиб қолишига маҳкум этади;

– Тадбиркорларга бандликнинг ўсишига тўсқинлик қилувчи меҳнат солиқларининг баландлиги.

Нималарга эришиб бўлмади? Маъмурий ва аграр ислоҳотлар амалга оширилмади.

Солиқ ислоҳотини амалга ошириш барбод бўлди:

– Ҳукумат ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи)ни камайтирмади. 20% ҚҚС янги йилдан бошлаб умумий режимга ўтадиган тармоқ корхоналари учун жуда қимматлик қилди. ҚҚСни камайтириш ўрнига амалга оширилаётган ислоҳотни фақат қийинлаштираётган соддалаштирилган ҚҚС ўйлаб топилди.

– Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ишлаб чиқилмади, гарчи бу учун вақт етарли бўлган бўлсада (ярим йил).

– Кодексга киритилган ўзгартишлар тўлақонли ислоҳотларни амалга ошириш учун етарлича эмас.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича ҚҚС зачёти муаммоси ҳал этилмади (бироқ мазкур муаммони ҳал этиш учун амалга оширса бўладиган вариантлар бор эди.)

– ҚҚС ва даромад солиғи тўлови соддалаштирилмади.

– Солиқ имтиёзларини умумий қисқартириш амалга оширилмади.

– Ислоҳотлар амалга оширилгунга қадар солиқчиларга қўшимча ваколатлар ажратилди, Бу бизнес учун нотўғри нарса. Ислоҳотларни ҳақиқий камситиш бизнес ва аҳолининг кўз олдида амалга оширилмоқда

2. Солиқ ислоҳоти ва қуйидаги соҳалардаги ислоҳотларнинг оқилона амалга оширилишидан умид қиламан:

– маъмурий ислоҳотлар;

– аграр ислоҳотлари;

– давлат корхоналари, жумладан монополияга айланган корхоналар бўйича ислоҳотлар.



Сардор САЛИМ, блогер

1. Ислоҳотлар тизимсиз, кўр-кўрона қилинаётгани, ўзгаришларни амалга ошира оладиган элита йўқлиги тобора аён бўлмоқда. Ислоҳотлар сўзда қолиб кетяпти ёки имитацияга айланмоқда

Диний соҳадаги давлат сиёсатини ёз ойиларидан бошлаб қаттиққўллашиши секуляр-диний ҳаёт тарзларини уйғунлаштириш йўллари ҳақида дунёвий элитамизда тасаввур (ечим) йўқлигини кўрсатмоқда.

2. Россия билан алоқалар тобора номутаносиб тус оляпти. 2019 йилда юқоридаги жараёнлар янада салбий томонга ўзгаришини тахмин қилмоқдаман.


Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА, ҳуқуқбон, мустақил журналист, himoya.uz сайти асосчиси

1. Бу йилнинг энг оламшумул воқеаларидан бири Бобомурод Абдуллаев – Усмон Хақназарнинг озод этилиши ва шу билан бирга Бобомуродни қамоққа олган МХХ полковниги Нодир Тўрақулов кирдикорларининг фош этилиши бўлди, деб ўйлайман.

Бу икки воқеа мамлакатда эзгулик ёвузлик устидан тантана қилаётганлигидан далолат беради… Бу вақеалар ривожи президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатга умид ва ишонч уйғотади.

Ўқувчиларимиз жуда яхши билишади, мен 159-244-моддалар билан жиноий жавобгарликка тортилган ёш навоийшунос олим Акром Малик ҳимоясига отланганман. Шу боис мен Мирзиёевдан 2018 йилнинг 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан навбатдаги жасоратни кутгандим. Акром Маликдек олий ўғлимизни авф қилишга жасорат кўрсатади, деб ўйлагандим. Жуда катта умид билан Конституция кунини кутгандим. Умидларим саробга айланиб қолганидан афсусдаман…

2. Кириб келаётган янги 2019 йилда Акром Маликов, Андрей Кубатин каби сиёсий маҳбуслар ҳам озодликка чиқади деган умиддаман.


Виктор МИХАЙЛОВ, Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори

1. Ўзбекистонлик мутахассислар билан Исроилга уюштирган сафаримиз мен учун 2018 йилнинг энг ёрқин ҳодисаси бўлди, у ерда биз ушбу мамлакатнинг террорчилик таҳдидларига қарши тура олиш ҳамда хавфсизлик тизимлари билан танишдик.

Россия Федерацияси ва Украинага кетган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ўртасида экстремизм ва радикаллашув ғояларининг тарқалишини бартараф этишга қаратилган интернет-радиони тўлалигича ишга туширишга эриша олмадик.

2. Ўзбекистонда ислоҳотларнинг, энг аввало иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришларнинг давомли бўлишини кутяпман. Яна ижтимоий соҳа ва албатта, коррупцияга қарши кураш бўйича янада самарали сиёсатни ҳам.


Рафаэль САТТАРОВ, сиёсатшунос

1. Рустам Иноятовнинг нафақага чиқиши, президент Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, Тожикистон билан виза муносабатларининг бекор қилиниши ҳамда Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегара муаммоларининг ҳал этилгани – мана шулар менимча йилнинг энг ёрқин ҳодисаларидир.

Визалар ва рўйхатга олиш бўлими тизими ўрнига бошқа бир қулай тизим йўлга қўйилмади. Раҳбарлар амалдаги муайян тизимни бекор қилиб, фуқароларни паспорт столларида навбатга туришга мажбур этган ҳолда, улар учун янги муаммоларни пайдо қилмоқдалар. Фуқароларнинг эркин чиқишини назорат қилувчи янги механизм яратилди. Бу одамларнинг хорижга чиқиш паспортини ололмасликлари учун турли бюрократик тўсиқлар пайдо қилади. Мамлакат учун институционал ислоҳотлар керак, деган тушунча ҳалигача жамиятда мавжуд эмас. Бор кучи билан жамиятни зулмат ва қолоқликда ушлаб туришга интилаётган маърифат душманлари ва нодонлар ОАВ ва таълим муассасаларида ҳанузгача устунлик қилмоқда.

2. Янги йилда туб ўзгаришлар содир бўлиши амри маҳол, президентнинг ислоҳотчилик кайфиятида қандайдир сустлик ва мамлакатнинг долзарб масалари бўйича қатъиятсизликни кузатсак керак.


Нигора ҲИДОЯТОВА, сиёсатчи

1. 2018 йилда мени қаттиқ таъсирлантирган воқеа бу – журналист Бобомурод Абдуллаевнинг суди ва унинг устидан ўқилган суд ҳукми бўлди. Бу иш ўзбек махсус хизматлари ташаббуси билан Иноятов раҳбарлиги остида амалга оширилди. Биз, фуқаролик жамияти вакиллари мамлакатда бошланган ислоҳотлар шу билан тўхтайди, шекилли, деб ўйлаб, ҳавотир олган эдик. Кейин амалга оширилган ишларни ҳатто тасаввур ҳам қилмаган эдик. Бу миллий хавфсизлик хизмати сиёсатининг бутунлай фош қилиниши бўлди.

Суд ҳукмининг ўзи ҳукмлар энди МХХ биноси ичида тўқилмаслигини кўрсатди. Албатта, бу ҳали мустақил суд эмас, бунинг учун суд-ҳуқуқ ислоҳотини амалга ошириш лозим, бироқ махсус хизмат суд қарорига таъсир кўрсата олмади.

Бир пайтнинг ўзида Moody’s ва Standard & Poor’s агентликларининг Республикага суверен кредит рейтингини таъсис этганини Ўзбекистон учун йирик воқеалардан яна бири, деб ҳисоблайман. Ушбу рейтинг паст бўлсада, Ўзбекистон шу орқали жаҳон савдо кредит бозорига чиқа олади. Шунингдек бу иқтисодиётни ривожлантириш ва тармоққа инвестициялар оқимини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилда солиқ сиёсати амалга оширилмади ва бу жуда ачинарли ҳол, чунки ушбу масаланинг кечиктирилиши Республиканинг ишбилармонлик муҳитида ўз аксини топади ва албатта иқтисодиётни ривожлантиришга тўсқинлик қилади.

2. Бироқ янги йилда янада чуқур ислоҳотлар ва умуман, модернизация амалга оширилишидан умидвормиз. Чунки замонавий, тез ўзгарувчан глобал дунёда буларсиз яшаш имконсиздир.


Total
51
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*