Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизими: ҳолати ва муаммолар

Кейинги йил (2019 йилда) Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Хўш, мазкур сайловларнинг асосий субъекти ҳисобланган сиёсий партияларнинг бугунги кундаги ҳолати қандай? Фаолият олиб бораётган партиялар давлат ва жамият модернизациясини амалга оширишга қодирми? Мамлакатда кўппартиявийлик тизимидаги муаммолар нималардан иборат? Шу ва бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб ўтамиз.

Муаллиф


Санжар Саидов


Сиёсатшунос

Тошкент, Ўзбекистон

Сиёсий партия бу…

Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий принципларидан энг муҳими давлат ҳокимияти органларининг умумхалқ сайловлари асосида шакллантирилиши ҳамда фуқароларнинг давлат ва жамият ишларида бевосита, ёки ўзлари томонидан сайлаб қўйилган вакиллари орқали иштирок этиши ҳисобланади. Бунда энг аввало, жамият билан давлат ўртасида ўзига хос “кўприк” вазифасини ўтовчи ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бири бўлган – сиёсий партиялар асосий рол ўйнайди.

Сиёсий партия – бу қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи фуқароларнинг кўнгилли бирлашмасидир.[1] Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар.[2]

Экспертларнинг фикрига кўра, сиёсий партия – бу сиёсий амбицияга эга бўлган шахслар томонидан тузилган ва бошқариладиган ҳамда умумий мафкура асосида бирлашган тармоқдир (networks)[3]. Сиёсий партиялар энг аввало, ўз электорати манфаатларидан, сиёсий мафкураси ва позициясидан келиб чиқиб, сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларига етарлича таъсир ўтказишлари ҳамда ўзининг вакиллари орқали давлатнинг марказий ва маҳаллий ижроия органлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда қатнашишлари лозим.

Сиёсий партияларнинг ғарб ва шарқ талқини

Дунё сиёсий тарихидан аёнки, замонавий типдаги сиёсий партиялар айнан ғарбда, демократик бошқарув тизимига ўтган мамлакатларда шаклланган. Уларнинг асосий вазифалари сифатида давлат бошқарувида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш; ўз электорати ҳамда бутун жамият манфаатларини илгари суриш; давлат ва жамият тараққиётига қаратилган муқобил лойиҳа (дастур)лар ишлаб чиқиш каби кўплаб функцияларни бажариб келади.

Немис сиёсатшуноси Клаус фон Бейме сиёсий партияларнинг устувор функциялари сифатида қуйидагиларни эътироф этади: ўз мақсадини аниқлаш, мафкурасини ишлаб чиқиш, ҳаракат дастури ва йўналишини белгилаш; жамоатчилик манфаатларини бирлаштириш ва илгари суриш; фуқароларни социализация ва мобилизациясини ташкиллаштириш; мамлакат бошқарув элитаси ва ҳукумат таркибини шакллантириш[4]. Айнан шунинг учун ҳам сиёсий партиялар ижтимоий тараққиётнинг турли йўллари ва стратегияларини ишлаб чиқиш орқали социумнинг интеграциялашувини таъминлаб беради.

Агарда ғарб ва шарқ давлатларида сиёсий партияларнинг шаклланиши, ривожи ва умуман жамият сиёсий тафаккурини қиёсий таҳлил қиладиган бўлсак, бир қанча фарқли жиҳатларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу энг аввало, ўша жамият турмуш-тарзи, демократик қадриятларга муносабати, менталитети, борин-ки, сиёсий тафаккурига боғлиқдир. Мазкур жараён энг аввало сайлов жараёнларида кўзга ёққол ташланади.

Расм 1. Ғарб ва Шарқ мамлакатлари сайловолди кампанияларининг қиёсий таҳлили асосида тузилган.[5]

Юқоридаги жадвалдан ҳам кўриниб турибдики, ривожланган ғарб мамлакатлари сиёсий тизими ва сайловолди кампанияларида энг аввало сиёсий мафкура устуворлик қилади. Яъни, партиянинг ғояси, мафкураси, жамият ва давлатни янгилаш бўйича ўзига хос дастурига катта аҳамият берилади. Электорат ҳам энг аввало муқобил дастурлар учун овоз беради. Шунинг учун кўпчилик ғарб давлатларида пропорционал сайлов тизими амал қилади. Кейинги позицияларда эса, сиёсий партия ва номзоднинг шахсий жиҳатларига эътибор қаратилади.

Аксарият шарқ давлатлари сайлов жараёнида эса шахснинг ўрни ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Номзоднинг кимлиги, унинг ижтимоий ҳаётда тутган ўрни, мавқеи, керак бўлса харизмаси сайловчиларни қизиқтирадиган энг бирламчи омиллардандир. Мазкур ҳолатда эса, сиёсий мафкура охирги поғонадан жой олади. Буни энг аввало шарқ жамиятларида патерналистик тафаккурнинг утуворлиги билан изоҳлашимиз мумкин.

Айнан сайловолди жараёнлари, сиёсий партияларнинг парламентдаги иштироки ва уларнинг доимий фаолиятидаги рақобати шу индикаторларга асосланади. Сиёсий жараёнлар субъекти ҳисобланган электорат, сиёсий партиялар, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳам мазкур тизим асосида шаклланган ва фаолият олиб боради. Мазкур қиёсий таҳлилдан кўриниб турибдики, ғарб билан шарқ жамиятлари сиёсий тафаккурида, ижтимоий-сиёсий тизимида тафовутлар жуда ҳам кўп. Буларни илмий жиҳатдан ўрганиш ва таҳлил қилиб бориш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Шу ўринда, ривожланган демократик мамлакатларда кенг тарқалган муҳим институт – сиёсий дискурсга ҳам эътибор қаратиб ўтиш лозим. Айнан жамиятда бугунги кун учун долзарб бўлиб турган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий муаммоларни (масалаларни) муҳокама қилишда партиялар ўртасида доимий равишда олиб бориладиган сиёсий дискурсларнинг аҳамияти катта. Сиёсий дискурс – бу энг аввало сиёсий партиялар (шу жумладан фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари) ўртасида коммуникатив мулоқотни ташкил қилиб берадиган сиёсий жараёндир[6]. Дискурслар ўз навбатида сиёсий етакчилар орқали бошқариладиган ва тегишли аудитория учун қўлланиладиган ҳамда ўзининг махсус тилига эга бўлган сиёсий воситадир. Сиёсий дискурс сайлов кампанияси даврида партиялар томонидан мамлакат ички ва ташқи сиёсатини муҳокама қилишда, жамият ва давлат ҳаётига тааллуқли муҳим масалалар юзасидан баҳс-мунозарага киришувида ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнларни таҳлил қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Сиёсий партияларнинг ўзаро сиёсий дискуссияга киришишида оммавий ахборот ва коммуникация воситаларининг ўрни катта. Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасида нафақат сайловолди кампанияси даврида, балки мунтазам равишда долзарб ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан теле-дебатлар, брифинг ва пресс-конференциялар ўтказиб келинади.

Расм 2. “Сиёсий дискурс” шакллари: сиёсий жараёнларни қиёсий таҳлил қилиш асосида шакллантирилган.

Сиёсий дискурснинг асосий мақсади – мавжуд ҳолатни оддийгина таснифлаш эмас балки, бу ўз ғоя ва фикрларига электоратни ишонтириш, ижобий имидж яратиш ва аудиторияда мотивацияни уйғотишга қаратилади. Шунинг асносида сиёсий дискуссиялар презентатив: ўз ғоя ва дастурларини тақдимот қилиш, конструктив: амалдаги ҳукуматга (ёки ҳокимиятдаги партияга) нисбатан ўз позициясини билдириши, яъни муқобил ғоя ва дастурларни илгари суриш, конфронтатив: амалдаги ҳукуматга (ёки ҳокимиятдаги партияга) нисбатан мухолифат шаклида фаолият олиб бориш каби кўринишларда намоён бўлади.

Шундан келиб чиқиб, давлат бошқарувини демократлаштириш, жамиятда қонун устиворлигига эришиш ва мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашда сиёсий партияларнинг ўз нуқтаи назари шаклланиши, давлат ва жамият тараққиётига қаратилган муқобил дарстурларни илгари сура олиш қобилиятига эга бўлиши, сайловлар давомида ўз сиёсий рақиблари (бошқа сиёсий партиялар) билан мазмунли мунозарага кириша олиши, бир сўз билан айтганда, мамлакат сиёсий тизимида кўппартиявийлик ва партиялараро рақобатни шакллантириш муҳим вазифалардан биридир.

Ўзбекистонда сиёсий партиялар

Бугунги кунда, Ўзбекистонда тўтта сиёсий партия расман руйхатдан ўтган ҳолда фаолият олиб бормоқда, булар: Ўзбекистон Халқ демократик партияси; “Адолат” социал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси.

§  Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП) – 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ташкил қилинган биринчи сиёсий партия. Мазкур партияни кўп жиҳатдан собиқ коммунистик партиянинг меросхўри сифатида ҳам эътироф этадилар. ЎзХДП 1991 йил 1 ноябрда расман рўйхатга олинган. Расмий маълумотларга қараганда бугунги кунда партиянинг аъзолари сони 425 минга яқин. Жойларда партиянинг 11 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилотлари фаолият олиб боради. ЎзХДП марказий кенгаши раиси – Хотамжон Кетмонов. Партия уставида унинг асосий мақсади – давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги белгилаб қўйилган. Партиянинг матбуот органи – “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари.

§  “Адолат” социал-демократик партияси – 1995 йил 18 февралда ташкил топган. Бугунги кунда 135 минг аъзоси бор. Республика ҳудудларида 3 минга яқин бошланғич партия ташкилотларига эга. Партия сиёсий кенгашининг раиси – Наримон Умаров. Матбуот органи – “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси. Партия уставида белгиланган асосий мақсади – ҳуқуқий-демократик давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни шакллантиришда фаол иштирок этиш дея белгиланган.

§  “Миллий тикланиш” демократик партияси – 2008 йил 20 июнда Миллий тикланиш ва Фидокорлар партияларининг бирлашуви асосида шаклланган. Партиянинг аъзолари сони 190 минга яқин. “Миллий тикланиш” партияси марказий кенгаши раиси – Сарвар Отамурадов. Партия уставига мувофиқ асосий мақсади – Ўзбекистон Республикаси фуқароларида миллий ўзликни англашнинг ўсиши, миллий ғурур, ватанга садоқат ва муҳаббат туйғусини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш эканлиги таъкидланади. Сиёсий партиянинг матбуот органи – “Миллий тикланиш” газетаси.

§  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛидеп) – 2003 йилнинг 15 ноябрида тузилган. Партия ўзининг асосий мақсади сифатида – тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг мазкур қатлами манфаатларини ҳимоялаш ва эртанги кунини таъминлаш экани қайд этилади. ЎзЛидепнинг аъзолари сони 252 минг нафарни ташкил этади. Партия сиёсий кенгаши раиси – Актам Хаитов. Матбуот органи – “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси.

Бугунги кунда, мазкур сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят, туман ва шаҳар вакиллик органларида ўз депутатлик мандантларига эга. Қуйидаги жадвалларда уларнинг тақсимотини кўриш мумкин.

Расм 3. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлик мандатларининг тақсимоти.[7]

Расм 4. Маҳаллий кенгашлардаги депутатлик манданлари тақсимоти.[8]

Сўнги йилларда, Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимини шакллантириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш борасида етарлича ҳуқуқий асослар яратилди дейишимиз мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисидаги”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисидаги”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисидаги”, “Сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги”, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисидаги” қонунларини алоҳида такидлаш лозим.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори қабул қилинди. Унга кўра, республикада Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ҳамда барча даражадаги сайловлар тизимига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, амалдаги сиёсий партияларнинг 1994 й, 1999 й, 2004 й, 2009 й. ва 2014 йиллардаги Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда иштироки ва сайловлар жараёнида орттирилган ўзига хос тажрибаси ҳам Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг ривожига ижобий таъсир этади, албатта.

Лекин, шунинг билан бирга, бугунги кунда, мамлакатда сиёсий партиялар фаолияти ва уларнинг том маънодаги фуқаролик жамияти институтига айланиши борасида бир қанча фундаментал муаммолар мавжуд. Булар сирасига:

Биринчидан, амалдаги сиёсий партиялар ўз ҳаракати ва фаолияти жиҳатидан жамиятдан, электоратдан узилиб қолган десак муболаға бўлмайди. Сиёсий партиялар дастурларида индивидуаллик ва рақобатни кўра олмаймиз. Мазкур партиялар расмий ҳукумат томонидан олиб борилаётган сиёсатга нисбатан муқобил дастур ва моделларни илгари суриш қобилиятига эга эмас. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади[9];

Иккинчидан, энг асосий муаммолардан яна бири бу ҳалигача сиёсий партияларнинг ижтимоий асоси – электорати тўлиқлигича шакллантирилмагани ҳисобланади. Шунингдек, амалда сиёсий партиялар билан, улар ўз электорати дея эълон қилган, ижтимоий гуруҳи ўртасида “қайта алоқа” тизими мавжуд эмас. Ижтимоий ҳаётимизда шундай омил кўзга ташланади-ки, бугунги кунда, гўёки сиёсий партиялар ўз ҳаётида, электорат эса ўз ҳаёти билан яшамоқда;

Учинчидан, ҳозирги кунда, сиёсий партиялар ташкилотларида кадрлар муаммоси жуда долзарблигича қолмоқда. Партия тизимида ҳали-хамон ёши ўтган ва эскича фикрлайдиган партташкилотчилар фаолият олиб бормоқда. Ойлик маошининг пастлиги, партия ташкилотлари тизимида ўрнатилган бюрократик тизим ва бошқа факторлар сабабли ёш, ташаббускор, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар сиёсий партиялар тизимига келишмаяпди;

Тўртинчидан, энг асосий муаммолардан яна бири бу – сиёсий партияларнинг ўзида демократиянинг сустлигидир. Ўзларини “демократик” партия дея эълон қилган мазкур сиёсий партияларнинг фаолиятида демократияга хос бўлмаган кайфият устуворлигини кузатиш мумкин. Булар, партия бошқарув органлари сайловида, сиёсий партиядан депутатликка номзодларнинг кўрсатилишида, партия тизимида ўрнатилган чуқур вертикал муносабатларда яққол кўринади. Мазкур ҳолатлар эса, аслида жамиятда демократияни мустаҳкамлашга қаратилган фуқаролик жамияти институти ҳисобланмиш – сиёсий партияларнинг халқ олдидаги имиджини тушишига олиб келиши шубҳасиз.

Хулоса ва таклифлар

Фикримизнинг муқаддимасида қўйилган Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизими мавжудми? деган саволга жавоб тариқасида: Ўзбекистонда ҳали том маънодаги, демократик принципларга асосланган кўппартиявийлик тизими мавжуд эмас, у шаклланиш босқичида дея жавоб беришимиз мумкин.

Шу ўринда, мамлакатда кўппартиявийлик ва партиявий тизимни ривожлантириш борасида бир қанча факторларга эътибор бериш лозим:

§  Ўзбекистонда фаолият олиб бораёнган сиёсий партияларни вакиллик демократияси институтига айлантириш учун энг аввало уларнинг иш самарадорлигини ошириш, электорат билан ишлашда янги, XXI асрга хос бўлган, инновацион механизмларни қўллаш ҳамда партиялараро соғлом (конструктив) рақобат муҳитини яратиш лозим;

§  мамлакат ижтимоий-сиёсий тизими шаффофлиги ва легитимлигини таъминлаш энг аввало мухолифат партияларнинг шаклланишига ҳам боғлиқдир. Тўла маънодаги конструктив мухолифатгина мамлакатда кўппартивийлик тимизи, сиёсий рақобат ва парламент демократиясини таъминлашга қодир;

§  бугунги кунда, сиёсий партияларни давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги долзарб ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий масалалар борасида доимий изланишлар олиб борадиган, муаммолар ечимлари юзасидан аниқ ва манзилли дастурлар ишлаб чиқадиган ва уларни ҳаётимизга тадбиқ этишда иштирок қиладиган “аналитик марказлар”га (Think tanks) айлантириш даврнинг ўзи тақазо этмоқда;

§  шунинг билан бирга, ҳозирги кунда Ўзбекистон сиёсий раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларнинг қай даражада муваффақиятли кечиши энг аввало 2019 йилда мамлакатда кутилаётган парламент сайловларига ҳам кўп жаҳатдан боқлиқдир. Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, бугун Ўзбекистонга том маънодаги демократик сайловлар, демократик партиялар ва демократик парламент жуда зарур.


[1] Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуни. 1996 йил 26 декабрь, 337-I-сон.

[2] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Т., Ўзбекистон. 60 модда, 2017.

[3] Diamond L. “ Is the Third Wave Over?” Journal of Democracy, 1996, № 3.

[4] Бейме К. фон. Партии // Политология вчера и сегодня. Вып. 4. –М., 1992. – С. 64.

[5] Мазкур қиёсий жадвал кўплаб Европа ва Осиё мамлакатлари сайлов жараёнлари таҳлили, сиёсий партиялар фаолияти ва кўппартиявийлик тизимини илмий тадқиқ этиш асосида тузилган. Фақатгина муаллифнинг илмий қарашларини акс эттиради.

[6] Язык и наука конца XX века. Сб. статей. М.: РГГУ, 1995. – С. 35-73.

[7] Мазкур жадвал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маълумотлари асосида шакллантирилган. http://parliament.gov.uz.

[8] Мазкур жадвал Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси маълумотлари асосида тузилган. http://www.elections.uz.

[9] Мирзиёев Ш.М. Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак. 12.07.2017. http://uza.uz/oz/politics/parlamentimiz-a-i-iy-demokratiya-maktabiga-aylanishi-islo-ot-12-07-2017

Total
22
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*