“Султон Жалолиддин Мангуберди”: Ўзбек адабиётида янги тарихий роман ёки киночиларнинг эътиборсиз муносабати

Жалолиддин Мангуберди бугун Ўзбекистон учун афсонавий қаҳрамон бўлсада, дунё у ҳақида кам билади. Унинг ҳарбий иқтидорига асосий душмани Чингизхон ҳам тан берган эди. Мангуберди мўғул қўшинлари билан бир қанча жангларда зафар қозонган ҳолда ўлими сирли кечди.

Асли касби микробиолог олим бўлган ёзувчи Бахтиёр Абдуғафур қаламига мансуб “Султон Жалолиддин Мангуберди” романида бизгача етиб келган тарихий манбалардан фойдаланган ҳолда Мангубердининг шахсиятига бадиий баҳо берилади.

“Янги аср авлоди” нашриётида бўлиб ўтган китобнинг тақдимот маросимида таниқли олимлар, ноширлар, ёш идожкорлар иштирок этишди. Фурсатдан фойдаланиб Uzanalytics.com мухбири ёш ёзувчи билан суҳбатлашди.

–        Бахтиёр, аввало, китобингиз чоп этилгани билан табриклайман. Бир неча йиллардан бери кенг жамоатчилик учун қизиқарли бўлган мавзуларда қоғоз қоралаб келасиз. Жалолиддин Мангуберди шахсияти эса нафақат Ўзбекистон, балки, Осиё тарихида ўта мураккаб, таъбир жоиз бўлса, халоскор, озодлик учун курашчи сифатида шаклланган. Султон Жалолиддин ҳақида ёзишга сизни нима ундади?

–        Табрик учун катта раҳмат. Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, Ануштегин Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди шахсияти, фаолияти ва ҳарбий истеъдоди барча даврларда давлат арбоблари, саркардалар ва оддий халқ учун қизиқарли бўлиб келган. Ўрта асрларнинг кўплаб машҳур муаррихлари бу мард аждодимиз ҳақида махсус асарлар ёзишган, тарихларда жасоратини мадҳ этишган. Хонлар, султонлар, амирлар унинг савқулжайш (стратегия) ва тарбиятулжайшларини (ҳарбий усул, тактика) ўз қўшинларида қўллашга ҳаракат қилишган, ҳарбий академияларда унинг жанг усуллари алоҳида ўрганилган. Бу саркарданинг қаҳрамонлигига барча ҳукмдорлар ҳавас қилишган. Жалолиддиннинг бу қирраларини батафсил ёритиш, бадиий акс эттириш ҳаваси мазкур романни ёзишга ундади. Ўзимнинг тасаввуримдаги султон Жалолиддинни гавдалантириш мақсадида романни ёза бошладим.

–        Ўзбек адабиётида илк бор Жалолиддин Мангуберди образи Мақсуд Шайхзоданинг драмаси орқали жонланган. 1944 йилда Шайхзода уруш ҳолатида бўлган халқнинг кайфиятини кўтаришни ҳам мақсад қилган бўлса ажаб эмас. Бугунги кун учун Мангуберди миллий қаҳрамонми?

–        Жалолиддин барча даврлар учун қаҳрамон бўлган. Айниқса, бугунги кун нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, шубҳасиз, миллий қаҳрамон. Дини, миллати ва юрти учун курашган шундай мард қаҳрамон ёшларимиз учун ҳам ғурур ва ифтихор бағишлайди.

–        Мазкур тарихий асар бундан 8 аср муқаддам юз берган воқеаларга асосланган. Бунга сиз қайси манбаларга таяндингиз. Анъанавий, барча мурожаат қилиб келганлардан ташқари янги, омма учун эълон қилинмаган қайси фактлар илгари сурилган?

–        Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ўрта асрларнинг кўплаб тарихчилари Ануштегин Хоразмшоҳлар силсиласи, давлатчилиги ва таназзулига бағишланган махсус асарларни ёзишган. Улар орасида энг машҳури, шубҳасиз, Шиҳобиддин Насавийнинг “Сийрат ас-Султон Жалол ад-Дин Менгбурни” (“Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти”), Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонгушо” (“Жаҳон фотиҳи тарихи”), Рашидуддин Фазлуллоҳнинг “Жомеъу-т-таворих” (“Умумий тарих”), ибн ал-Асирнинг “Ал-комил фит-тарих” (“Мукаммал тарих”), Зиё Бунёдовнинг “Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати” асарларидир. Шунингдек, Жалолиддиннинг яна бир муншийси Нуриддин Зайдарийнинг “Нафсат ал-Масдур”, Жузжонийнинг “Табақати Носирий”, Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжам албулдан”, Ёсин ал-Умарийнинг “Ал-асар ал-Жалолиййа”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Абулғозихоннинг “Шажараи тарокима” асарларида ҳам султон Жалолиддиннинг тарихи қаламга олинган. Булардан ташқари, яна кўплаб тарихларда Жалолиддин Мангуберди ҳақида маълумотлар берилади. Ушбу асарларда мадҳ этилган Жалолиддиннинг кўп қаҳрамонликлари романда бадиийлаштирилган.

–        Албатта, тарихий асарлар асосида кўплаб тарихий фильмлар ишланган. Ўйлайманки, Жалолиддин Мангуберди образини кинога олиб чиқиш орқали ўзбек киноси ўзининг янги босқичига чиқиб олиши мумкин. Бу борада киночилар томонидан сизга мурожаатлар бўлдими?

–        Жалолиддин Мангуберди образини киноасарда жонлантириш, шубҳасиз, ўзбек киносини янги сифат босқичига олиб чиқади. Бироқ, бу масалага кенгроқ ракурсда ёндошиш керак, деб ўйлайман. Сабаби, Жалолиддинни тарихда қолдирган жиҳатлар жуда кўп – у яшаган тарихий давр, давлат бошқарувидаги шахслар, сарой ичидаги фитналар, сотқинлар, мусулмон дунёсида ўзига хос ўрин тутган халифа Носиридинуллоҳ Абул Аббоснинг хоразмшоҳларга қарши сиёсати, Чингизхоннинг салоҳияти… бу ҳамма-ҳаммаси бир уйғунликда ёритилмаса, Жалолиддинни тарих саҳнасида пайдо бўлиши, феноменал ўрни тўлақонли ёритилмаслиги мумкин. Роман-дилогиянинг ҳар икки китобида ана шу жиҳатлар доим марказий планда бўлишига ҳаракат қилдим. Тасаввуримизда фақат босқинчи, қонхўр ва билимсиз Чингизхон шакллантирилган. Лекин, аслида Чингизхон шунингдек, моҳир стратег, ақлли ва уддабурон сиёсатчи ҳам бўлган. Жалолиддин оддий босқинчига қарши чиқмаган. Балки, даврининг энг буюк сиймосига қарши майдонга чиққан. Ва айнан шу жиҳат Жалолиддиннинг ёрқин иқтидори ва салоҳияти юзага чиқишига сабабчи бўлган, деб ўйлайман. Киноасарларда айнан шу жиҳатлар ёритилиши шарт деб ўйлайман. Миллий киносаноатимизда яратилажак Жалолиддин ҳақидаги кинофильм ҳар томонлама мукаммал бўлиши керак. Агар бу жиҳатлар умумлаштирилса кино муваффақиятли чиқиши ва бемалол Оскарга тортиши мумкин. Биринчидан, Жалолиддин Мангуберди ҳақида ҳақида оддий томошабин унчалик маълумотга эга эмас. Иккинчидан, Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм ишланмаган. Учинчидан, султон Жалолиддин тарихи – уникал, феноменал тарих. “Султон Жалолиддин Мангуберди” романим йил бошидан “Шарқ юлдузи” журналида босилди. Яқинда романнинг биринчи китоби ҳам нашрдан чиқди. Лекин киночилар ҳамкорлик бўйича мурожаат қилишгани йўқ. Агар ҳамкорликка чорлашса жуда хурсанд бўлардим. Саккиз йил давомида султон Жалолиддин тарихини тадқиқ этдим. Ёрдамим тегишига ишончим комил.

–        Роман-дилогиянинг биринчи китобида машҳур Парвон ва Синд бўйидаги жанглар берилган. Бу жанг тасвирлари тарихий асарларда ҳам шундай келадими?

–        Албатта, тарихий асарларда, жумладан Насавийнинг “Сийрат”ида Парвон ва Синд дарёси бўйидаги қонли жанглар қисқа бўлса-да ҳикоя қилинади. Лекин романда бадиийлаштирилган ўринлар ҳам бор. Масалан, мўғул баҳодирларидан иборат, Чингизхоннинг ишонган жазо қўшини – Кешик билан Жалолиддин Мангубердининг Парвон даштида тўқнашуви бўлган. Парвон жангига қадар мўғулларнинг бу қўшини ҳеч қайси жангда мағлубиятга учрамаган. Асосан, жанг кўрган тажрибали навкарлардан иборат бўлган. Бироқ, Жалолиддин очиқ жангда бу қўшинни илк марта тор-мор келтиради. Бу саҳна асарда батафсил ёритилади. Ёки, шимолий Ҳиндистондаги Синд дарёсидаги энг оғир муҳораба. Бу савашга ҳам романда махсус боблар ажратилган (“Ҳилол” шиддати” каби). Романнинг иккинчи китобида Жалолиддиннинг халифа Носиридинуллоҳ Абул Аббос ва гуржилар қарши ҳамда Исфахон жанглари ҳам келтирилади. Бу жангларда султон Жалолиддиннинг саркардалик қобилияти тўлиқ намоён бўлади.

–        Романда ўша даврнинг шафқатсиз ҳаётини кўрсатиш мақсадида ҳарамга ташланган Нури биби образи киритилган. Умуман олганда, тарихий манбаларда ана шундай фактлар борми?

–        Нури биби тўқима образ, таъкидлаб ўтганингиздек, ўша даврнинг нақадар шафқатсиз бўлганини кўрсатиш учун киритилган. Шиҳобиддин Насавийнинг асарида султон Алоуддин Муҳаммад (Жалолиддиннинг отаси) асир олинган аслзода шаҳзодалар, ҳокимлар ва вазирларни “Искандар навба”сини ижро этишга мажбурлагани ҳақида маълумот бор. Яъни, султон саройга кириб келаётганида аслзода асирлар унинг шарафига навба ижро этишлари керак бўлган. Искандар Мақдунийга тақлид қилиб, асирлар сони 27 тага етказилган. Лекин, султон Алоуддин мўғуллар босқини арафасида қочиб кетади, унинг онаси малика Туркон эса ўша асирларнинг барчасини Амударёга чўктиришга буйруқ беради. Романдаги Нури биби ана ўша асир ҳокимлардан бирининг қизи, яъни, аслзода, лекин уни чўри қилиб сотадилар, охир-оқибат, малика Туркон ҳарамига ташланади. Ёки, Насавийнинг асарида Сабурхон лақабли шаҳзода тарихи келтирилади. Уни ҳам султон саройига келтирадилар. Малика Турконни уни ўлдиртирмай ўзига йўлбошловчи қилиб тайинлайди. Малика Гурганчни тарк этиб, Эроннинг овлоқ бир қалъаси – Илолга яширинмоқчи бўлади. Манзилга етгач, барибир ўша шаҳзодани қатл этишни буюради. Бу воқеалар романнинг биринчи китобига киритилган.

–        Романда ўша пайтдаги Ислом дунёсининг раҳбари халифа Носиридинуллоҳ Абул Аббоснинг Чингизхон ва хоразмшоҳларнинг яна бир душмани қорахитойлар билан олиб борган махфий ёзишмалари ҳақида маълумот берилади. Булар ҳам тарихий фактларми?

–        Афсуски, мусулмонлар йўлбошчиси, ўша вақтда амиралмўминийн деб улуғланган халифа Носиридинуллоҳ Абул Аббос тобора кучайиб бораётган хоразмшоҳларнинг тийиш учун мўғуллар ва қорахитойлар билан махфий ёзишмалар олиб борган. Буни кўплаб тарихчилар ёзиб қолдиришган. Халифа Чингизхон ва қорахитойларни хоразмшоҳлар салтанатига бостириб киришга даъват қилиб мактублар юборган. Бу мактубларнинг бир нечтаси султон Алоуддин ва Жалолиддиннинг қўлига тушган. Жумладан, султон Алоуддиннинг қўшини қорахитойлар пойтахти Боласоғунни олганида хон девонида халифанинг мактублари топилган.

–        Романнинг иккинчи китобида воқеалар қандай ривожланади, агар сир бўлмаса?

–        Ҳиндистонда енгилган Жалолиддин Форсга (ҳозирги Эрон ва Ироқ ҳудуди) келиши, укаси Султон Ғиёсиддиндан тахтни тортиб олиши, Озарбайжон, Грузия, Арманистонни ишғол қилиши, юқорида айтиб ўтганимдек, Ҳалифа ан-Носир, гуржилар ва мўғуллар билан жанглари (Исфаҳон жанги) ёритилади.

–        Демак, Жалолиддиннинг укаси Султон Ғиёсиддин ҳам катта давлатни бошқарган, ака-ука ўртасида мўғулларга қарши иттифоқ бўлмаганми?

–        Султон Ғиёсиддин ҳозирги Эрон ва Ироқ ҳудудларини ўз ичига олган давлатни бошқарган. Отасидан унга катта қўшин мерос қолган. Айрим манбаларда унинг лашкари сони 60 мингдан ортиқ дейилади. Жалолиддин Синд дарёси бўйигача чекинаётганида ҳам, Ҳиндистондалигида ҳам укаси билан иттифоқ бўлгани ҳақида маълумотларни учратмадим.

–        Сизни яна бир бор ушбу асар нашр этилгани билан табриклайман. Келгуси ишларингизда омад ва зафарлар тилайман.

*-*-*-*-*-*

Эркин Абдураҳмонов – ношир, “Янги аср авлоди” нашриёти раҳбари

–        Жалолиддин Мангуберди образи Шарқ халқлари орасида босқинчиларга қарши курашган шахс сифатида улуғланади. Ўзбек адабиётида ҳам буюк аждодимиз ҳақида кўплаб асарлар яратилган. Бироқ, ёш бўлишига қарамасдан ана шундай улуғ инсон ҳақида асар ёзишга ҳадди сиққан ва буни уддалай олган Бахтиёр Абдуғафурни янги асар билан табриклайман. Тарихий мавзуга ҳамма ҳам қўл уравермайди. Бахтиёр жуда кўплаб манбаларни ўрганди ва китобида ўзининг кўзқарашларини ифода этди. Бу китобни чоп этиш нашриётлар ўртасида ҳам рақобатга олиб келди. Бошқа ҳамкасбларимиз ҳам муаллифга мурожаатлар билан чиқишди. Лекин, мени хурсанд қиладиган нарса шуки, нашриётимиз янги залда илк бор китоб тақдимотини ўтказмоқда ва бу тарихий воқеа айнан буюк тарихимизга бағишланган асар билан бошланди. Ижодкорга муваффақиятлар тилайман.

Жумабой Раҳимов, тарихчи олим

–        Мен Москвадаги Кремлнинг мутлақо махфий архивини бориб кўришга муваффақ бўлганман. У ерда бизнинг ҳудудларимиздаги давлатчиликка оид архив манбалари сақланади. Шу ерда СССР раҳбарларининг Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темур шахсини халқдан яшириш мустамлака халқни бошқаришда муҳим восита эканлиги ҳақидаги фикрларга кўзим тушди. Мен ҳам Султон Жалолиддин Мангуберди ҳақида кўплаб китоблар ёздим. Ёш ижодкор укамизга эса бу улуғ йўлда улкан зафарлар тилайман.

Total
240
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*