Қизларнинг ўзларига бўлган ишончи ва ота-оналар ёрдами ҳақида

11 октябрь – халқаро қизлар куни этиб белгиланган. Ўзбекистондаги ўқувчилар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар ЮНЕСКО томонидан ушбу мавзуга бағишланган тадбир ва кампанияга гувоҳ бўлишди. Телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистоннинг машҳур шахслари қизларни қўллаб-қувватлашга, уларни ўз орзу ва ниятларига етиш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашишга чақиришган.

Ёш қизларнинг ўзларига бўлган ишончи уларнинг ривожланиши ва бахтли ҳаёти учун муҳимдир. Умуман олганда, аёлларнинг жамиятдаги мақоми жамиятнинг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли, бу мавзу дунё бўйлаб қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу материалда биз инглиз тилида чоп этиладиган газеталарда эълон қилинган қизларга ва уларнинг ўзларига бўлган ишончига оид сўнгги тадқиқотлар ва мутахассисларнинг кузатишларига асосланган хабарларни таққослаймиз. Шу билан бирга, қизларнинг ота-оналарига маслаҳатлар ҳам келтириб ўтилади.

Муаллиф


Зайнаб Муҳаммад-Дўст

Халқаро лойиҳалар бўйича мухаррир, UzAnalytics

Ўзларига бўлган ишончдаги бўшлиқ

New York Post газетасида чоп этилган “Қизларнинг ўзларига бўлган ишончдаги бўшлиқ: 10-14 ёшли қизлар ва ўсмир қизларнинг ота-оналари учун 5та маслаҳат” мақоласида Клер Шипман, Кэтти Кей ва Джилл Эллин Райли (Claire Shipman, Katty Kay and Jill Ellyn Riley) 8 ёшдан 14 ёшгача бўлган ёш қизларнинг ўзларига бўлган ишончнинг камайиши ҳақида сўз юритдилар. Ушбу ҳулоса муаллифларнинг тадқиқот маҳсуллари бўлган “Қизларнинг ўзларига бўлган ишонч коди” китобига асосланган. Китобни ёзиш жараёнида олимлар ижтимоий фикрни ўрганадиган ва ёш қизлар муаммолари билан шуғулланадиган Ypulse фирмаси билан ҳамкорликда 1300 нафардан ортиқ ёши 8 дан 14 гача бўлган қизлар ва уларнинг ота-оналарини кузатганлар. Тадқиқотнинг муҳим бир хулосаси: “8 ёшдан 14 ёшгача бўлган қизларнинг ўзларига бўлган ишонч даражаси 30 фоизга камаяди. Қизлар 14 ёшга тўлганда бу ишонч энг паст даражада эди. Айни ўша ёшдаги болаларнинг ишончи эса қизларникидан 27 фоиз юқори”.

Умуман айтганда, муҳокама қилинган муаммолар нафақат АҚШга, балки умуман дунёнинг бошқа мамлакатларидаги ёшларга ҳам тааллуқлидир. Бу ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг муаммосидир. Ўсмир қизлар мактаб ва оиладан бошлаб, ҳаётда ва жамиятда турли жиҳатли муаммоларга учрайдилар ва бу уларнинг ўзларига бўлган ишончига зарар етказади. Хўш, буни қандай қилиб ҳал қилиш мумкин?

“Хавф – муваффақиятсизлик – тикланиш” жараёни

Муаллифлар ота-оналарга бу ёшдаги ўсмирларнинг ўзига бўлган ишончини қуриш ва ривожлантириш мумкинлигини айтадилар. Бу эса “хавф – муваффақиятсизлик – тикланиш” (risk-failure-recovery) такрорланувчи жараённи мослаш методларини ўз ичига олади ва ёш қизларнинг ўзларига бўлган ишончининг ортишига олиб келади. Ота-оналар учун маслаҳатлар қуйида берилган.

“Хавфли” зонага бориш: Ота-оналар қизларини яхши бажара оладиган иш ва машқлардан ташқари, нотаниш ва “таваккалчилик”ка асосланган вазифаларни бажаришини ҳам қўллаб-қувватлашлари керак. Мисоллар қаторида мактабга ўзи мустақил бориши, янги бир ўйинда қатнашиши ёки янги бир ўртоғини уйга таклиф қилиши каби “миссия”лар бор. Қизларга кўпроқ жасорат бериш учун, бундан олдин содир бўлган бироз хаяжонли (“хавфли”) ҳодисалар рўйхатини тузиб, буларни қизалоқ аллақачон қилганлигини айтиб ўтиш керак. Муаллифлар айтишича, “Сен буни олдин бажаргансан!”, “Буни эплай оласан!” каби ижобий гаплардан фойдаланиш керак.

Муваффақиятсизликдан қўрқмаслик керак: Ҳар бир қиз муваффақиятсизликдан ўтишни, уни ҳаётнинг бир қисми ва жараёни деб билишни ва бундан кейин қайта оёққа туришни, яъни тикланишни ўрганиши зарур. Аммо, ота-оналар “можаро” содир бўлгандан сўнг дарров сабабини таҳлил қилишга шошилмасликлари керак. Буни фақат 30 дақиқалик танаффусдан кейин ёки бундан кўпроқ вақтдан кейин қилиш керак. Психологларга кўра, болани тинчлатиш учун миясини бошқа нарсага қаратиш керак (кўнгилни тинчлатадиган харакатлар орасида пиёда юриш, табиатнинг расмларини томоша қилиш ва ҳоказо). Бола хотиржам бўлгандан сўнг, отаси ёки онаси ундан ўзини иссиқ ҳаво балонида учаётганини тасаввур қилишини сўраши мумкин. Қизча эса содир бўлган вазиятга узоқдан қараётганлигини тасаввур қилиши керак. Муаммодан бироз “узоқлашгандан” кейин, ота-оналар қизчага муаммони ҳал қилиш учун бошқа бир режа тузишга ёрдам беришлари лозим. Муаллифларга кўра, муваффақиятсизликдан қўрқмасдан, ундан дарс олиш қизни орқага тортмайди. Аксинча, бу унга олдинга ҳаракат қилишга ёрдам беради.

Мияни тренинг қилиш: Миямизни қайта тайёрлаш ва қайта тренинг қилиш мақсади учун энг керак нарса – миямиз қандай ишлашини билиш. Ота-оналар қизларига: “Сен синфда ҳеч кимга ёқмаганлигинг 100% аниқми?” ёки “Сен бу _______га (бўш жойни ҳоҳлагадек тўлдиришингиз мумкин) хеч қандай қобилиятинг бўлмаганлигига аминмисин?”дея савол беришлари керак. Болага салбий фикрлаш циклларнинг бирига тушиб қолганлигини аниқ кўрсатиш муҳим. Буни тўхтатиш учун “Эҳтимол ҳикояси” (Maybe story) ва “Бундан ҳам баттар” (So much worse) каби машқлар ёрдам бериши мумкин. Масалан, бир қизча мактабдаги презентацияни муваффақиятсиз олиб борганини ва энди ҳамма уни ахмоқ деб ҳисоблаганини ҳеч унута олмаяпти. Муаллифлар ота-оналарга ушбу сценарийда янги бир воқеaни ёки ҳикояни ўйлаб топишни таклиф қилишади. Бу ҳикоя “эҳтимол” сўзидан бошланишини керак. Масалан, “Эҳтимол, одамлар эътибор бермаган”, “Эҳтимол, эртага қиёмат бўлади” ва ҳоказо. Бу машқ салбий фикрлаш циклини тўхтатадиган соғлом бир одатга айланиши мумкин.

“Бундан ҳам баттар” методи эса, вазият ундан ҳам ёмон бўлиш мумкинлигини тасаввур қилиш ҳақида. Масалан, “Ер қимирлаб, мактаб вайрон қилинса нима бўларди?” ёки “Ўқувчи ўқитувчисига қайт қилиб юборганда, нима бўларди?” деган абсурд сценарийлар яхши бир қаҳқаҳага ҳам сабаб бўлиши мумкин”, дейди муаллифлар.


Ўзига бўлган ишончни такрорланадиган хавф – муваффақиятсизлик – тикланиш (risk-failure-recovery) жараёнини амалиётга ошириш орқали кучайтириш мумкин


Ўзингиз ҳам қоидаларга риоя қилинг: Қизларимизга ёрдам бериш учун ота-оналарнинг ўзлари ҳам боласига ўрнак бўлишлари керак. Муаллифлар, катталарни “қўрқитадиган” нарсалар ҳақида (шароитларимизда янги бир бизнес очиш ёки ишда қўшимча бир лойиҳа устида ишлаш каби мисоллар топишимиз мумкин) ва бу мавзуда қизлар билан маслаҳатлашишни ҳам айтиб ўтган. Қизлар қанчалик ёш бўлса-да, ота-онасига берадиган тавсияларни ўзи ҳам ўрганади. “Агар уларга ўз муваффақиятсизлигимиз ҳақида ва ундан кейин қандай қилиб ўзимизни қайта тиклаганимизни гапирсак, қизлар буни одатий бир жараён деб билишади. Худди шундай тарзда, биз энг ёмон сценарийни тасаввур қилиб, қизларимизга қандай ҳис қилишимизни айтишимиз мумкин. Бу эса қизларни ўз салбий фикрлаш циклларини дарров билиб олиб ва уларни тўхтатиш натижасига олиб боради”, деб ёзади муаллифлар.

Паст-баланд йўлга рози бўлиш: Мақолага кўра, энг охирги тавсия ота-оналар учун кўпроқ фойда келтирадиган гап: “Агар ўқув йили бошланиб, сизга мураккаб туюлса, ваҳиманинг ўрнига қизингиз аслида муаммолардан фойда олишини унутманг. Теккис йўлдан кўра ишончни мустаҳкамлайдиган қийинчиликлар фақат паст-баланд йўлда учрайди” дея якунлайди муаллифлар.

Қизларни муваффақиятли ва кучли аёл қилиб тарбия қилиш: ҳамма нарса фикрларимизга боғлиқ

Forbes журналидаги мақола қизларни кучли ва муваффақиятли аёл бўлиб вояга етиши учун уларни қандай тарбиялаш керак, деган масалани муҳокама қилади. Муаллиф – Мелоди Вилдинг (ёзувчи ва коуч)га кўра, бир йиллик тадқиқот натижасида ишлаётган аёлларнинг кўпчилиги асосий азобни ўзига бўлган ишончнинг камлиги деб биладилар. Бу ҳатто муваффақиятли аёллар орасида ҳам учрайди.

Бу мақола ҳам статистик маълумотларни келтиради: “Америкада яшовчи 40 миллион generation Z[1] -га оид бўлган қизлар бор. Уларнинг 25 фоизи ўрта мактабда таълим олмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, уларнинг 70 фоизи ўзини ҳурмат қилиши анча паст даражада, 30 фоизи руҳий тушкунликка учраган ва 23 фоизи ўз жонига қасд қилишни ҳам ўйлаган”.

Психолог Лаурен Хаззури сўзларига кўра, қизлар ва айниқса “generation Z” қизларнинг ўзларига бўлган ҳурматнинг камлиги жамиятнинг қизлардан кутган ҳаракатлар (тахминлар), экран олдида ўтказилган вақт ва ижтимоий тармоқлар туфайли стресс ривожланиши билан боғлиқ. “Бу авлодга аввалги авлодни рози қилиш лозимлиги ўргатилган ва шунга эришиш учун улар ижтимоий тармоқларда “лайк”ларни тўплаб, ўзларининг ноёб шаҳсиятларини унутиб улғайишади”, дейди Хаззури. Унинг назарида, бу тахминлар ижтимоий тизимга таҳдид бўлмаган, нозик, чиройли, табиий равишда ақлли ва “яхши қиз” бўлишни англатади.


“Қизлар бошқаларни ўзларини ёқтиришга эмас, хурмат қилишга ўргатишлари керак”


Психолог, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун фикрларни бошқариш масаласини муҳим бир қадам сифатида кўради. У ҳар бир қиз ижобий ва салбий фикрга эга эканлигини англатади. “Салбий овоз сиз туғилган пайтдан бошлаб жамият томонидан берилган барча қадриятларни миянгизга сингдирган ва сизни ижтимоий меъёрларга мословчи бир мулоқот овозидир”, дейди мутахассис. Муаммо шундаки, бу фикрлар ҳис-туйғуларга олиб боради, ҳиссиётлар эса ҳаракатларга олиб боради. Бошқа гап билан айтганда, сиз ўзингизни бошқалардан “кам” ҳис этсангиз, бу хаётингизда ҳам акс этади. Психологнинг маслаҳати – “Агар ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, ўз фикрларингизни ўзгартиринг ва ўз қадрингизга етинг”. Демакки, одамзод ва айниқса қизлар, ўзини қадрлаши лозим ва бошқаларнинг фикрига доимо қарамаслиги керак. Мисол сифатида, қизларнинг озғинлиги ёки гавдалилиги, қандай кийиниши, эшитадиган мусиқаси ва хоббилари фақат қизнинг шахсий ишидир. Шуларни у ўзи (ва айрим ҳолатларда ота-онаси билан биргаликда) ҳал қилиши керак. Хаззури таъкидлаганидек, “қизлар бошқаларни ўзларини ёқтиришга эмас, хурмат қилишга ўргатишлари керак”.

Ёш қизларни кучли аёллар қилиб тарбиялаш учун психолог аввалом бор аёлларнинг ўзи яхши ижтимоий ўрнак бўлишларини тавсия қилади. “Қизларимиз ўз қадрини билишлари учун, ўзимизни қадрлашимиз керак”, дейди у. Иккинчидан, қизларга патриархлик ҳақида ўргатиш ва патриархликнинг жамиятга бўлган таъсирини тушунтириш керак. Қизлар ушбу таъсирни қоидаларда, ўзларига бўлган ишонч даражаларда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда ва хатти-ҳаракатларда қандай ифода этилишини кўришлари керак. Учинчидан, қизларни рақс, мусиқа, санъат ва шеърият каби ижод билан шуғулланиш имконият беришни тавсия қилади (бу нафақат санъат учун, балки тушкунликка қарши ишлатиладиган терапевтик методикадир). Тўртинчидан, руҳий тушкунлик, хавотир ва бошқаларни ҳал қиладиган психологик стратегияларни ишлатиш. Шундай қилиб, ота-оналар қизларини ўзига ишонадиган ва муваффақиятли шаҳс бўлишларига ёрдам бериши мумкин.

Жисмоний тарбиянинг етишмаслиги ва суст интилишлар орасидаги бевосита боғлиқлик

Психология ва ижобий фикрлаш қизларнинг ўзларига бўлган ишонч учун катта аҳамиятга эга бўлса-да, жисмоний машқлар ҳам ўта муҳим. Қадимги римликлар “Соғлом танада соғлом руҳ” деб бежиз айтган эмас. Бу гапга Буюк Британияда олиб борилган сўнгги тадқиқот натижалари ҳам далилдир. Экспертлар, қизлар ўртасида жисмоний фаолиятнинг етишмаслиги уларнинг ёмон руҳий соғлигига ва суст интилишларига олиб келиши ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

Британиялик Independent газетасида чоп этилган мақолага кўра, 8 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўғил болалар айни ўша ёшдаги қизлардан кўра спортга икки марта кўпроқ вақт сарфлайдилар. Шунингдек, қизлар ўртача спорт билан шуғулланиш учун кунига 25 дақиқа, ўғил болалар эса 40 дақиқа сарфламоқдалар. Мамлакатнинг Ёшлар Спорти Жамғармаси, (The Youth Sport Trust) жисмоний тарбия нодавлат ташкилоти, ушбу фарқ қизларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатишини айтмоқда. Жамғарма ходими, Крис Врайтга кўра, қизларнинг келажакдаги ҳаётдаги имкониятлари ва уларнинг ёш йиллардаги жисмоний фаолияти орасида боғлиқлик бор. Унинг айтишича “Далилларга кўра, агар сиз фаол бўлмасангиз, сиз бахтсиз бўлишингиз эҳтимоли бор”. Ростдан ҳам, болалар ва ўсмирлар ўртасида соғлом турмуш ва фаровонликнинг пасайиши ҳам спортнинг етишмаслигига боғлиқ.


“Далилларга кўра, агар сиз фаол бўлмасангиз, сиз бахтсиз бўлишингиз эҳтимоли бор”


YST томонидан олиб борилган сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, етти ёшга тўлган қизлар ўғил болаларга қараганда жисмонан фаол эмас. Бу тенгсизлик ўсмирлик даврида кенгайиб бораверади. Юқорида келтирилган биринчи мақолада эсласак, ўғил болалар ва қиз болалар ўртасида ўзларига бўлган ишончларида катта фарқ қандай қилиб рўй беришини тушунишимиз мумкин.

Бу муаммони ҳал қилиш учун, Британия барча ёшларнинг мактаб ва унинг ташқарисида спорт билан шуғулланиш одатини қўллаб-қувватлайди. Баъзи мактаблар қизлар учун жисмоний тарбияни устувор йўналиш қилиш учун, соғлом турмуш ва қизлар спортини қўллаб-қувватлаш учун алоҳида маблағ сарфламоқда. Ёш қизларни жисмонан фаол бўлишлари учун бир қатор дастурлар давлат томонидан молиялаштирилади.

Хулоса ўрнида

Ёш қизларнинг ўзларига бўлган ишончини кўтариш осон иш эмас ва кенг қамровли ёндашувни талаб қилади. Бироқ, етакчи тадқиқотчи ва эксперт тавсиялари бу вазифани бажаришимиз мумкинлигини кўрсатади. Ота-оналарнинг тўғри тарбия бериши, фойдали психологик методлар ва жисмоний машқларнинг ҳаммаси қизларнинг ўзига бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига олиб боради. Бу эса уларнинг шахсий ҳаётлари, оилалари ва улар яшайдиган жамиятлари учун ижобий бир жихат бўлишига ишонамиз.


[1] Generation Z – 1990-чи йилларнинг яримидан 2000 йилларнинг бошларигачa туғилган болалар

Total
23
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*