Сурат манбаси: e-cis.info
«Хитой, Евроосиё ва барча бошқалар» – «Бир макон – бир йўл», катта ўйинлар ва бошқа геосиёсатга оид подкастнинг навбатдаги эпизоди Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсатига бағишланган.
Мамлакат яқин ва узоқ хориж билан қандай муносабатлар ўрнатяпти? Ўзбекистон жуғрофий чегаралардан ташқари чиқиб, Хитой, Яқин Шарқ ва ҳк.га транспорт йўллари қура оладими? Тошкент Марказий Осиё “йўлбарси”га айланиши мумкинми ва бу қўшнилари учун нималарни англатади? Подкастнинг ушбу эпизодида Питтсбург университетининг Бошқарув ва бозорлар марказида таклиф этилган тадқиқотчиси, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг (ЖИДУ) етакчи илмий ходими Акром Умаров иқтисодиёт, жуғрофия ва бошқа омиллар Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатини ташкил қилишини муҳокама қилади.
Бошловчи Руслан Изимов: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан чегарадош, аммо бирорта бошқа мамлакат билан чегарадош бўлмаган мамлакатдир. Шу сабабли ушбу мамлакат учун минтақадаги яхши муносабатлар ташқи савдо, саноат занжирлари ва инвестицияларни жалб этишнинг гарови ва зарур шартидир.
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан бери катта ютуқларга эришди: Қирғизистон билан ҳудудий баҳслар тўлиқ тартибга солинди, Тожикистон билан баҳсли ҳудудларга оид муаммолар ҳал этилди, энг долзарб масала – Роғун ГЭС қурилиши бўйича муросали ечим топилди. Аксарият кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон Қозоғистон билан мустаҳкам иқтисодий ва намунали итттифоқчилик муносабатлари ўрнатмоқда – шу тариқа Тошкент билан Нур-Султон минтақавий кооперацияни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқмоқда. Шундай қилиб, яқинда бўлиб ўтган Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари учрашуви чоғида томонлар илк марта сўнгги 30 йил ичида Иттифоқчилик декларациясини имзолади (дарвоқе, Қозоғистоннинг Россия билан ҳам шундай шартномаси бор).
Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни бошлагандан бери орадан роппа-роса 5 йил ўтди. Албатта, натижада Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати сифат жиҳатидан ўзгарди. Бир қисм кузатувчилар ўзгаришлар унча кўп бўлгани йўқ ва Тошкентнинг асосий ташқи сиёсат чизиғи эскилигича қолмоқда, деб ҳисоблаётир. Лекин шу билан бирга, Тошкентнинг ташқи иқтисодий қадамлари маълум маънода фаоллашганини кўряпмиз. Ўзбекистон минтақавий сиёсатининг рационал қисми нимадан иборат? Ушбу мамлакат Марказий Осиёдаги қўшнилари билан қуршалган, тўғридан-тўғри на Россияга ва Хитойга чиқа олади. Жуғрофия, иқтисодиёт ва жуғрофий сиёсат Ўзбекистоннинг минтақа бўйича қарорларига қандай таъсир кўрсатмоқда? Сўнгги йилларда Тошкентнинг ташқи сиёсий курсидаги асосий ўзгаришларни кўрсатиб берсангиз, аниқ йўналишлар ҳақида эса кейинроқ батафсил гаплашамиз.
Акром Умаров: Умуман, Марказий Осиё ҳар доим Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устуворлиги бўлиб келган. Жуғрофиямиз эътиборга олинса, нима учун қўшниларимиз билан муносабатлар устувор аҳамиятга эга бўлгани ойдинлашади ва бу 2012 йили қабул қилинган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолият концепциясида ҳам белгилаб қўйилган. Ўша ҳужжатда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устуворлиги Марказий Осиё экани аниқ ёзиб қўйилган. Бироқ олдинги раҳбар билан ҳозирги президентнинг ёндашувларида барибир фарқ бор.
Бироқ илгари Марказий Осиё устувор минтақа сифатида белгилаб қўйилганига қарамай, турли сабабларга кўра жуда кўп зиддиятлар мавжуд эди ва улар минтақа мамлакатлари, қолаверса, раҳбар шахслар ўртасидаги муносабатлар кенгайиши тўсқинлик қилган. Инсон фаолиятининг муайян даврида сиёсий обрў-эътибор орттиради, дунёқарашга эга чиқади ва уни ҳатто қандайдир рационал фикрлар таъсирида ҳам ўзгартириши мушкул бўлади.
Шу нуқтаи назардан янги раҳбарга Ўзбекистон ташқи сиёсати йўналишини ўзгартириш осон бўлди. Назаримда, Ўзбекистон ташқи сиёсатида жиддий тарзда ҳамма нарсага фақат хавфсизликни биринчи ўринга қўйиб қарашдан сиёсий мулоқотни афзал билиш йўлига ўтди (desecuritization), яъни биз қўшниларимиз, масалан, Афғонистонни ёки сув ва чегара муаммолари сингари ҳал этилмаётган чигал масалалар бўлган қўшниларимиз Тожикистон ва Қирғизистонни фақат хавфсизлик нуқтаи назаридан қабул қилмайдиган бўлдик. Айни ҳолат Ўзбекистоннинг, назаримда, иккинчи йўналиш – муносабатларни кенгайтириш табиий тарзда зикр этилган мураккаб масалаларни ҳал этишга эш бўлади, деган умид билан муносабатлар ўрнатишга уринишига, яъни муносабатларимиздаги ҳали ҳам сақланиб турган ва тўлиқ ҳал этилмаётган муаммоли жиҳатларга урғу бермаслигига туртки берди. Шу маънода Ўзбекистон ташқи сиёсатининг учинчи тамойили – жуда фаол иқтисодий дипломатия ҳам ўртага чиқади. Янги президент Ўзбекистон янги бозорларга йўл очишни, экспортни, унинг ҳажми ва жуғрофиясини ҳам кенгайтириш кераклигига оид тезисни илгари сура бошлади.
Биринчи савдо шерикларимиз қўшниларимиз экани шубҳасиз.
Иқтисодий ҳамкорлик, маданият дипломатияси, делегациялар алмашиш ва ҳк.га асосий эътибор қаратилди. Бу масалага Ғарбнинг қандайдир қадрияти нуқтаи назаридан қарасангиз, унчалик аҳамиятли эмасдай туюлиши мумкин. Лекин биз Марказий Осиё контекстида айнан шундай маданий ўзига хосликлар, менталитет (зеҳният), ўзаро ҳурмат кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга эканини тушунамиз. Булар барчаси минтақамиздаги муносабатлар даражасини кўрсатувчи рамзий нарсалардир. Ўзбекистон айнан шунинг учун бунга кўпроқ аҳамият бера бошлади. Назаримда, Ўзбекистон қўшниларига нисбатан муносабатларидаги ёндашувларини мана шу 3 та йўналишда ўзгартирди: хавфсизлик масалаларида оёқ тираб туришдан воз кечиш; иқтисодий алмашувга асосий эътибор қаратиш, иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантириш; учинчиси – халқлар ўртасида қалинроқ маданий ва гуманитар муносабатлар ўрнатиш.
Фикримча, Ўзбекистон мана шу асосий йўналишларга кўпроқ эътибор қарата бошлади ва биз бу соҳаларда сезиларли ютуқларга эришдик. Бунга Тожикистон билан чегара масалаларининг ҳал этилишини мисол қилиб келтирсак бўлади. Бу жуда мураккаб масала эди. Кўп йиллар давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги чегарани миналаштириш масаласи кўтарилиб турди. Кўплаб мураккабликлар, жумладан, у ерлар тоғлиқ жой бўлганига, бўлишиш керак бўлган чегара инфратузилмаси кўплигига қарамай, ўзаро ён бериш ва ўзаро тушуниш йўли билан муросага эришилди.
Бунинг натижасида илгари эҳтиёткорона ва шубҳали бўлган минтақадаги муҳитни очиқроқ муҳитга айлантиришга муваффақ бўлинди. Ҳозирги кунда халқлар ўртасидаги алмашувлар фаоллашиб бораётганини кўриб турибмиз. Илгари кўп йиллар давомида Тошкент билан Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар бўлмаган. Бу ҳозир мантиқсизлик ва бемаънилик бўлиб туюлиши мумкин, лекин бир неча йил олдинги воқелигимиз эди. Ёки, масалан, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида йўловчи ташувчи поездлар сони жуда чекланган эди. Энди эса ушбу жараённи янада тезлаштириш учун тезюрар поездлар учун темирйўл қуриш ҳақида гап кетяпти. Яъниким, кўринишидан унчалик катта бўлмаган ўзгаришлар кўп, лекин умуман олганда, улар мамлакатларнинг бир-бирига бўлган самимийроқ муносабатининг мозаикаси, улкан манзарасини ташкил қилади.
Руслан Изимов: Раҳмат, Акром, чиндан ҳам Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсат юргизишдаги ёндашувлари ўзгариши муайян ижобий натижалар бергани ҳақидаги гапингизга қўшиламан.
Келинг, минтақа мамлакатларининг ҳар бири билан муносабатлар ҳақида батафсилроқ гаплашайлик. Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг рақобати фактларга кам асосланадиган ва бўлар-бўлмасга шовқин кўтараверадиган ахборот воситалари учун оддий мавзуга айланиб қолган. Лекин амалда ҳам бундай рақобат бўлиши мумкин. Ҳозирча МДҲ ҳудудида иккита йирик давлат ўртасидаги яхши қўшничиликнинг конструктив намунасини кўрмадик. Демократия хусусида у ҳеч қачон урушга киришмайди, деган кутилма бор, лекин шу билан бирга, Қозоғистон билан Ўзбекистонда тарифсиз, ҳатто тарифли чекловларни қўллай оладиган амбицияли етакчилар бор, чунки Ўзбекистон – на ЖСТнинг ва ЕОИИнинг аъзоси. Сизнингча, Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги эъҳтимол тутилган зиддиятларни ва бундай зиддиятларни ҳал этишнинг эҳтимол тутилган усулларини қандай тавсифлаб бера оласиз? Яқинда Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга сафари чоғида иттифоқчилик тўғрисидаги декларация имзоланди. Шу ҳақда гаплашсак демоқчиман. Сиз уни қандай тушунасиз, нега биз уни энди, мустақиликка эришилгандан сўнг орадан 30 йил ўтиб тушуняпмиз? Нима, биз эндигина шу даражага етиш учун пишиб етилдикми? Бу минтақа учун нимани англатади?
Акром Умаров: Назаримда, Ўзбекистон билан Қозоғистон ҳамкорлигимизга оқилона ёндашиши керак. Кўплаб ташқи акторлар – ўйинчилар ҳамкорлик атрофидаги мунозараларни тобора авж олдиришдан манфаатдор. Биз фактларга, аниқ мисолларга асосланишимиз керак.
Ҳа, барча масалалар бўйича ўзаро тушунишга эришиб бўлмаган, муносабатлар чигаллашган маълум давр ҳам бўлди, лекин бу кўпроқ шахслараро муносабатлар билан боғлиқ эди. Лекин ҳатто ўша пайт ҳам қандайдир тўғридан-тўғри сиёсий ёки иқтисодий тўқнашув бўлгани йўқ. Ҳа, майда-чуйда келишмовчиликлар бўлган бўлиши мумкин, лекин ҳеч бир мамлакат бошқаси билан кенг қамровли зиддиятга киришгани йўқ, яъни бу ўша зиддиятни бошлаган мамлакатга ҳам зиён келтириши мумкинлигини ҳамма билар эди.
Энди бугун муносабатларнинг янги даражасига чиқиб, иттифоқчилик муносабатларидаги декларацияни имзолашга келсак… Декларация кўпроқ ниятлар хусусидаги баёнот экани принцип жиҳатидан тушунарли. Лекин биз минтақа аҳолиси зеҳнияти, минтақа дипломатиясининг ўзига хосликларидан келиб чиқишимиз зарур. Олдинроқ айтиб ўтганимдай, муносабатларимизда, мамлакатларимиз дипломатиясида рамзийлик кўп, яъни Марказий Осиё мамлакатлари бундай рамзийликка жуда кўп аҳамият беради. Бундай ҳужжатнинг имзоланиши орамизда жиддий қарама-қаршиликлар йўқлиги, ўртада ўзаро тушуниш борлиги, ҳамкорлик қилишимиз ва қайсидир даражада келажакка, 10 – 15 йилга эмас, ундан узоқроқ вақтга мўлжалланган стратегияни ўйлаб кўришимиз шартлигини тушуниш мавжудлигидай рамз борлигини кўрсатади. Ушбу ҳужжат биз айнан шундай ўзаро тушунишга эришганимиз тасдиғидир. Биз шунга асосланган ҳолда алоҳида йўналишларда муайян лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкин бўлади.
Ўзбекистон ҳозирча ЖСТга кирмаганига келсак, бизда унга киришга тайёргарлик жараёни жадал кечмоқда. Бунга ички интилиши борлиги баробарида кенг қамровли ташқи қўллаб-қувватлаш ҳам бор. Кириш учун бироз вақт талаб этилади. Албатта, бунинг учун муайян вақт керак, чунки у маълум нарсаларни келишиб олишни, жуда кўп мамлакатлар билан музокара ўтказишни тақозо қилади. Энг асосийси, бунинг учун сиёсий ирода бор, кенг қамровли халқаро қўллаб-қувватлаш бор. Фақат айрим нарсаларни муҳокама қилиш қолди, холос. Мен бу босқичда мушкулотлар кўп бўлади, деб ўйламайман.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига келсак, Ўзбекистон унга аъзо эмас, лекин шунга қарамай, яқин вақтдан бери ушбу ташкилотда кузатувчи мақомига эга ва турли тадбирларда фаол иштирок этяпти. Ўзбекистон ҳукумати яқинда Европа Иттифоқининг айрим техник стандартларини жорий этишини маълум қилди, негаки, ушбу стандартларга мос келмаслик ортидан савдо-сотиқ муносабатларимиз зарар кўрмаслиги керак.
Яъниким, Ўзбекистоннинг ЖСТ ва ЕОИИга аъзо эмаслиги муносабатларимизга тўсқинлик қилаётгани йўқ. Шу билан бирга, биз турли халқаро ва минтақавий форматлар, жумладан, ШҲТ, шунингдек, Қозоғистон ташаббуси билан тузилган Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (СВМДА) ва бошқа турли платформаларда қатнашяпмиз.
Марказий Осиёнинг бундан кейинги минтақавий ҳамкорлиги айнан энг ресурслар билан таъминланган, иқтисодий жиҳатдан кўпроқ ривожланган давлатлар Ўзбекистон ва Қозоғистонга боғлиқ. Лекин назаримда, бу Ўзбекистон билан Қозоғистон алоҳида етакчилик қилиши ва минтақада ўз сиёсатини юргизишини англатмайди. Аксинча, яна минтақамизнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, фикримча, биз минтақанинг аҳолиси сони кам, иқтисодиёти нисбатан чоғроқ Қирғизистон ва Тожикистон сингари бошқа мамлакатларига ҳукмимизни ўтказмаслигимиз керак. Аксинча, биз улар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканимизни кўрсатишимиз ва ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз лозим. Айни пайтда мана шундай ёндашув тобора кўпроқ бўй кўрсатмоқда.
Амалиётдан маълум бўлишича, кимгадир босим ўтказишга бўлган уринишлар қисқа муддатли фойда бериши, бошқа мамлакатга қандайдир дивидендлар келтириши мумкин. Бироқ узоқ истиқболда босим остида қолган мамлакат барибир вазиятдан чиқишнинг бошқа йўлларини қидиради. Масалан, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларида маълум вақт Тожикистонга газ етказиб бермай қўйган эди. Шу сабаб Тожикистонда аҳоли ва саноатни газ билан билан таъминлашда муайян муаммолар пайдо бўлди, лекин улар вазиятдан қандайдир муқобил чиқиш йўлларини топа билди. Балки бу йўллар етказиб берилмаган табиий газ ўрнини тўлиқ босмагандир, лекин осмон қулаб тушгани йўқ, яъни биз бундан кўп нарса ютмадик.
Аксинча, ҳурмат кўрсатиш ва ўзимизнинг қандайдир аҳамиятимизни таъкидламай туриб, катта ютуқларга эриша оламиз. Фикримча, Тошкент ташаббуси билан пайдо бўлган Марказий Осиё давлатлари мулоқоти формати ғояси мана шу, яъни бу биз нафақат икки томонлама даражада тез-тез учрашишимиз, фикр алмашишимиз ва қандайдир муросали ечимлар топишимиз мумкин бўлган минтақавий платформадир. Масалан, сув ресурслари билан таъминлаш, экология, хавфсизлик, наркотрафик ва терроризм масалаларини олайлик. Биз бу масалаларнинг барчасини бутун бошли минтақа даражасида, ҳеч бир давлатни истисно қилмаган ҳолда ҳал этишимиз мумкин. Бу ўзига хос электр занжиридир. Бирор жойда узилиш бўлса, бутун бошли занжир ишламай қолади. Биз шунга қараб мўлжал олишимиз бўйича аниқ тушунчага эга бўлишимиз шарт.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўз имкониятлари билан ушбу жараёнга кўмаклашиши, ҳамкорлик ва турли соҳалардаги алоқаларни қай даражада кучли ривожлантириш моделини кўрсатиб бериши керак. Нафақат товар алмашиш, иқтисодий ҳамкорлик, қолаверса, қўшма корхоналар тузиш, таълим ва илм-фан масалаларида ҳам. Нега биз қандайдир илмий тадқиқотлар олиб бормаяпмиз? Нега таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳалигача чекланган? Ушбу масалаларда минтақа мамлакатларнинг ҳар бири улкан имкониятларга эга. Ушбу йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш билан биз ҳам давлатларимизнинг барқарорлиги ва тараққиётини таъминлаймиз, ҳам шу доирада икки томонлама ҳамкорликнинг муайян андазасини ярата оламиз, бу бутун Марказий Осиё даражасидаги кўп томонлама ҳамкорликни истисно қилмайди.
Руслан Изимов: Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатлари ҳақида кўп гапирдик, ҳатто сиз олдинроқ кетиб, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича мавқеини тилга олиб, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида фикр юритдингиз. Буни тугаллаш учун, келинг, Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари қайси босқичда экани хусусида гаплашсак, яъни мен Ўзбекистон айни босқичда Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилмасликда қатъий мавқеда тургани хусусидаги фикрингизни билмоқчиман. Бу Ўзбекистон учун фойдали бўлиб кўринаётгандай. Бундай мавқеда туришнинг сабаби сиёсатдами ёки иқтисодиётдами? Тошкентнинг режаси қандай? Икки мамлакат АЭС қуришни режалаштираётганини кўряпмиз, яъни Ўзбекистон қандайдир кўп томонлама тузиламаларга қўшилмай, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш йўлини танлаяптими?
Акром Умаров: Савол учун раҳмат, у – жуда мураккаб. Мен Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмасликдай қатъий мавқеда турибди, деб айтмаган бўлар эдим. Бу масала бир неча йилдан бери кўриб чиқилмоқда, ўрганилмоқда, яъни биз унга кирмаймиз ва у бизга қизиқ эмас, деган гап йўқ. Шахсан мен бунақа ёндашувни кузатганим йўқ. Кузатишим бўйича ўрганиш жараёни давом этмоқда. Бу Ўзбекистон учун қанчалик фойдали бўлади, аъзо бўлишнинг қандай салбий жиҳатлари бор?
Табиийки, ҳар қандай йирик ташкилотга кириш, айниқса, бу қонунчиликнинг маълум ички меъёрларини ўзгартиришни назарда тутадиган ва ҳк. бўлса, ўзига яраша ижобий жиҳатлар қаторида салбий томонларга ҳам эга. Бу ердаги асосий масала қайси жиҳат устун эканини аниқлаш – шуни баҳолаш жараёни кетмоқда. Ушбу мавзу бўйича муайян ижтимоий муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Кўпинча, ЕОИИ мамлакатлари бизнинг кўп йиллик табиий шерикларимиз деб ҳисоблаб, унга кириш тарафдорлари ҳам, миграция масалалари, одамлар бир жойдан бошқа жойга эркин кўчиб бориши мумкин бўлган умумий иқтисодий ҳудуд сингари давлатларни бир-бирига боғлаб турган ҳолатлар ҳам бор. Яна кўпроқ танқидий кайфиятдаги кишиларнинг муайян гуруҳи бор. Улар буни совет намунаси бўйича давлатлараро бирлашмасини тиклаш мақсадида олға сурилаётган аллақандай объект деб ҳисоблайди. Уларга кўра, ташкилотдаги етакчи ўйинчи ушбу ташкилот доирасида манфаатларини фаол олға суради.
Ўзаро мунозара қилаётган 2 та гуруҳ бор. Умуман олганда, мен бундай мунозара борлиги одамни хурсанд қилаётганини айтмоқчиман. Ушбу масалада мўлжални фақат иқтисодий фойда олишга қаратиш зарур, деб ҳисоблайман. Афсуски, мен иқтисодчи эмасман ва шу сабаб иқтисодий жиҳатдан бунга тўлақонли баҳо бера олмайман. Бироқ Ўзбекистон ушбу ташкилотдаги бундан буёнги иштирокини, яъни тўлақонли аъзо бўлиш ёки бўлмаслигини қўриб чиқаётганда, биз масалага фақат ва фақат иқтисодий манфаатлар нуқтаи назаридан ёндашишимиз керак, деб биламан. Агар ўша ташкилотга аъзолик бизга фойдали бўлса ва йирик ижобий ўзгаришлар келтирса, балки шундай қилиш керакдир. Лекин шунинг қаторида ушбу жараён табиий йўл билан юз бериши лозимлигини тушунишимиз зарур, яъни Ўзбекистонни бундай қарор қабул қилишга куч билан ундаш керак эмас. Бу ўзига хос цивилизация танлови бўлмаслиги, масала “ё сиз билан бўласиз, ёки бизга қаршисиз” қабилида қўйилмаслиги шарт. Агар жараён ижобий йўналишдан кетадиган бўлса, унга кирилса ҳам зиён қилмайди. Лекин ҳозир билишимча, қатьий қарор қабул қилингани йўқ, ҳалигача ушбу масалалар муҳокама қилинмоқда.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи эътиборини кўпроқ иқтисодий масалаларга қаратяпти, деган қараш мавжуд. Лекин шунга қарамай, биз муайян сиёсий жиҳатлар ҳам бор эканини тушуниб олишимиз керак.
Биз иштирок этиш имкониятларини ўрганаётганимизда, албатта, ушбу ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлар унинг доирасида бир-бири билан қандай ҳамкорлик қилаётганини ҳам кўриб чиқамиз. Масалан, Қозоғистон аъзолик сабаб нималарга эришди, қайси масалаларда эса, озроқ бўлса-да, ютқазди? Қирғизистондаги вазият ЕОИИга кирганидан сўнг қай даражада ўзгарди? Бу Беларус билан Арманистонга қандай таъсир қилди? Ва табиийки, ўша ташкилотнинг ўзагини ташкил этувчи Россиянинг имкониятлари ва потенциалини ҳисобга олиш керак, унга бунақа бирлашмаларда қатнашиш натижасида қандайдир сакрашлар деярли таъсир кўрсатмайди. Лекин бошқа мамлакатлар турли тажрибага эга бўлиши турган гап. Масалан, мен Қозоғистон ва Қирғизистондаги экспертлар ўртасида турли фикрлар мавжудлигига дуч келганман. Кимдир қаттиқ танқид қилади, йирик муаммолар, яъни зарарли жиҳатлар ҳақида гапиради, яна кимдир ушбу ташкилот муносабатларни нафақат икки томонлама, қолаверса, кўп томонлама даражада мустаҳкамланаётганига эътибор қаратади. Улар фикрича, бу айни бирлашмага аъзо мамлакатларнинг ташқи иқтисодий дипломатияси ривожланиши нуқтаи назаридан яхши тажриба бўлмоқда.
Россия билан ҳамкорлик борасида, назаримда, биз айни пайтда муносабатларимизнинг энг юқори нуқтасида турибмиз. Билишимча, постсовет даврида муносабатларимиз бу қадар қалин бўлмаган. Олдинги даврдан фарқли ўлароқ, қўшма лойиҳалар жуда кўп. Илгари, 2004 – 2005 йилларда ҳам стратегик ҳамкорлик, иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланган эди, яъни Россия билан ҳамкорлик ўзбек ташқи сиёсатининг янги йўналиши эмас. Лекин сўнгги йилларда унинг кўп омиллилиги ва кўп даражалилиги кескин ўсди. Кўплаб қўшма лойиҳалар, жумладан, АЭС қурилиши, турли: банк, металлургия, тоғ-кон, ишлаб чиқариш ва ҳк. соҳалардаги ҳамкорлик амалга оширилмоқда, яъни ҳамкорлигимизнинг турли йўналишларида фаол алмашув юз бермоқда.
АЭС қурилиши борасида ҳам, Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги иштироки масаласи қатори кўплаб мунозаралар бўлмоқда. Шу маънода мен кўплаб Қозоғистондагига ўхшаш жиҳатларни кўряпман. Ҳозир Қозоғистон ҳам АЭС қурилиши масаласини муҳокама қилмоқда, лекин ҳали сизларда ким пудратчи бўлиши бўйича қарор қабул қилингани йўқ. Лекин шунга қарамай, маъқуллаш ва қаршилик бўйича жуда кўп муҳокамалар бўлмоқда. Агар Қозоғистон электр қуввати таъминоти бўйича айрим муаммоларга энди дуч келаётган бўлса, бу масала Ўзбекистонда кўп йиллардан бери бошоғриқ бўлиб келмоқда. Шу сабаб ҳукумат муаммо ечимини АЭС қурилишида кўрмоқда. Бу қанчалик ўзини оқлаши – бошқа масала. У пухта ўрганишни тақозо қилади. Боз устига, биз муқобил энергия манбалари асрида яшаяпмиз. Албатта, бу масала, назаримда, чуқур, мувозанатланган ҳолда ўрганилиши керак ҳамда барча ижобий ва салбий жиҳатларни ҳисобга олиб, қарор қабул қилиниши лозим.
Руслан Изимов: Акром, Хитой ҳақидаги фикрингиз қандай? 2020 йилги маълумотларга қараганда, Хитой Россияни ҳам, бошқа мамлакатларни ҳам қувиб ўтиб, Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шеригига айланган. Бундан ҳолат – нисбатан янги, чунки яқин-яқингача Хитойнинг ўзбек иқтисодиётидаги ҳозирлиги анча-мунча чекланган эди. Сўнгги 5 – 7 йилда икки томонлама муносабатларнинг бунчалик тез ўсиши сабаблари нима? Ўзбекистон Хитой билан ҳамкорликдан қандай манфаатларни кўзламоқда ва аксинча, Пекиннинг Ўзбекистонда қандай мақсадлари бор? Умуман, сиз икки томонлама муносабатлар истиқболини қандай баҳолайсиз? Масалан, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темирйўли қурилиши лойиҳасининг аҳволи қандай?
Акром Умаров: Раҳмат. Мен Хитой Ўзбекистонда савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик борасида ҳаммадан ўзиб кетадиган бир иш қилди, деб айта олмайман. Ўзбекистон билан савдо-сотиқ айланмаси бўйича қайсидир йилларда Россия етакчилик қилади, қайсидир йилларда эса – Хитой. Мен ҳар ҳолда ХХР билан муносабатларда қандайдир улкан сакраш ёки катта ўзгаришларни кўраётганим йўқ. Илгариги раҳбар вақтида ҳам, ҳозирги президент даврида ҳам Хитой билан анъанага кўра барқарор ривожланиб бормоқда. Лекин суҳбатимизнинг бошида айтиб ўтганимдек, иқтисодий дипломатияга асосий эътибор қаратаётганимизни ҳисобга олиб, экспортни кенгайтириш, савдо ва иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, инвестициялар жалб этишни кўпайтириш тамойили мавжуд.
Илгари Ўзбекистон ташқи савдо балансига қаттиқ риоя қилаётган эди. Агар бирор соҳада импорт кўпайиб кетса, у сунъий равишда пасайтирилган, яъни импорт ҳажми экспорт ҳажмидан кўп ошиб кетмаслиги учун уни камайтириш чоралари кўрилган. Энди тушунишим бўйича бундай сунъий тийиб туриш йўқ, шунинг учун Ўзбекистон импорт ҳажми экспорт ҳажмидан ошиб кетишини ўйлаб ўтирмай, ўзи ҳамкорлик қилаётган барча мамлакатлар билан савдо муносабатларини кенгайтирмоқда. Эҳтимол шу маънода умумий ҳажм маъносида ўсиш бўлаётгандир. Лекин назаримда, сўнгги ўн йилликдаги динамика барқарорлигича қолмоқда.
Манфаатларга келсак, Ўзбекистон экспорт қувватини ривожлантириш, янги товарларни сотиш бозорлари ва транспорт коридорлари излашдан жуда манфаатдор. Шу маънода Хитой муқобил бўлиши мумкин. Сиёсий нуқтаи назардан Хитой нафақат Ўзбекистон, қолаверса, бошқа мамлакатлар учун анъанавий кўп векторли сиёсатимиз нуқтаи назаридан муҳим мамлакатдир. Яъниким, ташқи сиёсий муносабатларимизни бошқа шериклар билан мувозанатлаш учун бир қатор бошқа йирик шериклар билан мустаҳкам ва кенг қамровли муносабатлар ўрнатиш зарур. Ҳа, минтақа учун анъанавий шеригимиз Россия бўлса керак. Айни пайтда кўп векторли ташқи сиёсатимизни қўллаб-қувватлаш учун муносабатларимизни жадал ривожлантираётган бошқа шерикларимиз Хитой, Европа Иттифоқи, Яқин Шарқ мамлакатлари, Жанубий Осиё, Ҳиндистон, Покистон ва Америка Қўшма Штатларидир. Яъниким, улар минтақадаги иштироки ва ҳозирлиги ушбу балансни ва ташқи муносабатларимиз кўп векторлилигини ушлаб туриш сиёсий нуқтаи назардан муҳим бўлган йирик ўйинчилардир.
Хитой манфаатларига келсак, биз ушбу мамлакат учун хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга эга бўлган қўшни минтақа ҳисобланамиз. Хитойнинг Марказий Осиёга чегарадош бўлган минтақаси – Шинжон-Уйғур мухтор тумани ушбу мамлакат ҳукуматига кўп ташвишлар келтирмоқда. Хитой учун чегаранинг бу томонидагилар ўз ҳукумати билан ҳамкорликни ривожлантириши, ўзаро муносабатларда муаммо чиқармаслиги, Шинжонда янги беқарорлик ўчоқлари юзага келишига сабаб бўлиши мумкин бўлган зиддиятлар бўлмаслиги жуда муҳим. Умуман, бизнинг қўшни минтақа сифатидаги барқарорлигимиз ҳам Хитойнинг барқарор ички ривожланиши учун аҳамиятлидир. Шу маънода улар минтақадаги транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни кўзламоқда. Ана шундай илк натижа Тошкент вилоятини Фарғона водийси билан боғлаган ва шу тариқа бутун Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтадиган ҳамда термирйўл тизимимиздаги узиқ занжирни улаган темирйўл тармоғи бўлган бўлса, ажаб эмас. Яъниким, ушбу лойиҳа 2016 йилда якунлангандан сўнг Фарғона водийси Ўзбекистоннинг асосий қисми билан тўғридан-тўғри темирйўл орқали уланди.
Бу Ўзбекистон учун – катта натижа, улкан ютуқ. Бу республика ичида ривожланиш, иқтисодий алмашув учун янги иқтисодий имкониятлар очиб беради. Лекин бу Хитой учун улкан оралиқ қадамидир. Ушбу темирйўл бўлаги қурилиши, агар у “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темирйўли кўринишида давом эттирилмаса, деярли ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди. Хитой томони фикрича, ушбу темирйўл Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга ва яна Европа, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё мамлакатларига олиб чиқадиган улкан темирйўл лойиҳасининг бир бўлаги, холос. Шунинг учун хитойликлар айни пайтда “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темирйўли қурилишини жадал илгари сурмоқда. Ушбу лойиҳани Ўзбекистон ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда. Аммо Хитой билан Қирғизистон ўртасидаги музокараларда муаммолар бор. Турли маршрутлар мавжуд: Хитой бир вариантни таклиф этяпти, Қирғизистон эса бошқасида оёқ тираб туриб оляпти. Қирғизистонда раҳбарият тез-тез алмашаётгани сабаб музокаралар охирига етмай қолмоқда. Муаммога ечим топилай деганда, Қирғизистонда аллақандай ички сиёсий ўзгаришлар юз бериб қолади ва музокараларни аксарият масалалар бўйича бошқатдан бошлашга тўғри келади. Бу эса ушбу лойиҳани амалга оширишни янада орқага суриб юбормоқда.
Эҳтимол, ҳатто айрим мамлакатлар айни маршрут тезроқ амалга ошишидан тўлиқ манфаатдор бўлмаслиги ҳам мумкин, чунки бу Хитойнинг минтақадаги ҳозирлигини кенгайтириши баробарида иқтисодиётдан бошқа соҳаларга ҳам аралашувига имкон беради. Яқинда юз берган ҳолатлардан кўряпмизки, Хитой минтақа мамлакатлари билан хавфсизлик ва ҳарбий кооперация соҳасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Руслан Изимов: АҚШ яқинда Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши хусусида баёнот берди. Лекин Ўзбекистонда Ислом Каримов давридан бери Қўшма Штатлар билан муносабатлари осон бўлмаганини биламиз. Сиз айни чоқда АҚШда яшаб ва ишлаб турибсиз. Ўзбекистондаги демократия билан боғлиқ масалалар, дейлик, ҳозирча Ғарб стандартларига жавоб бермайдиган ҳолатда Вашингтон, сизнингча, Тошкентга қай даражада хайрихоҳлик билан қарамоқда?
Акром Умаров: Назаримда, биз АҚШнинг минтақамиздаги ташқи сиёсатини баҳолаётганда уни жуда жўн деб ўйлаймиз ва чигалликларни тушунмаймиз. АҚШда ташқи сиёсатни белгилаш тизими биздаги мавжуд тизимлардан кескин фарқ қилади. Бизда давлат раҳбари – асосий decision maker (қарор қабул қилувчи), у қарор чиқаради ва амалга оширади. АҚШда эса бу – жуда мураккаб механизм. Дейлик, президент бирор нарсани ваъда қилади ва у билан келишувга эришилади. Лекин бу ўша келишув амалга оширилади дегани эмас. Яъниким, ташқи сиёсат шаклланишига таъсир этувчи йўлдош омиллар жуда мўл. Ҳатто Президент маъмурияти Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришни ёқлаб, шунга ҳаракат қилса ҳам, Конгрессда буни кескин танқид қиладиган ва демократия билан боғлиқ камчиликларни кун тартибига олиб чиқадиган сенаторлар гуруҳи пайдо бўлиши мумкин ва бу ўша муносабатлар ривожланишига тўсқинлик қилади. Бундай тўсиқларни енгиб ўтиш учун АҚШ билан комплекс, тузилиши мураккаб бўлган ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш зарур бўлади, яъни фақат Президент маъмурияти билан алоқа қилиш билан чекланиб қолмасдан, ташқи сиёсатни шакллантиришда иштирок этувчи шахсларнинг ҳеч бирини эътибордан қочириб бўлмайди.
Мен вазиятни тушунтириш учун гапни узоқроқдан бошлаяпман. Агар миқёслар таққосланса, АҚШ молиялаш ва инвестициялар ҳажми бўйича Россиядан ҳам, Хитойдан ҳам ва бошқа кўплаб қўшни мамлакатлардан ҳам орқада қолаётгани бор гап.
Шунга қарамай, С5+1 форматлари мавжуд ва Афғонистон билан боғлиқ масалалар доирасида фаол ҳамкорлик қилинмоқда. АҚШ қўшинларини шоша-пиша Афғонистондан олиб чиқиб кетгани, умуман олганда, ривожланишининг ҳозирги босқичида ушбу мамлакатнинг Афғонистонда ҳам, Марказий Осиё минтақасида ҳам улкан манфаатлари ва устуворликлари йўқлигини кўрсатади, яъни АҚШ учун минтақа мамлакатлари билан улар бошқа ўйинчиларнинг таъсир ҳудудига айланиб қолмаслик учун ҳамкорликни ушлаб туриш қизиқарли. Лекин расмий Вашингтон айни босқичда минтақада стратегик ҳозирликни кўзлаётгани йўқ.
Марказий Осиё мамлакатлари учун Ғарб: АҚШ, ЕИ ва бошқа мамлакатлар билан алоқалар кўп векторли ташқи сиёсатимизни сақлаб қолиш, эгаменлигимизни мустаҳкамлаш ва янги технологияларни олиш учун жуда муҳим.
Дунё ҳозирги кунда жуда мураккаб. Турли: Хитой, Ғарб, Россия технологиялари бор. Лекин биз минтақа сифатида уларнинг барчасидан фойдалана олишимиз мумкин. Шунда ушбу ўйинчиларнинг барчаси ва ҳамкорлигимизнинг барча масалалари бўйича ютуқли музокара мавқеига эга бўламиз. Бундай мулоқотни ушлаб туриш, умуман олганда, минтақамиз ривожланишига эш бўлади.
Назаримда, яқин келажакда АҚШнинг минтақамизга бўлган ягона катта қизиқиши Афғонистон масаласида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бўлади. Вашингтон биз Афғонистондаги вазият янада барқарорлашувида катта рол ўйнашимизни ҳамда ушбу мамлакатдаги ўтиш жараёни барқарорроқ ва хавфсизроқ ўтишини истайди. Айни чоқда гуманитар юкларни етказиб бериш, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликда амалга оширилишига оид жорий масалалар бор. АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши Марказий Осиё мамлакатлари учун кутилмаган ҳол бўлди. Шу маънода АҚШнинг қайсидир мамлакатлар билан муносабатидаги мажбуриятларга оид ишончлилиги унчалик ижобий баҳоланмади. Яъниким, бу мамлакатнинг манфаатлари ўзгарса ва манфаатлар мувозанати қайта кўриб чиқилса, олдинги барча қарорларни бекор қилиш ва мамлакатдан чиқиб кетиш мумкинлигини англатади. Эҳтимол, бу АҚШ манфаатларига мос келар, лекин шериклар буни унчалик яхши қабул қилинмагани аниқ.
Руслан Изимов: Қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат.