Сурат манбаси: eurasiacenter.hu
“Хитой, Евроосиё ва барча бошқалар” – “Бир макон – бир йўл”, катта ўйинлар ва бошқа геосиёсатга оид подкастнинг навбатдаги эпизоди Туркий иттифоқ ёки Марказий Осиё мамлакатлари иттифоқи сингари имкониятларнинг рамзий ва амалий аҳамиятига бағишланган.
Ҳозирги дунёда туркий интеграция амалга оширса бўладиган ишми? Марказий Осиё мамлакатлари бир вақтда иштирок этаётган интеграция ташаббусларини қандай бирлаштириши мумкин? Чунки уларнинг йўналиши ҳар доим ҳам ўзаро мос келавермайди.
Подкастнинг ушбу эпизодида Қозоғистон Республикаси президенти ҳузуридаги Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти (ҚСТИ) директори ўринбосари Санат Кушкумбаев ва Халқаро Туркий академиянинг катта эксперти Тимур Козирев шу масалаларни муҳокама қилади.
Қуйида ушбу подкастнинг ўзбек тилига таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Туркий халқлар бирлиги орзуси қадимги туркий халқлар бутун Евроосиё бўйлаб кўп асрлик миграцияга киришиб, ареалини (яшаш ва тарқалиш жойи) тез кенгайтира ва ўзаро узоқлаша бошлаган олдинги даврларга бориб тақалади. Ҳозирги даврда туркий идентитети – кимлиги билан тан олинган давлатлар вақти-вақти билан ўзаро муносабатларини имконияти ва фойдасини чамалаб ва муҳокама этарак, ўтган асрнинг 90-йилларидан яқинлашув тамойилини бошлаган эди.
Жорий йилиннг 12 ноябрида Истанбулда бўлиб ўтган учрашув туркий тилли мамлакатлар тарихида янги саҳифа очиб берди. 2009 йилда ташкил топган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши (ТТДҲК) Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ – Türk Devletleri Teşkilatı) деб қайта номланди.Ўша пайтдан бошлаб, 5 та аъзо давлат (Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон) ва 2 та кузатувчи давлат (Туркманистон ва Венгрия) янги халқаро ташкилотга кирди.
Айрим кишилар учун бу шов-шувли воқеа эди, ОАВда эса “Турон армиясими ёки Туркий НАТОми?” қабилидаги сарлавҳалар пайдо бўлди. Лекин янги ташкилот тузилиши бирор нарсани кескин ўзгартирадими? Ушбу тузилма ҳамма нарсадан мустаҳкамроқ соғинчга – умумий тарих, маданият ва тилга таянади. Ҳали масаланинг иқтисодиёт ва савдо-сотиқ сингари амалий жиҳатларини бажаришга анча қовун пишиғи бор – ушбу масалалар билан ЕОИИ ёки “Бир макон – бир йўл” сингари анча оёққа туриб олган бирлашмалар шуғулланмоқда.
Янги ташқилотнинг қисман жозибали бўлган томони уни Туркия қўллаб-қувватлаётганидир. Ушбу мамлакат – жуда фаол. Таъсир кучи катта, унинг ҳарбий қудрати ва дипломатияси қимматли омилга айланмоқда.
Лекин айни чоқда Туркия иқтисодий жиҳатдан заиф ва инвестиция борасида кўп нарса таклиф эта олмайди. Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатларининг ўз минтақавий ҳамкорлигини қандай қилиб институционаллаш каби бошқа кўплаб долзарб вазифалари бор.
Бу жараёнда муҳим қадам қўйилди – Қозоғистон билан Ўзбекистон иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияга қўл қўйди ҳамда шу вақтнинг ўзидаёқ бир қатор ўта иқтисодий ва амалий қадамлар қўйиш тўғрисида келишиб олди.
2 та йирик туркий давлат ўртасидаги иттифоқчилик декларацияси ва Туркий давлатлар ташкилоти тузилиши бир жараённинг босқичларими ёки турли жараёнларнингми? Балки ҳозирги дунёда туркий интеграцияни амалга оширса бўлар? Туркия Марказий Осиёда янги патрон – ҳомий бўла оладими? Марказий Осиё мамлакатлари бир вақтда иштирок этаётган, лекин йўналишлари ҳар доим ҳам мос тушмайдиган интеграция ташаббусларини қандай бирлаштириши мумкин?
Бошловчи Руслан Изимов: Келинглар, гапни ТТДҲКнинг ташкил этилиш сабаблари ва умуман, туркий интеграциянинг туғилиш жараёнларидан бошлайлик. Туркий тилли мамлакатлар қалинроқ ҳамкорлик қилиш билан қандай мақсадларни кўзламоқда? Ушбу гаплар қанчалик аниқ мазмун билан тўла ёки улар маънавий, маданий бирликни тушуниш учун кўпроқ зарурми? Санат Кайрслямович, муҳокамамизни ўзингиз бошлаб берсангиз.
Санат Кушкумбаев: Энг аввало, шуни қайд этиш зарурки, ушбу ташкилот мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар кун тартибида турган масалаларни ҳал этиш учун тузилган эди ва табиийки, улар рақобат, қандайдир муқобил таъсир марказлари ташкил этишга эмас, ҳамкорлик ва кооперацияга йўналтирилган. Яъниким, ушбу ташкилотда, бир сўз билан айтганда, “аксил-“ олд қўшимчаси йўқ. Дастлаб, ҳатто жараён давом этаётган чоғда, яъни 90-йилларда саммитлар ўтказилган ҳамкорликнинг турли кўринишлари мавжуд бўлган эди, шунинг учун буни фақат Туркий давлатлар ташкилоти ёки ўтмишдоши бўлмиш Туркий кенгашни тузишдангина иборат бўлган деб ўйламаслик керак. Ҳа, бошида бу тарихий ва маданий ўтмишдан иборат пойдевор бўлган эди ва у ҳамкорлик учун яхши ва қулай асос бўлса ажаб эмас. Айнан шу дастлабки кичик туртки бўлган эди. Кун тартиби изчил тарзда бойиб бормоқда, унга энг аввало икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик билан боғлиқ масалалар, техника, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва ҳк. соҳалардаги иқтисодий ҳамкорлик, савдо-сотиқ, инвестициялар киради. Жорий йил ноябрида Истанбулда бўлиб ўтган саммитда иштирок этган раҳбарларнинг нутқларига қулоқ солинса, ушбу мамлакатларни нималар ташвишга солаётгани, улар қайси масалаларни кун тартибига олиб чиқаётгани ҳамда ўша масалаларни аъзо ва кузатув мақомига эга мамлакатлар билан муҳокама қилишга интилаётгани аён бўлади. Шу нуқтаи назардан мен бу ташкилотнинг истиқболи албатта порлоқ бўлади, деб ўйлайман.
Биринчидан, қизиқиш бор, чунки ҳатто кузатувчи мамлакатлар ҳам унда жуда юқори даражада иштирок этмоқда. Умумий бирлаштирувчи кун тартиби фақат, дейлик, умумий тарих ва маданиятгагина қаратилаётгани йўқ. Бошидан шунга амал қилиб келинмоқда. Яъни бу – яхши бошланиш демак. Ўша пайтда туркий давлатларнинг маданий ва тарихий кун тартиби билан боғлиқ Турксой ташкилоти тузилган эди. Қозоғистонда ушбу кун тартиби азалдан бўлган. Кейинчалик 1990 – 2000 йиларда туркий давлатлар мана шу кун тартибини илгари суриб келган, бу 2009 йилда Туркий кенгаш халқаро ташкилот сифатида ташкил этилгунча ва жорий йилда мантиқий тадрижини давом эттириб, тўлақонли Туркий давлатлар ташкилотига ўсиб чиққунча давом этди.
Руслан Изимов: Ушбу жараённинг, яъни туркий интеграция юзага келишининг ташаббускори ким бўлган?
Санат Кушкумбаев: Эҳтимол, барча мамлакатлар бундан манфаатдор бўлган бўлса керак. Мен Қозоғистон вакили сифатида ўз мамлакатимни айтишим мумкин – Қозоғистон чиндан ҳам 90-йилларда туркий давлатларни бирлаштирувчи платформа ғоясини изчиллик билан олға сурган ва унга интилган мамлакатлардан бири бўлган эди. 1991 йилга қадар Туркия халқаро майдонда тан олинган бирдан-бири туркий давлат бўлгани шубҳасиз. Албатта Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг барчаси ўзгариб кетди. Энди биз жуғрофий сиёсат ва жуғрофий иқтисодиёт ҳақида гапирмаслигимиз мумкин эмас, чунки Евроосиё макони бутунлай ўзгариб кетди ҳамда ҳамкорлик учун янги векторлар ва истиқболлар пайдо бўлди. Шунинг учун, назаримда, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон – хуллас, ушбу жараённи барча мамлакатлар илгари сурган, яъни ўзаро бир-бирини тортиш бўлган эди.
Руслан Изимов: Тимур Анатольевич, сизга мурожаат қилмоқчиман. 2020 йил бошида Халқаро туркий академия тайёрлаган “Умумтуркий тарих” дарслиги Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркия мактаблари ўқув дастурларига киритила бошлади. Адашмасам, шу тариқа бир қанча туркий мамлакатлар мактаб дастурларида бутунлай янги фан пайдо бўлмоқда. Чиндан ҳам туркий мамлакатлар тарихи умумийми? Тил, тарих ва маданият қанчалик туркий дунёни ташкил қилади? Масалан, туркий халқлар ислом динининг кириб келиши билан бир-биридан фарқ қилади. Бу жиддий ажратувчи омил бўлиши мумкинми?
Тимур Козирев: Мен гапни умумий дарсликлар яратиш туркий давлатлар гуманитар ҳамкорлигининг ҳам, Туркий академия фаолиятининг ҳам энг муҳим йўналишларидан бири эканидан бошламоқчиман. Шу муносабат билан мақтаниб айтишим мумкинки, ҳозирги кунга келиб, яна 2 та дарслик тайёр бўлди: “Туркий дунё жуғрофияси” ва “Умумий туркий адабиёт”. Энди улар ҳам Туркий кенгашда кўриб чиқилади. Кенгаш қошида махсус комиссия ташкил этилган. Қозоғистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам дарслигимиз бўйича дарслар ўтилмоқда. Туркияда вазият бир оз бошқачароқ. Уларда дастур дарсликдан муҳимроқ, лекин шунга қарамай, дарслик дастурга киритилди ва дарс қилиб ўтилмоқда. Қирғизистонда ушбу масала кўриб чиқилмоқда.
Умумтуркий тарих ҳақида шуни айтиш жоизки, ўрта асрларда ҳам, ҳатто ўрта асрлар охирида ҳам алоҳида олинган миллий тарихшунослик доирасида кўриб чиқиш мумкин бўлмаган даврлар кўп. Бу совет даврида яратилган туркий халқларга тегишли. Ҳатто фолклор сингари оддий нарсаларни олсак ҳам, интернет маконида “Эр Едигей” эпоси қайси халққа тегишли экани хусусидаги баҳслар бир лаҳза бўлса ҳам тингани йўқ: гоҳ у козоқларники, гоҳ нўғай ёки татарларники, ёхуд умуман қорақалпоқларники ва ҳк. Умуман олганда, у Олтин Ўрда эпосидир, уни бўлиб бўлмайди, чунки ўша пайтларда ҳозирги бир неча халқлар бир ва чин маънода мерос умумий бўлган. Бунга “Эр Эдигей” кичик бир мисол, холос. Аслида принципиал жиҳатдан алоҳида миллий тарихшуносликка сиғмайдиган ва фақат бир бутун ҳолда олиб қаралиши керак бўлган яратиқлар жуда кўп. Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб гапирмоқчиман. “Умумий туркий тарих” дарслигини ёзишда бош муаллиф сифатида эмас, муҳаррир-маслаҳатчи сифатида қатнашдим, у ерда келтирилган фактларнинг ҳаммасини ёки деярли ҳаммасини алоҳида-алоҳида фактлар сифатида билар эдим. Лекин улар ҳаммаси бир муқова остига жамлангандан сўнгги таассурот бутунлай бошқача бўлар экан. Ўзим туркологман ва ўзим учун Шимолий Африкадан Ҳиндистонгача бўлган улкан минтақа тарихида туркий халқлар узоқ давр мобайнида шундай кучли шакллантирувчи рол ўйнаганини кашф қилдим. Умуман олганда, мусулмон Шарқининг сиёсий тарихи туркий сулолалар тарихидир. Булар мамлуклар, усмонлилар ва темурийлар, жумладан, бобурийлар, яъни мўғуллар, чингизийлар, жўчийлар, чиғатойлар ва ҳк.дир. Яъниким, туркий тарихни бир бутун ҳолда кўрганингда бутунлай бошқача қараш ва ўзгача тушуниш ҳосил бўлади. Бу ўринда бўлиниш учун ҳеч қандай асос йўқ.
Лекин сиз тўғри қайд этганингиздай, ислом дини туркий халқлар ҳудудига бир текис кириб бормаган, шунга қарамай, тарихнинг асосий босқичларига қаралса, ҳамма нарсани бир қолипга солиб баҳолаш қийин. Шу билан бирга, қозоқларнинг кўчманчи муҳитида исломлашганлик даражаси тушунарли сабабларга кўра, дейлик, ўтроқ минтақадардагидан паст бўлган. Таълим марказларидан узоқлик ва бошқа техник сабабларга кўра кўп нарсаларнинг имкони бўлмаган. Лекин тарихга назар ташланса, улуғ ҳукмдоримиз Берке ўз вақтида Султон Бейбарс билан бирга Макка билан Мадинани хулагу мўғуллари ҳужумидан қутқарган. Бу бутун мусулмон олами миқёсидаги воқеа бўлиб, бутун бошли тамаддунни қутқариш эди. Бундай воқеалар муҳим рол ўйнайди, шунинг учун ислом қаердадир кўп, қаердадир кам бўлган, деб айтишдин ўзимни тияман.
Дарсликларга келсак, таълим ижтимоий онгни шакллантирадиган муҳим соҳадир. Тарих миллий ўзликни англашнинг асоси ва ўқидир. Жуғрофия – харитадаги визуал тимсол. Адабиёт ҳам – маданиятнинг муҳим қисми. Биз дарсликларни яратиш учун мана шу учта йўналиш бўйича иш олиб боряпмиз.
Руслан Изимов: Санат Кайрслямович, Туркиядаги ҳарбий технологиялар ривожланиши ортида, сизнингча, нима турибди? Бу турк дипломатиясининг бир қисмига айланмоқда. Турк дронлари, масалан, Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги можарода кучлар нисбатани ўзгартира оладими? Бошқа тарафдан, Қозоғистон билан Қирғизистон КХШТ аъзосидир ва ўша фарқ Қорабоғ уруши вақтида кўзга ташланди. Озарбайжон КХШТга аъзо эмас, Арманистон эса аъзо, шунга кўра, Марказий Осиё мамлакатларининг Туркия билан жиддий ташқи сиёсий ҳамкорлиги ҳақида ўйлаш мумкинми?
Санат Кушкумбаев: Мен турк ҳарбий технологиялари Туркиянинг мавжуд илмий-техник, иқтисодий потенциали намойиши деб биламан. Ушбу мамлакат Осиёнинг Яқин Шарқида минтақа даражасидаги энг йирик мамлакатлардан бири экани тушунарли. Бу дипломатиянинг ҳам бир қисмига айланиши эҳтимолдан холи эмас, чунки Туркиянинг муайян амбициялари бор. Анқара проактив (бирор нарсага устуворлик беришга асосланган) сиёсат юритмоқда. Бу у Кавказ, Яқин Шарқ, Ироқ, Сурия ва ҳк. жойларда қанда рол ўйнаганидан ҳам кўриниб турибди. Айни ҳол унинг дипломатияси бўлагига айланмоқда. Туркиянинг ушбу минтақадаги муҳим ўйинчи сифатидаги саъй-ҳаракатлари нимага йўналтирилган? Тахминимизча, айни ҳолатда Туркия улкан даражада конструктив мавқени эгаллаб турибди. Назаримда, дронлар ҳозирги дунёда юз бериб турган юксак технологиялар қўлланаётган бундай можароларда жуда кучли қуролдир. Лекин Туркиянинг Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара жанжали аллақандай кенг миқёсли тўқнашувга айланишидан ва келиша олмаётган томонларга ўз қуролларини етказиб беришдан манфаатдор экани амри маҳол. Мен Туркия бундан манфаатдор эмас, деб ўйлайман. Яъниким, айни вазиятда Туркия туркий давлатларга улар амбицияларини олға суриши учун ҳарбий соҳада ёрдам бериш ёки уни кенгайтириши мақсадини кўзлаётгани йўқ. Тоғли Қорабоғдаги вазиятда – гап Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги можаро ҳақида кетяпти – Туркия кўп марта гап бу ўринда ҳудудий яхлитлик ҳақидаги кетаётганини, ушбу мақсад йўлида ва Туркия билан Озарбайжон ўртасидаги тегишли келишувлар доирасида Озарбайжонга сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий кўмак берилганини айтиб келди. Мен Туркия ўзини кутилган тарзда тутди, чунки ҳамма Туркиянинг айнан шундай муносабатини тахмин қилган ва кутган эди, деб ҳисоблайман.
Руслан Изимов: Кейинги саволни Тимур Анатольевичдан сўрамоқчиман: туркий интеграция кучайиши Россия билан Хитойга қўшимча равишда яна бир “катта оға”миз бўлишимизни англатмайдими? Бу ҳозирги мураккаб дунёдаги тўсиқларни айланиб ўтишимизни қийинлаштирадими ёки аксинча, бизга зарур бўлган учинчи таянч нуқтасими? Туркий давлатлар ташкилотининг мақсадлари бошқа давлатлар, бошқа ҳамкорларимиз манфаатларига зид келиши мумкинми? Масалан, туркий интеграция билан Евроосиё интеграцияси жараёнлари ўртасида зиддиятлар йўқми?
Тимур Козирев: Раҳмат, жуда яхши савол бердингиз. Мен Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги можаро масаласида олдинги воизимиз Санат Кайрслямовичнинг фикрини бироз тўлдирмоқчиман. Аслида бу масалага турк дипломатияси, ўзимизникиларнинг бегоналарга қарши кураши деб ёндашмасдан, “биродарлар, келишиб олинглар” деб, бетараф мавқеда тургани таҳсинга сазовор. Яъниким, Қирғизистон Тожикистонга қарши бир томонлама қўллаб-қувватланмади. Аксинча, ўртада воситачилик қилишга интилиш бўлди. Ҳамма гап шундаки, замонавий Туркиянинг сиёсати жўн этник миллатчиликдан анча баланд туради. Туркий давлатлар интеграцияси масаласида ҳам талаблар баланд қўйилиб, доира кенгроқ олинмоқда, яъни Қирғизистонни бир ёқлама қўллаш ҳақида гап ҳам бўлгани йўқ.
Айрим ОАВда гўё қўрқинчли ва ҳаммага таҳдид қиладиган “Буюк Турон”, “Турон армияси” ҳақидаги қўрқув тўла мақолалар ҳақида гап кетганда, шуни айтиш зарурки, тарихга теран назар солинса, Туркия Усмонлилар империясининг вориси эканини кўриш мумкин. Ўз навбатида Усмонлилар империяси маданият ёки дин эмас, жуғрофий сиёсат нуқтаи назаридан Византиянинг бевосита давомчисидир. Тарихан ҳар доим Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ, Болқон ярим ороли ва Шимолий Африка унинг манфаатлари ҳудудлари бўлиб келган. Яъниким, ушбу ҳудудларни Ғарбий Рим ҳам, Шарқий Рим ҳам, кейинчалик Усмонлилар империяси ҳам эгаллаган. Яна бизда кўпчилик билмаган бир факт бор: усмонли султонларининг кўплаб рутбалари орасида “Рум қайсари” дегани ҳам бўлган. Яъниким, улар ўзини тап тортмасдан Византия империяси бузмакорлари эмас, унинг ворислари ва давомчилари деб атаган. Бу теологик жиҳатдан ҳам тўғри келган, чунки ислом илоҳиётшунослиги нуқтаи назаридан христианлик билан ислом дини бир жараённинг турли босқичлари бўлган ва ислом дини ўша жараённинг энг олий нуқтаси ҳисобланади. Мусулмонлик нуқтаи назаридан шундай, шунинг учун Биринчи Рим мажусийларники, Иккинчи Рим христианларники ва Учинчи Рим мусулмонларники бўлгани изчил ва мантиқий концепциядир.
Буни айтаётганим сабаби Марказий Осиё ҳеч қачон Усмонлилар империяси учун устувор аҳамиятга эга бўлмаган. Ушбу минтақа ҳеч қачон ўша империя таркибига кирмаган, Марказий Осиё мусулмонлари Усмонлилар халифасини тан олгани, қалин муносабатларда бўлганига қарамай, Босфор кўрфазидан Олтойгача бўлган Буюк Турон ғояси жаҳон жуғрофий сиёсати тарихида бўлмаган. Шунинг учун бу қўрқувлар асоссиз. Туркиянинг жуғрофий сиёсати ҳар доим кўп векторли бўлган ва шундай бўлиб қолади. Византия империясининг рамзи икки бошли бургут бўлган, бир бош Ғарбга, иккинчиси эса Шарққа қараган. Икки бошли бургут салжуқларнинг ҳам рамзи бўлган. Шу тариқа Туркия учун ҳар доим Европа, Яқин Шарқ муҳим устувор йўналиш бўлган, бизнинг минтақа эса унинг ҳамкорлик йўналишларидан бири, холос. Лекин турклар бундан ҳам воз кечмайди, чунки уларнинг “барча тухумларни битта саватга солмасликдай” кўҳна дипломатик анъанаси бор. Шунинг учун туркий йўналиш ҳар доим долзарблигича қолаверади, бироқ пантуркизм ва турончилик олдидаги бундай қўрқувлар асоссиз маҳобатдан бошқа нарса эмас.
Энди туркий интеграциянинг Евроосиё ва бош интеграциялар билан ўзаро нисбатига келиб, харитага назар солсак, туркий дунё ва туркий мамлакатлар Евроосиёнинг ўрта зонасида жойлашганини кўрамиз. Туркий халқларнинг бутун тарихида энг муҳим вазифа воситачилик бўлган. Буюк ипак йўли туркий мамлакатлар орқали ўтган, туркий империялар Ғарбий Европа билан Хитойни, Шимол билан Жанубни ўзаро бирлаштириб турган. Тарихнинг ҳозирги ҳалқасида ўз вақтида элбоши Нурсултон Абишевич Назарбоев БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурган Улкан Евроосиё ғояси моҳиятан туркий интеграция ғояси билан бевосита боғлиқдир, чунки бу материкнинг қоқ марказида ягона макон яратишдан бошқа нарса эмас; ушбу тузилманинг миссияси қитъадаги, айнан қитъадаги ҳамкорликка кўмаклашиш, яъни элбошининг БМТда айтган сўзларига кўра, Европа Иттифоқи, ЕОИИ ва ШҲТни бир-бирига қўшишдан иборат. Яқинда ҳалқаро платформа бўлмиш Astana Club тадбири бўлиб ўтди, унинг мажлисларини анъана бўйича Нурсултон Назарбоев очиб келади ва у Улкан Евроосиёнинг 4 та таянчи – ЕИ, ЕОИИ, ШҲТ ва Туркий давлатлар ташкилоти – борлигини айтиб ўтди.
Лекин бу ғоя ҳали пишиб етилиши кераклиги тушунарли. Шунга қарамай, Туркий кенгашнинг нима сабабдан ташкилотга айлантирилгани дарров кўзга ташланади. Ушбу ташкилот Улкан Евроосиёнинг 4 та таянчидан бирига айланиши учун ҳали кўп иш қилиниши керак бўлади. Лекин пировардида бундан чиқадиган хулоса шуки, туркий интеграция принцип жиҳатидан кимгадир қарши қаратилган жараён эмас, аксинча, у Улкан Евроосиё материгининг интеграциясига қаратилган жараёндир, унинг марказида туркий дунё турибди ва бу дунё бутун бошли материкда узоқ муддатли тинчлик бўлиши ва барча йўналишларда ҳамкорлик ривожланишидан асосий манфаатдор томондир.
Руслан Изимов: Раҳмат, жуда яхши тушунтириб бердингиз. Тимур Анатольевич, ушбу суҳбатнинг давоми сифатида Хитой билан Россияга боғлиқ жиҳатларга тўхталсангиз. Хитой ва Россия матбуотида тез-тез Туркий давлатлар иттифоқи ушбу мамлакатлар ҳудудида истиқомат қиладиган туркий халқлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин, деб хавотир билдирмоқда. Бундай ҳолатларда нима деб жавоб беришимиз мумкин?
Тимур Козирев: Биз бундай ҳолатларда яна гап бутун материк ҳақида кетяпти, шунинг кимнингдир нимасини тортиб олиш ҳақида – бу жуда майда гап бўлиши тайин – гап кетмаётибди, деб айтишимиз мумкин. Мўлжал жуда баланд. Гап бутун бошли Улкан Евроосиё ўзаро боғлиқлик, шунга кўра, ўзаро манфаатлар тармоғи билан чирмалган ягона макон бўлиши ҳақида кетмоқда. Ва бу глобал барқарорлик учун узоқ муддатли пойдевор бўлади. Кимнидир, қайсидир маконни юлиб олиш сингари гаплар жиддий эмас ва ҳеч ким бундай мақсадни олдига қўйгани йўқ. Қолаверса, Туркий кенгаш таркибидаги ва бошқа барча ташкилотларнинг низом ҳужжатлари бор. Модомики, бундай гаплар, дейлик, ОАВ орқали айтилаётган экан, ё бу жоҳиллик ва ёки фитнадан бошқа нарса эмас, чунки ҳеч ким олдига бундай мақсадларни қўйган эмас.
Туркий академияга келсак, Биз Россиянинг илмий ташкилотлари: Россия фанлар академиясининг (РФА) Шарқшунослик институти, РФАнинг Новосибирск бўлими, федерация субъектлари: Татаристон, Бошқирдистон ва Якутия фанлар академиялари билан фаол ҳамкорлик қиляпмиз. Бу – соф илмий алоқалар. Яна Хитой фанлар академияси билан алоқаларни тиклашга, гарчи бу алоқалар чекланган бўлса ҳам, интиляпмиз. Биз бу ўринда фақат Пекинга мурожаат қиляпмиз, қолган алоқалар уларнинг рухсати билан йўлга қўйилади. Шу сабабли бундай хавотирлар мутлақо асоссиз.
Руслан Изимов: Туркий давлатлар ташкилоти Марказий Осиёдаги минтақавий интеграцияда қандай рол ўйнаши мумкин? Дарвоқе, фақат Тожикистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасидан четда қолмоқда. Тарих ва маданият умумийлиги принципига риоя қилган ҳолда Душанбени Туркий кенгашга кузатувчи сифатида жалб қилишнинг иложи йўқми? Тожикистоннинг четда қолаётгани Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликка зарар келтирмайдими?
Санат Кушкумбаев: Билишимча, Тожикистон масаласида ҳеч қандай мушкуллик йўқ, яъни ушбу мамлакат кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин. Бу, назаримда, кун тартибини бойитади, чунки ташкилотда ҳамма нарса фақат тил билан боғлиқ ўзига хосликлардан иборат эмас. Масалан, Венгрия ўз кимлигини сўнгги пайтларда Туркий олам, ҳамжамият билан боғлиқ ҳолда кўрмоқда. Бу – унинг эгамен танлови.
Олдинги саволга бироз изоҳ бериб ўтмоқчиман. Мен 2 та катта оға: Россия билан Хитой ёнига Туркия ҳам қўшилади, деб гапириш, назаримда, нотўғри, деб биламан. Албатта, минтақа мамлакатлари – Марказий Осиё ҳам, Озарбайжон ҳам мавжуд аҳволи ва ролига кўра воқеалар бундай ривожланишидан қочади. Мустақилликнинг шунча йиллари давомида ҳеч ким Туркия ўз кун тартибидаги масалаларни қандайдир тарзда бошқа шерикларига тиқиштирганини эслай олмаса керак. Ҳа, муносабатларда, ҳатто туркий давлатлар ўртасидаги муносабатларда мураккабликлар бўлгани бор гап. Бироқ ҳал этиб бўлмайдиган муаммолар ёки эгаменликни чеклаши мумкин бўлган аллақандай амбициялар бўлмаган. Иккинчи жиҳат шуки, Туркия билан ҳамкорлик Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ва икки томонлама даражадаги янги имкониятдир. Яъниким, у жуғрофий-сиёсий манёврларни муракаблаштирмаслиги баробарида жорий ва бўлғуси жуғрофий-сиёсий талотум даврида янги таянч нуқталарини яратади. Шунинг учун мен шу маънода Тимур Козиревнинг гапига қўшиламан. Туркия, Россия ва Хитойни ўзаро қарама-қарши қўйиш аксарият ҳолларда бир қолипга тушиб қолган, мафкура аралашган ҳолатдан бошқа нарса эмас. Тўғри, Россия билан Хитой туркий аҳоли истиқомат қиладиган йирик мамлакатлардир. Моҳиятан улар ҳам қайсидир маънода туркий мамлакатлардир. Шунинг учун улар ҳатто кузатувчи бўлган тақдирда ҳам жуда кўп масалалар, жумладан, қандайдир сиёсий ва жуғрофий-сиёсий шубҳалар ўртадан кўтарилади, деб ўйлайман. Бу кўп жиҳатдан самарали кооперацияга ёрдам беради ва бу ерда бўлиб ёки парчалаб ташлаш ва ҳк.га ҳеч қандай уриниш йўқлигини кўради. Гапим бошланишида айтиб ўтганимдек, бу олдига “аксил-“ қўшимчаси қўшилган ташкилот эмас. Қозоғистон, фикримча, бошқа мамлакатлар ҳам нимагадир ёки кимгадир қарши бўлган ташкилотдан қатнашишни ҳаммадан кўра камроқ истайди.
Марказий Осиёдаги интеграция ҳақида гап кетганда, шуни айтиш керакки, Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларимиз ўртасида минтақавий даражада янада кўпроқ жипслашувга ёрдам беради. Яқинда Туркманистонда бўлиб ўтган саммит – учинчи маслаҳат кенгаши минтақадаги муҳит ўзгараётганини кўрсатиб берди. Мамлакатларимиз бир қанча ташкилотлар, жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти аъзосидир, лекин шу билан бирга, ўз минтақавий мулоқотини ҳам давом эттирмоқда. Айнан ўша саммит чоғида матн бўйича келишувлар давом этаётгани ва яқин вақтда “Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома” имзоланиши эълон қилинди. Яъниким, бу параллел ва ўзаро кесишувчи йўлдир. Бу майдончада Тожикистон ҳам иштирок этади. Шунинг учун олдинги воиз айтиб ўтганидек, Тожикистонни биров изоляция қилаётгани йўқ, қайтанга Туркий давлатлар ташкилоти, айниқса, Марказий Осиё интеграцияси масаласида бундай мулоқот учун очиқ. Мен бу масаладаги истиқбол яхши эканини айтмоқчиман.
Руслан Изимов: Раҳмат. Тимур Анатольевич, шу масала бўйича бирор нарсани қўшимча қилмоқчимисиз?
Тимур Козирев: Ҳа. Мен қисқача шуни қўшимча қилмоқчиманки, Марказий Осиё интеграциясининг яна бир ижобий жиҳати бор – бу ерда прагматик асослар яққол кўзга ташланиб турибди, бинобарин, мафкуравий масалалар иккинчи планда экани аниқ. Бу жараёнда форсий тилли Тожикистон қатнашаётгани пантуркизмга оид қандайдир шубҳаларни бутунлай истисно қилади.
Руслан Изимов: Жуда соз. Назаримда, биз муҳокамамиз давомида Туркий дунё ва ҳк. мавзусидаги кўплаб мифлар ва ҳар хил қуруқ гаплар асоссиз эканини исботлаб бердик. Ниҳоят, суҳбатимиз сўнггида минтақа кун тартибидаги масалалар хусусида гаплашсак, демоқчиман.
Санат Кайрслямович, сиз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Қозоғистонга қилган сафари натижаларини қандай баҳолайсиз? Бу бир жараённинг қисмими ёки каттароқ лойиҳаларга чалғимасдан қўшнилар билан пухтароқ ишлашни бошлашимиз мумкинлигини англатадими? Айни ҳолатда иттифоқчилик ҳақидаги декларация имзолангани назарда тутилмоқда. Келинг, шу ҳақда бироз гаплашайлик, чунки жуда кўп саволлар туғиляпти. Ортга қарасак, 30 йил давомида бундай ҳужжатни имзоламаган эканмиз, бу нимани англатади? Айрим экспертлар бу қандайдир ҳарбий иттифоқ тузишни англатиши ёки англатмаслигига қизиқмоқда. Ахир иттифоқчилик муносабатлари биринчи навбатда аллақандай ҳарбий альянс ёки шунга ўхшаш нарсани англатмайдими?
Санат Кушкумбаев: Жуда ўринли савол. Албатта, аксарият экспертлар ушбу сафардан Ўзбекистон билан Қозоғистон муносабатларидаги янги қадам, янги силжишни кутган эди. Бу фақат жорий йил билан, бошқа платформалар билан эмас, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистоннинг мавқеи ўзгаргани билан, бугун расмий Тошкент турли икки томонлама ва кўп томонлама форматларда қатнашиш йўлида намойиш қилаётган қатъий кайфият билан боғлиқ. Яна Ўзбекистон яқинда Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб қўшилганини ҳам эслатиб ўтмоқчиман. Шунинг учун бу Ўзбекистоннинг проактив мавқеи ва Марказий Осиёда мулоқотни йўлга қўйишга асосланган кайфиятидир. Яъниким, биз Марказий Осиё минтақасидаги муҳит қанчалик ўзгариб кетганини кўряпмиз. Ўзбекистониннг мавқеи ўзгариши билан жуда кўп масалалар қотиб қолган ўрнидан қўзғалди. Улар муҳокама қилинмоқда, сув-энергетика соҳасидаги бўлиниш, чегара ва ҳк. билан боғлиқ энг мураккаб масалалар ечилмоқда. Мана шу принципиал мавқени Қозоғистон қўллаб-қувватламоқда, у ҳамма нарсани аввало мулоқот тарзида, яъни муҳокама этиб ҳал этишни назарда тутади. Янада олға силжиш учун олдимизга аниқ-тиниқ мақсадларни қўйишимиз зарур. Шу маънода Марказий Осиёнинг иккита энг йирик мамлакати ва локомотивлари – уларсиз Марказий Осиё форматида минтақавий кооперация ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас – минтақадаги қўшниларига ҳам, йирик давлатларга ҳам, узоқдаги қуршаб турган мамлакатларга ҳам муносабатлари нафақат стратегик шериклик, қолаверса, иттифоқчилик даражасига чиқаётгани ҳақида сигнал йўлламоқда. Бироз вақт олдин Ўзбекистон проезиденти Москвага сафар қилиб, Путин билан учрашуви чоғида Ўзбекистон билан Россиянинг муносабатларини иттифоқчилик муносабатлари деб атаганини эслатиб ўтмоқчиман. Қозоғистон Россия Федерациясининг энг яқин стратегик шериги ва иттифоқчиси эканини ҳамма билади. Бизни ЕОИИ, КХШТ ва ҳк. бирлаштириб туради.
Марказий Осиёнинг турли омиллар эвазига бир-бирига яқинлашаётган икки йирик давлати – Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг кун тартибида умумий масалалар ва яқин қарашлар бор, уларнинг муносабатлари иттифоқчилик даражасига кўтарилаётганда ушбу босқичга яқинлашаётгани мантиқан тўғридир. Ҳа, иттифоқчилик, жумладан, ҳарбий соҳада ҳам сиёсий мувофиқлаштиришни кўзда тутади. Жорий йил кузида қозоқ ва ўзбек ҳарбий хизматчилари ўртасидаги ҳарбий машқлар ҳозирги кунда Афғонистонда юз бераётган воқеалар фонида бўлиб ўтди. Лекин бу икки мамлакат бир йўналишда ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Бу ўзига хос икки томонлама ҳаракатдир. У мен олдинроқ гапириб ўтган омиллар – бунга маслаҳат учрашувлари ҳам, у Марказий Осиё форматида тобора янги мазмун билан бойимоқда, Туркий давлатлар ташкилоти ҳам киради – билан кучайиб бормоқда. Туркий давлатлар ташкилотига минтақадаги Туркманистондан бошқа барча туркий мамлакатлар иштирок этмоқда. Булар барчаси жараёнлар динамикаси тезлашаётганини ва яқин келажакда умумий масалалари борлиги учун кун таритибини шакллантираётган минтақа мамлакатлари ўша масалаларни бир ёқадан бош чиқариб, ҳамкорликда ҳал этиши ва олға силжиши кераклигини тобора яхшироқ англаётгани кўрсатмоқда. Бу мамлакатлар учун анча самарали, манфаатли ва фойдали бўлади. Шунинг учун Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати минтақавий идентитет – кимлик, минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш йўли билан миллий ўзига хослигини мустаҳкамлаган бўлади. Бу минтақа мамлакатларининг сиёсий синфи ва элиталари англаб етган йўл бўлса не ажаб. Мен шу маънода Ўзбекистон билан Қозоғистон муносабатларида, умуман олганда, Марказий Осиёдаги минтақавий кооперация муҳитида шундай улкан ва яхши ижобий ўзгаришларни кутяпман.
Руслан Изимов: Суҳбат учун катта раҳмат.