Сурат манбаси: sharij.net
Муаллиф: Зокир Усмонов – Тошкент давлат педагогика университетининг ўқитувчиси, география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Афғонистондан АҚШ ҳарбий кучлари олиб чиқилишининг назарий ва амалий жиҳатлари
2021 йил 31 августда АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг ҳарбий кучларини Афғонистондан олиб чиқилиши якунланиши, “Озодлик қўриқчиси” (Freedom’s Sentinel) ва НАТОнинг “Иродали қўллаб-қувватлаш” (Resolute Support Mission) ҳарбий операциялари тугалланиши[1], (улар, “Хавфсизликка ҳамкорликнинг халқаро кучлари” тинчликпарварлик кучлари, БМТ ҲКнинг №1386 (2001) резолюцияси асосида[2] ва БМТ ваколатисиз 2001 йил 7 октябрда, АҚШ қуролли кучларининг махсус кучлари томонидан бошланган “Енгилмас озодлик” АҚШ операцияларининг давоми) глобал давлатлар ўртасидаги геосиёсий курашнинг муҳим босқичи тугаганлигини англатади. Ушбу операциялар 2001 йил 11 сентябрдаги террорчилик ҳаракатларидан сўнг АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг Афғонистонга бостириб киришидан сўнг бошланди. Ушбу можаро АҚШ тарихида энг давомий бўлганлиги билан эсда қоларлидир[3].
Ушбу можаронинг назарий асосларини таҳлил қилиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Самюэль Хантингтоннинг тамаддунлар тўқнашуви назарияси ва қарашларини акс эттириб, ғоялар тўқнашуви аста-секин тамаддунлар тўқнашувига айланганлигини кўрсатмоқда[4]. Агар собиқ иттифоқ ҳарбий кучларининг 40 йил аввал Афғонистонга олиб кирилиши ғоялар тўқнашуви сифатида намоён бўлса, АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг “Толибон” ҳаракати билан 20 йил давом этган қарама-қаршилиги нафақат тамаддунлар тўқнашуви, балки либерализмнинг радикализм билан, демократиянинг тоталитаризм билан, маърифатнинг жаҳолат билан, ислом динининг христиан дини билан, ғарбнинг шарқ билан, тараққиётнинг жаҳолат билан, қишлоқнинг шаҳар билан ва ҳ.к.лар тўқнашувини ўзида акс эттиради, деб айтиш мумкин.
АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг Афғонистонда замонавий қадриятларни сингдиришга бўлган уринишлари зое кетганлигини кўрсатмоқда ва бунинг акси бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки, бир неча юз йиллаб ортда – “ўтмишда” қолган жамиятни бирданига бугунги кунга ўтказишнинг имкони йўқлигини амалда кўрмоқдамиз. Шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқдошлари қўллаб-қувватлаган ҳукумат, оддий афғон халқи назарида порахўрлик, таниш-билишчилик ва бошқа ножоиз ҳолатлар сифатида намоён бўлиб, унинг тезлик билан қулашини ана шу ҳолатларга боғлаш мумкин.
“Толибон” ҳаракатининг АҚШ ва унинг иттифоқдошларига кўрсатган 20 йиллик қаршилиги мамлакатда ижтимоий-иқтисодий инқироз чуқурлашувига, давлатчилик инқирозига, мамлакат бўйлаб парокандалик кучайишига олиб келди. Буларнинг бари оддий афғон халқининг гарданига оғир юк бўлиб тушмоқда. Бу эса ўз навбатида, қочқинлар оқими юзага келиши, террористик ва экстремистик гуруҳларнинг қўшни мамлакатларга сизиб ўтиши, Афғонистонинг жаҳон ҳамжамияти учун доимий хавф-хатар манбаига айланишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолат юзага келиши ва “Толибон” ҳаракати томонидан сиёсий жараёнларда афғон жамиятининг барча қатламлари, миллатлари иштирок этишини, инсонларнинг фундаментал ҳуқуқлари, биринчи навбатда, аёллар ва миллий камчиликлар ҳуқуқларини умуммиллий келишув асоси, давлатчиликни тиклаш ва мамлакатда барқарор тинчликни таъминлашнинг муҳим шартлари эканлигини инкор этаётганлиги натижаси, деб бемалол айтиш мумкин.
АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ва мамлакатдаги ушбу ҳукуматнинг тезкор қулаши масаласига қайтадиган бўлсак, баъзи манфаатдор кучлар бу ҳолатни АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг мағлубияти сифатида қабул қилмоқда. Муаллиф фикрига кўра, АҚШ ҳарбий контингентининг олиб чиқилишини, қочиш элементлари кузатилган бўлса ҳам мағлубият сифатида қабул қилиш нотўғри бўлиб, бундай вазиятни кучларни қайта тақсимлаш сифатида қабул қилиш керак. АҚШ ҳарбий контингенти олиб чиқиб кетилишига қарамасдан, ушбу мамлакатга ва минтақага таъсир кўрсатишнинг бошқа кучли дастаклари (молиявий дастаклар, халқаро ёрдам)ни сақлаб қолганлигини қайд этиш зарур[5].
Шунингдек, муаллиф фикрига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг Афғонистондан ҳарбий кучлари олиб чиқиб кетилиши, “Толибон” ҳаракатининг ҳокимиятга келиши, ушбу мамлакатда ва минтақада ҳали-ҳануз муайян бир мувозанат, кучлар баланси (balance of power ) тикланмаганлигидан далолат[6]. Бундай ҳолат ушбу мамлакатда геосиёсий қарама-қаршиликларнинг у ёки бу тарзда давом этиши ҳамда халқаро геосиёсий тизимнинг бирқутбликдан кўпқутбликка ўтишидан бир нишон. Россия, Хитой, Покистон, Эрон, Туркия каби мамлакатларнинг ушбу мувозанатни ўз томонига оғдиришга бўлган янги уринишларни намоён эттиради.
Бундай кўпқутбликнинг шаклланиши, муайян бир кескинликларга, зиддиятларга бой бўлиши, муаммоларга тўлиб-тошиши билан бирга, унинг қайсидир иштирокчиларига катта имкониятлар ҳам яратиши мумкин. Буни Марказий Осиё давлатлари мисолида кўриш мумкин. Шуни қайд этиш керакки, АҚШ ҳарбий контингентининг бевосита Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари чегараси яқинида жойлашуви минтақа мамлакатлари учун нафақат салбий[7], балки ижобий жиҳатларга ҳам эга бўлди. Бу ҳолат минтақа мамлакатларининг 20 йил давомида тинч-хотиржам ривожланиш имкониятларига эга бўлганлиги, ушбу муддат давомида муайян ижтимоий-иқтисодий ресурсларни тўплаш, қўшни мамлакатни тинч жараёнларга жалб этиш имконини берди.
Можаролар давом этишига қарамасдан, Афғонистонда Марказий Осиё давлатлари иштирокида бир қанча сезиларли лойиҳалар, жумладан, “Термиз-Мозори-Шариф” темир йўли, «Сурхон — Пули-Хумри” ЭТЛ каби инфратузилмалар қурилиши амалга оширилди. Шу билан бирга, АҚШ ҳарбий кучларининг ушбу мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши глобал аҳамиятга эга бўлган, Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғловчи Термиз-Мозори-Шариф-Қобул-Қарачи ТрансОсиё темир йўл лойиҳаси[8]нинг амалга оширилишини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди.
Тожикистоннинг Афғонистондаги вазиятга нисбатан позицияси
Афғонистонда толибларнинг ҳокимиятга келишини жаҳондаги турли кучлар, турли давлатлар турлича қабул қилди, жумладан, Тожикистон ҳам. Тожикистон ҳукуматининг бундай позицияси, Афғонистонда тожик миллатига мансуб аҳоли 11,0 млн.кишини[9], яъни, умумий аҳоли сонининг 1/3қисмини ташкил этиши билан боғлиқ. Бундан ташқари, тожик миллатига мансуб аҳолининг тарихий жиҳатдан таъсири Афғонистондаги сиёсий жабҳаларда (Бачаи Саққо, Ахмад Шоҳ Масуд, Бурхониддин Раббоний), шу жумладан, иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳаларда жуда сезиларли бўлганлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Афғонистонда бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан қораланган, тан олинмаётган радикал кучларнинг ҳокимиятга келиши, ушбу ва бошқа миллатларнинг сиёсий ҳаётдаги ўрнини кескин камайтирди ва чеклаб қўйди. Буни эса Тожикистон ҳукуматининг таъсир доираси чекланиши сифатида талқин қилиш мумкин.
Шуни аввалдан айтиш жоизки, Тожикистоннинг Афғонистондаги таъсири “Толибон” ҳаракатининг ҳокимиятни қанча муддат назорат қилишига боғлиқ бўлди, агар улар ҳокимиятни назорат қила олмаса (келаётган қиш мавсуми буни аниқ кўрсатиб бериши тайин) Тожикистоннинг таъсири шунча кучайиши эҳтимоли бор. Лекин, шуниси ҳам аниқки, Толибон ҳаракати “большевик”ларга ўхшаб, ҳокимиятни 70 йилдан ортиқ назорат қилиши даргумон.[10]
Яна бир бор Тожикистоннинг Афғонистон бўйича позициясини таҳлил қиладиган бўлсак, бундай сиёсат жаҳон ҳамжамияти, айниқса, АҚШ, ЕИ ва БМТ позицияларига (“Толибон” ҳаракатини тан олмаслик) ҳамоҳанг эканлиги, буни биз Тожикистон раҳбариятининг Франция ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланишида кўришимиз мумкин.[11]
Шу билан бирга, географик жиҳатдан “ёпиқ” минтақанинг[12] чеккасида жойлашган, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан заиф бўлган, бундан ташқари, қўшни давлат билан чегаравий можароларга ўралашган давлат учун бундай сиёсат юритиш қанчалик самарали деган саволлар ҳам юзага келиши тайин. Шундай бўлса ҳам, Тожикистон ҳукумати, Афғонистон билан тўлиқ алоқани узгани йўқ ва ушбу давлатга электр энергиясини етказиб беришда давом этмоқда.[13] Юқорида таъкидлаганимиздек, Афғонистон қанчалик узоқ муддат давомида Толибон назоратида қолса, Тожикистон таъсири шунчалик заиф бўлади ва аксинча.
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги ташқи сиёсатининг геосиёсий жиҳатлари
Шундан келиб чиққан ҳолда Афғонистондаги ҳукумат ва шаклланган вазиятга Ўзбекистон Республикасининг тутган сиёсати жуда қизиқарли. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Афғонистондаги вазиятга нисбатан юритаётган сиёсати бундай сиёсатнинг бир нечта жиҳатларини намойиш этади.
Ўзбекистон Республикаси СМТИ (ИСМИ) вакилининг фикрига кўра, 1990 йилларда Толибон ҳаракатини яккалаш сиёсати ўзини оқламаганлигини кўрсатмоқда.[14] Эксперт фикрига кўра, юзага келган вазият ва аввалги йиллар тажрибаси Афғонистоннинг янги ҳукумати билан конструктив мулоқотларни давом эттиришни тақозо этмоқда. Бундай ёндашув асосида янги ҳукуматни халқаро жамият қонунларини инкор этмаган ҳолда қўшнилар билан ўзаро тинч-тотув яшашга интилувчи кучга трансформациялаш имконини беради, деган ишончлар бор. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон ҳукумати Толибон ҳаракати билан анчадан бери музокаралар олиб бормоқда ва АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши ушбу жараённи янада тезлаштирди.
Афғонистондаги вазият ва жараёнларга нисбатан[15], Ўзбекистоннинг тутган позицияси ва сиёсатнинг амалга оширилишини тўлақонли сиёсий реализм назариясига киритиш мумкин.[16] Бундан ташқари, бундай позицияни нафақат Ўзбекистон, балки Европанинг баъзи мамлакатлари (Россия, Беларусь) ва Осиёнинг (Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, БАА, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқалар) бир қатор мамлакатлари эгаллаган. Ўзбекистон томонидан бундай сиёсат юритилиши муайян натижаларни бермоқда. Буни “Толибон” ҳаракати бошчилигидаги ҳукуматнинг хавфсизлик борасидаги Ўзбекистон ҳукуматига берган кафолатлари, ўзбек халқининг буюк намояндаларининг мақбаралари тикланиши ва ободонлаштирилиши, иқтисодий-ижтимоий лойиҳалар, жумладан, Термиз-Мозори-Шариф-Қобул-Қарачи Транс-Осиё темир йўл лойиҳасини тезлик билан давом эттириш бўйича тайёргарлигида кўриш мумкин[17].
Бугунги кундаги реал ҳақиқат ва вазият шундан иборатки, Марказий Осиё минтақаси қийинчилик билан бўлса-да, «land lock area» (континентал даражада ёпиқ макон) мақомидан чиқмоқда, транспорт-логистик жиҳатдан очилмоқда, шу билан бирга, турли ташқи кучларнинг фаол рақобат объекти сифатида намоён бўлмоқда. Хусусан, бу ерда бир-бирига мос бўлмаган ва баъзида қарама-қарши бўлган, ЕОИИ, Хитойнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Бир йўл, бир макон” лойиҳаси, АҚШнинг “С5+1”, ЕИнинг кенгайтирилган ҳамкорлиги, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши каби стратегик йўналиш ва лойиҳаларни алоҳида қайд этиш зарур.[18] Бундай реалликнинг вужудга келиши бир қанча муаммо ва зиддиятлар билан бир қаторда географик ўрни қулай, муайян ресурсларга эга бўлган, оқилона сиёсат юрита оладиган давлатлар учун аксинча, кенг имкониятлар яратади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг кейинги жиҳати бир нечта ўзаро боғлиқ бўлган ва бир-бирини тўлдириб турувчи устувор йўналишлар, ёндашувлар ва омилларга эга, яъни:
– геосиёсий: глобал давлатлар ўртасида геосиёсий курашларнинг оқибатларини камайтириш ва янги “катта ўйин” (“big game”)ни бошлашга бўлган ҳаракатларнинг олдини олиш, беқарорликнинг мамлакатдан ташқарига чиқишига йўл қўймаслик;[19]
– хавфсизлик ва сиёсат: Афғонистон фуқароларининг, жумладан, ўзбек миллатига мансуб аҳолининг хавфсизлиги ва сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш (мамлакат аҳолисининг 9%дан ортиғи);[20]
– ижтимоий: Америка ҳарбийлари чиқиб кетиши ва Афғонистон иқтисодиётини молиялаштириш тўхтатилганлиги билан боғлиқ гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш (Афғонистонга молиявий ёрдам оқимлари 2009 йилда 100%ни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб 42,9%гача камайди);[21]
– иқтисодий: Афғонистон бозори Ўзбекистон учун йирик экспорт бозорларидан бири ҳисобланади. Хусусан, биргина 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатга экспорти 776,7 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ваҳоланки, импорт ҳажми 334 маротаба кам бўлиб — бор-йўғи 2,3 млн. долларни ташкил этди. Шунингдек, 2023 йилга қадар Афғонистон билан ўзаро товар айланмасини 2 млрд. долларга етказиш кўзда тутилган эди.[22] Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айланмасининг ўсиши ҳар икки давлат учун ҳам ўта фойдали бўлиб, бу сўнгги йилларда иқтисодий жиҳатдан жадал ўсаётган Ўзбекистон учун минглаб қўшимча иш ўринлари деганидир. Бугунги Ўзбекистон учун ҳар бир ишчи ўрни ўта муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон позициясининг геосиёсий жиҳати шундан иборатки, мамлакат геостратегик ўринга эга бўлиб (географик детерминизм), аста- секинлик билан Евроосиёнинг стратегик жиҳатдан муҳим минтақаларига “дарвоза” сифатида трансформацияланмоқда.[23] Бундай ҳолат, ўз навбатида, минтақа доирасида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини муҳофаза қилиши ва мустақил сиёсат юритиши учун[24] зарур геостратегик ўринга (географик детерминизм), жумладан, иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятга эга эканлигидан далолат беради.
Амалиётлар шуни кўрсатмоқдаки, Афғонистон муаммоларини ҳарбий куч асосида ечиш муваффақиятсиз якунланди ва асосга эга эмас. Шулардан келиб чиққан ҳолда толиблар билан “юмшоқ куч” (power soft) ёрдамида олиб борилаётган конструктив музокаралар (Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар мисолида) Афғонистон аҳолисининг ҳаёти хавфсизлиги ва фуқаролик ҳуқуқларини таъминлаш имконини бермоқда, шу жумладан, ўзбек диаспораси вакиллари учун ҳам.
Мамлакатдаги бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда барча мамлакатлар ва жаҳон ҳамжамиятининг асосий вазифаларидан бири мамлакатдаги гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш вазифаси бўлиши керак. Ваҳоланки, инсон ҳаёти ҳақида гап кетганда (бу ерда эса миллионлаб инсонлар ҳаёти тўғрисида, жумладан, аҳолининг энг заиф қатлами ҳисобланмиш болалар ва аёллар ҳақида сўз бормоқда) барча мамлакатлар ва кучлар учун миллий манфаатлар, амбиция ва тамойилларни четга суриб туриш ўта муҳим. Ўзбекистон олдида эса жаҳон ҳамжамиятининг гуманитар ўзаро ҳаракатни интенсивлаштириш ва мувофиқлаштириш вазифаси турибди.
Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистондаги вазиятга нисбатан юритаётган сиёсати ва географик ўрни мамлакатдаги гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш бўйича ҳаракатларнинг мувофиқлаштирувчиси ва етакчисига айланиши учун шароит ва имкониятлар яратмоқда. Бу эса Ўзбекистон учун ушбу мамлакатда ҳарбий йўл билан эмас, балки тинч йўл билан ўз таъсирини сақлаб қолиш имконини кучайтиради.
Шулардан келиб чиққан ҳолда муаллиф фикрига кўра, Ўзбекистон ҳукумати гуманитар акцияларни тизимли асосда давом эттириши зарур. Шунингдек, Афғонистон ҳудуди ҳамда чегара олди зоналарида аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббий марказларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Тизимли равишда бундай сиёсатнинг олиб борилиши бир нечта долзарб масалаларни ҳал қилиш имконини яратади:
– Афғонистондаги тинч аҳоли очарчилик ва касалликлардан ҳалок бўлишининг олдини олиш ва гуманитар ҳалокатни камайтириш;
– “юмшоқ куч” (softpower) воситаси орқали Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини ошириш;
– “Афғон ҳалқини қутқариш” деб номланган халқаро ҳаракатнинг мувофиқлаштирувчиси ва етакчисига айланиш, транспорт-логистика марказига айланиши;
– тайёр ва қадоқланган озиқ-овқат тўпламларини етказиш орқали мамлакатимизда қўшимча иш ўринларини яратиш;
– Афғонистон ҳудудидан ўтадиган, Марказий Осиё давлатларини Жанубий Осиё билан боғловчи Транс-Осиё стратегик темир йўли қурилишини давом эттириш, «Сурхон — Пули-Хумри” ЭТЛ каби инфратузилмавий лойиҳаларни якунига етказиш.
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги устувор йўналишларидан бири – Афғонистонда маҳаллий маҳсулотлар савдосини сақлаб қолиш ва Марказий Осиёнинг транспорт-логистика марказига айлантиришдан иборат. Ўзбекистон жаҳондаги глобал пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан иқтисодий ўсишнинг ижобий суръатларини сақлаб қолган жаҳондаги саноқли мамлакатлардан бири бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш ҳар қандай геосиёсий шароитларда ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Америкадан сўнгги Афғонистонда ўзининг устувор йўналишларини белгилаб олганлигини қайд этиш лозим. Бу йўналишлар нафақат Ўзбекистон манфаатларини акс эттиради, балки халқаро меъёрларга мос бўлиб, Афғонистоннинг тинч аҳолиси манфаатларига ҳам мос келади. Бундай позиция бирданига бир нечта вазифаларни ечиш имконини бериши билан бирга ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистон манфаатлари устун бўлиши зарурлигини ва мамлакат учун сиёсий реализм (political realism) концепцияси асосида сиёсат юритилиши мақсадга мувофиқ эканини ҳам англатади.
[1] https://interaffairs.ru/news/show/15510
[2]https://undocs.org/ru/S/RES/1386(2001)
[3] https://m.polit.ru/news/2021/08/17/biden/
[4]Хантингтон С. Столкновение цивилизаций / Пер. с англ. Т. Велимеева. Ю. Новикова.. — М.:ООО «Издательство АСТ», 2003. — С. 603. — ISBN 5-17-007923-0.
[5]www.washingtonpost.com/us-policy/2021/08/17/treasury-taliban-money-afghanistan/
[6]Цыганков П.А. Глава 3. Проблема закономерностей международных отношений // Теория международных отношений. — М.: Гардарики, 2003. — С. 84. — 590 с.
[7]Смагулов А. Вооруженное противостояние в Афганистане и политико-экономическое развитие Центральной Азии. Центральная Азия и Кавказ, Том 16 Выпуск 2, 2013. С.140
[8]www.gazeta.uz/ru/2021/10/18/uzb-afg/
[9]www.joshuaproject.net/people_groups/14372/AF
[10]www.inosmi-ru.livejournal.com/286520.html
[11]www.asiaplustj.info/ru/news/tajikistan/politics/20191109/peregovori-emomali-rahmona-i-emmanuelya-makrona-o-chem-udalos-dogovoritsya-prezidentam-tadzhikistana-i-frantsii
[12]www.cawater-info.net/bk/water_land_resources_use/docs/fiziko_geog_kharack_regiona.html
[13]www.news.tajweek.tj/view/chto-obeschal-verhovnyy-predstavitel-evropeyskogo-soyuza-tadzhikistanu/
[14]www.centralasia.media/news:1747265
[15]www.podrobno.uz/cat/politic/taliby-nikogda-ne-organizovyvali-terakty-za-predelami-granits-abdulaziz-кamilov-/
[16]Кучеренко С.А., Суверенитет и интеграция в политическом реализме, журнал «Полития” № 4 (95) 2019, с.60
[17]www.centralasia.media/news:1747336
[18]www.vzglyad.az/news/197871/.Китай набирает политический вес в Центральной Азии
[19] www.podrobno.uz. “Большая игра” вступила в новую стадию и игроки готовятся сделать свои ходы. Эксперт о прошлом, настоящем и будущем Афганистана
[20] «Исследование народа Афганистана — Афганистан в 2006 году», стр. 83
[21]www.gazeta.uz/ru/2021/08/23/uzb-afg..Как устроена экономика Афганистана и что туда поставляет Узбекистан
[22]www.gazeta.uz/ru/2021/08/23/uzb-afg.Как устроена экономика Афганистана и что туда поставляет Узбекистан
[23]Е.В. Казанцева, Центральная Азия и Закавказье как геостратегический комплекс,ISSN 0321–3056 Известия вузов. Северо-Кавказский регион. Общественные науки. 2011. № 2. С.21
[24]www.expert.ru/expert/2021/36/imperativy-ekonomiki-novogo-uzbekistana