Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Истамбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммити бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан Истамбулдан жануби-шарқда жойлашган, Туркия учун тарихий аҳамиятга эга бўлган жой – Демократия ва Озодлик оролида ташкил этилди.
“Рақамли асрда яшил технологиялар ва ақлли шаҳарлар” шиори остида ташкил этилган макзур саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йилнинг 3 октябрь санасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган. Унинг асосий мақсади – мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдир.
Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар Кенгашига расман 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлган.
Айни пайтда Туркий тилли давлатлар ташкилоти таркибига Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия киради. Венгрия унинг фаолияти кузатувчиси сифатида иштирок этади. Саммит фаолияти асносида Туркманистон ташкилотга кузатувчи-давлат сифатида қабул қилинди.
Саммит кун тартибига мувофиқ, савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ҳамда маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш, шунингдек, мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда Кенгашга аъзо давлатларнинг жами импорти 420 миллиард долларга тенг бўлган, улар ўртасидаги ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажми эса 21 миллиард долларни ташкил этган.
UzAnalytics мухбири экспертларнинг ушбу саммит ҳақидаги фикрлари билан қизиқиб, улардан кутилган натижалар ва тадбир доирасида қабул қилинган қарорларнинг аҳамияти ҳақида батафсил сўзлаб беришларини сўради.
Гули Йўлдошева – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази илмий ходими, сиёсатшунослик фанлари доктори, халқаро муносабатлар бўйича профессор-ўқитувчи:
– Жорий йилнинг 11-12 ноябрь кунлари Истамбулда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш) 8-саммити бўлиб ўтди. Кенгаш Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини Туркий давлатлар ташкилоти деб қайта номлаш тўғрисида қарор қабул қилди – бу ҳозирги Ташкилотга аъзо давлатларнинг жиддий мақсадлари ва узоқ муддатли режалари тасдиғидир.
Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон, шунингдек, кузатувчи давлатлар – Венгрия ҳамда Туркманистондир. Келажакда катта эҳтимол билан Тожикистон ҳам саммитда иштирок этиши мумкин.
Айтиш жоизки, бу тарзда бирлашиш, биринчидан, Кавказ ва Марказий Осиёда янги ривожланаётган транспорт ҳамда энергетика йўлаклари тармоғи бўйлаб ишончли хавфсизлик ва ҳамкорлик камарларини таъминлашдир. Бу нафақат аъзо давлатлар ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутади, балки ташкилотнинг иқтисодий мустақиллиги ва фаровонлигига эришиш билан бирга, бу йўлдаги барча глобал хуружлар, жумладан, Афғонистон ҳудудидан (терроризм, ноқонуний миграция, трансмиллий жиноятлар ва бошқа) таҳдидларга қарши туриш омили ҳамдир.
Иккинчидан, бу Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг қандайдир тарзда ҳаддан зиёд геосиёсий амбициялар ва яратилаётган трансмиллий лойиҳалар фаолиятида иштирок этаётган бошқа халқаро кучлар босимига қарши туришида кўмак беради.
Учинчидан, бу ХХI асрнинг мураккаб глобал шароитида сақлаб қолиш ва янада ривожланиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Зеро, глобал маданиятнинг салбий асоратлари тарқалиши ва қадриятлар емирилиши жараёни кечаётган бир даврда ташкилотга аъзо давлатлар халқларининг маданий ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолиш жуда муҳим.
Албатта, глобаллашув йўлига қадам қўйган давлатлар ҳамда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш илм-фан, таълим, шаҳарсозлик ва технология ривожига фойдали таъсир кўрсатиши аниқ. Қолаверса, бу иқлим ўзгариши, атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш ва собиқ иттифоққа аъзо бўлган давлатларнинг “яшил” иқтисодиётга ўтишида кўмак ҳамдир. Бироқ, бу:
– ижтимоий мобиллик ва кўплаб туркий муҳожирлар, жумладан, радикал оқимларнинг айрим вакиллари билан алоқаларни кучайтириши мумкин;
– Туркиянинг Марказий Осиё ва Кавказдаги рақиблари – Россия ва Хитой билан муносабатларида геосиёсий кескинликни юзага келтириши мумкин.
Марказий Осиё давлатларининг Туркия билан яқинлашуви Туркиянинг яна бир рақиби – Эрон учун ҳам ташвишли (гарчи, ҳар икки давлат ЭКО аъзоси бўлиб, уларнинг қарама-қаршиликлари анча тартибга солинган бўлса-да). Хуллас, шу каби хавф ва қийинчиликлар мавжуд.
Умуман олганда, минтақавий жараёнларда иштирок этаётган аксарият мамлакатларда минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий манфаатлар муштараклиги мавжуд. Қолаверса, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар бир вақтнинг ўзида ЕОИИ ва ШҲТга аъзо эканликлари ҳисобга олинса, барча томонлар мунозарали масалаларни қийинчилик билан бўлса-да, ҳал этиш имкониятига эгадир.
Акрам Умаров, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети етакчи илмий ходими ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис, сиёсатшунос:
– Шуни таъкидлашни истардимки, ҳозирча Туркий давлатлар ҳамкорлиги кенгаши ва ҳозирги Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятида ҳали аниқ натижаларни кўрмадик.Ўтган йиллар давомида мазкур тузилма ҳамкорликни чуқурлаштириш асоси бўлмиш институционал механизмларни яратиш билан кўпроқ шуғулланди.Бу ҳамкорликни қандайдир тарзда мувофиқлаштириш ва ривожлантириш учун ички механизмларни тартибга солиш, баъзи институционал элементларни яратишга кўпроқ эътибор қаратилди. Мана, энди котибият фаолияти йўлга қўйилди ва мазкур ташкилот доирасида кўплаб параллель форматлар мавжуд. Бу яқинда Озарбайжонда бўлиб ўтган бош прокурорларнинг учрашувларини ўз ичига олади. Ва у ташқи ишлар ва маданият вазирлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бошқа даражалари ва ҳоказоларни ҳам жамлаган.
Айтилган вазифалардан келиб чиқадиган бўлсак, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада истиқболни кўриш мумкин. Евроосиё маконидаги бошқа кўплаб ташкилотлар сингари ҳозирча позициялардаги тафовут ҳисобга олинса, у якуний мақсад нима эканлигини аниқ белгилай олмайди.
Биз ҳамкорликни ривожлантиришимиз мумкин. Бу интеграция бўладими ёки қандайдир саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришми, хуллас, ўзаро фикр алмашинув учун қулай платформадан бошқа нарса эмас. Қандайдир чуқур интеграция ҳақида сўз бормаяпти. Аммо ушбу босқичда аъзолар ташкилот доирасидаги бундай интеграцияга тайёр эмаслиги аниқ. Шунга қарамай, гап бу ерда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, айрим ташаббусларни илгари суриш ва муайян ташқи сиёсий вазифаларни бажариш учун бир-бирининг имкониятларидан фойдаланиш ҳақида кетмоқда. Энг асосийси, мазкур ташкилот Евроосиёнинг кенг маконида мавжуд бошқа минтақавий ташкилотларнинг у қадар ижобий бўлмаган тажрибасини такрорламаслигидир.
Ташкилотда ҳуқуқий ёрдам соҳасида ҳамкорлик ёки, масалан, МДҲ давлатлари доирасидаги эркин савдо зонаси (улар вақти-вақти билан ишлайди, чунки келишмовчиликларни ҳал қилиш ва айрим мунозарали масалаларга ечим топиш)нинг аниқ механизмлари мавжуд эмас. У ерда жуда кўп ҳужжатлар қабул қилинди, лекин амалда уларнинг кичик бир қисми бажарилди.
Назаримда, туркий мамлакатлар янги ташкилотининг асосий вазифаси шундайки, энди сон эмас, балки сифат устида иш олиб борилади. Лўнда қилиб айтганда, бизнинг манфаатларимизга ҳақиқатан ҳам жуда мос келадиган соҳаларга эътибор қаратиш ва бу борадаги асосий йўналишларга урғу бериш лозим. Агар биз ушбу соҳаларда яхши натижаларга эришсак, бугунги кунда устувор бўлган бошқа соҳаларни ривожлантириш осонроқ кечади. Масалан, биринчи босқичда иқтисодий ҳамкорлик, транспорт йўлакларини яратиш, ушбу мамлакатларда ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш учун технологиялар алмашинуви масалаларига кўпроқ эътибор қаратилса, бу сармоявий ҳамкорлик манфаатларига, ушбу мамлакатлар манфаатларига жавоб беради. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорлиги, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва ҳоказоларни кўриб чиқиш мумкин.
Назаримда, асосийси, биринчи босқичларда куч-ғайратни сарфлаб юбормаслик, муҳим соҳаларда муваффақиятга эришгачгина, бошқа соҳаларда ҳам мувофиқлаштиришни кенгайтириш лозим. Умуман олганда, келгусида нима исташимизни аниқлаб олгач, янада ривожланиш сари ҳаракат қилиш лозим.
Хўш, ташкилотнинг янгича фаолияти Ўзбекистон учун нечоғли аҳамиятли? Тўғриси, бу мамлакатимизнинг кўп векторли ташқи сиёсатига, яъни минтақамизда қандайдир йирик иштирокчига қарам бўлмаслик учун мувозанатли ташқи сиёсат юритиш мақсадида белгиланган устувор йўналишларга жуда мос, деб ўйлайман.
Ушбу мантиқ нуқтаи назаридан, мазкур ташкилотда иштирок этиш бизнинг манфаатларимизга мос келади, албатта. Бу фақат Россия ва Хитой каби анъанавий ҳамкорларимиз ёки маълум даражада Европа Иттифоқи, АҚШ билан биргаликда ҳаракат қилишнигина эмас, ривожланаётган кучларни ҳам ҳисобга олишимизни англатади. Туркия ҳозир ўз ўрнини тобора кўпроқ намоён қилиб бормоқда ва айни пайтда минтақавий миқёсда ўсиб бораётган ҳамда ўзи жойлашган минтақадан ташқаридаги кўплаб жараёнларда кўпроқ иштирок этаётган муҳим давлатлардан бири сифатида бўй кўрсатмоқда. Шу маънода, ушбу ташкилот доирасида ҳамкорлик қилиш ва мамлакат учун нима манфаатли, нима устувор эканлигига эътибор қаратиш биз учун қизиқдир.
Ҳозирги кунда экспорт ҳажмини ошириш, сармоя жалб этиш, иш ўринлари яратиш, ишсизлик муаммоларини ҳал этиш, қашшоқликка қарши курашиш Ўзбекистон учун асосий муаммолар сирасидандир. Буларнинг бари бизнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувимизга таянади, табиийки, бу форматдаги ҳамкорлик янада интеграциялашув ва ишлаб чиқариш компонентларини тартибга солиш борасида ёрдам бериши мумкин.
Назаримда, Ўзбекистон учун бу ташкилотдаги асосий устувор йўналиш иқтисодиёт эканлигини таъкидлаш муҳим. Маълум даражада маданий алмашинув ҳам муҳим, лекин ушбу ташкилотдан баъзи сиёсий ғояларни тарғиб қилиш платформаси сифатида фойдаланишга ҳаракат қилинмаслиги ва унинг номидан фақат Туркия ташқи сиёсати доирасидаги ҳаракатлар амалга оширилмаслиги керак. Агар шу хусусиятга эътибор қаратилса, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотдаги иштироки жуда фойдали бўлади, деб ўйлайман.
Саммит якунлари бўйича қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:
“Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номини “Туркий давлатлар ташкилоти” деб ўзгартириш тўғрисида”ги қарор;
Туркий давлатлар ташкилоти 8-Саммитининг декларацияси;
Туркманистонга “Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомини бериш тўғрисида”ги қарор;
“Турк дунёсининг кўриниши – 2040” тўғрисида”ги қарор;
“Туркий давлатлар ташкилотининг туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти тўғрисида”ги қарор;
“Туркий давлатлар Ташкилоти билан шериклик мақомини белгилаш тўғрисида”ги қарор;
“Туркий давлатлар ташкилотининг фахрий раиси тўғрисидаги Низом тўғрисида”ги қарор;
“Бош котибнинг ваколат муддатини узайтириш ва бош котиб ўринбосарларини тайинлаш тўғрисида”ги қарор;
“Туркий давлатлар ташкилотининг Туркий инвестиция фондини ташкил этишни якунлаш тўғрисида”ги қарор;
“Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақоми тўғрисидаги Низом тўғрисида”ги қарор;
“Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни “Турк дунёсининг энг олий ордени” билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарор.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Туркий давлатлар ташкилоти дея аталувчи янгича номга эга бўлган ташкилот қардош халқларнинг умумий фаровонлиги ва равнақига хизмат қилишидан бугун кўпчилик умидвор. Саммит давомида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва қатор устувор йўналишлар бўйича кўптомонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинганлиги, савдо, иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув борасидаги алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида жонли учрашув ҳамда мулоқотлар ташкил этилганлиги яқин келажакда ижобий натижасини бериши кутилмоқда.