Сурат манбаси: «Дунё» ахборот агентлиги
Қирғизистон ва Ўзбекистон экспертлари Марказий Осиёдаги икки томонлама муносабатларга бағишланган туркум интервьюларида ушбу икки мамлакат мураккааб ўзаро муносабатлар тарихидан сўнг кенг миқёсли ҳамкорлик дастурини амалга оширишга интилаётганини муҳокама қилади. Ўзаро иқтисодий манфаатлар савдо-сотиқ тез ўсишига олиб келган бўлса-да, ҳали чегаралар, транзит ва трасчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш билан боғлиқ мураккаб муаммоларни тартибга солиш керак бўлади.
Қирғизистон: Шерадил Бақтигулов – мустақил эксперт
Ўзбекистон: Элдор Ёқубов – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетиннг халқаро муносабатлар кафедраси мудири
Ўзбекистон билан Қирғизистон муносабатларида турли даврлар ва мураккаб саҳифалар бўлди. Бугунги кунда ўзбек-қирғиз муносабатларини қандай тавсифлаш мумкин?
Шерадил Бақтигулов:Қирғиз-ўзбек муносабатлари ҳақида гап кетганда, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг “совиш” даври икки халқ ўртасидаги эмас, мамлакатлар раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар билан билан боғлиқ бўлганига эътибор қаратиш зарур. Икки мамлакат халқлари ўртасида илиқ ва дўстона муносабатлар сақланиб қолди. Раҳбарлар ўртасида ҳамкорлик масалаларида баҳслар бўлиши мумкин, халқлар эса ҳамкорлик қилиши зарур. Бундай ўзига хослик тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, ҳамкорлик, ўзаро ҳармат ва яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари билан характерланади. Шунинг учун Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам пойдевори бор.
Муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун комплекс чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббус кўрсатди. 1996 йил 24 декабрда имзоланган “Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома” ва 2017 йил 5 октябрда қўл қўйилган “Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация” Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга мустаҳкам пойдевор қўйган асосий ҳужжатлар бўлган эди. Ушбу ҳужжатларда икки томонлама ҳамкорликнинг асосий принциплари: мустақиллик ва давлат суверенитетини ўзаро ҳурмат қилиш, тенгҳуқуқлилик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик ва энг муҳими – ҳам давлат даражасида, ҳам хўжалик юритувчи субъектлар даражасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган иқтисодий алоқаларни ўрнатишга икки томонлама интилиш мустаҳкамлаб қўйилган. Бундай ёндашув ҳамкорликнинг кенг қамровли дастурини амалга ошириш имконини берди.
Элдор Ёқубов: Замонавий ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳамкорликнинг барча соҳаларига тегишли кўтарилишни бошидан кечирмоқда. Икки томонлама ҳамкорликнинг табиати ва мазмуни ҳам ўзгарди. Ҳозирги пайтда илгари кузатилмаган олий ва юқори даражадаги доимий сиёсий мулоқотни кўришимиз мумкин, аслида бу икки қўшни мамлакат учун хос нарсадир. Сўнгги йилларда савдо-сотиқ айланмаси, ҳатто пандемия билан боғлиқ чекловларга қарамай, бир неча баробар ўсди. Яна бир зарур жиҳат ўзаро ҳамкорликнинг принцип жиҳатидан бутунлай бошқа муҳити юзага келгани бўлди. Ишонч, баҳсли масалаларни фақат ва фақат ўзаро манфаатли ва муроса асосида ҳал этиш нияти пайдо бўлди. Эҳтимол энг муҳими – яхши қўшничилик руҳи қарор топмоқда.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида бир қатор ҳал этилмаган, жумладан, чегара бўйича масалалар қолмоқда, вақти-вақти билан маҳаллий даражадаги можароли вазиятлар юзага келмоқда, бироқ улар Ўзбекистоннинг биринчи президенти И. А. Каримовнинг бошқарув услубига хос бўлган қарама-қаршиликни кескин даражага етказмай, ҳал этиш йўлидан борилмоқда ёки улар “музлатиб қўйилмоқда”. Икки мамлакат муносабатларидаги ўзгаришлар Ўзбекистон раҳбарияти ўзгаргани билан боғлиқ экани шубҳасиз. Ҳозирги президент Ш. М. Мирзиёевнинг ташқи сиёсат масалаларига ёндашуви ўтмишдошиникидан кескин фарқ қилади. У қўшнилар билан муносабатлардаги “музни эритиш” зарурлиги ҳақидаги эсда қолган илк гапларидан бирини амалга ошира олганини қайд этиш жоиз.
Бироқ Ўзбекистон юритаётган бундай сиёсат Қирғиз Республикаси учун алоҳида таклиф эмас. Икк томонлама муносабатлардаги ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар, суст ва ён бермайдиган сиёсатдан ҳамда вақти-вақти билан зиддиятга тайёрлик юзага чиқиб турган ҳолатлардан иқтисодий ва ўзаро манфаат устуворликларига асосланган ҳамкорликка ўтиш билан боғлиқ. Ш. М. Мирзиёев фаолроқ ташқи сиёсат юритмоқда, ўз сиёсатида мулоқотга очиқлик ва шаффофликни намойиш қилишга интилмоқда, муроса ва ён беришларга бормоқда.
Бугун кўриб турганингиздек, икки томонлама муносабатларда янгича импулс кузатилмоқда. Икки мамлакат етакчиларининг икки томонлама муносабатларни конструктив ривожлантиришга сиёсий иродаси бор. Ўзаро савдо-сотиқ ва инветициялар соҳасидаги ишлар қандай бажарилмоқда?
Шерадил Бақтигулов: Энг аҳамиятга молик қўшма лойиҳалардан бири сифатида низом жамғармаси 50 миллион АҚШ доллари бўлган қирғиз-ўзбек инвестиция фондини қайд этиш жоиз, келгусида ушбу миқдорни 200 миллиолн долларга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2021 йил мартида Тошкентда қирғиз-ўзбек форуми бўлиб ўтди ва натижада экспортни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга оид 13 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Бу ўринда Қирғизистоннинг ўзига хослиги кўзга ташланмоқда – Қирғизистондан бошқа мамлакатларга фақат жисмоний шахсларнинг инвестициялари киритилмоқда.
Ўзбекистон томони маълумотларига кўра, биз савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда ҳам яхши натижаларга эришдик. Хусусан, 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан товар айланмаси 3,5 баробар ўсиб, 903 миллион долларга етди. Мамлакатлар ўзаро товар айланмаси миқдорини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, пандемияга қарамай, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама савдо-сотиқ 2020 йилда ҳам ўсди. Шундай қилиб, ўтган йилда товар айланмаси ўсиши, 2019 йил билан солиштирганда, 8,9 фоизни ташкил қилди.
Муҳими, бугун Ўзбекистон ўз бозорларини очибгина қолмасдан, бирга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалий чоралар ҳам кўрмоқда. Айни чоқда Ўзбекистонда қирғиз сармояси иштирокидаги 187 та корхона бор (улар сони 2016 йилда 49 та бўлган), шулардан 98 таси қўшма корхона ҳисобланади.
Элдор Ёқубов: Ўзбекистон билан Қирғизистон етакчиларининг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган сиёсий иродаси савдо-сотиқ инвестициялар соҳасидаги ижобий ўзгаришларга эш бўлмоқда. Икки мамлакатнинг савдо-сотиқ муносабатларида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Гарчи ўзбек ва қирғиз томонларининг статистика мамълумотларида тафовутлар кузатилаётган бўлса-да, ушбу соҳада сўзсиз ва барқарор ўсиш бўлаётгани яққол кўзга ташланиб турибди. Инвестиция соҳасида 550 миллион доллардан ошиқ миқдордаги лойиҳалар амалга оширилмоқда, бу иккала мамлакат учун ҳам сезиларли пул миқдоридир.
Шунга қарамай, Қирғизистон билан Ўзбекистон вакиллари учрашувлар чоғида савдо-сотиқ муносабатлари соҳасида потенциал ва ҳали ҳамкорликни ривожлантириш керак бўлган соҳалар борлигини таъкидлаб келади. Мамлакатлар ўзаро савдо-сотиқ айланмасини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда, инвестициялар соҳасида Қамбарота ГЭС-1 энг қамрови катта лойиҳа ҳисобланади. Иккала мамлакат учун стратегик жиҳатдан муҳим бўлган бундай режаларни амалга ошириш зарур ресурс талаб қилади ва эҳтимол уларни амалга ошириш қандайдир янги, ҳали унча аниқ бўлмаган имкониятлар қидириб топишни талаб қилар. Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармасининг ҳозирча кичик миқдордаги – 50 миллион долларлик маблағ билан таъсис этилиши ҳамкорликнинг янги босқичи учун яхши асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ўзбьекистон раҳбарияти биринчилардан бўлиб янги президентнинг легитимлигини[1] тан олди ва уни Тошкентга ташриф буюриш учун таклиф этди. Бу нимадан дарак беради? Қирғизистон Ўзбекистон учун ёки аксинча қай даражада устувор шерик ҳисобланади?
Шерадил Бақтигулов: Садир Жапаров 2021 йилмартида Тошкентга давлат ташрифини амалга оширди. Эслатиб ўтамиз, ҳалқаро амалиётда “давлат ташрифи” энг юқори ўринда туради. Шунинг учун мамлакатлар ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатишда прагматизм[2] кўзга ташланмоқда. Президент сайловида ғолиб чиққан ва Қирғиз Республикаси конституцияси ва қонунларига асосан президент лавозимига эга бўлган Қирғизистон президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи буюришга таклиф этилди. Президентларнинг фамилияси турлича бўлиши мумкин, бироқ мамлакат президенти давлатнинг биринчи раҳбари ҳисобланади. Дипломатлар ҳазил қилганидек, одамни ҳурмат қилмаслик мумкин, лекин унинг лавозимини ҳамма ҳурмат қилишга мажбур.
Устуворликлар ҳақида гап кетганда, шуни ёдда тутиш лозимки, Қирғизистон билан Ўзбекистонни 1300 километрлик умумий чегара бирлаштириб туради. Қирғизистонда 4 та ўзбек анклави (Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара ва Тоштепа) бор, Қирғизистоннинг Барак эксклави эса Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Кўп сонли этник қирғизлар Ўзбекистонда яшаб меҳнат қилмоқда, Қирғизистонда эса 965 мингга яқин этник ўзбек истиқомат қилади. Қуйидаги рақамлар ҳамкорлик динамикасига яққол мисолдир: 2019 йилда Қирғизистонга 4,6 миллион ўзбек келиб кетган, Қирғизистондан Ўзбекистонга кирувчилар сони 1,4 миллион кишидан ошган бўлиб, бу 2018 йилга солиштирганда, 30 фоиз кўп демакдир. Рўйхатни яна давом эттириш мумкин, бироқ ушбу фактлар ҳам икки мамлакат бир-бири учун қанчалик муҳим эканини кўрсатиб беради.
Элдор Ёқубов: Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Қирғизистондаги сайлов натижасини тан олгани хайрихоҳлик ва ҳурмат намойиши, дипломатик протоколнинг халқаро хушмуомалалик сингари принципига амал қилинганидан далолат беради.
Ўзбекистон президенти Ш. М. Мирзиёев учун сайлов натижаларини тез тан олиш ва ғолиб чиққан номзодни табриклаш анъанага айланиб қолмоқда. Мисол тариқасида 2020 йил августида Беларусда бўлиб президент сайлови Ўзбекистон президенти беларуслик ҳамкасбини ҳатто ўша мамлакатдаги норозилик ўсиб бораётган шароитда табриклаганини ёки Россия Федерацияси конституциясига ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ шунга ўхшаш ғайриоддий вазиятни мисол қилиб келтириш мумкин. Ўзбекистон президенти ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаётгани нияти дўстона эканини кўрсатиш учун биринчилардан бўлиб табриклаган эди. Қирғизистон билан боғлиқ вазиятда икки мамлакат президентларининг учрашуви тез ташкил этилгани айни шу ҳолатнинг яна бир намойишидир.
Қирғизистон билан Ўзбекистон қўшни мамлакатлар экани улар бир-бири учун қанчалик муҳим эканини англатади. Иккала мамлакатни ўзаро муносабатларнинг осон бўлмаган тарихи боғлаб туради, шу сабаб томонларнинг ҳеч бири танглик, вазият кескинлашуви, чегараларнинг тартибга солинмаган муаммолари, этник тўқнашувлар ёки трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш каби ўртада бўлиб ўтган можароларга қайтишни истамайди.
Жорий йил мартида Садир Жапаров Ўзбекистонга давлати ташрифи буюрди. Сафар натижаларига кўра, томонлар улкан режаларни белгилаб олди. Сиз янги келишувларни қандай баҳолайсиз? Гап, хусусан, Қамбарота ГЭС-1 ва яқин келгусида чегараларнинг баҳсли қисмлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш режалари ҳақида кетяпти.
Шерадил Бақтигулов: ПрезидентЖапаровнинг Тошкентга буюрган давлат ташрифи вақтида кенг қамровли масалалар бўйича келишувларга эришилди. Юқорида уларнинг айримлари ҳақида гапириб ўтдик. Ўзбекистоннинг Қамбарота ГЭС тизмаси қурилишида иштирок этишига келсак, бу Марказий Осиёда минтақанинг сув ва энергетика муаммоларини ҳал этишдаги илк қабул қилинган қарор сифатида намуна бўлиши мумкин. Айни лойиҳа тағин CASA-1000 лолйиҳасига улкан ҳисса бўлиб қўшилади ҳамда Қирғизистонга ҳам, Ўзбекистонга ҳам иқтисодий манфаат келтиради.
Узоқ йиллар давомида чегара муаммоларининг ҳал этилмай келаётгани икки томонлама муносабатлар динамикасини тийиб турувчи омили бўлиб қолмоқда. Чегарадаги баҳсли қисмлар бўйича бир тўхтамга келиш чегара бўйидаги савдо-сотиқни рағбатлантиради, янги инфратузилма лойиҳалари қурилиши, янги иш ўринлари яратилишига кўмак беради, шу тариқа чегара бўйидаги ҳудудлар аҳолиси фаровонлиги ошишига ёрдам қилиши шубҳасиз.
Элдор Ёқубов: Жапаровнинг Ўзбекистонга сафари сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар қанчалик ўзгариб кетганини кўрсатиб берган муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистоннинг биринчи президенти ШҲТ саммитларини истисно қилганда, Қирғизистонга 2000 йилдан бери ташриф буюрмаганини, Қирғизистон президенти Ўзбекистонга И. А. Каримов даврида сўнгги марта 2006 йилда сафар қилганини эслаб ўтишнинг ўзи кифоя. Шу маънода С. Жапаровнинг биринчи сафари Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлди, чунки Ш. М. Мирзиёев раҳбарлиги даврида Атамбаевнинг 2016 йил декабрида Самарқандга қилган сафари чоғида илк учрашув юз берган эди. Моҳиятан, эришилган келишувлар икки давлат муносабатлари ривожланиши ва олдиндан белгилаб олинган истиқболни кўришнинг умумий йўналишига мос тушади.
С. Жапаровнинг сафари давомида Қамбарота ГЭС қурилиши бўйича инвестиция лойиҳаси тайёрлаш ва электр қувватини етказиб бериш мажбуриятларига оид ҳужжатлар имзоланди. Бундай лойиҳани амалга ошириш нафақат икки томонлама муносабатлар, қолаверса, бутун Марказий Осиё учун чин маънода ёриб ўтиш бўлади ҳамда минтақа мамлакатларининг бундай улкан миқёсдаги лойиҳаларни мустақил амалга ошириши мумкинлигини кўрсатиб беради. Айни чоқда Ўзбекистон қиймати 2 миллиард доллар бўлган лойиҳага инвестиция киритишга тайёрми? Шуниси аниқки, бундай инвестициялар маблағни босқичма-босқич ажратиш ҳисобга олинганда ҳам, осон бўлмайди. С. Жапаровнинг сафарини ёритган ўзбек ОАВнинг ижобий баҳоларида Қамбарота ГЭС тилга олинмагани бежиз эмас, айни чоқда қирғиз ОАВ қурилишни 3 йилда битириш режаси ҳақида шов-шув кўтарган, ҚР энергетика ва қурилиш вазири, агар ўзбек томони вақтни чўзадиган бўлса, Бишкек бошқа манбаларни қидиришга тўғри келиши ҳақида баёнот берган эди.
2021 йил мартида чегаранинг сўнгги баҳсли қисмлари бўйича келишувга эришилди. Келишувларга қандай шароитда эришилгани ишонч ва муросага тайёрлик даражаси юқори эканидан далолат беради. Бироқ Қирғизистон аҳолисининг норозиликлари келишувлардан воз кечишга мажбур қилди. Шу муносабат билан қирғиз томонининг эришилган келишувларни бажариши ва келиша олишга қобил эканини тасдиқлаши ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Чегаранинг қолган баҳсли қисмлари сув ресурсларидан фойдаланиш ва уни тартибга солиш ниҳоятда қийин бўлган ҳудудлар эканини кўрсатади, афсуски, улар имзоланган ҳужжатларга тўлиқ боғлиқ эмаслиги аён.
Пандемия даврида кўплаб эски муаммолар бир қанча мамлакатларда қайтадан юзага чиқди. Пандемия ва чеклаш чоралари Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг чегара бўйидаги ҳудудлардаги ижтимоий кайфиятга қандай таъсир этяпти? Ўша ҳудудларда ижтимоий сўровлар ўтказиляптими?
Шерадил Бақтигулов: Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудлари аҳолиси Бишкек аҳолиси билан солиштирганда, юксак ижтимоий масъулияти ва интизомлилиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, ушбу ҳудудларда ҳам бутун Қирғизистонда бўлгани каби аҳолининг муҳтожлар ва касалларга ёрдам беришдаги уюшқоқлиги анча баландлиги маълум бўлди. Яна бир ўзига жиҳати шуки, Қирғизистоннинг ёши 30 дан ошган ватандошлари ота-онасининг ёрдамидан воз кечиб, давлат имтиёзлари ва саъй-ҳаракатларидан кўра ўз кучи, билими ва имкониятлари таянишни афзал билмоқда.
Элдор Ёқубов: Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг чегарабўйи туманлари ҳар доим иккала давлатнинг алоҳида эътиборидаги ҳудудлари бўлиб келган. Ҳозирча Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг чегарабўйи туманларида ўтказилган қандайдир махсус тадқиқотлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, айни чоқда Қирғизистонда ўтказилган сўнгги тадқиқотлар кўрсатишича, аҳолининг фақат 18 фоизи COVID-19 билан боғлиқ муаммоларни энг долзарб деб ҳисоблайди, аксарият кишилар эса фақат иқтисодий муаммоларни муҳим деб билади.
Махсус ташкил этилган тузилмалар: Ҳукуматлараро комиссия ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарабўйи вилоятлари маъмуриятлари раҳбарлари кенгаши фаолиятини алоҳида қайд этиш лозим. Давлат чегарасини кесиб ўтишнинг амалдаги соддалаштирилган тизими ва янги назорат-ўтиш нуқталари очилиши ҳамкорлик яхшиланишига йўл очиб бераётир.
Умуман, икки мамлакатнинг баҳсли чегарабўйи туманларида яшовчи этник гуруҳлар ўртасидаги муносабат билан боғлиқ вазият қандай баҳоланмоқда? Айрим мутахассислар фикрича, Ўшдаги тартибсизликларга сабаб бўлган асосий сабаблар ҳали ҳам ҳал этилгани йўқ. Келгусида бундай воқеалар қайтарилиши мумкинми?
Шерадил Бақтигулов: Ўш воқеалари ҳақида гапирганда, айрим мутахассислар ҳеч қачон Ўшда бўлмаганини, бўлган бўлса ҳам, инглиз тилида ёзилган нарсаларни такрорлаётганини қайд этиб ўтиш мақбул. “Ўш воқеалари” деб аталаётган дастлабки воқеалар Ўзган шаҳри ва Ўзган туманининг бир неча аҳоли маконларида юз берган эди. Иккинчи “Ўш воқеалари” биринчи “Ўш воқеалари” юз берган жойларда эмас, Ўш ва Жалолобод шаҳарларида ва бир қанча уларга яқин аҳоли маконларида содир бўлган. Шунинг учун ушбу воқеаларни умумлаштириш йўли билан бутун бошли вилоят ёки жанубий минтақага кўчириш, юмшоқ қилиб айтганда, инсофдан эмас. Биринчи “Ўш воқеалари”дан сўнг хулосалар чиқарилди. Иккинчи “Ўш воқеалари” вақтида биринчи воқеалар бўлиб ўтган туманлар ва аҳоли маконларида қандайдир жанжал ёки оммавий тўқнашувлар кузатилмади. Аксинча, аҳолининг кўплаб вакиллари уни бир-бирига қарши гижгижлаган фитначиларни ҳайдаб солди. Биринчи “Ўш воқеалари” табиатига кўра қозоқлар билан дунганлар ўртасида юз берган Қўрдай можаросига табиатига ўхшаб кетади.
Иккинчи “Ўш воқеалари” этно-сиёсий характерга эга: Қирғизистондаги ҳокимиятнинг ўтиш давридаги (2010 йил апрели-майи) қийинчиликларидан фойдаланиб қолишга уринган айрим жанублик сиёсатчилар этник шиорлар ортига бекиниб олиб, ўз сиёсий ва иқтисодий манфаатларини олға сурмоқчи бўлган эди.
Шунинг учун можарога ишсизлик ва ҳк. сабаб бўлган, қабилидаги бир қолипга туширилган иддаолар “Ўш воқеалари” табиати ҳақида қисман тушунча бериши мумкин, холос. Иккинчи воқеалар пайтида Ўзган шаҳри ва Ўзган тумани аҳолиси Ўш ва Жалолобод шаҳарлари аҳолиси билан бир хил шароитда кун кўраётган эди. Бироқ 2010 йилда Ўзганда қурбонлар ва қирғин бўлмади.
Агар бундай воқеалар келгусида қайтариладиган бўлса, бу учинчи мамлакатларнинг Эрон, Хитой ва Россия чегаралари бўйлаб беқарорлик минтақасини вужудга келтириш учун Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш йўлидаги хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлади, чунки ушбу мамлакатлар ҳудудининг бир қисми Марказий Осиё деб аталган жуғрофий минтақага киради. Шунинг учун Марказий Осиёнинг постсовет мамлакатлари учун яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини олға суриши муҳимдир.
Элдор Ёқубов: Этник гуруҳлар ўртасидаги муносабатлар омили вақти-вақти билан чегаранинг қирғиз томонидан юзага келаётган алғов-далғовлари учун асосий омил ҳисобланмайди. Жорий йилга назар солинса, Қирғизистоннинг чегерабўйи туманлари аҳолиси норозиликлари этник сабабга кўра эмас, унинг чегара масаласини тартибга солиш билан келиша олмагани оқибатида пайдо бўлгани ойдинлашади. Давлатлараро муносабатлардаги хайрихоҳлик муҳити турли даражаларда зуҳур бўлаётгани бор гап.
Шунга қарамай, этник можаро такрорланишини истисно қилиб бўлмайди. Тахминимизча, Қирғизистондаги давлат институтларининг нисбатан заифлиги шароитида ўсиб бораётган миллатчилик сабаб яна Қирғиз Республикаси жанубида истиқомат қиладиган камсонли этник гуруҳ давлатни ташкил этувчи этносга таҳдид бўлиб туюлиши мумкин. Бундай шароитда икки мамлакат ўртасида қарор топган хайрихоҳ ва конструктив муносабатлар муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Томонлар сувдан фойдаланиш масаласини қандай ва қайси формула асосида ҳал этмоқда?
Шерадил Бақтигулов: Марказий Осиё мамлакатлари СССР даврида “энергия ресурслари эвазига сув” формуласидан, аниқроғи, СССР Ўрта Осиё иқтисодий минтақасининг асосий принципларидан биридан фойдаланишга келишиб олган эди. Бироқ ушбу формула ишга тушиб кетмади. Шунга қарамай, Қирғизистон ўзига зарар билан бўлса-да, сувни йиғиш ва тушириш учун гидротехника иншоотларини соз сақлаш мақсадида анча-мунча пул сарфлашга мажбур бўлмоқда. Шунинг учун, формула бор, лекин у ишламаяпти, деб бемалол айтиш мумкин. Қирғизистон ҳар сафар Қоғозистон ва Ўзбекистон билан келишишига тўғри келмоқда. Ҳамма бало шундаки, сув ҳаммага етмайди. Шунинг учун мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ундан фойдаланишнинг инновацион усулларини жорий этиш, сувни иккинчи марта истифода қилиш ҳақида бош қотириш лозим бўлади.
Ҳозирги кунда кўп томонлама қирғиз-ўзбек ҳамкорлиги фаоллашаётган пайтда сув ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида ижобий динамика кўзга ташланмоқда. Муайян ҳамкорлик механизми шаклланди ва томонлар ушбу механизмга асосланган ҳолда ҳам сув, ҳам электр қуввати таъминотида бир-бирига кўмак кўрсатмоқда.
Масалан, Қирғизистон президентининг жорий йил мартидаги Ўзбекистонга сафари чоғида 750 миллион кВт/с электр қувватини ўзаро бир-бирига етказиб бериш бўйича янги битимга эришилди. Бу бир тарафдан Тўқтоғул сув омборини тўлдириш 2021 – 2023 йиллардаги вегетация даврида Ўзбекистонни экинларни суғориши учун сув билан таъминлаш имконини беради, бошқа тарафдан эса, Қирғизистонга электр қуввати етказиб беришни кафолатлайди.
Ассосий вазифа сув масаласини сиёсийлаштирмасликдир. Ушбу соҳада ҳамкорликнинг иккала томон учун ҳам мос келадиган илмий, экологик ва иқтисодий механизмларини қидириб топиш билан шуғулланиш зарур бўлади..
Элдор Ёқубов: Анъанага кўра, сувдан фойдаланиш иккала мамлакат учун ҳам энг оғриқли масалалар сирасига киради. Бироқ ўзаро манфаат, конструктив ҳамкорлик, ўрнини қоплаш механизмини ишга тушириш, иккала томоннинг ҳам манфаатларини ҳисобга олиш томонларнинг ҳозирги тутган мавқеини акс эттиради. Сувдан фойдаланиш бевосита энергетика билан ҳам боғлиқ, Ўзбекистоннинг Тўқтағул сув омборидаги сувни сақлашдан кўриладиган зарарни электр қуввати етказиб бериш билан қоплашга тайёр экани, ўзаро тушуниш, минтақанинг сув ресурслари камайиб бориши ва сув танқислиги сингари омилларни ҳисобга олишга ҳозирлиги мулоқот ва конструктив ҳамкорликнинг янги имкониятларини намойиш қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Қамбарота ГЭС-1 қурилишига инвестиция киритишга тайёрлиги ўзбек томонининг сувдан фойдаланишнинг мақбул ва ўзаро манфаатли шартларига эришиш йўлидаги ишончини акс эттиради ҳамда бу трансчегаравий дарёларда янги гидроэнергетика объектлари қуришга розилик бермасликдай олдинги мавқеидан кескин фарқ қилади.
Ҳозирги вақтда сувдан фойдаланиш муаммолари икки мамлакат миқёсидаги сув таъминоти ва электр қуввати етказиб бериш даражасидаги можаро келтириб чиқарувчи вазият сифатида баҳоланаётгани йўқ. Эътибор маркази чегарабўйи туманларидаги сувдан фойдаланишнинг маҳаллий масалалари ва қирғиз томонининг чегараларнинг делимитация ва демаркация қилиш бўйича келишувларни бажариши томон силжиб кетди.
Экспертлар орасида бирлашган энергетика тизимини (БЭТ) тиклаш мавзуси тез-тез кўтарилиб турибди. Сизлар ушбу фикрга қандай қарайсизлар? БЭТни тиклаш тизими инқирозга юз тутишидан олдин бўлганидек, нафақат Қирғизистон билан Ўзбекистон, умуман олганда, минтақадаги сув муаммоларини ҳал этиши мумкинми?
Шерадил Бақтигулов: Бирлашган энергетика тизими асосида “сув энергия ресурслари эвазига” (биринчи навбатда бензин ва дизел ёнилғиси) формуласи ётади. Ушбу формуласиз ягона инфратузилма яратиш СССР инқирозга юз тутгандан сўнгги ҳолатдаги каби муваффақиятсизликка олиб келади. Ушбу формула иш бермай қўйгани ортидан БЭТ ҳам кўп ўтмай барҳам топди. Жаҳон банки БЭТни тирилтириш бўйича CASA-1000 лойиҳаси (электр қувватини Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон билан Покистонга узатиш) кўринишида яна бир марта тирилтиришга уриниб кўрди. Унга электр қувватини харид қилиш-сотиш асос қилиб олинган. Лойиҳанинг муаммоли жиҳати нарх-наво ва тўловни тартибга солувчи идора (регулятор) масаласи ҳал этилмаганидир.
БЭТ инфратузилмасини ташкил этиш – ҳал қилса бўладиган масала. Асосий ва ҳал этилиши даргумон бўлган бошоғриқ янги БЭТ қайси формула асосида иш юритишидир.
Элдор Ёқубов: Бирлашган энергетика тизими, назаримда, интеграция ғоялари, ёки ҳатто “Марказий Осиё руҳи” муваффақиятли амалга ошиши билан чамбарчас боғлиқ истиқболдир. “Марказий Осиё руҳи” атамаси муносабатлардаги конструктив ҳамкорлик ва хайрихоҳлик муҳитини акс эттириши керак.
Ҳозирги пайтда қисман ишлаб турган тизим илгари мавжуд бўлган ягона энергетика ҳалқаси ўрнини боса олмаяпти, бу иштирокчи мамлакатлар фақат яхши шароитни таъминлашга қодир бўлган йўналишлардагина ҳамкорлик қилишга тайёр эканини кўрсатади.
Бирлашган энергетика тизимини тўлиқ тиклаш ва созлаш учун умумий энергетика бозорини қайта яратиш, мамлакатларнинг ишлаб чиқариш ва эҳтиёжларини мувозанатли ҳолатга келтириш ҳамда эришилган битимларга амал қилиш зарур бўлади, айни ҳолат минтақа давлатлари ўртасидаги ишонч даражаси юқорилиги ва маълум маънодаги уларнинг бирдамлиги бўлиши билан боғлиқ. Ҳозирча бундай тизимни келгусида икки томонлама ёки уч томонлама даражада тиклаш учун дастлабки шартлар борлигини кўриш мумкин, холос.
Саволларимиз орасида минтақавий интеграция ҳақидагиси ҳам бўлади одатда. Қирғизистонда Марказий Осиёдаги минтақавий кооперация истиқболлари (қарор қабул қилаётган шахслар даражасида) қандай баҳоланмоқда?
Шерадил Бақтигулов: Минтақавий интеграция ва кооперация турли даражалардаги тушунчалардир. Бундан 15 – 17 йилча олдин Марказий Осиёда интеграция ҳақида корхоналар, соҳалар, минтақалар ва мамлакатларнинг яқинлашуви ва бирлашуви жараёни сифатида гапириш тўхтаб қолган эди. Интеграция ўрнига бир вақтда функция, рол ва мажбуриятларни тақсимлаш орқали умумий мақсадларга эришиш учун иштирокчиларининг (корхоналар, соҳалар, минтақалар ва мамлакатлар) саъй-ҳаракатларини бирлаштириш шакли сифатида кооперация вужудга келди.
Қирғизистонда ҳозирги глобал дунёда мамлакатнинг халқаро ва минтақавий иттифоқ ва бирлашмаларда иштирок этишига қирғизистонликларнинг фаровонлигини ошириш шартларидан бири сифатида қаралмоқда. Бундай ёндашув мамлакатнинг ўзига хосликларидан келиб чиқади. Қирғизистон майдони бўйича дунёда 85-ўринда, МДҲ мамлакатлари орасида эса 7-ўринда туради – 199 951 км². Мамлакатда на нефт, на газ, на металл, на қишлоқ хўжалик ерларининг улкан захиралари бор. Шунинг учун халқаро иқтисодий ва молиявий тизимлар максимал даражада интеграциялашувга ўсиш локомотиви сифатида кўрилади.
Элдор Ёқубов: Ўзбекистон ташаббуси билан йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувлари механизми аллақандай интеграция лойиҳаларини яратишни назарда тутмайди. Ҳозирча фақат бўлғуси интеграция ғоялари ва уларни амалга оширишга асос яратажак минтақавий тузилма шаклланмоқда.
Бироқ минтақавий интеграция учун фақат маслаҳат учрашувлари камлик қилади. Қирғизистон ҳам Қозоғистон каби ЕОИИга аъзо, ушбу ташкилот аъзоларига иқтисодий кооперациянинг қолган давлатларникидан фарқли шартларини таклиф этади. Бу давлатлар Тожикистон билан бирга КХШТга ҳам аъзодир. Бу бирлашмаларга Ўзбекистон билан Туркманистон кирмайди, Шу ҳолнинг ўзиёқ минтақавий интеграция ғояси амалга ошишини пучга чиқаради.
Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатларининг асосий шериклари минтақадан ташқарида жойлашган, минтақа давлатларининг ўзи эса бу ердан ташқаридаги куч марказлари иштирокисиз мустақил ва муваффақиятли интеграция лойиҳаларини амалга оширишни кўзлаш даражасида кучли эмас.
“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” транспорт коридори истиқболли лойиҳалардан биридир. Лойиҳа иштирокчиларининг сиёсий иродаси бор. Томонлар уни жадал олға сурмоқда. Шунга қарамай, лойиҳа ҳамон амалга ошмаётганича қолмоқда. Ушбу энг йирик минтақавий лойиҳани амалга оширишга қандай омиллар тўсқинлик қилмоқда?
Шерадил Бақтигулов: Асосий омил лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан рентабеллиги масаласидир.2020 йил баҳоларига кўра, Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган темирйўл қисмини қуриш харажатлари 7 миллиард доллардан ошар экан. Бу Хитойдан Ўзбекистонгача битта темирйўл бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу сабабли бир қисми Қирғизистондан ўтадиган Хитой – Ўзбекистон темирйўлини қуриш учун яна битта кредит олиш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақидаги фикр бошқаларидан устун келмоқда (таққослаш учун Қирғизистоннинг ташқи қарзи деярли 4 миллиард доллардир). Боз устига, пулни қирғизистонлик қурувчилар ва муҳандислар сарфламайди. Яна бир омил – темирйўлнинг харажатларни қоплаш масаласи. Масалан, Қозоғистон темирйўл компанияси юк ташиш тарифларни пайсатирадиган бўлса, зикр этилган темирйўлнинг Қирғизистондаги қисмини ишлатиш рентабеллиги муаммога айланиб қолади. Хитой билан Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва юк ташувчилари учун дотация бериши мумкин, Қирғизистон эса бундай имтиёзлар беришга қодир эмас. Шунинг учун “тарифлар уруши” йўлга сарфланган харажатларни чиқариб олиш муддати чўзилишига, демакки, кредит ва унинг фоизларини қайтаришга таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт коридорининг имкониятлари жуда баланд. Буни билиб олиш учун 2020 йил 5 июнда “Ланчжоу – Кошғар – Эркештом – Ўш – Андижон – Тошкент – Марв” маршрути бўйича илк мултимодал транзит ишга туширилганини эслаш кифоя. Айни маршрут бўйлаб юк ташишнинг ишга туширилиши “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” коридори имкониятларидан самарали фойдаланиш натижаси ҳисобланади. Юкларни ташиш учун темирйўл ва автомобил уловидан фойдаланилади.
Қирғизистонда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш учун идоралараро комиссия фаолият юритмоқда. Идоралараро комиссия бошқа ишлари баробарида темирйўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш ҳақидаги Хитой ва Ўзбекистон томонлари музокара олиб бориши бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш билан ҳам шуғулланади.
Элдор Ёқубов: “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт коридори билан боғлиқ ҳолатда қўшимча равишда маршрутни йил-ўн икки ой ишлатишга тўсқинлиқ қиладиган мураккаблик, йўл узоқлиги, табий ва иқлим шароити ҳақида кетмоқда. Пандемия ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани шубҳасиз. Транспорт коридори иқтисодий ривожланиш йўлида самарали фаолият кўрсатиши учун ташилаётган юклар ҳажми кутилаётган иқтисодий самара даражасига мос бўлиши керак. Ҳозирги кунда ташилаётган юклар миқдори чекланган. Жорий йил мартидаги саммит чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари темирйўл қурилишини тезлаштириш, юк ташиш миқдорини ошириш ва маршрутнинг йил давомида бўш турмаслигини таъминлаш вазифасини қўйгани бежиз эмас.
Бундан ташқари, Ўзбекистон учун “Тошкент – Андижон – Ўша – Эркештом – Кошғар” транспорт коридори лойиҳаси ягона эмас. Маълумки, 2021 йилда трансафғон лойиҳасини амалга ошириш масаласи эътибор марказига тушди. Ушбу йўналиш 200 миллион кишидан ортиқ бозори бор Покистонга ва ундан ҳам муҳимроғи, дунё океанига энг қисқа йўл билан чиқиш имконини беради, бу бошқа муқобил лойиҳалардан кўра жозибалироқдир.
Икки мамлакатнинг маданий ва гуманитар соҳадаги алоқалари ҳам кенгайяптими? Масалан, абитуриентлар олим таълим учун қўшни мамлакатни қанчалик тез-тез танлаётгани қизиқ.
Шерадил Бақтигулов: Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг маданий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлиги жадал суръатлар билан кенгайиб бормоқда. Сўнгги ярим йилда иккала давлатнинг туман ва вилоят раҳбарлари, артистлар ва маданият арбоблари даражасида бир-бириникига ўнлаб сафарлар уюштирилди. Таълим соҳасида ҳам жиддий олға силжишлар бор.
Садир Жапаров Тошкентга давлат ташрифи буюрган чоқда Қирғизистон ватандошларига Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқиш учун 100 та грант ўрни ажратиш бўйича кеплишувга эришилди. Яна таълим ва фан соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан икки томонлама музокаралар ўтказилди. Масалан, таълим ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича ҳукуматлараро битим тузиш учун иш гуруҳи тузилди. Таълим ҳақидаги ҳужжатларини ўзаро тан олиш ҳам Қирғизистон, ҳам Ўзбекистон ватандошларининг қўшни давлатдаги ОТМ ва профессионал лицейларда таълим олишга қизиқишини орттиради.
Элдор Ёқубов: Ўзбек-қирғиз муносабатларидаги ижобий ўзгаришлар маданий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликка ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Изчил тарзда маданият кунлари ўтказила бошлади, икки томонлама муносабатлардаги ўзгаришлар, айниқса, Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик юбилейи ўтказилганда яққол кўзга ташланди, 2021 – 2023 йилларга мўлжалланган қўшма лойиҳалар режаси амалга оширилмоқда.
Иккала мамлакат муносабатлари яхшилангани таълим соҳасини ҳам қамраб олди. Ўзбек ва қирғиз томони келтираётган рақамларда Ўзбекистондан бориб Қирғизистонда ўқиётган ёки аксинча талабалар сони анча-мунча ортгани акс этмоқда. Агар ўсиш динамикасидан келиб чиқилса, Қирғизистон ватандошлари Ўзбекистон ОТМни бажонидил танлаётганини кўриш мумкин. Айни чоқда ҳали ҳам таълим соҳасининг ўсиш потенциали мавжуд. Жорий йил мартида бўлиб ўтган икки мамлакат етакчилари учрашуви чоғида қўшни давлатлар олий таълим муассасаларида ўқиётган талабалар сонини кўпайтириш, шунингдек, профессор ўқитувчиларни иккала мамлакатда ўқитишга жалб қилиш зарурати борлиги қайд этилган эди.
[1] Легитимлик – халқнинг ҳокимият бошқарувига рози бўлиши ва ҳокимият мажбурий қарорлар қабул қилишини тан олиши.
[2] Прагматизм – амалий натижага эришишга қаратилган фаолият.