Сурат манбаси: president.kg
Муаллиф: Эльвира Айдарханова – Олмаота бошқарув университетининг ўқитувчиси, “Forbes Kazakhstan” журналида энергетика масалалари бўйича шарҳловчи.
Сент-Эндрюс университетининг катта ўқитувчиси, доктор Филиппо Коста Буранелли Марказий Осиё мамлакатларида минтақада барқарорлик ва тинчликни сақлаб қолиш учун ишларни яқиндан мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни тушунаётган янги минтақавий тартиб вужудга келаётгани ҳақида сўзлаб беради.
Сиз регионализм соҳасида мутахассиссиз. Айни чоқда замонавий регионализм тадқиқотлари қай аҳволда экани хусусида сўзлаб берсангиз. Биз ҳозир регионализм даврида яшаяпмизми ёки глобаллашув давридами?
Мен регионализм бўйича замонавий тадқиқотлар тез-тез нодавлат акторлари, маҳаллий меъёрлар ва норасмий амалиётларни ҳисобга оляпти, деб айтмоқчиман. Регионализм фан ҳамда халқаро муносабатлар ва сиёсатшуносликнинг кичик майдони сифатида узоқ вақт (эҳтимол айрим кишилар жуда узоқ деб ҳам айтиши мумкин) ҳамма нарсанинг марказида давлат туришига ва расмий минтақавий ташкилотларга боғлиқ бўлиб келди. Яқин-яқин вақтгача Европа Иттифоқи (ЕИ) регионализм муаммосини ўрганиш учун модел – андаза бўлиб хизмат қилар ва ушбу андаза дунёнинг бошқа қисмлари, жумладан, Лотин Америкаси, Жануби-Шарқий Осиё, Евроосиё, Яқин Шарқ (Ғарбий Осиё) ва Африка ва ҳк.ни тадқиқ қилишда улги вазифасини ўтаётган эди. Шунга қарамай, асрлар чегарасида, дейлик, 2000-йилларнинг бошида бу соҳада тадқиқот олиб бораётган олимлар ўз рисолаларида халқаро муносабатларда давлатлардан каттароқ нимадир борлигини, нодавлат акторлари, бизнес доиралари, фуқаролик жамиятлари, иқтисодий акторлар, глобал меъёрлар ва трансмиллий алоқаларнинг маҳаллий талқинлари ҳам минтақаларни тузиш ва улар фаолият кўрсатишида ҳатто автохтон – маҳаллий ва кескин тарзда асосий рол ўйнашини англаб етадиган бўлди. Назаримда, регионализм бўйича яратилган замонавий илмий ишлар нодавлат акторлари ролини, шунинг қаторида минтақани барпо қилишда норасмийлик ва “маҳаллийлик” ўйнаётган ролни тобора кўпроқ эътироф эта бормоқда.
Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, ҳатто бошқа минтақаларни тадқиқ қилаётганда ҳам Европа Иттифоқининг расмий интеграцияси ва тажрибасига асосий эътибор қаратиш кўп жиҳатдан таҳлилнинг европоцентризм призмасига асосланади. Сўнгги етмиш йил давомида жуда яхши интеграцияга эришган Европа Иттифоқининг Европадаги тажрибасини ҳисобга олиб, минтақалар яшаб қолиши учун ўз расмий минтақавий ташкилотига эга бўлиши “зарур”. Ана шундай тафаккур қилиш йўсинига кўра ва ЕИни намуна сифатида олиб, биз Лотин Америкасидаги МЕРКОСУР, Жануби-шарқий Осиёдаги АСЕАН (Жанубий-шарқий Осиё давлатлари уюшмаси), Африкадаги Африка Иттифоқи, Араб Давлатлари Лигасини ўрганамиз. Муаммо шундаки, минтақанинг норасмий характерга эга, миқёсига кўра интеграцион бўлмаган кўплаб муҳим сиёсий ва дипломатик муносабатлари бор, улар мавжуд бўлиши учун бюрократия ва бинолар бўлиши шарт эмас. Марказий Осиёда айнан шу нарса – норасмий регионализм ва тартиб ғоялари амалга ошмоқда ва мен тадқиқотларимда шуларни ўрганяпман. Биз худди шу нарсаларга Европа ва дунёнинг бошқа ҳудудларида дуч келган эдик. Ушбу ғоялар минтақада ҳамма тушунадиган муайян меъёрлар, қоидалар ва принциплар борлигидан далолат беради – улар норасмий механизмлар, норасмий учрашувлар, президентлар, шунингдек, бошқа акторлар: чегара агентлари, оқсоқоллар, оилалар ва трансчегаравий ҳамжамиятлар ўртасидаги норасмий [мулоқот] динамика(си) орқали амалга оширилади.
Биз регионаллашган дунёда яшаяпмизми ёки глобаллашган дунёдами, деган саволга келсак, мен ушбу икки атамани бир-бирини инкор қилувчи сўзлар деб қарамайман. Назаримда, глобализм билан регионализм ёнма-ён юради. Баъзан глобализм кўпроқ, баъзан эса бунинг тескариси бўлиши мумкин. Лекин мен регионализмни глобализм маҳсули деб қарашга мойилман. Муносабатларнинг глобал даражаси бўлмай туриб, минтақалар бўлиши даргумон. Назаримда, пандемия ва у сабаб юзага келган инқироз ҳаммамиз ҳозир ҳам глобаллашган дунёда яшаётганимизни кўрсатиб берди, лекин айни чоқда давлатлар ва жамиятлар глобаллашувнинг кескин оқибатларини юмшатиш учун минтақалар даражасида ҳаракат қилмоқда. Ҳаддан зиёд глобаллашув хавфи мавжуд, шу маънода минтақалар agency – ваколат ва таъсир, шунингдек,қўшнилар ўртасидаги муносабатлар ва мулоқотни яхшилаш учун сиёсат, дипломатия, иқтисодиёт соҳаларидаги жараёнлар учун масъул бўлган муҳим майдончалар ҳисобланади. Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, биз ҳам глобализм, ҳам регионализм деб тавсифланадиган дунёда яшаяпмиз. Лекин агар мендан, айни пайтда улардан қайси бири устунлик қилмоқда, деб сўрасангиз, биз минтақавий муносабатларга кўпроқ эътибор қаратилаётганини кузатяпмиз, деб айтган бўлар эдим.
Марказий Осиё ҳар доим ўзини муҳим минтақа деб ҳисоблаб келади. Айрим кишилар Марказий Осиё билан Қозоғистонни бир-биридан ажратса, бошқалар унга Афғонистон билан Монголияни ҳам қўшади. Ушба минтақанинг тавсифи ҳақида нима дея оласиз – бу жуғрофий омиллар ёки бошқа кимликлар таъсирида шаклланадими? Агар шундай бўлса, келгусида Қозоғистон Марказий Осиёдаги қўшниларидан кескин фарқ қилса, минтақа ўзгариб кетиши мумкинми?
Бу – жуда долзаб масала, чунки, бир тарафдан, масала биз тадқиқотчилар Марказий Осиёга халқаро муносабатлар доирасида қандай таъриф беришимизга боғлиқ, бу бошқа, дейлик, антропология, жуғрофия, археология ёки бошқа фанлар бўйича тадқиқотчилар айни минтақага қандай таъриф беришига боғлиқ бўлиши ва у бизникидан фарқ қилиши мумкин. Бошқа тарафдан, ушбу минтақа одамлари ўзини ким деб билиши, ким экани ва кимнинг номидан гапираётгани билан боғлиқ муҳим масала ҳам бор. Мен ушбу минтақага мурожаат қилаётганда, ҳар доим минтақа аҳолиси ўзига қандай таъриф бераётгани ва кимлигини нималарга асосланиб, айтаётганига эътибор қаратаман. Бу “интерпретивизм” деб аталади. Мен одамлар мансублигини қандай тавсифлаётгани, ўзи яшаётган ҳудуд, тарих ва ўша ердаги одамлар умумийлик ҳиссини қандай шакллантираётганига жиддий эътибор қаратаман. Расмий минтақа эмаслигига, кўплаб келишмовчиликлар ва рақобатга қарамай, Марказий Осиё таҳлил тоифаси умумий кимлик ифодаси сифатида 1991 йилдан бери шундай бўлиб қолаётган эди – ўша йили 5 та Марказий Осиё республикаси етакчилари дастлаб Ашхободда, кейинчалик эса Тошкентда минтақа маконини Марказий Осиё деб белгилаш бўйича йиғилган эди, илгари минтақа Ўрта Осиё ва Қозоғистон деб юритилганини ҳам ҳисобга олиш зарур. Мен айрим фанларда дунёнинг айни бўлаги, масалан, Евроосиё ёки Марказий Евроосиё даб аталаётганини ҳам яхши биламан. Айрим тадқиқотчилар ва таҳлилчилар Марказий Осиёнинг Жанубий Осиё манфаатлари доирасига киритади. Масалан, Ғарб мамлакатларининг айрим ташқи сиёсат бўйича илмий доиралари ушбу мамлакатларни Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон билан бирга ўрганишни афзал билади. Бундай қарорга таҳлил сабаб бўлмоқда. Назаримда, минтақанинг тегишлигини аниқлашда жуғрофий умумий белгиларга ҳам эътибор қаратилиши зарур экани шубҳасиз, бироқ яна тарих, дин, ижтимоий алоқалар, оилалар, маданиятлар ва хавфсизлик динамикасини ҳам назардан қочирмаслик керак. Агар мана шу жиҳатларнинг барчаси рақамли суратнинг турли пикселлари сифатида барчаси эътиборга олинса, минтақага Марказий Осиё деб берилган таъриф ўз кучида қолади.
Минтақа аҳолиси, ҳатто Туркманистон ҳам Марказий Осиё минтақаси мавжудлигини тан олади. Ваҳоланки, ушбу мамлакат кўпинча ижобий бетарафлик ғоясига кўра минтақадан узилган ҳисобланади ва бу Туркманистон ўта ёпиқ мамлакат эканини англатади. Масалан, жорий йилнинг август ойи бошида Туркманистонда Марказий Осиё мамлакатлари саммити бўлиб ўтди. Бунинг маъноси шуки, ҳатто Туркманистон ҳукумати ҳам, туркманлар ҳам Марказиё Осиё деб аталган нимадир борлигини тушунади. Бу ушбу минтақа мамлакатлари ўзлигини таниш учун мавжуд бошқа омиллардан (идентификация) ҳам фойдаланиши мумкинлигини инкор этмаслигига шубҳа йўқ. Масалан, Қозоғистон ўзини Евроосиё мамлакати деб ҳисоблайди; Ўзбекистон ўзини Осиёнинг юраги деб билади, чунки мамлакат Буюк ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган; туркманлар Каспий денгизидан бирга фойдаланиш билан боғлиқ масалаларда Озарбайжон, Эрон ёки Россия билан ҳамкорлик қилаётганда, ўзига Каспий денгизи мамлакати ўлароқ қарайди. Баъзан Тожикистон аҳолиси форс тилида гаплашгани учун ушбу мамлакат аҳолиси ўзини форс тилли мамлакат деб атаётганини эшитиб қоламиз. Булар барчаси ягона кимлик ва умумий таъриф ишлаб чиқиш қийинлигини кўрсатади. Лекин фикримча, Марказий Осиё ҳали-ҳамон у ерда яшайдиган кишилар учун кимлик нуқтаи назаридан муайян таҳлилий қиймат ва маънога эга. Минтақа ўзгарадими, йўқми, деган саволга келсак, бунинг жавоби “ҳа” бўлиши шубҳасиз. Масалан, 1957 йилдаги ва 2021 йилдаги Европа бир хил минтақа эмас, яъни кўплаб минтақалар ўтмишдагиси, ўтган асрлардагиси билан солиштирганда, бутунлай ўзгариб кетган – кескин фарқ қилади. Ҳар қандай минтақа ўзгариши мумкин, чунки у турғун ва монолит эмас. Сиз мисол сифатида келтирган Қозоғистон муҳим, чунки яхши эслайман, бундан 7 – 8 йил олдин ҳатто мамлакат номини ўзгартириш – хусусан, унинг номидан “истон” қўшимчасини олиб ташлаб, давлатни “Қазақ Елі” деб аташ таклиф этилган эди. Лекин, биринчидан, бундай бўлмади ва бу кўп нарсани англатади. Мамлакат номи ўзгартирилган тақдирда ҳам, бу ҳол қўшнилар билан муносабатларни кескин ўзгартиб юбормас эди. Марказий Осиёнинг жуда бамаъни бир мақоли бор: “Яхши қўшни узоқ қариндошдан яхши”, яъни исмингизни, кийиб юрган кийимингизни ўзгартиришингиз мумкин, лекин атрофингиздагилар барибир сиз билан қолади ва улар билан тил топишиб яшашга мажбурсиз.
Саволга жавоб беришни тугатаётиб, қуйидагиларни айтмоқчиман: минтақа ўзгариши мумкин, аммо жамиятлар, чегаралар, ҳамжамиятлар ҳудудий яқинлик, тарихий ўтмиш ва ижтимоий алоқалар сабаб бир-бири билан боғлиқлигича қолаверади. Чегаранинг икки томонида қолган оилаларни ўйланг – бунақа ҳолатлар бутун минтақада тўлиб-тошиб ётибди. Яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман: минтақа мавжуд бўлиши учун давлатлар сиёсатшуносликда “изоморфизм” деб аталадиган тирзда бир-бирига мос ёки бир хил бўлиши шарт эмас. Масалан, Европани олиб қарайлик, у ерда Латвия билан Геманияни ёки Шарқий Осиёни – Жанубий Кореяни Япония билан, Вьетнамни Индонезия билан оладиган бўлсак, уларни ўзаро солиштириш мушкул. Шунга қарамай, ушбу мамлакатларнинг айрим ўхшаш жиҳатлари ҳам бўлиши мумкин: айрим умумий тушунчалар мавжудлиги, умумий меъёрлар ёки айни минтақавий тартибга мансублик ҳисси, можароларга йўл қўймаслиги шартлиги, ҳамкорлик қилиш ва бирга яшаш шулар жумласидандир. Пировардида, мен учун минтақани яратиш ва минтақа барпо этилиши мавҳум тушунча эмас, у ҳақда гапириш ва ғояни амалга ошириш керак.
Минтақавий миллатчилик деган ҳодиса мавжудми? Марказий Осиё мамлакптларидаги яхши бир ҳолат шуки, улар бир-бирининг, масалан, санъат соҳасидаги ютуқлари учун фахрланади. Бундай амалиётлар кучлироқ минтақавий кимлик яратиш учун мустаҳакам асос бўлиб хизмат қилиши мумкинми?
Агар саволингизда Марказий Осиё мамлакатларининг ўз-ўзига маҳлиё бўлиши, ўзини ўзи мақташга, ўзидан ўзи ғурурланишга тушиб кетиши назарда тутилаётган бўлса, мен бу саволингизга “ҳа” деб жавоб бераман – ҳа, Марказий Осиёда вақти-вақти билан бундай ҳолатлар кузатилмоқда. Лекин шу билан бирга, яна бир муҳим ҳолатни таъкидламоқчиман, бу дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам юз бериб турибди. Масалан, ўтган йили – пандемия даврида Европа мамлакатларида пандемияни ким олдинроқ бартараф қилиши бўйича ўзаро рақобат пайдо бўлган эди.
Таассуфки, Марказий Осиё мамлакатлари тобора шарқлашиб бораётганини ва ўзига хос нарса сифатида тавсифланаётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Бундай ҳолатлар бутун дунёда юз бермоқда, чунки бу – масаланинг сиёсий жиҳати. Айни чоқда Марказий Осиё мамлакатлари ҳали-ҳамон давлат ва миллат қурилиши жараёнини бошидан кечираётганини эсдан чиқариб бўлмайди. Шунинг учун мен ўзини ўзи мақташ ва ўзидан ўзи ғурурланиш ғояси бутун дунёга ҳамма нарса мамлакатида яхши эканини кўрсатишга уриниш деб ҳисоблайман. Ҳатто айрим ишларни эплай олишмаётган тақдирда ҳам, бундай риторика улар мавжудлигини ва эгаменлик билан боғлиқ алоҳида ҳақларни, дейлик, “биз – қонуний давлатлармиз, биз мавжудмиз” қабилидаги баёнотларни тасдиқловчи дипломатик жараёндир. Бу – амалий иш мантиғи. Марказий Осиё мамлакатлари бир-бирига ёрдам бергани, эришилган ютуқлар учун бир-бирини қутлагани ва мақтагани бошқа масала. Айниқса, пандемия даври минтақада мувофиқлаштириш ва ўзаро ёрдам нуқтаи назаридан жуда намунали бўлди. Масалан, бир неча ҳафта олдин Қозоғистон Қирғизистонга кўп миқдордаги вакцина берди, республикалар ўртасида тиббиёт товарларини ташиш учун транзит йўллари очилди. Бу мамлакатлар президентлари бир-бирини табриклаб туради, минтақада барқарорликни сақлаб қолиш учун бир-бирини қўллаб-қувватлайди.
Яқинда мен бир мақола эълон қилдим, унда Марказий Осиёда “минтақавий тартиб” ҳисси қандай пайдо бўлиши ҳақида ҳикоя қилинади. Давлатлар ўз кучини жуда яхши ҳис қилади ва баъзан минтақавий кимлик заиф ҳис қилинишини яхши билади, чунки биринчи ўринда давлатлар туради. Лекин айни чоқда тадқиқотим шуни исботлайдики, улар бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, бир-бирига бостириб бормаслик, дипломатия протоколига, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига бўйсуниш ва катта лавозимдаги кишиларни ҳурмат қилиш сингари айрим қоидаларга риоя қилиш кераклигини яхши тушунади. Нима бўлганда ҳам, улар ўзи истаган ишни қилиши мумкин, чунки улар битта минтақавий тартиб ичида, агар минтақада барқарорлик ва тинчликни сақлаб қолишни истаса, ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва айрим соҳалар бўйича ҳамкорлик қилиши шарт бўлади.
Бунга минтақавий суверенитет – эгаменлик намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин, бу оксюморондир (бир-бирига қарама-қарши тушунча), чунки эгаменликни биз одатда давлатларга хос нарса деб биламиз. Аслида минтақаларнинг эгаменлиги бўлмайди. Лекин тез-тез бир ғоя кўзга ташланмоқда: Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳатто буюк давлатларнинг ҳам аралашишга ҳаққи йўқ бўлган айрим муаммолар бор. Ушбу принципни биринчи бўлиб Нулсултон Назарбоев, сўнгра Шавкат Мирзиёев, ундан кейин бошқалар қўллаб-қувватлади. Марказий Осиё давлатлари муаммоларини ташқи кучлар аралашувисиз фақат ва фақат мамлакатларнинг ўзи ҳал этиши шарт. Билишимча, амалда бунга риоя этиш жуда оғир, чунки минтақага буюк давлатлар олиб келаётган глобал кучлар бор, лекин Марказий Осиё давлатлари буюк кучлар динамикаси ўртасида ўз agency’си ва автономиясини қайсидир тарзда сақлаб қола билди. Эҳтимол бу саволингизга тўлиқ жавоб бўлмас, лекин сиз минтақавий миллатчилик мавжудлигини қайд этдингиз, лекин шу билан бирга, минтақавий эгаменлик ҳам бор ва у тадқиқ қилишга муносибдир.
Сиз келгусида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ёки ҳатто интеграция ўсишини кўряпсизми, агар кўраётган бўлсангиз, бунга қайси омиллар таъсир кўрсатади?
Саволингиз минтақадаги жорий тамойилларни (тенденциялар) аниқлаб олиш, тадқиқ ва таҳлил қилиш учун чиндан ҳам муҳим. Назаримда, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари Туркманистонда 5 – 6 август кунлари бўлиб ўтган Учинчи маслаҳат учрашуви алоҳида аҳамиятли. У маълум даражадаги институционаллаштириш, дипломатик барқарорлик и ишончдан далолат бермоқда. Айрим таҳлилчилар ва олимлар буни инкор этаётганига ҳам кўзим тушди. Назаримда, ундай эмас. Мен Марказий Осиёга 10 йил давомида кўп марта сафар қилдим. Бу минтақада зеҳният (менталитет) ва дипломатия қандай амал қилишини биламан. Мен нимани гапириш мумкинлиги, нимани – норасмий механизмлар ҳақида гапириш эса мумкин эмаслиги муҳимлигини биламан, бу ҳақда юқорида эслаб ҳам ўтдим. Мен учун аҳамиятли бўлган жиҳат шуки, бундай нарсалар мана шундай норасмий саммитларда яхши акс этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, минтақавий ҳамкорлик кучайиши ҳақидаги саволга, бу амалга ошишига ҳозирги муҳит бундан йил олдингисидан кўра кўпроқ имкон беради, деб жавоб бермоқчиман. Назаримда, хавфсизлик, иқлим ўзгариши, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда маданият ёки туризм сингари “юмшоқ” секторлар масалаларида ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик асосий аҳамиятга эга бўлади. Ҳар ҳолда яқин келгусида интеграция кўзда тутилаётгани йўқ. Мен бу жуда баландпарвоз сўз эканини, ҳар 3 – 4 ойда “Марказий Осиё интеграциялашадими?” ёки “Марказий Осиё интеграцияси қачон юз беради?” қабилидаги қандайдир янги мақола пайдо бўлаётганини тушунаман. Бу ерда ҳам европоцентризм нарративи[1] қулоққа чалинади. Айни чоқда давлатларнинг ўзи ва президентлар плюрализм сақланиб қолиши, давлат ва миллат қурилиши жараёнлари давом этиши ва Марказий Осиё ташкилоти тузилиши кун тартибида турмаётгани ҳақида аниқ-тиниқ қилиб айтди. Билишимча, яқин 5 – 7 йилда улар мулоқот қилишга, биз юқорида айтиб ўтган соҳаларда аниқ ва прагматик натижалар қидиришга, айниқса, Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида юз берган можаро сингари нохуш воқеалардан сўнг сиёсий ишончни тиклашга ҳаракат қилади. 2 та қўшни мамлакат делимитация қилинган чегарада 30 йилдан бери можаролашаётган жойда минтақавий ташкилотни тузишдан қандай мантиқ бор?
Энг яхши ечим прагматизм ва ишончни мустаҳкамлаш механизмларини ривожлантириш учун унчалик кўзга ташланмайдиган, шов-шув қилинмайдиган учрашувлар ҳамда кўп томонлама ва икки томонлама мулоқотлар қилишни давом эттиришдир. Бу минтақадаги хавфсизлик дилеммасини[2] идрок этишни ўзгартиришга сабаб бўлади. Шу маънода айрим мамлакатлар бошқаларига қараганда яхшироқ ишламоқда. Масалан, агар мендан қайси мамлакат минтақадаги хавфсизлик муаммоларини ҳал этишга кўпроқ ҳисса қўшяпти, деб сўрасангиз, Ўзбекистон деб жавоб берган бўлар эдим. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Ўзбекистонни яхши қўшни мамлакат деб билади. Туркманистон лойиҳалар ва тобора кенгайиб бораётган минтақавий мулоқотга жалб этилмоқда. Қозоғистон минтақадаги дўстона муносабатларни умуман қўллаб-қувватламоқда. Қирғизистон билан Тожикистон эса, аксинча, икки ўртадаги можароли вазиятни бошидан кечирмоқда. Шунинг учун булар барчасини кузатиб бориш қизиқарли, бироқ мен айни сабабга кўра минтақадаги интеграцияга иккиланиб қарайман. Шунга қарамай, унчалик нозик бўлмаган масалалар бўйича ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириш ва улар бўйича ҳамкорлик қилишда айрим ижобий тамойилларни кўряпман.
Қисқа қилиб айтганда, минтақанинг бир қисми бўлиш яхшими, агар яхши бўлса, Хитой ва/ёки Россия сингари кучли давлатлар ҳам кирадиган минтақанинг бир қисми бўлган яхшими? Ушбу буюк давлатлар Марказий Осиёдаги регионализмни қандай шакллантиряпти?
Минтақанинг бир қисми бўлиш яхшими, деган биринчи саволингизга жавоб бериш жуда қийин, чунки бу, нима яхшию нима ёмон, деган яна бир саволга жавоб беришни ҳам тақозо қилади. Унга менинг жавобим йўқ. Назаримда, Марказий Осиё аҳолиси бу саволга ҳаммадан кўра яхшироқ жавоб бериши мумкин, алал-оқибат Марказий Осиё жамиятлари ўзлари учун бу яхши сиёсий келишув бўлиш ёки бўлмаслигини ҳал этиши лозим бўлади. Қайд этишим жоизки, қўшнилар билан яхши муносабатлар ўрнатиш ва бир минтақага мансублик ҳиссининг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Бу нафақат Марказий Осиёнинг алоҳида мамлакатларига, ҳам минтақа жамиятларига ҳам глобаллашувнинг мураккаб босқичлари ва буюк давлатларнинг рақобатлашувидан ўтишда ёрдам бериши мумкин. Шу сабабли Марказий Осиё университетлари ёшлар учун макон яратадиган “Эразмус” дастурига эга бўлса, шунда улар саёҳат қилиш, бошқа қўшни мамлакатлардаги кишилар билан учрашиш, бир-бирининг тарихи ва умумий мероси ҳақида кўпроқ билиб олиши мумкин бўлар эди. Фикримча, қўшма ғоялар ва умумий дунёқараш униб чиқадиган минтақавий маконга мансублик – яхши ғоя. Бироқ мен бу билан бирор масалани илгари сурмоқчи эмасман, чунки олдинроқ айтиб ўтилганидек, алал-оқибат Марказий Осиё аҳолисининг ўзи сиёсий механизмлар қандай ишлаши кераклигини ҳал этиши лозим. Буюк давлатларга келадиган бўлсак, менимча, Марказий Осиё ҳукуматлари ва дипломатлари бу масалада тажрибали прагматик ва реалистдир. Буюк давлатларнинг минтақада ҳозир бўлиши муқаррар, айнан шу сабабга кўра, минтақавий мулоқотнинг ҳозирги шакли норасмий кўринишга эга – бу саммитлар шаклидир, пировардида буюк давлатлар барибир минтақада таъсир кучига эга бўлади. Буюк давлатлар нима бўлганда ҳам алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Марказий Осиё давлатлари буни жуда яхши тушунади, улар – прагматик ва буюк давлатларнинг ҳозирлигидан ўз манфаатларидан келиб чиқиб фойдалана билади. Александр Кулининг “Great Games, Local Rules (“Катта ўйинлар, маҳаллий қоидалар”) деган яхши китоби бор, унда Марказий Осиё мамлакатлари буюк давлатларнинг ҳозирлигини тан олиши, лекин айни чоқда уларнинг ҳам ўша давлатларга таъсири борлиги ва улар буюк давлатлар билан қандай муносабат қилишни билиши ҳақида сўз юритилади. Хулоса сифатида қўшимча қилмоқчиманки, буюк давлатлар хавфсизлик ҳисси ва иқтисодий ҳамжамиятни мустаҳкамлаш мақсадида регионализмни шакллантиришга интилмоқда – аввало Россия, айниқса, Афғонистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарада муаммолар борлиги сабаб хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилишга интилмоқда; Хитой кўпроқ минтақадаги иқтисодий ҳамкорликка ҳамда интратузилма ва молиявий яқинлашувга ҳаракат қилмоқда.
Пировардида Россия ҳам, Хитой ҳам, айниқса, Афғонистонда юз берган сўнгги воқеалардан сўнг Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишдан манфаатдордир. Айнан шунинг учун улар Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти, КХШТ ва бошқа платформалар орқали у ёки бу тарзда ёнма-ён тинч яшашнинг уддасидан чиқа билди. Тушуниш лозимки, буюк давлатлар фақат яхшилик қилиш кераклиги учун яхшилик қиладиган фаришталар эмас – уларнинг ҳам ўзига яраша манфаатлари бор. Шунинг учун Россия билан Хитой – икки хил йўл билан бўлса-да – регионализм қарашини илгари сурмоқда, мен буни гегемонлик регионализми деб атайман. Россия ЕОИИ ва КХШТ тузилмалари ёрдамида иқтисодий ва милитаристик давлат сифатидаги роли расмийлаштирилишини тан олиши керак бўлган регионализм кўринишини илгари сурмоқда.
Шунга кўра, Россия билан эгамен тенгликка оид масала ҳар доим жумбоқ бўлиб келмоқда. Мен Хитой, ҳеч бўлмаса, қоғозда бунга жиддий эътибор бераётганини кўряпман. Хитой ҳам Марказий Осиё мамлакатларига, гарчи улар иқтисодий соҳада тенг бўлмасалар ҳам, тенгҳуқуқли деб ҳис қилиш имконини бермоқда. Шунга қарамай, тенг ҳолат ва қалин шериклик ҳисси бор. Хитой бу ишни минтақадаги обрўсини кўтариш учун ҳам қилмоқда, чунки минтақада социум даражасидаги синофобияга (хитойликлардан қўрқиш, уларга ишонмаслик) дуч келмоқда, Хитой иш одамлари ва иқтисодий лойиҳаларига ишонмаслик Марказий Осиёда у ёки бу тарзда шубҳали муҳитни юзага келтирмоқда.
Марказий Осиёдаги регионализм минтақадаги мамлакатлар ташқи сиёсатидаги кўп векторлиликка зиддир. Регионализм ҳозир пайтда Марказий Осиё мамлакатлари эга бўлган мослашувчанликни чеклайдими?
Бу саволингизга қисқа жавоб берадиган бўлсам, мен кўп векторлилик билан регионализм ўртасидаги ҳеч қандай зиддиятни кўрмаяпман. Мабодо бирор нарса бўлса, бу бир-бирини тўлдиришдан бошқа нарса эмас. Эсингизда бўлса, Марказий Осиёдаги бугунги регионализм ҳақида уни жуда мослашувчан, норасмий, маҳаллий шароитларга мослашишга қобил ва жуда прагматик деб гапирган эдик. Кўп векторлилик ушбу прагматик ва норасмий муносабатларни сақлаб қолиш ғоясининг бир қисми ҳисобланади. Бинобарин, бир тарафдан, минтақа мамлакатлари раҳбарлари бир-бири билан маслаҳатлашиб туриши кераклигини тушунади, айнан шунинг учун Марказий Осиёда шундай норасмий регионализм ёки мен маъқул кўрадиган атама “тартиб ўрнатиш” мавжуд. Бироқ кўп векторлилик тартиб ўрнатиш жараёнининг фундаментал қисми ҳисобланади, айнан шу сабаб улар бир-бирини тўлдиради, чунки Марказий Осиёдаги минтақавий тартиб принципларидан бири минтақани ҳеч бир буюк давлат забт этмаслиги ғоясидир. Буюк кучлар мавжуд, лекин айни чоқда Марказий Осиё давлатлари имкон қадар ўз автономиясини ҳам сақлаб қолиши шарт. Кўп векторлилик ғояси ушбу тартибга солувчи амалиётлар ва нарративлар тўплами ўлароқ, айнан шу мақсадга хизмат қилади, бу Марказий Осиёдаги минтақавий мулоқотни эркинроқ, ташқи буюк давлатларнинг кучли чеклови ва йўналишларисиз ўтказишни англатади. Минтақадаги мамлакатларнинг Европа Иттифоқи, Япония, Корея, Ҳиндистон, АҚШ ёки АСЕАН сингари бошқа суҳбатдошлари ҳам борлиги, билишимча, мутлақо нормал ҳолат ҳисобланади. Биз яна ушбу мамлакатларнинг денгиз йўлларига туташ эмаслиги ҳамда улар бозорлари ва алоқаларини кенгайтириб бориш зарурлигини ҳам унутмаслигимиз даркор. Шунга кўра, мен бунда ҳеч қандай зиддият кўраётганим йўқ.
[1] Нарратив ( инглизча ва французча “narrative”, лотинча “narrare” – “ҳикоя қилмоқ” сўзидан) – бир-бири билан боғлиқ кўплаб воқеалар ҳақида мустақил яратилган ҳамда ўқувчи ёки тингловчига сўз ва тимсолларнинг изчиллиги тарзида тақдим этилган ҳикоя.
[2] Дилемма (грекча δί-λημμα “тахмин!”) — бир-бирини инкор қилувчи ва учинчи далил мавжудлигини истисно қиладиган иккита қарма-қарши ҳолатдан иборат далил.