Марказий Осиё минтақасидаги икки томонлама муносабатлар бўйича ўзбекистонлик ва қозоғистонлик экспертлар – Санат Кушкумбаев (Қозоғистон) ва Зокир Усмонов (Ўзбекистон) – томонларнинг кенг қамровли масалаларга мос тушадиган ва мос тушмайдиган қарашларини; қўшма етакчилик имкониятлари ёки минтақадаги ривожланишнинг “иккита локомотиви”ни; маданий, иқтисодий ва савдо-сотиқ алмашувини муҳокама қилади. Сўнгги пайтларда ушбу алмашув жадаллашди ва минтақавий интеграция тарафдорларини умидлантирмоқда.
Икки республика ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги босқичини қандай тавсифлайсиз?
Санат Кушкумбаев, Қозоғистон Республикаси президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари: Жуда ижобий деб биламан. Икки томонлама, минтақавий ва халқаро кун тартибининг аксарият масалалари бўйича мамлакатларимиз ўртасида ўзаро тушуниш қарор топди. Айниқса, савдо-сотиқ ва иқтисодий масалаларда сезиларли натижаларни кўришимиз мумкин. Ўта истиқболли лойиҳалар ўзаро манфаатли асосда амалга оширилмоқда. Сўнгги йирик ташаббуслар қаторида “Марказий Осиё” савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича халқаро марказни (МЦТЭС) санаб ўтиш мумкин, унинг қурилишига икки мамлакат бош вазирлари жорий йил апрелида старт берган эди.
Зокир Усмонов, “Билим карвони” нодавлат нотижорат илмий муассасаси эксперти, фалсафа доктори: Ҳозирги босқичда республикалар ўртасидаги муносабатларни барча соҳаларда жадал ривожланишга чоғланган ишончли муносабатлар деб атаса бўлади. Ушбу босқични стратегик асосга эга икки томонлама муносабатлар парвозининг ўзига хос ибтидоси деб тавсифлаш мумкин.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари яқин йилларда ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини 10 миллиард АҚШ долларига етказиш ниятида. Икки мамлакатнинг садо-сотиқ ва иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлиги қандай кечмоқда? Икки мамлакат иқтисодиётини “бир-бирини чанглантирувчи” деб аташ мумкин. Ҳамкорлик қайси соҳаларда фаол ривожланмоқда, қайси соҳалар икки томонлама ҳамкорликнинг заиф томонлари ўлароқ кўзга ташланмоқда?
Санат Кушкумбаев: Қозоғистон билан Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг жадал ривожланаётган ва бир-бири учун аҳамиятли савдо шерикларидир. Ўзбекистон иқтисодиёти юксакроқ даражада ранг-баранглашгани сабаб катта иқтисодий салоҳиятга эга, шу сабабли Қозоғистон унга, шунинг баробарида Ўзбекистон ҳам Қозоғистонга катта қизиқиш билан қарамоқда. 2020 йилги маълумотларга кўра, Қозоғистон 10,5 фоизлик кўрсаткич билан Ўзбекистон асосий ташқи савдо шериклари учталигига киради. Ўз навбатида Ўзбекистоннинг Қозоғистон умумий ташқи савдосидаги солиштирма салмоғи тахминан 3,5 фоиз ёки 3,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2020 йилда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айланмасини 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган эди, бироқ коронавирус билан боғлиқ инқироз ушбу режаларга халақит берди. Мамлакатимиз товар айланмасида Ўзбекистоннинг солиштирма салмоғи ҳатто бироз пасайди. Бироқ жорий йилнинг 4 ойи натижаларига кўра, ушбу кўрсаткич 1,2 миллиард долларга етди. Ўзбекистон статистикасига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Қозоғистон билан товар айланмаси 41,4 фоиз ўсиб, умумий ҳажми 1,8 миллиард доллар, экспорт 557 миллион доллар, импорт эса 1,312 миллиард доллар бўлди. Ҳозирча мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқ таркиби, асосан аграр ва хомашё маҳсулотларидан иборат бўлмоқда. Маълумки, Қозоғистоннинг Ўзбекистонга экспорт қилаётган маҳсулотларининг асосий қисмини ғалла, металлар, энергия ресурслари, кимё ва қурилиш маҳсулотлари ташкил этади. Айни чоқда Ўзбекистонга экспорт ҳажми, коронавирус пандемиясига қарамай, 9,4 фоиз ўсди ва 2,1 миллиард долларни ташкил этди (бу кўрсаткич 2019 йилда 1,95 миллиард бўлган эди). Мамлакатимизга Ўзбекистондан тўқимачилик маҳсулотлари ва мева-сабзавот, пластик маҳсулотлари, машиналар, кимё маҳсулотлари импорт қилинмоқда. Бундан ташқари, 2020 йилда ўзбек автосаноати маҳсулотлари Қозоғистон бозорида автомобиллар сотиш бўйича етакчилар бешталигига кирди.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ соҳасидаги ҳамкорликнинг чекловлари ҳам бор. Қозоғистон Халқаро савдо ташкилотининг (ХСТ) расмий аъзоси ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) фаол иштирокчиси экани маълум. Ўзбекистон ҳозирча ХСТга киргани йўқ (музокара жараёни давом этмоқда), ЕОИИда эса кузатувчи мақомига эга. Албатта, бу савдо-сотиқ ва иқтисодий муносабатларга таъсир кўрсатмоқда, жадал ривожланишга ёрдам бермайди, чунки божхона тарифлари ва савдо-сотиқ қоидаларида тафовутлар бор. Шу билан бирга, Ўзбекистон жорий йил охирига қадар ЕОИИ билан эркин савдо зонаси ҳақидаги битимни имзолашни режалаштирмоқда.
Шунга қарамай, Қозоғистон биринчи навбатда йирик инфратузилма лойиҳалари, халқаро ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантиришга эътибор қаратган ҳолда савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорликни режали тарзда чуқурлаштирмоқда ва кенгайтирмоқда, бу ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш имконини беради. Шундай қилиб, ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини ошириш бўйича 10 миллиард долларлик режани яқин истиқболда амалга оширса бўлади. Ушбу потенциални иккала томон ҳам ҳисоблаб чиққан, фақат энди изчил тарзда шароит яратиш ва ўртадаги тўсиқларни олиб ташлаш керак бўлади.
Зокир Усмонов: Мамлакатлар ҳукуматлари олдига юксак вазифа қўйилган ва бунга икки мамлакат иқтисодиётининг ҳозирги тузилмаси билан эришиш мушкул. Швеция билан Финляндия тажрибаси далолат беришича, иқтисодиётнинг таққослама даражасида (Швеция ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) – 537 миллиард доллар, Финляндия ЯИМ – 270 миллиард доллар, Қозоғистон ЯИМ – 509 миллиард доллар, Ўзбекистон ЯИМ – 253 миллиард доллар) ушбу икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 20 – 30 миллиард долларни ташкил қилади. Ўзаро савдо-сотиқнинг бундай даражасига фақат иқтисодиётни мураккаблаштириш, яъни машинасозлик, электротехника ва ҳк. соҳаларни ривожлантириш орқали эришиш мумкин.
Икки мамлакатнинг савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлиги жадаллашмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодиёти жуғрофий жойлашувига кўра бир-бирини тўлдириши мумкин бўлган потенциалга эга ва ушбу имкониятларни самарали тарзда амалга ошириш учун икки мамлакат таҳлилий тузилмалари ҳамкорлигини кучайтириш керак бўлади. Қозоғистон Ўзбекистонга экспортининг асосий қисми нефт ва уни қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар, ун ва ёрма маҳсулотлари, ғалла, қора, рангли металлар, ноорганик кимё ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистондан Қозоғистонга энергия ресурслари (газ), пахта толаси, кимё маҳсулотлари ва пластмасса, ўғитлар, мева ва сабзавот ва бошқа товарлар турлари импорт қилинади. Ўзбекистоннинг экспорт тузилмасида Қозоғистон улуши 6 фоиз, импорт тузилмасида эса 9 фоиздир, бу Ўзбекистоннинг ташқи савдосида Қозоғистон муҳим ўрин эгаллашидан далолат беради. Ўзбекистон билан Қозоғистон иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради ва ўзаро рақобатлашмайди. Транспорт ва логистика, сув ва энергетика, машинасозлик, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза этиш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш зарур бўлади.
Инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик қайси даражада?
Санат Кушкумбаев: Қозоғистон билан Ўзбекистон сўнгги бир неча йил давомида бир қанча ўзаро манфаатли иқтисодий ва инвестиция ҳамкорликни амалга оширди. Уларнинг асосий қисми инфратузилма лойиҳалари, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Ҳозирги кунда Туркистон – Чимкент – Тошкент темирйўл магистрали қурилмоқда. Режа бўйича у 2024 йилда қуриб битказилиши керак. 2020 йил мартида Кўстанайдаги “СариаркаАвтоПром” заводида Chevrolet автомобилларини йиғишга киришилди.
Шуниси диққатга сазоворки, сўнгги 2 йилда Қозоғистон Ўзбекистондан бевосита инвестициялар бўйича сотиб олаётган соф активларнинг ўсиш тамойили кўзга ташланмоқда. 2019 йилда ушбу кўрсаткич 36,6 миллион доллар бўлган бўлса, 2020 йилда 49,9 миллион, 2021 йилнинг биринчи чорагида эса 74 миллион доллар бўлди. Лекин умуман олганда, ҳар икки томондан киритилаётган инвестициялар ҳажми ҳозирча унча кўп эмас.
Шунга қарамай, Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) маълумотига кўра, сўнгги йилларда иккала мамлакат компаниялари ҳамкорликни тобора кучайтира борган. 2020 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 900 та корхона, Қозоғистонда эса Ўзбекистон капитали иштирокида 1000 дан ошиқ корхона фаолият юритган. Эслатиб ўтиш жоизки, 2020 йилда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича йўл харитаси тасдиқланган эди.
Томонлар ўзаро келишувлар натижалари бўйича қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, енгил, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати, чорвачилик, энергияни тежовчи технологиялар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида юксак технологияларга асосланган қўшма ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш юзасидан 13 та инвестиция лойиҳаси рўйхатини тузди.
Зокир Усмонов: Иқтисодиёт ҳажми турличалиги ва тўлақонли иқтисодиёт мавжудлиги сабабли инвестицияларнинг аксарият қисми Қозоғистондан Ўзбекистонга оқиб келмоқда. Назаримизда, иқтисодиётнинг даража ва миқёси турличалиги сабаб инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик ривожланишининг дастлабки босқичида турибди, иккала мамлакат тадбиркорлари учун инвестиция жиҳатидан жозибали кўплаб соҳалар бор. Пандемия таъсири енгиб ўтилгандан ёки пасайтирилгандан, Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилган ва жадаллаштирилгандан сўнг икки мамлакатнинг инвестиция соҳасидаги ҳамкорлиги янада жадал ривожланиши кутилмоқда.
Тахмин этилишича, “Марказий Осиё” савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича халқаро марказ (МЦТЭС) энг йирик қўшма лойиҳа бўлади. Ушбу лойиҳа қандай амалга оширилмоқда? У Қозоғистон билан Хитой чегарасидаги Қўрғас сингари улкан аҳамиятга молик лойиҳа бўла оладими?
Санат Кушкумбаев: Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги чегараларда ягона бўлган ушбу лойиҳа нафақат икки томонлама, қолаверса, кўп томонлама даражада улкан истиқболга эга экани шубҳасиз. МЦТЭС бутун минтақадаги савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқаларни жадаллаштиради, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё билан ўзаро алоқаларни кучайтириш борасидаги стратегияси ҳисобга олинса, минтақалараро инфратузилма ва савдо-сотиқ лойиҳалари ҳам янги туртки олади.
Зокир Усмонов: Икки мамлакатнинг имкониятлари ва потенциали ҳисобга олинса, ушбу лойиҳа унчалик жадал ривожланмаётгани кўзга ташланади. Айни чоқда уни амалга ошириш нафақат икки мамлакат, қолаверса, минтақадаги бошқа мамлакатларнинг иқтисодий потенциалини рўёбга чиқаришда ўзига хос катализатор вазифасини ўтайди, Қўрғасдан кўра аҳамиятлироқ лойиҳага айланади, чунки минтақа мамлакатларининг денгиз йўлларига чиқиш имкони йўқ.
Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлиги истиқболларини қандай баҳолайсизлар? Мамлакатлар Жанубий Осиё йўналишида режалаштираётган транспорт коридорлари қанчалик самара бериши мумкин?
Санат Кушкумбаев: Икки мамлакатнинг транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлиги муҳим йўналиш ҳисобланади, чунки икки мамлакатнинг потенциали жуда баланд ва иккала томон ҳам уни амалга оширишдан манфаатдор.
Умуман, Марказий Осиё минтақасининг транспорт ва транзит потенциали ҳозирча заиф ривожланган. ЭСКАТО баҳосича, Марказий Осиё мамлакатлари чегараларини кесиб ўтиш тартиб-қоидаларининг норасолиги сабаб бу ерда халқаро маршрутлар бўйлаб товарлар етказиб бериш учун зарур бўлган вақтнинг 40 фоизи сарфланмоқда. Жаҳон банки берган баҳога кўра, Марказий Осиё мамлакатларининг ичи ва ўртасидаги транспорт алоқаларининг яхшиланиши минтақадаги мамлакатлар ЯИМ 15 фоиз ўсишига хизмат қилади. Шунинг учун минтақа давлатларида транспорт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланувига хизмат қилиши тушунчаси ортди ҳамда бу ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим воситаси бўлади, пировардида эса аҳолининг яшаш шароити ва сифатини яхшилайди.
Маълумки, минтақа мамлакатлари ҳудуди орқали “Шимол – Жануб”, “Ғарб – Шарқ” халқаро транспорт коридорлари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг Россия, Европа Иттифоқи (ЕИ), Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон ва Эрон билан савдо-сотиғи доирасида турли-туман минтақа аҳамиятига молиқ коридорлар ўтади. Минтақанинг транспорт соҳасидаги боғлиқлигини кучайтириш мақсадида мамлакатимиз Ўзбекистоннинг Транскаспий халқаро транспорт коридорини ривожлантиришда иштирок этишидан манфаатдор.
Ҳозирги пайтда мамлакатлар аҳолиси деярли 1,9 миллиард киши бўлган Жанубий Осиё бозорларига эркин чиқишдан манфаатдор. Қозоғистон Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. Ушбу масалалар жорий йилнинг 15 – 16 июл кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” деб номланган обрўли халқаро конференцияда муҳокама қилинди. Ҳозирги пайтда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси унчалик кўп эмас ва улар ташқи савдо айланмасининг 3,2 фоизини ташкил қилади. Шунинг учун ўсиш учун салоҳият мавжуд. Қозоғистон билан Ўзбекистон транспорт соҳаси ходимлари ўртасида доимий иш олиб борилмоқда, транзит потенциалидан самарали фойдаланиш учун оптимал вариантлар қидирилмоқда. Масалан, айни пайтда “Дарбаза – Мақтаарал” темирйўл линиясининг қурилиш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда, шунингдек, янги маршрутлар очиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Зокир Усмонов: Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг стратегик жиҳатдан муҳим йўналишларидан бири транзит, транспорт ва логистика соҳаларида кооперацияни кучайтиришдир. Ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси икки мамлакат ва минтақадан ташқарида жойлашган бошқа мамлакатлар потенциалига тўғри келмайди. Мавжуд даража ҳамда ЕИ билан Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида ортиб бораётган савдо-сотиқ ҳажми ҳисобга олинса, ушбу йўналишдаги транспорт коридорлари иқтисодий ўсишнинг тўлақонли катализатори бўлиши ва минтақа мамлакатлари потенциалини амалга ошириши мумкинлиги ойдинлашади. Улар истиқболда Марказий ва Жанубий Осиё минтақасини ўзаро боғлаши, бу эса минтақа мамлакатларига Покистоннинг Карачи ва Гвадар бандаргоҳларидан самарали фойдаланиш орқали жанубий денгизларга чиқиш имконини бериши мумкин. Ўз навбатида Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон ва Афғонистон ЕИ, Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бозорларига чиқиш имкониятига эга бўлади. Экспертлар башорат қилишича, зикр этилган темирйўлдан фойдаланишнинг дастлабки йилларида юк ташиш ҳажми 10 миллион тонна бўлади. 2025 йилга бориб, Ҳиндистон билан Покистоннинг Афғонистон ва МДҲ мамлакатлари билан савдо-сотиқ ҳажми мос равишда 20 миллард ва 6 миллиард АҚШ долларига етиши мумкин. Фақат Афғонистоннинг транзитдан ҳар йили қиладиган даромади 400 – 500 миллион доллар бўлади.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши лойиҳаси истиқболини қандай баҳолайсиз? У муваффақиятли амалга оширилган тақдирда айни пайтда Қозоғистон орқали ўтиб турган транспорт коридорларига рақобатчи бўла оладими?
Санат Кушкумбаев: Ушбу масала узоқ вақтдан – 1990-йилларнинг ўртасидан бери ечимини топмай келаётган эди. Бир қатор жуғрофий-сиёсий ва иқтисодий муаммолар, шунингдек, темирйўл кенглиги ва маршрути бўйича томонларнинг боши бирикмагани жараёнга тўсқинлик қилиб келди. Лойиҳани молиялаштириш асосий муаммо бўлиб турибди, у транзит мамлакатлар иқтисодий хавфсизлигига бевосита дахлдордир. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга ошириладиган бўлса, Қозоғистон ҳудудидан ушбу коридорга кўчирилиши мумкин. Лекин бу – ранг-баранглаштириш масаласи, бундан ташқари, мабодо соғлом рақобат юзага келадиган бўлса, барча томонлар бундан ютиши аниқ.
Зокир Усмонов: Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши бутун бошли минтақанинг жаҳон иқтисодий маконига интеграциялашув имкониятларини оширади. Айни коридор Қозоғистондаги мавжуд транспорт коридорларига рақобатчи эмас, аксинча, уларни тўлдиради. Агар интеграцион бирлашмалар ва уларга интилиш фақат бир мамлакатга иштирокчилар (масалан, ЕОИИ) ҳисобига бойиш имконини берса, унинг келажаги бўлмайди; аксинча, барча иштирокчилар (масалан, ЕИ) учун фойдалилик ҳисобига кучаядиган бўлса, истиқболи порлоқ бўлади, шунинг учун бу “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” лойиҳасини Қозоғистон транспорт коридорлари учун рақиб деб бўлмайди. Яна кўп нарса ушбу йўллардан кўпроқ юк ташилиши билан ҳам боғлиқ. Бу йўллар Хитойга ва Хитойдан элтиши ҳисобга олинса, иккала йўналишда ҳам товарлар оқими кўп бўлиши шубҳасиз. Ниҳоят, ушбу ва бошқа лойиҳаларни миллий чарчавалар (рамка) ичида бир-биридан узилган ҳолда эмас, минтақавий боғлиқлик (connectivity) ва интеграция контекстида кўриб чиқиш муҳимдир.
Ўзбекистон раҳбарияти туркий интеграция жараёнига қўшилиш ҳақида қарор қабул қилди ва бу Туркий давлатлар ҳамкорлиги кенгаши (ТДҲК) аҳамиятини ошириб юборди. Умуман олганда, сизлар туркий интеграция истиқболини қандай баҳолайсизлар?
Санат Кушкумбаев: Ўзбекистон 2019 йил 15 октябридан бошлаб расман Туркий кенгаш аъзосига айланди. Ушбу муҳим қарор кенгашнинг Бокудаги саммити чоғида қабул қилинган эди. ТДҲК динамик платформа ва унинг потенциали ортиб бормоқда. Маълумки, туркий интеграция жараёнига Туркманистон билан Венгрия катта қизиқиш билдирмоқда. 2021 йил ноябрида Истанбулда бўлиб ўтадиган Туркий кенгаш саммитида 5 та аъзо мамлакат раҳбарлари билан бирга Туркманистон ва Венгрия етакчилари иштироки этиши ҳам кутилмоқда. Ушбу икки мамлакат ТДҲКнинг потенциал аъзоларидир. Улар дастлабки босқичда алоҳида мақомга эга бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, Туркий кенгашнинг кенгайиб кетган мақсад ва вазифалари ҳисобга олинса, унинг халқаро ташкилотга айланиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Зокир Усмонов: Интеграциянинг ушбу йўналишини, мабодо у мамлакат эгаменлигига дахл қилмайдиган, бир “катта оға” ўрнига бошқаси пайдо бўлмайдиган тақдирда, истиқболли деб ҳисоблаш мумкин. Айни лойиҳани иқтисодий, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, туркий тилли мамлакатларнинг транспорт, логистика ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, дунё саҳнасида маданий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик, ўзаро манфаатли иш бирлиги ва ўзаро кўмакни кучайтириш томон йўналтириш зарур. Туркий интеграция туркий мамлакатлар учун ҳар хил тўсиқларсиз умумий маданий ва ижтимоий макон бўлиши шарт. Ушбу ташкилотнинг истиқболи улкан ва Ўзбекистоннинг унга тўлақонли аъзо бўлиб кириши унинг жуғрофий жойлашуви, тарихий мероси, демографик потенциали ва иқтисодий ривожланиши, шунингдек, ташкилотнинг роли ва аҳамиятидан келиб чиқиб, халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Туркий интеграция ташкилоти истиқболда туркий мамлакатлар эгаменлигини таъминлаш ва мустаҳкамлаш омили бўлиши керак.
Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг 2018 йилда Остонада бўлиб ўтган илк учрашувидан сўнг қабул қилинган энг муҳим қарорлардан бири “Ипак йўли визаси”га (Silk Road visa) оид қарор бўлди. Ўша ташаббуснинг бугунги аҳволи қандай ҳамда яқин ва узоқ чет элдан келадиган меҳмонлар учун Марказий Осиё мамлакатларидаги туризм истиқболлари ҳақида нима дея оласизлар?
Санат Кушкумбаев: Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ушбу ташаббусни амалга ошириш сайёҳлар сонини ҳар йили камида миллион кишига кўпайтириш имконини беради, бу иштирокчи мамлакатларда туризм соҳаси тараққиёти, иш ўринлари сонини кўпайтириш ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Умуман, лойиҳа стратегик истиқбол нуқтаи назаридан Марказий Осиё кооперациясини чуқурлаштиришга кўмаклашади.
Ҳозирги пайтда кўп марталик туристик электрон виза (SRV) ва ватандошлари уни олиш учун ҳужжат топшириш имкониятига эга бўладиган мамлакатларнинг ягона рўйхати ҳақидаги низом бўйича келишувга эришилди. Рўйхатга 123 та мамлакат кирди, шундан 105 та мамлакат ватандошлари Қозоғистонга сафар қилаётганда электрон ҳужжат олиши мумкин. Режа бўйича тажриба лойиҳаси 2022 йилда ишга туширилади, ҳозирча ҳуқуқий ва техник масалалар, жумладан, ахборот тизимларини интеграция қилиш, шунингдек, лойиҳани бирга молиялаштириш, яна ягона консуллик йиғими миқдорини аниқлаб олиш ва лойиҳани тўлақонли амалга ошириш учун ҳукуматлараро битим тузиш масалалари ҳал этилмоқда.
Дарвоқе, ушбу ташаббусга қўшни мамлакатлар: Қирғизистон билан Тожикистон ҳам қизиқиш билдирди.
Зокир Усмонов: Айни ташаббусни амалга ошириш минтақадаги ягона туристик маконни яратиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу дастурни ҳаётга татбиқ қилиш минтақа мамлакатларида ҳам ташқи, ҳам ички туризмни ривожлантириш, минтақа мамлакатларининг инвестицон жозибадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини кўпайтириш, минтақа мамлакатлари инфратузлимасини яхшилаш ва ҳк. имконини беради. Айни лойиҳанинг истиқболи жуда улкан, фақат бунинг учун минтақадаги барча мамлакатлар ҳамкорликни кучайтириши лозим. Пировардида ушбу виза минтақадаги интеграция жараёнларига эришиш ва уларни ривожлантириш учун энг асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Минтақавий кооперацияни кучайтириш ғояси мамлакатларингизда қандай баҳоланмоқда? Унинг мухолифлари борми ва улар тутган мавқеини асослаш учун қандай далилларни келтирмоқда?
Санат Кушкумбаев: Ҳар доимги ва ҳамма жойдагидай, тарафдорлар ҳам, иккиланиб қаровчилар ҳам бор. Бунга ёрқин мисол сифатида ЕИни келтириш мумкин, у ерда еврооптимистлар ҳам, евроскептиклар ҳам мавжуд. Албатта, аҳолининг, турли экспертларнинг ва сиёсий синфнинг фикрини фарқлаш керак. Лекин Қозоғистонда 3 та сегментнинг барчасида Марказий Осиёдаги минтақавий кооперацияни кучайтириш тарафдорлари фоизи жуда баланд. Сўнгги йилларда ўтказилган социологик сўровлар натижаларига кўра, қозоғистонликлар Марказий Осиё мамлакатларига ҳар доим ўта ижобий қараб келган. Қозоғистон аҳолисининг 55 – 60 фоизи ҳамиша Марказий Осиё кооперациясини қўллаб-қувватлаган. Сиёсат ва экспертлар муҳитида бундай қўллаб-қувватлаш янада юқори. Шу сабабли Қозоғистон раҳбарияти мустақиллик йиллари давомида изчил тарзда Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш стратегиясига амал қилиб келди. Қозоғистоннинг барча стратегик ҳужжатларида: “Қозоғистон – 2030” стратегиясидан тортиб, ташқи сиёсат концепциясига қадар Марказий Осиё кооперацияси вектори мустаҳкамлаб қўйилган. Амалда бу биринчи президент Н. Назарбоев ва иккинчи президенти Қ. Тўқаевнинг ҳаракатларида ҳам кўзга ташланади.
Умуман, бунга қарши далиллар ҳам кундай равшан. Уларнинг қамрови ҳам турли-туман: юзаки ишқибозлигу маҳаллийчиликдан Ғарбий Европани марказ деб билувчи ёндашувларгача. Ижтимоий-иқтисодий (ЯИМ, хомашё экспорти) этно-маданий ва бошқа сабаблар келтирилади. Лекин воқелик билан амалиёт бу баҳоналарни рад этади.
Зокир Усмонов: Бизнинг мамлакатда минтақавий кооперация жуда ижобий баҳоланмоқда, боз устига, мамлакат раҳбарияти уни мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида илгари сурмоқда. Бироқ минтақавий кооперация мураккаб соҳаларга (бунга ЕИ мисол) асосланиши керак; хомашё ишлаб чиқарувчи соҳаларга асосланган ҳолда кооперацияни таъминлаш жуда мураккаб ёки бунинг иложи йўқ. Ўзбекистонда минтақавий кооперацияга қарши бўлган кишиларни йўқ деб айтса ҳам бўлади ёки уларнинг мавқеи жуда заиф. Ушбу жараён қанчалик жадал олға силжиётгани эса бошқа масала. Биз “кооперация” атамаси аксарият ҳолларда минтақавий муносабатлар моҳиятини торайтириб қўймоқда, деб ҳисоблаймиз, чунки улар фақат масаланинг иқтисодий жиҳатини акс эттиради, шу билан бирга, “интеграция” тушунчаси ноҳақ тарзда тилга олинмаяпти ёки унга менсимай қаралмоқда.
Минтақавий кооперация кучайишининг янги босқичидан нималарни кутяпсизлар? Томонлар Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг маслаҳат учрашувлари чоғида катта натижаларга эришишни давом эттира оладими?
Санат Кушкумбаев: Марказий Осиё шароитида минтақавий субъектликнинг (индивиднинг ҳаракат субъекти сифатида ҳаракат қила олиши, бошқалардан мустақил бўлиши) кучайиши миллий мавқеларнинг, миллий субъектликнинг кучайишидир. Атрофимизни қандай давлатлар қуршаб тургани маълум. С5+ қабилидаги янги форматларнинг пайдо бўлиши ва эскиларининг фаоллашуви минтақавий интеграция кучаяётгани оқибатидир. Оддий ҳақиқат шуки, ўзаро хабарлашиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш йўли билан миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва олға силжитиш осон ва самаралироқдир.
Турли муаммолар ва тўсиқларга қарамай, истак ҳам, сиёсий ирода ҳам бор. 6 августда Туркманистонда навбатдаги Маслаҳат кенгаши бўлиб ўтади[1]. Ундан олдинги иккитаси конструктив руҳда ўтган эди. Умуман, томонлар олдинги тажрибадан келиб чиқиб, шошма-шошарлик қилмай ва олдинга югуриб кетмай мулоқот қилмоқда.
Зокир Усмонов: Минтақавий кооперация кучайишининг янги босқичига минтақадаги чегара, сув ва энергетика муаммолари ҳамда транспорт ва логистика масалалари тўлиқ ҳал этилгандан сўнг чиқиш мумкин бўлади. Мана шу санаб ўтилган вазифаларнинг тез орада ечилиши минтақавий кооперация ва интеграция кучайишига эш бўлади. Умуман, янги босқич минтақавий ҳамкорликка институционал тус бериш йўли билан бошланиши керак.
Томонлар Маслаҳат кенгаши мажлисида салмоқли натижаларга эришиши лозим. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида чегаралар тўғрисидаги келишувга эришилгани ва бошқа имзоланган ҳужжатлар минтақадаги жуда катта олға силжиш юз берганини ҳамда мамлакатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳар қандай муаммога ечим топиши мумкинлиги намунаси бўлди. Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара можароси бошланғич нуқта ва мавжуд муаммоларни тез орада ҳал этиш турткисига айланди, чунки муаммоларни ҳал этиш бундан буён ҳам чўзилиб кетиши минтақадаги барча мамлакатлар ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бундан ташқари, Маслаҳат кенгаши мажлисида Афғонистондаги вазият муҳокама қилиниши ҳам мумкин. Афғонистондаги вазият ёмонлашаётган шароитда жуғрофий-сиёсий қарама-қаршиликнинг янги ҳалқаси аломатлари яққол кўзга ташланмоқда. Афғонистондаги вазият бўйича ягона позиция мавжудлиги эълон қилиниши минтақадаги 5 та давлатнинг бирлашган кучи ва потенциали намойиши бўлур эди. Маслаҳат кенгаши Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлиги ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга салмоқли янги туртки бериши шарт.
Келаси сафар Туркманистонда бўлиб ўтадиган учрашувнинг кун тартиби қандай?
Санат Кушкумбаев: Олдинги учрашувлар кун тартиби ҳисобга олинса, жипс ёндашувлар, минтақавий ҳамкорликнинг аниқлаштирилган йўл харитаси ҳақида гапириш мумкин бўлади. Транзит, савдо-сотиқ, энергетика масалалари билан бир қаторда сув, экология, иқлим ўзгариши масалаларига эътибор қаратилади. Жорий йилда коронавирус инфекциясига қарши кураш муаммолари қаторига минтақавий ва халқаро хавфсизлик, Афғонистон омили ҳам қўшилди.
Ташқи шериклар билан ҳамкорлик ҳақида сўз кетганда, экспертларнинг бир қисми кўпинча позицияларни жипслаштириш ва қўшма нуқтаи назар ишлаб чиқишни таклиф қилади. Масалан, Хитой билан ҳамкорлик ҳақида гап кетганда. Сизнингча, бунга зарурат борми ва бу ғояни амалга оширса бўладими?
Санат Кушкумбаев: Жумладан, шундай масалаларда ҳам мувофиқлаштириш ва ҳатто жипслашув ортиқчалик қилмайди. Бундай ёндашувни амалга оширса бўлади. Муҳими, учинчи томонлар манфаати учун воситага айланиб қолишга йўл қўймасликдир. Жипслашув кимгадир қарши чиқиш учун керак эмас, чунки бундай ёндашувнинг фойдадан кўра зиёни кўпроқ тегиши шубҳасиз. Муаммоларга бир кўз билан қараш ва ёндашувлар минтақа даражасидаги умумий вазифалар ва масалаларни ҳал этишда қўл келади.
Зокир Усмонов: Ҳа, муаммоларга бир кўз билан қараш ва жипслашув минтақа мамлакатлари эришиши зарур бўлган муҳим унсурдир. Муаммоларга бир кўз билан қараш ва жипслашувга эришмай туриб, минтақа мамлакатлари ўз потенциалини рўёбга чиқариши ва манфаатларини ҳимоя қилиши мушкул бўлади. Бу ўринда минтақа мамлакатларининг молия масаласида Хитойга турли даражада қарамлиги (Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ушбу мамлакатдан йирик миқдордаги қарздорлиги), Хитойнинг Қирғизистон билан Тожикистон ерларига даъвогарлик қилаётганини ҳисобга олиш керак бўлади. Хитой билан ҳамкорликнинг 5+1 формати мавжуд ва у Хитой билан ҳамкорлик учун тўлақонли майдонча бўлиши мумкин. Айни формат фақат ташқи ишлар вазирлари даражасида қолиб кетмай, минтақа мамлакатлари раҳбарлари даражасига кўтарилиши зарур. Умуман, буюк давлатлар билан қўшнилик (Бир тарафдан – РФ, бошқа томондан – ХХР) Марказий Осиёдаги 5 та мамлакатнинг барча позициялари ва сиёсатидаги жипслашув заруратини тақозо қилади, чунки ушбу қўшнилик уларнинг жуғрофий-сиёсий тамойиллар олдидаги заифлигини кўрсатади.
Қозоғистоннинг Ўзбекистон ташқи сиёсат стратегиясидаги ҳақиқий (гапирилаётгани эмас!) ўрни қандай? Ўзбекистон раҳбариятининг минтақавий муносабатларга аҳамият беришга қаратилган сиёсий йўналиши қандай амалга оширилмоқда?
Зокир Усмонов: Қозоғистон учун Ўзбекистон ўз иқтисодий потенциалини рўёбга чиқариш, минтақа мамлакатлари жипслашувини таъминлаш борасида улкан потенциалга эга мамлакат ҳисобланади; уларнинг муносабати ўзаро ишонч жуда юқори экани билан ажралиб туради. Қозоғистон билан Ўзбекистон 2013 йилдан бери стратегик шериклардир, 1997 йилда улар ўртасида “Абадий дўстлик тўғрисида”ги шартнома имзоланган эди.
Буюк давлатларнинг глобал қарама-қаршилиги ва бошқа глобал муаммолар ортиб бораётган шароитда минтақавий муносабатлар мамлакатлар ўзаро манфаатли ҳамкорлигини жадаллаштириш манбаси ва улар омон қолиши шартларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун минтақавий муносабатлар Ўзбекистон энг устувор йўналишлардан биридир. Қозоғистон билан муносабатлар жадаллашуви, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан келишувлар ва Афғонистон билан ортиб бораётган савдо-сотиқ айланмаси шундан далолат беради. Айни чоқда Қозоғистон билан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг 2 та етакчиси экани шубҳасиз.
Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида қандайдир норасмий иттифоқ тузиш истиқболини қандай баҳолайсизлар? Бу ўринда гап Тошкент билан Нур-Султон минтақавий интеграциянинг локомотиви бўлиб, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларини тортиб кетиши мумкинлиги тўғрисида кетмоқда.
Санат Кушкумбаев: Ушбу фикрлар Германия билан Франциядай 2 та локомотиви бўлган ЕИ намунасидан келиб чиқиб айтилаётган бўлса, ажаб эмас. Марказий Осиёда шароит ҳам, тарихий ўтмиш ҳам Европаникидан фарқ қилади, бироқ Марказий Осиёдаги минтақавий кооперация ва/ёки интеграцияни Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг фаол иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Икки мамлакат қалин кооперация қилиш йўли билан ушбу жараённинг ўзаги ва локомотиви бўлиши аён, жараён эса очиқ, тушунарли ва энг муҳими, уни қўшни мамлакатлар қўллаб-қувватлаши керак.
Зокир Усмонов: Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида норасмий иттифоқ тузилиши икки мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти ва сиёсий эгаменлиги мустаҳкамланишига мустаҳкам пойдевор яратган бўлур эди. Норасмий, носиёсий, устмиллий органи бўлмаган иттифоқ ташкил этишга ички ва ташқи характерга эга бўлган бир неча омил таъсир кўрсатади:
Уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
- икки мамлакат иқтисодиётининг хомашё ишлаб чиқаришга йўналтирилгани: Қозоғистон иқтисодиётида нефть ва металлар, Ўзбекистон иқтисодиётида эса олтин, газ, уран ва ҳк. устунлик қилади (барча кучли иттифоқлар асосида ранг-баранглаштирилган ва саноат жиҳатидан ривожланган иқтисодиёт ётади, бунга ЕИни мисол қилиб келтириш мумкин);
- миллат қурилиши жараёнларининг охирига етмагани, миллий манфаатларнинг мавҳумлиги. Мамлакатда миллий манфаатларни ёқламайдиган турли ижтимоий, ёш гуруҳлари ва миллатларнинг мавжудлиги барча халқларнинг жипслашуви, миллат қурилиши жараёнларини охирига етказишда эш бўлмайди.
Ташқи омиллар:
- Қозоғистон ерларига Россия тарафидан очиқдан-очиқ даъволар билдирилаётгани (неоимперия реваншизми), Ўзбекистонга ЕОИИга кириши учун босим ўтказилаётгани, Россиянинг фақат ўзи етакчилиги ва назоратидаги иттифоқдан манфаатдорлиги;
- Афғонистонда давом этаётган ва Марказий Осиё мамлакатлари ривожланишига йўл бермаётган уруш минтақада терроризм ва ва экстремизм тарқалиши таҳдиди манбаси бўлиб қолмоқда
Ушбу муаммоларни, назаримизда, қуйидагича ҳал этиш мумкин:
- икки мамлакат иқтисодиётидаги ранг-баранглаштириш ва саноатлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, қисқа муддатларда уларни максимал даражада мураккаблаштириш;
- Марказий Осиё мамлакатларининг жуғрофий-стратегик жойлашувини ҳисобга олиб, Қозоғистон билан Ўзбекистон минтақавий интеграциянинг локомотивлари сифатида бутун бошли минтақани стратегик жиҳатдан бирлаштириш йўлида саъй-ҳаракатларини бирлаштириши шарт. Хусусан, Ўзбекистон билан Қозоғистон минтақа инфратузилмасини кенг миқёсда тараққий эттириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ва ҳк.ни (Маршалл режасига ўхшаш) ривожлантириш бўйича йирик инвестиция режаларини қабул қилиш мақсадида саъй-ҳаракатларини бирлаштириши керак бўлади, бу минтақа мамлакатларини экстремизм, терроризм ва наркотрафикнинг асоси бўлган қашшоқликдан жадал олиб чиқиш имконини берган бўлур эди;
- Германия билан Франция корпусига ўхшаш тарзда Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида ўзбек-қозоқ тезкор армия гуруҳини ташкил этиш. Бундай қадам ўзбек армиясининг ҳарбий тажрибаси ва юксак руҳи ҳамда қозоқ армиясининг техник жиҳозланганини (Ўзбекистон қуролли кучлари – 48 – 50 минг киши, Қозоғистон қуролли кучлари – 70 минг киши) ҳисобга олиб, икки мамлакат ҳарбий потенциали ва ресурсларини бирлаштириш, бу эса ўз навбатида эгаменликни таъминлаш имконини беради.
Қозоғистонда меҳнат мигрантлари, жумладан, Ўзбекистондан бораётган меҳнат мигрантларига муносабат ўзгаряптими? Умуман, Қозоғистонда Ўзбекистон қандай идрок этилаётгани тўғрисида нима дея оласиз?
Санат Кушкумбаев: Ушбу мавзулар бўйича замонавий тадқиқотлар ўказилиши керак. Ҳозирги пандемия ва иқтисодий муаммолар кескинлашаётган даврда мамлакатдаги ва бутун дунёдаги вазият тез ўзгармоқда. Шахсан ўзим Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантларидан қаттиқ норозиликка дуч келганим йўқ. Анъанага кўра, Марказий Осиё мамлакатларидан келган меҳнат мигрантлари маҳаллий аҳоли билан деярли рақобатлашилмайдиган иш ўринларини тўлдириб келган ва меҳнат бозоридаги талабга жавоб берган.
Ўзбекистон бир хил идрок қилинаётгани йўқ. Оммавий, сиёсий ва экспертлар даражасида тафовутлар бўлса, ажаб эмас. Умуман олганда, айниқса, Ўзбекистондаги ахборот воситалари очиқлиги сабаб у ижобий қабул қилинмоқда. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги у ёки бу ислоҳотлар ва янгиликлар ҳақида кўплаб ахборот пайдо бўлмоқда, қозоғистонликлар уларни қизиқиш билан кузатиб бормоқда ва ўзбекларга бу борада самимий тарзда муваффақиятлар тиламоқда. Сайёҳлик нуқтаи назаридан Ўзбекистон қозоғистонилклар орасида жуда машҳур. Поп-маданият даражасида ҳам ўзаро маданий таъсирлашув кенгайди.
Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабтларида ҳалигача ҳал этилмай қолаётган қандай муаммолар бор?
Санат Кушкумбаев: Минтақа мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон Ўзбекистон ўртасидаги энг кескин масалалардан бири сув билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилмай қолаётганидир. Жадал қишлоқ хўжалиги ва саноат фаолияти билан боғлиқ тарзда сув истеъмолининг ортиб бориши, дарёларнинг трансчегаравий бассейнида аҳоли сони ўсишининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ чигалликларга қўшилиб кетиши, музликлар эриши ва ҳк. тобора кўпроқ ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг қўзғатувчисига айланмоқда. Шунинг учун сув масаласини тартибга солишда томонларнинг бирга ва ўзаро мақбул ёндашувлари муаммоларни бартараф этиш имконини бериши тайин. Қайд этиш жоизки, ҳозирги пайтда давлатлар ушбу масалани ҳал этишда анча олға силжишга эришди ҳамда яратилган давлатлараро механизмлар, кенгашлар, битимлар ва ҳк. фаол иш бермоқда. Асосий жиҳат – икка томондан ҳам сиёсий ирода мавжудлиги ушбу соҳадаги барча масалаларни очиқ ва тезкор кўтариш ва муҳокама қилишга имкон яратмоқда.
Зокир Усмонов: Турли маълумотларга кўра, 200 дан 300 минггача Ўзбекистон ватандоши Қозоғистонда меҳнат миграциясида бўлиб турибди, бу ушбу мамлакатнинг жозибадорлигини кўрсатади. Шу билан бирга, меҳнат миграциясини тартибга солиш, унинг Қозоғистондаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояланганини таъминлаш (божхона, куч ишлатувчи тизимлардаги ноҳақ йиғимларга, ойлик маош тўланмаслигига чек қўйиш ва ҳк.) масалалари юзага чиқмоқда.
Орол муаммосини ҳал этиш бўйича Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг қарашлари ўзаро мос тушадими? Умуман, Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида сувдан бирга фойдаланишни ташкил қилиш бўйича қандай қадамлар қўйилмоқда?
Санат Кушкумбаев: Айниқса, сўнгги йилларда позицияларимиз яқинлашди. Бу экологик, ижтимоий ва иқтисодий ўлчамлари бор комплекс муаммо экани ҳаммага маълум. Бизнинг икки мамлакатимиз Сирдарё ва Амударёнинг қуйи қисмида жойлашган. Айни чоқда Ўзбекистон ҳам Сирдарё, ҳам Амударёнинг сув оқимига қисман таъсир кўрсатиши мумкин. Амударёнинг суви Сирдарёникидан бир неча баробар кўп, бироқ ёзги суғориш мавсумида Амударё суви кўпинча Орол денгизига, аниқроғи, ундан қолган жойга етиб бормайди. Бу Ўзбекистондан кам бўлмаган ҳолда Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонга ҳам боғлиқ. Биз тарнсчегаравий дарёлар сувидан хўжаликларда фойдаланиш билан боғлиқ барча қийинчиликларни тушунамиз. Қозоғистоннинг ҳиссаси маълум – кичик Оролни сақлаб қолиш. Умуман, минтақа мамлакатлари саъй-ҳаракатларимиз жорий шароитда оптимал қарор қабул қилишдан иборатлигини тушунади. Биз Ўзбекистон томонининг Орол денгизининг қуриб қолган тубида саксовул ва бошқа тузга чидамли ўсимликлар экиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу тажрибани қуриб қолган денгизнинг Қозоғистон қисмида қўллаб кўрмоқчимиз. Бу борада тегишли дастур қабул қилинади.
Қозоғистон ҳозирги босқичда Марказий Осиёнинг сув-энергетика консорциумини ташкил этишни, шунингдек, “Сирдарё” ва “Амударё” бассейни сув хўжаликлари бирлашмалари ишини кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари ва халқаро шериклар кўмагида Орол денгизининг шимолий қисмини тиклаш лойиҳасини охирига етказиш зарур.
Зокир Усмонов: Ҳозирча икки мамлакатнинг Орол муаммосини ҳал этишга бўлган қарашлари ўзаро мос келмаяпти, Қозоғистон Орол денгизининг шимолий қисмида (Кўкорол тўғони ёрдамида) Кичик Орол денгизини яратди, Ўзбекистон эса қуриб қолган Орол денгизи ўрнидаги 1,2 миллион гектар майдонни кўкаламлаштириш бўйича кучайтирилган чоралар кўрмоқда. Орол денгизи муаммоларини бирга ҳал қилиш Оролбўйи минтақасидаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш имконини беради, бу эса икки мамлакат давлат тузилмалари ва олимларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этади.
Ўзбекистон билан Қозоғистон Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш бўйича бирлашган позицияни ишлаб чиқиши ва олға суриши керак, икки мамлакат сувдан бирга фойдаланиши учун минтақадаги бошқа мамлакатлар манфаатларига дахл қилмайдиган ҳуқуқий асос яратилиши зарур. Маълумки, иккала мамлакат ҳам минтақадаги иккита асосий дарёнинг қуйи қисмида жойлашган, уларнинг сувдан фойдаланиш борасидаги манфаатлари ҳам, стратегияси ҳам ўхшаш.
Ўзбекистонда Қозоғистон жамоатчилик фикри ва сиёсий доиралар даражасида қандай идрок этилмоқда?
Зокир Усмонов: Идрок этишнинг бир неча йўналишлари бор:
- бизнесменлар учун инфратузилмаси нисбатан яхшироқ ривожланган, бозор иқтисодиётига эга улкан имкониятлар мамлакати;
- абитуриентлар учун олий таълим олишнинг оммабоп йўналиши (айрим маълумотларга қараганда, 10 мингдан 20 минггача бўлган талаба ўша ерда таълим олмоқда);
- меҳнат миграцияси соҳасида ижобийдан кўра салбий идрок этиш, бу меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан яхши ҳимояланмагани билан боғлиқ;
- оддий кишилар, сиёсиё элита, маданият арбоблари, фуқаролик жамияти учун Қозоғистон қардош мамлакат ҳисобланади ҳамда мамлакатлар тарихий келиб чиқишига кўра ҳам яхши қўшни, ўзаро ёрдамлашиб ва бирдам яшаши зарур.
Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида маданий ва гуманитар соҳадаги муносабатлар борасидаги алоқалар қанчалик кучли? Масалан, томонларнинг бир-бирининг университетлари филиалларини очиш режалари тўғрисида маълумотлар бор. Илмий ҳамжамиятларнинг ҳамкорлиги қай даражада?
Санат Кушкумбаев: Умумий ўтмиш узоқ муддатли тарихий ўзаро таъсирлашув билан бирга қўшилиб, жиддий омилга айланади. Маданий ва гуманитар ҳамкорлик ўсиб бормоқда, иккита дўст қўшни мамлакат ўртасидаги муносабатлар шундай бўлиши ҳам керак. Бу ерда ҳамма нарса фестивал ёки бошқа тадбирлар ўтказишда неосовет анъанасига таяниши шарт эмас. Давлатларнинг бу борадаги роли нозик ва тегишли шароитлар яратилишига қаратилиши лозим. Шунинг учун икки мамлакат бир-биридан ўрганиши мантиқан тўғри ва муқаррар бўлади.
Ҳамкорлик таълим ва илм соҳасида кенгайиб бориши қонунийдир. Вақт ўтиши билан бу оддий ҳолга айланиши (худди иқтисодиёт, савдо-сотиқ, туризм, инвестициялар ва ҳк. соҳаларда бўлгани каби) ҳамда ушбу соҳаларда таққослама йирик потенциалга эга бўлган 2 та қўшни мамлакат ўртасидаги нормал муносабатларни кўрсатиб бериши лозим.
Зокир Усмонов: Сўнгги йилларда маданий ва гуманитар соҳадаги муносабатлар мустаҳкамланди, лекин ушбу соҳада икки мамлакатнинг маданий ва ижтимоий интеграциясини мустаҳкамлаши мумкин бўлган резервлар ҳали кўп.
Қозоғистоннинг олий таълимни ривожлантириш соҳасида улкан тажрибаси бор, уни Ўзбекистондаги шароитни ҳисобга олиб қўллаш ва машҳур қозоқ университетларининг филиалларини очиш зарур. Илмий ҳамжамиятлар ҳамкорлиги потенциали ҳам жуда катта, ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш интеграция ва кооперация муаммоларини самарали ҳал этишга кўмаклашади. Икки мамлакат илмий ҳамжамиятлари ҳамкорлигини жадаллаштириш зарур.
____________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Интервью CAAN сайтида ушбу санадан олдин чоп қилинган эди.