Сурат манбаси: eurasia.expert
Муаллиф: Гули Йўлдошева – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази илмий ходими; сиёсатшунослик фанлари доктори; халқаро муносабатлар бўйича профессор-ўқитувчи. Гули Японияда (1998 йили), IREX стипендияси доирасида 1998 – 1999 йилларда, Фулбрайт стипендияси доирасида эса 2001 – 2002 йилларда АҚШда малака оширган. 2009 – 2010 йилларда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг сиёсий масалалар бўйича эксперти бўлган.
Ҳалқаро ҳаётнинг айни пайтдаги энг долзарб муаммоларидан бири АҚШ қуролли кучларининг Афғонистон Ислом Республикасидан (АИР) аста-секин олиб чиқиб кетила бошлаганидир. Ушбу воқеа минтақанинг Афғонистондаги 30 йилдан ошиқ давом этаётган можарога чек қўйишга интилиш сабаб бўлган инқирозли ривожланишидаги кулминацион нуқтадир, айни чоқда бу ҳол Марказий ва Жанубий Осиё (МЖО) минтақаси атрофидаги жуғрофий-сиёсий курашни кескинлаштирмоқда. “Кенгайтирилган учлик”нинг 18 мартда Москвада, 30 апрелда эса Қатарда бўлиб ўтган ҳамда Истанбулда АҚШ шафелигида айни мавзуда ўтказилиши кутилаётган халқаро конференцияга тайёргарлик вақтига тўғри келган учрашувлари натижалари ўша тамойилларнинг инъикосидир. Тахмин сифатида шуни айтиш мумкинки, ушбу воқеалар жамланмаси Марказий Осиё (МО) минтақаси давлатлари чегарасида янги зўравонликлар тўлқини ва фуқаролар уруши авж олиб кетишига сабаб бўлади, энг яхши ҳолатда эса Афғонистондаги бошқарув тизимига кўплаб номаълум ва ўзгарувчан нарсалар билан дахл қилади ва бу МО мамлакатларида алоҳида ташвиш уйғотади.
АҚШ
Қўшма Штатларда МЖОда Россия билан Хитойнинг роли ва аҳамияти ҳақида аниқ реалистик тушунча ҳосил бўлгани тайин. Ўтган йиллар расмий Вашингтонга ушбу акторларни МЖО минтақасидан сиқиб чиқаришга оид сиёсий ўйинлар самара бермаслигини яққол кўрсатиб берди. Шу сабабли Қўшма Штатлардаги ички инқироз ва ишончли шериклар йўқлиги сабаб Вашингтон минтақадан жуғрофий-сиёсий рақибларини сиқиб чиқаришнинг янги босқичини бошлаши даргумон. АҚШ рационал сиёсатида минтақадаги бошқа акторлар манфаатларини маълум даражада ҳисобга оладиган прагматизм ва рационализмни танлаши ҳақиқатга яқинроқ кўринади.
Шунинг учун, афтидан, АҚШ Афғонистонда, бир тарафдан, икки ёқлама сиёсат юритмоқда, у бир томондан, ўз мақсадларини олға суришга қаратилган ва бундай ҳолатда, Клинкен таъкидлаётганидай, афғон муаммосини бартараф этишда Ҳиндистон билан Эроннинг алоҳида ролига умид қилинмоқда[1]. Бошқа тарафдан, Вашингтон АҚШнинг минтақадаги стратегияси амалга ошишига тўсқинлик қилиш мумкин бўлган рақиблари – Россия билан Хитой билан кескин зиддиятларга бормасликка интилмоқда.
Бунинг асосида тобора ўзаро боғлиқ бўлиб бораётган дунёда хавфсизлик ва иқтисодиёт манфаатлари; Россия билан Хитойнинг Марказий Осиёдаги кучли таъсирини ҳисобга олиш; ижобий халқаро обрў-эътиборни ва минтақада жуғрофий-сиёсий ҳозирликни сақлаб қолиш ётгани аён. Бундай ёндашув Москва ва Пекин билан алоҳида яқинлашмай туриб, улар билан минтақани ривожлантириш юзасидан алоҳида, умумий аҳамиятга эга ва асосий масалалар, хусусан, минтақада Ислом халифалигининг ҳеч бир шакли қарор топишига йўл қўймаслик бўйича ҳамкорлик қилиш имконини беради.
Бугун Москва ва Вашингтон шу муносабат билан яқинлашаётгани бежиз эмас, бу бақарорлик ва халқаро хавфсизликни сақлаб қолиш учун манфаатлар мувозанати ва манфаатлар мос келадиган нуқталарни назарда тутади. Бундай амалиёт АҚШнинг Россия ёки Хитойни Афғонистон ва МОда потенциал устунлик қилишдан тийиб туришга уринишларини тўлиқ истисно этмайди.
Шу билан бирга, Вашингтонда Туркиядан Ғарб сиёсатини ёювчи сифатида фойдаланиш ғояси тикланаётган кўринади. АҚШнинг БМТ шафелигида Интанбулда ўтказилишини режалаштирилган халқаро конференцияси (илгари конференция 24 апрелдан 4 майгача бўлиб ўтиши хабар қилинган эди, сўнгра у кейинроққа кўчирилди), афтидан, Афғонистондаги сиёсий кучлар билан якуний тинчлик битимига, шунингдек, барча шу ишга дахлдор акторлар билан умумминтақавий муросага эришиш, Американинг минтақадан ёруғ юз билан кетишини таъминлаш ва АҚШнинг минтақага оид келгуси стратегияси учун қулай шароит яратишга мўлжалланган.
Режалаштирилаёган келишувнинг энг муҳим шартларидан бири Афғонистондаги миллий бирликнинг асоси сифатида мамлакат сиёсий ҳаётида ислом принципларига, ислом динига ва халқ анъаналарига амал қилишдир[2]. Шунга қарамай, Истанбул конференцияси бир қанча сабабларга кўра қолирилди, унинг асосий сабабларидан бири то чет эл қуролли кучлари Афғонистондан чиқиб кетмагунча толибларнинг унда қатнашишдан бош тортаётгани бўлди. Дарҳақиқат, 2020 йилда Доҳада қўл қўйилган битимга кўра, Ғарб қўшинлари АИРдан 2021 йил 1 майга қадар чиқиб кетиши керак эди, кейинчалик ушбу қўшинларни тўлиқ олиб чиқиб кетиш санаси 11 сентябр – Ню-Йоркдаги террорчилик амалларининг 20 йиллиги кунига кўчирилди.
Афғонистондаги тартибсизликлар фуқаролар урушига айланиб кетиши мумкинлигини ҳисобга олиб, Қўшма Штатлар ушбу мамлакатдан бутунлай чиқиб кетмоқчи эмас. Вашингтон Афғонистон ҳуқуматини қўллаб-қувватлашни, афғон хавфсизлик кучларига ёрдам беришни ҳамда мамлакатнинг ижтимоий ва гуманитар соҳаларига сармоялар ётқизишни режалаштирмоқда[3]. АҚШ Конгресси учун тайёрланган Пентагон ҳисоботида айтилишича, “Ал-Қоида” толиблар билан ҳамкорлик қилиб, АИРдаги Америка кучларига таҳдид соляпти[4]. Вашингтон шу муносабат билан Афғонистон кучлари мамлакатни мустақил ҳимоя қила олишига шубҳа билан қарамоқда[5]. Пентагон билан Америка дипломатлари қўшинлар олиб чиқиб кетилгандан сўнг Афғонистонда терроризмга қарши амалиётлар ўтказиш учун учувчисиз учоқлар базасини жойлаштириш режаси устида минтақа мамлакатлари билан бирга иш олиб бормоқда. Масъулият энг аввало Афғонистоннинг минтақадаги қўшнилари зиммасига тушади. Гап биринчи навбатда Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳақида кетмоқда[6].
АҚШнинг Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича махсус вакили Залмай Халилзод сўнгги пайтларда минтақанинг бир қанча мамлакатлари, жумладан, Тошкентга сафар қилгани тасодиф эмас. Минтақада юзага келган инқирозли вазиятни ҳисобга олиб, АҚШ билан “Толибон” вакиллари қўшинларни июль ойига қадар тўлиқ олиб чиқиш имкониятини муҳокама қилмоқда[7]. Агар ушбу масала юзасидан келишувга эришилса, толиблар музокараларга қайтиши ва Истанбул конференциясида қатнашиши мумкин.
Толиблар билан музокараларга оид тушкун башоратлар қилинаётган бир пайтда АҚШнинг Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича махсус вакилининг бир қадар некбин ва реал ҳаётга яқин баҳоси ажралиб туради. Унинг фикрича, агар толиблар ҳокимиятни ҳарбий йўл билан эгаллаб олса, изоляция ва халқаро акс ҳаракатларга дуч келиши сабабли Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мумкин[8].
Афғонистон ҳукумати
Маълумки, Афғонистон ҳукумати АҚШнинг толибларнинг ҳукуматдаги улуши 50 фоиз бўлиши ва президент Ашраф Ғанини лавозимидан четлатиш ғоясига қарши чиқмоқда. Афғонистон етакчилари ташқи давлатларнинг АИР ички ишларига аралашмаслигини талаб қилмоқда ва бунинг учун мамлакат ривожланишидаги асосий механизм ҳисобланган конституция қоидаларини важ қилиб кўрсатмоқда. Қобул болға билан сандон: АҚШ билан “Толибон” ҳаракати ўртасида қолиб кетаётир.
Афғонистон ҳукумати ушбу мамлакат қамоқхоналарида “Ислом давлати”нинг 408 нафар жангариси борлиги ва уларнинг аксарияти (299 киши) Покистон ватандошлари эканини айтмоқда. Айни чоқда Афғонистон қамоқхоналарида яна бошқа террорчилик гуруҳларига алоқадор 309 нафар жангари бор [9]. Доҳа битими имзолангандан сўнг Афғонистонда толибларнинг ҳужумлари сони 24 фоиз ўсди. Шу муносабат билан АИРнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳиб чет эл қўшинлари керагидан олдин мамлакатдан олиб чиқиб кетилган тақдирда фуқаролар уруши таҳдиди пайдо бўлишидан огоҳлантирди [10].
Шундан келиб чиққан ҳолда ва толибларнинг ҳокимиятни бўлишиш масалаларида муросага келмаётганини ҳисобга олиб, Афғонистондаги сиёсий мухолифлар ўзаро келишмовчиликларини бир четга суриб қўйиб, бирлашишга киришаётир. Толибларнинг обрўси тушиб бормоқда, улардан ташқи ҳомийларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлмоқда, Форз кўрфази мамлакатларида “Толибон”га қилинаётган хайр-эҳсон миқдори камайиб бораётгани ҳам шундан далолат беради [11].
“Толибон” ҳаракати
“Толибон” ҳаракати бундай шароитда ҳокимиятга ўзига қулай шартлар билан эришиш учун АҚШ билан сиёсий савдолашиш жараёнида вазиятдан унумли фойдаланиб қолиш ниятида бўлиши аниқ. Толибларнинг жимлиги вақтинча бўлиб, бу ҳол уларнинг бўлғуси музокараларга яхшироқ тайёргарлик кўришидан далолат бераётган эди. Шуниси кундай равшанки, уларнинг музокара жараёнида, жумладан, Истанбул конференциясида иштирок этмаслиги пул ва инвестиция манбаларидан (АҚШ) қуруқ қолишига; афғон халқи орасида таянч ва қўллаб-қувватлашдан, жумладан, ҳукуматга қарши сиёсий мухолифат дастаклашидан маҳрум этилишига, халқаро изоляцияга сабаб бўлиши мумкин. Яна бир мулоҳаза шуки, ҳамкорликдан воз кечиш АҚШ, минтақа мамлакатлари ва ташкилотлари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари ШҲТ ва ҳк.дан ҳарбий, техник ва моддий кўмак олиш имконига эга бўлган афғон ҳукумати кучайишига олиб келиши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, толиблар қамоқхоналаридан асирларини қўйиб юбора олмайди ва шунга кўра, ҳарбий ва сиёсий нуқтаи назардан мустаҳкамланиши қийин.
Толиблар ўртасида оғзи бирчиликнинг йўқлиги вазиятни мураккаблаштироқда [12]. Ушбу ҳолатда толибларга ҳалқаро ҳамкорлар ва минтақа мамлакатлари босим ўтказа бошлагани “Толибон” ҳаракатини афғон сиёсатчиларининг бир қисми [13] билан мулоқотга киришувга, уларга тўғридан-тўғри музокара қилиш учун хат юборишга ундади. Амалда бу келгуси Истанбул конференциясига тайёргарлик кўрилаётганини англатади.
Марказий осиё мамлакатлари
Қўшни мамлакат Афғонистон билан чегарадош бўлгани ва ушбу мамлакатдан келаётган муаммо ва хатарларга муносиб жавоб қайтариши қийин бўлган Марказий Осиё мамлакатлари у ерда барқарорлик ва тинчлик бўлишидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдордир. Улар учун Афғонистоннинг иқтисодий шерик, Ипак йўлининг ҳам Эрон (Чобаҳор), ҳам Покистон (Гвадар) маршрутлари доирасида жаҳон бозорларига чиқиш учун муқобил транзит ҳудуд сифатидаги мақоми ҳам жуда муҳимдир. Марказий Осиёнинг энг йирик савдо ва транзит ҳаби – маркази ва МЖОга электр қуввати етказиб берувчи минтақага айланиши, шунга кўра, минтақада ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва тараққиётга эришиши ушбу вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Жараённинг энергетика билан боғлиқ қисми МО мамлакатларини Осиё ҳамда Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорлари билан боғлашнинг потенциал имкониятлари ҳисобга олинса, катта аҳамиятга эга экани маълум бўлади, қолаверса, бу Америка ва Туркия муносабатларининг ҳозирги мақомига ҳам зид эмас. Умуман олганда, МО мамлакатларининг Афғонистондаги фаоллигини шу билан тушунтириш мумкин.
Шундай қилиб, Афғонистон билан Туркманистон 3 та қўшма инфратузилма объекти очилганини эълон қилди[14]. Фойдаланишга топширилган объектлар сирасига 30 километрлик Ақина – Андхўй темирйўл тармоғи, Туркманистоннинг Керки шаҳридан Афғонистоннинг Шибирғон шаҳрига қадар тортилган электр қуввати узатиш линияси, Имомназар (Туркманистон) – Ақина (Афғонистон) ва Сарҳадобод (Туркманистон) – Турғунди (Афғонистон) йўналишлари бўйича ётқизилган оптик толали алоқа тизими киради. 2021 йил январида Озарбайжон билан Туркманистон “Дўстлик” конида табиий ёнилғи ресурсларини қидириб топиш ва ишга тушириш бўйича меморандум имзолади. Иккала томон ҳам Шарқий Ўрта ер денгизини Афғонистон билан боғлайдиган ва юкларни Еврососиё марказига етказиб беришни осонлаштирадиган “Лазурит коридори” транспорт артериясига муҳим аҳамият бермоқда[15].
Ушбу воқеалар силсиласида толиблар “қулфига калит” топишга ҳамда Карачи ва Гвадар бандаргоҳларидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари интеграциясини тезлаштиришга қодир бўлган Покистон ва Ўзбекистон шериклигини мустаҳкамлаш муҳим тамойил ҳисобланади. Шунга кўра, ушбу шериклик Афғонистондаги вазиятни изга солишда ижобий рол ўйнаши мумкин. Жорий йилнинг 2 февралида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари музокара ўтказгани, унинг ортидан март ойи ўрталарида 16 кишидан иборат Ўзбекистон делегацияси “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси раиси Акмал Камолов бошчилигида Karachi Port Trust (KPT) потенциалини ўрганиш учун Покистонга сафар қилгани тасодиф эмас [16].
Шу маънода Тошкентнинг толибларнинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулғани Биродар билан тил топишга ҳаракат қилаётгани диққатга сазовор, у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Афғонистон муаммоларига эътибор қаратаётгани учун миннатдорлик билдириб, ўзбек томонининг АИРдаги иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ташаббусларини олқишлаган эди. Тахмин қилинишича, Афғонистон келгусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида “ишонч ва ҳамкорлик кўприги” бўлиши мумкин [17].
Яна шунга ҳам эътибор қаратиш зарурки, 2021 йил сентябрида қурилиши бошланиши мўлжалланган “Мозори Шариф – Кобул” темирйўли қурилишини АҚШнинг Халқаро тараққиёт бўйича молия корпорацияси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда [18]. АҚШнинг Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича махсус вакили Залмай Халилзод май ойи бошида Тошкентга сафари чоғида томонлар Афғонистондаги тинчлик жараёнини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган эди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Хитойнинг “Макон ва йўл” ташаббуси доирасида ҳам мулоқотини давом эттирмоқда ва ШҲТнинг Афғонистондаги вазиятни изга солиш бўйича гуруҳининг фаолиятини юқори баҳоламоқда [19]. Айни чоқда жорий йил 30 мартида Душанбеда Истанбул жараёнининг бир бўлаги сифатида “Осиё юраги” деб номланган конференция бўлиб ўтди.
Юзага келаётган вазиятда аҳолиси зич жойлашган, мусулмон аҳолиси кўп ва Афғонистонга қўшни Ўзбекистоннинг сиёсати алоҳида аҳамиятга эга. Тавсифи келтирилган вазият Ўзбекистон ҳудудида чет мамлакатлар ҳарбий базалари ва объектларини жойлаштириш ва ўзбек қуролли кучларининг чет мамлакатлардаги тинчликпарварлик амалиётлари ва ҳарбий можароларда иштирок этишини истисно қилади. Ўша ҳарбий можаролар минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши ва ҳозирги жуғрофий-сиёсий қарама-қаршилик кучайиши ва ундан келиб чиқадиган оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлиги тушунарли. Ўз навбатида 2020 йил ёзидаёқ президент Қосим-Жўмарт Тўқаев “Қозоғистонда АҚШ ҳарбий базасини қуриш муҳокама қилинаётгани ҳам, кун тартибида тургани ҳам йўқ”, деб айтган эди [20]. Марказий Осиёнинг айни мана шу икки йирик мамлакати бутун минтақанинг афзалликлари ва қайси томон йўналиш олишини объектив тарзда белгилаб беради.
Шундай қилиб, Марказий Осиё мамлакатлари ўз хавфсизлиги ва ривожланиши мақсадлари ва вазифаларини олға суриш йўлида дунёнинг етакчи давлатларидан тенг масофага узоқлашган ҳолда кўп векторли сиёсат олиб бормоқда.
Хулосалар
Назарий жиҳатдан кўриб чиқилган тамойиллар сиёсий реализм қоидаларига тўлиқ мос тушади. Афғонистондаги воқеалар қанчалик драматик бўлмасин, пировардида асосий ролни барибир давлат ўйнайди: можарони ҳал этиш айнан унинг ҳаракатлари, ресурслари ва мулоқотларига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳали-ҳамон жараёнда минтақавий манфаат ва кучлар мувозанати муҳим рол ўйнашда давом этмоқда. Айни чоқда вазиятни тартибга олишда конструктив ёндашув [21] роли сезиларли, улар давлатнинг идентитет ва манфаатлари ролини, ҳукмрон қадриятларни, маданиятни, меъёр ва ғояларни (ислом дини) тан олиш ҳамда ушбу масалалар бўйича жамиятда мавжуд дискурсдан иборат. Афғонистондаги сиёсатни шакллантирувчи доиралар тафаккуридаги ушбу парадигмалар бирикуви, амалиёт кўрсатишича, энг самарали характерга эга.
Амалиёт нуқтаи назаридан, бир тарафдан, Қўшма Штатлар ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар таранглигини ва Кобулда янги сиёсий инқирозни кузатиш мумкин. Афғонистон инқирозининг чет эл қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан сўнг фуқаролар урушига айланиб кетиш хавфи бор. Бошқа тарафдан, етакчи давлатлар: АҚШ, Россия, ва Хитой ўртасида жуғрофий-сиёсий танглик ва ишончсизлик сақланиб қолмоқда ҳамда бу ҳол минтақадаги бошқа, хусусан, АҚШ билан Эрон, Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги зиддиятлар сабаб мураккаблашмоқда. Шунга қарамай, кўп нарса биринчи навбатда АҚШ билан Россия ўртасида муросага эришилишига боғлиқ, чунки АҚШ билан Россия минтақада улар ўртасида оралиқ мавқега эга бўлган барча акторларга сезиларли таъсир кўрсатади.
Шу ва минтақадаги беқарорликнинг янги ҳалқасига йўл қўймаслик мақсадида етакчи акторлар, биринчи навбатда Россия билан АҚШ ўртасидаги муносабатларда муросага келишга интилиш, икки томонлама ва кўп томонлама муаммоларни ҳал этишга қаратилган конструктив шерикликка эришиш зарур бўлади. Яна нафақат Афғонистон билан боғлиқ масалаларга, қолаверса, Москва билан Вашингтоннинг АИР билан чегарадош Марказий Осиё мамлакатлари ва Эронга оид сиёсатидаги роли ва ўрнига аниқлик ва ойдинлик киритилиши лозим.
Айни пайтда Ўзбекистон сиёсатида Покистонни ёқловчи тамойилларнинг кучайиб бораётгани самара бериши, Вашингтон билан Пекин ўртасидаги яқин келажакда ҳал этилиши даргумон бўлган келишмовчиликлар, Американинг Афғонистон ҳукумати ва толиблар билан зиддиятлари ҳисобга олинса, даргумон бўлиб қолади, чунки ушбу муаммоларни ҳал этмай туриб, Покистон ҳудуди орқали ҳеч қандай лойиҳани амалга ошириш мумкин эмас. Айни ҳолатда Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон учун Чобаҳор бандаргоҳини имкон қадар тезроқ ишга тушириш энг реал ва фойдали бўлур эди, бу ҳам ўз навбатида Эрон унинг ядро дастурига оид музокаралар ҳамда АҚШ билан Ҳиндистон муносабатлари уйғунлашуви натижаларига боғлиқ бўлади.
Таҳлил кўрсатишича, айни вазиятда кўп нарса, энг аввало, Афғонистоннинг минтақадаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатлар: Марказий Осиё республкалари, Покистон, Эрон, Озарбайжон ва Туркия билан ҳамкорлиги самарадорлигига боғлиқ. ИҲТга аъзо мамлакатлар [22] минтақанинг ўзига хосликларини яхши билади; улар аксариятининг Афғонистон билан бевосита чегараси бор, барчаси Ҳиндистон, Россия, Хитой ва АҚШ билан у ёки бу даражада ҳамкорлик қилади, минтақавий, транспорт ва коммуникация, энергетика тизимини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Шу муносабат билан давлатлар ўртасидаги умумий идентитет, иттифоқ ва ҳамкорликнинг умумий тарихи коллектив хавфсизлик тизимининг мустаҳкам асоси бўлиши мумкинлигига оид конструктивистик ёндашув қонуний ва эътибор берилиши керак бўлган нарсага айланади [23]. Шундай қилиб, бугун ИҲТ доирасидаги шериклик, унинг мақсад ва вазифаларига кўра ўхшаш бўлган ШҲТ билан фаол ҳамкорлиги, бошқа глобал ва минтақавий давлатлар билан конструктив шериклиги аҳамияти ва зарурати ҳар қачонгидан ортиб бормоқда.
Ушбу ҳолатларни ҳисобга олиш минтақадаги инқирозни бартараф этиш ишига муносиб ҳисса қўшган ҳамда бошқа муаммоларни ҳал этиш ва бутун бошли Марказий ва Жанубий Осиёдаги барқарор иқтисодий ривожланиш учун қулай иқлим яратган бўлур эди.
Бироқ ўрта истиқболда ушбу муаммоларнинг ҳал этилиш эҳтимоли жуда кам. Барча кутилмалар бўйича жараён узоқ муддатли, айрим масалаларда қисман олға силжиш ва ортга кетиш билан кечади.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Политика недели: Водяное оружие Ашрафа Гани. 29 марта 2021, https://afghanistan.ru/doc/142495.html
[2] Политика недели: Слоны в афганской посудной лавке. 12 апреля 2021, https://afghanistan.ru/doc/142702.html
[3] Политика недели: Правозащитный шариат. 26 апреля 2021, https://afghanistan.ru/doc/142904.html
[4] Пентагон: «Аль-Каида» продолжает представлять угрозу для американского контингента в ИРА. 24 апреля 2021, https://afghanistan.ru/doc/142891.html
[5] США и НАТО приступили к выводу войск из Афганистана. 26 апреля 2021, https://afghanistan.ru/doc/142898.html
[6] Политика недели: Правозащитный шариат.
[7] Спецпредставитель США по афганскому урегулированию провел переговоры с руководством ИРА 03 мая 2021, https://afghanistan.ru/doc/142997.html
[8] Посол США Халилзад защищает шансы на мир в Афганистане на фоне роста насилия. 27 апреля 2021, https://www.aljazeera.com/news/2021/4/27/khalilzad-defends-afghan-peace-before-sceptical-us-lawmakers
[9] УНБ ИРА: В афганских тюрьмах находятся 408 иностранных боевиков ИГ. 27 апреля 2021, https://afghanistan.ru/doc/142918.html
[10] УНБ ИРА: После подписания Дохинского соглашения число талибских атак увеличилось на 24%. 12 апреля 2021, https://afghanistan.ru/doc/142691.html
[11] Политика недели: Правозащитный шариат.
[12] Политика недели: Слоны в афганской посудной лавке.
[13] СМИ: Талибы призвали ряд афганских политиков к прямым переговорам. 28 апреля 2021, https://afghanistan.ru/doc/142943.html
[14] Афганистан и Туркменистан открыли три совместных инфраструктурных проекта. 14 января 2021, https://afghanistan.ru/doc/141395.html
[15] Сидоров Иван. Южный Кавказ – Каспий: реальны ли «транзитные войны»? 15 марта 2021, https://vpoanalytics.com/2021/03/15/yuzhnyj-kavkaz-kaspij-realny-li-tranzitnye-vojny/
[16] Hashimova, Umida. Uzbekistan Prioritizes Pakistani Over Iranian Ports. February 16, 2021, https://thediplomat.com/2021/02/uzbekistan-prioritizes-pakistani-over-iranian-ports/; Uzbek Team Visits KPT. Dawn, March 16, 2021, https://www.dawn.com/news/1612808/
[17] Талибы приветствовали инициативы Узбекистана по реализации экономических проектов в ИРА 12 апреля 2021, https://afghanistan.ru/doc/142687.html
[18] Узбекистан привлечет средства США для строительства железной дороги в Афганистане. 17 ноября 2020, https://www.gazeta.uz/ru/2020/11/17/afghanistan-railway/
[19] Ташкент и Пекин отметили важность ШОС в урегулировании ситуации в Афганистане. 29 апреля 2021, https://uz.sputniknews.ru/20210429/tashkent-i-pekin-otmetili-vajnost-shos-v-uregulirovanii-situatsii-v-afganistane-18557022.html
[20] Политика недели: Правозащитный шариат.
[21] International Affairs Forum IAF Articles. April 14, 2021, https://www.ia-forum.org/Content/ViewInternal_Document.cfm?contenttype_id=5&ContentID=8773-
[22] Юлдашева Г. Взаимодействие регионализма и глобализма: пример Центральной Азии. СААN, Central Asian Analytical Network, 27 декабря, 2020, https://caa-network.org/archives/21231
[23] International Affairs Forum IAF articles