Сурат манбаси: asiaplustj.info
Марказий Осиё бўйича шинжонлик йирик экспертлардан бири, Шинжон университетининг Камсонли элатлар тадқиқотлари маркази профессори Пан Чжипин минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилади. Эксперт Марказий Осиёдаги вазиятни у ердаги хавфсизликка таъсир кўрсатаётган 5 та энг муҳим омил билан боғлиқ нуқтаи назаридан кўриб чиқади. Яна бир эксперт Дан Ян (但杨、潘志平:中亚安全形势分析及其影响》) (Дан Ян ва Пан Чжипин: Марказий Осиёдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият ва унинг оқибатлари таҳлили”) билан бирга ёзилган мақоласида Пан Чжипин Қирғизистондаги ички сиёсий вазият, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги радикаллашув жараёнлари, пантуркизм ғояларининг тикланиши ва уларнинг Шинжондаги хавфсизликка таъсири, чегараларни демаркация қилиш ва анклавлар муаммолари, шунингдек, АҚШ сиёсатининг минтақада фаоллашуви сингари омилларга батафсил баҳо беради.
Ушбу баёнда кўчирмалар келтирилган иккинчи мақолада эса Хитойга Марказий Осиёдан бўлаётган террорчилик таҳдидлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Хитойлик экспертлар фикрича, Яқин Шарқ – Ғарбий Осиё билан солиштирилганда, сўнгги 30 йил мобайнида Марказий Осиёдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият, умуман олганда, барқарорлигича қолди. Республикалар мустақиликка эришгандан сўнг миллат ва давлат қурилишига киришиб кетди. Ушбу жараён муайян муаммолар ҳамроҳлигида кечди, жумладан, тарих билан воқелик ўртасидаги зиддиятлар вужудга келди. Айни пайтда, асосан, хавфсизликка ноанъанавий таҳдидлар кун тартибида турибди.
Муаллифлар энг аввало қайд этишича, минтақадаги барқарорликка Қирғизистондаги ички сиёсий вазият таҳдид солмоқда. Улар ёзишича, республикадаги 2010 йилдан бери нисбатан барқарор бўлиб келган вазият 2019 йил ёзида Сооронбай Жээнбековнинг буйруғи билан собиқ президент Алмазбек Атамбаев қамоққа олингандан сўнг кескин ўзгариб кетди. 2019 йил августида содир бўлган воқеаларни, хитойлик экспертлар фикрича, 2 та омил нуқтаи назаридан кўриб чиқиш керак бўлади. Бир тарафдан, Қирғизистон омонат миллий давлат бўлиб қолмоқда. Экспертлар фикрича, Қирғизистон тарихда ҳеч қачон ўз “миллий давлати”ни тузган эмас. Қирғизистон мустақилликни қўлга киритгандан сўнг миллий қурилиш ва мафкурани яратиш механизмлари жиддий муаммоларга дуч келди. Бошқа тарафдан, Қирғизистонда минтақавий бўлиниш муаммоси тобора яққол кўзга ташланмоқда. Ушбу мамлакатда “шимол” билан “жануб” ўртасидаги парчаланиш ҳали ҳам долзарб муаммолигича қолмоқда ва у минтақанинг умумий хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Хитойлик мутахассислар фикрича, пантуркизм ғоялари тикланаётгани Марказий Осиё хавфсизлигига муаммо туғдирмоқда. XIX аср охири – XX аср бошларида пантуркизм ғоясини Усмонлилар империяси қўллаб-қувватлаган эди. Гарчи ушбу мафкура империя тарқаб кетиши билан таназзулга юз тутган бўлса-да, шундан сўнг ҳам Осиё ва Европада муайян таъсир кучига эга бўлиб қолди. Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан кейин Туркия ташаббуси билан ҳар 2 – 3 йилда 6 та мамлакат иштирокида туркий тилли давлатларнинг саммити ўтказиб турилди. Боз устига, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон бир сафар “олтита мамлакат, битта миллат” шиорини ҳам илгари сурган эди.
Кейинчалик, 2009 йилда “Туркий тилли мамлакатлар саммити” “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши”га (ТТДҲК) айлантирилди, унга 4 та давлат: Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлиб кирди. ТТДҲКга 2018 йилда Ўзбекистон қўшилди.
Сўнгги йилларда Туркиянинг фаол даъватлари сабабли ТТДҲК иштирокчилари “Умумтуркий тарих” (突厥通史) дарслигини тайёрлашга киришди. Дарслик яратиш режаси 2015 йилда туркий тилли давлатлар таълим вазирлари учрашуви чоғида қабул қилинган, унинг якуний вариантини эса 2017 йилда Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон экспертлари тузиб чиққан эди. Айни пайтда ўша ўрта синфларга мўлжалланган дарслик ТТДҲКга аъзо 4 та мамлакатда мактаб дастурига қабул қилинган. У туркий халқларнинг қадим замонлардан XV асргача бўлган тарихини қамраб олади. Бундан ташқари, келгусида “Умумтуркий география” (突厥地理) ва “Умумтуркий адабиёт” (突厥文学) сингари йўналишлар бўйича ҳам шунга ўхшаш лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Хитойлик экспертлар таъкидлашича, “туркий маданият” аслида ёпиқ, ўз қобиғига ўралган ва тор “пантуркизм” гапларидан иборат. Озарбайжон Миллий фанлар академияси Тарих институти директори [Ёқуб] Маҳмудов билдиришича, “Озарбайжон, Туркия ва Марказий Осиё ёшлари Шоҳ Исмоил, Амир Темур ва Султон Сулаймон тарихини ўқиши керак. Улар бизнинг туркий Наполеонимиз, Бисмаркимиз ва Вашингтонимиздир. Биз туркий тарихни ва буюк туркий шахсларни севишимиз лозим”. Туркий тилли мамлакатларнинг бундай даъватлари ва амаллари, Пан Чжипин фикрича, Хитой айни босқичда туркий дарсликларнинг (突厥教科书) халқаро муаммосига дуч келаётганини англатади. Умумтуркий тарихни ёзиш ва чоп қилишни пантуркизм тарихидаги энг муҳим қадам сифатида тавсифлаш мумкин. Шу тариқа, яна Марказий ва Ғарбий Осиёда “пантуркизм” тикланиши учун муҳим сигнал пайдо бўлмоқда. Ушбу қадам, Пан Чжипин фикрича, Шинжондаги ижтимоий барқарорлик ва узоқ муддатли хавфсизлик учун жиддий муаммо туғдиради ва буни эътибордан қочириб бўлмайди.
Хитойлик экспертлар фикрича, учинчи омил – радикаллашув жараёнлари Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Муаллифлар Ўзбекистон билан Қирғизистондаги вазиятни ўрганмоқда. ХХ аср охири – XXI аср бошларида минтақада диний экстремизм жадал ривожланган эди. Хусусан, диний экстремизм Қирғизистон билан Ўзбекистонда бошқа жойлардагидан кўпроқ намоён бўлган эди.
Яқинда ўтказилган сўров натижаларига кўра, ҳозирги пайтда Қирғизистонда экстремизмнинг ортиб бориш тамойили кузатилмоқда ва у мамлакат жанубида Ислом тикланиш партияси (ИТП) ва республика шимолидаги даъват этувчи (达瓦宣教) воизлар фаолиятида кузатилмоқда. Ислом тикланиш партияси яна фаоллашди ва унинг “даъватчилар” (“Таблиғи жамоат” ҳаракати) билан кўп умумий манфаатлари бор.
Айни чоқда хитойлик мутахассислар фикрига кўра, Ўзбекистон радикаллашувга чек қўйиш бўйича муайян натижаларга эришди. Ушбу мамлакат Ислом Каримов даврида радикаллашувга чек қўйиш бўйича фаол сиёсат олиб борди. Ўзбекистоннинг анъанавий деҳқончилик жамияти ижтимоий ташкилот – “маҳалла”ни шакллантирди.
Ўзбекистон ҳукумати маҳаллани ижтимоий бошқарувнинг сиёсий аҳамиятга эга қуйи институтига айлантирди ва у қуйи даражада ҳукуматнинг кўплаб функцияларини зиммасига олди. Бундан ташқари, ҳукумат маҳалла юрисдикциясини кенгайтирди ва масжидни унинг ташкилий бошқарув тизимига киритди. 20 йилдан ошиқ ўзгаришлардан сўнг маҳалла Ўзбекистон ҳукумати учун экстремизмга қарши кураш бўйича муҳим функционал институтга дўнди.
Ҳозирги пайтда мамлакатдаги бунёдкорлик ва ривожланиш жараёни чуқурлашиб боргани сари маҳалла қуйидаги муаммога дуч келмоқда: расмий маълумотларга кўра, маҳалла ижтимоий ва автоном ташкилотдир. Аслида эса ундай эмас. Маҳалла тўлиқ давлат назорати остидаги ярим расмий ташкилот ҳисобланади. Мабодо унинг назорати қўлдан чиқиб кетса, жиддий хавф юзага келиши мумкин. “Шундан келиб чиққан ҳолда, маҳаллаларни самарали бошқариш масаласини зудлик билан ҳал қилиш керак бўлади”, деб ҳисоблайди хитойлик экспертлар.
Хитойлик экспертлар ёзишича, Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам радикаллашувга чек қўйиш бўйича ҳали узоқ йўлни босиб ўтиши керак бўлади.
Минтақадаги хавфсизликка таъсир кўрсатаётган тўртинчи омил, муаллифлар ҳисоблашича, чегара масалалари ва анклавлар муаммосидир. Улар таъкидлашича, Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг Марказий Осиёда давлатлар ўртасидаги чегаралар ва этник гуруҳлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар қолди. Бунга мисол сифатида муаллифлар Фарғона водийсидаги анклавлар масаласини келтириб ўтган. Фарғона бассейнида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари ва ҳудудлари ўзаро аралашиб кетган. Хитойлик экспертлар улар орасида 3 та энг йирик анклавни ажратиб кўрсатади: Сўх ва Чўнғара, Шоҳимардон ва Джангайл, Ворух.
Ниҳоят, муаллифлар фикрича, Марказий Осиё хавфсизлигининг бешинчи омили АҚШнинг минтақадаги сиёсатидир. Сўнгги 20 йил ичида АҚШнинг Хитой билан Марказий Осиёнинг жуғрофий-сиёсий муносабатлари безовталикдан хавотирга айланиб кетди. Трамп ҳокимиятга келгандан сўнг АҚШнинг шарқий стратегияси “Осиё – Тинч океани минтақасини қайта баланслаш”дан “Ҳинд ва Тинч океанлари стратегияси”га ўзгарди. АҚШ Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббусига ўта салбий муносабат билдирди.
Муаллифлар фикрича, 2020 йил бошида АҚШнинг Марказий Осиёдаги 2019 – 2025 йилларга мўлжалланган янги стратегияси қабул қилингандан сўнг Вашингтон минтақада фаоллашиб қолди. Янги стратегияга асосан, АҚШнинг асосий саъй-ҳаракатлари Хитой билан Россияни Марказий Осиёда тийиб туришга йўналтирилади. Хитойлик таҳлилчилар хулоса ясар экан, АҚШ Марказий Осиёда Шинжонда бошбошдоқлиқни юзага келтириш учун фаоллашганини айтади. АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси эълон қилиниши билан Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётида жиддий кўриб чиқишни ва жавоб чоралари кўришни тақозо қиладиган янги омиллар ва ўзгаришлар пайдо бўлади
Бошқа мақолада (中亚五国面临的恐怖威胁和态势评估) (“Террорчилик таҳдидлари ва Марказий Осиёнинг 5 та мамлакатидаги вазиятга баҳо бериш”) Ланчжоу университетининг Маарказий Осиё тадқиқотлари институти эксперти таъкидлашича, Марказий Осиёда террорчилик амаллари ҳақида хабарлар йўқлигига қарамай, минтақада терроризм ва экстремизм таҳдиди сақланиб қолмоқда. Эксперт фикрича, бу хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга Марказий Осиёнинг Афғонистон ва Суриядаги можароларда қатнашган ватандошлари кўрсатаётган таъсирга боғлиқ.
Муаллиф қайд этишича, гарчи пандемия глобал оқимларни тўхтатган бўлса-да, Марказий Осиёдаги террористик фаолият давом этмоқда. Фақат террористлар бунинг учун бошқа каналлар ва усуллардан фойдалана бошлади.
Марказий Осиё мамлакатлари давлат органлари юзага келган вазиятда чоралар кўрмоқда. Биринчидан, терроризмга жавобан аксарият ҳолларда юмшоқ чоралар кўрилмоқда. Ҳукуматлар халқининг экстремизмга қаршилигини кучайтириш учун фуқаролик жамияти институтларини ишга солмоқда.
Иккинчидан, Марказий Осиё мамлакатлари терроризмга қарши курашда халқаро ҳамкорликка тобора кўпроқ интилмоқда. Терроризмга қарши кураш ШҲТ ва КХШТ мажлислари кун тартибидан тушмаяпти. Бундан ташқари, Ўзбекистон терроризмга қарши кураш бўйича минтақада ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилиш учун 2021 йилда кенг қамровли халқаро конференция ўтказмоқчи. Ушбу режалар Марказий Осиё мамлакатларининг зўравон экстремизмга қарши курашга бўлган интилишларини акс эттиради. Бироқ экспертлар таъкидлашича, Ғарб мамлакатларининг Марказий Осиё айрим мамлакатларидаги инсон ҳақлари билан боғлиқ аҳволга турлича қарашлари ушбу мамлакатларнинг Европа Иттифоқи билан потенциал ҳамкорлигини мураккаблаштириши мумкин.
Айни чоқда, муаллиф қайд этишича, Марказий Осиё “жиҳодчилари” ҳали ҳам халқаро террористик кучларда муҳим рол ўйнаб келмоқда. Гарчи Марказий Осиёнинг йирик жангарилари ҳамон Сурия ва Афғонистондаги жангларда қатнашаётган бўлса-да, яқинда Европада олди олинган нохуш террорчилик амаллари таҳдидлар манзараси тез ривожланиб ва кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Ҳам террорчилик ташкилотлари ҳақидаги тезкор маълумотларнинг йўқлиги, ҳам пандемия таъсири сабаб Марказий Осиё мамлакатлари жиддий муаммоларга дуч келмоқда ҳамда бу мавжуд терроризм ва экстремизм таҳдидларини кучайтириб юбориши мумкин.
Хитойлик эксперт хулоса сифатида ёзишича, яқин истиқболда Марказий Осиё мамлакатлари ватандошлари, глобал жиҳодчилик унсурларининг муҳим қисми бўлиб қолса, ажаб эмас. Шунинг учун Марказий Осиё мамлакатларини ички жавоб чораларини кучайтириш ва минтақада хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга даъват қилиб туриш муҳим аҳамиятга эга.