Сурат манбаси: 163.com
Хитой экспертлари баҳосининг қуйидаги баёнида Россия билан Ғарб муносабатларидаги сўнгги ўзгаришлар ва уларнинг Хитойга таъсири, шунингдек, Хитой атрофидаги хавфсизликнинг ҳозирги аҳволини тавсифлаб берадиган муносабатларнинг 4 та тури ва 3 та долзарб муаммоси хусусида сўз юритилади.
Россиянинг “Sputnik-V” вакцинаси дунёдаги кучлар конфигурациясини ўзгартирмоқда
Шанҳай халқаро тадқиқотлар университети эксперти Ян Чэн Россиянинг “Sputnik-V” вакцинасини ишлаб чиқишини Совет Иттифоқи Ер орбитасига илк сунъий йўлдошни учиргани билан солиштиради. Россия ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам Ғарб мамлакатлари босими остида бўлган ҳамда “спутниклар” олий раҳбариятнинг шахсий назорати остида ишлаб чиқилган. “The Paper” ахборот ва таҳлил порталида чоп этилган “Коронавирусга қарши вакцина ва “спутник лаҳзаси” Путиннинг ички ва ташқи сиёсатида” мақоласида бу ҳақда батафсил маълумот берилади.
Эпидемия оқибатларини назорат қилиш ва унга қарши кураш йирик давлатларо ўртасидаги рақобат янги босқичининг ўзагига айланди. Ян Чэн фикрича, шу маънода ҳар доим ўзини дунёнинг етакчи давлатларидан бири деб ҳисоблаган Россия алоҳида эътиборга молик. Мақола муаллифи фикрига кўра, маълум маънода “Sputnik-V” вакцинасининг ишлаб чиқилиши ва унинг тарқалиши Владимир Путин ҳукумати учун “Россия ёндашуви”нинг “Ғарб бошбошдоқлиги”дан (西方之乱) устунлиги муҳим исботи бўлди, шунингдек, Алексей Навалний ишидан сўнг Россия билан Ғарб ўртасидаги ўзаро санкция урушида ким ғолиб бўлганини кўрсатиб берди.
АҚШ билан Ғарбдаги ҳамкорлари учун бундай вазият мутлақо кутилмаган ҳол бўлди. Барак Обамадан Жо Байденга қадар бўлган АҚШ ҳукумати Россияни глобал эмас, минтақавий давлат сифатида қарашга мойил бўлиб келган эди, чунки миллий қудрат билан боғлиқ асимметрия кундай равшан, оралиқ масофа эса боргани сари каттариб бормоқда. Айни вазиятда Россиянинг янги вакцинасини ишлаб чиқиш ҳамда уни мамлакатда ва чет элларда қўллаш Владимир Путин ҳукумати учун муҳим сиёсий ва стратегик аҳамиятга эга.
1957 йил 4 октябрда Совет Иттифоқи дунёда биринчи бўлиб Ернинг сунъий йўлдошини учирган ҳамда совуқ уруш давридаги 2 та буюк давлат – АҚШ билан СССР ўртасидаги космик мусобақадаги асосий шахмат партиясида ғолиб чиққан эди. Натижада “Спутник” инглиз тилида Sputnik тарзида қабул қилинди. Кейинчалик Ғарбда “Sputnik Moment” атамаси пайдо бўлди ва у Совет Иттифоқининг бошқа давлатларга нисбатан босими ва даъвосини англатар эди. Ушбу лаҳза Совет Иттифоқининг ўзида эса ғурур ва ўзига ишонч ортишига сабаб бўлди. Айнан шунинг учун Ян Чэн фикрича, Россия коронавирусга қарши дунёда биринчи бўлиб маъқулланган вакцинани “Sputnik-V” деб атади. Ушбу қадам ташқи дунёга Россия ҳам бир вақтлардаги Совет Иттифоқи каби улкан потенциалга эга экани ва жаҳонга янги “Спутник”ни тақдим этаётганини кўрсатиб беришга қаратилган. Яна эксперт фикрича, бу қадам ҳокимиятнинг ички даражадаги легитимлигини анча-мунча оширади, шунингдек, Россиянинг халқаро майдондаги овоз бериш ҳуқуқини ҳам кучайтиради. Янги ва фойдали вакцинани ишлаб чиқиш ва бозорга чиқариш Россиянинг ролини ўзгартириши кутилмоқда. Янги вакцина узоқ вақт мобайнида тақчил товар ва ижтимоий маҳсулот бўлиб қоладиган шароитда Россиянинг халқаро майдондаги овози баландроқ бўлиши шубҳасиз.
Байден АҚШ президенти лавозимига киришгандан сўнг Трансатлантик шерикликни тиклашга кўмаклашиш ишига жон-жаҳдли билан киришиб кетди. Бирлашган Европа Иттифоқи ягона аксил-россия фронтини ташкил қилди ва Навалний қамоққа олингандан сўнг санкцияларнинг янги туркумини қўллашга киришди. Ўз навбатида Путин бунга кескин жавоб қайтариб, АҚШ билан Ғарбни Россиянинг ички ишларига очиқ-ойдин аралашишда айблади, ЕИ билан алоқаларни узиши мумкинлигини айтиб, таҳдид қилди. ЕИ Трансатлантик шерикликнинг заиф ҳалқаси ҳисобланади. Бундай жавобга сабаб бўлган нарса расмий Москванинг фақат Европа билан АҚШ ўртасидаги тафовутлар ва келишмовчиликларни кўриб турганида эмас, қолаверса, Россия қўлида Европа билан АҚШ ва Европа Иттифоқининг айрим мамлакатларини бўлиб ташлаш учун воситалар мавжудлиги ҳамдир. Шундай воситалардан бири коронавирус инфекциясига қарши вакцинадир.
Москва фикрича, Россияга нисбатан душманларча кайфиятда бўлган Брюссель билан боғланиш ўрнига Россияга дўстона кўз билан қараётган ЕИга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама муносабатлар ўрнатиш яхшироқ. Жорий йил январида Россия “Sputnik-V” вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун Европа Иттифоқига ариза берган эди, аммо фақат 4 мартга келиб, Европа дори воситалари агентлиги ЕИ Россияга қарши санкциялар жорий қилгандан сўнг “Sputnik-V” вакцинасига бериладиган рўйхатга олиш ҳужжатларини қайта кўриб чиқишини эълон қилди. Европадаги вазият ҳамон жиддий бўлиб қолаётгани сабабли вакциналарнинг умумий сони етарли эмас, кўплаб мамлакатлардаги эмлаш даражаси эса ўта пастлигича колмоқда, Европанинг айрим мамлакатлари жамоа иммунитети бўсағаси даражасига эришиш учун вакцина олиш масаласини узоқ вақт кутиб ўтиришини истамай, ЕС қарорини “айланиб ўтиш” ва Россия вакцинасининг маълум миқдорини сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказишга интилмоқда.
21 январда “Sputnik-V” вакцинаси Венгрияда рўйхатдан ўтди, 27 февралда эса Словакия бош вазири И. Матович Россия билан вакцинанинг 1 миллион дозасини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. 28 февралда Чехия президенти З. Милош Путинга “Sputnik-V” вакцинасини етказиб беришни илтимос қилиб, мурожаат этди. 8 мартда Россиянинг Бевосита инвестициялар жамғармаси Швейцариянинг бир корхонаси билан бирга “Sputnik-V” вакцинасини Италияда бирга ишлаб чиқармоқчи эканини эълон қилди. Ҳатто Франция ва Германия сингари мамлакатлар ҳам янги вакцинага оид мавқеини ўзгартириб, ҳамкорликка тайёр эканини айтмоқда. Ушбу ноанъанавий усуллар пировардида Европа дори воситалари агентлигини жараённи тезлаштиришга мажбур қилди ва у “Sputnik-V” вакцинасини нисбатан қисқа вақт мобайнида рўйхатдан ўтказиши кутилмоқда.
Бугунги кунда “Sputnik-V” вакцинаси бутун дунё бўйлаб 46 та мамлакатда маъқулланди ва ундан фойдаланилмоқда ҳамда у 1,2 миллиард кишини қамраб олиши кутилмоқда. Россиянинг “Sputnik-V” вакцинаси фойдаланиш ҳажми бўйича фақат Британиянинг AstraZeneca вакцинасидан ортда қолмоқда, холос. Вақциналарни етказиб бериш ҳисобига Россиянинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги анча-мунча ортади.
Постсовет маконида Россия билан яхши муносабатларга эга бўлган Беларус ва Қозоғистон сингари мамлакатлар вакцинани олиш баробарида ўзининг ишлаб чиқариш линияларини яратиш учун техник кўмакка ҳам эга бўлди. Яна Россия вакцинаси Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатларида катта устунликка эга. Россиянинг Лотин Америкасидаги муҳим шериги Венесуэла яқинда “Sputnik-V” вакцинасини олди. Яна март ойи бошида Россия ТИВ вакцинасини Вьетнамга етказиб беришга тайёр эканини маълум қилди.
Шу маънода Россиянинг янги “Sputnik-V” вакцинаси ва Никита Хрушчёв даврида Совет Иттифоқида Ернинг биринчи сунъий йўлдоши муваффақиятли учирилгани ҳам ички, ҳам халқаро стратегик нуқтаи назардан қиёслама устунлик ва ўхшашликка эга. Бир тарафдан, иккаласи ҳам олий раҳбарият назоратидаги энг муҳим лойиҳалардир. Ушбу лойиҳаларнинг пировард муваффақияти иқтисодий дивидендлар келтириши баробарида жамоатчилик фикри ва миллий бирлик ошишининг муҳим воситаси бўлди. Бошқа тарафдан, ушбу 2 та лойиҳанинг пировард маҳсулоти халқаро миқёсда Россиянинг мавқеини оширмоқда ҳамда Ғарб билан Россия ўртасидаги халқаро таъсир учун курашнинг ўзагига айланди.
Бироқ Ян Чэн таъкидлашича, агар Россия структура ислоҳотларини илгари суриш ва амалга ошириш бўйича тез орада миллий муросага эриша олмаса, “Спутник лаҳзаси” деб аталувчи нарса самараси қисқа муддатли бўлади. Бунинг маъноси шуки, Россиянинг пировард халқаро мақомини аниқлашнинг асосий мезони ҳамон иқтисодиёти миқёси ва узоқ истиқболдаги ривожланиш самарадорлиги бўлиб қолаверади. Тўртинчи технология инқилобининг жадал ривожланиши XXI асрда йирик давлатлар ўртасидаги рақобат айрим жиҳатлар ва соҳалар эмас, барча даражалардаги сарфланадиган маблағлар ва натижаларга боғлиқ бўлади. Россиянинг шу масаладаги устунликлари кўзга ташланаётгани йўқ. Шунинг учун айни босқичда Россия учун коронавируснинг тарқалиш суръати пасая бошлагандан сўнг нима қилиш керак, деган саволга жавоб топиш муҳимроқ.
Россия билан Ғарб ўртасидаги қарама-қаршиликнинг янги туркуми Хитой экспертлари нигоҳида
Хитойлик таҳлилчилар АҚШ билан Европадаги иттифоқчиларининг Россияга нисбатан янги қадамларини диққат билан кузатиб бормоқда. Экспертлар “Ғарб, Россия, Хитой” стратегик учбурчагидаги конфигурация ўзгаришлари ҳақида ёзмоқда. Россия билан Ғарб муносабатларидаги сўнгги ўзгаришлар ва уларнинг Хитойга таъсири ҳақида Фудан университетининг Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Фэн Юйцзюн “Нега Путин халқаро вазиятни тушкун баҳоламоқда” (普京缘何悲观看待国际局势) деб номланган мақоласида ёзади.
Хитой эксперти фикрича, Россия раҳбарининг ҳозирги вазиятга тушкун қараши Россия тўқнаш келаётган халқаро муҳит тобора шафқатсизлашиб бораётгани билан боғлиқ. Биринчи навбатда бу Москванинг Вашингтон ва Брюссел билан муносабатларига тегишли.
2020 йилда Қўшма Штатлар Россияга қарши кенг қамровли, жумладан, “Северный поток-2” (“Шимолий-оқим-2”) лойиҳасига нисбатан янги санкциялар жорий қилди. АҚШ Москвадаги элчихонасидан бошқа барча консулликларини ёпмоқда.
Гарчи Россия ва АҚШ Байден билан Путиннинг ишонч телефони орқали мулоқотининг биринчи раундида янги “Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ҳақидаги шартнома” амал қилиши давом этиши тўғрисида келишувга эришган бўлса-да, Қўшма Штатлар кўп масалалар бўйича Россиядан норози эканини очиқ айтиб келмоқда.
Россия билан Европа муносабатлари ҳақида гап кетганда, шуни айтиш зарурки, Россия мухолифати етакчиси Навалний заҳарлангани сабабли Россия билан Германия ўртасидаги муносабатлар 2020 йил охирида кескин ёмонлашиб кетди. Россия ташқи ишлар вазири С. Лавров Германияни Европа аксил-россия сиёсати “кашшофи” сифатида қаттиқ танқид қилди.
17 декабрда Европа Иттифоқи ЕИ раҳбарларининг олдинги саммити чоғида иқтисодий санкцияларни чўзиш бўйича қабул қилинган қарорни расман бажариб, уларни 2021 йил 31 июлга қадар чўзди. Жорий йил бошида ЕИ дипломатияси раҳбари Боррелнинг Москвага сафари чоғида ҳеч нарсага эришиб бўлмагани етмагандай, у Россия билан Европа муносабатларини ёмонлаштирди.
Байден АҚШ президенти сайловида ғолиб чиққандан сўнг ЕИ ҳам Трансатлантик иттифоқдаги муносабатларни ўзгартириш ва Россия сабаб пайдо бўлаётган муаммоларга ўзаро келишилган ҳолда жавоб қайтаришга ҳаракат қилмоқда. НАТО 1 декабрда “НАТО 2030” ҳисоботини эълон қилди, унга қайд этилишича, кейинги 10 йилда Россия НАТОнинг асосий рақиби бўлиб қолади. Қўшма Штатлар билан унинг НАТО бўйича асосий иттифоқчилари “Европанинг тийиб туриш ташаббуси”ни илгари суриб келмоқда, унинг асосий мақсади Россиянинг Европадаги хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидларига жавоб қайтаришдир.
Фэн Юйцзюн таъкидлашича, Россия билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар чекланганича қолаётган бир вақтда 2020 йилда Беларусда рўй берган воқеалар, тоғли Қорабоғдаги уруш, Қирғизистондаги фуқаролар тартибсизликлари Москванинг эътиборини чалғитмоқда ва унинг олдида дилемма (иккови ҳам бир-биридан оғир бўлган йўлдан бирини танлаш машаққати) пайдо қилмоқда. Бу қуйидаги ҳолатлар билан боғлиқ:
- биринчидан, Россиянинг постсовет маконидаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга таъсири камайиб бормоқда;
- иккинчидан, Россия мураккаб жуғрофий-сиёсий муносабатларга тортилмоқда;
- учинчидан, зиммадаги мажбуриятлар билан олинган фойда ўртасида номутаносиблик вужудга келмоқда;
- тўртинчидан, постсовет маконига ўз таъсирини кенгайтиришга интилаётган глобал ва минтақавий таъсир кучига эга давлатлар Россия учун кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Муаллиф Россия билан Хитой муносабатларига ҳам баҳо беради. Ғарб билан муносабатларини яхшилаши қийин бўлган Россия шарқдаги дипломатиясини, айниқса, Хитой билан муносабатларини мустаҳкамламоқда. Иккала томон эпидемияга қарши кураш борасида кўп даражали ҳамкорликни амалга оширди. Эпидемиянинг салбий таъсири ва нефт нархлари пасайишига қарамай, 2020 йилда Хитой билан Россия ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми 100 миллиард доллардан ошиб кетди. Глобал ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда. Хитой билан муносабатлар Россия дипломатиясининг энг мустаҳкам таянчи бўлиб қолди, деб айтиш мумкин.
Лекин айни пайтда Фэн Юйцзюн фикрича, Хитой Россия стратегик доираларининг ўзига муносабати жуда мураккаб эканини тушуниб олиши лозим. Айрим кишилар Россиянинг Хитойга қарамлиги ортиб бораётганидан хавотир ҳамда Хитой ва АҚШ бир-бири билан урушажагидан некбинлик изҳор қилмоқда.
Шанҳай халқаро тадқиқотлар университети профессори Ян Чэн билдиришича, Путин Ғарб мамлакатларига нисбатан “алоқаларни узмай туриб курашиш” (斗而不破) концепциясига амал қилмоқда. Фавқулодда вазиятлар юз бермаса, Россия билан ЕИнинг қисқа истиқболда дипломатик муносабатларни узиш эҳтимоли жуда кам. Иккала томон ахлоқий ва қадриятлар даражасида дискурсив рақобатни давом эттириши кутилмоқда.
Ян Чэн Америка билан Россия муносабатларига 2 та нуқтаи назардан қараш керак, деб ҳисоблайди. Бир тарафдан, АҚШ Россияга таҳдид сифатида қарайди. Бошқа тарафдан, Москва билан Вашингтон стратегик қуроллар сингари соҳаларда танланма ҳамкорликни давом эттиради. Бироқ шуни ҳам қайд этиш лозимки, келгусида Америка билан Россия ҳамкорлиги учун макон чекланган бўлишига бир неча сабаблар бор:
- Биринчидан, мафкура соҳасида АҚШ билан Россия ўртасида зиддиятлар мавжуд.
- Иккинчидан, Қўшма Штатлар ва Россия ҳокимияти тузилмаси мажбурлаш кучига асосланган ҳарбий қудратга таянишдай ўзига хос хусусиятга эга. Бу кучли рақобатга мойил Қўшма Штатлар билан Россиянинг асосий тавсифини аниқ белгилаб беради. Шунга кўра, ушбу соҳадаги стратегик қарама-қаршилик узоқ вақт давом этади.
- Учинчидан, “совуқ уруш”дан сўнг Америка ва Россия муносабатларида вақти-вақти билан такрорланишлар рўй бериб турди, бироқ “совуқ уруш” психологияси ҳозирги кунда ҳам АҚШ билан Россия ўртасидаги стратегик муҳитни, асосан, белгилаб бермоқда. Байден тимсолидаги АҚШ ҳукмрон доиралари Россияга нисбатанаксарият ҳолларда кескин мавқени эгаллаб келди, шунинг учун икки мамлакат ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ҳолати яқин йилларда сақланиб қолади.
Ян Чэн фикрига кўра, АҚШ ва ЕИ билан муносабатларда Россия масалаларни кун тартибига олиб чиқа олмайди, шунинг учун уларга пассив тарзда жавоб қилиши мумкин, холос. Айни вазият ҳам бундан мустасно эмас. Россия қарши чораларни рамзий тарзда қўллаши эҳтимолдан холи эмас, аслида бу чоралар АҚШ билан ЕИга ҳеч қандай зиён етказа олмайди.
Хитой атрофидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият: асосий омиллар
Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Осиё-Тинч океани минтақаси ва глобал стратегик тадқиқотлар институти эксперти Чжан Цзе Хитой атрофидаги хавфсизлик соҳасини тавсифловчи муносабатларнинг 4 та тури ва 3 та долзарб муаммоси ҳақида ёзади (中国周边安全形势:四组大国关系,三大热点问题 – Хитойдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият: асосий кучлар муносабатларнинг 4 та тури ва 3 та долзаб масала). Унинг фикрича, йирик давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг 4 та тури қуйидагиларни ўз ичига олади: Хитой билан Америка, Хитой билан Ҳиндистон, Хитой билан Россия ва Хитой билан Япония муносабатлари. 3 та “қайноқ” муаммога эса Жанубий Хитой денгизидаги, Корея ярим оролидаги ва Хитой билан Ҳиндистон чегарасидаги вазиятлар киради.
Эксперт ёзишича, Хитой атрофидаги хавфсизликка оид вазият ўрта истиқболда муайян даражада мавҳум ва беқарор бўлади. Минтақадаги тартиб АҚШнинг Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегияси (印太战略) ва “Хитой режаси” деб аталувчи омил ўртасидаги қарама-қаршилик билан тавсифланади; минтақадаги эски ва янги муаммолар гоҳ кучайиб, гоҳо сусайиб туради; минтақанинг бошқа мамлакатлари Хитой билан АҚШдан бирортасини танлашдан қочишга ҳаракат қилади. Бу Хитойдан минтақада мулоқот ва коммуникацияни мустаҳкамлаш учун дипломатия саъй-ҳаракатларини кучайтириш, кўп даражали минтақавий механизмларни ривожлантиришни талаб этади. Айни чоқда Хитойга ёндош ҳудудларда узоқ муддатли барқарорликни сақлаш мақсадида мамлакатнинг сув ҳудудидаги можаролар билан боғлиқ инқирозларни бошқариш алоҳида аҳамият бериш зарур.
Хитой билан Америка муносабатлари кенг қамровли стратегик босқичга кирди
АҚШ 2020 йилдан бери Хитойга нисбатан барча соҳалардаги босимни кучайтирди. Қўшма Штатлар минтақа даражасида янги минтақавий тартиб ўрнатиш, Хитойни тийиб туриш ва ўзининг минтақадаги ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун “Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегия”ни олға суришни давом эттирмоқда. АҚШ мафкура нуқтаи назаридан Хитойнинг сиёсий тизими ва коммунистик партиясига ҳамла қилиш учун эпидемиия авж олиб кетишини сиёсийлаштирмоқда ҳамда Хитой ҳукумати ва ЖССТ вақтида хабар бермагани учун пандемия келиб чиққанини иддао қилмоқда. Айни пайтда Қўшма Штатлар Хитойнинг ички ишларига аралашиш учун Тайван, Ҳонконг, Шинжон ва Тибет билан боғлиқ масалалардан фойдаланмоқда. АҚШ хавфсизлик соҳасида минтақадаги “тармоқли” хавфсизлик архитектурасини яратиш учун Япония, Ҳиндистон ва Австралияга таянмоқда.
2020 йил сентябрида Японияда вазирлар даражасидаги “тўрт томонлама мулоқот” чоғида АҚШ давлат котиби Майк Помпео НАТОнинг Ҳинд ва Тинч океанларидаги муқобилини яратишни таклиф қилди. Гарчи ушбу таклифга Япония, Ҳиндистон ва Австралия ошкора жавоб қайтармаган бўлса-да, 4 та мамлакат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётир. АҚШ иқтисодиёт соҳасида 2019 йили “Blue Dot Network” (蓝点网络计划) ташаббусини илгари сурди, 2020 йилда эса “Иқтисодий тараққиёт тармоғи”ни ишга туширди. Иккала ташаббус ҳам инфратузилмадан тортиб, саноат занжирлари, етказиб бериш занжирлари ҳамда ишлаб чиқариш ва сотиш занжирига қадар Хитой билан рақобатни кенгайтиришга қаратилгандир. Эксперт фикрича, ушбу ташаббусларнинг пировард мақсади АҚШ бошчилигидаги Хитойсиз (去中国化) янги минтақавий иқтисодий тартибни шакллантиришдир.
Юқорида зикр тэтилган стратегияни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Майк Помпео 2020 йили нафақат бир қатор минтақавий платформалардан фойдаланди, қолаверса, Хитойга қарши иттифоқ тузиш учун Осиё мамлакатлартига сафар ҳам қилди. Янги давлат котиби Энтони Блинкен иттифоқчилари (Жанубий Корея, Австралия ва Филиппин) билан телефон орқали суҳбатлашди ҳамда суҳбат давомида АҚШнинг зикр этилган иттифоқчилари “Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегия” доирасида минтақадаги тартибни қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим рол ўйнашини қайд этди.
Амалий натижалар ҳақида гап кетганда, шуни таъкидлаш жоизки, хитойлик эксперт фикрича, АҚШнинг Ҳинд ва Тинч океанлари стратегиясида аниқ кўзга ташланувчи номутаносиблик мавжуд. Бир тарафдан, АҚШнинг Тинч океани ғарбидаги ҳарбий ҳозирлиги бўладими ёки иттифоқчиларга таянган хавфсизлик тармоғи бўладими, бундан қатъи назар, АҚШ ҳамма жойда шу кунга қадар минтақавий хавфсизлик масаласида анча-мунча устунликка эга. Лекин бошқа тарафдан, гарчи АҚШнинг иқтисодий сиёсати янгиликларга тўла бўлса-да, у ҳали ҳам катта амалий натижалар бераётгани йўқ. Кўпчилик ҳолларда бу Трамп маъмуриятининг асосий эътиборни “Аввало Америка” ва ҳамма қарши “савдо уруши”га қаратаётгани билан боғлиқ. Хитой бундан фарқли ўлароқ, ижобий иқтисодий ўсишга эришиш баробарида, асосан, минтақавий, ҳатто глобал иқтисодий оёққа туриб олишга қаттиқ туртки бергани ортидан қўшни мамлакатлар билан яхши иқтисодий ва инвестиция муносабатларини сақлаб қола билди.
Хитой билан России муносабатларининг жадал суръатлари сақланиб қолмоқда
2020 йилда олий даражадаги Хитой билан Россия муносабатлари ривожланди. Томонлар кенг миқёсли масалалар бўйича жадал ҳамкорлик қилди. Хитой билан Россиянинг халқаро масалалар борасидаги стратегик ҳамкорлиги қалинлашиб бормоқда. 2021 йил бошида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И баёнот бериб айтганидай, Хитой билан Россиянинг стратегик ҳамкорлиги тугаб бораётгани йўқ, унда тақиқ ҳудуди мавжуд эмас, ушбу ҳамкорликнинг юқори чегараси ҳам йўқ. Айрим олимлар ҳам таъкидлашича, АҚШнинг агрессив тийиб туриш сиёсати олдида Россия билан Хитой ўртасида “елкама-елка” туришни танлаш зарур бўлади.
Айни дамда, муаллиф фикрича, сўнгги йилларда Россиянинг Хитойга нисбатан ниятлари ва Хитой билан Россия муносабатларидаги номутаносиблик Хитой Россияга нисбатан эҳтиёткорлик билан сиёсат юргизишини тақозо қилади, деб ёзади Чжан Цзе. Россия Хитой Америка билан Россия қарама-қаршилигида фаол иштирок этишини истайди. Шу билан бирга, Хитой ва Россия ўртасидаги миллий қудратни ривожлантириш, дипломатия истиқболлари, иқтисодий ва савдо-сотиқ ҳамкорлиги сингари соҳалардаги номутаносиблик ортиб бормоқда, Россиянинг жаҳон иқтисодиёти ва глобал бошқарувдаги мавқеи барча йўналишлар бўйлаб пасайиб кетаётир. Россия билан ҳамкорликда тарихий тажрибадан келиб чиқиб, иттифоқ тузиш, қарама-қарши сиёсат юргизиш ва учинчи томонга қарши блок ташкил этишдан қочиш керак бўлади.
Хитой билан Япония муносабатлари барқарор бўлиб қолмоқда
Япониянинг ташқи сиёсатига, эпидемия таъсир қилгани ва ҳукумат алмашганига қарамай, асосан, Хитой билан Американинг стратегик қарама-қаршилиги (“ўйини 博弈) таъсирида тузатишлар киритилди. Хитой билан Япония муносабатлари 2019 йилдан бери ҳозирга қадар яхши ҳолатда сақланиб қолмоқда. Шунга қарамай, Япониянинг Хитойга қаратилган сиёсатида ўзига хос “дуализм” мавжуд. Бир тарафдан, Хитой билан Япония ўртасида “Хитой билан Япония муносабатларининг янги даври”ни барпо этиш бўйича сиёсий муроса сақланиб қолди ва Япония бош вазири Наото Кан Хитой каби қўшни мамлакатлар билан барқарор муносабат ўрнатишга интилажагини ошкора айтди. Бошқа тарафдан, Хитой билан Япониянинг мафкура соҳасидаги хавфсизлик билан боғлиқ қарма-қаршилиги принцип жиҳатидан ўзгаргани йўқ. Томонлар ўртасида Жанубий Хитой денгизидаги Дяоюйдао ороллари бўйича тортишувлар мавжуд, шунингдек, Япониядаги Хитойга нисбатан жамоатчилик фикри ёмонлашиб бормоқда, айни ҳол Хитой билан Япония муносабатларидаги узоқ муддатли структуравий зиддиятлардан далолат беради. Япония ҳозир ҳам хавфсизлик масалаларида АҚШга таянади, аммо Токио иқтисодиёт соҳасида Хитойга нисбатан мувозанатланган сиёсат юргизишга интилмоқда. Лекин умуман олганда, ҳали ҳам АҚШга қараб мўлжал олиш Хитой билан мувофиқлаштирилган ҳамкорликка интилишдан устун келмоқда.
Хитойлик эксперт фикрича, АҚШнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Япония Хитойга қарши бевосита иғво уюштиришдан тийилишга ҳаракат қилмоқда. Бу Помпеонинг “тўрт томонлама мулоқот”ни “НАТОнинг Ҳинд ва Тинч океанлари варианти” механизмига айлантириш таклифига ошкора муносабат билдирилмаганида яққол кўзга ташланди. Лекин шу билан бирга, Япония Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Шу жумладан, расмий Токио ҳарбий ва дипломатик соҳаларда Ҳиндистон ва Австралия билан ҳамкорликни кучайтирмоқда, шу тариқа у Хитой ва АҚШ ўртасидаги стратегик рақобатда учинчи асосий куч бўлишга ҳаракат қилаётир. Япония Американинг етакчилиги ўрнини босиш ҳамда янги кўп қутбли тизим яратиш йўлида “Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегия”ни барпо қилиш учун бошқа демократик мамлакатлар билан бирлашиши керак бўлади.
Хитой билан Ҳиндистон муносабатлари жиддий тарзда ёмонлашди
2020 йилда Хитой билан Ҳиндистон ўртасида муносабатлар ўрнатилганига 70 йил тўлди, бироқ турли-туман чегара можаролари таъсирида икки томонлама муносабатлар 1962 йилдан бери энг паст даражага тушиб қолди. Бугун Ҳиндистон Хитойга нисбатан қаттиққўл сиёсат юргизмоқда. Хитой билан Ҳиндистон ўртасидаги чегара можаросидан сўнг Ҳиндистонда аксил-хитой кайфияти кўтарилиб кетди. Хитойга нисбатан жамоатчилик фикри бутунлай салбийлашди. Боз устига, Ҳиндистонда Хитой товарларига бойкот эълон қилиш кампанияси кенг ёйилди. Норендра Моди ҳукумати иқтисодиёт, савдо-сотиқ ва инвестициялар соҳасида Хитойдан узоқлашишга интилмоқда, чет эл инвестициялари сиёсатини ўзгартириш йўли билан Хитой инвестицияларини чекламоқда.
Ҳиндистон минтақа даражасида тўрт томонлама мулоқотга (АҚШ – Япония – Ҳиндистон – Австралия) фаол қўшилмоқда. Шулардан энг кўзга ташланадиганлар сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: Ҳиндистон билан Австралиянинг 13 йиллик танаффусдан сўнг қўшма ҳарбий машғулотларга қайтиши; Ҳиндистон, АҚШ ва Австралиянинг ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказиши ва ҳк. Ҳиндистон “тўрт томонлама мулоқот” доирасида зикр этилган мамлакатлар билан хавфсизлик соҳасидаги икки томонлама муносабатларини яхшилаб олди. Улар орасида Ҳиндистон билан АҚШ ўртасида 2020 йил октябрида “Алмашув ва ҳамкорлик бўйича базавий битим” (BECA) имзолангани натижасида Ҳиндистон билан АҚШ иттифоқчилик муносабатларига эришганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Умуман олганда, муаллиф қуйидаги хулосаларга келади:
Хитой билан АҚШнинг стратегик қарама-қаршилиги узоқ муддатли таъсир кучига эга бўлади. Аксарият ҳолларда ушбу муносабатлар Хитой атрофидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ривожланиш йўналишини белгилаб беради.
Россия Хитойнинг энг йирик қўшнисидир. Ҳозирги кунда унинг Хитойга нисбатан таъсири Шимоли-шарқий Осиё ва Марказий Осиёда жамланган, айни чоқда унинг Жануби-Шарқий Осиё ишларидаги иштироки нисбатан чеклангандир.
Япония Хитой билан Америка қарама-қаршилигида учинчи куч ҳисобланади. Хитой билан Япония муносабатлари ҳам икки томонлама, ҳам минтақа даражасида жуда мураккаб. Бу ерда ҳам зиддият, ҳам ҳамкорлик бор. Ушбу вазиятда, дея таъкидлайди Чжан Цзе, Хитой параллел равишда ҳамкорлик учун имкониятлар ахтариши баробарида Япония ташаббусларига қаттиқ аҳамият бериши зарур бўлади.
Хитой билан Ҳиндистон чегарасидаги можаро расмий Деҳли Хитойни стратегик шерик деб билишини ўзгартириб юборди ҳамда Ҳиндистоннинг Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегия томон юз буришига қулай шароит яратиб берди. АҚШ бунга эришиш ва Хитойга қарши тўлақонли ярим айлана ташкил қилишга анчадан бери уриниб келаётган эди.