Сурат манбаси: Қирғизистон Республикаси президенти матбуот хизмати
Туркия Марказий Осиёдаги сиёсатини тезкор тарзда икки томонлама ва узоқ муддатни кўзлаб, институционал даражада йўлга қўймоқда. Тоғли Қорабоғдаги уруш вақтида Туркиянинг таъсири кенгайгани ва мавқеи кучайганини ҳисобга олиб, Туркий тилли мамлакатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТМҲК) истиқболини қандай баҳолаш мумкин? ТТМҲК фаолиятининг қайси жиҳатлари муваффақиятли эканини ажратиб кўрсатса бўлади? Тез орада ТТМҲК шафелигида ҳарбий ҳамкорлик бошланиши ҳақида гапириш мумкинми? Ушбу ва бошқа масалалар “Prudent Solutions” таҳлил маркази директори, тарих фанлари номзоди Эсен Усубалиев билан интервью давомида муҳокама қилинади.
ТТМҲК салоҳияти унинг кенгайиш имкониятини кучайтирадими? Бошқа тарафдан олиб қараганда, Тоғли Қорабоғдаги можаро вақтида Туркиянинг Озарбайжонни қўллаб-қувватлаш борасидаги муваффақияти ТТМҲК аҳамиятини ошириши мумкинми?
Назарий жиҳатдан қаралса, ТТМҲКнинг кенгайиши унга аъзо бўлган барча мамлакатларнинг умумий потенциали йиғилишига хизмат қилади. Туркия раҳбарияти режасига кўра, ҳамкорликнинг умумий соҳасига қанчалик кўп мамлакатлар ва халқлар жалб этилса, уларнинг “маданий жуғрофий сиёсат” (Medeniyetsel Jeopolitik) ғояси шунчалик кенг ривожланади. Ушбу ғояга асосан, Туркия “жисмоний жуғрофия”дан ва унинг халқаро сиёсий маънодаги мафкурасидан воз кечади ҳамда сиёсатини маданият, цивилизация ва умумий макон яхлитлиги сингари ўз тушунчаларидан келиб чиқиб юргизади. Айни ҳолатда туркий халқлар тарқалган Болқон ярим оролию Жанубий Кавказдан бошлаб Марказий Осиё ва Олтойга қадар бўлган ҳудудда Туркия етакчилигидаги умумий тамаддун маконини (тил ва маданият бирлиги) ташкил этиш Анқара ташқи сиёсатининг муҳим мақсадидир, бироқ бугунги кунда ушбу мақсад ташқи сиёсий фаолиятнинг устувор вазифаси дейиш нотўғри бўлур эди.
Туркияда Марказий Осиёга тарихий таъсир минтақаси деб қаралади ҳамда у Яқин Шарқ, Болқон ярим ороли ва Жанубий Кавказ сингари минтақалар қаторида Туркия ташқи сиёсати фаоллиги учун жуғрофий-сиёсий маконни белгилаб берадиган “тарихий теранлик” атамасининг бир қисми сифатида тушунилади. Лекин адолат ҳаққи-ҳурмати шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, Туркия тарихда ҳеч қачон Марказий Осиёда “жисмонан” ҳозир бўлмаган, аммо ҳамиша ушбу минтақага потенциал таъсир кўрсатиш макони сифатида қараб келган. Ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда, бироқ ҳозирча Туркия минтақанинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш учун кенг имкониятга эга эмас. Бундан ташқари, Туркия Россия, ХХР ва бошқа мамлакатларнинг минтақадаги таъсир кучи билан ҳисоблашишга мажбур ва бу унинг ўйлаб сиёсат юргизишини тақозо қилади.
Ҳозирги пайтда Туркия ташқи сиёсатининг бош мақсади аста-секин унинг манфаатларини ҳисобга олмай туриб, нафақат Яқин Шарқ, Ўрта ер денгизи, Болқон ярим ороли, Жанубий Кавказдаги минтақавий масалалар, қолаверса, глобал хавфсизлик ва дунё тараққиётининг бошқа муаммолари ҳал этилмайдиган дунё даражасидаги давлатга айланишдир.
Шу муносабат билан Марказий Осиё Туркия учун, биринчидан (тил ва маданият бирлиги ҳисобга олинса), “ҳеч қаерга қочиб кетмайдиган минтақа”, иккинчидан, таъсир омилларини назардан қочирмаган ҳолда жо-бажо иш тутиш ва прагматик сиёсат юритиш макони ва ниҳоят, учинчидан, ушбу минтақа воситасида Туркия ўзининг халқаро сиёсатдаги аҳамиятини оширмоқда, бунинг учун Марказий Осиёда ҳам жамоавий, ҳам икки томонлама ҳамкорлик механизмлари (институтлари) яратилмоқда, улар келгусида ушбу мамлакатнинг манфаатларини кафолатлайди.
Туркиянинг Жанубий Кавказдаги Тоғли Қорабоғдаги ҳамда Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги можарода Озарбайжонни сўзсиз қўллаб-қувватлаш билан ифодаланган сиёсатини ҳам ўзаро мажбуриятлар, ҳам халқаро сиёсатдаги туркий бирлик нуқтаи назаридан улкан муваффақият ва Туркия билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг ҳақиқий намойиши деб аташ мумкин. Озарбайжон ҳудудининг 30 йиллик истилодан озод этилиши, Тоғли Қорабоғ мақоми муҳокама қилинишининг музокара кун тартибидан олиб ташланишини ва Арманистоннинг амалда сўзсиз таслим бўлиши биринчи навбатда Озарбайжоннинг тарихий ютуғи ва Туркия ташқи сиёсатининг муваффақиятидир. Бундан барча мумкин бўлган йўналишларда ТТМҲК доирасида интеграция жараёнларини кучайтириш мақсадида фойдаланилиши шубҳасиз. Туркиянинг ушбу муваффақиятдан Марказий Осиё мамлакатлари билан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий алоқаларни фаоллаштириш йўлида фойдаланишга уринмаслиги кечирилмас хато бўлур эди.
Ташкилот ташкил этилганига 10 йилдан ошди; кенгаш қайси ютуқлари билан мақтаниши мумкин? Ташкилотни ривожлантиришда гуманитар йўналишни асосий деб айтса бўладими?
Албатта, сўнгги 10 йилда ТТМҲК қуруқ баёнотлар, умумий маданий ва тарихий қадриятларни тасдиқлаш ва ушбу соҳасидаги ҳамкорликдан бошқа бирор нарса билан мақтана олмайди. Лекин бу ўринда бир нарсани тушуниб олиш керак: Россия билан ХХРдан бошқа мамлакатлар аксарият мамлакатларни у ёки бу лойиҳада иштирок этишга жалб этиши мумкин бўлган бирор механизм ярата олмади. Бу ҳам етмагандай, ҳеч бир мамлакат барча аҳамиятли йўналишлар бўйича минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун умумий ва самарали платформани шакллантиришнинг уддасидан чиқа билмади. Марказий Осиё ранг-баранг ва турли даражали интеграция минтақасидир, бу ерда ҳали турли параметрлар бўйича минтақадаги барча мамлакатларни қониқтириши мумкин бўлган умумий платформа ишлаб чиқилгани йўқ. Шу сабабли ТТМҲК доирасидаги ҳамкорликнинг маданий-гуманитар йўналишини ҳозирча жамоавий ҳамкорликнинг муваффақиятлироқ шакли дейиш мумкин, лекин у ҳеч қандай мажбурият юкламайди. Шунинг учун Туркиянинг минтақа мамлакатлари билан икки томонлама даражадаги ташқи сиёсати муваффақиятига эътибор қаратиш керак бўлади.
Марказий Осиё ранг-баранг ва турли даражали интеграция минтасидир, бу ерда ҳали турли параметрлар бўйича минтақадаги барча мамлакатларни қониқтириши мумкин бўлган умумий платформа ишлаб чиқилгани йўқ.
Тожикистон Туркий тилли мамлакатлар ҳамкорлик кенгашининг “орқа ҳовлиси”да қолиб келяпти, Туркманистон эса ҳалигача ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кирмади. Марказий Осиё бундай ташаббуслар оқибатида парчаланишга учраяптими?
Марказий Осиё азалдан тарқоқ минтақа бўлиб келган. Тожикистон этник нуқтаи назардан форс этносига мансуб бўлгани учун ТТМҲК доирасидаги ҳамкорлик шаклидан четга чиқиб қолаётгани бор гап. Аммо тожиклар умумий туркий-форсий диний, маданий ва тамаддуний маконнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Боз устига, туркий дунёнинг илмий ва диний макони форсларнинг таъсирида шаклланган. Шу муносабат билан тожик этноси форс ва туркий “дунёлар” бирикуви натижаси ва намунасидир, улар бир-бирисиз рўёбга чиқмаган бўлар эди. Моҳиятан, Тожикистон форс этносига тегишли бўлса-да, маданий жиҳатдан форс дунёсидан кўра кўпроқ туркий дунёга яқинроқ. Шу сабабли Тожикистоннинг ҳамкорликнинг умумий туркий платформага киритилмаслиги ТТМҲКнинг катта камчилигидир, чунки Туркия билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар яхши ва ҳамкорлик даражаси баланддир.
Туркманистоннинг ТТМҲКда тўлиқ форматда иштирок этишдан четга чиқиб қолиши ушбу мамлакатнинг ҳозирги раҳбарияти даврида Марказий Осиё минтақсидаги умумий муносабатлар тизимида ўзига хос йўли ва ўрни борлиги хусусидаги сиёсатга асослангани шубҳасиз. Боз устига, Туркманистон раҳбарияти ТТМҲК доирасидаги маданий ва тил ҳамкорлиги чорчўпидан четга чиқиши мумкин бўлган жамоавий ҳамкорлик кўринишларига рози бўлмаслиги кундай равшан.
Таассуф билан таъкидлаш жоизки, ТТМҲК минтақанинг мавжуд тарқоқлигини кўрсатиб бермоқда, холос. У туркий халқларнинг ҳам маданий, ҳам тарихий умумийлиги доирасидаги ҳамкорликнинг на моҳияти ва на шаклига бирор ўзгариш кирита олгани йўқ. Айни чоқда Марказий Осиё биринчи навбатда ҳам туркий, ҳам форсий этносларнинг ўзаро қоришиб кетгани ва тарихий ҳамкорлигидан иборатдир. Назаримда, туркий маданият ва бирлик ғояси ва тасаввурида тадрижий ўзгаришлар юз бермагунча, минтақа айни масалада бундан кейин ҳам тарқоқлигига қолаверади.
Туркий дунё мамлакатларида ҳамкорликнинг қайси йўналишлари “марказий” бўлиши мумкин? Туркий дунё мамлакатлари учун диний идентитет – кимлик интегрция пойдевори бўлиб хизмат қилиши мумкинми?
Модомики, айни пайтда Туркия “туркий дунё” номи билан ҳамкорлик ташаббускори бўлаётган экан, бу биринчи навбатда иқтисодиёт, савдо-сотиқ ва энергия ресурслари соҳаларига тегишли бўлади. Шу маънода минтақада Туркия учун ҳам, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам президент Ш. Мирзиёевнинг ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликка тайёр экани билан боғлиқ жиддий ижобий ўзгаришлар рўй берди.
Бу Туркиянинг ташқи сиёсати ҳамда дунё энергетика ресурсларини Евроосиёдан Туркияга ва Европага етказиб бериш бўйича “энергетика ҳаблари”дан бири бўлмиш “энергетика терминали ва коридори” (Enerji Terminali ve Koridoru) мақсадларига мос келади. Моҳиятан, бу ташқи сиёсатда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришга йўналтирилган ва энергетика оқимлари барқарорлигини таъминлашни мақсад қилиб олган ташқи сиёсат стратегиясидир. Жуғрофий нуқтаи назардан, Туркиянинг халқаро майдондаги ўрни энергия ресурсларини сотиб олувчи мамлакатлар учун энергия манбаларини ранг-баранглаштиришнинг муҳим маркази сифатидаги “шарқ – ғарб” ва “шимол – жануб” линияси бўйича аниқланади. 2006 йилги “Боку – Тбилиси – Жайҳан” нефть қувури лойиҳаси, “Боку – Тбилиси – Арзрум” (Транскаспий нефть қувури) ва Туркиядаги Жайҳан энергетика терминалининг бошқа лойиҳаси амалга оширилгани ёрқин намуна бўлиб хизмат қилади.
Тоғли Қорабоғ можаросидан сўнг Туркия билан тўғридан-тўғри транспорт алоқасини йўлга қўйиш янги транспорт ва энергетика йўллари учун кенг истиқбол очади.
Энди, Тоғли Қорабоғ можароси тугагандан сўнг Туркия билан Нахичеван орқали тўғридан-тўғри транспорт қатновини йўлга қўйиш Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Туркияни боғловчи янги транспорт ва энергетика йўлларини ташкил этиш учун кенг истиқбол очади ҳамда туркий дунёнинг бутун жуғрофий маконини шакллантиради. Тахминимча, бу 2021 йил апрелида ТТМҲК доирасидаги ҳамкорликнинг келгуси шаклларини муҳокама қилишга ҳам таъсир кўрсатади.
Динга келадиган бўлсак, Марказий Осиё мамлакатларининг барчаси секуляр – дунёвий тутумларга эга, минтақанинг айрим мамлакатларида исломга алоҳида муносабат мавжуд ва ижтимоий-сиёсий жараёнларга оид хавфсизлик ва барқарорлик масалалари билан боғлиқ. Бинобарин, динни туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий омилларидан бири сифатида атай олға суриш эҳтимоли кам. Шунга қарамай, ислом дини Марказий Осиё барча мамлакатларининг умумий маданий-тарихий мероси сифатида тан олинган. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива ва бошқа шаҳарлар ислом фани, маданияти ва тамаддунининг дунёдаги марказлари ўлароқ эътироф этилган.
Жорий йил октябрида Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарнинг Тошкент ва Нур-Султонга сафари муносабати билан тез орада ТТМҲК шафелигида ҳарбий ҳамкорлик бошланиши ҳақида гапириш мумкинми?
Яқин келажакда ТТМҲК доирасида ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинишига ишонмайман. Туркия ҳарбий-сиёсий ҳамкорликнинг муайян минтақавий кўринишларини ташкил этиш йўлидан бормайди, чунки бу Россия билан муносабатларини чигаллаштириб юбориши мумкинлигини яхши тушунади. Анқара ўзи учун устувор аҳамиятга эга бўлган Сурияда ва Жанубий Кавказ минтақасида Россия билан ҳамкорлик ва бирга ҳаракатлашув шаклларини сақлаб қолиши муҳим аҳамиятга эга. Марказий Осиё ҳеч қачон Туркиянинг ҳарбий масъулияти ҳудудига кирмаган ва яқин келгусида кирмайди ҳам. Туркия шусиз ҳам НАТОга аъзо мамлакат сифатида Марказий Осиёда ушбу ташкилотнинг минтақа мамлакатлари билан [ҳамкорлик] дастурларида иштирок этмоқда.
Марказий Осиё ҳеч қачон Туркиянинг ҳарбий масъулияти ҳудудига кирмаган ва яқин келгусида кирмайди ҳам.
Бошқа масала Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболларига боғлиқ. Бу ўринда Туркия Марказий Осиёда, масалан, Россиянинг иштироки заиф ёки умуман йўқ бўлган соҳалардаги қурол-яроғ бозорига чиқишга интилмоқда. Мен учувчисиз ва зарба берувчи учувчисиз аппаратлар – дронларни назарда тутяпман. Тоғли Қорабоғ можароси замонавий ҳарбий технологиялардан фойдаланиш қанчалик муҳим ва самарали эканини исбот қилди. Тахминимча, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон билан Ўзбекистон уларга қизиқиш билдириши мумкин.
Туркий дунё интеграцияси тўғрисида қабул қилинган концепцияни ҳаётга татбиқ қилиш мумкинми ёки у “яхши ният баённомаси”лигича қолиб кетадими?
Умуман олганда, шуни айтишим мумкинки, туркий дунёни ривожлантириш ғоялари Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиш истиқболи муҳим ўрин эгаллаб тургани шубҳасиз, бироқ минтақа мамлакатлари бирлик омили сифатида фақат этник мансубликни асос солиб олиш билан чекланмай, ушбу минтақада яшаб келаётган ҳалқларнинг тарихий ва маданий бирлигига асосий эътибор қаратадиган, Марказий Осиё халқлари тараққиётининг тарихий ўзига хослигини акс эттирадиган умумий туркий маданий-тарихий маконни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқмагунча бирор муваффақиятга эришиш қийин.