Муаллиф: Рустам Маҳмудов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ўқитувчиси
Совет Иттифоқи таназзулга юз тутгандан сўнг Марказий Осиёнинг ўшандан кейинги ривожланиши бўйича турли сценарийлар олға сурилди. Тан олиш керак, минтақа мамлакатлари чиндан ҳам мустақиллигининг дастлабки 10 йиллиги, яъни 1990-йилларда нима қиларини билмай довдираб қолган эди. Збигнев Бжезинский дарсликларга тенг кўрилган “Улкан шахмат тахтаси” китобида минтақанинг тақдири аянчли бўлишини башорат қилган – америкалик таҳлилчи уни Афғонистон, Озарбайжон, Арманистон ва Грузияни қамраб олувчи “Евроосиё Болқони”нинг (Eurasian Balkans) бир қисми деб атаган эди.
Бжезинский фикрича, табиий қазилмалар, айниқса, нефть ва табиий газнинг улкан захиралари минтақадаги этник зиддиятларнинг вазиятни издан чиқариши мумкин бўлган потенциали мавжудлигини ва айни ҳол кучли қўшни давлатларнинг аралашуви, исломлаштиришга туртки беришини башорат қилган эди. Бироқ унинг хавфсирашига қарамай, Марказий Осиё минтақаси Европадаги Болқон ярим оролига ўхшаш жойга айланмади. Ҳа, Тожикистонда фуқаролари уруши (1992 – 1997 йй.) рўй берди, бироқ уруш оловини Россия, Эрон ва Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари билан ўчиришга муваффақ бўлинди. Афғонистондаги урушни тўхтатиб бўлмади, бироқ бу мамлакатдаги беқарорлик тарқалишининг ҳалокатли сценарийлари аксарият ҳолларда Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг Афғонистондаги вазиятни изга солиш билан боғлиқ асосий юкларни зиммасига олган АҚШ, НАТО, Афғонистон ҳукумати билан конструктив ҳамкорлиги сабаб амалга ошмади.
Ғарб мамлакатлари, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Туркия ўртасидаги ёнилғи ресурслари ва транспорт коммуникациялари учун кескин геосиёсий рақобат оқибатида минтақадаги вазият беқарорлашуви мумкинлиги тўғрисидаги башоратлар ҳам оқланмади. 1990-йилар охири ва 2000-йилар бошидаги рақобатдан сўнг ташқи ўйинчиларнинг ёнилғи ресурсларини қазиб олиш ва уларнинг ташқи бозорларга етказиб бериш маршрутларидаги улуши у ёки бу даражада аниқ бўлиб қолди. Ташқи ўйинчилар ўртасидаги бевосита геосиёсий тўқнашувларнинг олдини олишда Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон муҳим роль ўйнади, ушбу мамлакатларнинг сиёсати минтақадаги тинчликни келгуси тараққиёт учун имконият берувчи асосий қадрият сифатида сақлаб қолишга қаратилган эди.
2000-йилларда минтақа Қирғизистондаги навбатма-навбат рангли инқилоблар ва ушбу мамлакат жанубидаги этник тўқнашувларни бошидан кечирди. Сув билан боғлиқ можаролар амалга ошмади. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва кўплаб янги муаммоларга жавоблар ишлаб чиқишнинг янги босқичига чиқиш бўйича биргаликда ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар
Ўзбекистонда 4 йилдан бери давом этаётган ислоҳотлар минтақада янги вазиятни вужудга келтирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни ривожлантириш учун мутлақо янги пойдевор яратишга интилмоқда. Умуман олганда, давлат раҳбари юритаётган сиёсатни кенг қамровли либераллаштириш сари йўналиш деб тавсифлаш мумкин, замонавий ва жадал ривожланаётган иқтисодиёт барпо қилиш истаги ўша йўналишнинг базиси вазифасини ўтамоқда. Табиийки, бунинг учун иқтисодий тараққиётнинг катализаторларидан бири бўлган товарларни сотиш бозорлари керак ҳамда шундай бозорлардан айримлари – Қирғизистон ва Тожикистон – Ўзбекистоннинг шундоқ биқинида жойлашган.
Таассуфки, олдинги йилларда давлатлар ўртасидаги бир қатор зиддиятлар сабаб ўзбекистонлик экспортчиларининг ўша бозорларга чиқиши чекланган эди. Узоқ вақт зиддиятлар енгиб ўтиб бўлмас тўсиқдай туюлиб келди, чунки уларнинг аксарияти сув хавфсизлиги муаммосига бориб тақалган, бироқ Ўзбекистон дипломатияси мамлакатда ислоҳотлар бошлангандан сўнг жуда қисқа вақт мобайнида ҳам Бишкек, ҳам Душанбе билан яқинлашиш сиёсатини қойилмақом қилиб уддалай билди, боз устига, улар тарафдан ҳам Тошкент билан муносабатларни нормаллаштиришга қатъий талаб мавжуд эди. Сиёсий иқлимнинг илиқлашуви икки томонлама савдо-сотиққа ижобий таъсир кўрсатиб, 2017 – 2019 йилларда улар ҳажми кескин ортди. Масалан, сўнгги уч йил мобайнида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги товар айланмаси деярли 5 баробар ўсиб, 2019 йил якунларига кўра, 818,4 миллион АҚШ долларига етди.
Тошкент қўшимча равишда Қозоғистон ва Туркманистон билан ўртадаги сиёсий ва иқтисодий муносабатларга ҳам янгича туртки беришнинг уддасидан чиқди. Айни ҳол минтақадаги умумий сиёсий иқлим яхшиланаётган пайтда Марказий Осиёда товар, инвестиция ва сайёҳлик оқимларининг янгича конфигурацияси шаклланишига сабаб бўлди.
Давлатлараро янги ва мослашувчан платформа
Ушбу жараёндаги кейинги қадам минтақани ривожлантириш режаларини муҳокама этиш мўлжалланган давлатлараро янги форматлар тузилиши кутилган эди ва бундай платформа Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари кўринишида пайдо бўлди. Илк учрашув 2018 йил мартида Нур-Султон (эски Остона), иккинчиси эса 2019 йил ноябрида Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтди, уларда хавфсизлик, атроф-муҳит муҳофазаси, иқтисодий, ижтимоий, илмий-технологик, маданий ва гуманитар ривожланиш, меҳнат миграцияси соҳасида кўп томонлама ҳамкорликнинг аниқ масалалари муҳокама қилинди.
Мабодо маслаҳат учрашувлари ҳақида геосиёсий нуқтаи назардан гапирилса, улар кўплаб экспертлар 2000-йилларнинг бошидан бери такрорлаб келган Марказий Осиё мамлакатларининг дезинтеграция жараёнини тўхтатиб қола олди. Ушбу дезинтеграциянинг 2 та: иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий ўлчами бор эди. Иқтисодий дезинтеграция Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун ўтмишда узоқ ўлкалардаги бозорлар устувор аҳамиятга эга бўлгани билан ифодаланар эди. Нефть ва табиий газнинг йирик экспортчилари – Қозоғистон билан Туркманистон – учун Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия бозорлари устувор бўлган. Марказий Осиё бозорлари ёнилғи ресурсларини истеъмол қилиш бўйича Евроосиёнинг етакчи иқтисодиётлари билан рақобат қила олмас эди. Россия, Хитой ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг йирик савдо-сотиқ ва инвестиция шериклари бўлиб келди.
Табиийки, ташқи савдодаги бундай номутаносиблик Марказий Осиё мамлакатлари кўп томонлама халқаро ташкилотлардаги иштирокига нисбатан турли стратегиялар қўллашига сабаб бўлди. Қозоғистон билан Қирғизистон 2015 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳамда 2015 ва 1998 йилларда мос равишда Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиб кирди. Айни чоқда Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ушбу ташкилотлардан четда қолди. Ўзбекистон фақат Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар бошлагандан сўнг ЖСТга кириш ва ЕОИИда кузатувчи мақомини олиш учун қадамлар қўя бошлади.
Ҳарбий-сиёсий нуқтаи назардан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзоси бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини (КХШТ) Марказий Осиё дезинтеграциясининг рамзи деб аташ мумкин. Гарчи Марказий Осиё мамлакатлари МДҲ ва ШҲТ (фақат Туркманистон аъзо эмас) сингари платформаларда ҳамкорлик қилаётган бўлса-да, яқин вақтгача ҳамкорликнинг соф минтақавий формати мавжуд эмас эди. Сўнгги марта Марказий Осиё формати – Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти (МОҲТ) 2002 йилда ташкил этилган ва у 2005 йилда Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕОИҲ) билан бирлашиб кетгунча мавжуд бўлган эди.
Шу муносабат билан маслаҳат учрашувлари қандайдир интеграцион уюшмага ўсиб чиқади, деб ҳисобласа бўладими? Ҳозирги пайтда бундай вазифа тургани йўқ ва бу мантиқан ҳам тўғри. Жуда тез ўзгариб бораётган замонавий дунёда камроқ ресурс сарфланадиган, аммо пайдо бўлаётган имконият ва муаммоларга тезкор жавоб қайтара оладиган тез мослашувчан форматлар зарур. Айнан маслаҳат учрашувлари формати икки томонлама ҳамкорлик алоқалари билан қўшилиб, минтақа ичида товарлар, капитал ва иш кучи ҳаракатига бўлган чекловларни максимал даражада олиб ташлаш жараёнини тезлаштириши мумкин.
Ўзаро савдо-сотиқ ҳажми ўсиб бормоқда, бироқ у жуда оз
Маслаҳат учрашувлари минтақа ичидаги алоқаларни тиклаш ва мустаҳкамлашга жиддий ҳисса қўшаётгани шубҳасиз. Бироқ бу ерда савдо-сотиқ ҳажми ўсиб бораётганига қарамай, ташқи бозорлар ҳали-ҳамон Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати учун жиддий аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон учун асосий ташқи бозорлар Хитой билан Россия бўлиб қолмоқда, Қозоғистон эса анъанага кўра, учинчи ўринда. 2019 йилда Ўзбекистон 42 миллиард АҚШ долларилик ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 18,1 фоизи ХХР, 15,7 фоизи Россия, 8 фоизи эса Қозоғистон ҳиссасига тўғри келди.
Қозоғистон учун Ўзбекистон 2019 йил якунларига кўра, 9-йирик савдо шериги (2,75 миллиард АҚШ доллари) бўлди, айни чоқда биринчи ўринни Россия (19,6 миллиард АҚШ доллари), иккинчи ўринни эса Хитой (14,4 миллард АҚШ доллари) эгаллади. Европа мамлакатлари билан умумий савдо-сотиқ ҳажми баҳоланадиган бўлса, Европа Иттифоқи биринчи ўринга чиқади. Қозоғистоннинг Италия, Нидерландия, Франция, Швейцария ва Испания билан савдо-сотиқ айланмаси умумий ҳажми 2019 йилда 24 миллиард доллардан ошиб кетди.
Туркманистоннинг энг йирик савдо шериклари Хитой билан Туркиядир. Қирғизистонники – Хитой билан Россия, бироқ Қозоғистон билан Ўзбекистон ҳам мавқеларини мустаҳкамлаб олмоқда. Фақат Тожикистоннинг минтақадаги ҳамкори Қозоғистон 2-ўринда, Россия билан Хитой эса мос равишда 1- ва 3-ўринларни банд этди.
Ҳозирги Марказий Осиё ўзаро савдо-сотиғининг Хитой билан боғлиқ кўрсаткичларга етиб олишига анча қовун пишиғи бор
Минтақа ичидаги муносабатларнинг барча соҳаларини мустаҳкамлаш жараёнини янги даражага кўтариш Марказий Осиё мамлакатларидаги савдо-сотиқнинг умумий ҳажми ва товарларнинг ранг-баранглиги камида минтақа мамлакатларининг Хитой билан ялпи товар айланмаси миқдоридан ошадиган бўлса, амалга ошиши шубҳасиз, ўша товар айланмаси 2018 – 2019 йилларда 40 миллиард АҚШ долларидан кўп бўлган эди. Айни ҳол минтақа бундан буён дезинтеграция хавф солмайдиган тўлақонли жуғрофий-иқтисодий ва бинобарин, жуғрофий-сиёсий феномен – ҳодисага айланиши кўрсаткичларидан бири бўлиши муқаррар. Ҳозирги Марказий Осиё ўзаро савдо-сотиғининг Хитой билан боғлиқ кўрсаткичларга етиб олишига анча қовун пишиғи бор. 2018 йил натижаларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси, 35 фоиз ўсганига қарамай, 12,2 миллиард АҚШ долларига етди, холос.
Афғонистоннинг минтақага қўшилиши
Марказий Осиёдаги янги вазият вужудга келаётганининг яна бир ўзига хос жиҳати Афғонистонга минтақанинг ажралмас қисми сифатида тобора кўпроқ қаралаётганидир. Албатта, бу ҳақда кўпроқ маданий-тарихий нуқтаи назардан гапириш мумкин, чунки Марказий Осиё Россия империяси таркибига киришидан ва Афғонистон XIX асрда Британиянинг протекторатига айланишидин олдин бир пайтлар ушбу ўлка билан Мовароуннаҳр ягона сиёсий, иқтисодий, маданий, диний ва этник маконнинг қисмлари бўлган эди. Тўлақонли ягона макон тикланиши учун 2 та кенг қамровли муаммони ҳал этиш – ушбу мамлакатдаги урушга барҳам бериш ҳамда Афғонистон ва унинг аҳолисини радикал модернизация жараёнидан ўтказиш керак бўлади.
“Модернизация” деганда, фақат иқтисодиётни модернизация қилиш эмас, замонавий қадриятларни жорий этиш ҳам назарда тутилмоқда. Бу ерда ХХ асрда Омонуллахон, Зоҳиршоҳ ва Афғонистон халқ демократик партияси (АХДП) даврида мамлакатни модернизация қилишга уринишлар юз берган, аммо ҳаммаси барбод бўлган эди. 2001 йилдан бери АҚШ ва иттифоқчиларининг молиявий кўмаги билан тўртинчи модернизация амалга оширилмоқда, бироқ бу афғон жамиятининг кескин ўзгаришига олиб келди, деб айтиш қийин. Бундан ташқари, мамлакат келажаги ҳам Кобулнинг чекланган ресурсларини домига тортиб кетаётган кети кўринмайдиган беқарорлик сабабли мавҳумлигича қолмоқда.
Қайд этиш жоизки, беқарорликка қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантирмоқда ва у ердаги вазиятни изга солиш учун саъй-ҳаракатларини аямаяпти. Бунга 2018 йил мартида Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида ташкил этилган халқаро конференцияни мисол қилиб келтириш мумкин.
Коронавирус пандемияси: муаммолар ва имкониятлар
Айни чоқда 2017 йилдан бери Марказий Осиёда ўсиши кузатилган савдо-иқтисодий ва сайёҳлик алоқаларига COVID-19 пандемияси зарба берди. Минтақанинг ҳар битта мамлакати 2020 йилда салбий оқибатларни камайтириш мақсадида шошилинч чоралар кўришга, хусусан, чегараларин ёпишга ва транспорт юк ташувини тўхтатиб туришга мажбур бўлди. Табиийки, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари иқтисодиёти бундан зарар кўрди. Миллий бизнес ва ватандошларни қўллаб-қувватлаш учун инқирозга қарши кураш чоралари кўрилди ҳамда бунинг учун йиғилган маблағлар ва олинган кредитлар йўналтирилди. Шунга қарамай, ёз мавсуми ўрталарига келиб, минтақа карантин режимида узоқ вақт яшай олмаслиги кўзга ташланиб қолди. Шунинг учун мамлакатлар ўртасида давом этаётган пандемия шароитида олдинги иқтисодий ҳамкорлик суръатларини тиклашга имкон берадиган ўзаро ҳамкорлик моделини ишлаб чиқиш масаласи кўндаланг бўлди.
Дастлабки ҳаракатлар қилинмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари пойтахтлари ўртасида ҳаво қатнови тикланганини бунга мисол тариқасида кўрсатиш мумкин. Яна пандемиянинг салбий таъсирини бартараф этиш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш юзасидан кенг қамровли давлатлараро маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Мувофиқлаштирилаётган чора-тадбирлар савдо алоқалари ва сайёҳлар оқимининг олдинги ҳажми тикланишига самарали таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Айни чоқда инқироздан олдинги кўрсаткичларга эришиш кўп жиҳатдан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик баробарида ташқи бозорлардаги вазиятга ҳам боғлиқ бўлади. Юқорида қайд этилганидай, Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи савдо ва инвестиция бўйича шериклари минтақадан ташқаридаги мамлакатлар ҳисобланади, шунинг учун ўша алоқаларни тикламасдан туриб, бу ердаги мамлакатларнинг коронавирус инқирозидан чиқиши ҳақида гапириш мушкул.
Марказий Осиёдаги етакчи нефть экспортчиси бўлган Қозоғистон учун жаҳон бозоридаги “қора олтин” билан боғлиқ вазият муҳим аҳамиятга молик, чунки нефть бозори коронавирус инқирозига жуда сезгир бўлиб қолди. 2020 йил охирида пандемиянинг иккинчи тўлқини дунёни қоплаб оладиган бўлса, нефтнинг баҳоси тушиб кетиши аниқ, бу Қозоғистонга ҳам, бутун бошли Марказий Осиёга ҳам зиён келтиради, чунки Қозоғистон Ўзбекистон билан бирга минтақанинг етакчи иқтисодиёти ҳисобланади. Нур-Султон учун Европа Иттифоқи ва Хитойда нефтининг харид нархлари кўтарилиши муҳим.
Марказий Осиёдаги энг йирик газ захираларига эга бўлган Туркманистон (19,5 триллион м3) учун Хитой иқтисодиётидаги вазият ўта муҳим ҳисобланади, ушбу мамлакат ҳозирги кунда Туркманистон газининг ягона йирик харидоридир. Хитой газ бозоридаги вазият ушбу Осмоности мамлакатига табиий газ экспорт қилаётган Қозоғистон ва Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятлидир.
Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Россиядаги коровирус инқирози оқибатлари бартараф этиш суръатларини диққат билан кузатиб турибди, чунки айнан Россия Марказий Осиё меҳнат миграцияси учун асосий бозор ҳисобланади.
Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Россиядаги коровирус инқирози оқибатлари бартараф этиш суръатларини диққат билан кузатиб турибди, чунки айнан Россия Марказий Осиё меҳнат миграцияси учун асосий бозор ҳисобланади. 2019 йилда ушбу зикр этилган 3 та мамлакатдан миллионлаб мигрантлар Россиядан ватанларига 10 миллиард АҚШ долларига яқин пул юборди.
Россия иқтисодиётидаги вазият қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш нуқтаи назаридан ҳам Ўзбекистон учун муҳим. Хитой ҳам Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар учун катта қизиқиш уйғотмоқда, улар аста-секин ушбу мамлакатнинг улкан озиқ-овқат бозорини ўзлари учун кашф қилмоқда.
Ташқи бозорлардаги иқтисодий вазиятнинг яхшиланиши Марказий Осиё мамлакатларига валюта тушуми тикланишига, бу эса ҳам ички иқтисодий фаоллик, ҳам минтақадаги савдо-сотиққа кўплаб турткилар беради.
COVID-19 дан қаттиқ зарар кўрган АҚШ иқтисодиётининг тикланиш суръатлари Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун муҳим омил ҳисобланади. Американинг истеъмол бозори дунёдаги энг йирик бозор бўлиб, унинг соғломлашуви бутун бошли жаҳон иқтисодиёти учун ўсиш драйвери – ҳаракатлантирувчи кучи вазифасини ўтайди, ундан Марказий Осиё мамлакатлари мамлакатлари ҳам бебаҳра қолма йди.
Пандемия геосиёсати
Бироқ дунё иқтисодиёти тикланиши ҳақида гап кетганда, бу у қадар осон эмаслигини қайд этиш лозим, чунки пандемия сабаб бўлган бу инқирознинг нафақат иқтисодий ва гуманитар, қолаверса, геосиёсий ва геоиқтисодий ўлчами ҳам бор.
Пандемия дунё сиёсати ва иқтисодиётидаги ундан олдин бошланган мураккаб жараёнларга қатланиб кетди ва энди уларнинг узоқ жавом этадиган таъсир кучи мавжуд. Дунё иқтисодиётидаги Хитойнинг ўсиши, ҳарбий соҳада Россиянинг технологик имкониятлари юксалиши, нефть ва газ соҳасида АҚШнинг нефть ва сланец гази ишлаб чиқаришда етакчи мавқеларга чиқиб олиши билан боғлиқ тарзда вужудга келган кучлар нисбатининг ўзгариши жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида бир неча ўта кескин нуқталарни пайдо қилди.
Биринчи кескинлик нуқтаси Америка билан Хитой муносабатларига тегишли ва у савдо уруши чоғида пайдо бўлиб, 2019 йил мобайнида давом этди. Вашингтон билан Пекин импорт қилинаётган товарларга нисбатан тарифларни ошириш билан бир-бирига зарба берди. Уларнинг энг қудратли иқтисодиётлари ҳам, 2020 йил бошида савдо битимининг “биринчи босқичи”ни имзоланиши ҳам бу икки томонлама муносабатлардаги кескинликни тўлиқ бартараф қила олмади, чунки бунинг чуқур сабаблари бор ва келгуси дунёда глобал етакчи ким бўлишини аниқлаб бериши керак. Савдо билан боғлиқ можаронинг қайталаниши Хитойнинг коронавирус инқирозидан АҚШга нисбатан тезроқ чиқишига йўл очиб бериши мумкин. Бу ХХРнинг коронавирусни глобал миқёсда тарқатгани учун жавобгарликка тортишни БМТдан талаб қилаётган Трамп маъмуриятининг ғашига тегмоқда.
Иккинчи кескинлик нуқтаси АҚШ билан Россия муносабатларида кузатилмоқда. Москванинг энг янги қуроллар, жумладан, товушдан юқори тезлик технологияси, ракетага қарши мудофаа ва радиоэлектрон кураш воситаларини ишлаб чиқишда жадал олдинлаб кетгани тарихда илк марта АҚШнинг технологик жиҳатдан анча-мунча ортда қолишига, Америка ҳукмрон доираларининг заифлигини ҳис қилишига сабаб бўлди, бу унинг Россия билан энг янги ҳарбий технологияларни сотиб олиш бўйича шартнома тузган мамлакатларга қарши санкциялар қўллаш билан таҳдид қилаётганида намоён бўлмоқда. АҚШ яна Москвага Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш шартномаси (СҲҚҚШ) бўйича янги ҳадли битим тузиш бўйича ҳам босим ўтказмоқда, битим Россиянинг товушдан юқори тезликда учувчи қуроллар ва оғир баллистик ракеталар соҳасидаги ишланмаларини тўхтатиб туришни назарда тутади. Шунингдек, Вашингтон Москвадан Хитойни СҲҚҚШга оид музокараларга жалб этишга киришишни ҳам талаб қилмоқда.
Учинчи кескинлик нуқтаси жаҳондаги нефть ва газ бозоридаги таъсир кўрсатиш соҳаларини қайта тақсимлаш учун ошиб кетган рақобат билан боғлиқ. АҚШ фрекингни (газни ер қаъридан қазиб олиш жараёнида тоғ жинсларини емириш) кенг миқёсда қўллаш шарофати билан нефть ва газ қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ўринга чиқди ва бу 2 та натижага олиб келди. Бир тарафдан, АҚШ ёнилғи хомашёси импортини камайтира бошлади ва бу ҳол анъанавий ёнилғи экспортчиларини нефть ва газни етказиб беришни бошқа бозорларга йўналтиришга мажбур қилди. Бошқа тарафдан, нефть ва газ ишлаб чиқариш оширилиши Америка компанияларининг Трамп маъмурияти кўмаги билан ташқи бозорларни эгаллашга интилишига сабаб бўлди. Натижада умумий вазият кескинлашиб, бу Саудия Арабистонининг Россия билан ҳамкорликда Американинг сланец қатламларидан ёнилғи олувчи компанияларига қарши энергетика уруши очишига айланиб кетди.
Энергетика уруши Европа газ бозорини ҳам қоплаб олди. У ерда Вашингтоннинг Берлинга ва Европанинг энг йирик энергетика компанияларига “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилишини тугаллаш билан боғлиқ босим ортиб бораётгани кузатилмоқда. Америкаликлар Европага Россиянинг “демократик бўлмаган” хомашёси ўрнига ўзининг сланец газини сотиб олишни очиқдан-очиқ таклиф қилмоқда.
Ушбу кескинлик нуқталарининг барчасида улкан беқарорлаштирувчи потенциал мавжудлиги шубҳасиз, бу жаҳон иқтисодиётига, унинг коронавирус инқирозидан чиқиш суръатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Албатта, айни вазият Марказий Осиё минтақасини коронаинқироз оқибатларини бартараф этиш стратегиясига эш бўлмаслиги аниқ.
Узоқ истибол ҳақида сўз юритиладиган бўлса, геосиёсий рақобатнинг Қозоғистон ва Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган Тўртинчи саноат инқилоб (ТСИ)га асосланган технологик модернизация ва рақамлаштириш бўйича режаларига дахл қилиши мутлақо номақбулдир. АҚШ билан Хитой ўртасидаги ТСИда етакчилик қилиш йўлидаги урушнинг илк саросималари кўзга ташланиб қолди. Вашингтон жон-жаҳди билан Хитой технология компанияларининг имкониятларини чеклашга уринмоқда. Американинг қора рўйхатига ХХРнинг Huawei ва Semiconductor Manufacturing International Corporation сингари юксак технология маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи корпорациялари киритилди. Бундан ташқари, Вашингтон Huawei компанияси билан G5 мобил алоқасини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни тўхтатиш бўйича шерикларига босимни кундан-кунга ошириб бормоқда ҳамда хитойликларга янги билимлар, технологиялар ва компонентлар бериш бўйича чекловлар жорий этмоқда. Ўз навбатида Хитой ҳам ўз бозорида фаолият кўрсатаётган Америка компанияларининг қора рўйхатини ишлаб чиқмоқда.
Шу ҳолатлар ҳисобга олинса, айни рақобатнинг дунё сиёсатида узоқ муддатли тўртинчи кескинлик нуқтасига айланиб кетиш ва 2 та ўзаро баҳслашувчи технология зонаси вужудга келиш эҳтимоли катта экани аён бўлади, бу кўплаб ривожланаётган мамлакатларни оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган мураккаб аҳволга солиб қўйиши мумкин. Вазиятнинг бундай ривожланиши Марказий осиё мамлакатлари учун мутлақо номақбул, чунки бу уларнинг ўз технология соҳаларини яратишида, саноат ва хизматлар соҳасини рақамлаштириш дастурларини амалга оширишида шериклар, технологиялар ва инвесторларни эркин танлаш имкониятларини чеклайди
Хулоса
Шундай қилиб, Марказий Осиёнинг бир бутун ҳодиса сифатида барқарор ривожланиш ва унда интеграция тамойилларининг деизинтегация тамойилларига зид равишда мустаҳкамланиш истиқболлари кўп жиҳатдан Марказий Осиё мамлакатларининг минтақа ичидаги савдо-сотиқ ва инвестициялар ҳажмини бундан-да ошириши, сиёсий ирода ва аъёнларнинг масалаларга ижокорона ёндашуви мажудлигига, шунингдек, дунё иқтисодиёти ва геосиёсатидаги вазиятга боғлиқ бўлади.
Кўплаб муаммолар Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётнинг янги моделларини биргаликда фаол қидириши учун рағбат вазифасини ўташи мумкин, бу келгусида минтақада ўзаро ишонч ортишига ижобий таъсир кўрсатади.
Минтақа ва дунёдаги узоқ муддатли таъсир кўрсатиш қувватига эга ва ўзаро қалашиб кетиши мумкин бўлган бу қадар кўп сонли омиллар ва инқироз ҳолатлари Марказий Осиё мамлакатларининг коронаинқироздан чиқишини анча-мунча қийинлаштириши ҳамда минтақадаги иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш суръатларини пасайтириши мумкин. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ушбу кўплаб муаммолар Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётнинг янги моделларини биргаликда фаол қидириши учун рағбат вазифасини ўташи мумкин, бу келгусида минтақада ўзаро ишонч ортишига ижобий таъсир кўрсатади.
Бўлғуси маслаҳат кенгашларида муҳокама қилиниши ёки Марказий Осиё мамлакатлари бошқа турли форматлар доирасида бирга ўртага ташланиши мумкин бўлган эҳтимолий ғоялар орасида Хитой билан савдо-иқтисодий муносабатлар табиатини ўзгартиришни ажратиб кўрсатиш мумкин. Савдо-сотиқнинг ҳозирги структураси минтақа мамлакатларини хомашё базаси ҳолатида сақлаб қолади, уларга юқори қўшилган қийматли товарларнинг асосий истеъмолчиси сифатида тобора кучаяётган ўрта синфга ривожланаётган Хитой истеъмол бозорига жуғрофий жиҳатдан яқинлигидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермайди.
Марказий Осиё мамлакатларининг ХХРга экспорт қилаётган товарлари структурасида юқори қўшилган қийматли товарлар улушини орттириш сув билан ҳаводай зарур, чунки бу улар экспорти ҳажмини қиймат нуқтаи назаридан оширади ҳамда минтақада сифатли ва кўп маош тўланадиган иш ўринлари яратади. Хитой билан қўшма ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ва уларда ишлаб чиқариладиган товарларни Хитой бозорига чиқаришга рухсат олиш масаласини кўп жиҳатдан ушбу мавзу призмаси орқали кўриб чиқиш мумкин. Ташкил этилажак корхоналарнинг Тўртинчи саноат инқилобига тааллуқли деб таснифланадиганлари ҳам бўлиши шарт. Дунё янги технологик ҳаёт тартибига ўтаётгани ҳисобга олинса, айнан ушбу ишлаб чиқариш корхоналари Марказий Осиё учун узоқ истиқболда керак бўлади, ўша тартиб ривожланган ва муваффақиятли ривожланаётган мамлакатлар гуруҳига кимлар киришини, кимлар эса жаҳон бойликлари янги тақсимоти ҳамда инновацион билимлар ва технологиялар яратишдан четда қолишини белгилаб беради.
Европа Иттифоқи билан ЕИнинг Марказий Осиё билан янги стратегияси ёки Европа Иттифоқи 2018 йилда қабул қилган қамрови жиҳатидан кенгроқ “Европа билан Осиёни бирлаштириб” стратегияси доирасида ҳамкорликдан кўриладиган фойдани биргаликда кўпайтириш ва келгусида минтақанинг фаол мавқеини шакллантиришни ўрганиш масаласи истиқболли бўлиб кўринади.
Марказий Осиё мулоқотининг эҳтимолий мавзулари орасида минтақа мамлакатларининг “яшил иқтисодиёт”га биргаликда ўтишини тезлаштириш бўлиши ҳам мумкин, бу экологик вазият тобора ёмонлашиб бораётган ва иқлим ўзгариши кузатилаётган ҳолатда ўта долзарбдир. “Яшил иқтисодиёт” сари бирга ҳаракатланиш жараёни янги турдаги иқтисодий базис яратишдан тортиб, Марказий Осиёнинг Евроосиёнинг қоқ ўртасидаги жойлашган яшил макон деган ноёб минтақавий брендини ишлаб чиқишгача бўлган кўплаб дивидендлар келтириши мумкин. Бу эса ўз навбатида туризм соҳасида фойда келтириши, минтақанинг сиёсий обрўсини яхшилаши ва дунёдаги етакчи “яшил компаниялар” учун инвестиция жозибадорлигини ошириши мумкин.