Сурат манбаси: izborsk.md
Муаллиф: Санжар Саидов – сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Бугунги кунда халқаро муносабатлар сифат жиҳатдан янги мазмун-моҳият касб этмоқда. Ташқи сиёсатнинг янги акторлари пайдо бўлиши билан бир қаторда унинг қонуниятлари, стратегия ва тактикалари ҳам такомиллашмоқда. Глобаллашув ва рақамли технологияларнинг кенг ёйилиши мазкур тенденцияни кучайтириб, давлатлар, халқаро ташкилотлар, трансмиллий компания ва бирлашмалар олдига замонавий вазифаларни юкламоқда. Шундай омиллардан бири бу шубҳасиз – “юмшоқ куч” феноменидир.
Хўш, бугун Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларида “юмшоқ куч” сиёсати мавжудми? Мазкур омилдан Ўзбекистон қандай ва қай шаклда фойдаланмоқда? Бу борада мамлакатимизда сиёсий, маданий-ғоявий ва интеллектуал ресурслар етарли даражадами? Мазкур мақолада муаллиф ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилган.
“Юмшоқ куч” тушунчасининг келиб чиқиши ва назарий жиҳатлари
“Юмшоқ куч” (soft power) ёки “юмшоқ ҳокимият” – мажбурлашни англатадиган “қаттиқ куч”дан фарқли ўлароқ, ихтиёрий иштирок этиш, симпатия ва жозибадорлик асосида исталган натижаларга эришиш қобилиятини назарда тутадиган сиёсий конфигурация моделидир.
Сўнгги йилларда “юмшоқ куч” атамаси оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, сиёсатшунослик ва жамоатчилик билан алоқалар соҳасидаги турли мутахассисларнинг баёнотларида тез-тез учрай бошлади. “Юмшоқ куч” ибораси илк бор XX асрнинг 90 йилларида америкалик сиёсатшунос Жозеф Ней асарида (Bound to Lead: The Changing Nature of American Power) пайдо бўлган. Нейнинг такидлашича, бугунги кунда юмшоқ куч сиёсати дунёнинг етакчи давлатлари замонавий ташқи сиёсатининг муҳим омилларидан бирига айланиб улгурди. Кейинчалик эса, у мазкур категорияни 2004 йилда чоп этилган “Юмшоқ куч: жаҳон сиёсатида муваффақиятга эришиш воситаси” (“Soft Power: The Means to Success in World Politics”) китобида янада такомиллаштирди.
Ўйлайманки, сиёсий жараёнларда “юмшоқ куч”дан фойдаланиш амалиётини фақатгина сўнгги икки асрга татбиқ этиш хато бўлур эди. Бугунги кунда кенг тарғиб қилинаётган халқаро муносабатлар тизимида маданий таъсир қилиш тажрибаси кўп асрлар олдин ҳам ўзига хос шаклда мавжуд бўлган. Бунда қуйидаги гипотезани таъкидлаш зарур: юмшоқ куч, ихтиёрий ҳаракатларни маданий рағбатлантириш (қўзғатиш) сиёсати сифатида ҳар доим “қаттиқ куч” билан ёнма-ён қўлланилган, аммо у ўзининг услуби ва ранг-баранглиги билан тубдан фарқ қилган.
Шу ўринда табиий савол туғилади: нега инсоният “юмшоқ куч” деб аталувчи сиёсий ҳодисага ҳар доим интилади? Бунинг таг замирида инсон табияти ётади дейишимиз мумкин. Инсон табиатида, у ёки бу масалани нафақат қурол кучи билан, балки сўз кучи ёрдамида ҳал қилишга туғма мойиллик мавжуд.
Қадимги Рим файласуфи Цицерон таъкидлаганидек: “Инсон қадр-қимматини энг юқори даражага кўтариши мумкин бўлган иккита фаолият тури мавжуд: қўмондонлик ёки таниқли нотиқликдир. Биринчиси душман таҳдидини қайтарса, иккинчиси мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлайди. Давлатнинг том маънодаги гуллаб-яшнаши учун “қилич ва қалам иттифоқи” зарурдир”[1].
Шу ўринда Шарқ мутаффакири ва шоири Алишер Навоийнинг:
“Олибмен таҳти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон”
дея таъкидлашида ҳам қалам, сўз, маънавият ва маданиятнинг кучи эътироф этилади.
Италиялик мутаффаккир Никкола Макиавелли ўз асарида, ҳар қандай давлат ўз фуқароларига нисбатан шундай сиёсат юритиши керакки, фуқаролар ўз ҳукумдоридан бир вақтнинг ўзида қўрқиши ва уни севиши лозим, деб ёзади. Макиавеллининг фикрига кўра, мақсадга эришиш учун ҳаракат қилишнинг икки йўли мавжуд: қонун йўли (инсоний йўл сифатида) ва зўравонлик йўли (ҳайвоний йўл сифатида). Аммо қонун йўли кўпинча кам самарали бўлади. Шунинг учун, одамлар баъзан иккинчи усулга мурожаат қилишади. Ҳукмдорлар ўзларида ҳам инсоний, ҳам вахшийлик табиатини ривожлантириб, иккала усулдан ҳам бир хилда фойдаланишни билиши лозим[2].
“Юмшоқ куч”нинг институционаллашуви
Юмшоқ куч – бу нафақат ихтиёрий ҳаракатлар учун имкониятлар ва имтиёзлар, балки эътиборни жалб қиладиган ва бошқа акторлар томонидан амалга ошириладиган институтлар, стандартлар ва қоидалар мажмуидир. Бундай стандартлар, институтлар ва тузилмалар юмшоқ кучнинг ажралмас яхлит тизимини ташкил этиб, улар асосан учта асосий манбаларга таянади: мамлакат маданияти ва унинг бошқалар учун жозибали томонлари; маълум бир мамлакатнинг ўзгалар томонидан қабул қилинган сиёсий қадриятлари тизими; легитим деб топилган ва ахлоқий қоидаларга асосланган ташқи сиёсат модели.
Бироқ, “юмшоқ куч” ҳам, “қаттиқ куч” каби, ўз таъсир доираси чегараларига эга. Улар қандай тасвирланади? Қаттиқ кучнинг, масалан, оммавий қирғин қуроллари, биринчи навбатда ядровий қуроллар ва уларнинг ҳалокатли натижаси хақидаги тасаввурлар бу кучни чеклайди ҳамда маълум тизгинда ушлаб туради. “Қаттиқ куч” ўзининг қаттиқлиги даражаси туфайли ўзини чеклайди. Юмшоқ кучнинг чегаралари қандай белгиланади? Кўп асрлик сиёсий тарих шуни кўрсатадики, юмшоқ кучнинг тарқалиши ва таъсири, қоида тариқасида, актор томонидан бошқариладиган минтақанинг ва унга ёндош ҳудудларнинг географик чегаралари билан ифодаланган, ҳаракат доирасини кенгайтириш ёки бутун дунёни қамраб олиш имконияти бўлмаган. Масалан, эллинизм собиқ Македониялик Искандар империяси чегараларидан ташқарига чиқмаган бўлса, Рим маданияти ўз ҳудуди ва унга маданий яқин мамлакатлар цивилизациясига таъсир кўрсатди. Буюк Британиянинг бешта қитъада мустамлакалари бўлса ҳам, аммо, уларни асосан ҳарбий воситалар ёрдамида сақлаб турган, бу эса охир-оқибат ушбу кучнинг муқаррар равишда пасайишига олиб келди.
Юмшоқ куч феномени шаклланишида 1930 йилларда италиялик файласуф Антонио Грамши томонидан ёзилган “Қамоқхона дафтари” (Quaderni del carcere) асарида яратилган маданий-ғоявий гегемонлик концепцияси асос бўлиб хизмат қилди дейишимиз мумкин. Мазкур асар тез орада ғарбий Европа ва америкалик неоконсерваторлар орасида кенг тарқалиб, шухрат қозонди.
Шуни таъкидлаш керакки, юмшоқ кучни фақат мақсадга эришиш йўлидаги ноҳарбий услуб деб тушуниш ва ёндашув жуда мавҳумдир. Бу эса тадқиқотчига ҳодисани ўрганиш ва ҳеч бўлмаганда шартли делимитатив чегараларини белгилаш учун ҳақиқий имконият бермайди. Шундай қилиб, агар биз юмшоқ кучни фақат мақсадларга эришишнинг ноҳарбий усули деб ҳисобласак, табиий саволлар туғилади: иккита антагонист ўртасидаги мафкуравий кураш бир-бирига нисбатан юмшоқ кучнинг намоён бўлиши ҳисобланадими? Диний таълимотларни ёки диний ташкилотни ижтимоий институт сифатида юмшоқ кучнинг махсус шакллари деб ҳисоблаш мумкинми? Шубҳасиз, юқорида айтиб ўтилган кенг таъриф доирасида ушбу саволларга аниқ жавоб бериш қийин.
Шунинг учун ҳам юмшоқ кучни тадқиқ қилишда янада аниқроқ ва самаралироқ ёндашув талаб этилади. Ж.Нейнинг таърифига кўра сиёсий тизимда уч турдаги куч мавжуд: (1) мажбурлаш кучи (қаттиқ куч орқали ўз иродасини сингдириш ва босим бериш); (2) ишонтириш кучи (пул ва моддият орқали ўзига оғдириш); (3) маданий таъсир кучи, ёки маданий рағбатлантириш (инсонни ихтиёрий равишда ўзи хохлаган томонга рағбатлантириш)[3]. Мазкур шароитда айнан маданий таъсир кучи, яъни фаол акторнинг нуқтаи назарини ўзга томонидан ихтиёрий равишда қабул қилиниши юмшоқ куч тушунчасининг моҳиятини аниқроқ очиб беради.
XX асрда содир бўлган иккита ҳалокатли жаҳон уруши, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши ва бошқа омиллар ихтилофли масалаларни ҳарбий йўллар билан ҳал қилишнинг самарасиз эканлигини, халқаро муносабатларда иқтисодий, мафкуравий ва маданий таъсир воситаларидан фойдаланган ноҳарбий усулларининг ролини оширганлигини исботлади. Натижада, ноҳарбий таъсир механизмлари ва уларнинг улкан салоҳияти долзарблигини тушуниш, қаттиқ кучнинг юмшоқ кучдан устунлиги тўғрисидаги тасаввурга эга бўлган авлодларнинг хатоларини қайта кўриб чиқишга ва тегишли сабоқ чиқарганлар учун муваффақият калити бўлди.
“Юмшоқ куч” сиёсатини самарали олиб боришда учта омил муҳим ҳисобланади:
– ташкилий-институционал асослар (“юмшоқ куч” стратегияси ва асосий йўналишларини белгилаб олиш; уни амалга оширувчи институтларни танлаш; уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш);
– ахборот-маданий макон (ғоявий-мафкуравий тарғибот ишларини ташкил этиш; ўзига нисбатан ижобий ахборот маконини яратиш; жамоатчилик фикри мониторинги ва ҳ.к.);
– кадрлар тизими (яъни “юмшоқ куч”ни амалга оширишга қодир бўлган мутахассислар – сиёсатшунос, халқаро муносабатлар экспертлари, имиджелог, политтехнолог ва бошқалар гуруҳига эга бўлиш).
Бугунги кунга келиб халқаро муносабатларнинг субъекти ҳисобланган деярли барча давлатлар “юмшоқ куч” сиёсатидан фойдаланишга интилиб келади. Аммо, уни хамма ҳам бир хилда ва самарали қўллай олмайди. Масалан, Portland-PR халқаро ташкилоти томонидан турли мамлакатларнинг “юмшоқ куч” факторидан фойдаланиши доимий равишда тадқиқ этиб борилиб, уларнинг рейтинги эълон қилинади. The soft power index[4] рейтингида фақатгина 30 та давлат қамраб олинган бўлиб, улар ўз ташқи сиёсатида “юмшоқ куч”дан у ёки бу шаклда самарали фойдаланиб келади.
Ўз навбатида мазкур индексларда “юмшоқ куч” дипломатиясининг асосий воситаларига сиёсий пиар, инфо оқим, глобал маркетинг, давлат тилининг дунёда оммавийлиги, глобал иерархияда давлат позицияси, маданий алмашинув, спорт, туризм, халқ дипломатияси, таълим тизими, ахборот урушларини олиб бориш қобилияти, маданиятлараро мулоқот, миллий диаспоралар, миграция сиёсати кабилар қамраб олинган.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида “юмшоқ куч” омили
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фаол ташқи сиёсат юргизиш, минтақавий ва глобал интеграция жараёнларида иштирок этиш тенденцияси кучайиб бормоқда. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг 5.2. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар бандида: Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш каби жиҳатлар мустаҳкамлаб қўйилиши мазкур соҳани нақадар долзарб эканлигидан далолат беради.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси” ҳамда бугунги кунда кенг муҳокама қилинаётган “Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси” лойиҳаси каби норматив-ҳуқуқий хужжатлар бу борада алоҳида аҳамият касб этади.
Лекин, бу масаланинг бир томони. Ўзбекистон халқаро муносабатларда “юмшоқ куч” омилини қўллай олмоқдами ёки қўллаши учун нималарга эътибор бериши керак? деган саволларга жавоб бериш бугунги кунда долзарблигича қолмоқда. Мазкур ҳолатда бир нечта жиҳатларни таҳлил этиш лозим деб ҳисоблайман:
1. “Юмшоқ куч” сиёсатини қўлламоқчи бўлган актор энг аввало унинг географик чегараларини (глобал ёки регионал) белгилаб олиши лозим. Ўзбекистоннинг эндигина ривожланиш йўлига кирган мамлакат сифатида унинг “юмшоқ куч” макони албатта бу – Марказий Осиё минтақаси булиши муқаррар. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ҳамкорлик ва интеграторлик вазифаларини ўз елкасига олиши даркор. Бунга, энг аввало, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг географик марказида жойлашганлиги ҳамда барча бешта давлат билан чегараларга эгалиги каби омиллар асос бўлиб хизмат қилади. Эндиликда Ўзбекистон сиёсий раҳбарияти олдида барча турдаги чегара муаммоларини ҳал этиш (делимитация ва демаркация) масалалари ҳам турибди. Келажакда эса, бевосита Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари бу борада самарали восита бўлиши мумкин. Мазкур “маслаҳат учрашувлари”ни яқин келажакда том маънодаги интеграциявий уюшмага айлантириш нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақанинг геосиёсий манфаатларига тўла мос келади.
2. Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда амалга ошираётган минтақавий ташқи сиёсатида Афғонистон фактори муҳим ўрин эгаллаётгани бор гап. 2018 йил март ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон муаммоларига бағишланган “Тинчлик жараёни хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилиши, 2019 йилнинг 7-10 август кунлари Тошкентда “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан мувафақиятли ўтган музокаралар фикримиз далилидир. Мазкур сиёсий жараёнлар Афғонистон масаласига таалуқли Россия бошчилигидаги “Москва форматидаги” маслаҳатлашув ва Хитой ташаббуси билат тузилган “ШҲТ+Афғонистон” мулоқот гуруҳига муқобил шаклдаги ўзбек дипломатиясининг ютуғи сифатида баҳолашимиз мумкин. Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш жараёнидаги фаол иштироки, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик[5] унинг имижига ҳам ижобий таъсир ўтказмоқда. Эндиликда эса Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, уни Марказий Осиё интеграциявий орбитасига тортишда бош ролни ўзига олиши лозим.
3. Маълумки, “юмшоқ куч” сиёсатида миллат ва тил фактори катта аҳамиятга эга. Биз ўзбек тили, унинг бой лексикологияси ва корпуси ҳақида кўп гапирамиз. Ҳозирда эса мазкур омилдан фойдаланиш даври келди. Статистик маълумотларга кўра ўзбеклар Афғонистонда 3 миллионга яқин, Тожикистонда 1,3 миллион, Қирғизистонда 918 мингдан зиёд, Қозоғистонда 576 минг, Туркманистонда 250 мингдан ортиқ нафарни ташкил этади. Ўзбек тили Ўзбекистон ва Афғонистонда расмий мақомга эга бўлса, минтақанинг бошқа давлатларида маҳаллий аҳамиятга эга.
Айрим субъектив сабабларга кўра биз мазкур миллатдошларимиз билан алоқаларни узиб қўйдик. Бугун эса, улар билан маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзбек тилини ўрганиш ва кенгроқ тарғиб қилиш борасидаги ишларни кучайтириш зарур. Бу борада етакчи давлатлар тажрибасидан (масалан, Германиянинг Гёте институти, Франциянинг “Альянс Франсез”, Россиянинг “Русский мир” каби проектлари) унумли фойдаланиш лозим.
4. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг “маданий-туристик хаб”ига ҳамда “таълим хаб”ига айланиш имкониятига эга. Ўзбекистон томонидан бугунги кунгача ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига 5 та моддий-маданий мерос объекти ва 8 та номоддий маданий мерос номзодномаси киритилган бўлиб, 2030 йилгача 10 та маданий мерос объекти ва 5 дан ортиқ номоддий мерос номзодномаси киритилиши режалаштирилган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шахрисабз, Термиз каби тарихий шаҳарлар нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиё халқларининг маданий меъроси сифатида талқин қилиш мақсадга мувофиқ. Бу борада айниқса зиёрат туризмини оммалаштириш, минтақа давлат фуқароларига имтиёзлар тақдим этиш лозим.
Шунингдек, Ўзбекистонни минтақа мамлакатлари ёшлари учун таълим олиш жозибадорлигини ошириш жуда муҳимдир. Янги олий таълим муассасаларини ташкил этиш, дунёнинг етакчи университетлари филиалларини очиш ва МО ёшлари учун турли таълим грантларини жорий қилиш (Европанинг “Erasmus” дастури аналогидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш) мақсадга мувофиқ.
5. Маълумки, “юмшоқ куч” воситаларидан энг самаралиси бу нодавлат нотижорат секторни (ННТ – NGO) қўллаб-қувватлашдир. “Юмшоқ куч” усталари бўлган етакчи давлатлар халқаро даражадаги ННТлар тармоғини тузиш, ёки маҳаллий ННТлар ижтимоий лойиҳаларига грантлар ажратиш орқали ижобий имидж яратиш маҳоратига эгалар. Ўзбекистон ҳам Марказий Осиё минтақасида фаолият олиб борувчи ННТлар тармоғини шакллантириши лозим. Бу борада Ўзбекистон Парламенти – Олий Мажлис ҳузуридаги ННТларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди имкониятларини ошириш билан бирга, миллий ННТларнинг фандрейзинг стратегияларини кучайтириш талаб этилади.
Шунингдек, кучли ғоявий ва инфратузилмавий асосга эга ОАВларини шакллантириш лозим. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ягона ахборот маконини яратиш бўйича ишларни олиб бориши мақсадга мувофиқ бўларди. Бунда нафақат анъанавий, балки замонавий оммавий ахборот ва коммуникация тармоқларини ривожлантириш талаб этилади.
6. “Юмшоқ куч” омилидан фойдаланиш, умуман самарали ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш, энг аввало, кадрлар масаласига ҳам боғлиқдир. Бугунги кунда, мазкур тизимда замонавий билим ва кўникмаларга эга, фаол ва ҳаракатчан ёш кадрлар йўқлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шунингдек, энг асосийси, Ўзбекистон ташқи сиёсати фалсафасини тубдан кўриб чиқиш лозим. Унга замонавий сиёсий менежмент ва инновацион ғояларни татбиқ этиш, янгича фикрлайдиган янги авлод кадрларини жалб қилиш стратегик вазифалар сирасига киради. Бу эса ўз навбатида келажакда Ўзбекистоннинг soft powerни smart powerга транформацияси учун асос бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, “юмшоқ куч” воситалари ва сиёсий имидж бу, энг аввало, мамлакат иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий қобилиятининг бир қисмидир. Балким жуда муҳим, лекин фақат бир қисми. Салоҳият эса фақат рамзий қўринишларда эмас, балки реал воқеъликда акс этиши лозим. Ўзбекистон “юмшоқ куч” асосида ўз минтақавий сиёсатини юритиши асосида, ички сиёсатида ҳам туб демократик ислоҳотларни амалга ошириши талаб этилади. Шу сабаб, республика ўз ижтимоий-сиёсий тизимида том маънодаги демократик қадриятларни имплементация қилсагина минтақавий етакчилик мақомига эришиши мумкин.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Цицерон Марк Туллий. «Речи». В 2-х т. т. I-II. Изд-во академии наук СССР, М., 1962. –С. 30.
[2] Макиавелли Никколо. «Государь» Изд-во «Астрель», М., 2002. –С.85.
[3] Nye Jr. Joseph S. «Soft Power. The Means to Success in World Politics». First ed. New York: Public Affairs, 2004. p.2.
[4] The soft power index. https://softpower30.com/
[5] 2017 йилда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида афғон ёшлари таълим олишига мўлжалланган ўрта-махсус ўқув муассасаси фаолият бошлаган.