Сурат манбаси: polit-asia.kz
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.
Марказий Осиё геосиёсий жараёнларидаги ташқи иштирокчиларни икки гуруҳга бўлиш мумкин, биринчи гуруҳда глобал даражадаги акторлар Россия, Хитой, АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи бўлса, иккинчи гуруҳдан Туркия, Эрон, Исроил, Саудия Арабистони мамлакатлар жой олган. Мазкур давлатларнинг умумий мақсадлари бўлиши билан бир қаторда, уларнинг ҳар бирида алоҳида мақсад ва вазифалар бор эканлигини ҳам эътиборга олиш керак. Сўнгги йилларда турли нашрларда минтақанинг геосиёсий жараёнларида иштирок этаётган ташқи кучларнинг мақсадлари, улар ўртасидаги рақобат ва бу рақобатнинг минтақавий хавфсизликка кўрсатиши мумкин бўлган эҳтимолий хавфи ҳақидаги фикрлар ва талқинлар кўп учрамоқда.
Нашр қилинаётган таҳлилий материалларда айрим давлатларнинг сиёсий иродаси ўз аксини топган бўлиб, буни табиий ҳол сифатида қабул қилишимиз керак. Хусусан, Араб давлатларида нашр қилинган материалларда минтақада Эрон ва Исроил нималар қилаётганлиги диққат билан кузатилса, Эронда нашр қилинаётган материалларда АҚШ, Исроил ва Саудия Арабистони каби давлатларнинг сиёсати кенг таҳлил қилинганлигини кўриш мумкин. Мазкур мақолада Марказий Осиё геосиёсий маконидаги иккинчи гуруҳ иштирокчилар бўлмиш Туркия, Эрон ва Исроил давлатларининг мақсадлари, улар томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида таниқли шарқшунос олим Владимир Ильич Месамед билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Владимир Месамед – Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетини (ҳозирги Тошкент Давлат Шарқшунослик Университети) тамомлаган. Иерусалимдаги (Исроил) Иброний Университетининг Осиё ва Африка институти ўқитувчиси, 2008 йилдан Исроил очиқ университети ўқитувчиси. Москвадаги Яқин Шарқ институти эксперти, бир қатор нуфузли илмий нашрлар хусусан, “Марказий Осиё ва Кавказ” илмий журналининг Яқин Шарқ бўйича вакили. “Новости недели” (Тель-Авив) газетасининг колумнисти. Исроил, Россия, Швеция, Германия, АҚШ, Ўзбекистон ва Қозоғистонда нашр қилинган бир қанча илмий асарлар ва мақолалар муаллифи.
– Туркия Марказий Осиё геосиёсий жараёнларида муҳим роль ўйнайди. Сизнинг бир қатор илмий тадқиқотларингизда ҳам бу ҳақда таъкидланади. Фикрингизча, ана шу муҳимлик нималарда намоён бўлади?
– Дарҳақиқат, Туркия Марказий Осиё геосиёсий жараёнларида муҳим роль ўйнайди. Туркия Марказий Осиёда бир вақтнинг ўзида бешта мустақил республика пайдо бўлиши ҳодисасига бефарқ қараши мумкин эмас эди. Қолаверса, бу республикаларнинг тўрттаси туркий тилли республикалар бўлиб, этнолингвистик ва маданий жиҳатдан Туркия билан қардошлик муносабатларига эга. Бу республикаларининг, дунё сиёсатининг тўла ҳуқуқли субъектларига айланиши Туркияга минтақавий куч мақомига эришиш имкониятини берди. Бу эса Марказий Осиё давлатлари билан кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга асосланган янги ташқи сиёсий стратегияни ишлаб чиқишни тақозо қилди. Туркиянинг 90-йиллар бошидаги бу саъй-ҳаракатлари унинг ўзи учун ҳам Марказий Осиё давлатлари учун ҳам бирдек манфаатли эди. Қолаверса, Марказий Осиёдан ташқари, Озарбайжонни ҳам ўз ичига олган туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг бирлашуви Туркиянинг геосиёсий аҳамиятини жиддий равишда ошириши ва Европа Иттифоқига қўшилишида муҳим восита бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги қарашлар ҳам бор эди.
Умуман олганда, собиқ Совет Иттифоқининг парчаланиши Туркияга қадим турк цивилизациясининг қайта жонлантириб, туркий халқларни ўз атрофида бирлаштириш имкониятини берган эди.
– Сизнингча, нима учун Туркиянинг Марказий Осиё бўйича сиёсатини АҚШ ва Европа Иттифоқи қўллаб қувватлайди?
– С.Ҳантингтон ёзганидек, Ғарб Марказий Осиё масаласида Туркияни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Туркий тил давлатларини бирлаштириш сиёсати сабаб, Ғарб давлатлари Анқарага нисбатан қарашларини қайта кўриб чиққан эди. Шу билан бирга мамлакатнинг халқаро хавфсизлик соҳаси ва иқтисодиётдаги мавқеи ҳам ортди. Туркиянинг Марказий Осиё давлатларига “васийлик” қилиши, НАТО иттифоқчилари назарида унинг геостратегик жозибадорлигини оширади. Ғарб Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни ўрнатишда Туркияни ишончли кўприк сифатида кўради. 1992 йилда туркий тилли давлатлар раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди, унда Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан тил ва маданий муштараклик асосидаги ўзаро яқинлашувга эришилди.
Ўз ўрнида Ғарб давлатлари Туркия-Марказий Осиё мулоқотини олқишлашди, сабаби, бу яқинлашув минтақа давлатларини бир томондан, маълум даражада бўлса ҳам, Россия таъсиридан олиб чиқса, яна бир томондан Хитой ва Эрон таъсирини камайтиришга ёрдам беради. Ғарб ижтимоий иқтисодий соҳаларда ҳамда давлатчилик нуқтаи назаридан катта муваффақиятларга эришилган деб ҳисобланиладиган турк моделининг бу минтақада тадбиқ қилинишидан ҳам манфаатдор. Тараққиётининг турк модели дунёвий ривожланиш йўли, демократлаштириш ва эркин бозор муносабатларини назарда тутганлиги билан жозибадорлик касб этади. Марказий Осиё геосиёсий маконида ўз вазифаларини муваффақиятли бажаришга интилаётган Ғарб давлатлари учун эса, мазкур соҳалардаги трансформация жуда ҳам зарур эди, Туркиянинг ривожланиш модели эса улар фикрида Марказий Осиё учун жуда ҳам мос ҳисобланади.
– Марказий Осиё давлатлари мустақилликнинг дастлабки йилларида катта режалар билан ўзларида, халқаро даражада ҳам муваффақиятли деб кўрилган турк моделини тадбиқ қила бошлаган эди. Бироқ, кейинги даврларда бу модел минтақада муваффақиятсизликка учради, деб айтишимиз мумкин. Сиз бунинг сабабларини қандай изоҳлайсиз?
– Аҳолисининг аксарият қисми мусулмонлардан иборат бўлган ҳолда, дунёвий давлат қуриш йўлидан борган республикалар учун, ўзида секуляр демократияни муваффақиятли жорий қилган, шунингдек, кўппартиявийлик ҳамда ғарблаштириш борасидаги ютуқлари билан турк модели жуда ҳам жозибадор кўринган эди. Шу сабабдан ҳам ўтган асрнинг 90-йилларида минтақа мамлакатлари раҳбарлари ривожланишнинг турк моделини қабул қилишга тайёр эканликларини билдирди. Афсуски, Анқаранинг умумий турк сиёсий ва иқтисодий ҳамжамиятини яратиш борасида ўз салоҳиятига ортиқча баҳо бергани тез орада аён бўлиб қолди, унинг бу соҳада етарли ресурсларга эга эмаслиги ойдинлашди, ёш туркий тилли давлатларга ваъда қилинган иқтисодий ёрдамни бера олмади. Натижада, турк модели минтақа етакчилари учун ўз жозибадорлигини йўқотди. Бу биринчи сабаб эди.
Минтақада турк моделини амалга ошириш йўлидаги навбатдаги муваффақиятсизликлар 1996 йил ҳокимиятга Н.Эрбакан, ундан сўнг эса 2002 йилда Р.Т. Эрдўғон бошчилигидаги исломий партияларнинг келиши билан бошланган. Бу вақтга келиб минтақанинг барча давлатлари дунёвий тараққиёт йўлини қатъий танлаб бўлган эди. Туркия ҳукуматининг босқичма-босқич исломлаштиришга томон оғиб бориши эса, турк дунёвий моделининг нуфузига шубҳа уйғотди. Ўз навбатида, Туркия ҳам Марказий Осиё йўналишидаги сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурлигини англади. Таниқли турк сиёсатшуноси Б.Араз бу борада қуйидагиларни қайд этган: “Туркиянинг минтақага нисбатан амбицияли ва ҳиссиётларга асосланган сиёсати, ҳақиқий ва конструктив баҳоларга асосланган ташқи сиёсатга йўл очиб берди”. Ҳозирга келиб Туркиянинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари, сиз таъкидлаганингиздек, иккинчи даражали аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтиш мумкин.
– Шу ўринда, Туркия етакчилик қилаётган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг фаолиятига ҳам бироз тўхталсангиз. Бу тузулмани туркий тилли давлатларнинг мулоқот платформаси сифатида катта аҳамият касб этади, деб айтиш мумкинми?
– Назаримда, Туркия раҳбарияти ҳали ҳам тарихий-маданий интеграциялашган ресурслардан фойдаланиш самарали восита деб ишонади.
Шу ўринда 2010 йилнинг сентябрь ойининг ўрталарида Истанбулда бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар раҳбарларининг 10-юбилей учрашувини алоҳида таъкидлаш мумкин. Унда туркий тилли мамлакатлар раҳбарлари Кенгаши, ташқи ишлар вазирлари Кенгаши, юқори лавозимли амалдорлар кенгаши, оқсоқоллар Кенгаши ва Котибият тузилди. Шундай қилиб, туркий тилли мамлакатлар иттифоқи институционал шаклга эга бўлди. Саммит давомида 2010 йилнинг май ойида Қозоғистон пойтахти – Остона шаҳрида очилган Турк тинчлик академиясининг фаолияти юзасидан ҳам фикр алмашилди. Саммит якунида туркий тилли давлатлар раҳбарларининг Декларацияси қабул қилинди. Иштирокчилар савдо-иқтисодий соҳадаги алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, алоқа ва бошқа соҳаларда тенглик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларидан келиб чиқиб, ўз хоҳишларини билдирдилар. Бу ҳолат, камида декларатив даражада бўлса ҳам, туркий давлатлар иқтисодиётини интеграциялаштириш, умумий таҳдид ҳамда хатарларга қарши биргаликда курашиш йўлида ҳамкорликда ташқи сиёсат яратиш истагини эълон қилди.
– Марказий Осиё геосиёсий маконидаги иштирокчилардан яна бири – Эрон давлати. Унинг ушбу минтақадаги сиёсатини қандай баҳолайсиз?
– Ҳа албатта, Эрон Марказий Осиё геосиёсий маконидаги жиддий иштирокчилар сафида. Кейинги йилларда дунё геосиёсатида Эрон давлатини тез-тез таъкидланиши унинг муҳим аҳамият касб этаётганлигидан далолат беради. Бу минтақавий куч, асосан, Россия ва қисман Хитойнинг қарашларига мос келадиган антиамерика ва антиатлантика позициялардан келиб чиққан ҳолда, геосиёсий таъсирини изчил оширмоқда. Унинг Марказий Осиё йўналишидаги сиёсий фаоллиги қуйидаги омиллар билан белгиланади:
- Ўрта Осиё ва Жанубий Кавказдаги постсовет республикалари ривожланишида Эроннинг алоҳида аҳамиятини тан олиниши;
- Россия билан алоқалар;
- Ислом омили;
- Глобал омил яъни, минтақавий сиёсатни амалга оширишда Ғарбнинг иштироки.
Эроннинг Марказий Осиё минтақасига эътиборини кўп жиҳатдан унинг Шимолий чегаралари барқарорлигини таъминлаш вазифаларидан келиб чиқадиган хавфсизлик масалалари белгилайди. Бу мантиқан Теҳроннинг Эрон билан чегарадош Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга ҳар томонлама ҳисса қўшишга мажбурлигини англатади. Эрон раҳбарияти 1990 йилларнинг бошларида ҳам, орадан йигирма йил ўтганидан сўнг ҳам, унинг замонавий дунёдаги мавқеини мураккаблаштирган ва халқаро имиджига зарар етказган сиёсий ва иқтисодий яккаланишдан чиқиш учун Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан кўп қиррали мулоқот зарур деб ҳисоблайди. Бу айниқса, санкцияларнинг тўртинчи пакети амалга оширилаётган ядро масаласига таалуқлидир. Бу борада, Марказий Осиё давлатлари томонидан вақти-вақти билан кўрсатиб келинаётган ёрдам унинг учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) моҳиятига кўра, декларатив мазмунга эга бўлган, Эронга қарши санкциялар қўлламаслик тўғрисидаги баёноти катта аҳамиятга эга. 2010 йил 29 август куни ташкилот бош котиби Муҳаммад Яҳё Маъруфи ИҲТга аъзо мамлакатлар ҳамкорлигини давом эттириш ва ташкилот доирасидаги транспорт ҳамда ташкилот доирасидаги эркин савдони янада кенгайтириш умидини билдирди. Бундан ташқари, Эрон Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали Европа ва Осиё-Тинч океани ҳавзаси мамлакатлари билан ҳам алоқаларини жадаллаштиришга кўмаклашмоқда. Ўтган йиллар тажрибаси бундай тушунча ҳақиқийлигини кўрсатади. Пухта ўйланган ва мувозанатли сиёсат унинг геостратегик позициясининг барча афзалликларидан ўзи ва Марказий Осиё энергия ташувчиларининг транзити учун максимал даражада фойдаланишга ёрдам беради. Шу боис, сўнгги йилларда Эрон транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорликни икки томонлама алоқаларнинг марказига қўйди ва иложи борича эркин иқтисодий ҳудудлар яратишга кўмаклашди. Буларнинг барчасига қарамасдан, томонлар “иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларидан тўлиқ фойдалана олишди”, деб бўлмайди. Бироқ, эришилган камтарона ютуқлар ҳам, Эроннинг Марказий Осиёга кириб бориши учун танлаган стратегиясининг тўғрилигини тасдиқлайди.
– Марказий Осиё геосиёсий маконидаги яна бир фаол иштирокчи сифатида Исроилнинг минтақадаги мақсадларига ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз
– Исроилнинг Марказий Осиё республикалари билан алоқаларни ривожлантиришда ўз олдига қўйган мақсадларини қисқача қилиб қуйидагича умумлаштириш мумкин:
- Мўътадил бир хусусият касб этган ҳолда, шаклланаётган минтақа давлатларининг сиёсий ва иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш ва уларда демократик қадриятлар ўсиб боришини қўллаб қувватлаш;
- Вужудга келган янги республикаларда совет иттифоқидан мерос қолган анъанавий қарашлар, хусусан араб-исроил можаросида ҳар доим ҳам араб давлатларини қўллаб-қувватлашга уриниш каби стереотипларни қайта кўриб чиқишга ундаш;
- Маҳаллий яҳудий ҳамжамиятининг хавфсизлигини таъминлашга эришиш;
- Исломий тузилмаларга эга бўлишига қарамасдан, ушбу давлатларни минтақавий ва халқаро миқёсда Исроил билан бирга бўладиган куч сифатида шаклланишига эришиш;
- Мазкур минтақада Эрон таъсирини имкон қадар камайтиришга эришиш;
- Яҳудий-христиан-мусулмон мулоқотини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
- Ушбу мамлакатларга терроризм ва бошқа глобал таҳдидларга қарши курашишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш кабилардан иборат.
– Баъзи нашрларда ёзилишича, Марказий Осиёда Эрон, Исроил ҳамда Туркиянинг ўзаро рақобати мавжуд. Сиз ҳам бу фикрга қўшиласизми? Хусусан, Исроилнинг минтақадаги сиёсатига Туркия қайсидир маънода таъсир кўрсатадими?
– Исроилнинг Марказий Осиёдаги сиёсати Туркия ва Эрон минтақада нима қилаётганлиги ва улар қандай вазифаларни бажараётганлигига ҳеч бир жиҳатдан боғлиқ эмас. Хусусан, Туркиянинг ўтган ўн йилликлар давомида минтақага нисбатан ўзгарувчан бўлган сиёсати ҳам Исроилда жиддий эътирозларларни вужудга келтирган эмас. Бундан ташқари, Туркия ҳозирги кунга қадар бир қанча уринишларга қарамасдан, дунёвий давлат бўлиб қолмоқда. Қолаверса, у минтақадаги баъзи республикаларда хусусан, Ўзбекистонда босқичма-босқич амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқдаки, бу Исроилнинг манфаатларига ҳам тўла жавоб беради. Бироқ, шу ўринда айтиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатнинг амалдаги раҳбари Р.Т.Эрдўғон томонидан фаол тарзда олиб борилаётган нео-усмонийлик сиёсати Исроилни хавотирга солмоқда, бу сингари хавотирни АҚШ ва ЕИ давлатларида ҳам кузатиш мумкин. Шу сабабдан ҳам ҳали Туркиянинг Марказий Осиё давлатларига таъсири ва бунга Исроилнинг муносабати ҳақида гапиришга эрта. Бундан ташқари, Туркиянинг ҳозирги сиёсати, Исроил билан икки томонлама муносабатлардаги зиддиятли жиҳатларни янада чуқурлаштиради. Эрон ва Исроилнинг минтақадаги рақобати эса алоҳида мавзу.