Сурат манбаси: en.kabar.kg
Муаллиф: Санжар Абдурахмонов
Жорий йилнинг 5 февраль куни АҚШ Марказий Осиё бўйича ўз стратегик қарашларини ифода этувчи янги стратегиясини эълон қилди. Ушбу стратегиянинг АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг 1-3 февраль кунлари Марказий Осиёга расмий ташрифидан сўнг эълон қилиниши АҚШ ташқи сиёсатида ушбу минтақанинг аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради. “Бу кутилмаган ҳолат эмас. Бошиданоқ АҚШ ушбу мамлакатларнинг мустақиллигига ва демократик ривожланишига ёрдам бериб, минтақавий қарашни қўллаб-қувватлади. Стратегияда АҚШнинг С5+1 мулоқот форматидаги иштироки орқали ҳамфикр ҳамкорлар билан маслаҳатлашиш истагини билдирганига эътибор қаратилади. Бу стратегиянинг нисбатан янги таркибий қисми бўлиб, у Марказий Осиёга нисбатан ҳар томонлама мувофиқ ва аниқ ғарб ёндашувини илгари суради”, – дея таъкидлайди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
Хўш янги стратегияда нималар акс этган ва унинг минтақа ва хусусан, янги Ўзбекистон учун қандай аҳамияти бор?
Марказий Осиё – мустақил минтақа сифатида
Мазкур стратегияда Марказий Осиё давлатларининг ҳам алоҳида, ҳам минтақа сифатида мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш белгиланган. Биламизки, минтақа Россия, Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқи манфаатлари кесишган минтақалардан бири ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири минтақада ўз манфаатларига эга. Тарихий жиҳатдан минтақа 100 йилдан кўпроқ давомида анъанавий тарзда Россия таъсири остида бўлиб келди. Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг минтақада Россиянинг таъсири бир оз чекланганидан сўнг қўшни Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилоти орқали ўз иқтисодий ва сиёсий устунлигини намойиш эта бошлади. Ўз навбатида, Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳам минтақага катта қизиқиш билдириб келмоқда. Бироқ, уларнинг минтақадан узоқлиги Марказий Осиёда Россия ва Хитой устунлигини таъминлаб келди.
2001 йилда АҚШ ва НАТОнинг Афғонистонда ҳарбий иштироки вазиятни тубдан ўзгартирди, уларнинг минтақадаги иштироки сезиларли даражада кучайди. Бу минтақа АҚШ манфаатлари доирасига киргани ва мамлакат ташқи сиёсатида унинг аҳамияти ортишини англатади. Аммо бу вазиятга қараб турлича ҳолатда бўлганини кузатиш мумкин. Бироқ, АҚШ ва ЕИнинг Россияга унинг Украинага нисбатан агрессив сиёсати ва Қрим аннексияси сабабли санкциялар киритиши, шунингдек, АҚШнинг Хитой билан савдо уруши манзарасида Россия ва Хитой Марказий Осиёга нисбатан фаоллиги ортмоқда.
Бунга жавобан эса Ғарб ҳам минтақага нисбатан ўз стратегияларини ишлаб чиқди. Шу маънода, янги стратегия АҚШнинг минтақага нисбатан янгича ёндашувни ишлаб чиққанини ифодалайди, шу билан бирга барқарор муносабат шаклланаётганини ҳам кўрсатмоқда. Айнан Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бир ташқи босимларсиз ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳамкорларни танлаши кераклигига урғу берилгани, бир томондан, АҚШ Марказий Осиёнинг барча учун очиқ минтақага айланиши тарафдори эканлиги ва минтақада ҳеч бир давлатнинг мутлоқ устунлиги ўрнатилмаслигини истаётганини кўрсатса, иккинчи томондан, ўз иштироки орқали АҚШ минтақанинг мустақил ташқи сиёсат юритишини ҳамда муқобил ривожланиш йўлларига эга бўлишини хоҳламоқда.
Шу боис АҚШ Марказий Осиё давлат раҳбарларининг норасмий учрашувларини қўллаб-қувватламоқда. Марказий Осиё минтақасида минтақа манфаатларидан келиб чиқиб интеграция модели ва муаммоларини биргаликда ҳал қилиш борасида минтақа экспертларидан иборат форум ҳам ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш керак. Ушбу форумнинг биринчи учрашуви 2018 йил октябрида бўлиб ўтди ва унда минтақада интеграцияни амалга ошириш борасида янги концепцияни ишлаб чиқиш муҳокама қилинди.
АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси сўнгги вақтларда Россия томонидан Ўзбекистонга нисбатан ЕОИИга қўшилиши борасидаги босимлари ортидан янграгани бежиз эмас, албатта. Негаки, Россиянинг собиқ Иттифоқни қайта тиклаш борасидаги турли геосиёсий лойиҳалари нафақат минтақага, балки АҚШнинг минтақадаги манфаатларига ҳам катта катта таҳдид солади. Негаки, у Евроосиёда беқарор минтақанинг пайдо бўлишини хоҳламайди. Биргина, 2008 йилда Грузия ва 2014 йилда Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига тажовузлар манзарасида Марказий Осиё давлатлари ўз мустақиллиги ва суверенитети ҳақида жиддий ўйлашга мажбур бўлмоқда.
Шундай вазиятда, АҚШнинг минтақа борасидаги бундай позицияси минтақа давлатлари учун катта аҳамият касб этади. Мазкур стратегия борасида журналист ва ОАВ вакиллари учун уюштирилган брифингда АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши Жанубий ва Марказий Осиё бўйича Бош директори Лиза Куртис: “Биз Марказий Осиёга фақат ўзи учун муҳим геостратегик аҳамиятга эга бўлган минтақа сифатида қараймиз. Бу бизнинг минтақа атрофидаги давлатлар, хусусан, Афғонистондаги иштирокимизга алоқадор эмас. Энг биринчи навбатда, биз янги стратегияни АҚШнинг Марказий Осиё халқларининг, ҳам алоҳида, ҳам минтақа сифатида мустақиллигини, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини кучли қўллаб-қувватлашини давомли ва йўналтирувчи сиёсатининг яна бир бор таъкиди сифатида кўрамиз. Биз АҚШнинг иқтисодий, энергетика соҳасида, демократия ва бошқарув муаммоларга жалб этилиши орқали Марказий Осиё халқлари кооператив ҳамкорларнинг минтақавий блоки сифатида фаолият олиб боришига ва ўз миллий манфаатларини амалга ошириш қобилиятларини ривожлантиришларига ишонамиз. Яна бир бор Марказий Осиё халқларини шунга ишонтирамизки, улар ўз манфаатларини рўёбга чиқаришда турли ҳамкор ва имкониятларни танлаш эркинлигига эгадирлар”, – дея таъкидлаган.
Минтақавий хавфсизликдан минтақавий мустақилликка сари
Марказий Осиёда террор таҳдидини камайтириш стратегиядаги иккинчи устувор йўналиш сифатида белгиланган. Ўтган йиллар мобайнида АҚШ ҳукумати минтақа чегараларининг дахлсизлигини таъминлаш учун 90 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган, амалга оширилган 200 та машғулотларда 2600 нафар чегара офицерлари қайта тайёргарликдан ўтказишга ёрдам берган.
Минтақа хавфсизлигини таъминлашда Афғонистондаги тинчлик музокаралари муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Афғонистонда тинчликнинг қарор топиши минтақага терроризм хавфини камайтирибгина қолмасдан, балки унинг хавфсизлик борасида ташқи кучларга қарамлигини ҳам сусайтиради. Таҳлилчи Игорь Панкратенкога кўра, расмий Москва томонидан анъанавий тарзда узоқ йиллар давомида минтақа учун устувор “маҳсулот” бўлиб келаётган ҳавфсизлик илгаригидек жиддий аҳамиятга эга эмаслиги, қолаверса, бундай таклиф Россия томонидан ўжарлик билан тиқиштирилаётгани Марказий Осиё давлатларида эҳтиёткорлик билан қабул қилинмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, Россия ҳарбий-сиёсий доираларида терроризм таҳдидини бўрттириб кўрсатиш орқали минтақада ўз сиёсий мақсадларига эришишни мақсад қилган. Биргина, 2018 йил май ойида Ўзбекистонга нисбатан Россия интернет нашрларининг информацион ҳуружини келтириш мумкин. Гарчи бу Ўзбекистон расмийлари томонидан эътиборсиз қолдирилган бўлсада, расмий Кремлнинг терроризм таҳдидини ўз манфаатлари йўлида ишлатиб келишини яққол кўрсатади. Шу маънода, расмий Кремль АҚШни Афғонистонда террорчилик гуруҳларини қўллаб-қувватлашда айблаб келаётганини мана шу йўсинда ҳам изоҳлаш мумкин. Айни пайтда расмий Вашингтон ҳам Россия Тожикистон орқали Толибонни қурол-яроғ ва ёқилғи билан таъминлаб келаётганини иддао қилиб келади. Шунингдек, 2019 йил ноябрда Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида жойлашган Ишкобод постида бўлиб ўтган воқеа аслида воқеанинг юз берганлиги фактидан кўра кўпроқ ундан хавотирли бўлган бошқа бир хавфнинг соя солиб турганлигини англатади. У ҳам бўлса, ушбу воқеа баҳонасида расмий Кремль минтақада мажбурий тарзда ўз кун тартибини шакллантириши ва буни барча қабул қилишини талаб қилишидир.
Бироқ Афғонистонда АҚШнинг таъсири ошиб бориши ва у ерда тинчлик ўрнатилиши ўз-ўзидан минтақада Россия ўз ҳарбий базалари мавжудлигини асослашини қийинлаштириб қўяди, балки минтақа мамлакатларининг хавфсизлик соҳасида Москва талқинидан умуман кескин фарқ қиладиган янгича қарашларни шакллантиришига хизмат қилади. Айнан, минтақада терроризм хавфининг камайиши унинг ҳарбий жиҳатдан Россияга қарамлигини бир оз сусайтирадиган омил бўлиб хизмат қилади. Шу сабабдан, сўнгги вақтларда Россия минтақадаги ҳарбий соҳадаги иштирокини асословчи аргументлар заифлашуви ортидан юзага келган ноқулайликни иқтисодий иштирок билан компенсация қилишни кўзламоқда. Аниқроғи, Россия минтақани, хусусан, Ўзбекистонни Евроосиё Иқтисодий Иттифоққа қўшилиши борасида босим ўтказиб келаётган эди. 2019 йил 1-3 октябрь кунлари Тошкентга расмий ташриф билан келган Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко кутилмаганда Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлишга қарор қилгани ҳақида айтиб ўтган эди. Қизиғи, ўшанда бу ҳақда расмийлар бирор расмий баёнот бермаган эди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони Иттифоққа ўз шартлари асосида кузатувчи мақомида ушбу ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган ва ҳозирда Олий Мажлиснинг аввал Қонунчилик палатаси, сўнгра Сенат томонидан Иттифоққа аъзо бўлиш тасдиқланган. Бироқ биргина расмий Кремлнинг мазкур Иттифоқ аъзоси бўлган Беларусь билан энергетика борасидаги келишмовчилиги ва Беларуснинг Қозоғистондан нефть сотиб олишига очиқчасига тўсқинлик қилиши, қолаверса бошқа аъзо мамлакатлар билан шунга ўхшаш муаммоларнинг ортиб бораётгани мазкур интеграция конструктив асосда эканлигини шубҳа остида қолдиради.
Афғонистон ва Марказий Осиё интеграцияси
Стратегиянинг учинчи ва тўртинчи устувор йўналишлари Афғонистонда барқарорликни таъминлаш ҳамда Афғонистон ва минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ўз ичига олган. АҚШ ҳукумати Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши минтақа давлатлари учун энг муҳим масала эканлигини яхши англайди ва бундай мақсадга эришишда ўзаро ҳамкорликни таклиф этиб келмоқда. АҚШ нафақат Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасидаги алоқаларни кучайтиришни кўзлайди, балки минтақага янгича геосиёсий мақом беришга ҳам интилиб келмоқда.
Анъанавий геосиёсий тушунишга кўра, Марказий Осиё 5 та собиқ Иттифоқ мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан иборат бўлган ва доимий тарзда Россия таъсир доирасидаги минтақа сифатида кўрилган. Бироқ мазкур тушунча анча эскиргани ва минтақадаги глобал кучлар рақобатини классик “катта ўйин” концепцияси орқали изоҳлаш минтақа учун геосиёсий тузоқдан бошқа ҳеч нарса эмаслигини минтақа давлатлари раҳбарлари яхши англайдилар. Шу боис, сўнгги пайтларда минтақа расмийлари орасида Марказий Осиё концепциясини қайта кўриб чиқиш ва унга Афғонистонни ҳам қўшиш борасида қарашлар шаклланди. 2019 йил март ойида Брюсселда “Евроосиёни бирлаштириб – Атлантикадан Тинч океанигача” биринчи мулоқотининг экспертлар учрашувида Олий Мажлис Сенати биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Евросиё, хусусан Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларига бевосита Афғонистонни ҳам қўшиш кераклигини таъкидлаб ўтганди. Бунга қўшимча тарзда 2018 йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистонда тинчлик ўрнатишга бағишланган халқаро конференцияда Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни Марказий Осиё давлати сифатида кўришини айтиб ўтганди. Ушбу ғояни амалга ошириш учун йирик энергия ва транспорт инфратузилма (СASA-1000 энергия тизими, Лапис Лазули транспорт коридори) лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Термиздан Мозори Шарифгача бўлган темир йўл линиясини Ҳиротгача давом эттириш борасидаги режалари мавжуд. Афғонистоннинг Марказий Осиёга интеграциялашуви минтақа тараққиётига тўсиқ бўлган кўпгина географик ва инфратузилмавий муаммоларнинг ечилишига ёрдам беради. Чунки расмий Қобул мамлакатнинг Жанубий ва Марказий Осиё ўртасида боғловчи кўприк бўлиш истаги мавжудлигини ва бу борада ҳамкорликка тайёрлигини билдирган. Ўз навбатида, Афғонистондаги барқарорлик Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун Европа бозорига чиқиш учун ягона Россия йўналиши монополиясига барҳам берилишига олиб келади. Бу эса, минтақанинг Россияга инфратузилмавий қарамлигининг анча камайишини ва бу борада муқобил тузилмаларга эга бўлишини таъминлаган бўларди. Бунга қўшимча тарзда Ўзбекистоннинг Афғонистондаги урушдан сўнг мамлакатнинг тикланишида иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалари жуда муҳим аҳамият касб этади. Албатта, буларнинг барчаси Афғонистондаги вазиятга, аниқроғи, АҚШ ва Толибон билан эришилган тинчлик келишувининг расмий Қобул ва Афғон халқи томонидан қандай қабул қилинишига узвий боғлиқ.
Шунинг билан биргаликда, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи сифатида аъзо бўлиб киришидан унинг Афғонистон билан ҳар томонлама алоқалари эҳтимолий оқибатини ҳам назарда четда қолдирмаслик керак. Бу алоҳида мавзу бўлса-да баъзи мулоҳазаларни билдириш жоиз.
Биринчидан, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан боғлиқ лойиҳаларининг келажаги борасидаги хавотирларни юзага келтиради. ЕОИИ тобора ёпиқ блок сифатида ривожланаётгани тенденцияси бундай хавотирни асосли эканлигини исботлайди. Жорий йилнинг 19 майда Евросиё Олий иқтисодий кенгаши йиғилишида таклиф қилинган Евросиё иқтисодий интеграцияси ривожланиши стратегияси лойиҳасидаги баъзи пунктлар, хусусан, аъзо давлатларнинг учинчи мамлакат билан савдо келишувларида Евросиё иқтисодий комиссияси вакили иштироки масаласи миллий ҳукуматларнинг суверенитетини чекланишига олиб келишига шубҳа қолдирмаган бўлса, шунингдек, комиссия ваколатларига соғлиқни сақлаш, таълим ва фан соҳаларини қамраб олиши таклифи Иттифоқнинг асл мақсадларидан чалғиб кетаётганини кўрсатди. Ўзбекистоннинг ҳозирча кузатувчи мақомида эканлигини эътиборга олсак келажакда тўлиқ аъзоликнинг қандай оқибатларни келтириб чиқаришини тасаввур қилиш қийин эмас.
Иккинчидан, АҚШнинг Афғонистоннинг Марказий Осиё билан интеграцияси борасидаги ташаббусини савол остида қолдиради. Агар Россия ЕОИИ орқали Ўзбекистонинг Афғонистон борасидаги режаларини чеклаб қўядиган бўлса, унда минтақанинг Афғонистон орқали жаҳон бозорига чиқиши орзуси барҳам топади. Минтақа аввалгидек Афғонистондан сунъий тарзда ажралиб қолади ва унинг бутунлай Россия таъсирига тушишига олиб келади. Бу на АҚШнинг, на минтақа давлатларининг манфаатларига тўғри келади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юқоридаги мулоҳазалар тўлиқ аъзолик шартида юзага келадиган оқибатларни ифодалайди. Ҳозирча, Ўзбекистоннинг кузатувчилик мақоми бирор жиддий ҳолатни келтириб чиқармасада, келажакда бу Европа Иттифоқи интеграциясидаги “spillover” эффекти каби қадам-бақадам тўлиқ интеграцияга олиб келишини тахмин қилиш мумкин.
Шу сабаб АҚШ ва минтақа давлатлари, хусусан Ўзбекистон, имкон қадар Марказий Осиё ва Афғонистоннинг интеграциялашуви борасида жиддий бош қотиришлари, кенг миқёсли амалий қадамлар ташлаши керак.
Демократлаштириш ривожланишнинг ягона модели
Бешинчи устувор йўналиш минтақада қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашни назарда тутади. АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлашини ва унга техник ёрдам беришни ваъда қилди. АҚШ турли ҳукумат ташкилотлари орқали минтақада инсон ресурсларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ва турли ижтимоий лойиҳаларни молиявий дастаклаш борасида минтақа давлатларига ёрдам беришни кўзламоқда. Шунингдек, таълимда маданий алмашинувларни жадаллаштириш, журналистларнинг малакасини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Бугун Ўзбекистон янгиланишларни бошдан кечираётган экан, АҚШнинг бу борадаги кўмаги катта аҳамият касб этади.
АҚШ дунёда демократияни дастакловчи энг йирик давлат ҳисобланади. Шу маънода, расмий Тошкентнинг ислоҳотлари етарлича самара бериши унга хайрихоҳ бўлган давлатларнинг ҳар томонлама қўлловига узвий боғлиқ. Чунки Ўзбекистоннинг дунё бўйлаб авторитаризмни дастакловчи ва ҳимоя қилувчи йирик давлатлар таъсир доирасида қолиб кетаётгани ўзгаришларнинг чинакам самара беришига ҳалақит берувчи омил ҳисобланади. Бу Ғарбнинг мазкур давлатлар билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга ундаган омиллардан бири бўлиб хизмат қилди.
2019 йил ёзида Европа Иттифоқи томонидан Марказий Осиё бўйича қабул қилинган стратегия ҳам мана шундай ўзгаришларни акс эттиради. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалга ошираётган ислоҳотлари, шунингдек, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаевнинг 2019 йил декабрида мамлакатда сиёсий ислоҳотларни жадаллаштириш ҳақидаги баёноти Марказий Осиё жиддий ўзгаришларни бошдан кечираётганидан дарак беради. Ўтган деярли 30 йиллик авторитар бошқарувнинг ва муқобилликсиз ривожланишнинг самарасиз бўлганлигининг эътирофи сифатида минтақада чинакам демократик ўзгаришлар вақти келгани англаб етилди. Марказий Осиё давлатларидаги сиёсий тизимнинг барқарорлиги минтақа барқарорлигининг гарови ҳам ҳисобланади.
Шу маънода, минтақада кучли фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, сўз ва виждон эркинлигини таъминлаш, қонун устуворлигини ўрнатиш, иқтисодиётни либераллаштириш нафақат сиёсий тизимнинг барқарор ишлашини таъминловчи омиллар бўлиб ҳисобланади, шунингдек, минтақанинг жаҳонга интеграциялашувини, инвестицияларнинг кириб келишини жадаллаштиради, иқтисодий фаровонликка йўл очади. Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб, АҚШ минтақага мазкур жараёнда ҳар қандай кўмакка тайёр эканлигини билдирди. Буни Давлат котиби Майк Помпео ўзининг минтақага расмий ташрифи давомида расмийлар билан бўлган учрашувларида алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги страрегиясига бағишланган брифингда АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Осиё бўйича котибининг амалдаги ёрдамчиси Глория Стил минтақада кучли фуқаролик жамиятининг мавжудлиги мазкур давлатлар суверенитети ва мустақиллигини таъминловчи кучли асос бўлиб хизмат қилади, деди. Унга кўра, ана шу мақсадларда агентлик минтақадаги фаолиятини янада кенгайтириш истагида эканлигини билдириб ўтди (US Department of State, 5/02/2020).
АҚШ билан ҳамкорлик минтақавий тараққиётнинг муқобил йўлини таъминлашга хизмат қилади(ми?)
Сўнгги йўналиш АҚШнинг Марказий Осиёга инвестициясини ва минтақанинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўлиб, асосан, АҚШ бизнес доираси вакилларининг минтақага инвестиция киритиши ва бизнес муҳитини яхшилашни назарда тутади. Айтиш мумкинки, Қўшма Штатлар шу кунгача минтақага молиявий ёрдам кўринишида ҳамда тўғридан-тўғри, турли молия ташкилотлари орқали 91 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий давлат ташрифида икки мамлакат ўртасида 5 миллиард АҚШ долларлик шартнома имзоланган эди. Шунингдек, С5+1 мулоқот платформаси доирасида минтақада хавфсизлик, иқтисодий алоқалар ва атроф-муҳит муаммоларига доир 34 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
АҚШ минтақада интеграция жараёнларига туртки бериш учун ўзи иштирокидаги турли шакллардаги мулоқотни ўрнатган. Хусусан, АҚШ-Марказий Осиё Савдо ва инвестиция доиравий келишуви Кенгаши, Марказий Осиё Савдо Форуми доирасида ўзаро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама этиб келинмоқда. Минтақадаги сўнгги ўзгаришлар бундай ҳамкорликка кенг имконият эшикларини очиб берди. АҚШнинг минтақадаги инвестицион фаолияти биринчи навбатда минтақани Афғонистон билан боғлаш ва бунда Американинг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ. Бу билан АҚШ минтақага Россия ва Хитой иштирокидаги бошқа лойиҳаларга нисбатан интеграциянинг муқобил йўлларини таклиф этмоқда. Шу йўсинда у минтақада Россия ва Хитойнинг ўсиб бораётган таъсирига посанги бўлишни кўзлайди. Ўз навбатида, бу минтақа давлатларининг ташқи сиёсатида мустақил қарорлар қабул қилишига йўл очади.
Сўнгги вақтларда Россия иштирокидаги ЕОИИ ва Хитойнинг “Ягона йўл, ягона макон” каби лойиҳаларининг минтақа давлатлари суверенитетига катта таҳдид солаётгани кузатилмоқда. Айниқса, Хитойнинг “Ягона йўл, ягона макон” инфратузилмавий лойиҳаси ушбу лойиҳага киритилган мамлакатларда суверен қарзлар билан боғлиқ жиддий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Масалан, 2017 йил декабрида Хитой бундай қарзни тўлай олмаган Шри Ланканинг стратегик аҳамиятга эга Хамбантота бандаргоҳи устидан ўз назоратини ўрнатган эди. Шу боис лойиҳадаги давлатлар ўз иштироклари ва Хитойдан сармоя жалб қилиш борасида қарорларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишмоқда. Тожикистон билан бўлган ҳолатнинг Қирғизистон билан такрорланиши хавфи минтақадаги вазиятни қийинлаштирибгина қолмай, уни Хитой таъсирига заиф қилиб қўяди.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Россия таъсири остидаги ЕОИИ ҳам минтақа давлатлари учун геосиёсий сиртмоқ бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Россия томонидан ўз сиёсий орбитаси доирасида “ёпиқ” блокни шакллантиришга бўлган уриниш хавотирли қарашларни юзага келтирмоқда. Масалан, 2018 йилда Россия мазкур иттифоқдан учинчи давлатларга санкция қўллаш (АҚШ ва ЕИ томонидан қўлланилган санкцияларга жавобан) воситаси сифатида иттифоқ аъзоларини бунга ундаши юқоридаги хавотирларни тасдиқлайди. Қолаверса, иттифоқ аъзолари – Қозоғистон ва Белоруснинг Россия билан муаммолари Иттифоқ борасидаги некбин қарашларни чипакка чиқарди. Шу боис, суверенитетга хавф солмайдиган инвестицион лойиҳалар минтақа давлатларининг бундай деструктив интеграцияларга ягона муқобил йўллари бўлиб қолади. Шу маънода, ЕИ ва АҚШнинг минтақага нисбатан конструктив сиёсати бундай муаммолардан халос бўлишнинг ягона чораси бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
2018 йил октябрида Moody’s Investors Service халқаро агентлиги “Марказий Осиё мамлакатлари: жаҳон савдо бозорига заиф интеграция ва эскирган иқтисодий моделлар Марказий Осиёдаги иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлмоқда” номли тадқиқотини эълон қилганди. Унда минтақа ривожланиш моделларида инқирозни бошдан кечираётгани, табиий ресурсларга қарамлик ва иқтисодиётни диверсификациялаш ҳаракатлари сустлиги минтақадаги дезинтеграцияга сабаб бўлаётгани, ҳокимият тизимларида авлодлар алмашинуви ва республикалар иқтисодиётини диверсификациялаш минтақадаги иқтисодий ривожланишга туртки бўлиши ҳақида таъкидлаб ўтилган.
АҚШнинг минтақадаги инвестициявий фаолияти Марказий Осиё давлатларида кузатилаётган иқтисодий ривожланиш моделлари инқирозини бартараф этибгина қолмасдан, балки халқаро тажрибалардан унумли фойдаланиш имкониятини ҳам тақдим этади. Хусусан, Ўзбекистон учун АҚШ билан бундай иқтисодий ривожланишнинг катта имкониятларини очиб беради. Айниқса йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялашда АҚШ иштирокидаги халқаро молия муассасалари ва бизнес вакилларининг сармояси жуда муҳим. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, АҚШнинг минтақага киритган инвестицияси ҳажми 91 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилгача Хитойнинг минтақага киритган инвестицияси 300 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетди. Россия собиқ Иттифоқ парчаланганидан бери минтақага 20 миллиард АҚШ долларида сармоя киритган. Марказий Осиёда инвестициявий фаолиятда Хитойнинг яққол устунлигига мувозанат сифатида яқин келажакда минтақада нафақат АҚШ, шунингдек, ЕИ ҳам инвестициявий фаоллик кўрсатиши зарур. Бироқ бунинг учун минтақа давлатларида бизнес юритишнинг қулай муҳити яратилиши талаб этилади. Шу сабаб АҚШ Давлат котиби Майк Помпео минтақага қилган расмий сафарида Қозоғистон ва Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришларни бевосита қўллаб-қувватлашини ва Америка бизнеси мазкур давлатларнинг фаровонлиги учун ўз ҳиссасини қўшиши истагида эканлигини билдирди. Ўз навбатида, Помпео Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо алоқаларини кучайтириш учун 1 миллион АҚШ доллари ажратилишини таъкидлаганди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, АҚШ ушбу янги стратегияси билан Марказий Осиёда ўз фаоллигини кучайтириш билан бирга минтақанинг халқаро муносабатларда мустақил субъект сифатида фаолият юритишини исташини кўрсатмоқда. Шунингдек, стратегияда минтақа барча учун очиқ бўлишини ва бирор бир кучнинг устун бўлмаслигини алоҳида таъкидланади. Бунга эришиш маълум даражада минтақа давлатларининг мазкур давлатлар билан алоқаларида ўзларини қандай тутишига боғлиқ эканлиги очиқ ойдин кўриниб турибди. Агарда, уларда шундай истак бўлса, Қўшма Штатлар буни қўллаб-қувватлашини ва доимо уларнинг ёнида туришини аниқ қилиб етказди. Гарчи баъзи экспертларнинг АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси борасида турли хил фикрлар билдиришган бўлсада, бироқ шу нарса аён бўлдики, АҚШ бугун минтақани алоҳида диққатга сазовор минтақа сифатида тан олди ва муносабатларини янгича тамойилларга қуриш истагини намоён этди. Марказий Осиё бўйича янги стратегия эса бундай муносабатларнинг ташкил этилиш асосларини белгилаб беради.
Санжар Абдурахмонов – мустақил тадқиқотчи, [email protected]