Британиядаги Chatham House халқаро муносабатлар бўйича таҳлил марказининг “Kazakhstan: Tested by Transition (“Ўтиш даври синовларидан ўтган Қозоғистон”) деб номланган кенг қамровли маърузасининг алоҳида боби (муаллифи – Аннет Бор) Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар билан муносабатларига бағишланади. Агар Ўзбекистоннинг Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги минтақавий сиёсати объектив жуғрофий ва иқтисодий омилларга таянса ва унинг қандай ривожланишини башорат қилиш мумкин бўлса, Қозоғистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка муносабатини – ушбу мамлакат раҳбариятининг азалдан Евроосиё векторига содиқлигини ҳисобга олган ҳолда – батафсил тушунтириш лозим бўлади.
Relations with Other Central Asian States by Annette Bohr (pp 70-85), қисқартирилган таржима
Муаллиф фикрича, ҳозирги пайтда Қозоғистон янги иқтисодий модель – андазани қидирмоқда, ушбу мамлакат раҳбарияти қисман ислоҳ қилинаётган ва етакчилик вазифасини ўтаётган Ўзбекистон билан бирга Марказий Осиёдаги қўшнилари билан шу пайтгача мавжуд бўлган заиф ҳамкорликни кучайтириш имкониятларини қидирмоқда.
Мустақиллик даврининг аксарият қисмида Марказий Осиё мамлакатлари: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳамкорликнинг паст даражаси, доимий мунозаралар, жумладан, савдо урушлари, чегара можаролари ҳамда сув ва электр қуввати олишни бошқариш ва ишлатиш билан боғлиқ келишмовчиликлардан иборат бўлиб келди. 2015 йилда Қозоғистоннинг Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан савдо-сотиғи жами ташқи савдосининг 2,7 фоизини ташкил қилди. 14 йил давомида ушбу рақам 1 фоиздан камроқ ўсди. Давлатлар ўртасидаги тарифларга дахлдор бўлмаган тўсиқлар баландлигича қолаётгани маълум. Фақат Марказий Осиё муаммолари билан шуғулланадиган аниқ институт ёки муассаса йўқ.
Минтақа мамлакатлари ҳамкорликка алоҳида тайёргарлик кўрсатмаган шароитда Қозоғистон узоқ вақт давлат сифатидаги ўзлигини Евроосиё мамлакати сифатида шакллантириб келди. Ушбу майдончадан минтақага дахлдор муаммоларни ишлаб чиқишда фойдаланди, шу билан бирга, Марказий Осиёнинг қолган қисми билан Россия ўртасидаги кўприк сифатидаги қулай ўрнини сақлаб қолди. 2014 йилдаёқ ўша вақтдаги президент Нурсултон Назарбоев мамлакат номини Қозоғистон ўрнига “Қозоқ Эли” деб номлашни таклиф этган эди. Бундан мақсад Қозоғистоннинг Евоосиёдаги боғловчи мамлакат сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ҳамда Афғонистон, Туркманистон, Ўзбекистон сингари “…истон”лардан ўзини нарироқ олиш эди, чунки зикр этилган мамлакатларнинг кўпчилигида авторитаризм ҳукм суради, инвестиция муҳити ёмон. Лекин кейинги йилларда Қозоғистон раҳбарияти мамлакатига Марказий Осиё минтақасининг бир қисми сифатида қарай бошлади. Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликнинрг кенгайиш тамойилига билан неча омиллар сабаб бўлди. Улар сирасига қозоқларнинг этник ўзига хослик туйғуси ортиши; Қозоғистоннинг Россиядан ва Кремль сиёсатидан узоқлашуви; Хитойнинг “Макон ва йўл” ташаббусига ҳамоҳанг тарзда транспорт тармоғини ривожлантириш, мамлакатни Шарқ ва Ғарб билан боғловчи транспорт ва молия марказига айлантириш ва Қозоғистонни Марказий Осиёнинг қолган қисмини билан интеграциялаш; Ўзбекистон иқтисодиётининг либераллашуви; Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий савдо-сотиқни ривожлантириш зарурати тобора ортиб бораётгани киради.
Муаллиф бобнинг биринчи қисмида зикр этилган омиллар Қозоғистоннинг ўзини Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида таниб олишига эш бўлаётганини таҳлил қилади, иккинчи қисмида эса Қозоғистоннинг Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати билан икки томонлама муносабатлари муҳокама этилади.
Янги қозоқчилик ва Марказий Осиёнинг умумий мероси
Гарчи собиқ президент Назарбоев саҳнадан тўлиқ кетмасидан бурун постсовет ўтиш даври якунланди, деб бўлмаса-да, Қозоғистон «қозоқчилик» туйғуси ортиб бораётган билан кўзга ташланадиган янги даврга қадам қўйди. Этник қозоқларнинг ўзини ўзи англаш ҳисси ортиб бораётгани иккита асосий воқеанинг натижаси бўлмоқда: Қозоғистоннинг бош миллати вакиллари сони ортишига эш бўлаётган демографик ўзгариш ва этномиллий нарративнинг[1] ўсиб бориши. Марлен Ларуэл таъбири билан айтганда, ушбу демографик, таълим ва маданий силжишнинг соф натижаси шуки, «Қозоғистонга тегишли нарсалар пасайиши баробарида қозоқ миллатига мансуб нарсалар ўсиб бормоқда». Ушбу «қозоқчилик», бир тарафдан, жамиятнинг миллатчи ва ҳамма нарсанинг марказида қозоқлар туриши керак деб ҳисоблаётган қатламлари, иккинчи тарафдан эса, глобалашган дунё билан қалин алоқалар ўрнатишга интилаётган шаҳарлашган қатламлар ўртасида кескинликни вужудга келтирмоқда.
Айни дамда этник руслар Қозоғистогн жами аҳолисининг 1/5 дан камроқ қисмини (2018 йилда 19,8 фоиз), мамлакатнинг барча, ҳатто шимолий вилоятларида ҳам камчиликни ташкил қилади. Бир замонлар ўша вилоятларда руслар кўпчилик эди. Мамлакат аҳолиси таркибидаги этник қозоқлар улуши 90-йилларда 50 фоиздан ошган бўлса, ҳисоб-китобларга кўра, келгуси ўн йилликда улар мамлакат аҳолисининг 80 фоизига етади. Иккинчидан, ХХ асрнинг 70-йилларидан бери шаҳарларда истиқомат қилаётган қозоқлар сони 5 баробар ортди ва ҳозирги пайтда этник қозоқларнинг тенг ярми шаҳарларда яшамоқда. Учинчидан, таълим соҳасида қозоқ тилининг аҳамияти ортиб бормоқда. 90-йилларнинг бошида мактабларнинг фақат 30 фоизида дарслар қозоқ тилида ўтилган бўлса, энди айни рақам 70 фоизга етди. Университет талабалари ва мактаб ўқувчиларининг 50 фоизга яқини қозоқ тилида ўқитилмоқда. Айни чоқда қозоқ тилидаги ахборот воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқлар таъсири кундан-куна ортиб бормоқда, буни ҳукуматнинг 2025 йилга бориб, босқичма-босқич лотин ёзувига ўтиш тўғрисидаги қарори ҳам тасдиқлайди. Тобора кенгайиб бораётган қозоқ тилидаги ахборот макони маълум даражада рус тилидаги ахборот маконидан ажратилган. 2019 йил майида Назарбоев президентликдан истеъфо бергач ва пойтахт Остона зудлик билан унинг шарафига Нур-Султон деб ўзгартирилгач, этник руслар ва рус тилида сўзлашувчилар Қозоғистондан янада кўпроқ кўчиб кета бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Этник қозоқ сифатида ўзини ўзи англашдай тобора устун бўлиб бораётган ҳолатга асосий эътибор қаратиш давлат раҳбариятига ўзини Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги умумий мероси, бинобарин, умумий Марказий Осиё мероси эгаси сифатида танишига имкон бермоқда. Гарчи Қозоғистон 2017 йилдан бошлаб ўзини «оддий «…истон»лардан бири эмаслиги»ни кўрсатишга интилаётган бўлса-да, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлига ўтгач, биринчи президент Назарбоев Марказий Осиёнинг умумий мероси, шунингдек, неча минг йиллик маданий ва илмий ютуқлари ҳақида кўп гапирадиган бўлди. У 2017 йили «Остона» клуби қатнашчиларига мурожаат қилар экан, шундай деган эди: «Орадан чорак аср вақт ўтиб, тарихи, дини, маданияти ва менталитети – зеҳнияти бир бўлган Марказий Осиё давлатлари билан бирга бўлишимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз ва минтақа хавфсизлигини биргаликда таъминлашимиз Аллоҳнинг иродаси эканини ҳаммамиз тушунамиз».
Россиядан узоқлашув
90-йиллар охирига келиб, Марказий Осиёдаги регионализм маркази Остона – Тошкент ўқига нисбатан барқарор Остона – Москва ўқига кўчиб ўтди. Ушбу тортиш кучи маълум даражада Ўзбекистоннинг кескин минтақавий сиёсатига жавоб бўлган эди. Лекин Россиянинг Қозоғистонни Ягона иқтисодий макон сингари Марказий Осиё мамлакатлари четда қолган бир қанча минтақавий тузилмаларга қўшиб олиш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳам сабаб бўлган эди. Бинобарин, Қозоғистон мустақиллигининг асосий даври мобайнида ўзини бир минтақанинг таркибий қисми ёки Россиянинг кичик минтақаси ҳисоблаб келди.
Бироқ сўнгги йилларда Қозоғистон Россиянинг ташқи сиёсатига тобора неоколониал – янги мустамлакачилик сиёсати сифатида қарайдиган бўлди, шу сабабли Россиянинг ўз ишларига таъсирини чеклаш учун Москвадан бир оз узоқлашишга қарор қилди. Оқибатда Остона Марказий Осиёдаги минтақавий ташаббусларга очиқ эканини яққолроқ кўрсата бошлади. Москва етакчилигидаги минтақавий тузилмаларга нистабан ишончсизлик билан қараш кучая борди, чунки Россия Қозоғистонга Коллектив хавфсизлик шартномаси (КХШТ) ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзолик орқали олиши мумкин бўлган имтиёзларни таъминлаб бера олмади. 2014 йилда Қримнинг босиб олиниши ва Москванинг Украинадаги гибрид – дурагай уруши, айниқса, қозоқ «миллатчи ватанпарварлари» орасида Россияга қарши кайфиятлар кучайишига сабаб бўлди. Россияга қарши, шунингдек, Қозоғистон Россиянинг ахборот урушига қўшилиб қолаётгани ҳақидаги мақолалар қозоқ ахборот воситаларида кенг тарқала бошлади
Янги иқтисодий модель излаб
Қозоғистоннинг нефть ва хом ашё экспортига узоқ йиллар қарамлигига асосланган иқтисодий модели имкониятларини сарфлаб бўлди. Иқтисодиётнинг саноатлашуви ва ранг-баранглашуви заифлигича қолмоқда ва бу ҳукуматдан ривожланишнинг янги миллий стратегияларини излаб топишни талаб этмоқда. Қозоғистон нефтга қарамликни камайтириш дастури доирасида Евроосиё интеграциясининг транспорт, телекоммуникация ва инвестиция маркази бўлишга интилмоқда. Нур-Султон ушбу мақсадга эришиш йўлида асосий эътиборни 2014 йилда амалга оширила бошлаган «Нурли жол» («Нурли йўл») дастурини амалга ошириш билан ҳам мамлакатнинг ўзида, ҳам ташқи бозорларда логистика ва транспорт артерияларини ривожлантиришга қаратмоқда. Бу дастур маълум маънода Хитойнинг мамлакатдаги қурилишларга кўп миқдорда молиявий маблағ ажратган «Макон ва йўл» ташаббуси билан ҳамоҳангдир. 2003 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда Қозоғистондаги умумий фойдаланилиб келган автомобиль йўллари 7000 км, темирйўл эса 1450 км узайтирилди. Хоргос, Ақтау ва Курикда портларни ривожлантириш бўйича жиддий ишлар қилинди. Қозоғистон билан Хитойнинг алоқаларни кенгайтиришга интилаётгани натижаларидан бири Марказий Осиё минтақасидаги алоқалар ва инфратузилмани яхшилаш бўлди. Масалан, «Хитой – Европа» транспорт йўлаги учун барпо этилаётган темирйўллар ва қувурлар бўйлаб оптик толали кабель тортилаётгани ҳам Қозоғистоннинг Марказий Осиёда телекоммуникация тугуни бўлиши борасидаги режаларини амалга оширишига кўмак бўлмоқда. Минтақада логистика тугунлари барпо қилиш Марказий Осиёдаги минтақавий савдо-сотиқ ўсишига ёрдам бериши мумкин, бу экспорт ва импорт товарларини ташиш вақтини қисқартириши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Аммо шуни ҳам таъкидлаш жоизки, инфратузилма камчиликлари Марказий Осиёдаги савдо-сотиқ даражаси пастлигининг ягона сабаби эмас, янги транспорт инфратузилмасини ишга тушириш ўз-ўзида кўплаб тўсиқларга барҳам бермайди, улар айни пайтда чегаралар оша савдо-сотиққа тўсқинлик қилмоқда. Асосий муаммолардан бири минтақа мамлакатларидаги чегара режимининг ҳамма жойда мавжуд бўлмиш норасмий тўловлардир. «Макон ва йўл» ташаббуси бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Бунга Хитойнинг «Макон ва йўл» ташаббуси бўйича шерикларига таъсири ошиб кетиши хавфи, инвестициялар киритиш билан боғлиқ молиялаш ортидан кўпаядиган қарз, Хитойга қарши кайфиятларнинг кучайиши, коррупциянигнг ортиши ва Марказий Осиё ресурс базасининг мустаҳкамланиши киради.
«Ўзбек омили» ва минтақа ичидаги ҳамкорликнинг кенгайтирилган истиқболлари
2016 йилда Ислом Каримов вафот этгандан кейин янги раҳбар Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ён қўшнилари билан муносабатларларни илиқлаштирмоқчи эканини айтиб, президентлик лавозимини бажаришга киришган эди. Президент Мирзиёев 30 дан ошиқ товар гуруҳларига импорт божларини бекор қилиб, Каримовнинг протекционизм сиёсатига барҳам берди, шу тариқа қўшни мамлакатлар билан муносабатларни сиёсатдан ва мафкурадан холи қилишга ҳамда уларнинг Ўзбекистон бозорига кириш имкониятларини кенгайтиришга интилди. Бундай либераллаштириш минтатқадаги «Макон ва йўл» ташаббуси қамровига кирадиган йирик транспорт, коммуникация ва энергетика лойиҳаларини ривожлантириши, умуман олганда, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликни рағбатлантириш мумкин. 2019 йил апрелида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари вакиллари чегара оша савдо-сотиқни мақбуллаштириш ва Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ва логистика марказини ташкил этиш мақсадида икки мамлакат чегарасида савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича халқаро марказ барпо этиш тўғрисидаги ўзаро англаш меморандумини имзолаган эди. Янги иншоот Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан савдо ҳамкорлигини марказлаштириш, савдо оқимларини бир жойга жамлаш ва тартибга солиш, шунингдек, транспорт логистикасини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тошкент ислоҳотлар ўтказаётгани сабабли Қозоғистон минтақанинг бош молиявий маркази бўлиши мумкин. Қозоғистон ушбу мақсадга эришиш йўлида фаол саъй-ҳаракатлар қилмоқда ҳамда 2018 йил 5 июлида «Остона» халқаро молия маркази очилди. Қозоғистоннинг мақсади инвестицияларни рағбатлантириш ва минтақадаги капитал бозорларини ривожлантириш экани ҳисобга олинса, унинг бутун бошли минтақа учун бош банкир бўлмоқчи экани Ўзбекистоннинг иқтисодий гуллаб-яшнашига таъсир кўрсатиши мумкин.
Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан алоқалари мустаҳкамланиши, жумладан, икки мамлакат вакиллари ўртасида тез-тез ўтказилаётган музокаралар аста-секин минтақадаги ҳамкорлик жараёнини бошлаб берди. Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатидаги ўзгаришлар, гарчи дастлабки босқичида бўлса-да, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқотни яхшилади, бу аста-секин савдо-сотиқни кенгайтириш ва муҳим соҳаларда ҳамкорлик қилишнинг фойдали экани бўйича муросага келишга сабаб бўлиши мумкин. Потенциал жиҳатдан бундай ҳамкорлик минтақа давлатларига сув ва энергетика муаммолари, хавфсизлик ва наркотиклар айланмаси муаммоларига биргаликда ечим топиш; буюк давлатлар, айниқса, Россия билан Хитойнинг сиёсатига нисбатан умумий позицияни шакллантириш, энг муҳими, «глобал иқтисодий жараёнларнинг хом ашё етказиб берувчи чет ҳудуди»га айлаб қолмаслик имконини бериши мумкин.
Ислом Каримов қўшниларга қарши сиёсат юргизиб келган пайтларда Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон минтақавий гуруҳларни афзал билар, чунки уларда Ўзбекистонга қарши туриши мумкин бўлган ташқи иштирокчилар мавжуд эди. 2016 йилда президент Каримов вафот этгандан сўнг Ўзбекистоннинг қўшниларига муносабати ушбу динамикани ўзгартирди ва бешта мамлакатга потенциал жиҳатдан ташқи иштирокчилар қатнашувисиз минтақа сиёсатини ишлаб чиқиш имконини берди.
2018 йил мартида Марказий Осиё мамлакатларининг биринчи саммити бўлиб ўтган эди (Туркманистон номидан парламент раиси қатнашган). Тўғри, унда бирор коммюнике ёки баёнот қабул қилинмади, чунки тадбирга Россия ҳаддан ошиқ қизиқиш билдираётган эди. Аммо беш раҳбар йилига бир марта йиғилиб туриш, минтақавий савдо-сотиқни ҳамда сув ва энергетикага оид битимлар бажарилишини қўллаб-қувватлаш бўйича бош вазир ўринбосарлари даражасидаги беш томонлама иш комиссияси тузиш нияти борлигини эълон қилди. 2018 йилда ўтказилган муҳим учрашувдан сўнг Қозоғистон билан Ўзбекистон 2019 йил охирига қадар умумий виза беришни йўлга қўйишини маълум қилган эди. Шундан сўнг Тожикистон билан Қирғизистон ҳукуматлари ҳам лойиҳага қўшилмоқчи эканини билдирди.
Бундан ташқари, 2019 йил мартида Тошкентда Марказий Осиё иқтисодий форумининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди ва унда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида йўлга қўйилаётган нисбатан қалин ҳамкорлик алоқалари сабаб товар айланмаси ортгани маълум қилинди. Албатта, улар ҳажми унчалик катта эмас: 2018 йилда Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари билан савдоси ҳажми 2017 йилдаги 4,3 миллард АҚШ долларилик миқдор билан солиштирганда, 18,4 фоиз ошди.
Икки томонлама муносабатлар
Ўзбекистон билан муносабатлар. Ўзбекистоннинг истеъмол бозори катталиги ва Қозоғистоннинг ўлчами ҳисобга олинса, бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар минтақадаги ўсишнинг узоқ муддатли истиқболи калити эканини ва чиндан ҳам минтақадаги иқлимни белгилаб беришини кўриш мумкин.
Марказий Осиёнинг стратегик маркази сифатидаги ўрни, бой тирихи ва аҳолиси сабабли (минтақадаги бешта мамлакат аҳолисининг 45 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади) Ўзбекистон совет даврида Марказий Осиёдаги минтақавий куч сифатида эътироф этилган эди. У кўплаб кўрсаткичлар бўйича постсовет даврида Қозоғистонни қувиб ўтиши ҳамда минтақадаги иқтисодий муваффақиятларга эришиши керак эди. Ҳозирги шароитда Қозоғистон минтақанинг иқтисодий етакчиси ҳисобланади: унинг номинал ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) Ўзбекистонникидан уч баробар кўп ва минтақадаги жами ҳажмнинг деярли ½ қисмини ташкил қилади.
Қозоғистон ҳукумати вакиллари таъкидлашича, Ўзбекистоннинг яқинда ташқи дунёга қисман очилиши икки мамлакат ўртасида соғлом рақобатни, айниқса, саноат соҳасини ривожлантириш имконини беради. Аммо Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги рақобат, у ҳақдаги гап-сўзлар бўрттириб кўрсатилса-да, мавжуд. Эҳтимол, Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор либераллаштириш ва шунга мос тарзда бизнес юритиш ва инвестиция муҳити яхшиланиши айрим инвестициялар ва бозор фаоллиги Қозоғистондан Ўзбекистонга (Қозоғистоннинг минтақадаги иқтисодий марказ сифатидаги анчадан бери мавжуд мақомига қарамасдан) кўчиб ўтишига олиб келиши мумкин. Боз устига, Ўзбекистоннинг ижро ҳокимияти алмашувини бошидан кечиргани билан боғлиқ устунлиги бор, Қозоғистонда эса ҳокимият алмашуви ҳали-ҳамон бошланғич босқичда турибди. Ҳалигача «элбоши» ва мамлакат хавфсизлик кенгаши раиси сифатида ҳокимиятга эга Назарбоев саҳнадан бутунлай кетгандан сўнг Қозоғистонни нималар кутаётгани аниқ эмас.
Бешта мамлакат нисбатан чекланган товарлар мужмуасини экспорт қилаётгани ва асосий экспорт товарлари (олтин, пахта, электр қуввати ва ҳк.) бир хил экани ҳисобга олинса, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётлари кўпинча бир-бирини тўлдириш ўрнига ўзаро рақобатлашиб келганини кўриш мумкин. Аммо уларнинг иқтисодий моделлари нисбатан ранг-баранг. Қозоғистон билан Ўзбекистон бозор муносабатлари нуқтаи назаридан бир-бирини тўлдиради: Қозоғистон жанубдаги қўшнисини нефть, ун ва ғалла билан таъминлайди; Ўзбекистон эса Қозоғистонга ўғитлар, мева ва сабзавот етказиб беради. Қозоғистон Ўзбекистоннинг кишлоқ ҳўжалик ва электрон асбоб-ускуналар ҳамда автомобиллар сингари саноат товарлари учун асосий экспорт бозори бўлиши мумкин. Иккала мамлакат иш кучи таклифи ва унга талаб бўйича ҳам бир-бирини тўлдиради: Қозоғистоннинг маълум минтақалари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида мавсумий иш кучи – меҳнат ресурслари етарли эмас; айни чоқда Ўзбекистоннинг иш кучи керагидан ортиқча бўлган вилоятларидаги ишчилар вақтинчалик ишлаш учун чет элга чиқиш учун тайёр. Ҳозирги кунда ўзбекистонлик мигрантлар Қозоғистонда расман рўйхатга олинган иш кучининг 7,8 фоизини ташкил қилади; бироқ Қозоғистонга ишлагани келаётган Ўзбекистон ватандошларининг фақат 10 – 25 фоизи рўйхатдан ўтгани улар сони расмий маълумотларда келтирилганидан анча кўп эканини кўрсатади.
Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг 2017 йил марти ва апрелида Қозоғистонга, президент Назарбоевнинг эса ўша йил сентябрида Ўзбекистонга расмий сафарлари ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиб берди. 2017 йил майида Жанубий Қозоғистон вилоятида қўшма лойиҳалар учун 11 та саноат зонаси ташкил қилинди. Ушбу вилоятда кўпсонли ўзбек диаспораси яшайди ва икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажмининг 30 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарияти нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликни ҳам кенгайтиришга умид боғламоқда. Икки мамлакат шу мақсадда 20121 йилга қадар Қозоғистон жанубидаги Чимкент шаҳри билан Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳри ўртасида нефть қувурини тортиб, ишга туширишни келишиб олди. 2018 йилда икки томонлама савдо-сотиқ 25 фоиздан кўпроқ миқдорда ўсиб, 2,5 миллиард АҚШ долларига етди. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияга 2020 йилга бориб, ушбу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш топширилди.
Қирғизистон билан муносабатлар. Қозоғистон Қирғизистоннинг катталиги бўйича Швейцариядан сўнг (ушбу мамлакатга олтин экспорт қилади) иккинчи экспорт бозори ҳисобланади, Қозоғистондан келаётган пул эса Қирғизистон иқтисодиётида анъанавий тарзда муҳим роль ўйнайди. Иқтисодий воқелик талаб этаётганига қарамай, Қирғизистон Марказий Осиёдаги ҳамкорлик истиқболларига шубҳа билан қарайди. Боз устига, 2017 йилда Қозоғистон билан Қирғизистон ўртасида рўй берган можаро Қирғизистон ватандошлари кўз ўнгида Қозоғистоннинг обрўсини тушириб юборди. Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг Қирғизистондаги сайловга Қозоғистоннинг «тахмин қилинаётган аралашуви» айтилгач, Назарбоев шахсига қаратилган танқидидан сўнг Қозоғистоннинг чегара туманларида Қирғизистондан келаётган одамлар ва товарлар оқими назорати кучайтирилди, айни ҳол икки мамлакат ўртасидаги чегарада кўп миқдордаги юк автомобиллари ва саёҳатчилар йиғилиб қолишига сабаб бўлди.
2017 йил ноябрида Қирғизистон бош вазири Қозоғистонни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) эркин савдо тўғрисидаги битими шартларини бажармаётганликда айблади. Ушбу айбловдан сўнг Қозоғистон бош вазири мамлакати ЕОИИ доирасида олган мажбуриятларини бажараётганини, транспорт воситалари текшируви кучайтирилгани Хитойдан ноқонуний олиб келинаётган товарларни ўтказмаслик ҳамда меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товарларни олиб киришга йўл қўймасликка қаратилганини айтди. Қирғизистон Жаҳон савдо ташкилоти ва ЕОИИга шикоят билан мурожаат қилди, аммо 2017 йил декабрида томонлар иккала тарафнинг транспорт, ветеринария назорати, шунингдек, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги соҳасидаги ҳамкорлигини тартибга солувчи 50 банддан иборат «йўл харитаси»ни имзолагандан сўнг шикоятини қайтариб олди. Бу кичик икки ойлик савдо урушини тугаганини англатар эди. Иккала мамлакатнинг ҳам ЕОИИда олинган мажбуриятларига кўра очиқ бўлиши керак бўлган чегаранинг ёпилиши ушбу ташкилотга аъзолик берадиган имтиёзлар ҳар доим ҳам иш бермаслигини, ҳусусан, иқтисодий қамални қўлламасликни кафолатламаслигини намойиш этди.
Икки давлат ўртасидаги зиддият Қозоғистон раҳбариятини ноқулай аҳволга солиб қўйди ва Қирғизистонга нисбатан «ука» сиёсатини қайта қўриб чиқишига туртки берди. Аммо Қозоғистон билан Қирғизистон чегарасидаги муаммолар ҳақида 2019 йилда ҳам хабарлар берилиб турди.
Туркманистон билан муносабатлар. Сўнгги йилларда Туркманистон Марказий Осиёдаги қўшнилари билан транспорт ва энергетика лойиҳаларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштирди. Унинг раҳбарияти алоқаларни кенгайтириш мустақилликни дахл қилмай туриб, иқтисодий буҳронни камайтиришга ёрдам беришини тушуниб етган кўринади. Бу ўз навбатида Қозоғистонга фойда келтирди. Масалан, 2014 йилда ишга туширилган Қозоғистон – Туркманистон – Эрон темирйўли Хитойни Қозоғистон ва Россия орқали Европа билан боғлайдиган Янги Евроосиё қуруқлик кўприги иқтисодий йўлаги сифатида Қозоғистон жозибадорлигини оширади. Айни пайтда Қозоғистоннинг Туркманистон билан чегараси уни Форс кўрфазига элтадиган тўғри йўлга олиб чиқади ва шу тариқа Нур-Султонга иқтисодиётини ранг-баранглаштириш учун бир неча имконият беради. Туркманистон – Хитой газ қувури ҳам Қозоғистоннинг Туркманистон билан алоқаларини мустаҳкамлашга йўл очган эди, чунки қувур иккала мамлакат ҳудудини ҳам кесиб ўтади. Яна Туркманистондан электр қувватини Ўзбекистон энергетика тизими орқали Қозоғистон ва Қирғизистонга йўналтириш ҳам режалаштирилмоқда. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2017 йил апрелида Қозоғистонга давлат ташрифи вақтида икки мамлакат раҳбарлари стратегик шериклик тўғрисида шартнома ва чегарани демаркация қилиш хусусида битим имзолаган эди. Аммо иккала мамлакат экспортида ҳам товарлар етакчи бўлгани учун савдо-сотиқ даражаси паст: 2018 йилда Қозоғистон ташқи савдосида Туркманистоннинг улуши, бор-йўғи, 0,1 фоиз бўлди.
Тожикистон билан муносабатлар. Қозоғистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан бўлгани сингари, Тожикистон билан ҳам савдо-сотиқ миқдорини оширишга интилмоқда. Сўнгги йилларда иккала мамлакатни иқтисодиёт баробарида диний радикализмга нисбатан кўрилаётган қатағон чоралари ҳам бирлаштириб туради. 2018 йил январида Қозоғистон раҳбарияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва хавфсизлик идораларига «шубҳали» ватандошларни кузатиш ваколатини берадиган, радикал қарашга эга кишиларнинг кимлигини визуал – юзини яшириб турадиган соқол ёки кийимга қараб айниқлашни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини таклиф этди. Қонун лойиҳасида яна чет элда диний таълим олишнинг қатъий қоидалари белгилаб берилади, диний ташкилотларнинг молиявий таъминоти назорати кучайтирилади ва «бузмакор диний таълимот»га таъриф таклиф этилади. Қозоғистоннинг дин ишлари бўйича вазири 2018 йил мартида Остонада бўлиб ўтган саммит доирасида диний эстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни Тожикистоннинг дин ишлари бўйича қўмитаси раиси билан имзолагани ўзига хос тажриба алмашиш бўлганининг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Томонлар бундай ҳужжатга қўл қўйилишини Ироқ ва Шом (Сурия) Ислом давлати (ИШИД) жангариларининг минтақага қайтаётгани билан боғлиқ таҳдиднинг олдини олиш истаги билан изоҳлади.
Хулоса
Бир қанча омиллар сабаб Қозоғистон ўзини Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан Россия ўртасидаги воситачи эмас, минтақанинг ажралмас қисми сифатида таний бошлади. Натижада бутун бошли Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг сезиларли ва ўсиб бораётган тамойили вужудга келди. Ггарчи 2018 йил ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми ундан олдинги йилга нисбатан 35 фоиз ўсиб, 12,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса-да, камлигича қолмоқда.
2018 йил мартида Остонада бўлиб ўтган ва Марказий Осиёнинг барча 5 та мамлакати раҳбарлари иштирок этган илк тарихий маслаҳат кенгаши мажлисида президент Назарбоев шундай деган эди: «Марказий Осиё муаммоларини ҳал этиш учун бизга учинчи шахсларнинг кераги йўқ. Ўзимиз барча масалаларни ҳал этишимиз мумкин ва шунинг учун йиғиляпмиз». Назарбоев чиндан ҳам минтақанинг ҳамма тан оладиган оқсоқоли ҳисобланади, янги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев эса бундай мақомга эга эмас. Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин йилларда ўзининг минтақадаги мақомини кўтара олиш-олмаслиги ҳали маълум эмас.
Минтақадаги савдо-сотиқни кўпайтиришнинг иш берадиган механизмларига эҳтиёж яққол кўзга ташланаётгани сабабли Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари чегаралар самарадорлигини ошириш, хусусан, норасмий тўловлар ва тарифларга хос бўлмаган тўсиқларни бартараф қилиш бўйича чоралар кўриши фойдали бўлур эди. Бундай сиёсат потенциал фойдани ошириши мумкин. Бунга Қозоғистон билан Ўзбекистон чегарасида қурилиши режалаштирилаётган савдо ва иқтисодий ҳамкорлик ҳалқаро маркази сингари лойиҳаларни амалга ошириш билан эришиш мумкин. Шу билан бирга, Қозоғистон билан Ўзбекистонда иш ва ижтимоий алоқалар ва мулоқотлар ривожланса, минтақадаги норасмий ҳамкорлик ҳозирги паст ҳолатидан юқори кўтарилиши мумкин. Қозоғистондаги етакчи сиёсий таҳлилчилар гуруҳи қўллаб-қувватлаётган норасмий ёки «юмшоқ» регионализм Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида қабул қилинган моделга ўхшаб кетади. Хусусан, улар қайд этишича, номига интеграция ёки у билан боғлиқ тузилмаларни яратиш эмас, муроса топишга ҳаракат қилиш ва доимий маслаҳатлашувлар Қозоғистонга Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шу билан бирга, ўзининг Евроосиё интеграциясидаги иштирокини давом эттириш имконини беради.
Гарчи Қозоғистон раҳбарияти Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан савдо-сотиқни кенгайтириш истиқболини олқишлаётган бўлса-да, унинг ушбу мамлакатлар билан савдоси Россия, Хитой ва Европа билан савдосига тенг кела олмаслигини яхши билади. Бу Марказий Осиё билан савдо-сотиқни ривожлантириш аҳамиятини автоматик тарзда камайтиради. Бундан ташқари, Қозоғистон ўзини минтақадаги етакчи эмас, глобал ўйинчи сифатида кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Назарбоев истеъфога чиққандан сўнг раҳбариятнинг ўзгариши мамлакатдаги ҳукмрон синф яқин келажакда ички сиёсат, ижтимоий барқарорлик ва ички иқтисодиёт ҳақида қайғураверишини англатади.
Россия фақат Марказий Осиё мамлакатлар аъзоси бўладиган минтақавий ҳамкорлик тузилмаси ташкил этилишини ёқламаслиги турган гап. У Марказий Осиё бирлигига, аввало, Россия етакчилигидаги ЕОИИ тарзида зуҳур бўлган Евроосиё ҳамкорлигига бўйсунадиган тузилма деб қарайди. Бинобарин, ҳозирги пайтда Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Марказий Осиёдаги ҳамкорлигини Россия босими остида барбод бўлмаслиги учун норасмий чарчава билан чеклашга интилади. Боз устига, Марказий Осиё мамлкатлари ҳамкорлик учун учун алоҳида ва расмий тузилма ташкил этганида, Россия Ўзбекистон билан Тожикистонга ЕОИИга (Ўзбекистоннинг эса КХШТга ҳам) кириши учун босимни кучайтирган бўлар эди. Бу Москванинг Марказий Осиёдаги – ўзини ўзи изоляцияга солган Туркманистондан бошқа – барча давлатлар иштрокидаги ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий блокини ташкил этишни мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддат интилишларини акс эттиради. Бошқа тарафдан, Хитой Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлиги қалинлашувидан фақт ютади, чунки бу унинг “Макон ва йўл” доирасидаги инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишида қўл келади.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Нарратив (лот. narrare — тил акти, яъни тамсил этишдан фарқли ўлароқ, оғзаки баён) постмодерн фалсафаси тушунчаси. Ҳикоя, ҳикоя қилиб бериш.