Фото: ИЗВЕСТИЯ/Павел Бедняков
Марчин Качмарски, Глазго университети, Russia-China Relations in Central Asia: Why Is There a Surprising Absence of Rivalry? The Asan Forum, 2019 йил августи.
Нега Россия билан Хитой Марказий Осиёда рақобатлашмаяпти? (1-қисм)
Минтақавий ҳамкорликка турлича қарашлар
Россиянинг минтақавий сиёсатга бўлган қараши иккита қутб ўртасида чўзилиб кетган. Бир тарафдан, у постсовет ҳудудигача торайиб, шўролар даврининг тарихий алоқаларини таъкидлайвериш билан чекланиб қолган. Бундан ташқари, ЕОИИнинг мураккаб ҳуқуқий базаси потенциали янги кирувчилар учун “кириш тўсиғи”ни пайдо қилади. Бошқа тарафдан, ушбу макон билан боғланган лойиҳага постсовет маконидан ташқарига чиқувчи ғоялар ҳам ҳамроҳлик қилиб келди. 90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб “Катта Европа” концепцияси Россия билан Европа интеграция жараёнларининг ўзаро боғловчи бўғини сифатида хизмат қилди. 2010 йиллар ўрталарида унинг ўрнини янада мужмалроқ “Катта Евроосиё” ғояси эгаллади. Унда Россиянинг Ғарб мамлакатлари билан Европада марказида Россия турувчи регионализм учун курашни теран англаш ва Москванинг Хитойни Осиёдаги энг мақбул шерик сифатида кўриш истаги акс этган эди.
Россия сиёсий доиралари иккита мақсадга эришишга интилмоқда: постсовет минтақасида сиёсий устунликни сақлаб қолиш, шу йўл билан бошқа таъсир кучига эга марказларга Россиянинг розилигисиз ўрнашиб олиш имконини бермаслик ҳамда Россиянинг таъсирини постсовет минтақаси чегараларидан нарига ҳам ёйиш. Постсовет макони Россия учун иқтисодий фойда олиш имкониятлари нуқтаи назаридан унчалик истиқболли эмас. Айни ҳол Россия сиёсий доираларининг халқаро сиёсат бобидаги тасаввурларида мавжуд чуқур зиддиятни англатади. Россия ҳомийлик қилаётган регионализм постсовет ҳудудини ва унинг ўзини глобаллашувнинг салбий оқибатлари ва халқаро майдондаги талотумлардан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, айни дамда Россиянинг глобал сиёсатга таъсирини кучайтириш учун янги имкониятлар очиши керак. Москва ЕОИИни кўп қутбли жаҳон тартибининг марказларидан бирига ҳамда уни Шарқий Осиё билан Ғарбий Европа ўртасидаги боғлаб турувчи бўғинга айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун Хитой билан Россияни ҳурмат қиладиган шерик сифатидаги уйғунликни қабул қилиш керак бўлади.
“Катта Евроосиё” концепцияси ЕОИИнинг ҳудудий чекловлари ўрнини қоплашга уринишдир. Афтидан, у Хитойнинг минтақавий ҳамкорликка бўлган, аниқ чегаралар кўзда тутилмаган мужмал ёндашувини такрорламоқда. Ушбу ғояда Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилинмоқчи экани айтилади. “Катта Евроосиё” Хитойдан Ҳиндистону АСЕАНгача бўлган барча асосий ўйинчилар – таъсир кучига эга марказларни қамраб олиши керак. Россия ҳукумати ушбу концепция ёрдамида Осиёдаги буюк давлатлар, масалан Хитой билан Ҳиндистон ўртасидаги узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган рақобатга, шунинг баробарида кичик давлатларнинг буюк давлатлар, масалан, Хитой билан АСЕАНга ишончсизлик билан қарашига барҳам бермоқчига ўхшайди. Шунга қарамасдан, айни ғояни қандай қилиб амалга ошириш мумкинлиги ноаниқлигича қолмоқда. Аниқ бўлгани шуки, унинг асосини Хитой билан Россия алоқалари ташкил қилади ва таъмин этилишича, ушбу алоқалар Марказий Осиёда қалин ҳамкорлик қила олиш қобилияти билан мустаҳкамланмоқда.
Қўшничилик муносабатларини ислоҳ қилиш ва минтақавий ҳамкорликнинг янги йўлларини таклиф этиш билан Хитой муайян эмас, умумий концепцияни илгари сурди. “Янги ипак йўли” Хитойга чет эл бозорларига йўлиб очибгина қолмасдан, Пекиннинг халқаро ижтимоий фаровонлик бериш ва халқаро мажбуриятларни зиммага олишга тайёр эканини ҳам тасдиқлайди. Хитой лойиҳасининг ажралиб турувчи ўзига хос жиҳатларидан бири унинг шароитга мослашувчанлиги ва аниқ жуғрофий чегаралари йўқлигидир, бу унинг очиқлигини ва “кириш тўсиқлари”паст ёки йўқ эканини англатади. Хитой шу тариқа мавжуд ва бўлғуси минтақавий келишувлардан ўзиб кетиш ҳамда бошқа буюк давлатлар ёпиқ сиёсий ва иқтисодий блоклар тузишига йўл қўймасликка интилаётганини кўрсатмоқда. Савдо-сотиқ ва инфратузилмага сармоя ётқизишга кўмаклашиш хусусидаги баёнотлар айрим мамлакатларнинг Хитой товарлари ва капиталига очиқлигини қўллаб-қувватлашга мўлжаллангандир. Регионализм кўрими ўта муҳимдир, унда Россия тарафи Хитой билан ўзига хавф туғдирмайдиган қалин ҳамкорликдан қаноат ҳосил қилмоқда.
Хитой минтақада етакчиликка ошкора даъво қилмайди. Бунинг ўрнига унинг ривожланиши турли мамлакатларга фойда келтиришига кўпроқ эътибор қаратилади. Барча иштирокчиларни бирга боғлаб турадиган барқарор институт ва меъёрларнинг йўқлиги “Янги ипак йўли” тузилмасининг яққол кўзга ташланувчи хусусиятларидан ҳисобланади. Хитой ҳукумати тинч-тотув яшашнинг 5 та принципи, халқаро бозор қоидалари, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва ўзаро дўстлик сингари халқаро ҳуқуқ меъёрларини фақат умумий тарзда эслаб ўтади. Асосийси, “Янги ипак йўли” концепциясининг якуний кўриниши потенциал иштирокчилар билан музокара учун очиқ.
Хитой концепцияси минтақавий (бинобарин,чекланган) ҳамкорлик лойиҳасига эмас, глобаллашувнинг янги талқинига айланди.
Гарчи лойиҳанинг институционал ва меъёрий жиҳати етарли даражада ривожлантирилмаганга ўхшаб кўринса-да, Хитой “Янги ипак йўли” ғоясини амалиётга татбиқ қилиш билан экспертлар ҳамжамияти ва кенг жамоатчилик наздида сўзсиз муваффақиятга эришди. Хитой концепцияси минтақавий (бинобарин, чекланган) ҳамкорлик лойиҳасига эмас, глобаллашувнинг янги талқинига айланди. Бироқ бир тарафдан, глобаллаштиришга оид баёнотлар ҳамда лойиҳага янги жиҳатлар қўшиш ва унинг чексиз очиқлиги билан бошқа тарафдан, киритилаётган сармояларнинг минтақа, яъни Осиё қитъасига йўналтирилган воқелиги ва амалга оширилаётган сиёсий ҳамкорлик ўртасида яққол зиддият бор. “Янги ипак йўли” доирасида белгиланган улкан миқдордаги маршрутлар ва коридорлар Хитой кўримида Осиё қитъаси асосий мўлжал эканини кўрсатади. Иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Осиёнинг инфратузилмаларга инвестиция киритиш бўйича банки (AIIB) ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (СВМДА) сингари бошқа форумлар Пекиннинг Осиё қитъасига асосий эътибор қаратаётганини тасдиқлайди.
Гарчи Хитой лойиҳаси қайсидир маънода Россия етакчилигидаги ЕОИИга жавоб сифатида ўйлаб топилган бўлса-да, унга нисбатан очиқ қарши чиқиш эмас. Хитой сиёсий доиралари регионализмни функционал маънода тушунади, Россия эса минтақавий ҳамкорликни муайян маконда ташкил этмоқда. Хитойнинг регионализм кўрими иқтисодий устуворликларни акс эттиради, Россия учун эса сиёсий таъсир асосий масаладир. Хитойнинг “Янги ипак йўли” концепцияси аниқ молиявий ресурслар билан таъминланган ва у амалга оширилишини кутса бўлади. Айни чоқда Россиянинг лойиҳалари кўпроқ унинг буюк давлатлик мавқеи ва ўз обрўсини сақлаб қолиш билан боғлиқ. Россия сиёсий доиралари ва зиёлилари тафаккурига буюк давлатчилик идентитети қанчалик теран сингиб кетгани ҳисобга олинса, “Катта Евроосиё” ривожланиб бораётган халқаро тартибда Россия учун янги миссия топиб бериш усулидир. Бу постсовет ҳудудида таъсир кучига эга бўлиш учун рақобатни орқага суради ҳамда Россия билан Хитой ўртасида тенглик иллюзиясини сақлаб қолади. Хитой билан Россия раҳбарларининг олиймақом учрашувлари чоғида қабул қилинган икки томонлама декларациялар ва осмоности мамлакати раҳбарларининг баёнотларидаги Пекиннинг “Катта Евроосиё” ғоясини “маъқуллаши” ушбу иллюзияни янада мустаҳкамлайди.
Бехос оқибатлар
Минтақавий ташаббусларни амалга ошириш жараёни икки мамлакатни ўзаро боғлаб туради ҳамда қўшимча, аммо атай бўлмаган хавфсизлик тизимини таъминлайди ва бу манфаатлар тўқнашуви хавфини чеклайди. “Янги ипак йўли”нинг айни дамда амалга оширилаётган асосий вазифалари Хитой билан Европа ўртасидаги темирйўл қатновини ривожлантиришни – унинг асосий қисми Қозоғистон, Россия ва Беларусь (яъни ЕОИИ ҳудуди) орқали ўтади – шунингдек, “Ипак йўли” жамғармаси ёки AIIB молиялаштирадиган транспорт, инфратузилма ваа энергетика соҳаларига киритиладиган инвестицияларни қамраб олади. Ушбу минтақавий ҳамкорликни амалга ошириш жараёни Россия билан Хитой ўртасида рақобат эмас, ҳамкорлик учун рағбат яратади.
Хитой айримлари Россияни айланиб ўтадиган бир қанча темирйўл маршрутлари – Транскаспий йўлаги ва Туркия орқали ўтувчи йўлак яратганига қарамай, поездларнинг асосий қисми Россия орқали ўтмоқда. Истисно қилиб бўлмайдиган бошқа вариант, асосан, инфратузилма заифлиги сабабли Хитой учун кам фойда бериши баробарида амалга ошириш учун мураккаб ҳамдир. Темирйўл қатнови Хитой билан Россия ҳамкорлигини бир неча йўл билан енгиллаштиради. Биринчидан, ЕОИИ доирасида Божхона иттифоқининг фаолият юритиши ҳамда шу билан боғлиқ равишда ЕОИИга аъзо мамлакатлар ўртасида чегараларнинг йўқлиги юкларни тезроқ ташиш, транспорт харажатларининг нисбатан камлиги ва соддароқ божхона тартиблари қўлланишини таъминлайди. Поездлар фақат иккита: биттаси Хитой билан ЕОИИ, иккинчиси эса ЕОИИ билан Европа Иттифоқи ўртасидаги божхона чегараларини кесиб ўтади. Иккинчидан, темирйўл қатновини ривожлантириш Россияда “Россия темир йўллари” компанияси иштирокидаги лоббичилик билан боғлиқ ҳамкорлик яратади. Россия орқали ўтадиган транспорт коридори Хитой тарафида ҳам манфаатдор томонлар кластери ташкил этилишига сабаб бўлди. Ниҳоят, Россия темирйўл тизимига боғлиқлик Москвага темирйўл транспортидан қўшниларига сиёсий босим ўтказиш воситаси сифатида ҳам фойдаланиш имконини беради. Транзит қамали ва Хитойнинг воситачи бўлишни истамаслиги Хитой билан Европа Иттифоқи ўртасидаги темирйўл қатновидан Украинани чиқариб ташлади.
Хитойнинг “Янги ипак йўли” байроғи остида Россиядаги энергетика лойиҳаларига киритаётган сармоялари ушбу мамлакатда яна бир манфаатдор томонлар гуруҳини вужудга келтирди. Улар Хитой билан тўхтовсиз ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган шахслар ва фирмалардир. Шу пайтгача у ёки бу тарзада муҳим бўлган қуйидаги келишувларга эришилди: “Ямал – сиқилган табиий газ” лойиҳаси учун Хитой банклари берган 10 миллиард долларлик қарз (“Novatek” хусусий компанияси); “Ипак йўли” жамғармасининг “Ямал – сиқилган табиий газ” лойиҳасининг 9,9 фоизини ҳамда Россиянинг энг йирик “СИБУР” нефть ва кимё гуруҳининг 10 фоизини харид қилиши. Гарчи ушбу инвестициялар Хитойнинг “Янги ипак йўли” лойиҳасига боғлиқ бўлмаган тарзда амалга оширилиши мумкин бўлса-да, уларнинг ушбу ишларга қўшилиши Россиянинг айни лойиҳага потенциал мухолифлигини пасайтиради.
Россияда лойиҳаларни амалга ошириш амалиёти ҳам Хитой билан ушбу мамлакат ўртасидаги минтақавий ҳамкорликка кўмак беради. Қанчалик ғалати туюлмасин, бунга ЕОИИнинг ютуқлари эмас, муваффақиятсизликлари эш бўлмоқда. Сўнгги бир неча йил мобайнида ЕОИИнинг Россия раҳнамолигидаги ривожланиш жараёни бир жойда депсиниб қолди. Россиянинг ЕОИИ қоида ва меъёрлари, жумладан, 4 та нарсанинг ҳаракатланиши эркин бўлган бозорни жорий этишни тугаллай олмаётгани унинг Хитой билан рақобат потенциалини пасайтирмоқда. ЕОИИнинг камчиликлари унга кирувчи мамлакатлар минтақаси Хитой товарлари ва капитали учун “илма-тешик” бўлиб қолаётганини кўрсатади. ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг энергетика соҳасини тартибга солувчи умумий қоидаларни келиша олмагани Хитойнинг Марказий Осиё энергетика секторида чекланмаган даражада ҳозиру нозир бўлишига олиб келди. Яхши ишламаётган ЕОИИ Хитойнинг иқтисодий экспансиясини чеклай олмаяпти ва рақобат учун эҳтимол тутилган рағбатларни пасайтирмоқда. Айни дамда Россиянинг “Катта Евоосиё” концепцияси амалга ошириш босқичидан анча узоқ. Унинг роли амалий эмас, рамзийдир, чунки Россия шерикларига Хитой таклиф этаётган молиявий рағбат беришга қодир эмас. Шунга қарамасдан, “Катта Евроосиё” шафелигида амалга оширилаётган ҳамкорликнинг мужмал ҳолати Хитой, ШҲТ ёки ЕОИИ иштирокида тузилган ҳар қандай келишув муваффақиятли бўлади, деб тасаввур қилиш мумкин.
Хитойнинг Марказий Осиё хавфсизлигини таъминлашда ошиб бораётган аҳамияти
АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилишидан олдин кўплаб кузатувчилар Марказий Осиёга Хитой билан Россиянинг рақобати қайтишини кутган эди. Улар Пекин билан Москванинг умумий рақиби АҚШнинг чиқиб кетиши вазиятни танг қилиши мумкинлигини башорат қилаётган эди. Гарчи 2014 йилда қўшинлар қисман олиб чиқилган бўлса-да, Вашингтон Марказий Осиёга деярли эътибор қаратмай қўйди. Натижада Хитой, Россия ва Марказий Осиё мамлактлари ўртасида минтақавий сиёсат динамикаси вужудга келди, натижада АҚШ билан Европа Иттифоқи энди бу ерда иккинчи даражали роль ўйнамоқда. Минтақада Хитой фаоллиги анча-мунча ошди, бу ҳол уни муҳим таъсир кучига эга давлатга айлантирмоқда.
Россиянинг минтақадаги Хитой таъсири ошиб бораётганига кўникаётгани сабабларидан бири Пекин юритаётган вазминлик сиёсатидир. Ушбу сиёсат Россиянинг тенг ҳуқуқли шерик эканини индамай эътироф этишини қамраб олади. Бу Пекиннинг Марказий Осиё хавфсизлиги соҳасидаги иштирокини ўз ихтиёри билан чеклаши ва Россия илгари сураётган “Катта Евроосиё” ғоясини қўллаб-қувватлаши орқали намойиш этилиши мумкин. Айни дамда Россия Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ҳамда Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳарбий базалар тўғрисидаги икки томонлама келишувлар доирасида ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолаётган бўлса, Хитойнинг минтақадаги ҳарбий ҳозирлиги, асосан, ШҲТ доирасида, масалан, кўптомонлама ҳамкорлик кўринишида зуҳур бўлмоқда. Бироқ сўнгги пайтларда Пекин сиёсати ўзгара бошлади ва бу Хитой билан Россия муносабатларида бошоғориққа айланиши мумкин.
Сўнгги ойларда ахборот воситалари Хитойнинг Тожикистонда тобора ортиб бораётган ҳарбий ҳозирлиги ҳақида ёзмоқда, аммо Хитой ҳукумати буни доимий тарзда инкор этиб келмоқда. “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, хитойлик чегарачилар коридорнинг чегара постларида тожик ҳамкасблари ўрнини эгаллаган. “The Economist”га кўра, Хитой Тожикистонга қўшинларини жойлаштирмоқда ва Россия иштирокисиз у ерда ҳарбий машқлар ўтказмоқда. Хитой Тожикистон билан бирга 2016 йилда ҳарбий машқлар ўтказганини ҳамда чегаралар масаласида Хитой, Покистон, Афғонистон ва Тожикистон тўрт томонлама битим имзолаганини расман эълон қилган эди.
Мабодо Хитой кўптомонлама келишувларни менсимай ва Москва билан олдиндан маслаҳатлашмай туриб, минтақага қўшин киритганида эди, бу Россиянинг минтақадаги хавфсизлик кафили сифатидаги ўрнига жиддий тарзда дахл қилган бўлар эди. Тожикистон 2000-йиллар ўрталарида Россиянинг тожик-афғон чегарасини биргаликда қўриқлашни тиклаш тўғрисидаги таклифга қаршилик кўрсатгани ҳисобга олинса, ҳақорат янада жиддий тус олиши шубҳасиз эди. Шунга қарамасдан, Пекин минтақадаги ҳар қандий ҳарбий ҳозирлигини рад этиб келмоқда. Ҳар сафар Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бунақа саволларни олиши билан унинг вакиллари Хитой қўшинларининг жойлардаги ҳозирлигини рад этишга тушади ва бу асосан Россияни тинчлантириш учун қилинади. Лекин ушбу чегара қўшинларини жойлаштириш учун Хитой Россия билан маслаҳатлашув ўтказган бўлиши ҳам мумкин, чунки Россиянинг Тожикистонда бир неча минг ҳарбий хизматчиси бор, қолаверса, Тожикистон КХШТ аъзоси ҳисобланади. Хитойнинг хавфсизлик соҳасидаги ҳурмат билан йўғрилган гап оҳанги Россияни – юз фоиз бўлмаса-да – умидлантиради. Қурол-яроғ сотуви ошиб бораётгани ва қўшма ҳарбий машқларни ҳисобга олиб, минтақавий хавфсизлик масалаларини мувофиқлаштириш кучайиб бормоқда, чунки Марказий Осиё хавотир олиш учун алоҳида сабаблар учрамайдиган иккинчи даражали макон сифатида асосий воқеалардан четда қолмоқда.
Минтақавий идентитетлар
Марказий Осиё ёки кенгроқ маънода Евроосиёда етакчиликни сақлаб қолиш Хитойдан кўра Россия учун муҳимроқдир. Москва учун яна Евроосиёнинг минтақавий идентитетини аниқлашда бош ролни ўйнаш ва тан олинган “Евроосиё етакчиси” бўлиш алоҳида аҳамиятга эга. Хитой Россия билан бирга умумий глобал идентитетини намойиш қилди, ўзининг минтақавий идентитетини эса Япония, Корея ярим ороли, Жанубий Шарқ, Осиё ва Ҳиндистонга қаратди. “Камар ва йўл” концепциясида Россияга иккинчи даражали таъсир кучига эга давлат деб қаралади ва бу ундан хавф деярли йўқлигини англатади. Хитой билан СССР ўртасидаги можарони эсда тутган Москва танқид қилмасликка ва идентитетлар ўртасидаги фарқни эсламасликкка интилади. Айни чоқда Хитойда ушбу масалада чоп қилинаётган мақолалар ва нашрларда ўзга ўйинчилар, айниқса, АҚШ билан мафкура борасидаги зиддиятларга кўпроқ эътибор қаратилади. Бундан ташқари, Марказий Осиёнинг маданият борасида Хитой билан ўхшашлиги, ҳатто чегаралар очилгандан сўнг 30 йил ўтганига қарамай, жуда кам ва бу Россиянинг эҳтимол тутилган хавотирини заифлаштиради. Шунинг учун россияликлар Хитойнинг манманлиги, унинг Марказий Осиёдаги мақсадлари ёки мамлакат ичкарисидаги қатағонлари таҳдиди сингари потенциал мавзуларда деярли ҳеч нарса ёзмайди. Яъни Хитой ўзининг минтақага нисбатан кўрими ҳақидаги нарратив – фикр-мулоҳаза ва қарашларни назорат қилади.
Россиянинг минтақавий идентитети Осиёдаги минтақавий тартибга Ғарб мамлакатларининг таъсирига қарши курашиб келади. Катта Евроосиё Хитойга қарши мувозанатловчи куч эмас, аксинча, Ғарбнинг зидди бўлган тузилмадир. Россия ҳамма нарсанинг марказида Хитой туради, деган қарашни танқид қилишни бир четга суриб қўйиб, Марказий Осиёда ушбу мамлакат билан тинч-тотув бўлиш муаммосини анча соддалаштирди
Хулоса
Марказий Осиёда Россия билан Хитой ўртасида бевосита рақобатнинг йўқлигини бир қанча омиллар билан тушунтириш мумкин: иккала томоннинг ҳам потенциал рақобатни чеклашга қаратилган саъй-ҳаракатлари; Россия ҳукмрон сиёсий доиралари чиқарган “сабоқлар”; Хитойнинг ўзини чеклаш сиёсати; минтақавий маконни ташкил этишга қаратилган турлича кўримлар. 2000-йиллар охирида Москва билан Пекин Марказий Осиёдаги ҳокимият тақсимоти Хитой фойдасига ўзгариб бораётганига қарамай, икки буюк давлатнинг ушбу минтақадаги муносабатларларида ҳеч қандай муаммо йўқ, деган таассурот ҳосил қилишга интилди. Россия сиёсий доиралари Туркманистон билан Россия ўртасидаги газ урушидан сўнг Хитойнинг Марказий Осиё энергетика секторига кириб келишига рози бўлди. Ресурсларни Европа Иттифоқи эмас, айнан Хитой “ютиб юбораётгани” ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Айни чоқда Кремль Хитойнинг “чек дипломатияси” билан рақобатлаша олмаслигини тушунди. 2010-йилларда Россия ўзининг энергетика секторидаги ҳозирлигини аста-секин чеклай бошлади. Ушбу ҳақиқий муаммоларни ниқоблаш сиёсати фақат 2010-йилларнинг ўрталарига келиб ўзгарди, ўшанда иккала томон ҳам ЕОИИ ва “Ипак йўлининг иқтисодий камари” сингари минтақавий лойиҳаларда тўқнаш келиши мумкинлигини тушуниб етди. Улар шу пайтгача кўрган чора-тадбирлар барча муаммоларни бартараф қилмайди ва кўпинча мавжуд тафовутларни акс эттиради, лекин уларни ҳал этмайди. Шунга қарамасдан, ушбу рақобатни чеклашга қаратилган онгли саъй-ҳаракатлар нисбатан заиф тараф – Россия учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Иккала мамлакат амалга ошираётган минтақавий ҳамкорлик лойиҳалари ҳам очиқча рақобатга сабаб бўлмади. Хитой минтақавий сиёсатдан амалий фойда олишни кўзлайди, Россия эса ўз лойиҳаларидан Евроосиёнинг стратегик етакчиси обрўсини сақлаб туриш учун фойдаланади. Хитой Россиянинг “Катта Евроосиё” лойиҳасини “Камар ва йўл” лойиҳасининг тенгҳуқуқли аналоги – ўхшаши сифатида тан олишга тайёр, бу Россиянинг четга чиқиб қолиши билан боғлиқ қўрқувини сусайтирди. ЕОИИ ўз навбатида юкларни Хитой билан Европа Иттифоқи ўртасида ташишни енгиллаштиради.
Хитойнинг Марказий Осиёда ўзини чеклашга оид сиёсати минтақада Россия билан рақобатни камайтириш ишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Марказий Оосиё мамлакатлари билан хавфсизликка оид икки томонлама ҳамкорликда чекланган тарзда иштирок этиш ва Россиянинг хавфсизлик соҳасидаги биринчилигини ими-жимида тан олиш ушбу сиёсатнинг муҳим жиҳатлари эди. Шу маънода Хитойнинг минтақадаги хавфсизликни таъминлаш борасида яқиндан бошлаб ошиб бораётган роли унинг Россия билан Марказий Осиё бўйича муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Хитойнинг Марказий Осиёдаги мавжуд кўптомонлама форматларга тўғри келмайдиган ҳарбий ҳозирлиги Россиянинг минтақадаги устунлик даъволарини шубҳа остига қўяди. Бироқ бу ўринда кўп нарса Пекиннинг кўланкада қолиш қобилияти ва истагига боғлиқ. Умумий эътирофга кўра, Хитой Си Цзинпин даврида куч ва имкониятларини очиқроқ тарзда кўрсата бошлади, лекин бу ҳозирча Россия билан муносабатларга тааллуқли эмас.