Сурат манбаси: “Известия” (фото: REUTERS/Sputnik/Mikhail Metzel)
Сўнгги чорак аср мобайнида Россия билан Хитой ҳамкорлигини изчил равишда ривожлантириб келмоқда. Гарчи муносабатлар тўлақонли иттифоқ даражасига етмаган бўлса-да (иккала давлат бошқа томоннинг ҳудудий даъволарини қўллаб-қувватлашдан бош тортмоқда), ўртадаги алоқалар тобора қалинлашиб бораётгани кундай равшан. Айни чоқда кузатувчилар фикрича, Марказий Осиё Хитой билан Россия ўртасидаги сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий таъсир учун кескинлик ва рақобат майдони бўлиши кутилмоқда. Айрим экспертлар Хитой билан Россиянинг глобал даражадаги муносабатлари минтақавий даражадаги муносабатлардан фарқ қилишини, Марказий Осиё эса Россия учун Хитойга қарши рақиб бўлган макон эканини айтмоқда. Россиянинг Марказий Осиёдаги сиёсатини эҳтиёткорлик билан ҳеджлаш[1] (хавфсиз қилишга интилиш) сиёсати ёки Хитойга нисбатан жиддий қарши куч ҳосил қилишга йўналтирилган сиёсат сифатида таснифлаш бўйича якдил фикр йўқ. Сўнгги пайтларда муаллифлар бу, Россиянинг Хитойнинг минтақадаги ҳозирлигига мослашиши ва шу сабабли бу ўз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган сиёсат, деган қарашга мойиллик билдирмоқда. Ушбу мақола муаллифи нега Россия Хитойнинг Марказий Осиё томон силжиб келишига қаршилик кўрсатаётганини Москванинг регионализмни ва Хитойнинг босиқ сиёсатини қанақа тушунишига асосланган ҳолда ўз қарашларини баён қилади. У Россия билан Хитой муносабатларида ҳамкорликдан кўра рақобат камлиги, ҳеджлашдан кўра қарама-қарши туриш озроқ эканини кўради.
Марчин Качмарски, Глазго университети, Russia-China Relations in Central Asia: Why Is There a Surprising Absence of Rivalry? The Asan Forum, 2019 йил августи.
Кўпгина кузатувчилар Россия билан Хитой ўртасидаги Марказий Осиё бўйича тангликни, шунингдек, уларнинг минтақадаги рақобати муқаррар деб ҳисоблашига бир неча сабаблар бор. Биринчидан, расмий мавқелар бу борадаги кутилмалар керагидан ортиқ эканини кўрсатди; масалан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бир марта шундай деган эди: “Биз Хитойни рақиб деб билмаймиз. Биз стратегик шериклар ҳисобланамиз, Россия билан Хитойнинг ушбу минтақага, умуман олганда, Евроосиёга нисбатан режалари бир-бирига зид келмайди”. Иккинчидан, айниқса, минтақа даражасида буюк давлатлар ўртасида можаро бўлишини кутиш, халқаро сиёсат оид фикрлашнинг стандарт усули ҳисобланади. Шундай қилиб, Хитой билан Россия муносабатларига “zero-sum”[2] деб аталган жуғрофий-стратегик нуқтаи назардан қаралади, қолган мухолиф қарашлар эса, одатда, “жуғрофий-сиёсий хомхаёл” сифатида танқид қилинади. Халқаро муносабатларнинг реалистик назариялари айнан битта “таъсир доираси”га даъво қилиш бир-бирига зид экани хусусидаги умумий қарашларни такрорлайверади. Учинчидан, кузатувчилар тахминича, Хитойнинг тобора ўсиб бораётган иқтисодий таъсири Пекиннинг сиёсий босим ўтазиш дастакларини кўпайтириши, шу тариқа Россиянинг манёвр қилиш имкониятларини чеклаши мумкин. Марказий Осиёга аксарият ҳолларда XIX асрнинг “Катта ўйин” призмаси орқали қаралади. Воқелик эса бошқача бўлиб чиқди. Россия Хитойнинг Марказий Осиёни иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришига йўл бўшатиб берди, сўнгра у минтақа хавфсизлигини таъминлашда ҳам Хитойнинг иштирокини тан олишга мажбур бўлди ва энг қизиғи, Хитой манфаатларидан келиб чиққан ҳолда минтақанинг кенг маънодаги идентитети – ўзига хос хусусиятларига ҳам рози бўлди. Айни дамда Россия Хитой ўзига кўрсатаётган қайсидир даражадаги ҳурматдан қониқиш ҳосил қилмоқда.
Ҳамкорлик ҳақида кенг тарқалган фикрга қарамай, ҳозирча Хитой билан Россия очиқ рақобатга киришгани йўқ. Гарчи икки мамлакат муносабатларида вақти-вақти билан баҳслар рўй бериб турган бўлса-да, иккаласи ҳам Марказий Осиёдаги тартибни қандай ташкил қилиш бўйича турлича қарашларга эга, ушбу тафовут давомли очиқ рақобатга олиб келгани йўқ. Хитой ва Россия муносабатларининг бу тарзда ривожланиши моҳиятан умумий қабул қилинган фикр ва реализм назариясига қаршидир, чунки икки давлат ўз манфаатлари бўйича келишиб олишга муваффақ бўлмоқда. Қисман Россия ва Хитой сиёсий доираларининг рақобатга йўл қўймаслик борасидаги саъй-ҳаракатларига тан бериш лозим. Яна Москва билан Пекиннинг Евроосиёга оид улкан тасаввуридаги тафовут ҳам ўз-ўзидан рақобатга йўл қўймаслик имконини бермоқда. Уларнинг минтақавий ва глобал қарашлари нуқтаи назаридан, Марказий Осиё бошқариладиган майдонга айланиб қолди. Россиянинг қарашича, Хитой бу ерда таянчга эга бўлди; Хитойнинг қарашича, Россия бу ерда ўз меросини сақлаб қолмоқда.
Марказий Осиёда иқтисодий куч тақсимланишининг ўзгариши ва Россиянинг муносабати
2000 йилларнинг бошидан бери Россия билан Хитой ўртасидаги минтақавий кучлар мувозанатида жиддий силжиш кузатилмоқда. Ўша пайтлари Хитой Россиянинг минтақадан табиий ресурслар, жумладан, нефть хомашёси ва табиий газнини транзит қилиш монополиясини бекор қилишга уриниб келди. 2008 – 2009-йилларда рўй берган глобал иқтисодий буҳрондан сўнг Пекин Марказий Осиё мамлакатларининг энг йирик иқтисодий шеригига айланди. 90- ва 2000-йилларда Россиянинг Марказий Осиёнинг энергетика сиёсатидаги асосий мақсади Европа Иттифоқига минтақанинг нефть ва газ ресурсларидан фойдаланишга халақит беришдан иборат бўлди. Туркманистон газини транзит қилиш монополияси алоҳида аҳамият касб этди, бу “Газпром”га Марказий Осиёнинг арзон газини Европа бозорида қайта сотишдан анча-мунча фойда кўришига имкон берар, Европанинг эса собиқ совет маконидан газ олиши учун муқобил манбалар йўқ эди. 2007 йилда Россия, Қозоғистон, ва Туркманистон ушбу икки республиканинг газ конларини Россиянинг газ тармоғи билан боғлайдиган газ қувури тортиш ҳақида келишиб олди, бу Россиянинг минтақа устидан назоратини мустаҳкамлаши керак эди. Аммо лойиҳа амалга ошмай қолиб кетди, чунки бу соҳага Хитой қизиқиш билдира бошлади, Россия истамаса-да, буни қабул қилишга мажбур бўлди.
Хитой компаниялари Туркманистон ва Қозоғистон билан янги қувурлар тортиш ҳамда газ ва нефть етказиб бериш бўйича битимлар имзолади. Нефть билан газнинг нархи глобал миқёсда тушиб кетгандан сўнг 2009 йил апрелида Россия Туркманистондан газ импортини тўхтатди ва мавжуд шартномани қайта кўриб чиқишга уриниб кўрди, сабаби туркман газининг баҳоси “Газпром”га жуда қимматлик қилаётган эди. Пекин дастлаб вазиятни жим кузатиб турди, сўнгра баҳсга аралашиб, Туркманистонга 4 миллиард долларлик кредит таклиф қилди, бу унинг Ашхободнинг Россия босимига қарши туришига имкон берди. Туркманистондан Хитойга газ қувури тортишнинг якунланиши кейинги қадам бўлди ва у 2009 декабрида фойдаланишга топширилди. “Газ уруши” Россия билан Хитойнинг Марказий Осиёдаги сиёсий-иқтисодий рақобатининг муҳим кўриниши бўлди, аммо Россия оқибатда бозорни Хитойга бўшатиб берди.
Россия сиёсий доиралари Пекиннинг янги нефть манбаларини қўлга киритишга оид қатъиятини етарли баҳолай олмади – бу унинг ўз позициясини керагидан баҳолаб юборгани оқибати эди. Россия Хитойнинг қувурларни шунчалик тез тортиши ва собиқ совет мамлакатларига молиявий ёрдам таклиф этиши мумкинлигини кутмаган эди. Шунга қарамасдан, Туркманистон учун рақобат оқибатлари бунчалик кам бўлганини иккита омил билан тушунтириш мумкин. Биринчидан, Россия сиёсий доиралари Хитой билан молия масаласида рақобат қила олмаслигини тушунди. 2009 йили Россиянинг “Роснефть” ва “Транснефть” энергетика компаниялари ҳам Хитойдан кўп миллиардлик кредитлар ола бошлади. Иккинчидан, Хитойнинг қувурларни тортиши Европа Иттифоқининг Марказий Осиёнинг газ ресурсларидан баҳраманд бўлишига билвосита тўсқинлик қилди ҳамда Москвага Пекиннинг минтақада тобора ўсиб бораётган ҳозирлигига мослашишида ёрдам берди. Москва Европа Иттифоқининг минтақадан газ экспорт қилишга оид режаларини “Газпром”нинг Европа бозоридаги мавқеига хавф деб билаётган эди. Россиядан Хитойга газ қувури тортиш борасидаги музокаралар бир неча йилдан бери давом этаётган бўлса-да, шу маънода Хитой стратегик бозор сифатида кўрилмаётган эди. Янги нефть ва газ қувурлари Хитойнинг Марказий Осиё иқтисодиётидаги таъсири ортиб бораётган унсурларидан бири эди, холос, чунки Пекин минтақадаги аксарият мамлакатларнинг энг йирик савдо шеригига айланиб бўлган эди. Хитой банклари Марказий Осиё давлатларига миллиард долларлаб қарзлар берди ва бу ўзига хос қутқарув камари бўлди. Россия эса 2008 йилдан кейинги иқтисодий пасайиш билан овора бўлиб, бундай ёрдам таклиф эта олмади. Хитой автомобилсозлик, камроқ даражада эса темирйўл инфратузилмаси сингари соҳаларнинг асосий сармоядорига айланди. Хитойнинг таклифини Москваники билан солиштириб бўлмас эди. Россия иқтисодий регионализмга хавфсизлик ва минтақанинг идентитети билан боғлиқ соҳасида етакчиликни сақлаб қолиш ишончи билан ён берди. Бу, Москва наздида, Ғарб мамлакатлари иқтисодий устунликни қўлга олишидан кўра яхшироқ эди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг иқтисодиёт ва хавфсизлик борасидаги чекланган ўрни
2001 йилда асос солинган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) Россия билан Хитой ўртасидаги Марказий Осиёга нисбатан келишмовчиликларни қисқартиришга бўлган илк уринишлардан бири сифатида қараш мумкин. ШҲТ хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учун фойдали платформа бўлди ҳамда иккала давлатга “Тинчлик миссияси” деб номланган кўп томонлама ҳарбий машқлар ўтказиш, ички хавфсизлик соҳасида “илғор авторитар тажрибани алмашиш”га йўл очиш имконини берди. Шунга қарамасдан, Россия билан Хитойнинг ШҲТ бошқа соҳаларда ҳам ривожланиши кераклигига оид қарашларидаги тафовутлар ушбу минтақавий тузилмани боши берк кўчага киритиб қўйди ҳамда ташкилотнинг Марказий Осиёдаги Росия билан Хитой муносабатларини бошқаришдаги фойдалилигини жиддий равишда чеклади. Асосий тафовутлар ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорлик соҳаси ва ташкилотнинг кенг қамровли мақсадлари ўртасидаги номутаносиблик билан боғлиқ эди.
Россия Хитойнинг Марказий Осиё энергетика ресурсларидан фойдаланишини чеклаш ва назорат қилишга уриниб, “энергетика клуби” ташкил этишга ҳаракат қилди. Энергетика клуби Пекиннинг минтақадаги кўп томонлама энергетика сиёсатига қарши чиқаётгани сабабли ташкил этилмай, ташаббуслигича қолиб кетди. Айни дамда Москва Хитойнинг ШҲТ ҳудудида эркин савдо зоналани ташкил этиш ғоясига қарши чиқди. Бунга сабаб у Пекиннинг иқтисодий ривожланиши тезлашиб кетишидан чўчиётган эди. Россия билан Хитой 2008 – 2009 йиллардаги глобал иқтисодий буҳронга жавобан, ШҲТнинг бошқа аъзоларига ёрдам бериш мақсадида турли қарорларни илгари сурди. Ўзаро келиша олмаган томонларнинг ҳар бири бир томонлама сиёсат юритди. Россия Буҳронга қарши жамғармасини ташкил этди, Хитой эса Марказий Осиё мамлакатлари учун кредит линиялари очди.
Россия билан Хитой ШҲТнинг халқаро сиёсатдаги кенг миқёсли ўрни бўйича умумий мавқега эга бўлиш борасида қийинчиликларга дуч келди. Пекин ШҲТга, аввало, Хитойнинг Марказий Осиёдаги ва Синцзян – уйғур мухтор туманидаги манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган минтақавий ташкилот деб қараётган эди. Ўз навбатида Москва уни Ғарбга қарши қаратилган жуғрофий-сиёсий блок деб ҳисоблашга мойил бўлди. ШҲТнинг қайси вазифаси устуворлигига оид келишмовчилик унинг 10 йилдан ошиқ вақт мобайнида кенгайишига монелик қилиб келди. Россия ташкилотга аъзоликни, айниқса, Ҳиндистон ҳисобига кенгайтиришни таклиф этишдан чарчамас, Хитой эса унинг кенгайишига норасмий вето қўйган эди. Хитой сиёсатидаги 2017 йили Ҳиндистон билан Покистоннинг аъзо қилинишига сабаб бўлган ўзгариш ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. Фақат Пекин Хитойнинг минтақадаги таъсири ортиб бораётганидан эҳтимол тутилган қўрқувини камайтириш мақсадида Россияга нисбатан олижаноблик қилди, деб тахмин қилишимиз мумкин.
Гарчи Россия билан Хитой, кутилганидек, “Шанхай руҳи”ни тарғиб қилса-да ва ШҲТни буюк давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишнинг янги усули сифатида кўрсатмоқчи бўлса-да, унинг Москва билан Пекиннинг қарашларини уйғунлаштириш борасидаги ўрни чекланган бўлиб қолаверади. Ташкилотни кенгайтириш нафақат муросага эришиш йўлида тўсиқлар пайдо қилди, қолаверса, Хитой билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар таранглиги ҳисобга олинса, Россия билан Хитой ўзаро келишмоқчиликларни бартараф қилишнинг икки томонлама муносабатлар усулидан фойдаланишни афзал билишини очиқ-ойдин кўрсатди. ШҲТ иқтисодиёт билан боғлиқ, аммо энергетика соҳасидан ташқаридаги келишмовчиликларни бартараф этишда, шунингдек, хавфсизлик соҳасида умумий позиция излаб топишда ўз вазифасини бажарди. Россия хавфсизлик, идентитет масалалари бўйича потенциал фарқларни яширувчи кўп томонлама ҳимоя соябонини ташкил этишда етакчи бўлиб қолмоқда.
Ўзаро рақобатлашаётган минтақавий лойиҳалар: Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва “Янги ипак йўли”
Марказий Осиё учун параллел минтақавий лойиҳаларнинг – Россиянинг евроосиё иқтисодий иттифоқи ва (ЕОИИ) ва Хитойнинг “Янги ипак йўли” иқтисодий камари (ИЙИК) – пайдо бўлиши Москва билан Пекин учун 2000 йилларнинг бошидан бери энг жиддий бошоғриққа айланди. ЕОИИ 2014 йилда Украинада рўй берган буҳрондан сўнг Россиянинг Евроосиёдаги энг йирик сиёсий лойиҳасига айланди. Россия Қримни босиб олганидан ва Донбассда исён ҳаракатлари бошлангандан сўнг Украинанинг ЕОИИга аъзолиги мумкин бўлмай қолди ва лойиҳа йўналиши Марказий Осиё томон ўзгарди. Лекин бу Хитой омили таъсир кўрсатмаганини англатмайди. Айни чоқда Хитойнинг “Ипак йўли” иқтисодий камари доирасида минтақавий ҳамкорликка оид нуқтаи назарини таклиф қилди. Москва “Катта Евроосиё” концепциясини – у кўпинча “Катта Евроосиё шериклиги” деб аталади – таклиф этиб, ўзининг минтақавий ҳамкорлик концепциясини “такомиллаштирди”. Дастлаб “Валдай” клубидаги таҳлилчилар гуруҳи 2016 йил ўрталарида ишлаб чиққан концепция атай мужмал қилиб тайёрланган бўлиб, Россия, Хитой, Ҳиндистон, ШҲТ ва АСЕАН ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг кенг баён қилинган кўримидан[3] иборат эди ҳамда ЕОИИ ушбу ҳамкорликнинг ўзаги бўлиши даркор эди. Россия Хитой ва унинг улкан режаларини қамраб оладиган минтақавий идентитет кўримини олға суриш билан етакчилик салоҳиятини намойиш қилиши мумкин эди.
Дастлаб Москва билан Пекиннинг бир-бирининг хатти-ҳаракатларига муносабати эҳтиёткор бўлди. Хитой ва ғарблик кузатувчилар Россиянинг минтақадаги интеграцияни кучайтиришга қаратилган режалари осмоности мамлакатининг иқтисодий ривожланишини тўхтатишга қаратилган деб ҳисоблади. Россиялик таҳлилчилар “Янги ипак йўли” лойиҳасини ЕОИИга жавоб дея талқин этди. Шунинг учун, Россия билан Хитой минтақада ўзаро тўқнаш келади, деган хавотирлар юзага чиқди. Иккала мамлакатнинг ҳам сиёсий доиралари бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунар эди, шунинг учун рақобат эҳтимолини камайтиришга мўлжалланган қадамлар ташлай бошлади. 2014 йилда бўлиб ўтган саммитдан сўнг қабул қилинган қўшма коммюникеда “Ипак йўли” ҳам, ЕОИИ ҳам эслатиб ўтилди. 2015 йили Россия билан Хитой ўз ташаббусларини “бир-бирига боғлаб олиб бориш”га келишиб олгани ҳақида алоҳида меморандум имзолади. 2018 йил майида Хитой ЕОИИ билан айрим тарифлар билан боғлиқ бўлмаган тўсиқларни пасайтириш ва баъзи божхона тартибларини соддалаштиришни назарда тутувчи савдо битими имзолади. Рақобатдан қочишга аста-секин ҳаракат қилиш билан бир қаторда минтақавий ҳамкорликка бўлган қарашлардаги тафовутлар Хитой билан Россиянинг рақобатини заифлаштиришга сабаб бўлди. Бунга минтақавий масалалар борасида Ғарб мамлакатлари билан қарама-қаршилик ҳам сабаб бўлди.
Москва ЕОИИни кўп қутбли жаҳон тартибининг марказларидан бирига ҳамда уни Шарқий Осиё билан Ғарбий Европа ўртасидаги боғлаб турувчи бўғинга айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун Хитой билан Россияни ҳурмат қиладиган шерик сифатидаги уйғунликни қабул қилиш керак бўлади.
[1] Hedge (ингл.) – биржада инвестициялар қийматини ҳимоялаш усули.
[2] Zero-sum (ингл.) – ўзаро муносабатларда бир томоннинг ютуғи бошқа томоннинг ютқизиғига сабаб бўлиши.
[3] Кўрим – инглизча “vision” сўзининг таржимаси.