Марказий Евроосиё» таҳлил гуруҳи (Тошкент, Ўзбекистон) ва айни номдаги интернет-лойиҳа (www.ceasia.org) асосчиси/раҳбари Владимир Парамонов минтақадаги 100 нафар экспертлар ҳамжамияти вакилини ўз ичига олувчи кенг қамровли сўров ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Муҳокамага 2 та “оддий” савол қўйилди: Марказий Осиё (Марказий Осиё) мамлакатларининг ривожланиши ва ўзаро муносабатларига тўсиқ бўлаётган йўлида қандай асосий муаммолар бор? 2) Ушбу муаммоларни қай тарзда самарали ҳал этиш мумкин?
http://www.ceasia.org вебсайтида тўлиқ эълон қилинган муҳокама “Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик муаммолари ва истиқболлари”ни маҳаллий экспертлар нуқтаи назаридан батафсил ва теран таҳлил қилиш имконини берадиган илк лойиҳалардан бири бўлди.
“Марказий Осиё аҳолисининг тарихи бор, аммо умумий бугунги куни йўқ”
Экспертлар фикрича, минтақадаги бешта мамлакатни тарих, маданият, дин, анъаналар ва ижтимоий-сиёсий ривожланишда умумий жиҳатлари кўп, бироқ Марказий Осиёнинг турли мамлакатларида тарихнинг турлича, баъзан бир-бирига зид талқинлари мавжуд.
Луқмон Бойматов (Тожикистон), профессор, Линчёппин и Норрчёнинг унииверситетлари тадқиқотчиси:
Албатта, минтақа халқлари интеграциясида тарих ва тарихий мероснинг ўрни беқиёс. Аммо “маданий ва цивилизацион бирлик”нинг барча асослари ва моҳияти атай бузиб кўрсатилаётгани ҳамда уларнинг ўрнига миллий ғоялар илгари сурилиб, тарғиб қилинаётгани ҳам бор гап.
Минтақанинг беш мамлакатини улар тарихи, маданияти, дини, анъаналари ва ижтимоий-сиёсий тараққиётидаги кўп нарсалар бирлаштириб туради. Тўғрисини айтганда, ушбу мамлакатлар тарихининг умумийлиги айримларининг илмий доиралари ва мафкурачиларига ҳақиқатни бузиб кўрсатиш ва минтақа тарихини сохталаштириш ҳуқуқини бермайди. Ҳатто сохталаштириш йўли билан олинган у ёки бу иддаони “тасдиқловчи далиллар миқдорининг кўплиги” ҳам унинг ҳақиқатга яқинлик эҳтимолини оширмайди. Шунинг учун ҳақиқий тарихни инкор қилиш йўли билан “тарихий далиллар”ни тасдиқлаш мумкин эмас. Сиёсатчилар, экспертлар ва олимларнинг “маданий ва цивилизацион бирлик”ка бундай ёндашуви моҳиятан Марказий Осиё мамлакатлари интеграцияси учун жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Таассуфки, бу минтақа мамлакатлари интеграциясига “наф бермайдиган” жуда кўп мисоллардан бири, холос.
Бахтиёр Олимжонов (Ўзбекистон), тарих фанлари номзоди, мустақил тадқиқотчи: Назаримда, муаммоларнинг муҳим туркуми минтақа тарихининг ҳозирги аҳволи билан боғлиқ. Афсуски, биз Марказий Осиёнинг турли мамлакатларида тарих турлича, баъзи ҳолларда эса зиддиятли талқин қилинишига кам эътибор берамиз. Бу ҳам етмагандай, ҳар йили турли жараёнлар оқибатида минтақа аҳолиси тарихий умумийлигини йўқотмоқда. Натижада – қанчалик ғалати эшитилмасин – Марказий Осиё аҳолиси умумий тарихи бўлиши баробарида умумий бугунига эга эмас.
Яна бир ўткир муаммо – «миллий ўзига хослик»ни шакллантириш ҳам айнан шу билан боғлиқ. Фикри ожизимча, мустақиллик тонгида Марказий Осиё мамлакатлари аъёнлари “миллий” ва “давлат” ўзига хослигини айнан бир нарса деб ҳисоблаб, катта хатога йўл қўйди. Бу тарихий воқеалар баёнида аниқ кўзга ташланади. Ўзига хосликни аниқлаб олиш билан боғлиқ буҳрон ҳамда ҳам давлатга, ҳам жамиятга содиқ янги кўринишдаги ватандошни “яратиш” имконсизлиги ўша машъум диний экстремизмдан ҳам кўпроқ таҳдидни вужудга келтирмоқда. Ишончим комилки, Марказий Осиёдаги айрим мамлакатлар аҳолисининг ортиқча диндорлиги илдизларини ўзига хосликни сингдириш бўйича амалга ошмаган ва хато сиёсатнинг бевосита оқибати деб қараш керак.
Ҳафиз Бобоёров (Тожикистон) тарих фанлари номзоди – фалсафа доктори (Ph.D.), Александр фон Гумбольдт жамғармасининг постдоктор стипендиати (Германия): Марказий Осиё мамлакатларидаги сўнгги 30 йил мобайнида ташқи дунёдан узилган ва этник мансубликка таянган ҳолда ўзига хосликни ва тарихий ҳақиқатни излаш бемаъниликнинг барча қуюшқонларидан чиқиб кетди. Ҳар бир мамлакат ҳудудидаги тарихий хотира ва маданий бойликка фақат ўзининг ҳуқуқи борлигини исбот қилишга уринмоқда. Энди буларнинг барчаси фақат маданий муҳитда мужассамлантирилиб қолмасдан, Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий тузумида, шунингдек, минтақа жамиятларининг ижтимоий-иқтисодий муносабатларида ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўрта ва олий таълим муассасаларининг дарсликлари тарихий ҳақиқатга ноилмий ёрдашув асосида ёзилди. Ўтмишнинг моддий ва маънавий бойликларига деструктив ёндашув давом этмоқда, бундай ёндашув, шу жумладан, минтақа халқлари ва давлатлари тинч-тотув яшаши муқаррарлигини ҳам эслатмоқда. Буларнинг барчаси этник ва диний гуруҳлар ўртасида ишончсизликни вужудга келтиради, шунингдек, уларнинг инсоний ва фуқаролик ҳуқуқи чекланишига сабаб бўлади.
Евгений Жовтис (Қозоғистон), Қозоғистондаги инсон ҳуқуқи ва қонучиликка амал қилиш халқаро бюроси директори, Халқаро юристлар уюшмасининг Инсон ҳуқуқи бўйича институти кенгаши аъзоси: Ижтимоий-сиёсий ҳаётни ташкил этишга оид мустақил фикрга, муқобил ғоя ва концепцияларга эга алоҳида шахс, ватандошлар гуруҳи ва жамоат ташкилотларига ўрин бўлмаган дунёнинг бузилган манзараси ўн йиллар давомида “чизилди”, қолаверса, ҳозир ҳам у ёки бу даражада “чизилмоқда”. Бу Совет Иттифоқида яшаган, ҳозирги кунда “мустақил” мамлакатларда яшаётган ватандошлар авлоди алмашувига унчалик ҳам боғлиқ эмас.
Ниҳоят, 90-йилларда моҳиятан ўша ижтимоий-сиёсий тузумни сақлаб қолган ҳолда иқтисодий ва ижтимоий негизларнинг кескин бузиб ташланиши “озодлик”, “демократия”, “қонун устуворлиги” сингари тушунчаларнинг қадрсизланишга олиб келди.
Хитой омили умумий тамойил сифатида
Кўпчилик экспертлар Марказий Осиёдаги иқтисодий, маданий ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда Хитой омилининг аҳамияти ошиб кетаётганини қайд этмоқда.
Саламат Малабаев (Қирғизистон), Юсуф Болосоғунли номидаги Қирғизистон миллий университети катта ўқитувчиси, «Умумий тарих» кафедраси доценти вазифасини бажарувчи: Яна бир муҳим муаммо шуки, Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатида мутлақо янги миллий-ватанпарварлик ғоялари асосида тарбияланган янги авлод етишди. 90-йиллариннг бошида совет ва рус тилли маданиятнинг йирик қатлами сақланиб қолган бўлса, ҳозирги вақтда у анча-мунча камайганини қайд этиш жоиз. Шу билан бирга, Хитойнинг маданий таъсири ошгани ва ошиб бораётгани ҳам кўзга ташланмоқда.
Лейла Деловарова (Қозоғистон), сиёсий фандлар номзоди / Ph.D., Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университетининг «Халқаро муносабатлар» факульети доценти вазифасини бажарувчи: Хитой кундан-кунга минтақадаги барча мамлакатларнинг иқтисодий тараққиётини белгиловчи муҳим омилга айлана бораётгани кўзга ташланмоқда. Аммо ҳалигича ХХР сиёсатининг узоқ муддатли мақсад ва вазифаларини, яна Марказий Осиёдаги жараёнларга Хитойнинг таъсири оқибатларини кўпчилик тузукроқ англаб олгани йўқ.
Ўз навбатида Россиянинг таъсири, анъанага кўра, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эгадир. Евроосиё иқтисодий иттифоқининг оёққа туриб олишига оид қийинчиликлар, Марказий Осиёдан Россия Федерациясига меҳнат миграцияси жараёнлари билан боғлиқ ноаниқлик, шунингдек, Россиянинг АҚШ ва Европа Иттифоқи билан таранг муносабатлари минтақа мамлакатлари ривожланишига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Лекин ушбу барча жараёнларнинг салбий жиҳатлари таҳлили қани?
Арустан Жолдасов (Ўзбекистон), социолог: Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий интеграциясига минтақадан ташқаридаги кучларнинг қизиқиши – фақат ушбу интеграция минтақадан ташқаридаги кучлардан бирининг етакчи сиёсати ўзанига тушса – муносабатларни ҳар бир мамлакат билан алоҳида-алоҳида эмас, уларнинг бирлашган гуруҳи билан ўрнатишга асосланган бўлса ажаб эмас. Лекин бундай устунликнинг иложи йўқ, сабаби, нафақат минтақадан ташқаридаги кучлар Марказий Осиёдаги мамлакатларга таъсир кўрсатиш учун рақобатлашмоқда, қолаверса, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам минтақадан ташқаридаги кучларга таъсир кўрсатиш учун ўзаро беллашмоқда ҳамда минтақадан ташқаридаги кучлардан бирортасининг устун бўлишидан манфаатдор эмас.
Масалан, алоҳида минтақадан ташқаридаги кучлар ва Марказий Осиёнинг айрим мамлакатлари тобора кўпроқ Хитойнинг таъсирига тушиб қолмоқда, бу ҳолни Марказий Осиё мамлакатлари ва жамиятлари ҳудудий яхлитлик ва суверенитет – эгаменликка таҳдид деб ҳисобламоқда.
Илмий тадқиқотлар диққат марказида
Луқмон Бойматов (Тожикистон), профессор, Линчёппин ва Норрчёнинг университетлари тадқиқотчиси: Назаримда, академик тадқиқотчилар минтақадаги интеграция жараёнлари қийинчиликларини назарий жиҳатдан тушуниб етиш масалаларини актуаллаштириши, шунингдек, муайян андаза (эҳтимол, Марказий Осиё иттифоқи) доирасида интеграция механизмларининг концептуал ишланмаларини тадқиқ қилиши керак.
Марказий Осиёдаги интеграциянининг, жумладан, алоҳида давлатлараро интеграцион тузилмаларнинг илмий концепциясини ишлаб чиқиш, умуман, жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда олиб борилиши керак. Масалан, ўша Хитой омилининг таъсири минтақадаги интеграция кун тартибидаги энг жиддий масаладир.
Маълумки, замонавий халқаро алоқалар иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ахборотни ўзаро илмий ахборот сифатида алмашиш, минтақадаги долзарб муаммоларни давлатлараро, идораларо ва корпоратив даражаларда ҳал этиш учун қўшма қарорлар тайёрлашга асосланади. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги бундай алмашув, афсуски, мавжуд эмас.
Шунинг учун ушбу мамлакатлар биринчи навбатда минтақавий интеграциянинг долзарб муаммоларини энг самарали йўсинда ҳал этишга ёрдам берадиган ягона минтақавий илмий ахборот маконини ташкил қилиш ҳақида ўйлаб кўриши зарур.
Лейла Деловарова (Қозоғистон), сиёсий фандлар номзоди / Ph.D., Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университетининг «Халқаро муносабатлар»факульети доценти вазифасини бажарувчи: Муаммоларни ҳал этишга иқтисодчилар, сиёсатшунослар ва бошқа тоифадаги ҳақиқий мутахассисларнинг янги авлодини жалб қилиш алоҳида эътибор талаб қиладиган масаладир. Ушбу авлоднинг кўп жиҳатдан чет элда ўқиш тажрибаси бор ҳамда Марказий Осиё мамлакатларига умумий мақсадларга эришиш учун янги ва иш берадиган шартларга кўра бирлашиш имконини берадиган муҳим куч ҳисобланади.
Равшан Назаров (Ўзбекистон), фалсафа фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Тарих институтининг “Замонавий тарих ва халқаро тадқиқотлар” бўлими мудири ўринбосари: Марказий Осиё хавфсизлик тизимининг шаклланиш жараёнига Россия, АҚШ ва Хитой лойиҳаларининг таъсирини теран ўрганиш зарур. Хавфсизлик масалалари МДҲ, КХШТ ва ШҲТ учун принципиал жиҳатдан муҳимдир. Ушбу бирлашмалар бирга қабул қилинган қарорларни амалга оширишда мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик механизмларини барпо қилишга ҳаракат қилмоқда. Расман айни ташкилотларнинг мақсадлари ҳар хил бўлса-да, кўпинча функциялари ўзаро мос келади. Шу сабабли КХШ, МДҲ, ва ШҲТ ўртасида “масъулият ҳудудлари”ни аниқроқ тақсимлаб олиш Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларга янада амалийроқ ечим топишга ёрдам бериши мумкин.
Бундан ташқари, гарчи ШҲТ минтақадаги хавфсизлик масалаларига Россия билан Хитойнинг ёндашувини акс эттирса-да, бу ҳол ташкилот ичида ички ихтилофларга сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас. ШҲТ аввалбошда муаммоларнинг учта тури: сепаратизм, экстремизм ва террориризмга қарши курашни мақсад қилиб олган эди. Бироқ вақт ўтиши билан ушбу муаммолар Марказий Осиё мамлакатларининг аксарияти учун долзарблигини йўқотди. Тан олиш керак, диний экстремизм муаммоси умумий бўлган эди ва шундайлигича қолмоқда. Шунга қарамасдан, ШҲТ хавфсизлик билан боғлиқ янги муаммоларга янада тезкорроқ жавоб қайтариши зарур. Ҳа, ШҲТ энергетика хавфсизлиги, наркотрафикка қарши кураш ва ҳк. учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр эканини намойиш этмоқда, бироқ хавфсизлик ва жуғрофий сиёсат билан боғлиқ масалалар мажмуи шунчалик мураккаблашиб кетмоқдаки, бу ташкилот фаолиятининг тадқиқот, илмий, таҳлилий ва эксперт таъминотини амалга ошириш ишига устувор аҳамият берилишини тақозо қилади.
Иқтисодий детерминантлар
Экспертларнинг фикрича, ўтган чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида минтақа мамлакатлари ўз иқтисодиётини барқарор ривожланиш йўлига олиб чиқа олмади. Уларнинг ўзаро муносабатлар билан боғлиқ асосий муаммолари бир-бирига бўлган иқтисодий қизиқиши пастлиги, турли жуғрофий-сиёсий кучларга интилиши ва «одатий муносабатлар» тамойили билан боғлиқ.
Лейла Деловарова (Қозоғистон), сиёсий фандлар номзоди / Ph.D., Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университетининг «Халқаро муносабатлар»факульети доценти вазифасини бажарувчи: Ўтган чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида минтақа давлатлари ўз иқтисодиётини барқарор ривожланиш йўлига олиб чиқа олмади. 5 та Марказий Осиё мамлакатининг учтасида меҳнат мигрантлари жўнатаётган пул ЯИМнинг анча-мунча қисмини ташкил этиши ҳам шундан далолат бериб турибди.
Бундан ташқари, минтақанинг барча мамлакатлари, турли даражада бўлса-да, демография муаммосига дуч келмоқда. Ўзбекистон минтақанинг аҳоли энг зич жойлашган мамлакати сифатида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда. Ўз навбатида Қозоғистон аҳолиси сони кўпайишига муҳтож ва фаол репатриация сиёсати сабаб қийинчиликларга рўбарў бўлмоқда.
Кўплаб муаммоларнинг ечими иқтисодиётни ранг-баранглаштириш, ишлаб чиқаришнинг янги фан ютуқлари кўп қўлланадиган соҳаларини ривожлантириш, кадрлар – янги формациядаги мутахассислар тайёрлаш билан боғлиқ. Ечимларнинг бошқа бир туркуми умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишга қаратилган минтақавий ҳамкорликнинг янги форматини тарғиб қилишда кўринади. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон билан Туркманистон ҳам Марказий Осиёда ҳамкорлик қилишга кўпроқ тайёр бўлаётгани кўзга ташланмоқда. Анча вақтдан бери ана шу тайёрлик етишмаётган эди. Шунинг учун Тошкент билан Ашхободнинг ташаббусларини минтақанинг бошқа мамлакатлари қўллаб-қувватлаши керак.
Медет Тўлегенов (Қозоғистон), Америка Марказий Осиё университетининг «Халқаро ва қиёсий сиёсат» дастури раҳбари: Минтақа мамлакатларининг ўзаро муносабатлар билан боғлиқ асосий муаммолари бир-бирига бўлган иқтисодий қизиқиши пастлиги, турли жуғрофий-сиёсий кучларга интилиши ва «одатий муносабатлар» тамойили билан боғлиқ.
Минтақа мамлакатларининг асосий иқтисодий манфаатлари Марказий Осиё ҳудудидан ташқаридадир. Минтақа ичидаги савдо-сотиқ даражаси ҳам, ўзаро инвестициялар даражаси ҳам жуда паст. Бозор ҳажми катта бўлмагани учун – айрим соҳаларни истисно қилганда – бир-биримизни иқтисодий жиҳатдан қизиқтирмаймиз. Бу аксарият ҳолларда Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳаракатга келтириб турадиган объектив сабаблар ҳисобланади.
Арустан Жолдасов (Ўзбекистон), социолог: Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар стратегик даромад келтирувчи манбалар савдосида ўзаро рақобатлашиб келади (“меҳнат мигрантлари” экспорти, углеводородлар, олтин, уран, мис, нодир ер элементлари, пахта, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва ҳк.). Бундан ташқари, минтақанинг ўзида асосий табиий ресурс – сувни мамлакатлар ўртасида тақсимлаш борасида рақобат ортиб бормоқда. Дарёларда сув оқимининг камайииши ва қурғоқчилик таҳдиди Марказий Осиё мамлакатларининг озиқ-овқат хавфсизлиги учун тобора кўпроқ муаммо туғдирмоқда. Оқибатда, бир тарафдан, мамлакатлар ўртасида сув билан боғлиқ низолар чиқиши мумкин. Бошқа тарафдан эса, ушбу рақобат Марказий Осиё мамлакатларининг сув ресурсларидан ўзаро манфаатли тарзда фойдаланишни бошлаш учун асосий имконияти ва анча-мунча потенциали ҳамдир. Масалан, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларда интеграция учун бозор муҳим роль ўйнаган эди.
Минтақадаги мамлакатларнинг ўзаро иқтисодий рақобати у ердаги айрим мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган ёки ташқаридан импорт қилинаётган ҳамда қўшни мамлакатларга экспорт қилинаётган айрим истеъмол товарлари гуруҳлари учун ҳам ўсиб бормоқда. Масалан, бу Хитой товарларининг Марказий Осиёга импорти учун энг йирик ҳаблар бўлмиш Дордой билан Хоргоснинг ўзаро рақобатида намоён бўлмоқда. Темир ва автомобиль йўллари (Марказий Осиёга ва Марказий Осиё орқали) Хитойдан ва Хитойга қараб ишга туширилганидан сўнг тез орада бунақа ҳаблар ва рақобатни кутса бўлади. Айни чоқда минтақа бозоридаги рақобат миллий ишлаб чиқарувчиларга таҳдид солади ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларининг ички бозорни ҳимоя қилиш сиёсатини юргизишига, яъни иқтисодий интергацияга тўсиқ қўйилишига асос бўлади.
Марат Шибутов (Қозоғистон), Ҳарбий ва стратегик тадқиқотлар маркази эксперти: Минтақа мамлакатларининг шу пайтгача бўлган асосий муаммоси муайян мамлакат нималарга эришиши, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатида қандай ўринни эгаллаши мумкинлигини тушунмагани билан боғлиқ. Яъни “ҳар томонга ўзини уриш”, ўзгаришлар ва асоссиз шуҳратпарастлик кўп бўлди.
Ўз навбатида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги асосий муаммолар ўзаро боғлиқликни тушунмаслик ва “ноль қийматидаги йиғинди” ўйинини ўйнашга интилиш билан боғлиқдир. Бу ўйиннинг моҳияти шуки, ҳар бир мамлакат ҳамма нарсани қўшниси ҳисобига ҳал этишга интилади, аммо қўшнилар ҳеч қаёққа кетмайди, эртага улар ҳам ўз навбатида манфаатларини қўшниси ҳисобига “битириб олиш”ни кўзлайди. Оқибатда уруш чиқмаса ҳам, доимий рақобат бўлади.
Талгат Калиев (Қозоғистон), сиёсатшунос, сиёсат фанлари номзоди, собиқ дипломат, @kaliyevchannel телеграм канали муаллифи: Марказий Осиё мамлакатлари тараққиёти йўлидаги муаммолар, асосан, барча постсовет мамлакатларига хос бўлган муаммоларга ўхшашдир. Бунга ривожланган мамлакатларга нисбатан технологик қолоқлик, инсон капиталининг ривожланиш даражаси етарли эмаслиги ва бозорларнинг кичиклиги киради. Кўпгина товарларни ишлаб чиқаришни ўз мамлакатида йўлга қўйишдан кўра импорт қилиш осонроқ, чунки ишлаб чиқариш жуда кўп сармоя киритишни талаб этади.
Ўз навбатида ушбу мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ҳам асосан сиёсий ирода ва майда товарлар савдосига асосланади. Иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Ваҳоланки, минтақа мамлакатларининг қалин ҳамкорлиги меҳнат ва иқтисодиёт соҳалари тақсимотининг барча принципларига амал қиладиган нисбатан бадастир бозор ташкил қилиш имконини бериши мумкин бўлур эди.
Жанар Тулиндинова (Қозоғистон), «Евроосиё мониторинги» маркази директори ўринбосари: Назаримда, муаммоларнинг муҳим туркуми, аввало, Марказий Осиё мамлакатларига четдан келадиган улкан иқтисодий ва ижтимоий муаммолар билан боғлиқ. Технологиялар, рақамлаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини роботлаштириш оқибатида юзага келадиган оммавий ишсизлик бутун дунё иқтисодиёти олдида турган муаммодир.
Ривожланган мамлакатлар яқинлашиб келаётган “ишсиз келажак” оқибатларини юмшатиш учун “кафолатланган даромад” воситасига асосий эътиборни қаратиши эътибордан холи эмас. Аммо Марказий Осиё мамлакатлари ва уларга ўхшаш бошқа элларнинг бунинг учун маблағи ҳам, аъёнларининг сиёсий иродаси ҳам йўқ, аксинча, ижтимоий сиёсатнинг асосий постулати сифатида “боқимандалик кайфиятидан халос бўлиш” тилга олинмоқда.
Шунингдек, биз “имкониятлар дарчаси”ни қўлдан чиқардик – ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, автоматлаштириш ва роботлаштириш жараёнлари саноат секторларида иш ўринлари қисқаришига олиб келади: улар шаҳар аҳолисини оммавий равишда ишга жойлаштириш объектлари бўлмай қолди. Шу билан бирга, бугун ривожланган мамлакатлар ишлаб чиқариш кучларини ўз мамлакатларига қайтараётганини кузатяпмиз, чунки ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва роботлаштириш ҳисобига ривожланаётган мамлакатлардаги арзон иш кучи имтиёз бермай қўйди. Шу тариқа Марказий Осиё мамлакатлари энди ривожланган мамлакатлардан ишлаб чиқаришни кўчириш учун иш кучининг арзонлигидан рақобатбардош имтиёз сифатида фойдала олмайди: улар олдидаги ушбу “имкониятлар дарчаси” ҳам тақа-тақ ёпилди. Оқибатда бизнинг шароитимиздаги бошқариб бўлмайдиган шаҳарлашув “шаҳар қашшоқлиги” ўсишига олиб келиши мумкин, моҳиятан шундай бўлди ҳам.
Минтақадаги муаммоларга қандай ечим топиш мумкин?
Бахтиёр Олимжонов (Ўзбекистон), тарих фанлари номзоди, мустақил тадқиқотчи: Марказий Осиё ҳукуматлари “маърифий” исломга оид ёндашув ва талқинларини келишиб олиш йўналишида кўпроқ иш қилиши керак. Назаримда, ўзликнинг (идентитет) фақат дунёвий деган “ягона” стандартидан воз кечиб, динга қарши қарши курашмасдан, кўпмаданиятли ўзлик лойиҳаларини кўпроқ молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш зарур. Боз устига, “таҳдидлар” фақатгина давлат ва да жамиятларнинг ичида бўлмасдан, у ёки бу ҳукумат тузилмаларининг нотўғри ва хато қарорлари “ичида” ҳам бўлиши мумкинлиги ҳам тушуниб олиш керак.
Умуман олганда, гапларим жуда жуда кескин туюлиши мумкин, бироқ, ўйлашимча, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўша дин соҳасига аралашувни минимал даражага тушириши ва кўпроқ иқтисодиёт, маданият, тарихи ва ўзлик масалалари билан шуғулланиши зарур. Марказий Осиёдаги интеграция фақат бир ҳолатда, яъни маданиятларнинг қандайдир умумийлиги (ҳатто диний умумийлик унсурлари билан бўлса ҳам) бўлгандагина амалга ошишига ишончим комил, афсуски, айни пайтда бундай умумийлик йўқ…
Медет Тўлегенов (Қозоғистон), Америка Марказий Осиё университетининг «Халқаро ва қиёсий сиёсат» дастури раҳбари: Биринчидан, иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг объектив сабаблари бор. Шунинг учун мамлакатларнинг манфаати инвестиция жалб қилиш мумкин бўлган бозорлар ва жойларни қидириш билан боғлиқ бўлиб турган пайтда Марказий Осиё мамлакатлари минтақани ташқи сармоядорлар учун умумий бозор сифатида тамсил этиши борасида ҳамкорлик қилиши мумкин. Сайёҳлик соҳасини қайсидир даражада бунинг яхши бир мисоли сифатида кўрсатиш мумкин.
Иккинчидан, минтақа мамлакатларининг тегишли сиёсатини уйғунлаштириш учун анча-мунча саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Минтақада ушбу масалаларни муҳокама қилишга уринишлар бошланди, бунга ўтган саммитларни мисол қилиб келтириш мумкин. Мабодо ушбу тамойил (тенденция) сақланиб қолса, минтақа мамлакатлари ҳамкорлигини кучайтириш учун дурустгина шароитлар вужудга келиши мумкин. Бу ШҲТ кенгаяётган, яқин қўшнилар (Россия билан Хитой) ҳамда бошқа жуғрофий-сиёсий кучлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашаётган шароитда минтақанинг овози “йўқ бўлиб кетиши” олдини олиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ривожланиш динамикаси қўллаб-қувватлаш зарур бўлган ижобий тамойилга айланди. Ўзбекистонда раҳбарият ўзгариши олий сиёсий даражадаги муносабатларни “қайта юклаш”га эш бўлди. Эски шахсий домангирликлар ўтган одамлар билан бирга кетди. Бу институционал даражадаги ўзгаришларга ҳам ёрдам бериши керак: энг муҳими, суръатни ортга қайтмайдиган даражага етказиш даркор. Ўзбекистонда рўй берган ўзгаришлар минтақанинг айрим мамлакатларидаги сиёсий транзит[1]га тайёргарликка ҳам, бу эса ўз навбатида минтақа мамлакатлари муносабатлари қандай қайта кўриб чиқилишига ҳам таъсир кўрсатади.
Шуҳрат Латифов (Тожикистон), TNWplus нодавлат ташкилотининг (“Тожикистондаги ИИТВга чалинган аёллар тармоғи”) дастур мувофиқлаштирувчиси: Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиш йўлидаги муаммоларни самарали бартараф этиш мураккаб чоралар мажмуасини талаб этади. Энг олдин ҳал этилиши зарур бўлган чоралар сифатида қуйидагиларни таклиф қилмоқчиман:
- коррупцияни илдизи билан қўпориб ташлаш;
- ички бозорда соғлом рақобатни ташкил қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш;
- чет эл сармоясини жалб қилиш ва янги иш жойлари яратиш йўлида, айниқса, ёш мутахассислар учун шароит яратиб бериш;
- Россияга иқтисодий ва сиёсий қарамликни камайтиришга йўналтирилган кўп векторли ташқи сиёсат юргизиш.
Ўз навбатида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар қуйидаги чоралар кўрилишидан келиб чиқиб ривожланиши мумкин:
- минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳудудий мунозараларни ва чегаралари демаркацияси масаласини ҳал этиш;
- бошқа муаммоларни ечиш, жумладан, РФнинг жуғрофий-сиёсий таъсири ва босимини камайтириш учун Марказий Осиё иқтисодий иттифоқини (Европа Иттифоқи намунасига кўра) тузиш;
- Марказий Осиёнинг ягона энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш.
Чинара Эсенгул (Қирғизистон), сиёсат фанлари номзоди: Минтақадаги айрим мамлакатларнинг ички муаммоларини “давлат-жамият” муносабатларини “қайта ишга тушириш” орқали ҳал этиш лозим. Умуман олганда, ижтимоий институтлар ривожланиши учун макон, бизнес ва инновациялар ривожланиши учун эса шароит яратиб бериш лозим.
Ўз навбатида минтақадаги мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга халақит бераётган муаммоларни ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама мулоқот орқали ечиш мумкин ва зарур. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари мунтазам норасмий саммитлар ўтказиб туришни режалаштираётгани қувонарли ҳолдир. Улар ўша саммитлар чоғида минтақадаги муаммоларни ҳал этиш баробарида ташқи кучлар, уларнинг лойиҳалари, хавфсизликка ноанъанавий таҳдидларга нисбатан қайси позицияни эгаллашни келишиб олиши мумкин. Мабодо ушбу норасмий саммитлар натижа берадиган бўлса, узоқ истиқболда Марказий Осиёни яхлит минтақа сифатида ривожлантириш лойиҳалари ҳақида ҳам фикр юритиш мумкин бўлади.
Гулмира Илеуова (Қозоғистон), «Стратегия» ижтимоий ва сиёсий тадқиқотлар жамоатчилик фонди президенти: Ҳар бир мамлакат муаммоларини ўзи истагандай қилиб ҳал этмоқда. Албатта, чегара оша муаммолар, аввало, чегаралар хавфсизлиги, наркотрафик, одам ва қурол-яроғ савдоси бор жойда тегишли давлат идоралари даражасида ҳамкорлик эълон қилинади ҳамда унинг у ёки бу даражада самара бериши эҳтимолдан холи эмас.
Айни пайтда ноқонуний меҳнат миграцияси ёки бузмакор экстремизм ва радикализмга қарши кураш сингари ҳам мамлакат ичига, ҳам ташқарига хос бўлган мураккаб масалалар бўйича Марказий Осиёнинг турли мамлакатларидаги сиёсат ўзаро фарқ қилади: масалан, Қирғизистонда диний ўзгача фикрлашга муносабат бир оз либерал бўлса, бошқа малакатларда нисбатан қаттиққўлроқдир.
Лекин, назаримда, тобора кўпайиб бораётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш ижтимоий соҳа ва инсон капиталига давлат қўйилмаларини кўпайтириш Марказий Осиё мамлакатлари ривожланишининг асосий йўналиши бўлиб кўринади. Бунинг муҳим шарти рақамли ва ахорот технологияларидан фойдаланишни кенгайтиришдан иборатдир. Ушбу соҳа аҳолига қулайликлар туғдириши баробарида давлат идоралари устидан аҳолининг ижтимоий назоратини оширади ва коррупция амаллари учун имкониятларни пасайтиради.
Аниса Собирий (Тожикистон), кино режиссёри, ёзувчи: Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари сўнгги 20 йилдан ошиқ вақтдан бери миллий кодларни чеклашга интилиб келмоқда. Бу – жуда мураккаб нарса, қолаверса, кераги ҳам йўқ. Мураккаб ва энди умумий бўлиб қолган тарих “суяклари” устида янги мафкура базисини сунъий равишда қуришга ҳаракат қилишнинг ҳам зарурати йўқ.
Оддий тил билан айтганда, “бир-биримиздан гина қиладиган нарсаларимиз кўп”, аммо минтақадаги вазият беқарорлигини ҳисобга олсак, бу жуғрофий-сиёсий манфаатлари бўлган ташқи йирик кучларга қўл келиши мумкин. Улар бизнинг манфаатларимизни ҳисоб олиши даргумон. Ривожланмаган “Марказий Осиё” уларга воқеалар полигони, арзон иш кучи манбаи, наркотрафикнинг транзит зонаси сифатида керак. Марказий Осиё ҳукуматларининг сиёсий иродаси минтақа халқаларига нисбатан бағри кенг, байналмиллий, оқилона, шу билан бирга, барча мамлакатларнинг манфаатларини ҳимоя қилар даражада қатъий бўлиши керак.
Боз устига, назаримда, ушбу маконда истиқомат қилаётган барча халқларнинг битта умумийликка бирлаштирувчи тарихий алоқаларни ҳисобга олиб, “Маркзий Осиё” атамаси контекстида кенгроқ ва тарихан асосланган жуғрофияга яна мурожаат қилиш зарурати бор.
Вячеслав Охунов (Ўзбекистон), рассом: Марказий Осиё мамлакатлари маданият арбоблари жипслашиши, бир-бири балан ҳамкорликни кучайтириши, замонавий санъатнинг муайян лойиҳалари, жумладан, мен қайд этган музейлар ва марказларни қуришни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириши зарур. Айниқса, бугунги сайёҳлик сафарлари маданият тарихи ва унинг ҳозирги кунини қамраб олишни, бир вақтда минтақанинг бир неча мамлакати, масалан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бўйлаб бир қанча маршрутларни қамраб олишни назарда тутади. Меъморлик обидалари, савдо ва кулинария марказларидан ташқари нафақат ўтмиш, қолаверса, бугуни кун билан ҳам ишлайдиган маданият муассасалари ташкил этилиши лозим. Яна қайтариб айтаман, умуман олганда, бундай дискурслар ва бундай муҳим иш замонавий санъат музейлари ва марказларида ўтказилиши ҳам мумкин! Улар жуда оз, йўқ ҳисоби!
Зитта Султанбаева (Қозоғистон), рассом, шоир, санъат танқидчиси ва Солномачи: Бизга мамлакатнинг ҳам юқори, ҳам ўрта бўғинида халқига муҳаббат ва ҳурматга асосланган, унга хизмат қилишга содиқ бўлган самарали менежменти керак. Ҳаётимиздан оёғимизга тушов бўлаётган коррупция, тамагирлик ва уруғ-аймоқчиликни илдизи билан қўпориб ташлаш ҳақида бош қотириш зарур. “Таълим инқирози – миллат инқирози!” Биз эса унинг таназзулга юз тутаётганини кўриб турибмиз!
Фаррух Неъматзода (Тожикистон), рассом: Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатида маданий мулоқот ва ижодни, қўшма ижодий лойиҳаларни ривожлантириш учун мустақил ижтимоий марказлар ташкил этиш ғояси алоҳида эътиборга молик. Яна Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун умумий бўлган бадиий галереяни яратиш ғоясини амалга ошириш ҳам жуда муҳимдир.
Муратбек Иманалиев (Қирғизистон, Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик академияси профессори: Биринчидан, муаммоларни ҳал этиш усуллари ишонч ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш чоралари билан чамбарчас боғлиқ. Иккинчидан, иқтисодий ҳамкорликни аниқ мақсадга қаратилган ва босқичма-босқич амалга ошириш керак. Учинчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсат ориентирларини ўзаро мувофиқлаштириш лозим. Тўртинчидан, маданий алмашувларни доимий тарзда жадаллаштириш ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш зарур.
Марал Мередова (Туркманистон), физика-математика фанлари доктори: Музокара йўли билан иқтисодий интеграция жараёнига оқилона ёндашувни топиш мумкин. Ҳа, Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари мунтазам равишда учрашиб турибди. Бироқ ҳозирча ушбу учрашувларда минтақадаги иқтисодий интеграция муҳимлиги масаласи кўтарилаётгани йўқ. Ҳозирча Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларидан бунақа кўрсатма бўлгани ёки бўлаётгани йўқ, бинобарин, мамлакатларимиз учун умумий бўлган муаммолар ҳал этилишини кутишимизга ҳали эрта. Минтақанинг ҳар бир мамлакати бугунги кунда, илгаригидай, ушбу муаммоларга якка ўзи ёки минтақадан ташқаридаги кучлар ёрдамидан фойдаланиб, ечим топишга мажбур.
Баҳодир Эргашев (Ўзбекистон), фалсафа фанлари доктори, профессор: Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун сиёсий ирода, ҳокимиятга ёш, прагматик, демократик фикрлайдиган, руҳий норасолик ҳиссиётларидан холи кишилар келиши зарурлиги тушунарли. Яна минтақадаги жараёнларда иштирок этаётган йирик мамлакатлар: АҚШ, Европа Итифоқига аъзо мамлакатлар, Россия ва Хитойнинг оқилона ёндашувлари зарурлиги ҳам тушунарли.
Шу билан бирга, Орол денгизи бассейнини қутқариш бўйича муқобил, жумладан, рад этилган вариантларга қайтиш зарур. Яна Американинг бир қанча Осиё мамлакатларини электр қуввати билан таъминлаш лойиҳаларига – бу ишга Россия билан Хитойни жалб қилган ҳолда – қайтиш ҳамда муқобил энергетика лойиҳаларини улкан молиявий маблағ билан таъминлаш зарур.
Радикализм, экстремизм, терроризм сингари таҳдидларни маърифий исломни кенг ёйиш билан енгиш даргумон. Назаримда, минтақалараро бозорларни кенг миқёсда қайта ташкил қилиш, оқилона ва тўсиқларсиз меҳнат бозорини яратиш ва айниқса, ёшлар ўртасида ишсизликни қисқартириш бўйича кенг қамровли чоралар кўриш зарур.
Яна бир нарса равшанки, Марказий Осиёда бошланган динлараро мулоқотни давом эттириш, мусулмон жамоалари, маҳаллий уммат манфаатларининг умумий жиҳатларини қидириш, шунингдек, минтақа мамлакатлари зиёлилари вакилларининг мулоқоти бўйича кенг қамровли лойиҳаларни ишга тушириш ҳам талаб этилади. Буларнинг барчаси етакчилариннг сиёсий иродаси, шунингдек, муайян давлат тузилмаларининг бир вақтнинг ўзида хавфсизлик ва ривожланиш барқарорлигини таъминлай олиш қобилиятига ҳам боғлиқ экани тушунарли.
[1] Транзит – давлат сиёсий режимининг демократияга ўтиш жараёни.
Фото: Flickr/Yulia Mi, Рихард-Карл Зоммер «Рынок в Центральной Азии», 1916 г. Market Place in Central Asia, 1916