Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ушбу лавозимдаги илк давлат ташрифини Ўзбекистонга амалга оширди. Салкам 30 йилдан бери қўшни давлатдан фақат Нурсултон Назарбоевни кутиб олишга ўрганиб қолган расмий Тошкент мазкур ташрифга катта қизиқиш билан қаради.
Ташриф
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг ташрифи 14 апрель куни бошланди. Янги Президентнинг ташрифи давомида расмий протаколга ҳам янгиликлар киритилгани кузатилди. Жумладан, уни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Бундан ташқари, ҳали бирорта давлат раҳбаридан интервью олмаган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Президент Қосим-Жомарт Тоқаев билан суҳбатни эълон қилди. Интервью Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида эришилган натижалар, ҳамкорликни ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболлари хусусида бўлди.
Хуллас, давлат раҳбарлари Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон Президенти лавозимига киришганидан сўнг илк бор учрашдилар. Тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилган музокараларда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
Ш. Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар юзасидан фикр алмашди. Давлат раҳбарлари қўшма Баёнот қабул қилдилар, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзоладилар.
Томонлар 2018-2019 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик стратегиясининг изчил амалга оширилиши мамлакатларимиз стратегик мақсадларининг муштараклигига асосланган ўзаро манфаатли ва самарали иқтисодий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Туризм, маданият, фан ва таълим йўналишларидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ўтган йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили кенг миқёсда ўтказилгани, унинг доирасидаги тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлагани таъкидланди. Мазкур улкан маданий воқеанинг мантиқий давоми сифатида бу йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили бўлади ва у Қозоғистон Президентининг ушбу давлат ташрифи доирасида очилди.
Иқтисодиёт
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат саноати, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида кооперация дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Қисқа вақтда икки давлатнинг ўзаро савдо ҳажми юқори суръатларда ўсиб, 2017 йилда 2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 30 фоиздан зиёд ошган. 2019 йилда икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқаларини янада кенгайтириш ва ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини 4 миллиард долларга, хусусан, экспорт кўрсаткичларини 2,3 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
2018 йилда томонлар ҳамкорликда икки мамлакат ишбилармон доиралари алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб амалий ишларга қўл урди. Олмаота шаҳрида ўтган “Болалик” ва “Болалар модаси – 2018” кўргазмаларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган болалар кийим-кечаклари намойиш қилинди. Натижада “Лорат текстиль” компанияси қозоғистонлик ҳамкорлар билан шартнома имзолади.
Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда “Казахстан темир жоли” миллий компанияси ва Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари иштирокида ўтказилган музокаралар натижасида темир йўл транспортида маҳсулот ташишда имтиёзлар тақдим этишга келишди.
Ўзбекистон товар-хомашё биржаси билан “Товарная биржа “ЕТС” АЖ келишувига мувофиқ, Олмаота шаҳрида биржа савдолари электрон тизимига боғланган биринчи хорижий савдо майдончаси иш бошлади. Мамлакатлар ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик алоқаларни ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари бошчилигидаги ишбилармон доиралар вакилларининг Қозоғистон вилоятларига ташрифи ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмалари ташкил этилди.
Чимкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Қозоғистон биринчи ҳудудлараро форумида умумий қиймати 324,7 миллион АҚШ долларидан ортиқ шартномалар имзоланди. Ҳудудлар ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича 15 та келишувга эришилди.
Умуман, шу каби ҳамкорликдаги амалий ишлар натижасида 2018 йилда икки давлат кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўртасида қиймати 409,6 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланган бўлган.
2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили
Март ойида Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон – Қозоғистон биринчи сайёҳлик форуми ўтказилди. Унда икки давлатдан 200 дан зиёд туроператор қатнашди. Қозоғистон пойтахтида ташкил этилган “Kazakhstan international Trade” халқаро сайёҳлик ярмаркасида Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.
“Qazaqstan” миллий телеканали вакиллари учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари бўйлаб ташкил этилган медиа-тур қозоғистонликларга Ўзбекистонинг сайёҳлик имкониятларини кенг намойиш қилиш имконини берди.
Сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида Олмаота – Тошкент – Олмаота, Нур-Султон–Тошкент – Нур-Султон йўналишлари бўйича авиқатновлар сони оширилди.
Шу кунга қадар Ўзбекистон “Тошкент-Чимкент”, “Тошкент-Олмаота”, “Тошкент-Қизил Ўрда”, “Тошкент-Туркистон”, “Нукус-Ушкунур”, “Чирчиқ-Ушкунур” йўналишларини ишга туширган эди. Икки мамлакат ўртасида туризм алоқаларини ривожлантиришга қаратилган шу каби амалий ишлар натижасида Ўзбекистонга ўтган йилда 2 миллиондан зиёд қозоғистонлик сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич 2018 йилда мамлакатга келган жами туристларнинг салкам 30 фоизини ташкил этади.
2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги давлат расмий ахборот манбаи ва мамлакатдаги етакчи ахборот агентлиги ҳисобланади. ЎзА ахбороти шу пайтгача 8 тилда – ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, испан, араб ва хитой тилларида тарқатилиб келинган. Ўзбекистонда 2019 йил Қозоғистон йили, деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА веб-сайтида илк бор қозоқ тили саҳифаси ишга туширилди. http://uza.uz/kz/
Бу Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни тўлалигича ёритиш, азалий яқинликни тарғиб қилиш, дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашдаги муҳим қадамдир.
Халқаро туркий тилли халқлар академияси президенти, Қозоғистоннинг “Егемен Қазақстан” республика нашри” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дархон Қидирали мазкур янгиликка ўз муносабатини билдирди:
– Сўнги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари барча соҳаларда мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, ўтган йили Нур-Султон шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳат учрашуви, шунингдек, қўшни икки давлат раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқотлари халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничиликни мустаҳкамлади. Бунинг натижасида гуманитар, маданий ва ахборот соҳасидаги алоқалар ҳам ривож топмоқда.
“Олтин одам”
Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Тошкентдаги давлат санъат музейида “Буюк дашт: тарих ва маданият” номли кўргазма очилди. Кўргазманинг асосий мақсади санъат ва маданият ихлосмандларини Қозоғистоннинг бой тарихи ва маданий мероси билан таништиришдан иборат бўлиб, Унда Қозоғистон Республикаси рамзи ҳисобланган “Олтин одам” намойишга қўйилган.
1960 йилларнинг охири 1970 йилларнинг бошида Олмаота шаҳри атрофида археологик қазиш ишлари олиб борилган. Иссиқ қўрғонда тадқиқот олиб бораётган Кемал Акишев томонидан Саклар шоҳи “Олтин одам” қолдиқлари топилди. Бу топилма ўз навбатида Қозоғистон рамзига айланди. Ноёб топилма “Қозоқ Тутанхамони” деб атала бошланди ҳамда асрнинг йирик кашфиёти деб тан олинди.
“Олтин одам” кўргазмаси бугунги кунда Россия, Хитой, Польша, Беларусь, Озарбайжон, Корея ва Татаристон Республикаларида намойиш этилган. Бу мамлакатларда бўлиб ўтган кўргазмаларга бир миллиондан ортиқ томошабин ташриф буюрган. 2020 йил охиригача кўргазма дунёнинг 20 мамлакатида намойишга қўйилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон давлат санъат музейида бўлиб ўтаётган кўргазмада “Олтин одам”ни тилла безаклар билан безатилган кийимда, тилла ўқлар, қор қоплонлари, архарлар, отлар, қушлар кўринишидаги олтин пластиналар билан безатилган конус шаклидаги бош кийимда кўриш мумкин. Шунингдек, (археологлар фикрича 17-18 ёшларда бўлган) сак жангчиси Олтин одам билан бирга дафн қилинган эрта темир даврига (милл.авв.V-IV асрлар) оид археологик топилмалар тўплами ҳам жой олган.
Визит давомида имзоланган ҳужжатлар рўйхати
- Давлат раҳбарларининг қўшма баёноти;
- Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Қозоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантлар ва Ўзбекистон Республикасидаги Қозоғистон Республикасининг фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида Битим;
- 1996 йил 12 июнда имзоланган Даромадларга ва мулкка иккиёқлама солиқ солинишига йўл қўймаслик тўғрисидаги ҳукматлараро Битим доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан берилган резидентликни тасдиқловчи расмий ҳужжатларни тан олиш тартиби тўғрисида Битим (ноталар алмашинуви шаклида);
- Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги Битим;
- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасида ҳаво хужумидан мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим;
- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий аэродромларида ҳарбий ҳаво кемаларни қабул қилиш, аэродром-техник таъминоти ва ҳарбий ҳаво кемаларни қўриқлашни ташкил этиш тўғрисида Битим;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум;
- Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазирлиги ўртасида “Марказий Осиё” савдо-иқтисодий халқаро марказини ташкил этиш масаласи бўйича англашув Меморандум;
- Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ва Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2019- 2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастури.