Сўнгги икки йилда Ўзбекистон Республикасининг араб мамлакатлари билан муносабатлари сезиларли даражада фаоллашди. Ушбу тренд Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги йўналиш эканини билдирадими? Араб-ўзбек ҳамкорлигининг аввалги ва ҳозирги жиҳатлари нималардан иборат? Жаҳонда ва МО минтақасидаги мураккаб геосиёсий вазиятни ҳисобга олганда, мазкур тенденция нечоғлик истиқболли?
Муаллиф
ЮЛДАШЕВА Гули Исматуллаевна
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ катта илмий ходими, сиёсий фанлар доктори.
ИКРОМОВ Шавкат Искандарович
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.
Ўзбекистон ва араб давлатларининг манфаатлари
Ўзбекистон ва араб мамлакатларини географик жиҳатдан яқинлик, умумий тарих, дин ва маданият бирлаштиради. Ўтмишда араб дунёси ва МО мамлакатлари ягона маданий-цивилизацион ва иқтисодий маконга кирганлар. Бу ҳозирги кунда ҳам уларнинг ўзаро алоқаларида муҳим аҳамият касб этади. Дунё мусулмонларини бирлаштириб турувчи муқаддас қадамжоларнинг Саудия Арабистонида жойлашгани ҳам бунга ёрдам беради.
Араб мамлакатлари шунинг ўзи билан чегараланмасдан, Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардан бири ҳамда минтақадаги аҳолиси энг зич бўлган ва асосий қисми мусулмонларни ташкил этадиган Ўзбекистонни ўз таъсири доирасига жалб қилиш орқали геосиёсий позицияларини мустаҳкамлашга интилмоқдалар.
Ўзбекистоннинг араб давлатларидаги ташқи сиёсати минтақа ва МО атрофида барқарорлик ҳамда хавфсизлик белбоғини барпо этиш масалаларини ўз ичига олган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида[1] кўзда тутилган асосий вазифалардан келиб чиқади. Шу билан бирга қуйидаги жиҳатлар ҳисобга олинади:
1) Географик жиҳатдан денгиз йўлларидан ажралган Ўзбекистон учун араб давлатлари билан ҳамкорлик қилиш устувор вазифасини ҳал этиш – Марказий Осиёда транзит, транспорт ва коммуникация тармоқларини барпо этишда муҳим роль ўйнайди. Араб мамлакатлари МО минтақасини Ўрта Ер, Қизил ва Араб денгизлари, Суэц канали ва Форс Кўрфази билан бирлаштирган ҳолда, жаҳон бозорларига чиқиш йўлида транзит мамлакатлар ролини ўйнаши мумкин.
2) Аксарият араб давлатлари худди Ўзбекистон каби минтақавий низоларга аралашиб қолмасликни афзал биладилар ва хавфсизлик муаммоларини тартибга солишда иқтисодий масалаларга муҳим деб қарайдилар. Хусусан, Уммон, Қувайт, Қатар йирик минтақавий геоиқтисодий лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор. Экспертлар[2] Форс Кўрфази давлатлари орасида Эрон масаласи бўйича бирликнинг йўқлиги ва ажралиш кузатилаётганини қайд этишмоқда. Ёндашувлардаги тафовутлар чуқур фалсафий хусусиятга ва узоқ муддатли характерга эга. Шу боис, сўнгги пайтларда Кўрфазда Эронга нисбатан конфронтацион муносабат анча пасайди.
3) Бундан ташқари, мавжуд барча қийинчиликлар шароитида ҳам араб давлатлари жадал ривожланаётган барқарор иқтисодиётга эга мамлакатлар саналади. Хусусан, Саудия Арабистони ЯИМ (ялпи ички маҳсулот) даражаси бўйича жаҳонда 19-чи, БАА 29-чи, Миср 44-ўринни эгаллайди[3].
4) Нефть, газ ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича дунёда етакчи саналган араб мамлакатлари жаҳон энергетика бозорига катта таъсир кўрсатадилар. Шахсий энергетика ресурсларига эга Ўзбекистон буни ҳисобга олиши керак. Бу борада араб мамлакатлари энергетика инфратузилмаларини қуриш ва жаҳон энергетика бозорида нархларни мувофиқлаштириш бўйича тажриба алмашиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг салоҳиятли ҳамкорлари ҳисобланадилар.
5) Араб мамлакатлари бир томондан ўзбек маҳсулотлари, технологиялари ва айрим хомашё турлари истеъмолчилари, иккинчи томондан инвестициялар манбаи сифатида қизиқиш уйғотадилар. Араб монархиялари, айниқса Саудия Арабистони, Қувайт, Қатар, Бахрайн – дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлари учун узоқ муддатли капитал манбаидирлар. Хусусан, БАА инвестиция жамғармасининг маблағлари 1 трлн. АҚШ долларидан ошади, Форс кўрфази мамлакатларида умумий инвестиция капитали ҳажми 3,2 трлн. АҚШ долларини[4] ташкил этади. Бундан ташқари, Форс кўрфазининг етакчи араб давлатлари хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича катта тажрибага эга[5] бўлиб, улар бу тажрибани Ўзбекистон билан ўртоқлашиши мумкин. Хусусан, Саудия Арабистонининг ўзи 2017 йилда 1.4 млрд. АҚШ доллари[6] жалб қилган.
Араб давлатларининг халқаро муносабатлар тизимидаги таъсири, халқаро савдо ва саноатда уларнинг ўрни ва аҳамияти, инвестициявий ва технологик имкониятларини ҳисобга олиб, Ўзбекистон араб мамлакатлари билан ўзаро манфаатли иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор. Бу тахминан минтақавий хавфсизлик муаммоларини тартибга солиш, ҳам миллий иқтисодий тараққиётни янада рағбатлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Чақириқлар ва хавфлар
Бироқ Ўзбекистон ва араб давлатлари ҳамкорлик доирасида бир қатор тўсиқларни енгиб ўтишларига тўғри келади.
Араб давлатлари ташқи сиёсатда у ёки бу даражада замонавий геосиёсий ўйинлар иштирокчиларидир. Бунда улар ҳам дунёнинг етакчи мамлакатлари (АҚШ, Хитой ва Россия), ҳам ислом оламидаги Эрон ва Туркия сингари минтақавий етакчилар, рақиблар билан ўз манфаатларини мувозанатлаштиришлари лозим. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам етакчи халқаро ўйинчилар ва ислом олами ўйинчилари ўртасидаги ўз муносабатларини тартибга солиши керак.
Бунда айрим араб давлатларининг Афғонистонни беқарорлаштириш жараёнига тахминан жалб қилиниши ҳам муҳим роль ўйнайди. Бу зарур даражадаги давлатлараро ишончга эришиш ва тўлақонли шерикчиликни йўлга қўйишга тўсқинлик қилади.
Бундан ташқари, энергия истеъмолчилари курашида араб мамлакатлари ва Ўзбекистон маълум даражада рақиб бўлишлари ҳам мумкин. Бу эса, энергетика сиёсатини мувофиқлаштириш ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олишни талаб этади.
Шунингдек, ҳар икки томонда ҳам ҳамкорлик суръатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қатор ҳал этилмаган ички муаммолар мавжуд. Масалан, 90-йиллардаги Ироқ ва Қувайт ўртасидаги урушлардан бошлаб, ҳозирги Сурия инқирози ва Эрон-Саудия Арабистони зиддиятларигача бўлган масалаларда араб мамлакатларининг саъй-ҳаракатлари ўз ижтимоий-иқтисодий ҳамда давлатлараро муаммоларни ҳал этишга қаратилган эди.
Бошқа томондан эса, сиёсий тузумлардаги тафовутлар: аксарият араб мамлакатларидаги теократик ва Ўзбекистондаги дунёвий бошқарув ҳам бунга ўз таъсирини кўрсатганди.
Ўзбекистон миллий давлатчилик асосларини барпо этиш ва мустаҳкамлаш, ўзининг ички сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муаммолари, хусусан, 2000-йилларда кучайган кўпинча ноқонуний араб ҳаракатлари таъсири билан боғлиқ бўлган радикал ислом гуруҳларига қарши кураш масалаларини ҳал этиш билан банд эди.
Мазкур омиллар биргаликда араб-ўзбек ҳамкорлигига салбий таъсир кўрсатар, минтақавий ҳамкорликда давлатлараро ишончсизлик ва амалий сустликнинг ўсишида акс этарди. Шунга мувофиқ, 2018 йилги маълумотларга кўра[7] араб мамлакатлари Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорлари қаторига кирмайди.
Давлатлараро муносабатлар динамикаси
Ўзбекистоннинг араб давлатлари билан муносабатларини шартли равишда икки даврга ажратиш мумкин: 90-йиллардан – 2017 йилгача ва 2017 йилдан бугунги кунгача.
Мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг араб мамлакатларидаги ташрифларида эришилган қатор давлатлараро келишувлар Ўзбекистон Республикасининг араб давлатлари билан ҳозирги ўзаро муносабатларини фаоллаштиришда асос бўлиб хизмат қилди. Хусусан, Қувайтга (2004 й.), Мисрга (2007 й.), БААга (2008 й.), Уммонга (2009 й.) ташрифлар шулар жумласидандир.
Умуман олганда, 2007 йилдан бошлаб араб-ўзбек муносабатларида бироз жонланиш кузатилди. 2011 йил июнда Тошкентда Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳукуматлараро комиссиясининг 3-чи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир доирасида бизнес-форум ташкил этилди ва инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш тўғрисида протокол ва битим имзоланди. 2012 йил апрелда Саудия Маслаҳат кенгаши (парламент) раиси Абдулла Ал аш-Шайх бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи уюштирилди. 2014 йил августда Маскат шаҳрида Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон транспорт йўлагини тузиш бўйича тўрт томонлама вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.
Шундай бўлсада, минтақалар яқинлиги тўғрисидаги дўстона гапларга қарамасдан, томонлар муносабатлари ўртасида жиддий силжишлар кузатилмади. Саудия экспертларининг фикрича, 2000-йилларнинг бошларигача қирол оиласи ва Миср етакчилари Марказий Осиё давлатларининг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш билан чекланганлар[8].
Ўзбекистон ва Форс кўрфази мамлакатлари, хусусан, Саудия Арабистони ўртасида имзоланган келишувлар тўла амалга оширилмади. Бу кўп жиҳатдан Яқин Шарқ ва Афғонистонда давом этган беқарорлик, 1999 йилда Тошкентда содир этилган террорчилик ҳаракатлари ва 2001 йил воқеалари шароитида сақланиб қолган давлатлараро ишончсизлик билан боғлиқ эди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам араб оламининг барча имкониятлари ва хавфларини синчиклаб ўрганди.
Шу тарзда, 2017 йилгача бўлган биринчи даврни ўзаро ўрганиш, имкониятларни қидириш, чекланган алоқалар ва ишончсизлик босқичи деб таърифлаш мумкин.
2017 йилда халқаро ва ички вазиятнинг кучайиши шароитида мамлакатнинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташқи сиёсатини ривожлантиришнинг янги стратегиясини[9] қабул қилиш ташаббуси билан чиқади. Унда МО минтақаси ва унинг яқин қўшниларига устувор аҳамият қаратилади. Шундан сўнг 2017 йил май ойида БАА ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Шайх Абдулла бин Заид Ал Нахаян, 2018 йилда Миср президенти Абдулфаттох ас Сисининг Тошкентга ташрифлари ва 2019 йил 24-26 март кунлари Президент Ш. Мирзиёевнинг БААга ташрифи араб-ўзбек муносабатлари ривожида янги босқични бошлаб беради.
2018 йил 27 мартда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А.С.Мирдад бошчилигидаги делегация “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикли” мавзуида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясида иштирок этди. 2018 йил 3 декабрда Ар-Риёд шаҳрида, 4 декабрда Ал-Қувайт шаҳрида ва 5 декабрда Абуд-Даби шаҳрида ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари дажасида сиёсий маслаҳатлар ўтказилади.
Шунингдек, араб давлатларининг замонавий иқтисодиёт чақириқларини ва минтақадаги қатор мамлакатларда кузатилаётган ҳозирги инқирозни енгиб ўтиш учун ўз молиявий имкониятларини параллель бирлаштиришга бўлган саъй-ҳаракатларига эътибор қаратиш зарур. Хусусан, Араб давлатлари Лигасининг 4-саммити якуний декларацияси Арабистон рақамли иқтисодиётни ривожлантириш инвестиция жамғармасини ташкил этиш, араб оламида божхона тўсиқларини олиб ташлаш ва эркин савдо зонасини яратиш каби чақириқларни ўз ичига олган эди[10]. Бу каби тенденциялар Араб давлатлари Лигаси мамлакатлари билан минтақалараро иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очади, бу эса, Тошкент томонидан ҳисобга олинмаслиги мумкин эмас.
Жорий йил март ойидаги ЎзР ва БАА музокаралари давомида икки томонлама ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестицион, энергетика, банк-молия, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва бошқа соҳалар бўйича амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларининг муҳокама қилингани, 10 миллиард АҚШ долларига тенг ўзаро манфаатли икки томонлама ҳужжатлар ва инвестициявий келишувлар имзолангани бежизга эмас[11].
Ундан сўнг 2019 йил 29 мартда ЎзР Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Қувайт давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, мудофаа вазири Шайх Носир Сабах ал-Аҳмад ас-Сабах билан учрашувлари чоғида Орол бўйи ҳудудидаги қўшма ижтимоий лойиҳалар кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда муҳим ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмага оид, жумладан “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон” транспорт йўлаги каби лойиҳаларни амалга ошириш учун Араб иқтисодий тараққиёти Қувайт жамғармаси ва бошқа сармоядорларнинг маблағларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу тариқа МО минтақаси ва араб олами мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликнинг янгича, жадал босқичи бошланди.
Хулосалар
Араб-ўзбек муносабатларидаги ҳозирги фаоллик қандайдир янги ҳодиса эмас. Бу кўпроқ 90-йилларда араб олами билан кўзда тутилган ўзаро манфаатли ва прагматик муносабатларни янги шароитларда қуришнинг давом эттирилиши ва тезлашишидир.
2017 йилгача бўлган босқичда томонлар бир-бирларининг имкониятлари ва салоҳиятларини чуқур ўрганганлар. Энг аввало сиёсий режимлардаги тафовутлар ва Араб ҳудудларидан радикал ғояларнинг кириб келиш таҳдиди ушбу муносабатларнинг тўла ривожланишига тўсқинлик қилган.
Яқин Шарқда келишмовчиликлар ва низолар, ички сиёсатдаги мураккабликларнинг сақланиб қолишига қарамасдан, ҳозирги араб-ўзбек ҳамкорлиги олдингига нисбатан анча фаол ва иқтисодий хусусият касб этади, минтақавийлик, прагматизм, рационализм ва давлатлараро манфаатларнинг мутаносиблиги тамойилларидан келиб чиқади. Томонлар бир-бирларини етарлича ўргандилар ва бугунги кунда “юмшоқ сиёсат” сингари воситалардан, иқтисодиёт ва маданият, таълим ва дин соҳалари бўйича ҳамкорлик қилишдан самарали фойдаланмоқдалар.
Шу билан бирга, жаҳонда ва МО минтақаси атрофида кузатилаётган геосиёсий кескин вазият, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги беқарорлик ҳам жиддий роль ўйнашда давом этмоқда. Шу муносабат билан кўп нарса Сурия ва Афғонистон барқарорлигига, Яқин Шарқда Эрон-Саудия Арабистони кескинлигини камайтиришга боғлиқдир. Шубҳасиз, Ўзбекистон ўз хавфсизлиги манфаатида дунёнинг етакчи державалари, хусусан араб давлатлари билан ҳам тенг конструктив ҳамкорлик қилишда давом этади. МОда қабул қилинган лойиҳаларни амалга оширишдан олинган иқтисодий фойда ижобий тенденцияларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади, бу минтақавий рақибларни маълум даражада яраштириши ва минтақавий кескинликни камайтириши мумкин.
[1] 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, http://strategy.gov.uz/ru
[2] Katzman, Kenneth. Gulf States Split on Iran. February 14, 2019, https://gulfif.org/gulf-states-split-on-iran/?fbclid=IwAR2PM50ig5D5z5NTNxxFNr7mr7FF71Ggm5psZv2GmymPYkYq4AJCkrMYXFU
[3]The World Bank: Gross Domestic Product 2018. https://gtmarket.ru/ratings/rating-countries-gdp/rating-countries-gdp-info#uzbekistan
[4] Киселев, Сергей. Новые горизонты России в Персидском заливе. 24 марта 2019, http://www.ng.ru/economics/2019-03-24/4_7538_2100240319.html
[5] Мунавваров, Заҳидулло И. ХХ асрда халқаро сиёсий ва иқтисодий муносабатларда Арабистон ярим ороли мамлакатлари. Тошкент, 1997, 213б.
[6] Why Saudi Arabia will Struggle Draw Investors in 2019. Dec 12, 2018, https://worldview.stratfor.com/article/why-saudi-arabia-will-struggle-draw-investors-2019
[7] 2018 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати.ЎзР Статистика давлат қўмитаси, Тошкент, 2019.
[8] Арафат, Ибрагим. Мисрнинг Марказий Осиё давлатлари ва Монголия билан муносабатлари. – Муҳаммад Саййид Салим, Муҳаммад Сафииддин Харбуш, Абдулазиз Шади. Мисрнинг мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари, Албания, Босния ва Герцеговина, Македония ва Монголия билан муносабатлари. Қоҳира университети ҳузуридаги Осиё тадқиқотлари маркази. 2000, 118 б.
[9] 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси.
[10] Бейрутдаги Саммит: араб мамлакатлари умумий иқтисодий таклифга келишдилар. 2019 й 21 январь, https://eadaily.com/ru/news/2019/01/21/sammit-v-beyrute-arabskie-strany-soglasovali-obshchuyu-ekonomicheskuyu-povestku
[11] Бирлашган Араб Амирликлари ташрифи самарали ўтди. 2019 й 28 март, https://president.uz/ru/lists/view/2460