Муаллиф Владимир Парамонов, январь 7, 2019
Владимир Парамонов “Марказий Евроосиё” таҳлилий гуруҳи (Тошкент, Ўзбекистон) ва шу номдаги (www.ceasia.org) интернет-лойиҳаси асосчиси (раҳбари), минтақадаги 100 нафардан ортиқ экспертларни қамраб олган кенг қамровли сўровни ўтказиш ташаббускоридир. Муҳокама учун иккита “оддий” савол ўртага ташланди:
1) Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиши ва уларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиши йўлидаги асосий муаммолар нималардан иборат?
2) Мазкур муаммоларни ҳал қилишнинг самарали йўллари қандай?
http://www.ceasia.org сайтига жойлаштирилган муҳокама “Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик муаммолари ва истиқболлари”ни экспертлар нуқтаи назаридан янада батафсил ва чуқурроқ кўриб чиқиш имконини берувчи дастлабки лойиҳалардан бири бўлди.
Минтақавий ҳамкорлик муаммоси
Экспертларнинг фикрича, минтақадаги ҳамкорликнинг мавжуд эмаслиги мамлакатларни ривожлантиришдаги асосий муаммо ҳисобланади. Осман Досов (Қозоғистон) етарлича ҳамкорликнинг йўқлигини МО (Марказий Осиё) мамлакатлари иқтисодиёти ва тараққиёт даражасининг турфалиги, давлатлар ўртасида сақланиб қолган рақобат ҳамда «ўз манфаати йўлида ҳар бир МО мамлакати билан алоҳида келишиб олиш, минтақадаги барча давлатларнинг қандайдир бирлашган позицияси бўлган ҳолатга қараганда, анча тезроқ ва осонроқ» бўлган ташқи акторларнинг сезиларли даражадаги таъсирида деб билади.
Фарҳод Толипов (Ўзбекистон) асосий муаммоларни уч қисмга ажратади:
1) Минтақанинг “геосиёсий малоллиги”;
2) минтақавий ҳамкорликнинг, айниқса, интеграцияга оид масалаларнинг элита хусусиятига эга эканлиги;
3) институционал ва ғоявий етишмовчилик муаммоси.
Биринчи муаммо МО эволюциясида геосиёсий омилнинг доимий мавжудлигини билдиради.
Иккинчи муаммо халқлар, фуқаролик жамиятининг интеграция масалаларидан узоқлигини англатади.
Учинчи муаммо минтақа қурилиши ҳамда ғоявий қурилишда тегишли институтларнинг мавжуд эмаслиги ёки заифлигини билдиради.
Қосимшо Искандаров (Тожикистон) минтақада миллий истиқлол, миллий-тарихий ўзлик ғояларини тасдиқлаш жараёни ҳали якунланмаган, деб таъкидлайди. “Минтақада 1924 йил ва ундан кейинги йилларда бошланган миллий–ҳудудий чегаралаш билан боғлиқ муаммолар борлигини ҳам ҳисобдан чиқариб ташламаслик керак, — деб ҳисоблайди эксперт. — Бундай шароитда минтақа мамлакатларининг миллий элиталари янада яқин ҳамкорлик қилиш ва халқаро даражадаги минтақавий тузилмалар ташкил этиш, уларнинг миллий мустақиллиги ва ўзига хослигини чеклаб қўйиши мумкин, деб хавфсирайдилар.
Рафаэль Сатторов (Ўзбекистон) МО мамлакатларининг мустақил интеграцияси ва улар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг сифат жиҳатдан ўсиши йўлига тўсқинлик қиладиган бешта асосий муаммони ажратиб кўрсатади:
1) Минтақа муаммоларини мустақил (ташқи минтақавий кучларни жалб қилмаган ҳолда) ҳал этишда прагматизмнинг етишмаслиги ва бунга тайёр эмаслиги;
2) тарихга нисбатан, асосан тарихий меросни афсоналаштирган ҳолдаги турлича қарашнинг мавжудлиги;
3) кўплаб лойиҳаларнинг ўз ечимини топмаган бошқа муаммолар билан боғланиши, яъни пировардида бир муаммонинг ҳал этилмаслиги, бошқасини ҳал этишга таъсир кўрсатмоқда;
4) МО мамлакатлари уруғ-аймоқлар бўйича бўлинган маҳалда мавжуд бўлган ички дезинтеграция;
5) инсон капиталининг чиқиб кетиши.
Аита Султаналиева (Қирғизистон) ҳам бошқа экспертлар каби чегара-ҳудудий масалалар мажмуаси, божхона тўсиқлари, энг аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда чекловларнинг мавжудлиги, илмий-тадқиқотчилик алоқаларининг тобора узилиб бораётгани, илмий ва таълимга оид ахборот алмашинуви тезлиги ва сифатининг муттасил сусайиб боришини аниқ муаммолар сифатида ажратиб кўрсатади.
Раҳматшо Маҳмадшоев (Тожикистон) чегара-ҳудудий муаммолар Тожикистон ва Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой ўртасида ҳамда Хитой ва унга чегарадош бўлган МО мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолмоқда, деб таъкидлайди. Бундан ташқари, минтақанинг барча давлатларига тааллуқли бўлган сув-энергетика муаммолари ҳам бор, албатта.
Айгерим Тургунбаева (Қирғизистон)нинг қайд этишича, сув ва энергетика ресурслари тақсимоти, ноқонуний миграция ҳамда чегараларни демаркация қилиш ва ҳудудий баҳслар билан боғлиқ қатор муаммолар кўп жиҳатдан минтақани айнан мамлакатларимизнинг юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал этишда бири-бирига боғлиқлиги туфайли ҳам, нисбатан яхлит маконга айлантирмоқда. Мазкур муаммоларни бир томонлама тартибга солиб бўлмайди. Бизни, шунингдек, терроризм, радикализм ва наркотрафик таҳдидларнинг умумийлиги ҳам бирлаштиради, албатта.
Минтақавий ҳамкорликка бўлган ёндашув қай тарзда ўзгармоқда?
Шундай бўлса-да, бугунги кунда Ўзбекистон мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг анча очиқ сиёсати туфайли Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик бўйича ижобий истиқболларга эришмоқда.
Энебай Какабаева (Туркманистон)нинг таъкидлашича, Туркманистон аввал бошидан прагматик ёндашувга — икки томонлама муносабатларнинг устуворлигига қатъий амал қилиб келди, бироқ бу ерда ҳам ташқи сиёсий қарашларда ўзгаришлар намоён бўлмоқда. Туркманистон иқтисодиёт, савдо, логистика, транспорт ва алоқа каби соҳалар бўйича кўп томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр. “Туркманистон президенти яқин қўшнилар билан ҳамкорлик қилиш — минтақа мамлакатлари билан энг кенг даражада ҳамкорлик қилишга қаратилган, барча йўналишлар бўйича ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама форматдаги тенг ҳуқуқли, ишончли мулоқотни тарғиб этишга ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда, мамлакат ташқи сиёсий стратегиясининг устувор жиҳатларидан бири, дейди”, — деб таъкидлайди эксперт.
Қосимшо Искандаров (Тожикистон) Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатларни давлат раҳбарларининг сиёсий иродасига боғлиқ, деган мисолни келтиради. Шавкат Мирзиеёвнинг ҳукумат тепасига келиши билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тез ўзгарди. “Тожик-ўзбек муносабатларининг кескин ривожланиши нафақат мазкур икки давлат, балки митақадаги барча мамлакатлар ўртасидаги кўплаб муаммоларни ҳал этди. Минтақавий ҳамкорликнинг ривожланиши учун сиёсий муҳит анча яхшиланди. Энди минтақанинг қолган мамлакатлари Тожикистон билан у ёки бу соҳалар бўйича муносабатларни ривожлантиришда Ўзбекистонга қайрилиб қарашларига ҳожат қолмади”.
Галим Агелеуов (Қозоғистон) демократия, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тарғиб этиш ва бунга амал қилиш, ҳокимият ва халқ ўртасида ҳамма учун очиқ ва тушунарли бўлган алоқаларни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим эканлигини билдиради. Эксперт Ўзбекистон бу борада бутун минтақа учун керакли намуна бўла олади, деб ҳисоблайди: “Агарда президент Ш.Мирзиёев мана шу сиёсий иродасини демократлаштиришга тайёр эканини кўрсатса, фуқаролик жамиятини шакллантирса, минтақа янада яхши келажакдан умид қилса бўлади. Мабода бюрократия аппарати унинг либераллаштиришга қаратилган барча саъй-ҳаркатларини “еб қўйса”, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун кейинги имконият бўлмаслиги ҳам мумкин”.
Айгерим Тургунбаева (Қирғизистон) ҳам 1990-йилларда юзага келган мураккаб вазият МО давлатларининг барча эътиборларини ички муаммоларига қаратишга ҳамда миллий манфаатларни қисқа муддатли минтақавий ва узоқ муддатли манфаатлардан устун қўйишга мажбур қилди, деб ҳисоблайди. Бироқ 2018 йил баҳорида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви фақат яқин ҳамкорликгина минтақа муаммоларини самарали ҳал қилиш имконини беришини яна бир бор тасдиқлади.
Рафаэль Сатторов (Ўзбекистон) ўз навбатида, “интеграция” ва “халқлар биродарлиги” бўйича ортиқча жўшқинлик бор деб, огоҳлантиради. Минтақадаги ҳар бир давлат ташқи сиёсат бўйича ўз концепциясида МО нинг устувор эканини кўрсатсада, амалда бундай сиёсатни юритмаяпти, деб ҳисоблайди ва минтақа сиёсатчилари чегарадаги “майда” ва “ўртача” муаммоларни ҳал этишда ҳали ҳеч қанча иш қилмадилар, кўплаб экспертлар эса ЕИ (Европа Иттифоқи) типидаги конструкция, айнан мана шундай майда муаммоларни ҳал этишга асосланган ҳолда барпо этилганини тушунмаганликлари ҳолда, шу конструкцияни илгари суришмоқда, деб кўрсатади.
Агарда президент Ш.Мирзиёев сиёсий иродаси ва демократлаштиришга тайёрлигини кўрсатса ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантирса, минтақа яхши келажак ҳақида умид қилса бўлади. Мабодо бюрократик аппарат президентнинг либералаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини “еб қўйса”, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун кейинги имконият бўлмаслиги мумкин.
Комрони Ҳидоятзода (Тожикистон) ҳам “Ўзбекистондаги ҳокимият алмашинуви МО давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда янги даврнинг бошланишига умид уйғотади”, — дейди. Бироқ, айни дамда эксперт халқаро ҳарбий-сиёсий муҳитнинг ҳозирги ёмонлашуви МО мамлакатларига бўлган босимни кучайтиради, деб ҳам кўрсатиб ўтади. “Хусусан, минтақанинг жойлашуви АҚШга ўзининг геосиёсий рақибларини назорат қилиши, Россия ва Хитойга – чегаралар хавфсизлигини таъминлаб, йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради”, – деб ҳисоблайди Хидоятзода, — “Айнан бир-бирларидан узилганлик Марказий Осиё давлатлари тараққиёти йўлидаги асосий муаммолардан биридир. Бу минтақа келажагини хавф остига қўяди. Ривожланиб бораётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларгина эмас, иқтисодий ҳамкорлик бўйича минтақавий стратегиянинг мавжуд эмаслиги террорчилик ташкилотларининг кўпайиши ҳамда ёшларнинг ушбу ташкилотлар сафларига қўшилишига имкон яратмоқда. МО давлатларида эса ёшлар сони анчагинани ташкил этади”.
Шерали Ризоён (Тожикистон)нинг фикрича, умуман олганда, МО ни минтақа сифатида ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилмоқда, бироқ конструкция учун илмий ёндашувларни ишлаб чиқиш, МО мамлакатларининг миллий манфаатларига зид келмайдиган умумминтақавий манфаатларни ишлаб чиқиш ва тарғиб этиш зарур. Бундай ёндашувнинг муҳимлиги шу билан изоҳланадики, МО давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни тубдан яхшилаш глобал сиёсат бўйича янги марказнинг шакллантиришга хизмат қилиши мумкин. “Шу боис, минтақавий манфаатнинг умумий ўзига хос жиҳатлари ва умумий тузилмаларини аниқлаш юзасидан қўшма, янада чуқур тадқиқотлар ўтказиш зарур. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “минтақавий манфаат” тушунчасининг социализм даврида долзарб бўлган “интернационал манфаат” тушунчасига ҳеч қандай алоқаси йўқ”.
Арсланбек Омурзаков (Қирғизистон)нинг фикрича, МО мамлакатлари 27 йиллик мустақиллик даврида бир-биридан жуда узоқлашиб кетди ва уларни ажратувчи омиллар ҳам кўпайди, бироқ сўнгги йилларда қайта мулоқот қилиш имкони пайдо бўлди. 2018 йилда “Наврўз” байрами шарафига МО мамлакатлари етакчилари узоқ йиллар мобайнида илк маротаба “воситачиларсиз”, “бир даврада” учрашишди. Бу бир-бирига бўлган ишонч туйғусини мустаҳкамлайдиган жуда яхши тенденциядир. “Балки, вақт ўтган бўлиши ҳам мумкин”, — дейди эксперт. — “ Бугунги кунда Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи аъзосидирлар, улар ўз ташаббуслари билан бироз ўралашиб қолганлар. МОнинг барча мамлакатлари ўзларининг ички муаммолари билан бандлар: бу элиталарнинг юзма-юз туриши, ҳокимиятнинг алмашинуви, айниқса, Қозоғистон билан бўлган ҳолатдир. Қирғизистонда ички муҳокамалар ҳеч қачон тугамаса керак. Ҳокимият сиёсий режимининг демократияга ўтиш масаласи Тожикистон учун ҳам муҳимдир. МО мамлакатлари бир-бирларини ҳали тўла тушуниб олганларича йўқ, деб ўйлайман. Ушбу ҳамжиҳатликка мулоқот ва доимий учрашувлар орқали эришиш лозим (бундай учрашувлар қанча кўп бўлса, шунча яхши). Кўплаб масалалар юзасидан қарашларни яқинлаштиришга, ягона позицияни эгаллашга ҳаракат қилиш зарур. Мамлакатларнинг бир-бирини боғлайдиган умумий жиҳатларни топиш ва уларга асосланиб, қадам ба қадам олға интилиш керак. Масалан, маданият соҳаси бўйича ҳамкорлик қилишни бошлаш мумкин”.
Кичик ишлардан то Марказий Осиё Иттифоқигача
Осман Досов (Қозоғистон) МО мамлакатларининг юксак сиёсий даражадаги кооперациясини кучайтириш бўйича бўлса ҳам чора-тадбирлар қабул қилишни бошлаш кераклигини тавсия қилади. Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақавий кооперацияда марказга ўхшаш таянч тузган ҳолда, мазкур жараёнда масъулиятни ўз зиммаларига олишлари мумкин.
Фарҳод Толипов (Ўзбекистон) аниқ режани — (1990 йиллар, 2000 йилларнинг бошидаги Марказий Осиё ҳамжамиятига ўхшаш) институционал формат ўрнатишни ҳамда халқларни ва фуқаролик жамиятини минтақавий интеграция жараёнига қўшишни таклиф этади. Масалан, минтақавий ривожланишга доир энг муҳим масалаларни референдумга олиб чиқиш, ҳудуддаги сиёсий жараёнда ошкораликка эришиш зарур.
Аита Султаналиева (Қозоғистон) муҳокамалар ўтказиладиган, муммолар ва уларнинг ечимлари кўриб чиқиладиган минтақавий ахборот майдончалари ва умумий медиа маконини шакллантиришни, давлатлараро бўладиган кенг кўламли тадбирлар: фестиваллар, форумлар, слёт ва олимпиадаларни изчил равишда ўтказиб туришни таклиф этади. Шунингдек, ёшларнинг ёзги лагерлари ва мактабларини ҳам тез-тез ташкиллаштириш зарур: зеро тенгдошлар билан бўладиган мулоқотлар ва танишувлар чоғида яқинлашиш, умумий мақсад ва вазифаларни топиш ва тушуниб олиш мумкин бўлади.
Раҳматшо Маҳмадшоев (Тожикистон) биринчидан, халқаро ҳуқуққа қатъий амал қилган ҳолда ҳудудий-чегара муаммоларини ҳал этиш ҳамда сув манбаларидан биргарликда фойдаланиш зарур деб ҳисоблайди. Эксперт, шунингдек, визасиз хабарларни киритишни, солиқ ва божхона зиддиятларини бартараф этишни, биргаликда ҳарбий ва антитеррорчилик тузилмалари, бўлинмалар, гуруҳлар тузишни бошлашни тавсиф этади.
Сердар Ибрагимов (Туркманистон) ҳам минтақада миграция, сайёҳлик ва виза тартибларини енгиллаштиришни, ҳудудда нафақат инсонларнинг, балки, шунингдек, капитал, товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлашни, МО нинг барча мамлакатлари аҳолиси учун бир-бирларининг теле ва радио дастурларидан фойдаланиш имкониятини яратишни тавсия қилади.
Лайла Ахметова (Қозоғистон) муаммоларни муҳокама қилиш ёки аниқлашда фуқаролик жамияти, бизнес ва ОАВни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Аниқ бир муаммо муҳокамаси жараёнида барча манфаатдор томонлар фикрини ҳисобга олиш ва ахборий ошкораликни таъминлаш зарур. Бошқа вазифалар мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича ҳам ОАВ да, ҳам турли ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб бориш билан боғлиқ бўлиши лозим. Қабул қилинаётган чора-тадбирлар самарадорлиги юзасидан мунтазам олиб бориладиган мониторинг ва экспертлар баҳоси ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Қосимшо Искандаров (Тожикистон) ҳам МО мамлакатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари учун қандайдир формат ишлаб чиқишни ҳамда минтақанинг етакчи олимлари ва экспертларининг изчил учрашувлари ва доимий алоқаларини таъминлаш учун шароитлар яратиш кераклигини тавсия қилади. “Чунки профессионалларнинг айнан шу тоифасигина мавжуд муаммога баҳо бера олиши ва минтақа мамлакатлари раҳбарларига мазкур муаммоларни ҳал этиш йўллари бўйича таклифлар бериши мумкин”, — дейди эксперт. Бошқа давлатларни жалб қилмаган ҳолда, минтақадаги барча бешта мамлакатни бирлаштира оладиган Марказий Осиё минтақавий тузилмасини ташкил қилиш устида ҳам бош қотириш лозим. Ана шу тузилма Марказий Осиёдаги муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланиши керак.
Таалатбек Масадыков (Қирғизистон) Европа Иттифоқига ўхшаш Марказий Осиё иттифоқини тузишнинг имкони бор ва бу долзарбдир, деб ҳисоблайди. “Сиёсий ирода ё бўлади ёки бўлмайди. Давлатлар раҳбарлари XXI асрда глобаллашув замонида ўзаро мақбул чораларни топиши, келишган ҳолда иш тутиши лозим. Давлатлараро муносабатларда шахсий мақсадлар ёки хафагарчиликлар асосида қарорлар қабул қилишга интилиш — барчага зарар етказади”, — дейди эксперт. — “Марказий Осиёдаги икки мамлакат — Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг, уч мамлакат — Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг, тўртта мамлакат — ШҲТ (Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти), икки мамлакат на Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг, на Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аъзоси ҳисобланади ва битта мамлакат юқорида санаб ўтилган ташкилотларнинг ҳеч бирига кирмайди. Айнан Марказий Осиё иттифоқининг тузилиши минтақадаги муҳим масалаларни биргаликда ва янада самарали ҳал этиш, фақат йирик державалар кучига ишонмаслик ёки уларнинг салбий таъсирларидан қўрқмаслик имконини берган бўларди”.
Галим Агелеуов (Қозоғистон) чегара муносабатларини “демократлаштириш” ва фаол “халқ дипломатияси”нинг муҳимлигини кўрсатиб ўтади. Бу меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, МО мамлакатлари ичкарисида фуқаролик жамияти ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, минтақа олимлари, ҳуқуқни ҳимоя қилувчилари, журналистлари, блогерлари, фуқаролик жамияти фаоллари, ижод соҳасининг етакчи вакиллари ўртасида алмашинув ва муҳокама майдончасини ташкил этиш бўйича йирик гуманитар лойиҳалар амалга ошириш зарурлигини ўз ичига олади.
Назокат Қосимова (Ўзбекистон) МО давлатларининг бугунги иқтисодий аҳволи шу қадар хилма-хилки, эътиборни биринчи навбатда, энг паст даражага: саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо корхоналари, банклар ва бошқа хўжалик субъектларининг тўғридан-тўғри ўзаро ҳамкорлик қилишига ва бу жараёнда қўшма корхоналар ташкил этиш, кичик ва ўрта бизнесни, иқтисодий зоналарни ривожлантиришга қаратиш зарур, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, ички минтақавий иқтисодий ихтисослашувнинг янги шаклларини йўлга қўйиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, таълим соҳасида ҳам талабалар ва ўқитувчилар сафарбарлигини кучайтирувчи қўшма дастурлар, илмий-тадқиқот лойиҳалари зарур, деб ҳисоблайди эксперт. Буларнинг барчаси минтақавий муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини бир хил кўриш учун яхши имкониятдир.
Комрони Ҳидоятзода (Тожикистон) Марказий Осиё мамлакатлари минтақанинг нисбатан низоли ҳудуди ҳисобланган Фарғона водийсининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишлари зарур деган фикрда. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўзаро савдони ривожлантиришда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти ва уларнинг кўлами нисбатан юқори эканини ҳисобга олиши керак. Бу эса, товарлар, капитал ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши кучайтирилганда, минтақадаги бошқа мамлакатларнинг кичик ва ўрта бизнесини бутунлай йўқ қилиши мумкин. Масалан, яқинда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларнинг очилиши ва ўзаро савдонинг фаоллашуви Тожикистоннинг паррандачилик тармоғини сақлаб қолиш мақсадида республикага товуқ тухумининг олиб кирилишини таъқиқлашга олиб келди. Яъни, интеграциянинг, жумладан, ишлаб чиқариш қувватларини тақсимлашнинг босқичма-босқич тизимини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Марат Рахматуллаев (Ўзбекистон) маданий, илмий, таълим ва ахборот соҳасидаги алоқаларнинг узилиши чуқурлашиб бормоқда, деб ҳисоблайди. “Барча сиёсий ва бошқа келишмовчиликлар – бир-биримиздан узилганлигимиз оқибатидир”, деб ёзади у. Ахборий яккаланиш, нашриётлар, кутубхоналар, ўқув муассасалар ва илмий марказлар ўртасидаги алмашинувнинг мавжуд эмаслиги, тарихий фактларнинг ўз миллатлари ва халқлари фойдасига бузиб ва мағрурлик билан кўрсатиш, ўсиб келаётган ёш авлодни муайян шиорлар ва ўқув материаллари бўйича тарбиялаш – буларнинг бари бунёдкорлик омилининг ролини сезиларли даражада туширмоқда. Ахборий яккалик маданий ривожланиш суръатининг сусайиши ва радикал ғояларнинг кириб келиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Шу боис, мамлакатларимиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш орқали маданий, илмий, таълим соҳаларида ҳамкорликдаги фаолиятни янада кучайтириш, ахборот-кутубхона муассасаларининг яқин ҳамкорлигини ривожлатириш, илмий ва таълим лойиҳалари, халқаро анжуманлар, семинар ва давра суҳбатларига кўпроқ эътибор қаратиш зарур.
Шерали Ризоён (Тожикистон) ҳам Марказий Осиё мамлакатлари томонидан таклиф этилган минтақавий тадқиқотларнинг йўқлигини қайд этади. Бунинг учун минтақадаги барча давлатларнинг миллий манфаатларини яқинлаштириш ва “бирлаштириш” орқали жиддий тадқиқотлар ўтказиш, Марказий Осиёнинг узоқ муддатли манфаатлари бўйича матрица тайёрлашни тавсия этади. Шу билан бирга, аҳоли кайфияти ва орзу-умидларини билиш, ривожланиш йўлидаги устувор вазифаларни аниқлаш, тегишли маҳаллий муаммоларни ҳал этиш йўлларини топиш мақсадида минтақа мамлакатлари тарихшунослигида афсоналар яратишга ва низоларга қарши курашиш, минтақа мамлакатларида ҳамкорликда тадқиқотларини ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Арсен Сарсеков (Қозоғистон)нинг фикрича, МО давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар бўйича кўп муаммолар уларнинг бир-бирларидан хабарсизликлари билан боғлиқ. Бу ривожланишга бўлган турлича ёндашуларни келтириб чиқармоқда. Сарсеков шундай мисол келтиради – Қозоғистонда “Таблиғи Джамаат” ислом ҳаракати таъқиқланган. Қирғизистонда эса бу ҳаракат катта обрўга эга. Шу боис ҳам, эксперт, энг аввало, МО давлатларининг ахборий маконини бирлаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Ягона ахборот майдони шакллантирилса, бу ўз навбатида, интернет ва ОАВ фойдаланувчиларини бирлаштиради: ахборот интеграцияси, амалий интегрпацияга ўтади. Яъни, минтақа мамлакатлари аҳолисининг ўзаро ҳамкорлиги қанча фаол ва кучли бўлса, маълум жисмоний шахслар даражасида норасмий, дўстона, қариндошлик, иқтисодий алоқалар ҳам шунга монанд шаклланиб боради.
Рафаэль Сатторов (Ўзбекистон) минтақадаги ўзаро муносабатларни “қайтадан бошлаш” учун: “аниқ ғояларга асосланган эгилувчанлик ва прагматизмни ҳаётга тадбиқ этиш, аҳмоқона сиёсатдан бош тортиш ва келажакка назар ташлаш”ни, шунингдек, ўрта ва кичик лойиҳалар бўйича ишлаш имконини берадиган “вазминлик”сиёсатини юритиш кераклигини тавсия этади.
Комрон Раҳимов (Тожикистон) ўз халқини севувчи, оддий инсонлар, мамлакатлар ва бутун минтақа ҳаётини яхшилашга ҳаракат қиладиган саводли, ақлли ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлашдек тўғри кадрлар сиёсатини юритишни тавсия қилади.
Лойиҳа ҳақида
“Марказий Евроосиё” лойиҳаси 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, у экспертлар ва экспертлар ҳақидаги лойиҳадир. Навбатдаги виртуал мунозара “Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиши ва уларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиши йўлидаги асосий муаммолар ва уларни ҳал қилишнинг самарали йўллари” мавзусига бағишланади. Унда минтақанинг бешта мамлакати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон)даги экспертлар ва таҳлилчилар, жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этади.