Муаллиф: Руслан Изимов
Ушбу интервюда Руслан Изимов қозоғистонлик эксперт Жумабек Сарабеков билан нима сабабдан сўнгги пайтларда Марказий Осиёдаги минтақавий кооперация тўхтаб қолгани сабабларини муҳокама қилади. Ташқи ноқулай муҳит Марказий Осиё мамлакатларини минтақада қалинроқ интеграциялашувига туртки бериши мумкинми? Коллектив хавфсизлик бўйича ўз тизимимиз бўлиши керакми?
Жумабек Сарабеков – халқаро муносабатлар бўйича эксперт.
Марказий Осиё мамлакатлари 2016 йилдан бошлаб минтақавий кооперацияни фаоллаштиришнинг энг янги босқичини бошлади, унда онгли тарзда иқтисодий кооперацияга асосий эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда янги прагматик раҳбарларнинг ҳокимиятга келиши, Хитой ёрдамида янги транспорт маршрутлари очилиши, маданий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилиши мамлакатлар ушбу босқични самарали босиб ўтишига ёрдам берадигандай туюлган эди. Мутахассислар ҳатто “Остона – Тошкент ўқи” ёки тўлақонли Марказий Осиё тикланиши сингари кооперациянинг янги шаклларини илгари ҳам сурди.
Бир тарафдан, Россия билан Ғарбнинг, бошқа тарафдан эса Хитой билан Ғарбнинг муносабатлари изчил тарзда ёмонлашиб боруви Марказий Осиё мамлакатларига минтақа ичидаги алоқалар ҳисобига ўз қарши салмоғини (противовес) яратишига туртки бериши керак эди. Бироқ кўплаб шарҳловчилар минтақавий кооперация тўхтаб қолганини айтмоқда. Олий даражадаги учрашувлар изчил ўтаётгани йўқ, муҳим ҳужжатлар имзоланмади, бутун постсовет макони Украинадаги уруш сабаб турли томонларга бўлиниб кетган пайтда қандайдир минтақавий бирдамлик кўзга ташланмаяпти.
Минтақа мамлакатларининг ташқи сиёсат кун тартибидан ташқари чегара, сувдан фойдаланиш, иқлим ўзгариши ва бошқа масалалар бўйича муаммолари ошиб-тошиб ётибди. Бу масалалар ўзаро кенгашилган ҳолда ҳал этиладими ёки яна чегараларда отилган ўқлар овозини эшитамизми? Ташқи ноқулай муҳит Марказий Осиё мамлакатлари қалинроқ интеграциялашувига туртки бериши мумкинми? Бизга ўз коллектив хавфсизлик тизимимиз керакми?
Бугун айни масалаларни биз билан қозоғистонлик эксперт Жумабек Сарабеков муҳокама қилади.
Биз бугун Марказий Осиёдаги интеграция ёки кооперация жараёнлари ҳақида гаплашсак, деган эдим. Ҳали Украинада уруш билан боғлиқ инқироз юз бермай туриб, узоқ йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатлари экспорт ва импорт маршрутларини ранг-баранглаштиришга интилиб келаётган эди. Энди экспортнинг энг асосий маршрутларидан бирида жиддий муаммолар юзага келгач, ушбу вазифанинг долзарблиги ошмоқда. Шу муносабат билан Қозоғистоннинг транспорт нуқтаи назаридан қандай муаммолари бор, қандай муқобиллар йўлларимиз мавжуд?
Қозоғистон ҳақида гапирадиган бўлсак, муаммо жуда кескин эканини қайд этиш жоиз, чунки биз шу пайтгача фойдаланиб келган асосий логистика артериялари айнан Россия орқали ўтади. Бу – биринчи навбатда энергетика ресурслари экспорти билан боғлиқ. Энергетика ресурсларимизнинг шимолий йўналишдаги 85 – 90 фоизи, хусусан, нефт айнан Россия инфратузилмаси орқали узатилади. Каспий қувури консорциумидаги (КҚК) офат (авария) билан боғлиқ воқеаларни ва у Қозоғистонга қанча таъсир кўрсатганини жуда яхши биламиз. Бундан ташқари, биз Европага экспорт қилаётган газ ҳам тўлиқ “Газпром” инфратузилмаси орқали Европага бозорига етиб боряпти. Металлар ҳам Россия маршрутлари орқали экспорт қилинади. Фақат ғалламиз, асосан, Марказий Осиё мамлакатлари ва Эронга сотилади, яъни фақат шунинг экспорт йўналиши бошқа. Қолган, дейлик, асосий экспорт товарлари бўйича Россия дуч келаётган логистика билан боғлиқ қийинчиликлар биз тарафларда ҳам акс садо беряпти, чунки Россия маршрутининг фаол фойдаланувчилари сифатида ушбу сиқилишни биз ҳам ҳис қиляпмиз.
Юзага келган вазиятдан чиқишнинг муқобил йўллари борми? Биз ушбу вазиятда қандай чоралар кўришимиз мумкин?
Айни пайтда асосий муқобил сифатида ТМТМ, яъни Транскаспий халқаро траспорт маршрути салоҳиятини кенгайтириш бўйича ишлар фаоллаштирилмоқда. Лекин ушбу маршрутдан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётгани ва у яқинда ишга туширилгани бошоғриқ бўлиб турибди. Синов сифатида ишга тушириб кўрилди, контейнерлар ташилди, лекин нархи юк ташиш мултимодал бўлгани учун қиммат, биринчидан, бир неча турдаги юк ташишдан фойдаланилади. Ақтаугача ёки Қуриқ портигача юк қуруқлик орқали етказиб берилади, сўнгра кемаларга юкланиб, денгиз орқали Озарбайжонга ва ундан нари манзилларга қайта юкланиб элтилади. Шу сабаб бу маршрут орқали юк ташиш қиммат, қолаверса, у чет буюртмачилар учун нисбатан янги. Лекин шунга қарамай, менимча, бу – унча кўп бўлмаган муқобил йўллардан бири. Шу ўринда, биринчидан, ТМТМ коридори имкониятларини кенгайтириш вазифаси турибди. Иккинчидан, Қуриқ ва Ақтау портларимиз потенциалини кенгайтиришимиз зарур, чунки Ғарб билан Россия ўртасидаги ҳозирги ҳолат, яъни санкциялар уруши сақланиб қолса – сақланиб қолиш эҳтимоли кўпроқ – Россияни транспорт қамали қилиш кучая боради. Биз шу сабаб экспортимиз йўналишини ўзгартиришга олдиндан тайёр бўлишимиз керак. Учинчидан, Қозоғистон ҳукумати ушбу йўналишда иш олиб бормоқда. Улар Ақтау билан Қуриқ портлари атрофида терминаллар қуриш режаси борлигини ошкор қилди. Яна ҳукумат Туркия, Озарбайжон ва Грузия билан айни маршрут бўйича Бирлашган транспорт логистика компанияси (ОТЛК) тузиш ҳақида битим ҳам тузди, у Евроосиё иқтисоидй ититфоқи (ЕОИИ) ичидаги битимга ўхшаб кетади, яна Транскаспий маршрути иштирокчилари тузган битимни ҳам эсга туширади. Энди кўрайлик-чи, у қандай қилиб тўлиқ қувват билан ишлар экан ва бу маршрутга талаб қандай бўлар экан. Шимол йўналишидаги маршрутларга муқобил сифатида Каспий йўналишини тилга олиш мумкин.
Бундан ташқари, жануб йўналиши ҳам бор, албатта. Бу – ўша Хитой маршрути. Лекин у – бутунлай бошқа нарса, чунки ҳозир гап бу ерда шимол йўналишидаги транзит билан боғлиқ вазият ҳақида кетяпти.
Келинг, унда Европа интеграцияси истиқболлари ҳақида бироз гаплашамиз. Экспертлар ҳамжамиятида Евроосий макони сўнгги воқеалардан сўнг қайсидир тарзда бўлакларга бўлиниб кетди, бу мўлжалларимиз, олдинги алоқаларимиз, жумладан, транспорт, сиёсий ва маданий алоқаларнинг жуғрофий-сиёсий инқирози бўлиши мумкинлиги ҳақида баҳс-мунозаралар бўлмоқда. Сиз бундай нуқтаи назарга қандай қарайсиз? Чиндан ҳам шундай инқироз ҳақида гапириш мумкинми?
Умуман, Евроосиё интеграциясининг моддий тажассуми бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкил этилгандан бери санкциялар шароитида фаолият кўрсатиб келаётганини қайд этиш жоиз. Эсингизда бўлса, ЕОИИ 2014 йил майида ташкил топган ва ўша йили Қрим воқеалари юз берган ва Россияга қарши санкциялар жорий этилган эди. Ҳозир ҳам шундай, яъни бу ташкилот ташкил топгандан бери шундай ноқулай шароитга тушиб қолганди. Шунга қарамай, унинг фаолияти давом этмоқда. ЕОИИ шу билан барҳам топиши ёки фаолиятини давом эттириши ҳақида аниқ гапириш қийин, чунки иқтисодий иттифоқнинг янги воқеликка қанчалик мослаша олиши иштирокчиларга боғлиқ. ЕОИИ қисман мослашишга ҳаракат қилмоқда, чунки турли товарларга импорт божлари пасайтирилаётганини кўряпмиз. Сўнгги марта ўша божлар анча-мунча камайтирилгани маълум бўлди. ЕОИИ қайсидир тарзда мослашишга ҳаракат қилмоқда. Лекин шу билан бирга, бир қатор интеграция лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари, жумладан, энергия ресурслари учун ва бошқа умумий бозорлар яратиш узоқ муддатга чўзилиб кетиши мумкин, чунки санкцияларни ҳисобга олиш керак бўлади. Мабодо санкциялар бутунлай қамал қилиш кўринишини оладиган бўлса, Қозоғистон интеграция йўналишини кучайтиришдан олдин кўп бор ўйлаб кўриши зарур. Шунинг учун ҳамма нарса санкциялар бундан кейин қанчалик кескинлашувига боғлиқ. Иккинчидан, иш иқтисодий иттифоқ қанчалик эгилувчан ва ўз вақтида мушкулотларга мослаша олишига, учинчидан, Россия иқтисодиётидаги вазият қай тарзда ривожланишига боғлиқ.
Сўнги йилларда вужудга келган манзарадан келиб чиқиб, Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсат устуворликлари, умуман, қай тарзда ўзгариши мумкин? Балки минтақа мамлакатларини бирма-бир кўриб чиқармиз?
Мен мамлакатларимизни бир неча гуруҳга бўлмоқчиман. Гапни Туркманистондан бошлай қолайлик. Фикримча, бетарафлик ёки абадий бетарафлик сиёсати шундайлигича қолади, чунки яқинда ҳокимият алмашганига қарамай, мамлакатнинг на ички ва на ташқи сиёсатидаги йўналиш ва ривожланиш ўзгараётгани йўқ – буни кўриб ва кузатиб турибмиз. Хуллас, фақат Туркманистон бетарафлик мақомида қолади.
Кейин Қирғизистон билан Тожикистон бор. Бу мамлакатларнинг ташқи сармояларга қарамлиги ва ҳк. эътиборга олинса, уларнинг жуғрофий-сиёсий ўзгаришларга кўпроқ таъсирчан экани маълум бўлади. Албатта, улар учун вазият бироз ўзгариши мумкин. Аммо бу икки мамлакатни бутунлай нотаниш вазиятда қолиб кетади, деб бўлмайди, яъни улар учун Россия вектори кучайишини тахмин қилса бўлади. Шунга кўра, Ғарб вектори бироз жадаллигини йўқотиши ҳам мумкин. Лекин унгача ҳам, билишимча, сўнгги йилларда Ғарб Марказий Осиё билан қизиқмай қўйган эди. Бундан фақат бир ҳолат истисно – Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетаётган Европа ва АҚШдаги дўстларимиз Марказий Осиёда қандай воқеалар содир бўлаётгани ва ўша воқеалар қўшинлар олиб чиқиб кетилгандан сўнг қай тарзда ривожланаётгани билан яна қизиқиб қолди. Лекин кўриб турганимиздек, бу – яна вақтинча, шунинг учун, умуман олганда, Ғарбнинг Марказий Осиёга қизиқиши янги шароитда янада камайиб боради, чунки Россия ҳам, Хитой ҳам ушбу йўналишда аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда иш олиб боради. Яъниким, Қирғизистон билан Тожикистон учун Россия ва Хитой векторлари кучайиши мумкин.
Минтақа мамлакатларининг учинчи гуруҳига мансуб Қозоғистон билан Ўзбекистон бор, улар ҳеч қандай қийинчилик ва харажатларга қарамай, ўз тушунчаси бўйича максимал даражада кўп векторли сиёсат олиб боришга уринади. Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, расмий Тошкент айни вазиятда ўзини жуда ботартиб тутмоқда. Қозоғистон ҳам шундай, лекин унинг Россия билан алоқалари, жумладан, интеграцион алоқалари жуда қалин. Шунга қарамай, Қозоғистон кўп векторлилик анъанасини бузмаётганини, ҳам Ғарб, ҳам Россия билан мулоқотни сақлаб қола ётганини кўряпмиз. Бошқа тарафдан, кўп векторлиликнинг баҳоси ортиб бораётгани ҳам тушунарли. Аммо, назаримда, Тошкент ҳам, Остона ҳам бу йўлдан қайтмайди ва имконият бўлган максимал вақтга қадар айни шу кўп векторлилик мавқеини сақлаб қолади, чунки бунда, биринчи навбатда Қозоғистоннинг иқтисодий манфаати бор. Бизнинг Ғарб билан жуда кўп инвестиция лойиҳаларимиз бор, экспортимизнинг кўп қисми ўша томонга йўналтирилмоқда, шунинг учун, кўп векторлиликнинг сақланиб қолиш эҳтимоли катта.
Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, минтақаквий интеграцияни кучайтириш керак бўладими? Минтақа даражасидаги ўзаро яқинлашув бироз сустлашиб қолди. Сизнингча, имкониятлар ҳаддига етилдими? Айни пайтда қандай энг жиддий тўсиқлар мавжуд?
Интеграцияни ривожлантириш шарт экани шубҳасиз. Бу ҳар доим, Украинадаги урушдан олдин ҳам, сўнгги 30 йиллик даврда ҳам долзарб бўлиб келган. Лекин, афсуски, биз яна яхши бошлаган эдик бу ишни. Сўнгги марта 2019 йилда янги туртки берилди. Таассуфки, у узоқ давом этмади. Шу сабаб яна заиф динамикани кўриб турибмиз. Буни ҳам тушунтириб берса бўлади. Интеграция ҳақида бош қотиришга вақт бўлмаган пандемияни бошдан кечирдик, ҳар бир тараф максимал даражада жон сақлаш пайида бўлди. Бу ҳам тушунарли. Пандемия тугар-тугамас Украинадаги инқироз бошланди. Шунинг учун сўнгги йилларда ушбу йўналишда фаолликни кўрмаяпмиз.
Бу ҳам етмагандай, сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ичидаги вазият, айниқса, Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар кўнгилдагидек эмаслигини кузатяпмиз. Адашмаётган бўлсам, ҳалигача икки мамлакат ўртасидаги чегара билан боғлиқ вазият танглигича қолмоқда, вақти-вақти билан тўқнашувлар чиқиб турибди. Яқинда чегарада отишмалар бўлгани ҳақидаги хабарларни ўқидик. Унгача Бишкек билан Душанбе ўртасида вазият тўлиқ миқёсли урушга етиб боришига бир баҳя қолгани ҳам эсимизда. Шунинг учун Марказий Осиё бешлиги ўртасида умидсизлантирадиган жуда мураккаб муносабатлар сақланиб қолмоқда. Лекин шунга қарамай, биз Марказий Осиё интеграциясини давом эттиришимиз шарт. Бу барча иштирокчилар манфаатларига жавоб беради, қолаверса, иқтисодиёт нуқтаи назаридан ҳам барча иштирокчилар ютиши аниқ, яъни ҳамкорлик қилиш орқали юксакроқ иқтисодий кўрсаткичларга эришишимиз мумкин. Бу жуғрофий сиёсат нуқтаи назаридан ҳам фойдали бўлиши турган гап – биз бирга миллий манфаатларимизни яхшироқ ҳимоя қилишимиз мумкин. Хавфсизлик соҳасида ҳам фойдали жиҳатлар бор, чунки, дейлик, сув, иқлим ўзгариши масалалари сўнгги воқеалар сабаб орқага чекинди. Шунга қарамай, иқлим муаммоси ҳеч қаерга даф бўлгани йўқ. Тобора танқислашиб бораётган сув муаммоси ҳам йилдан-йилга кучаяверади. Интеграциясиз, бирга ишлашсиз бу муаммоларни ҳал этиб бўлмайди. Бунга ишончим комил. Лекин ҳозирча мақтанадиган ютуғимиз йўқ. Ҳа, савдо-сотиқ кўрсаткичлари тамойили ёмон эмас, ўзаро савдо-сотиқ, умуман, Марказий Осиёнинг ўзаро савдоси кўрсаткичлари ортиб бормоқда. Аммо сиёсий қадамларсиз, сиёсий иродасиз интеграциямиз фақат савдо-сотиқ билан чекланиб қолиши ҳам мумкин. Интеграциянинг қамрови – ундан катта. Шунинг учун мен, таассуфки, бирор ижобий фикр айтишим қийин. Балки бу ҳамма нарсага иккиланиб қараганим сабабли интеграция сари қадамларини кўрмаётганимдандир. Ҳарқалай, бу – шахсий фикрим.
Аслида муаммолар бор – бунга қўшиламан. Улар – сўнгги 30 йил давомида ҳал этилмай келаётган муаммолар. Лекин шу билан бирга, муайян олға силжиш бор эканини ҳам тушунамиз. Ўзингиз Марказий Осиёда интеграциясини жадаллаштириш 2018 йил Остонада бошланган эди деб айтдингиз. Сўнгги бир неча йил давомида, айниқса, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегарага оид баҳсларнинг аксарият қисмини ҳал этишга эришилди. Сув билан боғлиқ масалаларнинг бир қисми ҳам, улардан асосийси – Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидагиси ечила бошлади. Умуман олганда, тўғри қайд этиб ўтганингиздек, иқтисодиёт соҳасида ижобий динамика кузатилмоқда. Ҳаммамиз тушунадиган ва менга ёқадиган бир ибора бор: Марказий Осиё мамлакатлари интеграцияга маҳкум. Ҳа, шунинг учун истиқболга қарасак, барчамиз тушуниб, у ёки бу тарзда яқинлашсак, кооперация ва интеграцияга киришсак, қайсидир тарзда Марказий Осиёдаги интеграцияни институционаллашимиз (яъни ўзаро муносабатларни тартибга соладиган қонун-қоида, меъёрлар, уларни ҳаётга татбиқ қиладиган институтлар ташкил этиш) керак эмасми? Агар шундай қилиш керак бўлса, сиз уни нималарда кўрасиз? Масалан, 30 йил давомида минтақавий интеграция бўйича турли ташаббуслар таклиф этилди ва уларни амалга оширишга уринишлар бўлди. Лекин сиз ҳам қайд этганингиздек, улардан ҳеч қайсиси самара бермади. Айни чоқда биз бугун “Остона – Тошкент ўқи” сингари ташаббус ёки шакллар борлигини эслаб ўтдик. Бу ташаббуснинг “Вишеград тўртлиги” (ёки “Европа квартети”га Венгрия, Чехия, Полша ва Словакия киради, томонлар 2004 йилдан бери ушбу тузилма доирасида кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келади) сингари ўхшаши ҳам мавжуд. Айтинг-чи, бизга интеграциянинг ёки қалинроқ кооперациянинг қандай шакли кўпроқ мос келади?
Марказий Осиёдаги интеграцияни институционаллаш керакми ёки йўқми, деган биринчи саволга, сўзсиз, бу зарур, деб жавоб бераман, чунки институтлар ташкил этилиб, у ёки бу даражада ишлай бошласа, интеграция ҳам барқарорроқ ривожлана боради. Буни ҳатто аксиома ҳам деб аташ мумкин. Ушбу институтлар қандай шаклда, қандай кўринишда бўлиши – баҳсли масала. Бу масала бўйича Ўзбекистон бир неча марта, ҳали бунга эрта, деб айтди. Менимча, Туркманистон бу лойиҳани қўллаб-қувватлаши даргумон. Энди Қозоғистон олдида шерикларимизни интеграция институтлари зарурлигига кўндиришдай вазифа турибди. Бу ерда гап айнан қайси моделни танлаш ҳақида кетаётгани йўқ. Ишни кичикроқ нарсадан, масалан, Давлат раҳбарлари кенгаши – Маслаҳат кенгашидан бошлаш лозм бўлади. Бу институт бўлмай нима? Лекин кўриб турганимиздек, айни институт вақти-вақти билан, давлат раҳбарлари учрашганда ва ҳк. ҳолларда ишлаяпти, холос. Алашмасам, Тошкентда Марказий Осиё институти ташкил этилди. У ташкил этилганини эшитдик, хўш, ундан кейин нима бўлади? Интеграция сезиларли бўлиши учун етакчиларнинг янги авлоди, жамиятдаги янги тўлқин пайдо бўлиши зарур. Мен бу билан айнан шу форматда интеграция амалга оширилиши керак демоқчи эмасман, интеграция институтларини фақат шу форматда ташкил этиш шарт эмас, бу ўзаро келишилган ҳолда ҳал этилади, буни коллегиялар ҳал этади.
Мушукнинг қанақа рангда бўлиши эмас, сичқон тутиши муҳим эмасми?
Ҳа, бу иборани ҳам ишлатса бўлади, ишни қандайдир кичик бир кенгаш ёки ҳукуматлараро комиссиядан бошлаш зарур. Муҳими, у ишлаши керак. Муҳими, реал сиёсий ирода бўлиши даркор, чунки бусиз исталган нарсани ташкил этиш мумкин, лекин у ҳеч қандай самара бермайди. Масалан, Вишеград тўртлиги ғояси бўлган. Бу ғоя неча йилдан бери бор. Ҳали мен талабалик вақтимда, яъни 2007 – 2010 йиллари у ҳақда гапирилар эди. Унинг янгилиги қолгани йўқ, лекин шу ҳолича ҳам долзарблигини сақлаб қолмоқда. Келинглар, G7 ёки G5 ни ташкил қилайлик, шунақа норасмий саммит, шунақа норасмий ташкилот бор. Исталган нарсани ташкил этиш мумкин, лекин энг муҳими, у ишлаши керак. Аммо ҳозирча шерикларимиз минтақавий интеграция масаласига биз каби назар ташлаётганини кўраётганимиз йўқ.
Мен бизни қандайдир инқироз бирлаштириши мумкин, деб тахмин қилишим мумкин. Афсуски, бу – бошланғич сценарий, биз бу ҳамкорликни фаол тарзда йўлга қўйишимиз керак бўлади. Сиз айганингиздек, истамаган тақдиримизда ҳам биз шунга маҳкуммиз. Келгусида бирлашишга мажбур бўламиз.
Жуда қизиқ фикр. Украинадаги инқироз бирлашишни бошлашимиз учун етарли буҳрон эмасми?
Саволингизни ўзингизга қайтараман. Нега Украина инқирози бизларни бирлаштириши шарт? Мен учун Марказий Осиёга нима таҳдид қилаётганини билиш қизиқ. Албатта, у ерда стратегик муаммолар, хатарлар бор. Лекин ҳар бир мамлакатнинг хатарлари бошқасиникидан фарқ қилади. Украинадаги воқеалар сабоғи Қозоғистон учун Тожикистон ёки Туркманистон чиқарадиган сабоқдан бутунлай фарқ қилади. Шунинг учун Украина инқирози аллақандай бирлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилишига ишонмайман. Бирлаштирувчи омил ундан кўра сув муаммолари бўлиши мумкин. Ҳақиқий сув танқислиги бошланса, бош уриб борадиган жойимиз қолмаса, ўзаро келишишимизга тўғри келади, чунки Украина инқирози Марказий Осиё мамлакатларига қаттиқ таъсир кўрсатди. Агар бизни Афғонистондаги инқироз бирлаштира олмаган бўлса… Ҳа, хавфсизликни таъминлаш маъносида мудофаа вазирликлари орқали мулоқотлар фаоллашди. Лекин буни интеграция, яъни унинг янги бурами ёки босқичи деб айтиш мумкинми? Афғон инқирозига келсак, ҳа, дастлаб Афғонистон ҳукумати тез орада йиқилади, толиблар Марказий Осиё чегарасини ёриб ўтади ёки диний экстремизм экспорт қилинади, қабилидаги таҳдидлар бўрттириб кўрсатилди. Бу таҳдидлар бўрттириб кўрсатилгани сабабли жамиятларда улкан қўрқув ҳукм сурди. Лекин биз минтақавий интеграция жиддий олға силжиганини кўрмадик. Шунинг учун айнан минтақадаги қандайдир воқеалар, энг аввало, сув ўша бирлаштирувчи сабабга айланади, деб ўйлайман.
Марказий Осиёдаги қалин кооперация ҳақида яна гапни жиндай давом эттирсак, назаримда, яна бир долзарб савол туғилади: биз минтақада коллектив хавфсизликнинг янги тизимини яратишимиз керакми? Бундай гап-сўз анчадан бери юрган эди, айниқса, Украинадаги вазият оғирлашган пайтда тез-тез тилга олинадиган бўлди, чунки у ҳеч бир блокка ёки ҳарбий-сиёсий иттифоққа қўшилмаган давлат эди. Бошқа тарафдан, сиз эслаб ўтганингиздек, минтақада ҳали ҳал этилмаган жуда кўп ички, минтақа ичидаги муаммолар талайгина ва улар коллектив хавфсизлик даражасига чиқишга халал беради, лекин шунга қарамай… Сиз нима деб ўйлайсиз?
Ҳа, хавфсизлик масалалари бўйича минтақавий мулоқот албатта зарур, чунки наркотрафик, диний экстремизмга қарши курашдан бошлаб сув масалалари, иқлим ўзгариши масалалар қадар бирга ишлаш учун сабаб ҳам, мавзулар ҳам кўп. Хуллас, муаммолар ошиб-тошиб ётибди. Шулардан бири чегара билан боғлиқ. Таассуфки, сиёсатчилар уни еча олмаяпти. Қирғизистон ва Тожикистонга оид ҳолатда иккала томон ҳам популизмга йўл қўйганини кўряпмиз: музокарачилар қандайдир натижага яқинлашиб, муаммоларни ҳал этиш бўйича механизм ҳам ишлаб чиқмоқда, лекин орадан кўп ўтмай воқеалар, тўқнашувлар содир бўляпти. Оқибатда ишлаб чиқилган механизм долзарблигини, қилинган иш эса қийматини йўқотмоқда. Шунинг учун хавфсизлик масаласида ҳам, иқтисодиёт масаласида ҳам, гуманитар ҳамкорлик масаласида ҳам ишлар қалашиб ётибди. Ғоя сифатидаги мулоқот истиқболлидир. У, шубҳасиз, керак. У йўлга қўйилишини жуда-жуда истаймиз. Лекин ҳаддан зиёд некбин бўлиш ҳам ярамайди. Ҳозир замон жуда реалистик бўлишга, воқеа-ҳодисларга реалистик қарашга мажбур қилмоқда. Давримиз руҳи шунақа.
Гапингизга қўшиламан. Биласизми, Марказий Осиёдаги коллектив хавфсизликка оид савол йўқ жойдан пайдо бўлгани йўқ. Олдинги суҳбатларимиздан бирида ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ҳамкасблар билан Қозоғистонда январ ойида юз берган воқеаларни муҳокама қилган эдик. Ўша пайтда улар бир қизиқ саволни ўртага қўйганди: нима учун Қозоғистон ёрдам сўраб, Ўзбекистонга мурожаат қилмади? Маълум бўлишича, бундай вазиятларда ҳарбий ёки ҳарбий-техник ёрдам кўрсатишга асос бўладиган на қандайдир ташкилот ва на икки томонлама битим бор экан. Яъниким, Қозоғистоннинг ёрдам сўраб фақат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилиш имконияти бўлган, чунки ўша ташкилот доирасида муайян шартномалар ва битимларга қўл қўйилган.
Жумабек, келинг, суҳбатимизга якун ясаш баробарида истиқболга қарашга уриниб кўрамиз. Марказий Осиёни яқин келгусида нималар кутяпти?
Жуда яхши савол бердингиз. Назаримда, яқин йилларда Ўзбекистон билан Қозоғистон тандеми интеграция локомотиви бўлади. Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан муносабатларида сўнгги йилларда чиндан ҳам яхши динамика, тузук тамойил кўзга ташланмоқда. Ҳам иқтисодиёт, ҳам сиёсат, ҳам хавфсизлик соҳасида ёриб ўтиш ҳам – бу иборанинг яхши маъносида – бўляпти, деб айтиш мумкин. Билишимча, ушбу тандем интеграция локомотиви бўлиб қолади, бу – яхши, чунки интеграцияга тайёргарлик, иқтисодий потенциал, демография, қуролли кучлар масаласида улар минтақанинг 2 та кучли давлатидир. Бу интеграцияга интилишларга қувват бахш этади. Илк башорат – шу. Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг алоқалари қанчалик муваффақиятли ривожланса, бу минтақавий интеграция учун шунча фойдали бўлади. Сиз кўрсатиб ўтган жараёнлар, хусусан, ташқи вазиятнинг ёмонлашуви, менимча, ўзбек ва қозоқ элиталарининг кооперацион кайфиятини кучайтиради. Бу – сўзсиз.
Иккинчидан, кўп нарса чегара муаммолари қанчалик тез ҳал этилиши ёки тартибга солинишига боғлиқ, чунки яна интеграция билан боғлиқ ишлар жонланса яхши бўлади. Биз баёнот берамиз, қандайдир келишувларга қўл қўямиз, лекин сўнгра чегаралардаги вазият кескинлашиб, ўша импулс йўқолиб қолаверади. Шунинг учун Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон бу ишни қанча тезлатса, шунча яхши. Бу ишни икки томонлама асосда тезлаштириш, тартибга солиш муҳим, чунки шу ҳолатдагина интеграция уйғун ва ҳеч бир тўсиқларсиз олға силжийди.
Кейин ташқи муҳит ва Афғонистондаги вазият бор, яна Россиядаги, ушбу мамлакат иқтисодиётидаги вазият ҳам, назаримда, Марказий Осиё кун тартибида турган масалаларга бевосита таъсир кўрсатади. Агар Россия иқтисодиётидаги инқирозли вазият узоқ вақт сақланиб қолса, Марказий Осиёдан бориб, ўша ерда ишлаётган мигрантлар тақдири нима бўлади? Марказий Осиёнинг ўзидаги ички вазият қандай ривожланиши ҳам саволлигича қолмоқда, чунки айнан миграция, мигрантлар иш кучини экспорт қилиш борасида муаммолар вужудга келиши мумкин.
Ҳар бир мамлакатдаги ички сиёсий ўзгаришлар ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерлардаги вазиятни диққат билан кузатиб бориш керак бўлади. Ўзбекистон билан Қозоғистондаги вазият аниқ. Лекин Тожикистонда ҳокимият алмашуви қай тарзда юз беради? Бу – яқин истиқболдаги энг муҳим масалалардан бири. Қирғизистонда нима бўлади, чунки бу мамлакатда сиёсий воқеалар, ўзгаришлар бошқа қўшниларимиз билан солиштирганда, икки карра тез содир бўлади. Шунинг учун Душанбе ва Бишкекдаги ички сиёсий воқеалар динамикасини кузатиб бориш жуда муҳим. Фикримча, Туркманистон ҳар доим сирли қўшни сифатида қолаверади. У ерда нималар бўлаётганидан ҳамиша ҳам бохабар эмасмиз. Лекин биз учун мамлакатда ички сиёсий тинчлик ва барқарорлик сақланиб қолиши муҳим. Мен минтақамиз келажагини барпо қиладиган муайян сценарийни эмас, муайян тамойилларни шундай тавсифлаган бўлар эдим.