Муаллиф: Нурлан Кабдилхақ
(Devin DeWeese. Islam and the Legacy of Sovietology: A Review Essay on Yaacov Roi’s Islam in the Soviet Union, Journal of Islamic Studies, #13:3, 2002)
Марказий Осиё тарихи бўйича энг обрўли мутахассислардан бири Девин ДеВиз бир неча аҳамиятга молик мақолаларини минтақани ўрганишдаги эскирган методология принципларини танқид қилишга бағишлади. У 2002 йилдаёқ “Иcлом дини ва советология мероси” (“Islam and the Legacy of Sovietology”) мақоласини ёзиб, унда собиқ СССР ҳудудида мусулмонларни тадқиқ қилишнинг советология мактаби муаммоларини таҳлил қилади. ДеВиз дастлаб бу мақолани исроиллик тарихчи Яков Роининг “Совет Иттифоқида ислом дини” (Islam in the Soviet Union, Columbia University Press, 2000) китобига тақриз сифатида ёзишни ўйлаган эди. Бироқ иш жараёнида ушбу тадқиқот жиҳатидан ҳам, ёзилаётган нарсанинг мазмуни жиҳатидан ҳам оддий тақриз чегараларидан чиқиб кетди, вақт ўтиши билан Евроосиё ҳудудидаги мусулмонлар тарихи бўйича энг муҳим рисолалардан бирига айланди. Унда “Советология исломшунослиги” (“Sovietological Islamology”) сифатида машҳур бўлган илмий анъана танқидий қайта кўриб чиқилади. ДеВиз ўз илмий ишида зикр этилган анъананинг асосий манбашунослик ва методологик муаммоларини муҳокама қилади, афсуски, ўша хатолар ҳозирги кунга қадар собиқ Совет Иттифоқи мусулмонлари ҳақидаги кўплаб мақолаларда такрорланмоқда.
Советология исломшунослигининг Марказий Осиё ва Волга–Урал минтақалари, Ғарбий Сибир, Озарбайжон ва Шимолий Кавказда ислом дини тараққиётига кўрсатган таъсирини қайта мулоҳаза қилиб кўриш анъанаси илк марта Ғарб олимлари ўртасида пайдо бўлган эди. Советология исломшунослигининг муҳим хусусияти шу эдики, ушбу анъана доирасида ишлаган олимлар классик исломшуносликнинг (Islamic Studies) ишлаб чиқилган илмий усулларидан фойдаланишга интилмаган. Улар бунинг ўрнига оддий советологлар орасида жуда машҳур бўлган сиёсий муаммоларга асосий эътиборини қаратишни афзал билган. Советология исломшунослигининг энг машҳур намуналари Александр Беннигсен[1] ва талабаларининг чоп этилган илмий мақолалари бўлган. Айнан ўша ишлар ислом дини ва мусулмонларни совет контекстида ўрганиш асосларини яратиб берди. Беннигсен ўз илмий асарларида, биринчи навбатда, совет тизими ҳамда СССРнинг мусулмон халқлари ҳам мансуб бўлган совет “миллатлари” тарихи ҳақидаги билимларига таянди. Айни чоқда Беннигсен ва талабаларининг динлар тарихи ва мусулмонлар маданияти бўйича илмий тайёргарлиги бўлмаган.
Беннигсен тадқиқотларига методология билан боғлиқ муаммолардан ташқари манбашуносликка оид муаммолар ҳам хос бўлган. ДеВиз ёзишича, улар кўпинча нотўғри маълумотлар ва ишончсиз материалларга асосланган. Беннигсен Совет Иттифоқи мусулмонлари тарихини профессионал тарзда ўрганган илк олимлардан биридир, бу тарихга Россияни ҳамма нарсанинг маркази деб билувчи бошқа советологлар менсимай қараган. Шу маънода у мутлақ новатор бўлган. Аммо унинг илмий ишларидаги методологик хатолар ҳам кўзга ташланиб туради. Йирик муаммоларига қарамай, Беннигсеннинг илмий мақолалари собиқ СССРнинг мусулмон халқлари ва маданиятларини тушунишга катта таъсир кўрсатган ва шу пайтгача ҳам кўрсатиб келмоқда. Советология исломшуносларининг хулосалари бообрў фикр сифатида қабул қилинган ва камдан-кам ҳолларда танқидга учраган, уларни бошқа советологлар, шунингдек, ислом дунёсининг бошқа қисмларига ихтисослашган тадқиқотчилар ўзлаштирган.
Бундай ўзлаштиришлар натижасида Совет Иттифоқидаги ислом дини ва мусулмонлар ҳақидаги мунозаралар юзага чиқарган тадқиқотчилар бўлган, аммо улар илмий ўтмиши ва фанлар билан шуғулланиш йўналишига кўра дин ва унинг совет ҳаётидаги ролига оид жуда юзаки жиҳатларни ўрганган кишилар эди. ДеВиз фикрича, шунга ўхшаш ҳолат ҳозир ҳам юзага келмоқда, ҳозирги кунда ҳам Марказий Осиёдаги ислом динига совет мероси призмаси орқали қараш давом этмоқда. Дин тарихи ва унинг бугунги мақомини ўрганишга даъво қилаётган ёки постсовет воқелигидан келиб чиқиб ислом динининг келажагини башорат этишга уринаётган кўп сонли муаллифлар ҳатто диншуносликда (Religious Studies) ёки исломшуносликда (Islamic Studies) қабул қилинган стандартларга қараб мўлжал олишга ҳаракат ҳам қилмайди. Масалан, сиёсат, адабиёт ёки иқтисодиёт соҳасида Марказий Осиё бўйича экспертлар уялмай-нетмай “диний масала” ёки “ислом дини муаммоси” ҳақида гапириши ва ёзиши мумкин. Айни чоқда улар ислом динининг минтақадаги ролини тушуниш йўлида таҳлил ҳамда диний ҳаёт ёки тарихий билимларни қайта мулоҳаза қилиб кўриш учун ҳеч бир тайёргарликка эга эмас. Натижада собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида ислом дини ҳақидаги эълон қилинаётган илмий мақолалар зарур тарзда муҳокама қилинмайдиган мазмун ва атамаларни қўллашга оид муаммолар билан тўлиб-тошган
Яков Роининг 2000 йилда чоп қилинган зикр этилган “Ислом дини Совет Иттифоқида” (Islam in the Soviet Union) илмий асарини танқид қилиш мисолида Девин ДеВиз советология исломшунослиги жанрига хос бўлган бир неча муҳим муаммони ажратиб кўрсатади.
СССРдаги диний ҳаёт
Рои китобининг дастлабки бобларида СССРдаги диний сиёсатнинг, унинг тадқиқ қилинаётган, яъни Иккинчи жаҳон урушидан бошлаб то 1980-йиллар ўртасига қадар бўлган даврдаги тарихий ўзгаришларнинг қисқача баёнини келтиради. Совет Иттифоқидаги диний амалиётларни рўйхатга олинадиган (рухсат этилган ёки ҳатто маъқулланган) ва рўйхатга олинмагани учун давлат таъқиб қиладиганларга бўлар экан, муаллиф совет ватандошларининг диний мансублиги диний амалиётини акс эттириши шарт бўлган миқдорий маълумотларни келтиради. Бироқ муаллиф бу ўринда “исломий фаолият соҳаси” сингари муаммоли илмий тушунчаларга дуч келади, унинг таъкидлашича, бу соҳа давлат рўйхатидан ўтган ёки ўтмаган масжидлар, жамоатлар, дин пешволари, “дин фаоллари”, масжидга қатновчи қавм, шунингдек, “диндорлик ва диний амалиётлар даражаси” билан боғлиқ фаолиятни қамраб олади. Аслида совет ҳокимияти қўллаган (таассуфки, совет контекстидаги ислом динининг кўплаб тадқиқотчилари ўйламай-нетмай нусха олаётган) бундай атамалар ва тоифалар СССРдаги диний ҳаётни тушуниш ва таҳлил қилиш учун деярли ҳеч қандай маънони ифода қилмайди. Советларга хос динни тавсифлаш учун қўлланган “эътиқод” ва “эътиқод қилувчилар” сингари атамалар энг муаммоли атамалар ҳисобланади. Диншунос олимлар келган хулосага кўра, ушбу тушунчалар диний ҳаётнинг, айниқса, ислом динининг бор мураккабликларини қамраб олиши амри маҳол, ислом динида “ортопраксия” (яъни “тўғри” ахлоқий ва литургик – оммавий диний ибодат хулқ-атвори) анъанага кўра, доим “ортодоксия”дан (яъни муайян догмаларга / илоҳиётшунослик таълимотларига қатъий амал қилиш) устун турган.
Яна совет давлатининг ислом динига нисбатан қабул қилган бошқа атамалари муаммоси шундаки, кўплаб совет тоифалари ва ёндашувлари Рус православ черковини назарда тутиб ишлаб чиқилган ва улар ҳар доим ҳам ислом динини тавсифлашга мос келмайди. Масалан, маросимларни ўташ нуқтаи назаридан масжидни черков билан таққослаб бўлмайди. Мусулмон “дин пешвоси” билан христиан “руҳонийси”ни ибодат борасида таққослаб бўлмайди (назарий жиҳатдан мусулмон киши диний маросимларда ўзини ўзи таъминлай олади).
“Параллел ислом дини” ва диний билим билан боғлиқ муаммо
ДеВиз яна совет даврида “норасмий” ёки “параллел ислом дини” деб аталган нарсани тақид қилади. Рои ноқобиллиги ёки диннинг советча таҳлилидан бошқа нарсани ўқувчига таклиф қилишни истамагани сабаб санаб ўтилган тушунчаларга таянишни маъқул кўради. Китоб муаллифи Совет Иттифоқидаги диний ҳаётни “норасмий ёки параллел” деб атар экан, уни советларгача бўлган Россия империяси ёки чор Россияси Марказий Осиёни босиб олгунга қадар мавжуд бўлган “стандартлар” билан эмас, жуда тор атамалар билан таърифланадиган мавҳум “идеал ислом дини” билан солиштириш орқали ўлчашга уринади. Бундай “ислом дини” анъанавий ислом жамиятларининг кундалик диний ҳаётининг аксарият қисмини четга суриб қўядиган ва ёки бутунлай истисно қилади. Эҳтимол фақат Қуръони карим ёки ҳадисларнинг чекланган тўплами ёрдамида тартибга солинадиган бундай “идеал дунё” диний мутаассиблар афзал биладиган талабларга жавоб бериши мумкин, аммо ислом динини бундай тушуниш ҳеч қачон аксарият мусулмон маданиятларига хос бўлган эмас. Айни чоқда ислом динига бундай чекланган ҳолда назар солиш ислом дунёсининг “парчаланиши” ҳақидаги Европа мустамлакачилик дискурсининг бир бўлаги бўлган. Совет илмий амалиёти ҳам мана шу тезисни ўзлаштириб олган эди. Бироқ бундай фактлар диннинг замонавий тадқиқотчилари уни шу тарзда қабул қилишини оқлай олмайди.
Советология мактаби принципларига эргашиб, Рои диний ҳаёт таърифига совет олимлари ёндашувини ҳеч бир эътирозсиз қабул қилади. Бундай ёндашув асосида мусулмонларнинг анъанавий ҳаётини “ҳақиқий ислом” ва қолган бўлакларга бўлиш ётади, қолган бўлаклар “мажусийлик сарқитлари” ва “халқнинг ислом дини” сингари тоифаларга бўлиниб кетади. Бундай мантиқ билан иш кўриладиган бўлса, муқаддас жойларни зиёрат қилиш сингари мусулмон оламида кенг тарқалган диний амалиётлар “ноисломий” деб талқин этилиши мумкин.
Боз устига, Рои совет мусулмонларининг диний билимлари ҳақидаги советча иддаоларни ҳам ўзлаштириб олади. Масалан, у ёзишича, ҳатто совет даврида ҳам “Ўрта Осиёда диний маросимни адо этган кишилар бир неча дуоларни ўқий олишини айтмаса, ислом дини ҳақида жуда оз нарса билган” ва бу “чала билим” ҳам совет ҳокимияти ҳукмронлиги даврида янада камайиб кетган. Бундай иддаодан сўнг табиий савол туғилади: ким ислом дини ҳақидаги “билим”нинг эталони бўлиши мумкин? Қайд этиш жоизки, гўё мусулмонлар” нима қилаётганини ўзи билмайдиган” ва динининг таълимоти ва амалиётидан бехабар “жоҳиллиги” ғояси диннинг “бемаънилиги”ни кўрсатишга қаратилган советларнинг динга қарши сафсатаси мағзини ташкил қилган. Маҳаллий анъанавий билимларни советларча менсимаслик муносабатини такрорлар экан, Рои уни аллақандай мавҳум диний ақидаларга қарама-қарши қўяди. Масалан, у обрўли маҳаллий дин вакилаларини диний таълим ва раҳбарлик учун “малакасиз” деб атайди, унинг иддаосича, бундай обрўли аёллар “расмий тайёргарлик”ка эга эмас ва “ ўқитиш вақтида “ёдлаб олган ва маъносини тушунмайдиган дуолар ва расм-русумдан фойдаланади”.
Атамалар билан боғлиқ муаммолар ҳам Роининг “давлат рўйхатидан ўтмаган руҳонийлар” ҳақидаги мунозараси табиатини ифодалайди. Рои советология исломшунослигининг ўзидан олдин ўтган бошқа тадқиқотчилари сингари ушбу тоифага дин соҳасидаги мутахассислар ва амалиётчилар – давлат рўйхатидан ўтмаган масжидлар имомларидан тортиб, то ҳар хил табиблар, турли муқаддас жойлар сақловчилари, тумор сотувчилар ва турли уруғларнинг авлиёлари вакилларигача бўлган ҳамма-ҳаммани шу тоифага киритади. Айни тобда муаллиф улар ўртасидаги тафовутларни тушунтириб бермайди ва бу билан санаб ўтилган касб эгаларининг барчаси “руҳоний” деган исломий тоифага мос келишини назарда тутади. Рои ушбу диний соҳа мутахассисларига оид тафсилотларни ва уларнинг вазифаларини ҳеч қандай жиддий муҳокамага тортмайди.
Шу тариқа совет мусулмонлари маданиятидаги “муқаддас жойлар” муҳокамаси ҳам муаммоли бўлиб қолган. Китобнинг ушбу бобида биз яна ислом дини нима экани хусусидаги эксклюзивлик (аслликка даъво қилувчи) қараши билан тўқнаш келяпмиз. Рои қайд этишича, “авлиёларга сиғиниш Қуръонда белгилаб қўйилган асл исломга бегонадир”. Муқаддас жойларнинг мусулмонча феномени (фавқулодда ҳодисалиги) ҳақидаги умумий маълумот бериш мақсадида Рои мусулмонларга қарши совет ташвиқотининг буюк “оқсоқоли”Люциан Климович, шунингдек, бошқа динга қарши айрим совет муаллифларидан иқтибослар келтиради.
Рои тасаввуф муҳокамасига ўтар экан, бир тарафдан, муҳим архив маълумотларини келтиради, бошқа тарафдан эса, тасаввуф исломини тавсифлаш учун яна мутлақо мос бўлмаган концепция моделини қўллайди. ДеВиз тарихни бузиб кўрсатишдан ҳам хавотирли бўлган ҳолатлар сифатида тасаввуфни “муросасиз”, “мухолиф”, “экстремистик” ва ҳатто “душманона” ислом деб бот-бот такрорлайди. Рой бу ўринда ҳатто тасаввуф ҳақидаги бошланғич доктринал маълумот масаласида навбати билан гоҳ Ғарб советологлари, гоҳ советларнинг динга қарши мутахассисларига таяниб иш кўради. Масалан, у иддао қилишича, тасаввуф “авлиёларга сиғиниш”ни қўллаб-қувватлайди ва бу “Қуръони карим таълимотига тўғри келмайди”. Бу ерда яна ислом динининг совет талқинчилари таҳлили ҳеч бир танқидий қарашсиз такрорланади. Ўша талқинлар кўп асрлар давомида шаклланган муқаддас жойларни зиёрат қилишнинг бой анъанаси инкор қилади.
Диндорлик ва амалиёт: ислом дини кимга тегишли?
Рои “Ислом социологияси” бобида мусулмонлар диний амалиётининг оилавий ва жамоат шароитларини тадқиқ қилишга уриниб кўради.
У яна гўё диний амалиётлар асосини ташкил этувчи сабабларнинг советча таҳлилини такрорлайди. Роини Ўзбекистонда ўтказилган сўров натижаларидан иқтибос келтираётганда, ифода қилинган фикрнинг бемаънилиги ҳам шубҳага солмайди. Ўша сўровда айтилишича, гўё одамлар мусулмон расм-русумини “диний” ёки “диний бўлмаган” оммавий сабабларга кўра (масалан, “қариндошлар таъсири остида”, “одатга кўра” ёки “бошқа муқобил бўлмагани учун”) бажаради. Бундай иддаони ўқигандан кейин очиқ-ойдин савол туғилади: “дини” сабаб нима дегани? Масалан, у жаннатга тушиш ва жаҳаннам олдидаги қўрқувга асосланадими ёки бошқа ниятлар билан боғлиқми? Нима бўлганда ҳам, диндорликни бундай тушуниш ҳар қандай диннинг ижтимоий таркибини эътибордан соқит қилади. Бундай атамалардан фойдаланиш динга путур етказишга оид совет лойиҳасининг бир қисми бўлганини кўрсатади. У яна Совет Иттифоқида “диндорлик”ни аниқлаш масаласида асосий ҳакам давлат ва уни тамсил этган олимлар бўлганини эслатиб туради.
Ислом дини, давлат ва миллат
Китобнинг бир неча боби яна ислом дини билан боғлиқ миллий ўзига хосликлар ўртасидаги ўзаро муносабатларга бағишланган. Кўплаб тадқиқотчилар миллатчиликдаги “диний унсур”ни иккиламчи нарса сифатида қарашга мойил. Ҳатто гап диний мансублик ўтмишда жамоат ўзига хослигининг асосий кўрсаткич бўлганида эмас, балки жамоатнинг асосий ўзига хосликлари, жумладан, оилавий, маҳаллий ва ҳатто “этник” ва “миллий” ўзига хосликлар маъноси динга мурожаат қилмай туриб тушуниб бўлмайдиган атамаларда расмийлаштирилганидадир. Шу ўринда ДеВизнинг Islamization and Native Religion in the Golden Horde (“Олтин Ўрдадаги исломлаштириш ва маҳаллий дин”) деб аталган чуқур илмий асарини мисол тариқасида келтириш мумкин. Унда муаллиф “ўзбек” деб аталган жамоат атамасининг пайдо бўлиши ва унинг кейинги кимлиги Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида (1313–1341 йй.) ислом динининг қабул қилиниши ва тарқалиши билан боғлиқ эканини ишонарли тарзда кўрсатиб берган. XIV асрда “ўзбек” деб аталиш ўзини мусулмон динига мансуб деб билиш билан баробар бўлган.
Юзага келдган Советология исломшунослиги анъанасининг бош хусусияти унинг илмий жиҳатдан чегаралангани бўлган. Бироқ заиф жиҳатларига қарамай, ушбу мактаб доирасида ўтказилган илмий тадқиқотлар кўпинча “совет исломи”ни ўрганиш ва тушуниб олиш учун энг муҳим илмий асарлар сифатида қабул қилинган. Советология исломшунослиги совет исломи тавсифини ҳамма биладиган ва тушунарлироқ қилишга интилган ҳамда Совет Иттифоқининг мусулмонлар яшамайдиган қисмлари бўйича мутахассисларга ҳам, ислом дунёсининг ташқи дунёдан узилиб қолган совет мусулмонларининг тарихий тажрибасини қайта мулоҳаза қилишга уринган бошқа ҳудудларидаги мутахассисларга ҳам таъсир кўрсатган.
ДеВиз тадқиқоти дунё юзини кўргандан сўнг орадан 2 та ўн йиллик ўтиб, советология исломшунослиги таъсири йўқолиб кетаётганини қайд этишимиз мумкин. Бунда Евроосиё ҳудудида ислом динини ўрганишнинг асосий методологик ва манбашунослик муаммоларига бағишланган бир неча мақоласини эълон қилган муаллифнинг катта хизмати бор. Сўнгги бир неча йил мобайнида совет исломи ва совет мусулмонлари ҳақида янги муҳим тадқиқотлар пайдо бўлгани шундай ижобий тамойилнинг тасдиғидир[2].
[1] Девин ДеВиз советология исломшунослиги жанрига Рои ва Беннигсен тадқиқотларидан ташқари Шантал Лемерсйе-Келкеже, Элен Каррер д’Анкосс, Майкл Ривкин, Озода-Ойша Рорлих, Мария Беннигсен-Броксап ва Марта Брилл Олкотт сингари Европа ва Америка сиёсатшунослари ва тарихчилари муаллифлик қилган ўнлаб бошқа мақолаларни киритади.
[2] Масалан, қаранг: Eren Tasar, Soviet and Muslim (Oxford University Press, 2017); Allen Frank, Kazakh Muslims in the Red Army, 1939-1945 (Brill, 2022).