Сурат манбаси: ©North Wind Picture Archives/Alamy Stock Photo/Vostock photo
“Ўрдалар ва империялар” подкасти глобал тарих оқимида Марказий Осиёни ўрганишга бағишланган, унинг 1-эпизоди “Олтин Ўрда”, деб номланади.
Маълумки, Олтин Ўрда унга Чингизхоннинг невараси Боту асос солган дастлабки пайтларда мўғуллар империяси таркибида бўлган. Лекин таназзулга юз тутгач, ўрнида кўплаб туркий тилли хонликлар вужудга келди. Олтин Ўрданинг тарихий мероси Россия ва Ўзбекистон сингари мамлакатларда ҳозиргача ўрганилмоқда, аммо Қозоғистонда унга алоҳида эҳтибор қаратилмоқда. Қозоғистонлик тарихчи Канат Ўскенбай бошловчи Дамир Саттаров билан суҳбатда Олтин Ўрда тарихи ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.
Бошловчи Дамир Саттаров: Олтин Ўрда қачон ташкил топган ва Ботуни унинг асосчиси деб ҳисобласа бўладими?
Канат Ўскенбай: Қисқа қилиб айтадиган бўлсак,Олтин Ўрдаўрта асрлар Евроосиё ҳудудидаги энг йирик давлат эди. У XIII аср ўртасидан XV ўртасига қадар ҳукм сурди. Олтин Ўрда Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида – 1313 – 1341 йилларда энг қудратли давлат бўлган пайтда шарқда Иртиш дарёсидан тортиб, ғарбда Дунай ва Венгрия чегараларидан, Полшагача бўлган; жанубда қуйи Амударё билан Кавказдан тортиб, шимолда одам яшаса бўладиган жойлару Сибир тайгасига қадар ҳудудларни эгаллаган эди.
Олтин Ўрда қачон ташкил топган? Фикримча, ҳозир бу савол жуда долзарб, Олтин Ўрда қачон ташкил топганини айтиш осон эмас. Олтин Ўрда Чингизхон буюк мўғул империяси бир қисми, ягона мўғуллар империяси таркибидаги улус сифатида мўғуллар армиясининг 1219 – 1224 йилларда Ҳоразмшоҳ давлати ва Дашти Қипчоқдаги қипчоқларга қарши босқинчилик юришлари вақтида ташкил топган эди. Бу мўғуллар армиясининг Хоразмшоҳга, қипчоқларга қарши юриши бўлган. Ушбу юриш давомида Чингизхон армиясини иккига бўлган: асосий армияни ўзи бошқарган, алоҳида контингентга эса тўнғич ўғли Жўчи етакчилик қилган. Чингизхоннинг алоҳида контингентни бошқарган тўнғич ўғли Ўрта Сирдарёдан қуйи оқим бўйлаб йўналиш олиб, Жент, Барчкент (олдин Сиғанақ бўлган) каби бир неча шаҳарларни қўлга киритган. У ушбу шаҳарларни истило қилгандан сўнг Хоразмшоҳлар давлати пойтахти Урганч ёнида Чингизхоннинг бошқа ўғли Чиғатой қўшинларига бориб қўшилган ва Урганч қамали бошланган. 1221 йилда мўғуллар Хоразмшоҳлар давлати пойтахти Урганч шаҳрини босиб олгандан сўнг Жўчи ўша ердан шимолдаги қипчоқ даштлари сари йўл олган, деб тахмин қилишимизга асос бор. Мантиққа кўра, уни ўша ёққа отаси Чингизхон қўшни ҳудудларни босиб олиш, қипчоқларни бўйсундиришни давом эттириш учун жўнатган, дейиш мантиқан тўғри бўлади. Бироқ Жўчи ғарбда қипчоқларга қарши урушни давом эттириш ўрнига Иртиш дарёси бўйида ўз улусини жойлаштириш билан шуғулланган, деб ҳисоблаш ҳам мумкин. Шу тариқа, мен зикр этилганлардан келиб чиқиб, номзодлик диссертациямда, сўнгра монографиямда Жўчи улуси ёки Олтин Ўрда ташкил бўлишининг шартли санаси сифатида 1221 йилни олиш мумкин, деб тахмин қилганман. Лекин, масалан, машҳур россиялик тарихчи Вадим Трепавлов Жўчи улусининг расман ташкил топган санаси ўлароқ 1224 йилни, яъни Чингизхоннинг Хоразмшоҳга қарши юриши тугаган йилни таклиф этган эди, шундан сўнг бўлиб ўтган қурултойда босиб олинган ерлар Чингизхоннинг ўғиллари улусларига бўлиб берилган. Бу – иккинчи сана.
Яна шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Жўчининг дастлабки улуслари ўрмон одамлари деб аталувчилар бўлган. Чингизхон 1207 йилдаёқ ўғли Жўчини ўрмон одамлари ерларини босиб олиш учун жўнатади, Жўчи эса қон тўкмай, ўша халқларни бўйсундиради. Шу тариқа, Чингизхон айни ерларни унга биринчи улуси сифатида ажратиб беради. Ўша дастлабки улус ҳудуди Иртиш дарёсига қадар чўзилган бўлиши мумкин. Расман 1207 йили, яъни Хоразмшоҳ салтанати томон юриш тугалланишидан 20 йил аввал Жўчи – у ўша пайтда 23 ёшда бўлган – ўз улусининг асосчиси деб ҳисобланиши мумкин эди. Бу – учинчи сана.
Бироқ ушбу ҳудуд мўғулларнинг шарқий Дашти Қипчоқдаги юришидан сўнг ушбу ҳудуд мўғул империясининг асосий юрти таркибида қолади ва Жўчи ҳозир Қозоғистон ҳудудига кўчиб ўтади ва у бу ерда янги улусини ташкил этганини ҳисобга олиш керак. Шартли қилиб айтганда, Жўчи улуси ташкил топганининг 2 – 3 санаси бор. Жўчининг ўлимидан сўнг – ҳозир у 1225 йилда ўлгани аниқланди – отаси Чингизхоннинг қарорига кўра, улусга Жўчининг иккинчи ўғли Боту раҳбарликни қўлига олди. У 1205 йилда туғилиб, 1256 йили вафот этган. Жўчининг ўлимидан сўнг Боту Жўчи улуси олий ҳукмдори бўлгани, лекин у отасининг Иртиш дарёси бўйидаги юртига ҳукмронлик қилмай, уни акаси Ўрдага қолдириб, ўзи қипчоқларнинг ғарбий қабилаларини бўйсундиргани ғарбга йўл олган. Боту 1235 – 36 йилларда Шарқий Европа рус князликлари ва шарқий Европа давлатларига қарши ғарб томон юриш қилганини биламиз. Ушбу ғарб сари юриш деб атаувчи амалиётлар вақтида Боту империя ерларини ғарб томон анча-мунча кенгайтирган ва моҳиятан Шарқий Европа даштларида ўз янги улусига асос солган ва биз уни, анъанага кўра, Олтин Ўрда деб атаймиз. Боту 1243 йилда Шарқий Европа ҳудуди истилосини тугатиб, Волгабўйига қайтиб келди. У Волга дарёси қирғоғини макон тутади ва ўша ерда янги давлатнинг сиёсий маркази барпо бўлади. Ботунинг хизматлари шундан иборат бўлиб, ўша ерда Олтин Ўрда асосини ёки марказини яратди.
Яна бир сана борки, буни ҳамма билса ҳам керак. 2019 йилдан бошлаб, Россияда, сўнгра Қозоғистонда Олтин Ўрданинг 750 йиллик юбилейи тез-тез тилга олинадиган бўлди. Бу – расмий сана. 750 йил санаси қаердан олинди? У Боту даврига тўғри келмайди. 750 йил олдин, 1269 йили “Талас қурултойи” деб ном олган тадбир бўлиб ўтган эди. Талас дарёси қирғоғи Қозоғистоннинг Жамбил қилояти ҳудуди ва Қирғизистоннинг Талас туманида жойлашган. Ушбу қурултойда бир неча мўғул шаҳзодаси тинчлик ва мустақил бошқарув тўғрисида келишиб олади. Ўша пайтда Олтин Ўрда хони Ботунинг невараси ва илк марта “хон” унвонига сазовор бўлган ҳукмдор Мангу Темур эди. У 1267 йилдан 1282 йилга қадар ҳукмронлик қилган. У ҳукмдорлик қилган вақтда 1269 йили ўша қурултой бўлиб ўтган ва гўё ўшанда Олтин Ўрда мустақил бўлган эди, шунинг учун бугун ҳаммамиз Олтин Ўрда давлатининг мустақиллиги ҳақида гапиряпмиз. Аммо биз фақат айрим тарихчиларнинг гапига таяниб, Олтин Ўрда ўша қурултойдан сўнг мустақил бўлган эди, деб айтамиз, ваҳоланки, у олдин ҳам мустақил бўлган. Айрим тарихчилар, нумизматлар 1269 йилдан олдин ҳам Мангу Темурнинг зарб этилган тангаларини ва ўзини хон деб атаганини мисол қилиб келтиради. Ундан олдинги Олтин Ўрда ҳукмдорлари ўзини хон деб атамаган. Улар хон бўлмаган, фақат Мангу Темур биринчи бўлиб ўзини хон деб атай бошлаган. Шунга кўра, тарихчилар, токи у ўзини хон деб атаган экан, демак, мустақил Олтин Ўрданинг биринчи ҳукмдори ва асосчиси бўлган, демоқда.
Дамир Саттаров: Келинг, Боту шахсига қайтамиз. У Чингизхоннинг невараси ва қайсидир ўринларда унга ҳаммадан кўпроқ ўхшаш бўлган. Боту қандай ҳукмдор бўлган? У қандай ҳарбий ютуқларга эришган?
Канат Ўскенбай: Ботуга берилган таърифларда у кейинчалик қандай аталгани қизиқ. Мўғул хонлари ўлгандан сўнг уларга ўлимидан сўнг унвон бериш расм бўлган. Жўчининг тўнғич ўғли Ўрданинг ўлимидан сўнгги унвони Эженхон, яъни “ҳукмдор хон”, Ботунинг ўлимидан сўнгги унвони эса Сайинхон (“меҳрибон хон”) бўлган. Бу бежиз эмас, Боту кўп ишларни қилган, ҳамма унинг ўзга юртларни эгаллашдаги юришларини, янги ерларни қўшиб олиш, империя мулкини кўпайтириш ва ҳк.даги аҳамиятини яхши билади. Боту ғарбга юриш вақтида мўғул қўшинларининг бош қўмондони бўлишига тўнғич фарзанд экани сабаб бўлган эмас, Угедей айнан унга Чингизхоннинг барча авлодлари ичидаги обрў-эътиборини, таъсирини, саркардалик қобилиятини ҳисобга олиб, мўғул армиясини бошқаришни ишониб топширган. Ўша юриш вақтида нафақат Жўчийлар армияси, балки бутун бошли мўғул армияси, барча шаҳзодалар қатнашган ва барча хонларга Боту бошчилик қилган эди.
Мен ўтган йил охирида машҳур фин тарихчиси, доктор Роман Ҳауталанинг мақоласи чоп этилганига эътибор қаратмоқчиман. Ўша мақола рус князларининг мўғул империяси: мўғул хонлари саройига қатнаб турганига бағишланган. Ўша мақолада қозоғистонликлар учун қизиқ факт – Ботунинг қароргоҳи ва ўрдаси ҳақида маълумот бор. Биз ўша ўрдани Волгабўйида жойлашган деб тахмин қилар ва ҳисоблар эдик. Рус князлари мўғул хонлари саройига келганда, Волга дарёси бўйида фақат Ботунинг ўғли Сартак қолган, Олтин Ўрда асосчиси бўлган Боту эса рус князи Ярослав биринчи марта келган пайтда ҳозирги Қозоғистон ҳудудида, дастлаб ғарбий Қозоғистон ҳудудида (Волга дарёсидан шарқроқдаги) ҳозирги Атирау вилоятида бўлган. Сўнгра у ҳозирги Олма-Ота вилояти, Жануби-шарқий Қозоғистон, Жамбил вилояти, Еттисув ҳудудига кўчиб ўтган, яъни кўчманчилик қилиб юрган. Агар биз уни Олтин Ўрда давлати асосчиси ёки Олтин Ўрда ҳукмдори деб атайдиган бўлсак, у маълум вақт мобайнида ҳозирги Қозоғистон ҳудудида яшаб, кўчманчилик қилиб юрган деб айтишимиз мумкин. Бундан ташқари, Роман Ҳауталанинг ўша мақоласида мўғул хонлари саройига Европадан 2 та: шимолий ва жанубий маршрут бўлгани ва иккаласи ҳам замонавий Қозоғистон ҳудудидан, жанубий маршрут Сирдарё бўйидаги шаҳарлардан, шимолий маршрут эса даштдан ўтгани айтилади.
Дамир Саттаров: Олтин Ўрданинг гуллаб-яшнаши ҳақида гапириб берсангиз. Давлат қайси ҳукмдор вақтида бундай қудратга эришган ва у нима билан характерланади?
Канат Ўскенбай: Олтин Ўрта Ўзбекхон даврида гуллаб-яшнаган, деган умумий фикр мавжуд. У 1313 йилдан 1341 йилгача ҳукмдорлик қилган. Ўзбекхон, биринчидан, исломни Олтин Ўрданинг давлат дини қилган ва Олтин Ўрдада ислом бошқарувини ўрнатган. Олтин Ўртанинг янги пойтахти “Сарой ул-Жадид”, янги сарой қурилиши унинг номи билан боғланади. Олтин Ўрда пойтахтлари тарихи улкан ва жиддий илмий жумбоқдир, тарихчилар ҳозирги кунга қадар эски “Сарой ал-Маҳруса” (“Аллоҳ паноҳидаги сарой”) ва янги “Сарой ул-жадид” қаерда жойлашгани ҳақида мунозара қилиб келади. Бундан ташқари, Ўзбекхон савдо-сотиққа ҳам, албатта, катта эътибор берган. Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида Европа ва Осиё мамлакатлари билан савдо-сотиқ денгиз ва қуруқликдаги йўллар орқали ривожланган. Албатта, Қрим Олдин Ўрданинг муҳим савдо маркази, Венеция ва Генуя, италян ва рус каби колониялари бўлган. Олтин Ўрда айнан Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида фаоллик ва мислсиз куч-қудратга эга эди, унинг турли давлатлар билан ташқи сиёсий алоқалари кучайиб борган. Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида Олтин Ўрда чегаралари максимал даражада кенгайган.
Ҳар қандай кўчманчилар империясида бўлгани каби, Олтин Ўрда чегаралари айнан қайси ҳудудлардан ўтганини аниқ айтиш қийин, ҳар доим ҳам уларни аниқ чизиб бўлмайди. Биз фақат қайси ҳудудлар, қайси улуслар Олтин Ўрдага ёки Ўзбекхон давлатига қараганини айтишимиз мумкин, холос. Олтин Ўрданинг энг йирик улуси Волга дарёси атрофидаги марказий улус эди. Энг муҳим иқтисодий улус Хоразм бўлган. У Олтин Ўрданинг энг муҳим иқтисодий таркибий қисми ҳисобланган. Дашт минтақалари: Қора денгиз бўйидаги даштлар, ҳозирги Қозоғистон даштлари энг муҳим чорвачилик ресурслари: гўшт, жун, тери ва ҳк., яна давлатнинг асосини ташкил этувчи одамлар ва армияни етказиб берувчи эди.
Мен Олтин Ўрда таркибидаги Қозоғистон даштлари жуда жиддий ва муҳим масала эканини айтмоқчиман. Ўша даврдаги Қозоғистон тарихи, Олтин Ўрда таркибидаги Қозоғистон тарихи ҳақида истаган тақдиримизда ҳам узил-кесил бир гап айтиш қийин. Масалан, Иртиш ва Дунай дарёлари оралиғидаги Олтин Ўрда деган тушунча йўқ, у ҳар доим ҳам бутун бошли империя бўлмаган – турли даврларда ўзгариб борган. Масалан, мўғуллар империяси таркибида Жўчи улуси бўлган бўлса, у 2 та: ўнг ва чап қанотга бўлинган. Унинг ўнг қаноти бошида Боту, чап қаноти бошида эса укаси Ўрда турган. Ўша 2 та қанот ёки иккита улус негизида келгусида 2 та давлат: Олтин Ўрда ва Оқ Ўрда ташкил топган.
Дамир Саттаров: Олтин Ўрданинг ташқи сиёсати ҳақида гапириб берсангиз. Айниқса, унинг рус князликлари билан муносабатлари қизиқтиради. Вассаллик муносабатлари ёки бошқа стратегик қарашлар сабаб Олтин Ўрда хонлари учун шимолий йўналиш жанубийсидан муҳимроқ бўлган. Тўғрими?
Канат Ўскенбай: Олтин Ўрда тарихини ўрганишда асосий ишни рус ва совет олимлари қилган. Шунга кўра, айнан ўша тарихчилар Олтин Ўрда тарихини ўрганишда вектор йўналишини белгилаб берган ва албатта, рус ерлари билан Олтин Ўрда муносабатларини, унинг рус князликлари билан муносабатларини ўз нуқтаи назари, яъни Россия ёки рус халқи нуқтаи назаридан объектив тарзда ўрганган, шунинг учун ушбу муаммога устувор аҳамият берилган. Лекин бугун Олтин Ўрданинг рус князликларига нисбатан сиёсати қандайдир алоҳида, бўлакча ёки устувор бўлмаганини бемалол айтиш мумкин – бунақа бўлмаган. Рус князликлари Олтин Ўрданинг вассаллар сифатидаги бўлаги бўлган ёки рус улуси сифатида унинг таркибига қўшилган. Олтин Ўрда хони рус князларини лавозимига тайинлаган, кимларгадир княз унвонини берган. Москва князлари XIV асрга келиб эътиборга тушган ва кучайган.
Олтин Ўрдада ташқи сиёсат барча йўналишларда олиб борилган ва бу йўналишлардан қайси бири белгиловчи бўлганини айтиб бўлмайди. Лекин энг муҳим йўналиш албатта, савдо-сотиқ, Қрим ярим ороли орқали, Қора денгиз савдо йўллари орқали Европа – Ғарб билан савдо-сотиқ муҳим аҳамиятга эга бўлган. Албатта, бу жуда муҳим эди.
Дамир Саттаров: Айрим хонларнинг рус исмли фарзандлари бўлган, айрим рус князлари эса мўғулларга ўхшаб кийинган. Бу сиёсатчилар қанчалик қалин муносабат қилган? Улар муносабатларининг ўзига хосликлари нималардан иборат?
Канат Ўскенбай: Бошқа мамлакатлар, ҳудудлар билан туташ жойларда ҳар доим ўзаро кириб бориш, маданиятларнинг ўзаро таъсирлашуви бўлади, дейиш мумкин. Буни ҳамма билади ва ажабланарли жойи ҳам йўқ, сўнгра яна бир мисол эсимизда: Ўзбекхон 1313 йилда ҳокимиятга эришгач, исломни Олтин Ўрданинг давлат дини сифатида жорий қилади. Жуда кўп келиб чиқиши Чингизхонга бориб тақалмайдиган жўчийлар ва мўғул шаҳзодалари ислом динини қабул қилишдан бўйин товлайди. Кўпчилиги Ўзбекхоннинг қатағонларидан қочишга мажбур бўлади. Кўпчилиги рус князликлари ҳудудига қочиб ўтади. Ўзбекхоннинг исломлаштириш сиёсатидан норози Олтин Ўрда шаҳзодалари рус князликлари ҳудудига қочиб кетади. Ўша ерда ўтроқлашиб, рус исмлари, рус унвонларини қабул қилади, ерлар олиб, келгусида рус князларига айланади. Туркий ва татар тилларидан ўтган жуда кўп рус дворян фамилиялари борлигини биламиз. Бу – ҳамма биладиган факт.
Дамир Саттаров: Олтин Ўрданинг инқирози қачон бошланган ва бу нима билан боғлиқ? Ушбу давлат инқирози учун қайсидир хонни ажратиб кўрсатиш мумкинми ва у ким билан боғлиқ?
Канат Ўскенбай: Ҳар қандай империя, эртами-кечми, инқирозга юз тутади. Чингизхоннинг мўғуллар империяси уч авлод умри давомида мавжуд бўлиб, турли давлатларга бўлиниб кетган ва шундай давлатлардан бири Олтин Ўрда эди. Айтиб ўтганимдек, Олтин Ўрда ташкил этилиши даврида унинг келгусида икки бўлакка: Волга дарёси бўйидаги ерлар маркази бўлган Олтин Ўрда ва маркази Сиғанақда бўлган Оқ Ўрдага бўлиниб кетишини белгилаб берувчи воқеа юз беради. Бир қисмни Боту ва унинг авлодлари (ботуйлар) бошқаради. Шарқий Дашти Қипчоқ ҳудудидаги Сиғанақда Ўрда ва унинг авлодлари ҳукмронлик қилади. Мен уларни “ўрдийлар” деб атайман. Ушбу қулаш тарқалиб кетиш демакдир.
Иккинчи босқич. Олдинроқ айтиб ўтганимдек, Олтин Ўрда энг йирик улуслардан иборат бўлган ва 1357 йилда Жонибекнинг ўғли Бердибек ҳокимият тепасига келади. У отаси Жонибекни ўлдирган Ботунинг сўнгги авлоди ва хон сифатида тарихда қолади. У қисқа муддат – уч йил ҳукмронлик қилгандан сўнг Волга бўйича “Буюк саросима” (“Великая замятня”), яъни 1359 йилдан 1380 йилгача бўлган даврда ўзаро уруш юз беради. 20 йилда Олтин Ўрда тахтида 25 дан ошиқ хон алмашади. Ўша пайтда Олтин Ўрданинг таркибида бўлган улусларга бўлиниб кетиши дастлабки аломатлари юзага чиққан эди. Рус солномаларида ўша давр беҳуда “Буюк саросима” деб аталмаган.
Марказий улусда ҳокимият учун кураш бошланганда, ушбу вазиятдан фойдаланиб қолган турли улуслар ўз тангаларини зарб этшга киришади. 1366 йилда Муборакхўжа исми ўйилган тангаларини зарб эттиради, бу мустақил ҳукмдорнинг алоҳида ҳуқуқи эди. Унинг ортидан Ўрисхон ўз тангаларини зарб қилдирди, бу унинг Олтин Ўрдадан тўлиқ мустақил бўлганини англатар эди. Ўша пайтда Хоразмда ҳам тангаларни зарб қилиш бошланади. У ерда Қўнғирот сўфийлари ҳокимият тепасига келади, орадан кўп ўтмай, бошқа минтақалар ҳам ажралиб чиқади. Ўшанда Ўрисхон энг кўзга ташланган ёки энг ёрқин ҳукмдор бўлган бўлса ажаб эмас.
Дамир Саттаров: Ўрисхон, Мамай, Темур ва Тўхтамишнинг ўртасидаги зиддиятлар ҳақида гапириб берсангиз. Уларнинг манфаати нималардан иборат эди ва улар ўртасидаги зиддият қандай якун топди?
Канат Ўскенбай: Дастлаб Ўрисхон билан Тўхтамиш ўртасида можаро келиб чиқади, Тўхтамиш ҳам улусни бошқаришга ҳаққи борлигини айтиб, келгусида ҳокимиятни эгаллаб олади. У Темур ёрдамида Ўрисхонга қарши чиқади. Қисқаси – шу.
Ҳокимиятга эришган Тўхтамиш Волга бўйига бориб, Мамайга қарши чиқади. Мана шу барча тўқнашувларнинг кетма-кетлигидир. Мен ҳозирги Қозоғистон ҳудудида Ўрданинг ўз улуси шаклланиши ҳақида гапиряпман – Ўрда улуси ёки чап қанот негизида. Чап қанотдаги шаҳзодалар ерларида алоҳида давлат қарор топади. Айнан мана шу давлат келгусида Қозоқ хонлигининг дастлабки намунасига айланади. Ўрисхон 1361 йилда Отаси Чимтой ўлганидан сўнг ҳокимиятга келган. Ўртада қиётлар ва бошқа даъвогарлар билан кураш бўлади. Мен Муборакхўжа ўз тангасини зарб қилдирганини ва Ўрисхонга қарши бўлганини юқорида эслаб ўтдим.
Алал-оқибат Ўрисхон барча рақибларини енгади. Ҳозирги Қозоғистон ҳудуди ёки Дашти Қипчоқни – ўша пайтда бу ҳудуд шартли равишда шундай аталган – бирлаштириш жараёнида Муборакхўжани ҳайдаб солиб, мустақил ҳукмдорга айланади. Айни бирлаштириш даврида Ўрисхон Манғишлоққа келади, ўша ярим оролда темурий Тўйхўжа ўғли ҳукмдор эди. Тўйхўжа унга бўйсунмайди, унинг улуси Ўрисхон улусига қўшиб олинади, Тўйхўжа эса қатл этилади, унинг ўғли Тўхтамиш ёш бола бўлгани учун афв қилинади ва Ўрисхон саройида яшайди. Сўнгра бу йигит вақт ўтиши билан ўсиб, мустақил ҳукмдор бўлгиси келиб қолади. Афтидан, унга қабила-уруғига мансуб атрофидаги кишилар таъсир кўрсатган, Тўхтамиш тарафдорларини йиғиб, Ўрта Осиёдаги Мовароуннаҳр ҳукмдори Темурнинг олдига қочади. Жўчи улуси Жанубий Қозоғистондаги чўл минтақасида, Чиғатой улуси эса замонавий Ўзбекистон, Тоджикистон, Туркманистон ва Шарқий Туркистонда вужудга келгани ёдимизда. 1360-йилларда Чиғатой улуси ҳам икки бўлакка: Дашт Мўғулистони ва ўтроқ Мовароуннаҳрга бўлиниб кетади, ўша ерда барлос уруғидан бўлган Темур ҳокимиятни эгаллайди. У Олтин Ўрдада иттифоқчига эга бўлиш учун Тўхтамишни танлайди, унга қўшинлар бериб, хон бўлиши ва Ўрисхондан тахтни тортиб олиш учун жўнатади. Тўхтамиш тўрт марта юриш қилади ва тўрт марта ҳам Ўрисхоннинг ўғиллари Қутлуғ Бўға ўғлон, Тўхтақияхондан, Ўрисхондан Темирмаликдан мағлубиятга учрайди. Тўқнашувлардан бирида Ўрисхоннинг ўғли Қутлуғ Буға ҳалок бўлади. Пировардида Ўрисхон Темурга қўзғолончи Тўхтамишхонни ўзига топшириш талаб битилган хат юборади. Темур уни бермайди ёки юбораман деб ишонтириб, махфий тарзда қўшин тўплаб, Ўрисхонга қарши юриш қилади. 2 та қўшин 1376 йили Жанубий Қозоғистондаги ҳозирги Ўтрор – қадимги шаҳар ўрнида тўқнашиши керак эди. Лекин ўрта асрлар тарихчилари ёзишича, ўша пайтда қишда кучли бўрон туриб, ер балчиқ билан қопланиб, ёмғир ёғиб, ҳарбий ҳаракатларнинг имкони бўлмай қолган. Лекин шунга қарамай, ҳарбий тўқнашувлар юз беради ва Темур мағлубиятга учрайди ва ўша мағлубиятини узоқ вақт эслаб юради, орадан 20 йил ўтгандан сўнг ҳам Тўхтамишга Ўрисхондан мағлуб бўлганини гапириб беради ва Тўхтамишга “сен ўша ерда буни эсдан чиқаргансан”, деб танбеҳ беради.
Шунга қарамай, асосий жанг бўлмайди, қўшинлар қишлашга ўтади ва қишда Ўрисхон тўсатдан вафот этади. Ҳокимиятга унинг ўғли Темурмалик чиқади. У бир марта Тўхтамиш қўшинларини тор-мор қилганига қарамай, ишларини ўз ҳолига ташлаб қўяди, шу сабаб Тўхтамиш Оқ Ўрда аъёнларининг бир қисмини ўз томонига ағдариб олади ва ҳокимиятга эришади. Ҳокимиятни эгаллагач, Темурмаликни қатл қилади ва Оқ Ўрда ҳукмдорига айланади. Шу тариқа у бу давлатнинг ресурсларини қўлга киритади ва ўша қўшинлар билан Волга бўйидаги ерларга юриш қилади. У ерлар амир Мамайнинг мулки эди. Амир Мамай Чингизхон авлодидан бўлмаган ва анъанага кўра, унинг олий хон тахтини эгаллашга ҳаққи йўқ эди. Фақат Чингизхон авлодлари хон бўлиши мумкинлигини биламиз. Мамай чингизий эмас, қиёт уруғидан эди.
Мамай Олтин Ўрданинг ғарбий қисмида – Қора денгиз бўйларида, Қримда – сохта хонларни тахтга ўтқазиш билан шуғулланган. Ҳамкасбим Роман Юлианович Почекаев ибораси билан айтганда, Мамай кўпчиликка подшоларни ясаш билан танилган. Мамай номи энг аввало Москва князлиги ҳукмдори Дмитрий Донскойнинг душмани сифатида ном қозонган. 1380 йилда қиёт амири Мамай бош бўлган Олтин Ўрда қўшинларига қарши Дмитрий Иванович жангга отланган, ўша жангдан сўнг у “Донской” лақабини олган. Мамай зикр этилган жангда бирлашган рус қўшинидан қақшатқич мағлубиятга учрайди. Ва бу жанг тарихда Куликово жанги сифатида қолади. Албатта, илгари совет тарихшунослигида Куликово майдонидаги жангга мўғул-татар истибдоди ёки Русдаги мўғул татар истибдоди деб аталган ҳукмронликни йўқ қилган воқеа сифатида катта эътибор, аҳамият берилган. Лекин жангнинг ўзи, албатта, яхши маълум эканига қарамай, унга оид манбалар жуда кам. У ҳақда қисқача сўзлаб бераман: Куликово жанги Олтин Ўрда билан рус князликлари ўртасида Россия Федерациясининг ҳозирги Тула вилояти ҳудудидан оқиб ўтадиган Дон ва Непрядва дарёлари бўйида бўлиб ўтган энг йирик жанглардан бири эди. Шунинг учун Дмитрий Иванович “Донской” унвонини қўлга киритади, чунки у Куликово майдонида, Дон дарёси бўйида Мамай қўшинларини енгган эди.
1380 йил 8 сентябрда юз берган жангда, биламизки, пистирмада турган рус қўшинлари полкининг жангга кириши ҳал қилувчи рол ўйнайди, улар, албатта, янги куч сифатида жанг тақдирини ҳал қилади. Тўлиқ мағлубиятга учраган Мамай янги қўшин тўплаб, Дмитрий Донскойга қарши жанг қилиш учун ўз мулки томон чекинади. Мамайнинг нафақат айрим рус князлари, балки Литва князи сингари иттифоқчилари бор эди. Дмитрий Донской ўша иттифоқчилар қўшинлари бирлашиши олдини олиб, жангга киради ва Мамайни тор-мор қилади. Иккинчи жанг бўлмайди, чунки ўша пайт Волга дарёси бўйича келган Тўхтамиш Мамайга қарши чиқаётган эди. Адабиётлардаги бот-бот қайд этилган факт бор: икки қўшин юзма-юз келгач, тўхтаб қолган ва ўша пайт Мамай қўшини, поэтик тил билан айтганда, отларидан тушиб, қонуний хон Тўхтамиш томонига ўтган, чунки уларга чингизийлар керак эди. Тўхтамиш ҳақиқий хон, Мамай эса хон тахтига чиқишга ҳаққи бўлмаган сохта хон бўлган. Шундай қилиб, қўшинидан айрилган Мамай Қримга қочишга мажбур бўлган ва ўша ерда уни душманлари ўлдирган. Тўхтамиш эса 1380 йили Олтин Ўрда тахтига ўтиради ва бепоён давлатнинг ягона ҳукмдорига айланади. Албатта, у Олтин Ўрда давлати бирлиги, Олдин Ўрда қудратини тиклашга уринади, бироқ Олтин Ўрда олдинги Олтин Ўрда эмас, вақт кетиб бўлган эди, Тўхтамишнинг ушбу давлатни бирлаштириш ва кучайтириш борасидаги барча уринишлари фақат унинг вақтинчалик кучайишига сабаб бўлади, холос.
У 1382 йилда Москвага кейинчалик машҳур бўлиб кетган юриш қилади ва шаҳарга ўт қўяди. Шундан сўнг у собиқ ҳомийси,Ўрта Осиё ҳукмдори Амир Темур ерларига босқинлар уюштиради ва унинг норозилигига сабаб бўлади. Темур Тўхтамишга қарши машҳур юришларини бошлайди. У 1391 йилда Кондурча дарёси бўйида Тўхтамишни тор-мор қилади, 1395 йили Терек дарёси бўйида Тўхтамиш бутунлай енгилади.
Темур 1395 йилдаги ғалабасидан сўнг саройда ҳукмдор қилиб Ўрисхоннинг ўғли Куйирчик ўғлонни қолдиради.
Ўрисхоннинг уч ўғли: Тўхтақия, Темурмалик ва Қутлуқ Буға ҳалок бўлгани ёки ўлганини биламиз. Улар тахминан бир вақтда ҳалок бўлади, лекин Куйирчик омон қолади, афтидан, қочган. У шарққа, Мўғулистон ҳудудидаги Кошғарга, у ёқдан эса Темурнинг олдига қочган бўлиши мумкин. Бир оз вақт от миниб эркин ҳаёт кечирган. 1395 йили Темур билан бирга даштга қайтади ва унинг кўмаги билан ўша йили Сарой ҳукмдорига айланади. Бироқ Темур кетгандан сўнг тахтдан ағдарилади ва тарафдорлари даштга қочади. Унинг ўғли Бароқ кейинчалик ўша даштнинг таниқли ҳукмдорига айланади, у қозоқ хони Жонибекнинг отаси бўлган. Бу даврнинг тахминий тарихи мана шундай.
Мамайга ва унинг рус князи Дмитрий Донской билан Куликово майдонидаги жангига қайтадиган бўлсак, натижада Мамайнинг Куликово майдонидаги ушбу мағлубиятидан ва Дмитрий Донскойнинг ғалабасидан Олтин Ўрданинг янги хони Тўхтамиш ютди, чунки заифлашиб қолган Мамай ўлдирилди, қўшинлари Тўхтамиш армиясига қўшиб олинди, заифлашб қолган рус қўшинининг ҳам Тўхтамишга қарши туришга мажоли қолмаган эди. Тўхтамиш 1382 йилда Москвани босиб олгач, рус князларидан ўлпон тўлаб туриш тиклашни талаб қилади, Дмитрий Донской ҳам шундай қилади, яъни яна 100 йил Москва князлари Олтин Ўрда хонларига ўлпон тўлашни Аҳматнинг Угра дарёси бўйидаги тўқнашувига қадар давом эттиради.
Дамир Саттаров: Олтин Ўрда инқирозида Темур қандай рол ўйнади?
Канат Ўскенбай: Темур 1405 йилда ўлган, у пайт Олтин Ўрда ҳали парчаланиб кетмаган эди.Албатта, у Олтин Ўрда парчаланиши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди, чунки эсимизда турганидек, Темур Тўхтамишдан кўп нарса кутган эди, у эса ҳокимиятга келиши билан ўз ҳомийсига қарши чиқади ва уруш бошлаб, дастлаб унинг шаҳри Самарқандга бостириб киради. Сўнгра Кавказ орқали Хоразмни эгаллаб, Темурга қарши коалиция тузади, унга қарши жанг қилиш учун мўғул ҳумдорлари билан тил бириктиради. Темур ўч олиш учун 1391 йилда Олтин Ўрдага қарши бутун Қозоғистон бўйлаб, марказий Қозоғистон орқали икки марта улкан юриш қилади. Замонавий Қозоғистондаги Улутов тоғида Темур тоши сақланиб қолган. У ўша тошни Тўхтамишга қарши юриши вақтида қолдириб кетган эди. Темур Олтин Ўрда армиясини ҳозирги Россия Федерациясининг Кондурча дарёси бўйида қувиб етади ва ўша дарё бўйида улкан жанг бўлади, узоқ жанглардан сўнг Тўхтамиш барибир енгилади. У бироздан сўнг кўшин тўплайди ва яна Темурга қарши жанг қилади. 1395 йилда Темур бу сафар Кавказ орқали Тўхтамишга ҳамла этиб, Олтин Ўрда шаҳарлари ва пойтахти Саройни ер билан яксон қиларак, Россиядаги Елец шаҳригача етиб боради. Ўрта Осиё ҳукмдорининг янги бостириб бориши сабаб рус князликларини ваҳимага солиб қўяди. Темур дастлаб Олтин Ўрда марказларини истило қилиб, Сарой билан Гулистонни ер билан яксон қилиб, бир қатор Олтин Ўрда шаҳарларининг кулини кўкка совуриб, ортига қайтади. Оқибатда улар таназзулга юз тутади. Албатта, булар Олтин Ўрда инқирозига сабаб бўлган сиёсий ёки ҳарбий-сиёсий оқибатлар эди. Лекин савдо маршрутлари ўзгариши, денгиз орқали савдо-сотиқ ривожланиши ва ҳк. иқтисодий сабаблар ҳам бўлган. Яна пандемия, XIV асрда бутун Европа, Евроосиё ва Олтин Ўрда ҳудудида тарқалган ўлат ҳам сабаблар сирасига киради. Унинг оқибатлари ҳам жуда ёмон бўлади: Олтин Ўрда, иқтисодиёти, қудрати ва ҳк. заифлашади. Шулар барчаси унинг парчаланиб кетишига олиб келади.
Дамир Саттаров: Олтин Ўрданинг меросхўри ким бўлди? Унинг ҳудудида қандай давлатлар қарор топди?
Канат Ўскенбай: Олтин Ўрда – ҳудуди бепоён бўлган давлат, кейинчалик ҳудудида кўплаб давлатлар қад кўтарди, олдин яшаб келган улуслар келгусида алоҳида давлатлар бўлди. Масалан, Сибир улусини олайлик. Тахминан, 1420-йилларга келиб, Сибир хонлиги пайдо бўлди. Ўша пайтда Тюменда Абулхайр хонлиги қарор топган эди ва кейинчалик у ҳозирги Қозоғистон ҳудудида ҳам кенгайиб, Ўзбек улуси номини олади. 1438 йилга келиб, Қозон хонлиги вужудга келади, кейинчалик Қрим хонлиги ва Нўғай ўрдаси ташкил топади. 1465 йилда Ўрисхоннинг авлодлари: набиралари ва эваралари Жонибек ва Керей Қозоқ хонлигига асос солади. Биз 2005 йилда ўша давлатнинг 550 йиллигини нишонлаган эдик. Ушбу давлатлар барпо бўлган пайтда Олтин Ўрда марказий Волга дарёси бўйидаги Улуғ Ўрда деб аталган ерлар хонлар қўлида қолган эди. Тахт Эли марказда бўлгани туфайли Олтин Ўрданинг вориси эди. Ўрданинг таниқли улкан хони Аҳмат 1480 йилда Олтин Ўрда ёки Улуғ Ўрда қўшинлари бошлиғи бўлгани билан шуҳрат қозонган. Угра дарёси бўйида туриб қолинган пайтда Иван Учинчи унга қарши туриб, дарёдан кечиб ўтишига имкон бермайди. Ушбу Угра дарёси қирғоғида туриб қолиш татар-мўғул истилоси интиҳосини кўрсатиб бергани билан машҳур. Ўша вақтдан эътиборан Русь ўша истилодан, ўша қарамликдан қутулади. Шундан сўнг Улуғ Ўрда қулайди ва 1502 йилда унинг ўрнида Ҳожи-Тархон хонлиги ёки Астрахан хонлиги, яъни Олтин Ўрда таназзулга юз тутгандан сўнг ташкил топган давлат вужудга келади. Аммо ўша даврдаги Олтин Ўрда байроғи ёки устунлиги ва ёхуд меросини Астрахан хонлиги эмас, Қримда жойлашган Қрим хонлиги қабул қилиб олади ва жуда узоқ вақт Олтин Ўрданинг шундай бош меросхўрларидан бири бўлиб қолади.