Сурат манбаси: assembly.kz
Муаллиф: Дамир Сатторов
Россиядаги инқилобдан олдинги даврни ўрганишга ихтисослашган тарихчи, Дэвис шаҳридаги Калифорния университетининг тарих бўйича профессори Ян Кэмпбелл Россия империясининг “стратегик жиҳатдан энг муҳим, бироқ бошқариш қийин бўлган минтақаларидан бири” – Қозоқ дашти ҳақидаги зарур маълумотларни йиғишга уринишларини тадқиқ қилади. У Knowledge and the Ends of Empire. Kazak Intermediaries and Russian Rule on the Steppe, 1731-1917 (Билим ва империянинг чекка ерлари: қозоқ воситачилари ва Россиянинг даштдаги бошқаруви, 1731 – 1917 йиллар”) китобида Россия империяси Ўрта Осиё ва Қозоғистонга кириб бориш пайтида рус олимлари ва амалдорлари, шунингдек, уларга ёрдам берган “қозоқ воситачилари”нинг “чўл ҳақидаги билими”дан қандай фойдаланилгани ҳақида ёзади.
Қозоғистоннинг Россияга қўшиб олиниши Россиянинг ўзида ислоҳотлар амалга оширилаётган пайтда рўй берди. Чор ҳукумати Қозоғистонда Россия тизимига яқинлаштирилган ва метрополиянинг манфаатларига тўла мос келадиган маъмурий бошқарув ташкил этишга қарор қилади. 1867 йил 11 июлида Александр II «Еттисув ва Сирдарё виоятларидаги бошқарув ҳақидаги ҳарбий низом»ни, 1868 йил 12 октябрида эса “Ўринбўр (Оренбург) ва Ғарбий Сибир генерал-губернаторлигини дашт вилоятларида бошқариш ҳақидаги ҳарбий низом”ни имзолайди. Ислоҳотга кўра, Қозоғистониннг бутун ҳудуди 3 та: Туркистон, Ўринбўр ва Ғарбий Сибир генерал-губернаторлигига бўлиниб кетади.
1868 йилги муваққат низом Қозоқ даштига қандай таъсир кўрсатган эди?
Биз ортга қараб, у қозоқларнинг ўтроқлашуви йўлида муҳим босқич бўлганини кўрамиз. «Муваққат низом» XIX асрнинг 90-йиллари бошида “Дашт низоми” эълон қилиниши ва аҳоли кўчишини давлат рағбатлантириши билан империя сиёсатидаги бўлғуси ўзгаришлар учун муҳим туртки бўлиб хизмат қилди. Дарҳақиқат, у яна даштнинг бошқарув тузилмасини ҳам ўзгартирди, чунки барча вилоятларни бошқариш учун ягона тизим яратди (мен ўша низом билан бошқарувнинг ягона объекти сифатида “дашт вилоятлари”ни яратди, демоқчиман) ва барча вилоятларни бевосита Россия бошқарувига ўтказди. Муваққат низом шу тариқа императорлик сиёсатидаги янги йўналишлар ва истиқболларни ифода қилиб берди.
Лекин мен эътиборни иккинчи жиҳатга қаратмоқчиман. Муваққат низом айнан вақтинча эди. Бу икки сабабга кўра юз берди. Биринчидан, дашт келажаги ҳақида Чор Россияси маъмурлари ўртасида ўзаро келишув бўлмаган. Иккинчидан эса, кўпчилик қандайдир якуний хулосаларга келиш учун Қозоқ дашти ҳақида етарли билимга эга эмаслигини яхши билар эди. Шунинг учун Вақтинчалик низом дашт ҳақида қандайдир фойдали ва ишончли билимга эга бўлган, қозоқ маданиятини билган кишилар таъсир кўрсатиши учун ҳам майдон ҳозирлади. Умуман, у ҳатто ўрта ва қуйи даражадаги маъмурлар – нафақат губернаторлар, қолаверса, туман бошлиқлари ва маҳалла бошқарувчилари ҳам шахсий қарашларини ифода қилишига макон тайёрлаб берди.
Қозоқ жузлари ва уруғлари янги генерал губернаторликлар ва вилоятлар тузилишини қандай қабул қилди? Яъниким, ушбу низомни ишлаб чиқишда Россия маъмурлари қозоқларнинг уруғлари ва жуғрофий бўлиниши ҳақида қанчалик билимга эга эди?
Россия маъмурлари қозоқ жузлари ва уруғлари эгаллаб турган асосий жойлашув, бош табиий чегаралар (тоғ, дарё ва ҳк.) ҳақида билиб олишга ҳар томонлама ҳаракат қилган. Ва улар вақт ўтиши билан бу борада айрим мукаммал билимларга ҳам эришган. Масалан, дашт вилоятларини тадқиқ қилиш бўйича Ф. А. Шчербин экспедициясининг илмий ишларида турли қозоқ уруғлари, ҳар хил жузлар вакиллари фойдаланган ерларга оид аниқ маълумотлар учрайди.
Гап россиялик маъмурлар қозоқларнинг жуғрофий тасқимланиши ҳақида кам билганида эмас, билган нарсаларини нотўғри тушунганида эди. Яъниким, улар қозоқ уруғларининг мол-мулки, ердан фойдаланиши, ўтроқ деҳқончилик билан чегаралари ҳақидаги маълумотларни ўтроқ ҳаёт тарзи нуқтаи назаридан қабул қилган. Масалан, улар маълум вақтда қозоқ уруғлари қаерда бўлишини билган, лекин ҳар доим ҳам қозоқ кўчманчилари маҳалла, туман ва вилоят чегаралари оша ҳаракат қилишини англаб етмаган. Шу билан бирга, маъмурларнинг аксарияти қозоқлар доимий эмас, бир мавсумда фойдаланган ерларни бўш турибди ва ўша ерларга Россиянинг Европа қисмидан деҳқонларни кўчириш мумкин, деб ҳисоблаган. Шу тариқа қозоқларнинг жуғрофий тақсимланиши ҳақидаги билим улар ердан фойдаланишини тўғри тушунишга олиб келмаган.
Россиянинг XVIII – XIX асрларда Қозоқ даштидаги сиёсати шаклланишида амалдорларнинг хабардорлиги қай даражада бўлган? Россия маъмуриятининг амалдорлари билимларни қаердан олган?
Марказдаги сиёсатни шакллантиришда амалдорлар кўпинча жойида тўлдирилган ёзма манбаларга ва маҳаллий ҳокимият вакиллари фикрларига мурожаат қилиб турган. Масалан Дашт қўмитаси айрим аъзоларининг дашт бўйича шахсий тажрибаси ва билимлари бўлган, лекин улар ҳам мавжуд илмий ишларга мурожаат этиб турган, маҳаллий архивларда шуғуланган ҳамда маҳаллий губернаторлар ва қозоқ элитаси – аъёнлари фикрини ўрганган. Бироқ бу пухта бажарилган ишларнинг ҳаммаси ҳам пировард ва қатъий қарорларга келиш учун етарли бўлмаган.
Маҳаллий амалдорлар дашт ва қозоқлар ҳақида ўзи изланишлар қилиб, билимларни тўплаган. В. В. Григорьевни ва унинг Ўринбўрдаги ишларини ёки И. Я. Осмоловскийнинг Сирдарё бўйида (бу ҳақда Паоло Сартори ва Павел Шаблейнинг “Империя тажрибалари. Одат, шариат ва Қозоқ даштида билимларни тўплаш” деган ажойиб китоби бор) яшовчи қозоқлар орасидаги ишларини мисол қилиб келтириш мумкин. Лекин ҳатто бундай амалдор шарқшунослар ҳам давлат сиёсатига сезиларли таъсир кўрсата олмаган. Маҳаллий маъмурлар фаолияти ўтмишдошларининг тажрибаси, мавжуд ёзма манбалар, империянинг муҳим маълумотларни тўплаш тизимига (статистика ҳисоботлари, туман бошлиқлари ва маҳалла бошқарувчиларининг хабарлари ва ҳк.) боғлиқ бўлган. Туман бошлиқлари ва маҳалла бошқарувчиларининг хабарларини етказиб туришда қозоқлар кам фаол бўлмаган.
ХХ аср бошига келиб, хабардорлик даражаси ҳар қачонгидан баланд бўлган. Амалдорлар бир авлод олдин билиш мумкин бўлмаган жуда кўп нарсалардан хабар топиб бўлган эди. Лекин ушбу маълумотлар ё амалдорларни янглиштиргани, ёки хато бўлгани сабабли юқори даражадаги хабардорлик муваффақиятлироқ сиёсат юритишга олиб келмаган.
Билимларни тўплаш ва дашт ҳақидаги тасаввурларда қозоқлар вакилларининг роли қандай бўлган?
Қозоқ халқи вакиллари дашт ҳақидаги билимлар тўплашда 3 та рол ўйнаган.
Биринчидан, ҳеч қандай илмий экспедиция, гарчи жуда камтар рол ўйнаган бўлса ҳам, қозоқларнинг иштирокисиз ўтмаган. Қозоқлар ҳам таржимон, ҳам йўлбошловчи бўлган. Даштдаги экспедицияларнинг бутун бошли логистикаси қозоқлар билан ҳамкорликка боғлиқ бўлган.
Иккинчидан, қуйи даражадаги қозоқлардан чиққан маъмурлар, (масалан, маҳалла даражасидаги маъмурлар) юқори даражадаги маъмурларни даштнинг ўзи масъул бўлган қисмида юз бераётган воқеалар ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаб туриши керак бўлган. Улар ўзи масъул бўлган аҳоли ҳақидаги турли маълумотларни етказиб турган. Шу тариқа, ўша маълумотлар кейинчалик билим тўплашга асос бўлган.
Учинчидан, маҳаллий аҳолининг айрим вакиллари даштга уюштирилган илмий экспедицияларида тинмай қатнашган. Дашт комиссияси ўқиган ва иқтибослар келтирган Чўқон Валихоновнинг машҳур илмий ишларини ҳамда дашт вилоятларидаги козоқларнинг ердан қандай фойдаланишини тадқиқ қилиш учун ташкил этилган Ф. А. Шчербин экспедициясида Алихон Бўкейхановнинг иштирокини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Масалан, Ибрай Олтинсарин Тўрғай вилоятида мактабларни ривожлантиришга таъсир кўрсатганига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Нашрлар (газеталар) саҳифаларида Қозоқ дашти келажаги ҳақидаги муҳокама ва мунозаралар қандай кечган?
Гарчи газеталар (расмий икки тилли ва қозоқ тилидаги) саҳифаларидаги мунозаралар кўплаб масалаларга тегишли бўлган бўлса-да, мен китобимда даштнинг иқтисодий келажаги қандай бўлиши шартлигига оид мунозараларга кўпроқ эътибор қаратганман. XIX асрнинг 90-йилларига келиб, кўчманчиликка асосланган чорвачилик ўзгариши ва қандайдир тарзда яхшироқ (шунақа фикрлар бор эди), фойдалироқ ва барқарор хўжалик бўлиши хусусида муроса мавжуд эди. Россия мустамлакасидан олдинги кўчманчиликка асосланган чорвачилик тарафдорлари жуда оз қолганди.
Бироқ мунозара, биринчидан, қозоқлар хўжалик юритишни айнан қандай ўзгартириши ҳақида кечаётган эди. Айрим кишилар ўтроқ деҳқончилик фойдали иқтсодиёт бўлиши ва қозоқлар шунга интилиши шарт, деб туриб олганди. Бошқалар эса, аксинча, чорвачилик ҳам, кўчманчилик ҳам даштнинг табиий шароити ва қозоқларнинг кўникмаларига мос келишини таъкидлаган. Шу сабабли мана шу иккинчи қараш тарафдорлари фақат жадалроқ ва “оқилона” чорвачиликка ўтиш керак, деб ҳисоблаган. Қайд этишим жоизки, қозоқлар орасида ҳам, руслар орасида ҳам иккала қараш тарафдорлари мавжуд эди. Шу билан бирга, бундай ўзгаришларни қандай амалга ошириш кўплаб баҳсларга сабаб бўлаётган эди. Император ҳукуматнинг дашт вилоятларидаги турли муассасалари (масалан, мактаблар) орқали кўмаги ёки рағбатлари биланми? Янги бозорлар ва янги талабдан келиб чиққан ҳолда аста-секин қандайдир “табиий” йўл биланми? Ёки дашт вилоятларига кўчиш керак бўлса, айрим хўжаликларига кўчиш керакми ёки у, аксинча, оммавий тусда бўлиши керакми? Албатта, қозоқлар орасида ҳар қандай шаклдаги кўчиш тарафдорлари жуда оз бўлган – айрим қозоқларнинг чекланган тарздаги кўчишга кўнишдан бошқа иложи қолмаган. Дарвоқе, дашт вилоятларидаги айрим Россия маъмурлари ҳам оммавий кўчиш фойдали эканига қаттиқ шубҳа билан қараган.
Агар маҳаллий воситачилар таъсир кучига эга бўлган бўлса, нега кўчиш сиёсати барибир амалга оширилган эди?
Маҳаллий воситачилар айнан маҳаллий сиёсатга таъсир кўрсатган, чунки маҳалла бошлиғи ёки ҳарбий губернаторнинг айрим масалаларда ўз хоҳишига қараб иш кўришга ҳаққи бор эди. Бу қозоқ воситачиларининг ҳар доим ва ҳар жойда ҳамкорлик қилиш имконияти бўлганини англатмайди – бироқ маҳаллий маъмурларнинг маҳаллий билим ва маҳаллий воситачиларга яхши муносабати таъсир кўрсатишнинг эҳтимол тутилган энг яхши йўли бўлгани аниқ. Маҳаллий муассасаларга таъсир ё маҳаллий маъмурлар, ёки камдан-кам ҳолларда воситачилар эълон қилган тадқиқот ишлари орқали кўрсатилган.
Бироқ кўчиш сиёсати дашт вилоятларига четдан, юқори давлат доираларидан келган эди ҳамда у айни масала билан шуғулланишга қизиққан вазирликларда давлат аҳамиятига (маҳаллий эмас) эга масала сифатида қабул қилинган. XIX асрнинг 90-йилларида маҳаллий губернаторларнинг аксарияти минглаб янги кўчиб келган кишиларни қабул қилишни истамаган. Вилоят муассасалари билан Кўчириш бошқармаси муассасалари ўртасида аллақандай икки ҳокимиятчилик бор эди. Демак, кўчириш сиёсатини на маҳаллий маъмурларнинг эътирозлари ва на қозоқларнинг эътирозлари тўхтатиб қола олган. Ушбу сиёсатнинг жуда катта таъсир кучига эга тарафдорлари бўлгани учун у маҳаллий воситачиларнинг қўли етмайдиган доираларда пишиб етилаётган эди.
Россия маъмурияти (жумладан, илмий доиралардан бўлган маъмурлар) билан маҳаллий қозоқ интеллигенцияси ўртасидаги муносабатлар қандай кечган?
Муносабатлар турлича эди ва албатта ҳаммадан кўра маъурият ва интеллигенция вакилларининг шахсий фазилатлари ва қарашларига боғлиқ бўлган. Лекин нафақат олимлар, қолаверса, маъмурлар ҳам қозоқ билан ҳамкорлик қилишга интилган, уларнинг маданият, тил, турмуш ва дашт табиати ҳақидаги билимини қадрлаган. Масалан, кўпчилик шоир Абай билан Алихон Бўкейхановнинг Семипалатинск – Шамай шаҳридаги Императорлик рус жуғрофия жамиятининг кичик бўлинмасида иштирок этганини билади.
Лекин мен шу ўринда Ибрай Олтинсариннинг ҳаётини мисол қилиб қилиб келтирмоқчиман. Унинг ҳаёти рус маъмурияти билан қозоқ воситачилари ҳамкорлигининг бир вақтнинг ўзида ҳам имконияти, ҳам машаққатларининг энг яхши намунаси бўлган. Олтинсарин Николай Иванович Илминский и Василий Васильевич Григорьев сингари таниқли шарқшунослар билан жуда кўп хат ёзишган. Кечирган қисқа умрининг охирларига бориб, у Тўрғай вилоятидаги қозоқ мактаблари нозири бўлиб ҳам хизмат қилган. У ўша хизмати давомида қозоқларнинг Россия империяси таркибидаги келажагига бағишланган турли илмий ишларида ифода қилинган айрим ғояларни ҳаётга татбиқ қилган ҳамда ўқув режасини ўша ғояларга мос бўлиши учун ўзгартирган. Шундай қилиб, у ислом динининг қозоқ маданияти, жамияти ва идентитети – кимлигида аҳамияти юқори экани тўғрисидаги фикрида қатъий туриб олган. У даштнинг иқтисодий келажагини ғалла етиштиришда эмас, ўзи дашт табиати ва қозоқларнинг кўникмаларига мос келади, деб ҳисоблаган самаралироқ ва модернизациялаштирилган чорвачиликда кўрган. Шу сабаб айнан шу йўналишда Тўрғай вилоятининг қозоқ мактабларида айрим муҳим янгликларни жорий этишга улгуради. Шунга кўра, масалан, айрим мактаблар овуллар билан бирга кўчиб юриши керак эди, бошқа мактаблар эса чорвачилик маҳсулотлари билан боғлиқ ҳунарларга ўргатган. Лекин барибир бир вилоят губернатори ўша дастурнинг айрим жиҳатларини ўзгартиради, бошқаларини бажаришни эса тўхтатиб қўяди, шу тариқа Олтинсариннинг ғоялари фақат ўзи вафот этгандан сўнг янги губернатор даврида амалга ошади.
Тадқиқотингиз давомида сиз қандай асосий хулоса ва тўхтамларга келдингиз?
Биринчи хулоса: Россия империяси хусусида бутун бир нарса деб гапириш – хато. “Империя” турли бошқарув маданиятлари, турфа тушунчалар ва ҳар хил шахсий қарашлар қоришмасидан иборат эди. У ҳар доим вакиллари истаганидан кўра заифроқ ва маҳаллий аҳолининг ёрдамига муҳтож бўлган. 1916 йилдаги муваффақиятсизлик муайян танловлар ҳамда машҳур муассасаларнинг одатий қарашлари ва бошқалар устидан аниқ қозонган ғалабалари оқибати эди. Масалан, у Кўчириш бошқармасининг маҳаллий губернаторлар устидан ғалабаси, маъмурларнинг дашт вилоятлари ва Туркистондаги танловлари натижаси, 1898 йилдаги Андижон қўзғолонидан сўнг ташкил этилган Қозон диний семинарияси вакилларининг ислом дини ҳақидаги тарихий қарашлари оқибати эди.
Россия империяси тушунчалар ва муассасалар қоришмаси бўлгани сабабли биз маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган воситачиларнинг роли ҳақида янги хулосаларга келишимиз шарт. Постколониал назария (мустамлакачилик даври маданий меросини ўрганувчи фанлараро тадқиқотлар йўналиши) (мен, масалан, Парфа Чаттержининг Жанубий Осиё, Дэвид Скоттнинг Кариб денгизидаги ороллар ҳақидаги илмий ишларини назарда тутяпман) империя марказининг ғоялари ва муассасалари улкан ҳокимиятга эга бўлган, деб ҳисоблайди. Ўша назарияга кўра, маҳаллий воситачилар ва империя субъектларининг ҳеч қандай ҳаракат эркинлиги ёки фикр мустақиллиги бўлмаган. Скотт фикрича, ушбу воситачилар “модерн замоннинг янги аскарлари” бўлган – улар эркинлиги мустамлакачилик олиб келган ўзгаришлар оқибатида тобора кучлироқ чеклана борган. Мен қозоқ воситалари фаолиятига бундай қараш жуда жўн эканини исботлаб бердим, деган умиддаман. Улар баъзан муайян тарихий контекстда маҳаллий шароитни билиши билан империя сиёсатига таъсир кўрсата олиш имкониятига эга бўлган. Улар бирга дашт келажагининг эҳтимол тутилган вариантларини ишлаб чиққан. Айни ҳамкорликнинг пировард муваффақиятсизлиги муқаррар эмас эди.