Муаллиф: Снежана Атанова – INALCOда (Institut National des Langues et Civilisations Orientales – Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти) фан номзоди.
2021 йил 27 мартида Open Central Asian Photo Archive / Марказий Осиёнинг очиқ фотоархиви (https://ca-photoarchives.net/) ишга туширилди. Марказий Осиёнинг XIX аср ўрталаридан то ХХ аср охиригача бўлган даврига тегишли фотосуратларини баҳам кўришни истаган барча потенциал коллекционерлар учун очиқ бўлган бу лойиҳа жуда қизиқарли. Франция Илмий тадқиқотлар миллий маркази (CNRS) (https://www.svetlana-gorshenina.net/) тарихчиси ва Alerte Héritage халқаро обсерваторияси асосчисларидан бири Светлана Горшенина ушбу лойиҳа ҳақида батафсил ҳикоя қилади.
Янги Open Central Asian Photo Archive / Марказий Осиёнинг очиқ фотоархиви лойиҳангиз Марказий Осиёнинг XIX аср ўрталаридан то ХХ аср охиригача бўлган Марказий Осиёга оид фотосуратларни намойиш этади. Ушбу лойиҳа ва унинг яратилиш тарихи ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз.
Марказий Осиёнинг очиқ фотоархивини яратишимга бир неча фикрлар туртки берди.
Туркистон генерал-губернаторлиги ва Совет ҳокимиятининг[1] дастлабки ўн йилликларидаги Ўзбекистон маданий меросининг яратилиш тарихини ўрганаётиб, мен, бир тарафдан, ушбу тарихнинг визуал жиҳати қанчалик муҳимлигини, бошқа тарафдан эса, кўп сонли архивлар, музейлар ва кутубхоналарга тарқалиб кетган зарур фотосуратларни эълон қилиш учун топиш қанчалик қийин эканини тушуниб етдим.
Афсуски, айрим архивларда ишлаш ҳали-ҳамон омад, шахсий алоқалар ва ҳомийлик, шунингдек, Ғарб мамлакатлари элчиларининг сиёсий салобатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Улар чет эллик тадқиқотчилар Марказий Осиё архивларига киришига рухсат берилишининг кафили ҳисобланади. Яратилаётган миллий музей каталоглари, масалан, Россия Федерацияси[2] ёки Ўзбекистон[3] каталоглари ҳамда Кунсткамера ёки Моддий маданият тарихи институти сингари айрим муассасаларнинг пухта ўйланган сайтларидан фойдаланиш анча осон бўлиб қолди, илгари улар ёпиқ фондлар бўлган. Бироқ бугунги кунда ушбу виртуал каталогларда мавжуд фотосуратлар коллекцияларининг кўпи билан 10 – 12 фоизи жой олган, у ёки бу ҳужжатни эълон қилишга рухсат олишни ва бундай ҳуқуқ анча-мунча пул туришини гапирмаса ҳам бўлади. Яна шуни ҳам эсда тутиш лозимки, Марказий Осиёни тамсил қилувчи фотосуратлар коллекцияси Европа, Осиё ва Америка мамлакатларига тарқалиб кетган, бу ҳам ушбу материалдан фойдаланишни қийинлаштиради[4].
Бундан ташқари, минтақа фотосуратлар меросининг асосий ва ўта қизиқарли қисми – оилавий фотоархивлар – давлат муассасалари эътиборидан четда қолиб кетди, уларни харид қилиш тартиб-қоидалари “оддий” кишилар архивларини тизимли тарзда сотиб олишни назарда тутмайди. Шахсий архивлар баъзи ҳолларда ташлаб юборилади, уларни эгалари йўқ қилади, ёйма бозорларда сариқ чақага сотилади, ихтисослашган антиқа буюмлар сотувчилари қўлида тўпланади ва шахсий, бошқаларнинг қўли етмас коллекцияларга тушиб қолади. Бундай турдаги фотосуратлар йўқолиши билан оқпошшо давридаги Туркистон ва Совет Ўрта Осиёси аҳолисининг бир неча авлоди кундалик ҳаётини тиклаш бажариш қийин бўлган вазифага айланиб қолади, ўтмишни микро-тарих ва субъективлик нуқтаи назаридан таҳлил қилиш муҳим визуал таркибий қисмини йўқотади. Марказий Осиёнинг ушбу нозик ва заиф маданий мероси қисмини сақлаб қолиш истаги айни лойиҳани яратишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлган эди.
Бундан ташқари, сўнгги ўн йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ва Ўрта Осиё совет республикалари даврида олинган фотосуратларга қизиқиш кучайди. Ушбу қаттиқ қизиқиш минтақа чегараларидан ташқарига чиқиб кетди. Турли ижтимоий тармоқларнинг кўплаб ихтисослашган гуруҳларига Марказий Осиё, Россия, Европа, Америка, Яқин Шарқ ва Япониядан минглаб одамлар йиғилиб, ҳар куни турли жанрлардаги (жумладан, оилавий) фотосуратларни муҳокама ва таҳлил қилмоқда, қачон, қаерда ва ким ёки нима суратга олинганини аниқламоқда, ўтмишни “халқона” – моҳиятан, турли расмий тарих талқинларининг ўзига хос визуал муқобилини тикламоқда. Бироқ ушбу гуруҳларда бирор маълумот қидириш мушкул: фотосуратлар доимий ўзгариб турувчи хабарлар тасмасига сочилиб кетган, мабодо қўлингизда фотосуратнинг аниқ номи ёки қўйилган санаси бўлмаса, уни топиш хомхаёл бўлиб қолади. Мен архивлар ва кутубхоналарда кўп ишлаган одам сифатида ҳар доим ушбу сон-саноқсиз ва энг қимматли визуал маълумотларни тартибга солишни, кўзга кўринадиган ва тез топиладиган қилишни ўйлаб юрган эдим.
Мени ушбу сермеҳнат лойиҳани амалга оширишга ундаган яна бир сабаб бор. 2000-йиллар бошидан бери Марказий Осиё фотосуратлари тарихи[5] устида ишлаётиб, ушбу билим соҳаси мавжуд кўплаб материаллар эълон қилинганига қарамай, турли: ҳам фан соҳаси, ҳам минтақавий билимлар силсиласида маргинал (чет) мавқеда туради. Бугунги кунда минтақа фотосуратлари тарихи бўйича 20 га ҳам етар-етмас мутахассис бор, агар маълумотлар базасидан фойдаланиш осонлаштирилмаса, улар сони кўпайиши даргумон.
Мен ушбу тамойилни синдириш ва четда қолиб кетавериш билан боғлиқ вазиятни ўзгартириш умидида ҳамкасб дўстлар билан бирга Марказий Осиё фотосуратлари тарихига бағишланган бир қанча тадбирлар уюштириш ташаббусини ўртага ташладим. Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори Сергей Абашин билан 2018 йилда ушбу шаҳарда “Бошқа Туркистон: Россия империясининг Осиёдаги чет ўлкаси номаълум фотосуратлари” деган халқаро конференция уюштирдик ва у Ўзбекистон, Россия, Франция, Швейцария ва Белгиядан келган мутахассисларнинг бошини қовуштирди[6]. Айни конференция материаллари қўшимча тадқиқотлар билан бирлаштирилиб, Photography of Central Asia. From the Periphery of the Russian Empire to Global Presence (“Марказий Осиё фотосуратлари. Россия империясининг чекка ўлкасидан глобал ҳозирликка қадар”) деб номланган тўплам тузилди, у 2022 йилда Сергей Абашин, Гент университети профессори Бруно де Кордйе, Индиана университети профессори Татяна Сабурова ва Светлана Горшенина муҳаррирлигида Германиянинг обрўли De Gruyter нашриётида чоп этилади. Шу билан бирга, жорий йил сентябрида Гентда Низомий Иброҳимов билан Сергей Пряхиннинг “Catching the end, convergence or the beginning of (a) world(s)? The visualization of early-twentieth century Central Asia through postcards of Tashkent and its surroundings” (“Улгуриш ёки сўз(лар)нинг бошланишими? Марказий Осиёнинг ХХ аср бошларидаги даврини Тошкент ва унинг атрофига бағишланган откриткалар орқали визуаллаш”) деб номланган кўргазмаси очилади. Кўргазма Бруно де Кордйе билан ҳамкорликда ва минтақа фотосуратлари тарихий бўйича эксперт Анатолий Отливанчик иштирокида тайёрланди. 2022 йилда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган оқпошшо давридаги Туркистонда олинган фотосуратлар тушунилиши таҳлилига бағишланган китобим ҳам чоп этилса ажаб эмас. Туркистон генерал-губернаторлигида фотосуратлар мавжудлигининг ижтимоий ва сиёсий жиҳатига бағишланган ва “Фотография и царская колониальная администрация Туркестана: конструируя Историю и Место между прошлым и будущим” (“Фотография ва оқпошшо Туркистони мустамлакаси маъмурияти: Ўтмиш ва келажак ўртасидаги Тарих ва Жой конструкциясини яратиш”) деб номланган катта мақола бир неча ойдан сўнг Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтининг (МИЦАИ / IICAS) журналида чоп этилади. Марказий Осиё очиқ фотоархиви сайти тақдимоти ̶ мана шу кенг қамровли дастурлар босқичларидан бири, у келгусида бошқача тарзда давом этишидан жуда умидворман.
Шу билан бирга, айни лойиҳани амалга ошириш осмон бўлмаганини ва бир неча йиллик вақтни олганини айтиб ўтмоқчиман. Бу иш билан мустақил равишда жуда кўп шуғулландим ва ишнинг қайсидир босқичида шахсий тадқиқот тажрибам чекланганини, у билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда коллектив ҳамкорлик қилиш зарур эканини ҳис қилдим. Афсуски, бундай ҳамкорликнинг биринчи босқичи (2017 – 2018 йй.) унумли бўлмади: лойиҳа Европанинг машҳур фондидан молиялаштирилганига қарамай, унинг иштирокчиларидан бири зиммасига олган мажбуриятини бажармади ва бу ҳол лойиҳани тугатишни мушкуллаштириб қўйди. Биз дастлабки ғояларга қайтиш ва мана шу шубҳали ҳамкорликдан олдин ўйланган нарсаларни бошқача шароитда амалга оширишга мажбур бўлдик. Лойиҳамизнинг иккинчи босқичида бизни қўллаб-қувватлаган муассасалар, хусусан, Франция миллий илмий тадқиқотлар маркази ва Сорбонна университетининг (CNRS-Sorbonne Université) Eur’Orbem (UMR 8224) тадқиқот гуруҳи, Женева университетининг тарих уйи (Maison de l’histoire, Université de Genève) ва Гент университетининг Сиёсий ва ижтимоий фанлар факультетидан жуда миннатдормиз.
Лойиҳанинг режалари улкан, вақтнинг улкан хронологик бўлагини ўз ичига олади. Бошқа тарафдан, у жуғрофий жиҳатдан бутун Марказий Осиёни қамраб олишга ҳаракат қилмоқда ҳамда шахсий оилавий архивлар, откриткалар ва профессионал фотографлар суратларини намойиш этади. Айни пайтда айрим мавзулардаги фотосуратлар, улар жуғрофияси бошқаларидан устун. Хусусан, Ўзбекистон ёки замонавий Ўзбекистон билан унинг туманлари ва шаҳарларига тегишли откриткалар сони хусусий коллекциялар билан солиштирганда, жуда кўп. Бунинг сабаби нима?
Марказий Осиёнинг очиқ фотоархиви ғояси оддий. Мен ҳамкасбларим санъат тарихчиси ва куратори Борис Чухович ва уста дастурчи Алексей Барташичев билан бирга лойиҳада қатнашишни истаган ҳар бир киши: машҳур коллекционерлардан тортиб, миқдор нуқтаи назаридан фотосуратлари унчалик кўп бўлмаган оилавий архивлар эгалари учун очиқ бўлган платформа яратдик. Маълумотлар базаси бўлакларга бўлиш принципига асосланган: ҳар бир қатнашчи алоҳида бўлакдан бепул шахсан фойдаланиши мумкин ва ўша бўлакда у ўз коллекциясини кенгайтира боради. Алоҳида бўлаклар ўзаро кучли қидирув тизими билан боғланган, ўша тизим фотосуратларни турли параметрлар: тасвирга олинган жой, йил, муаллиф, кимлиги аниқланган шахслар, калит сўзлар, откриткалар, ноширларига қараб қидириш имконини беради. Яратилган ресурсда тиниқлик даражаси яхши бўлган фотосуратларнинг чекланмаган миқдорини қабул қилиш, уларни тавсифлаш ва тизимлаштириш учун зарур воситаларни тақдим этиш иложи бор ва шу тариқа қайта ишлаш ва таҳлил қилиш қийин бўлган сон-саноқсиз визуал ҳужжатлардан фойдаланишни соддалаштиради. Биз ўз тарафимиздан ҳар бир истовчи кишига архивдан фойдаланиш қоидаларини жон-жон деб тушунтирамиз ва дастлабки пайтларда фотосуратларни тизимга киритиш ва уларни тавсифлашда ёрдам берамиз.
Архив очилишига Ирина Богословская, Франсуа Гишер, Низомий Иброҳимов, Юлия Пелипай, Сергей Пряхин (қизи Вера Чернованинг рухсати билан), Клод Рапиннинг муҳим коллекциялари ва каминанинг унчалик катта бўлмаган коллекциясини тақдим этамиз. Лойиҳанинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлаган илк иштирокчиларидан кўпдан-кўп миннатдормиз.
Ҳа, ҳозирча архивда откриткалар фотосуратлардан кўра кўпроқ. Бунинг сабаби улар энг оммабоп ва топиш осон бўлган материал бўлгани учун эмас, аксинча, Анатолий Отливанчик кўмаги билан лойиҳага Россиянинг энг машҳур коллекционер-филокартистларидан (филокартист – откриткалар коллекционери) бири Низомий Иброҳимовни жалб қила олганимиз бўлди.
Нима учун Ўзбекистоннинг жуғрофий жиҳати устун экани изоҳи оддий. Бугунги кунда йиғилган ҳужжатларнинг аксарият қисми Туркистон генерал-губернаторлигига тегишли ҳамда 1353 та тасвирдан фақат 400 таси совет даврини акс эттиради. Эслатиб ўтаман, Туркистон генерал-губернаторлигининг асосий қисми айнан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳамда унинг етакчи ва машҳур шаҳарлари (Самарқанд, Бухоро ва Қўқон) XIX аср ва ХХ аср бошларида тез-тез фотографлар ва ноширларнинг мурожаат объекти бўлган. Шу билан бирга, замонавий Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон ҳудудлари билан боғлиқ – охирига қараб, камайиб боради – фотосуратлар ҳам бор.
Бугун биз кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилаётган нарса маълумотлар базасини яратиш йўлидаги дастлабки қадам, холос. Вақт ўтиши билан ишлар рисоладагидек юришиб кетса, бу – бундай ўхшатиш қанчалик шартли ва муболағали бўлмасин- Гетти ёки Europeana базалари билан солиштириш мумкин бўлган маълумотлар базасига айланиши мумкин. Лекин бугун, ресурсимиз онлайн макондаги Марказий Осиё фотосуратларининг энг йирик тизимлаштиришган намойишларидан биттаси, деб бемалол айтсак бўлади: айни чоқда базага 1353 та визуал ҳужжат киритилган.
Кейинги берилажак савол олдингисидан келиб чиқади. Марказий Осиё бошқа мамлакатларининг фотосуратларини ҳам намойиш этиш ҳисобига коллекциянгизни кенгайтириш ҳамда оилавий архивлар ёки профессионал фотографлар олган суратларни унга қўшиш имкониятларини қанчалик амалга ошириш мумкин деб ўйлайсиз? Архивда ўз фотосуратлари билан иштирок этишга таклиф қилиш учун очиқ кўрик-танлов ўтказишдан ёки бошқа бирор усулдан фойдаланасизми?
Лойиҳанинг бундан кейинги ривожланиши кўп жиҳатидан одамларнинг Марказий Осиёнинг очиқ архиви саҳифаларида ўз коллекцияларини ва оилавий архивларини баҳам кўриш истаги билан боғлиқ бўлади. Марказий Осиё фотосуратларига қизиқишнинг бирдан ошиб кетиши лойиҳа иштирокчилари сафи кенгайишига хизмат қилади. Лойиҳамиз билан боғлиқ “Большой Русский альбом” сингари дастлабки воқеалар некбинлик бағишлайди. Ушбу албом ҳам жамоа лойиҳаси сифатида ташкил этилган бўлиб, унинг ривожланиши одидий интернет фойдаланувчиларининг фаоллигига бевосита боғлиқ. Биз махсус очиқ кўрик-танлов уюштирганимиз йўқ, чунки Марказий Осиёнинг очиқ фотоархиви бир марталик тадбир эмас, узоқ муддатли дастур сифатида режалаштирилган эди. Албатта, биз барча истовчиларни ҳеч бир чекловсиз қатнашишга таклиф этамиз ҳамда ушбу ахборотни кўпроқ тарқатиши мумкин бўлган ҳар кишидан миннатдор бўламиз. Албатта, қизиқарли коллекционерлар, фотографлар жамоат ташкилотлари билан бевосита боғланиб, уларга лойиҳада иштирок этишни таклиф қиламиз. Ва албатта, давлат муассасалари (музейлар, кутубхоналар ва архивлар) билан музокара қилиб, уларни очиқ фотоархивимизга қўшилишга чорлаймиз, чунки бу фотоархивни айни ҳолатда улар коллекциясидаги экспонатларни кўпчилик кўришига имкон берадиган қўшимча кўргазма майдони деб баҳолса бўлади.
Одатда ҳар бир фотосуратга у ҳақдаги маълумот тиркалади, бироқ айрим шахсий коллекцияларда бу чекланган. Масалан, “Светлана Горшенина архиви”, “Фотографии XIX века из архива СГ” фонди жуда қизиқарли. “Эркак кишининг қиз бола билан портрети” ва “Эркак портрети” каби афтидан студияда олинган суратларни айтмайсизми? Суратлар қаерда олинганини аниқлаш мумкинми? Умуман олганда, фотосуратларга илмий ишлов бериладими?
Ҳамма нарса “илмий ишлов бериш” деганда нимани тушунаётганингизга боғлиқ. Очиқ фотоархив Марказий Осиёда олинган фотосуратлар тарихи тугал илмий тадқиқот – ушбу тушунчанинг оби-тобига келган маъносидаги – ҳам, кураторларнинг махсус изоҳларини талаб қилгувчи бирор мавзуга бағишланган кўргазма лойиҳаси ҳам эмас. Архивимиз биринчи навбатда маълумотлар базаси бўлиб, унинг бош мақсади, кутубхона ёки реал архивда бўлгани каби, энг аввало, фотосурат ёки откритканинг тўлиқ тафсилотини келтиришдан иборат. Ушбу тафсилотни мен имкон қадар тўлиқ амалга оширдим: уларда асл номи, асл имлоси, суратга олинган йили, фотосурат муаллифи ёки откритка ношири имкон қадар фотосуратлар ҳажми билан бирга тизимли равишда кўрсатилди. Бундан ташқари, ҳар бир суратга бир неча калит сўзлар тиркалади – айни ҳолат мавзу бўйича қидириш, шунингдек, коллекция эгаси исмини эслатиб ўтиш имконини беради. Ҳаммаси бирга эса суратлар тўлиқ илмий тавсифининг классик тизимини ҳосил қилади. Маълумотлар базасида ҳар бир тасвирий ҳужжат учун матн киритиш жойи кўзда тутилган, у ерга коллекционер ўзи муҳим деб билган ҳар қандай маълумотни қўшиб қўйиши мумкин. Айнан ўша матн жойига суратга муҳрланган одамлар (таржимаи ҳоли, хотиралари, тикланган шажараси, ҳужжатлар), откриткаларнинг фотографлари, фотосудиялари ва нашриётлари, ижтимоий ёки урбанистика контекстлари, монументал ва меъморчилик обидалари ҳақидаги исталган маълумотни қўшиш ҳар томонлама олқишланади. Бундан ташқари, сайтда Thesaurus рукни остида ҳам фотоҳаваскорлар, ҳам мутахассислар учун фойдали бўлган ҳамда Марказий Осиё фотосуратлари тарихига бағишланган мақолаларнинг узундан-узоқ рўйхати, откриткалар ноширлари ҳақида маълумотлар қўйилган, келажакда яна фотографлар учун луғат берилади.
Фотосуратлардаги айрим кишиларнинг кимлигини аниқлашга келсак, айнан очиқ архивнинг “жамоавий ақли” ва лойиҳанинг катта таққослама материали мавжудлиги кўҳна фотосуратлардаги айрим кишиларнинг исмларини аниқлашга ёрдам беради. Афсуски, Facebook ижтимоий тармоғида мавжуд юзни автоматик равишда таниш тизими маълумотлар базасига баъзи техник мулоҳазаларга кўра киритилмади. Нима бўлганда ҳам, ушбу маълумотлар базасига асосланиб, минтақа фотосуратлари тарихи бўйича самарали ва осон илмий тадқиқотлар яратиш мумкин бўлади.
Олдинги лойиҳангиз Галина Пугаченкова архивига бағишланган эди. Ушбу 2 та лойиҳани ўзаро бирлаштириш режангиз борми?
Йўқ, биз ҳам мазмунан, ҳам тузилишига кўра турлича бўлган ушбу 2 та лойиҳани бирлаштиришни режалаштираётганимиз йўқ. Бир тарафдан, бу ҳам Галина Пугаченкова ҳаёти тарихини, ҳам унинг археология, архитектура ва санъат соҳасидаги илмий ишларини ўрганаётган бир тадқиқотчининг архивидир. Ушбу архивнинг рақамли версияси фақат Alerte Héritage халқаро обсерваторияси ходимлари саъй-ҳаракатлари туфайли яратилди. Бошқа тарафдан, бу турли коллекционерларнинг оқпошшо ва Совет даврларига оид ўта ранг-баранг мавзуларни қамраб олувчи ва кўплаб одамларнинг ҳаёт траекториясини тамсил этаётган фотосуратларнинг барча мавжуд жанрларини бирлаштирувчи тўпламидир. Марказий Осиёнинг очиқ фотоархиви табиатан жамоаники ва ҳатто айтиш мумкинки, халқники ва унинг бундан кейинги ривожланиши индивидуал ташаббус ва турли коллекционерларнинг ишига боғлиқ.
Зикр этилган 23 та архивни фақат бир нарса бирлаштириб туради: иккаласи ҳам ҳужжатли ресурслар ҳисобланади ҳамда улар ушбу рақамли материалларнинг сақланишини таъминлайди, уларга кириш ҳеч қандай шарт ёки чекловларсиз барча фойдаланувчилар учун очиқ.
Архив очиқ деб кўрсатилган, бироқ ундаги фотосуратларни уларнинг эгалари розилигисиз олиш мумкин эмас, бунинг учун сайт ижодкорларига мурожаат қилиш зарур бўлади. Ўқувчиларимиз учун архивдаги сурат ва откриткаларга рухсат олиш учун кимга мурожаат қилиш кераклигини билиб олишга қизиқ бўлиши шубҳасиз.
Бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ. Архив очиқ, чунки 1) ҳар бир киши ёки муассаса унда коллекцияларини баҳам кўриш учун бепул қатнашиши мумкин; 2) ҳар қандай интернет фойдаланувчиси архив ёпиқ институционал ресурс бўлмагани учун унинг барча маълумотларини тўғридан-тўғри ва бепул очиб кўриши мумкин, ёпиқ институционал ресурслардан эса фақат у мансуб муассасага бориб ва эвазига анча-мунча бадал тўлаб фойдаланса бўлади. Шу билан бирга, коллекциялар фотосуратларнинг сканерланган нусхалари, холос, асл нусхалари коллекция эгаларининг мулки бўлиб қолаверади, уларнинг ўша суратлардан муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги амалдаги қонунларга кўра истаганча фойдаланишга ҳаққи бор. Бизнинг бу мулкка даъво қилишга ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ. Ресурсимиз уларни сақлаш, тавсифлаш, тизимлаштириш ва онлайн режимида намойиш этиш учун майдон бўлиб хизмат қилади, холос. Биз виртуал маконда коллекционернинг тавсифланган архивини бошқа тўпламларнинг кенг қамровли контекстида кўрсатар эканмиз, коллекция эгаси билан фотосуратларни эълон қилиш ёки уларни кўргазма ва музей лойиҳалари доирасида намойиш этишга потенциал қизиқадиган кишилар ўзаро боғланишига ёрдам беришимиз мумкин. Бунинг учун архив сайтидаги контакт маълумотларида кўрсатилган электрон почта манзилига сўров юбориш кифоя.
Айтиш мумкинки, архивимиз ўзига хос музейшунослик лойиҳаси вазифасини бажармоқда. Айни чоқда мен бир нарсани таъкидлаб ўтишни истайман: лойиҳа иштирокчиси бўлган коллекционерлар коллекцияси тавсифланиши, кўзга ташланарли ва танимол бўлиши ва шунга кўра, келгусида қандайдир кўргазмалар ёки улар босиб чиқарилишини ташкил қилиш учун жалб этилиши мумкинлиги баробарида, унинг сайтга жойлаштирилган электрон нусхасини сақлашни камида яқин 30 йилга кафолатлашимиздай ютуққа ҳам эга бўлади.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Менинг “Pour l’histoire culturelle de l’Asie centrale: Faiseurs de patrimoine” (2016) (Марказий Осиёнинг маданий тарихи учун: Мерос яратувчилар”) профессорлик диссертациям ушбу мавзуга бағишланган.
[2] Россия Федерацияси Давлат музей фондининг янгиланган каталоги – https://goskatalog.ru – У бўйича ишлар 2015 йилдан бери ўтказилмоқда ва бугунги кунда Россия музейларида сақланаётган асарларнинг 10 – 15 фоизидан кўпроғини қамраб олади, каталог жанрларга бўлинмайди: Inna Kizhner, Melissa Terras, Maxim Rumyantsev, Kristina Sycheva, Ivan Rudov, «Accessing Russian culture online: The scope of digitization in museums across Russia». Digital Scholarship in the Humanities, 19 September 2018, https://doi.org/10.1093/llc/fqy035.
[3] Ўзбекистон Республикаси миллий музей фонди каталоги – http://goskatalog.uz/ – ҳозир у яратилиш босқичида турибди.
[4] Марказий Осиё фотосуратлари коллекцияларининг жаҳон музейларида мавжудлиги ва уларни онлайн маконда топиш мумкинлиги тўғрисидаги батафсилроқ таҳлил билан танишиш учун қаранг: Svetlana Gorshenina, «On the Margins of the Marginal”: Why are there so Few Specialists in Central Asian Photography of the Imperial and Early Soviet Period?». In: Svetlana Gorshenina, Sergei Abashin, Bruno de Cordier, Tatiana Saburova (eds), Photography of Central Asia. From the Periphery of the Russian Empire to Global Presence. Berlin: De Gruyter, 2022.
[5] Қаранг, хусусан, шу пайтгача эълон қилинган илмий ишлар: С. Горшенина, «Крупнейшие проекты колониальных архивов России: Утопичность тотальной Туркестаники генерал-губернатора Константина Петровича фон Кауфмана», Ab Imperio, 2007, № 3, стр. 291-354; S. Gorshenina, «La construction d’une image ‘savante’ du Turkestan russe lors des premières expositions ‘coloniales’ dans l’Empire russe: Analyse d’une technologie culturelle du pouvoir ». In : S. Gorshenina & S. Abashin (eds), Le Turkestan Russe: Une colonie comme les autres? [Cahiers d’Asie Centrale No. 17-18], Tashkent, Paris: IFÉAC, 2009, pp. 133-178; S. Gorshenina, «Samarkand and its cultural heritage: Perceptions and persistence of the Russian colonial construction of monuments», Central Asian Survey, 2014, № 33: 2, pp. 246-269; S. Gorshenina, Heather S. Sonntag, «Early photography as cultural transfer in imperial Russia: visual technology, mobility and modernity in the Caucasus and Central Asia», Khazar Journal of Humanities and Social Sciences, 2018, рр. 322–344.
[6] Алексей Винокуров, «На окраине империи. Как фотографы осваивали Туркестан». Информационное агентство Фергана.Ру. 22.05.2019.https://fergana.agency/articles/107568