Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст
1872 йил октябрида Туркистонга қўшинлар таркибида келган ва бу ерда 1918 йилга қадар яшаб қолиб, вақтини мансаб пиллапояларидан кўтарилиш ва Россия империяси манфаатларини олға силжитишгагина эмас, минтақа аҳолиси, унинг урф-одатлари ва тилларига ҳам бағишлаган рус олими ва амалдори Владимир Петрович Наливкин Марказий Осиёни тадқиқ қилишда алоҳида ўрин эгаллайди [1]. Наливкиннинг умр йўлдоши Мария (қизлик фамилияси Сартори) ҳам унга тадқиқотларида ёрдам бериб турган. Улар бирга ёзган асарлардан бири “Фарғона ўтроқ тубжой аҳолисига мансуб аёл маиший турмуши ҳақида очерк” 1888 йилда Қозонда нашр қилинган эди. Олимларнинг кузатувларида ҳаёт тарзи, аҳолининг оилавий ва ижтимоий муносабатлари ҳақида қилинади. Эр-хотин Наливкинлар Фарғона вилоятидаги Нанай қишлоғида 6 йил яшаган пайтда улар билан танишишга муяссар бўлган эди.
Тадқиқотнинг қиммати
2016 йилда Indiana University Press нашриёти ушбу тадқиқотни инглиз тилида муҳаррир тузатишлари билан чоп қилди. Инглиз тилидаги китоб “Фарғона водийсининг мусулмон аёллари: Марказий Осиёнинг XIX асрдаги этнографияси” деб аталади. Китоб муҳаррири Марианна Кэмп қайд этишича, “Эдвард Лейннинг “Замонавий мисрликларнинг феъл-атвори ва урф-одатлари ҳақида ҳисобот” китоби истисно қилинса, XIX асрда яшаб ўтган мусулмонларга оид китобларнинг жуда озчилиги бевосита иштирокчиларнинг узоқ кузатувларидан келиб чиқиб ёзилган, аёл кишининг ҳикоя қилиши эса ўта ноёб ҳодиса бўлган” [2]. Айнан Мария Наливкина аёллар ҳақидаги қимматли маълумотлар манбаси бўлган, чунки унинг эри ўзбек (ёки Наливкинлар тили билан айтганда, “сарт”) уйларининг аёллар қисмига қўйилмаган. Аслида Марказий Осиёдаги ушбу манзарали гўшанинг маиший ҳаёти, яшаш тарзи ва анъаналари шу вақтгача бирор адабиётда бунчалик батафсил баён қилинган эмас.
Наливкинлар тадқиқотининг объекти сарт аҳолиси аёллари бўлган. “Сарт” атамаси ўтроқ ва деҳқончилик билан машғул бўлган ўзбекларни ва (тожикларни) қабила-қабила бўлиб яшаган кўчманчи ва ярим кўчманчи қирғизлардан ажратиш учун ишлатилган. Китобда аҳолининг, яъни ҳам эркаклар, ҳам аёлларнинг бутун бошли маиший ҳаёти, шунингдек, ўлка иқтисодиёти, тарихи ва жуғрофияси ҳақидаги кузатишлар тавсифи батафсил берилади. Уларнинг асари замондошларга XIX аср охири ва XX аср бошида яшаган Фарғона аҳолиси ҳаёти ҳақида кўп нарсаларни билиб олиш, шунинг баробарида тартиблар, тутимлар ва қадриятлардаги ўзгаришларни, айримлари эса сақланиб қолганини билиб олиш имконини беради.
Жой, аҳоли ва иқтисодиёт тавсифи
Китоб Фарғонга водийсининг жуғрофияси, иқлими ва ландшафти ҳақидаги ҳикоядан бошланади. Муаллифлар йирик, шаҳарлар, жумладан, Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган, Ўш, Чустни бир-бир санаб ўтади, шунингдек, водийнинг 6 та уездга – депарага маъмурий бўлинишига изоҳ беради. Улар шаҳар ва қўрғонлар кўчаларини тавсифлар экан, аксарияти тор эканини айтиб, “асал болалар” чанг-чунгда ўйнаганини ҳикоя қилади. Яна дарахтлар, қишлоқ хўжалик экинлари, иқлим ва шаҳар бозорларининг ранг-баранглиги ҳам тавсифланади [3].
Наливкинлар Фарғона аҳолиси “2 та катта гуруҳ: водийда истиқомат қиладиган ўтроқ ҳамда асосан, тоғ ва тоғ этакларида яшовчи кўчманчилар”га бўлинишини таъкидлайди [4]. Ўтроқ аҳоли кўпчиликни ташкил қилган ва Наливкинлар ёзишича, “Фарғонанинг умумий номи сарт деб аталувчи ўтроқ аҳолиси миллий ва қабилавий нуқтаи назардан ўзбеклар (ёки турклар) ва тожиклардан иборат” [5]. Ўша жойда ўтроқ ўзбеклар билан тожиклар ўртасидаги ягона фарқ тил экани ҳусусида изоҳ берилади. Уларнинг дини билан, урф-одатлари жуда ўхшаш бўлгани сабабли Наливкинлар китобда “асосан, ўтроқ кун кечирувчи ўзбек аёлини назарда тутишини, унинг умумий ном билан сарт аёли деб аташни, чунки бу ном Ўрта Осиёда яшовчи руслар ўртасида оммалашиб кетгани”ни айтади [6].
Наливкинлар ушбу қисмда аёллар мавзуси ҳақида умуман сўз юритмайди. Улар боб сўнггида аҳолининг асосий машғулоти бўлган деҳқончиликни тавсифлайди. Фикрларича, бунга иқлим, халқ тафаккури ва дин сабаб бўлган. Улар, меҳнат тақсимотини, жумладан, деҳқончилик ишларида ёлланма ишчилардан фойдаланиш, шунингдек, одамлар ушбу меҳнати учун олган даромадини батафсил ёритади [7].
Дин ва руҳоният, шунингдек, тураржой ҳақидаги боблар
Китобнинг кейинги 2 та бобида Наливкинлар аёллар мавзусини билвосита тилга олади. Дин ҳақидаги бобда “диннинг моҳияти”га изоҳ бериш учун ислом ақидалари қисқача тушунтирилади [8], сўнгра Қуръони каримдан узун-узун таржима парчалар келтирилади. Наливкинлар бевосита аёллар билан боғлиқ сураларни танлаб олган. Улар суралар водий аёллари турмуш тарзи ва ҳаётини тушуниб олишда аҳамиятли деб ўйлаган кўринади. Шундан сўнг муаллифлар руҳониятнинг турли вакиллари, уларнинг мажбуриятлари, маҳаллий мактаблар ва улардаги ўқитиш ишларига шарҳ беради ва шарҳларда қизларга отин ойилар уйда таълим берганини айтиш билан чекланади – аёллар ҳақида бошқа ҳеч нарса дейилмайди. Шу ерда мактаб ва олий таълим муассасалари бўлмиш мадрасалардаги таълим тизими ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Наливкинлар таъкидича, асосан, диний билимлар берилган, ҳатто ўқимишли сартлар ҳам арифметика, жумладан, касрлар ҳақида тасаввур ва кенг тушунчага эга бўлмаган. Шу ерда яна халқ табобати ҳақида маълумотлар берилади. Афтидан, олдинги бобда бўлгани каби асарнинг ушбу боби ҳам аҳоли қандай жуғрофий, ғоявий ва диний шароитда яшаётганини кўрсатиш учун ёзилган.
Фарғона водийсидаги тураржойлар ва уй-рўзғор анжомларига бағишланган боб аҳоли ўз тураржойларини қандай қуриши ва жиҳозлаши ҳақидаги маълумотлардан иборат. Хусусан, билдирилишича, уйлар дин талабларига мос равишда қурилган ва уйларда аёлларнинг бегоналар кўзига кўриниши тақиқланган, унда яна эркакларга ҳатто уларнинг овозини ҳам эшитмаслиги тавсия этилади. “Шунинг учун аксарият ҳолларда… уй иккита бир-биридан бутунлай ажратилган бўлакка: эркаклар учун ташқари ҳамда аёллар ва оила учун ичкарига бўлинади”, дея изоҳ беради улар [9]. Таъкидланишича, ҳовли девор билан ўралади ва деразалар ҳеч қачон кўчага қарамайди.
Аёлнинг ташқи кўриниши ва кийими
Наливкинлар, ниҳоят, ушбу бобда водий аёллари ҳақидаги маълумотларни беришга киришиб, уларнинг ташқи кўриниши, тана тузилиши, юзи ва бўйини тавсифлайди ҳамда буларга ўзининг гўзаллик ҳақидаги тасаввурларидан келиб чиқиб, изоҳ беради. Улар тўладан келган аёллар кўп учрашини айтади: “Тўлалик гўзалликнинг зарурий шартларидан бири ҳисобланади; кўпинча дўмбоқ ва юзи соғлом аёл гўзал деб аталади” [10]. Муаллифлар яна бадан тузилиши ва бош шакли камдан-кам ҳолларда “тўғри”, тана “номутаносиб равишда узун” бўлганини ёзади. Улар бошнинг “нотўғри” шаклини болаларнинг камида бир йил бешикда ётгани, оқибатда энса ясси бўлиб қолиши билан тушунтиради. Бундан ташқари, аксарият аёлларнинг тос суяги кенглиги, тери ранги эса буғдойранг эканини қайд этади. Наливкинларга кўра, оқ юз териси кам учрайди, сартлар бошқа рангларга нисбатан шунисини афзал деб билган.
Муаллифлар аёллар юзи ҳақида сўз юритар экан, уларни уч турга бўлади: мўғул, форс ва ўрта. Қайд этишларича, ўрта тур кўп учрайди ҳамда юмалоқ юз, кенг жойлашган, жигарранг ва қора кўзлар (улар камдан-кам ҳолларда қисиқ бўлади) билан ажралиб туради. Муаллифлар юзларга қараб, нималарни кўришини ёзади: “қувват ифодаси… лоқайдликдан устун келади. Эркаклар орасида кўп учрайдиган лоқайдлик ифодаси аёлларда нисбатан кам учрайди” [11].
Наливкинлар маҳаллий аёллар қандай кийим кийганини батафсил тасвирлагани алоҳида аҳамиятга эга, айрим ҳолларда улар орасида башанг аёллар (“франтихалар”) ҳам бўлгани таъкидланади. Аёллар костюми, асосан, иштон, кўйлак, рўмол, дуррача ва ёзда кийиладиган калишдан иборат бўлган. Қиш мавсумида ўзига тўқ аёллар маҳси-калиш кийган. Аёллар уйидан чиқаётганда бошига чиммат (от жунидан тўқилган ва юз билан кўкракни қоплайдиган қалин тўр) ёпиб олган, унинг устидан кулранг ёки тўқ кўк матодан тикилган паранжи ташланган. Хабар этилишича, баъзан паранжи остидан аёлнинг рангли либоси кўзга ташланиб қолган ва унга қараб, у асли қаердан эканини билиб олиш мумкин бўлган [12].
Машғулотлар ва овқатланиш
Бобда қайд этилишича, ўша пайтдаги уйларда хизматкор, жумладан, оқсоч (уйсиз бевалар ёки айрим ҳолларда хотинлар – уй бекаларининг оналаридан) ёки дунган этник гуруҳига мансуб, “чўри” (“жўри”) деб аталувчи қул аёллар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти бўлган. Аёлларнинг асосий машғулоти (оила бюджетига ёрдам бериш ёки бева қолган ҳолларда ўзи ва оиласини боқиш учун) ип йигириш, пахтани тозалаш, мпак қурти боқиш бўлган. Муаллифлар бундай меҳнат ичкари, яъни уй ичида қилинганини қайд этади.
Ушбу бобда яна ўзбеклар ва тожиклар орасида то шу кунгача машҳур бўлган маҳаллий аҳоли таомлари: палов, шавла, шўрва, мастава, чучвара, ширгуруч, гўжа, атала ва ҳк.нинг тавсифи берилади. Муаллифлар, айниқса, сумалакни алоҳида ажратиб кўрсатиб, унинг қандай ва қачон пиширилишини тушунтиради. Наливкинлар тунбўйи сумалак пиширишга ҳозирлик кўраётган қизлар ва аёллар бегона эркак қозон ёнига келгудай бўлса, яширинмаслиги ҳақидаги қизиқарли кузатувини баён қилади. Эҳтимол бу аёлларга қаттиққўл қоидалардан четга чиқиш имконини бергандир, чунки Наливкинлар, “бундай йиғинлар қайлиқ кўриги бўлган ва уларда ошиқ-маъшуқлар учрашган”, [13] деб ёзади.
Спиртли ичимлик ичишга оид қайдлар ҳам қизиқарли. “Ароқ, узум шароби ва бўза (пивонинг тариқдан тайёрланадиган бир тури) сингари ичимликларни дин тақиқлашига қарамай, уларни очиқдан-очиқ ичиш йилдан-йилга ортиб бормоқда… бу баъзи кишиларга илгари сартлар орасида расм бўлмаган ичкиликбозликни руслар ўргатган, деган иддаолари учун баҳона бўлди”, деб ёзади муаллифлар. Шундан сўнг улар бўза маҳаллий ичимлик бўлганини, ўша ерда яҳудийлар мевалардан ароқ ва шароб тайёрлаганини эслатиб ўтади. Наливкинлар Олимхон билан Мадалихон пиёниста бўлганини таъкидлаб, мабодо руслар айбдор бўлса, бу “уларнинг айбдорлиги бадмаст ҳолда йўлида учраган кишиларни калтакламаслигидир”, деб киноя қилади [14].
Аёлларнинг феъл-атвори ва одатлари ҳақида
Китобнинг ушбу ва кейинги бобларида аёллар, уларнинг хулқ-атвори, анъаналари ва асосий ҳаёт босқичлари тавсифи келтирилади. Айрим маълумотларда субъективизм ва умумлаштириш ҳолатлар кўзга ташланади. Шундай қилиб, Наливкинлар аёллар тиниб-тинчимас феълга эгалиги, тез чиқишиб кетиши, усталик билан ўзини ҳар кўйга солишини таъкидлар экан, “бошига кулфат тушганда дугоналарига айтиб йиғлаб, зорланиб, шикоят қилади”, дейди. Ушбу айтиб йиғлаш, Наливкинлар наздида, сартлар ўртасида “ҳақиқий қардошлик алоқалари бўлмагани” сабабли “сохта” [15] бўлиб туюлади.
Муаллифларга яна бир ғалати кўринган ҳолат шуки, дугоналар оилавий ҳаётнинг барча тафсилотларини ўзаро муҳокама қилади (айрим ҳолатда улар қулоқларига чалинган оилавий жанжаллар ҳақида ҳам ёзади), бироқ ўз ҳаётини бунақа “дастурхон қилиш”, муаллифлар фикрича, эрнинг зулмидан ҳимоя вазифасини ўтаган, аммо шунга қарамасдан, ўша зулм “Европадагидан камроқ бўлган”. Улар бу ҳолатни маҳаллий аёллар қозининг (судья) рухсати билан ажрашиш имкони бўлгани, ажрашиш эса иккинчи марта никоҳдан ўтиб, оила қуришга тўсқинлик қилмагани билан тушунтиради.
Наливкинлар ушбу қисмда аҳолининг (ва аёлларнинг) динга муносабати сингари масала ҳақида ҳам тўхталиб ўтади. Улар одамлар ишларни ёмон (гуноҳ) ва яхшига (савоб) ажратишини, савоб иш намуналарини (ерга тушган нонни четга олиб қўйиш, жанжаллашаётган кишиларни яраштириб қўйиш, садақа бериш, жума куни бошни ювиш ва ҳк.) санаб ўтади. Яна сартлар нимага ишониши (масалан, шайтонга, дажжолга, пари ва девларга, уйларда алвасти ва ажина бўлишига) ва бу масалада улар руслар билан яқин экани айтилади. Тағин қайд этилишича, аёллар фолбин ва кинначиларга бориб туради. Шу билан бирга, сартлар бошқа халқлар қатори дин амрларини дўзах олдида қўрқув сабаб эмас, жамоатчилик танбеҳ беришидан чўчиб бажариши таъкидланади. Муаллифлар раис-қозининг таёғи алоҳида таъсир кучига эга экани, ўша таёқ руслар келгунига қадар “тақво асровчиси ва жамоатчилик фикрини тартибга солиб турувчи восита бўлган”ини қайд этади [16]. Бироқ у бекор қилингандан сўнг одамлар ўртасида динга нисбатан бефарқлик бошланган, деб ёзади улар [17]. Шунинг учун Наливкинлар сартларни мутаассиб деб ҳисоблаш нотўғри эканини айтади.
Кузатувлардан маълум бўлишича, аёллар орасидаги диний таълим унчалиқ юқори бўлмаган, чунки аксарияти саводсиз эди. Улар масжидга чиқмай, намозини уйида ўқиган, шунда ҳам ҳаммаси эмас, фақат кекса аёллар ибодат қилган. Айни дамда аёллар қандай намоз ўқиши тавсифи келтирилиб, тақводор ва обрўли оилалар мавжудлиги таъкидланади [18]. Мозорлар, авлиёлар қабрини зиёрат қилиш одати бўлган. Бу ҳозирги кунда ҳам Марказий Осиёдаги ислом динига хос бўлган нарсадир. Муаллифлар водийдаги “машҳур” мозорларни бир-бир санаб ўтар экан, улардан ҳар бири ҳар хил мақсадда (касалликлардан фориғ бўлиш ёки бойлик орттириш) зиёрат қилинишини ёзади [19].
«Ҳомиладорлик ва туғруқ. Қиз бола»
Муаллифлар ўша пайтдаги русларда бўлгани каби сартлар ҳам қиз боладан кўра ўғил бола туғилишини афзал билганини кузатганини ёзади. Ўғил бола туғилганда тантана уюштирилган, қиз бола туғилганда эса кўпи билан қўй сўйилган. Бобда туғруқ жараёни қандай кечиши, унда қариндошлар, ҳатто истаганида эри ҳам иштирок этиши, шунингдек, удумлар ва аёлларнинг туғруқдан сўнг қандай тикланиши тасвирланади. Одатда янги туққан аёл 6 – 7 кун, камдан-кам ҳолларда эса 3 кун ётади, деб ёзади муаллифлар. Болалар ўлимининг олдини олишга қаратилган айрим исмларнинг келиб чиқиши тушунтирилади. Мисол сифатида Турсун, Тўхта ва Маҳкам, шунингдек, “Сотиболди” ва “Сотқин” (қизларнинг исми, “сотиб олинган” маъносида) исмлари ва уларнинг маъноси келтирилади. Охирги ҳолатда чақалоқ 5 – 6 кунга бошқа эмизувчи аёлга берилган, сўнгра у энди ўлмайди, деган маънода пулга сотиб олинган.
Ёзилишича, ота-оналар фарзандларини жуда яхши кўради ва эркалайди, шу сабабли болалар қўлга ўрганиб қолиб, юришни кеч ўрганади [20]. Ушбу бобдаги эътиборли жиҳат шуки, муаллифлар бир неча саҳифада болаларнинг машҳур ўйинларини санаб ўтади, булар сирасига ҳозир ҳам машҳур “оқтерак”, болаларнинг ҳазил қочиримлари, яна болалар қўшиқлари, топишмоқлар ва эртакларни (аслиятдаги сўзлари билан) келтиради [21].
Ушбу бобни ўқиган ўқувчи қиз бола 8 – 9 ёшидан ип йигиришни, пахтани чигитлашни ва тикишни ўргана бошлашини билиб олади. Ушбу ёшда мактабда ўқитиш ҳам бошланган. 9 – 10 яшар қизнинг сочи майда қилиб ўрилган, энди у дўппи киймай, рўмол ўрай бошлаган. Муаллифлар ҳикоя қилишича, 12 – 13 ёшга тўлган шаҳарлик қизлар (бу ҳолат қишлоқларда сал кейинроқ рўй берган), паранжи ва чиммат кийган ва узатишга тайёр бўй қизларга айланган.
«Бўй қиз, унаштириш ва никоҳ»
Бу бобда никоҳ ўқиш ва унга тайёргарлик ҳақида қизиқ маълумотлар берилади. Қизларнинг 13 – 15 ёшда эрга бериш оддий ҳол бўлган ва 16 – 20 ёш ўртача туғруқ ёши бўлган. Наливкинларга кўра, ҳамма қизлар турмушга чиқади, фақат хўжаларнинг айрим қизлари “қора” халққа эрга беришни исташмагани учун қари қиз бўлиб қолади [22]. Яна улар эркак киши қалин пулини тўлашни кечиктиргани учун никоҳ тўйлари кўчирилган ҳолатларни қайд этади. Қалин пули бой савдогарлар оилаларидан бўлган қизларга 70 – 80 рублдан бир неча юз рублгача бўлган миқдордаги кумуш билан тўланган.
Муаллифлар хабар қилишича, эркаклар ўзининг ва диний афзалликларидан келиб чиқиб, эри билан ажрашган ёки бева аёллардан (жувонлардан) кўра бокира қизларга уйланишни маъқул билган. Бироқ эри билан ажрашган ёки бева аёлларга уйланишни афзал билган эркаклар ҳам бўлган, чунки жувонга уйланган эркак фақат меҳмондорчилик харажатларини кўтарган, холос [23], улар қалин пули бермаган (аксарият ҳолларда жувоннинг қариндошлари қалин учун тўланган пулни биринчи эрига қайтарган ёки жувон пулни қайтаришдан бутунлай халос бўлган). Айни ҳолат эри билан ажрашган аёлни европалик аёллар билан таққослаганда, бутунлай эркин қилган, чунки никоҳдан сўнг ота-онанинг қизи устидан ҳукмронлиги кучини йўқотган, янги никоҳдан ўтиш иккинчи эр хотини учун ҳеч нарса тўламагани сабабли осон бўлган [24].
Худди бугунгидай, келин-куёв таомилга кўра, эрнинг қариндошлари билан бирга яшаган. Бироқ Наливкинлар далолат беришича, бирга яшашнинг ортиқча ташвишлари кўп бўлган, шу сабабли ёш эр-хотин тўйдан сўнг орадан бир йил ўтиб, алоҳида яшашга ҳаракат қилган. Яна бир диққатга сазовор кузатув шуки, келиннинг уйдан чиқишига рухсат бериш тез-тез жанжалларга сабаб бўлган, бу биринчи фарзанд туғилгунча жуда қийин иш эди. Айни чоқда қайнонанинг ўз келинига ва бошқа уйга келин бўлиб тушган қизига муносабати, табиийки, фарқли бўлган: она келинига раҳм қилмаган, қизига эса, аксинча, ачинган.
«Кўпхотинлилик, ажрашиш, бевалик ва аёлнинг ўлими»
Муаллифлар кўпхотинлилик ҳақида сўзлар экан, мусулмонлар тўрт хотин олиши мумкин ва уларга баравар муносабатда бўлиши шарт эканига қарамай, амалда бу иш жуда мураккаб эканини ёзади. Биринчи хотин уйнинг бекаси саналган ва аксарият ҳолларда барча хотинлар битта ҳовлида, аммо турли хоналарда яшаган. Камдан-кам ҳолларда ҳар бир хотиннинг алоҳида уйи бўлган.
Бир уйда бир неча хотин яшаган ва эр улар барчасига бир хил муносабат қилишга қодир бўлмаган ҳолатларда жанжал ва тўполон тез-тез юз бериб турган. “Аксарият ҳолларда бир неча хотинли бўлиш лаззати жуда қимматга тушади, доимий оилавий жанжаллар жонига теккан сарт ортиқча хотинлари билан ажрашиб, фақат бир, энг ўзига маъқул хотинини олиб қолиб, қасам ичиб, кўпхотинлиликдан воз кечганига оид мисоллар жуда кўп”, деб ёзади Наливкинлар [25].
Айни чоқда тинч ҳаёт кечириш ҳам мумкин эди, бундай ҳолатда кўп нарса эрнинг феъли ва биринчи хотиннинг гапга киришига боғлиқ бўлган”, дея қайд этади муаллифлар. Кундошлар (“кунларни баҳам кўрган” деган маънони англатадиган атама) дўст бўлган, қайсидир ўринда ўртоғининг камчиликларини яширган ҳолатлар ҳам бўлган. Шунга қарамай, Наливкинлар бундай ҳаётий ҳолатлар камдан-кам учрашини ёзиб қолдирган. Уларга кўра, кўпхотинлилик қишлоқ аҳолисидан кўра шаҳарлик бой-бадавлат аҳоли ўртасида кўп тарқалган.
Никоҳ бор жойда ажрашиш ҳам бўлиши муқаррар. Наливкинлар аёллар ажрашишни (талоқ) талаб қилиши мумкин бўлган қонуний сабабларни санаб ўтади: сабабсиз дўппослаш ва унинг излари бўлган ҳолатларда; мабодо эри биринчи хотиннинг розилигисиз иккинчи хотинга уйланганда; агар эр олти ой давомида хотинига озиқ-овқат бермаса; агар эр хотинини унинг розилигисиз узоқ жойларга олиб кетиб қолса; агар эр эс-ҳушини йўқотса ва агар у мохов бўлиб чиқса. Ажрашиш ҳукмини маҳаллий судья – қози чиқарган [26].
Наливкинлар ўлим ҳақида эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўлимни муқаррар нарсадай хотиржамлик билан қарши олиши ҳақида қойил қолиб ёзади. Улар бир мулланинг қандай ўлгани устида бориб қолганин тасвирлайди. “Қароқчилар етказган жароҳатдан ўлаётган мулла ўта хотиржамлик билан ва ўзини қуршаб турган одамларга асло парво қилмай, тобора заифлашиб бораётган овози билан ўзига-ўзи жаноза ўқир эди” [27], деб ёзади муаллифлар. Боб сўнггида аза тутиб йиғлаш, бундай пайтда айтиладиган иборалар, майитни ювиш ва мозор бошига бориш анъаналари тавсифланади. Тилга олинишича, аза тутганда дод солиб йиғланади, баъзилар жазавага тушиб юзини юлиши мумкин [28]. Наливкинлар марҳум(а)ни хотирлаш тадбирлари қазонинг учинчи, еттинчи, қирқинчи кунлари ва йили қандай ўтказилганини баён қилади. Минтақада ушбу анъанага ҳозирги кунда ҳам амал қилинади.
Хулоса
Наливкинлар китобини, ҳамма одам – бир одам, деган мақол билан тугатади. Гарчи уларнинг асарини замонавий илмий қолипларга кўра объектив деб баҳолаб бўлмаса-да, умуман олганда, тафсилотлар баёни ҳаққоний бўлиб кўринади. Айни пайтда эр-хотин кўришни истаган нарсаларини кўрган бўлиши мумкин. Сартларнинг гўё тозаликка риоя қилмаслигига, улар учун ич кийим тозалигининг ёки паразитлар бор-йўқлигининг аҳамияти йўқ эди, қабилида шама қилинади. Бу эр-хотиннинг битлар ҳақидаги мулоҳазасида яққол кўзга ташланади: “бу ҳашаротлар тубжой аҳоли маиший ҳаётига таҳорат олиш, намоз ўқиш, таниш билан кўришганда саломлашиш сингари хос бўлган нарсадир” [33]. Яна аёллар табиатидаги Наливкинлар дуч келган алдаш, хушомад қилиш, ғийбат ва мақтанчоқлик сингари айрим шахсий қусурлар барча сарт аёлларининг феъл-атворига хос нарса сифатида тақдим этилади.
Шу билан бирга, китобнинг кўплаб ижобий жаҳатлари ҳам бор. Наливкинлар аёллар ҳақида киришимли, тиниб-тинчимас ва тез мослашиб кетувчан деб ёзади. Улар халқнинг жисмоний оғриқ, масалан аёлларнинг туғишга ёки эркакларнинг жарроҳлиқ амалиётига бардошлилигини мақтайди. Бошқа бир жойда эр-хотин қашшоқ кампир невараси билан ўзига егулик сотиб олиш учун унинг яккаю ягона маржон мунчоғини сотаётганига ачинади.
Муаллифлар объектив мулоҳаза юритишга ҳаракат қилади. Масалан, улар, кўпгина ўқитувчилар ҳадеб қўл кўтавергани учун ўғил ва қиз болалар мактабдан қочаётганига гувоҳ бўлганини ёзади. Наливкинлар адолат юзасидан ёзишича, сўнгги пайтларгача рус мактабларида ҳам болаларни уриш одати бўлган [34]. Улар руслар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги муштлашувлар ҳақида гапириб, сартлар фойдасига киноя қилади: “икки сарт муштлашиб кетди, албатта улар a la russe (русларга ўхшаб) тишни уриб синдириб, бўйинни қайириб ва танага бошқа бирор тарзда зарар етказиб эмас, сартларга хос “одоб сақлаб” муштлашди” [35]. Бошқа ҳолатда эса улар ажрашишдан сўнг (нечанчи марта ажрашиш эканидан қатъи назар) аёллар ҳуқуқи рус жамиятидаги ўйнаш актрисалар ҳуқуқидан яхшироқ ҳимояланганини таъкидлайди [36].
Маҳаллий аҳолига нисбатан муайян муросали муносабат бўлишига қарамай, китобда хайрихоҳлик ва юмор сезилиб туради. Бу Наливкинларнинг ҳикоя қилиш оҳанги улардан олдинги рус шарқшуносларининг ёзиб қолдирганларидан кўра инсонпарварлик билан кўпроқ йўғрилганини англатади [37]. Шу билан бирга, улар этнографиясининг энг қимматли жиҳати кўрган-кечирганларини Марказий Осиё ўтмишига қайтиш ва ўша замон муҳитини ҳис қилиш имконини берадиган даражада батафсил тасвирлаб берганидир.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Сергей Абашин ёзишича, “В.П. Наливкиннинг ёрқин ва оғир кечмишларга тўла шахсига тарихчилар турли-туман баҳо берган. Фақат Наливкиннинг илмий фаолияти ҳар қандай шубҳадан холидир. Унинг тилшунослик, тарих, этнография соҳасидаги тадқиқотлари илгари ҳам эътироф этилган, ҳозирги кунда ҳам улар ноёб ҳисобланади”. С. Абашин. “В.П.Наливкин: Муқаррар нарса алббата рўй беради; муқаррар нарса албатта бўлиши керак, лекин… энди бўлиши мумкин эмас…” “В.П. Наливкин: Полвека в Туркестане”, 2015 г. стр. 28 – 29.
[2] Muslim Women of the Fergana Valley: A 19th Century Ethnography from Central Asia. By Vladimir and Maria Nalivkin, Indiana University Press, 2015, p.1
[3] “Очерк быта женщины оседлого туземного населения Ферганы”, В. Наливкин и М. Наливкина. Казань: типография Императорского университета, 1886. Cтр. 4.
[4] Ўша ерда, 15-бет
[5] Ўша ерда. Муаллифлар ёзишича, сарт – ўзбеклар “моҳиятан бу ерда турли пайтларда ўтроқлашган ва маҳаллий тубжой аҳоли ҳисобланмиш тожикларнинг деҳқончилик тутимларини қабул қилган Қирғиз, Бағиш, Қорақалпоқ, Қурама, Минг, Юз, Қирқ ва ўзбек уруғларининг олдинги кўчманчилари бўлган”.
[6] Ўша ерда, 16-бет.
[7] Ўша ерда, 20 – 26-бетлар.
[8] Китобнинг инглизча нашрида изоҳ берилишича, Наливкинлар Қуръоннинг рус тилига Г.С. Саблуков қилган таржимасидан фойдаланган.
[9] “Очерк быта женщины оседлого туземного населения Ферганы”, В. Наливкин и М. Наливкина. Казань : типография Императорского университета, 1886, стр.74
[10] Ўша ерда, 89-бет.
[11] Ўша ерда, 91-бет. Наливкинлар сарт аёлларнинг ташқи кўринишини, сочини, у қандай парвариш этилишини, қўли ва товонини батафсил тасвирлайди. Қайд этилишича, улар Қўқон ва Марғилон депараларида бўқоғи, яъни қалқонсимон бези касаллиги бор ва чечак билан оғриган аёлларга дуч келган. 92-бет.
[12] 92 – 96-бетлар. Ушбу бобда пардоз воситалари (ўсма, хино), кумуш, маржон, марварид ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ҳамда уларни тақишнинг ўзига хос талаблари тафсилотлари келтирилади. 107-бетда таъкидланишича, “қиммат бўлмаган, лекин энг суюмли тақинчоқ қулоқ ортига қистириладиган гул, айниқса, атиргулдир”. Яна қўшимча қилинишича, ушбу гулни баҳор ойларида эркаклар ҳам дўпписига қистириб юради, қулоғи ёки чаккасига тақади.
[13] 126-бет
[14] 127-бет
[15] 135-бет
[16] 149-бет
[17] 151-бет
[18] 152-бет
[19] 154-бет
[20] 177-бет
[21] 183 – 188-бетлар
[22] 195-бет
[23] 197-бет
[24] Муаллифлар бу ерда қалин арабларда мавжуд бўлган маҳрдан фарқ қилишини тушунтириб беради. Маҳр келинга тақинчоқлар ёки кўчмас мулк сифатида ҳадя қилинган, айни чоқда қалин ўзбекларнинг кўҳна одати бўлиб, ота-онага қизини тарбиялаб, вояга етказишда сарфлаган харажатлари учун мукофот тариқасида берилган. Аксарият ҳолларда қалин келинни сотиб олиш учун берилмаган. Наливкинлар ёзишича, “қалиннинг аҳамияти кейинчалик қонуний сабаблар бўлмай туриб, хотиннинг ташаббуси билан ажрашиш масаласи кўтарилганда ўзгаради. Айни чоқда маҳр ажрашиш рўй берган ҳолларда хотин учун таъминот вазифасини ўтаган (одатда бу хотиннинг номига уй, унинг кичикроқ қисми, боғ ва ҳк.ни ўтказиб бериш тарзида амалга ошган). 201 – 204-саҳифаларга қаранг.
[25] 222 – 223-бетлар
[26] Бундай ҳолларда аёл киши қалинни тўлаши шарт бўлмаган. Агар эркак киши ҳеч бир сабабсиз ажрашаётган бўлса, у хотинига маҳр бериши керак бўлган, аммо қалин пулини қайтариб олмаган. Агар хотин бирор узрли сабабсиз ажрашишни талаб қиладиган бўлса, у қалинни қайтариб бериши шарт бўлган ва маҳр ҳуқуқидан маҳрум бўлган. 229-бет.
[27] 232-бет
[28] 234 – 235-бетлар
[29] 239-бет
[30] 240-бет
[31] “Бўй қиз, унаштириш ва никоҳ” бобининг охирида муаллифлар эрли аёлларнинг зиноси билан боғлиқ ҳолатларни эслаб ўтади: айрим аёллар бориб қариндошларини кўриб келиш баҳонасида бева аёлларникига бориб қолган, у ерда кечқурунлари эркак ва аёл меҳмонлар йиғилган. 218-бет.
[32] 242-бет
[33] 78-бет
[34] 58-бет
[35] 140-бет
[36] 225-бет
[37] Muslim Women of the Fergana Valley: A 19th-Century Ethnography from Central Asia. By Vladimir and Maria Nalivkin, Indiana University Press, 2015, p.12. А.П. Федченко ёки А.П. Хорошкин назарда тутилмоқда.