Суратда: “Туркман-Саҳра” кенглигининг кўринишлари, манба: mahbantour.com
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси
Эроннинг шимоли-шарқида маҳаллий форслар “Туркман-Саҳра” деб номловчи кенглик бор. Бу ердаги ўндан ортиқ шаҳар ва юзлаб қишлоқларда Ўрта осиёлик туркий халқлар, жумладан, туркман, қозоқ ва жуда оз сонли ўзбек ҳамда қорақалпоқлар яшайди. Маълумотларга кўра, Эрон аҳолисининг тахминан 25 фоизини туркий халқлар ташкил қилади. Улар орасида энг кўп сонлиси озарбайжонлар бўлиб, улар тахминан 18 дан 25 миллионгача бўлган нуфусни ташкил қилади. Иккинчи ўринда туркманлар, уларнинг сони 2,5 миллиондан 3 миллионгача. Учинчи гуруҳ авшар, хажар, қорақалпоқ, қозоқ ва ўзбеклардан иборат туркий халқлар гуруҳидир.
Мақолада муаллиф “Туркман-Саҳра” ва Эроннинг Табриз, Машҳад, Исфахон, Теҳрон каби йирик шаҳарлари атрофида яшовчи туркман, қозоқ ва ўзбеклар тарихи, маданияти, ижтимоий-сиёсий аҳволи ҳақида сўз юритади.
Ўрта осиёликларнинг муҳожирлик тарихига назар
Ўрта осиёликларнинг муҳожирлик тарихи 1917 йилдан 1945 йилгача бўлган даврни қамраб олади. Октябрь инқилобидан сўнг аввал мулкий, кейинроқ эса мафкуравий зиддиятлар сабаб, миллионлаб Ўрта осиёликлар ватанини тарк этган.
Тарихчи олим, профессор Шодмон Ҳайитовнинг илмий хулосаларига кўра, ўрта осиёликларнинг муҳожирлик тарихи 1917-1924, 1925-1930 ва 1939-1945 йилларга дахлдор. Совет ҳукуматининг сиёсати ва мафкурасини қабул қилмаган ўзбеклар иккинчи ватан сифатида аввал Афғонистон, Хитой (Шарқий Туркистон) ва Эрон давлатларини танлашган. Бироқ у ерларда ҳам тинч ҳаётга эриша олинмагани сабаб, иккинчи маротаба муҳожирликка юзланиб, Саудия Арабистони, Туркия, АҚШ ва Европа давлатларига тарқалиб кетишган. Тарихий маданий, шунингдек, жўғрофий яқинлик туфайли 1925-1930 йилларда туркман, қозоқ ва ўзбекларнинг кўп сонли жамоалари Афғонистон ва Эроннинг чегара ҳудудларига бориб жойлашган. Уларнинг сони ҳақида аниқ маълумотлар жуда оз.
Тарихчи олим, профессор Рустам Шамсутдиновнинг ёзишича, тўлиқ бўлмаган маълумотларга кўра, 1931 йили ўзбекларнинг 1073 хўжаликдан иборат гуруҳи Эронга кўчиб кетган, шунингдек, 1927-1935 йилларда Қозоғистондаги мараккаб вазият натижасида тахминан 5000 нафарга яқин этник қозоқлар Эронга кўчиб келишган[1]. Худди шу даврда туркманлар ва тожикларнинг ҳам Эронга муҳожир бўлиб бориши сезиларли даражада ошган.
Эронлик қозоқлар
Эронда қозоқ диаспораси 1930-йиллардан бошлаб шаклланган. Ушбу даврдаги репрессия ва очарчиликдан қочган бошқа Ўрта осиёликлар сингари қозоқлар ҳам Туркманистон орқали Манғистау вилоятидан Эронга кўчиб кетади. Уларнинг аксарияти бу юртда узоқ қолмайди, бир қисми Туркия ва Араб давлатларига кетган бўлса, яна муайян қисми Эронда яшаб қолган. 1927-1932 йилларда қозоқларнинг сони тахминан 5 минг нафардан ошган. Эрондаги қозоқларнинг яна бир гуруҳи 1979 йили совет қўшинлари Афғонистонга киритилгач, шу ердан кўчиб ўтганлардир. Уларнинг кўпчилиги Эроннинг Афғонистон билан чегарадош вилоятларида оғир шароитларда яшаган. 1993 йилдан бошлаб, Қозоғистон ҳукумати ташаббуси билан бу муҳожирлар ватанига қайтарилган.
Эрон қозоқлари Туркман-Саҳранинг Гулистон вилоятидаги Гўргон, Бандар-Туркман, Гунбад-и Қобус ва Аккала шаҳарларида яшайди. Маҳаллий аҳоли уларни “казахла”, деб атайди. Улар мусулмон Сунний ханафий мазҳабидадир.
Эрон қозоқлари узоқ йиллар давомида ва ҳатто ҳозир ҳам миллий ўзлигини сақлаб қолиш йўлида тил, урф- одатлар, миллий либосларга катта эътибор қаратади. Эрон ҳукумати уларга нисбатан эътиборсиз. Умуман, 1979 йилдаги Ислом инқилобидан сўнг форсийлаштириш кучайиб кетгани натижасида Эрондаги этник озчилик учун шарт-шароитлар деярли яратилмаган. У ерда қозоқ тилидаги мактаблар, маданият муассасалари, нашриётлар, газета ва журналлар мавжуд эмас. Лекин Эрон қозоқлари сиёсий ҳуқуқларга эга, мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади.
Эрон Ислом Республикаси тарихидаги оғир кунларда, яъни 1980-1988 йиллар бўлиб ўтган Эрон ва Ироқ урушида қозоқ йигитлари мамлакат армияси таркибида мардонавор жанг қилган. Бу хусусда 1993 йили бошланган қайта кўчириш даври Қозоғистонга қайтган, Гунбад-и Қобус шаҳрида яшаган Абдолла Каржау шундай хотирлайди:
“… Мен уруш бошланганида армиядаги хизматимни тугатиб келганимга икки йил бўлган эди. Урушга бормасам ҳам бўларди, бироқ боришга қарор қилдим. Бир томондан бурчимни бажариш учун, иккинчи томондан ҳукумат ишончини қозониш учун“.
Муаллиф мазкур мақолани ёзиш жараёнида қозоқларнинг Эрондаги ҳозирги ҳаётидан ҳикоя қилувчи интервьюлар ва қатор ҳужжатли фильмлар билан танишди.
Қозоғистонлик ва эронлик қозоқлар ўртасида қандай фарқ бор?
Parvin Mahrid Бендер – Торкмен шаҳридан, тадбиркор, этник қозоқларнинг учинчи авлоди: “Қозоғистонлик қозоқ ва эронлик қозоқ ўртасида катта фарқ бор. Биз катта авлоднинг урф-одатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилганмиз, шу билан бирга маҳаллий анъаналарни ҳам қабул қилганмиз. Қозоқ миллий таомларини тайёрлашга у қадар уста эмасмиз. Ёшлар миллий урф-одатларимизга амал қилишга кўп ҳам қизиқишмайди, улар форс тилида гаплашишади, форс шеъриятини ўқишади ва форсларга хос кийинишади. Биз қозоқ тилида фақат оила даврасида ва яқинларимиз билан гаплашамиз. Бироқ бу тилда ёзиш ва ўқишни билмаймиз. Мактабларда ҳам фақат форс тили ўрганилади, қозоқ тили эса йўқ”.
Majid Zhemeney Эроннинг Горган шаҳридан, этник қозоқларнинг учинчи авлоди, тадбиркор: “Горганга биринчи қозоқлар кўчиб келганига 90 йилдан ошди, улар жануби-ғарбий Қозоғистондан келишган. Ҳар бир миллатнинг қалбида ўз она тили учун жой бўлади. Биз ҳам қозоқ тилини севамиз ва ҳурмат қиламиз, шунинг учун она тилимизда гапирамиз. Лекин, афсуски, йиллар давомида у форс тили билан аралашиб кетди. Эрондаги қозоқ тили аслидан фарқ қилади.
Эронлик қозоқлар барча урф- одатларини тўла сақлаб қолмаган бўлса-да, баъзи қатъий оилавий анъаналарга амал қилинади. Хусусан, қозоқ қизининг бошқа миллат вакили билан турмуш қуриши мумкин эмас. Бу муҳим ва қатъий тартибдир.
Ватанга қайтиш
Мустақил Қозоғистон республикаси ташкил топгач, ҳукумат ХХ асрнинг 20-30 йилларида мамлакатни тарк этган минглаб қозоқларни ватанига қайтариш бўйича чора-тадбирларни амалга оширди. Хусусан, 1993 йили Қозоғистон ва Эрон томонларининг келишувига асосан, ҳукумат ҳомийлигида 722 оиладан иборат жами 3661 нафар қозоқ миллатига мансуб киши мамлакатга қайтарилди. Улар, асосан, Актау вилоятида давлат ажратган уйларга жойлашишган. 1996 йилда яна 1280 нафар қозоқ оиласи Эрон ва Афғонистондан кўчириб келинган. Тарихий ватанига қайтган қозоқлар замонавий иш ва бизнес тили сифатида рус тилидан фойдаланувчи қардошлари орасида ўзларини бегонадек ҳис қилишади. Асосий муаммо рус тилини билмаслик ва бу яхши иш топишга тўсиқдир.
Эрон туркманлари
Туркманлар Эрондаги туркий халқларнинг катта бир гуруҳини ташкил қилади. Уларнинг тахминий сони иккидан уч миллион нафаргача. Туркманлар, асосан, Каспий соҳиллари ва Туркманистон билан чегарадош Гулистон ва қисман Мозондарон ҳамда Хуросон вилоятларида яшайди. Туркманлар истиқомат қиладиган вилоятларни эронликлар “Туркман-Саҳра” (Туркман чўллари) деб аташади. У ерда Кумуштепа, Бендер Туркман, Симин Шаҳар, Аккала, Анбар Алум, Негин City, Мераве Тепа номли шаҳарлар бор.
Иккига бўлинган ягона миллат
Ҳозирги Туркманистон ва Эрон Ислом Республикасидаги туркманлар тарихан ягона давлат таркибида биргаликда яшашган. 1881 йили Чор Россияси Göktepe қалъасини қўлга киритиши билан туркман қабилалари яшайдиган ҳудудларнинг бир қисми Россия империяси таркибига киритилган. Қолган қисми эса ушбу ҳудудлар ўртасида чегарани аниқлаштириб олиш учун Чор Россияси Эрон билан “Ahalteke” шартномасини имзолаши натижасида Эрон таркибига ўтиб кетган. Шу тариқа Эрон ва Туркманистон чегарасидаги туркманлар иккига бўлиниб, икки давлат таркибида қолиб кетишган. Шундан келиб чиққан ҳолда Эрондаги туркманларни икки гуруҳга бўлиш мумкин. Уларнинг катта қисми мазкур бўлиниш натижасида Эронда қолиб кетган, яна бир қисми 1924 йилдан кейин Туркманистон ҳудудларидан қочиб ўтган муҳожир туркманлардир.
Эрондаги туркман аҳолиси сони ХХ асрнинг биринчи ярмида Туркманистонда совет тузуми ўрнатилиши ва 1930-1940 йиллар Сталин қатағонлари даврида ўсиб борган. Бу пайтда кўплаб туркманлар Эрон шимоли-шарқида жойлашган туркман саҳросидан паноҳ топди. Эрон ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, икки шоҳ замонида (1925-1979 йиллар) мамлакатда 1,5-2 миллион нафар туркман бор эди. Эрон манбаларининг маълумотларига кўра, ҳозир уларнинг сони тахминан 500 минг – 1 миллион кишига камайган.
Тарихда Эрондаги туркманлар ўз мустақил давлатларини ташкил этишга ҳам ҳаракат қилишган. 1924 йилнинг 20-майида туркманлар Эрондан ажралиб, мустақил “Туркманистон Республикаси”ни ташкил қилади. Уларнинг етакчиси Усмон Охунд Мустақил Туркманистон Республикаси раҳбари этиб тайинланади. Қисқа фурсатда ўзига хос парламент – “Оқсоқоллар Мажлис”и тузилади. Эътиборлиси, ушбу республикани Туркия қўллаб- қувватлаган. Бироқ мустақил республика узоқ яшамади. Совет ҳукумати ва Эроннинг босими натижасида у тугатилди ва Эрон таркибига қўшиб юборилди. Эрон ҳукумати бу ерда жуда фаол тарзда форслаштириш сиёсатини олиб боради. Форс тилидаги мактаблар ташкил қилинган.
Миллий мустақиллик масаласи 1979 йилда яна бир бор кўтарилади. Худди шу йили Паҳлавийлар сулоласи ағдарилганидан сўнг этник туркманлар мухторият тузишга ва ҳокимиятнинг юқори органларида ўз вакилларига эга бўлишга, шунингдек, тил, анъана ва урф-одатларига нисбатан ҳурматда бўлинишига интилганлар. Бироқ бу орзу ҳам амалга ошмаган.
Эронда мазҳаб масаласи ҳатто миллатнинг ўзига хос хусусиятларидан ҳам устунлик қилади
Сайлов ҳуқуқи. Эрондаги туркманлар расман барча сиёсий ҳуқуқларга эга. Улар Эрон ватандошлари ҳисобланади ва сайлаш, сайланиш, армияда хизмат қилиш каби ҳуқуқлари бор. Туркманлар мамлакат сиёсий ҳаётида жуда фаол иштирок этишади. Хусусан, парламент ёки шаҳар раҳбарияти учун бўладиган сайловларда туркманлар ғалаба учун барча имкониятларини сафарбар қилишади. Туркманлар Сунний бўлганлиги сабаб, Туркман-Саҳрадаги сайловлар доим Сунний ва Шиа гуруҳларининг жанг майдонига айланади. Шиа Шиа учун, Сунний Суннийга овоз беради. Эронда мазҳаб масаласи ҳатто миллатнинг ўзига хос хусусиятларидан устунлик қилади. Масалан, туркманлар кўпчиликни ташкил қилувчи Гумбет шаҳридаги озарбайжонлар этник жиҳатдан туркий гуруҳга мансуб бўлса-да, шиа эканлиги сабаб, форсларга овоз беради, қозоқлар эса сунний бўлганлиги туфайли ҳар доим туркманларни қўллаб-қувватлайди.
Матбуот эркинлиги. Эрондаги туркманлар 1997 йили ҳокимиятга Хотамий келган даврдан бошлаб, ҳақ-ҳуқуқлари борасидаги айрим муаммоларни ижобий ҳал қила олишган. Хусусан, 1998 йилда туркман тилидаги илк газета – “Саҳра” туркман ва форс тилларида нашр қилиниб, Гулустон ва Хуросон вилоятларига тарқатилган. Кейинчалик туркман ва форс тилларидаги “Yaprak” номли маънавий-маърифий журнал ҳам нашр қилина бошланди.
Туркман-Саҳрада туркман тилидаги бир нечта радиостанция фаолият олиб боради. Ислом инқилобидан кейин бугунги кунга қадар Гулистон вилоятининг маркази Гурген шаҳрида ҳафтасига бир маротаба туркман телевидениеси ҳам эфирга узатилади.
Таълим муаммолари. Эрондаги туркманларнинг муаммоларидан бири – бу туркман тилидаги мактабларнинг йўқлиги. Ушбу муаммо узоқ йиллардан бери кўтарилса-да, туркман ўқувчилари ҳануз форс тилида савод чиқаришмоқда. Мактабда ҳам, олий ўқув юртларида ҳам туркман тилида дарслар ташкил қилинмайди. Фақат оила даврасида она тилида сўзлашилади, шу сабабли ёшлар миллий тилини унутиб бормоқда.
Туркиялик профессор Abdurrahman Deveci Эронда туркман тилининг мавқеи жуда заиф эканлиги, на давлат, на хусусий тадбиркорлар туркман тили ўқитиладиган марказларни ташкил қилмагани, натижада, туркман тили форс тили таъсирида кучсизланиб бораётгани ҳақида ёзади.
Эрон туркманлари Туркманистондаги миллатдошларидан фарқлими?
Эрон туркманлари Туркманистон туркманлари билан бир хил. Уларнинг тили бир, эътиқоди ва мазҳаби бир, миллий анъаналар, либослар, маросимлар, мусиқа – ҳаммаси бир хил. Шу ўринда айрим фарқлар борлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз: узоқ йиллик ажралишдан сўнг тилда айрим фарқлар ҳосил бўлган. Туркманистон туркманлари тилида озарбайжонлар ва турклар қўллайдиган жуда кўп сўзлар учрайди, шунингдек, форсий сўзлар ҳам туркман тилига кўп қўшилиб кетган.
Эрон туркманлари моҳир ҳунарманд бўлиб, бутун жаҳон туркманлари сингари улар ҳам гилам тўқишда маҳоратли. Эронда туркман гиламлари юқори баҳоланади. Туркман гилами ва наматлар Ўрта Шарқда жуда ҳам машҳур.
Эрон ўзбеклари
Туркман-Саҳрадаги туркий халқлар орасида ўзбеклар ва қорақалпоқлар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, профессор Шодмон Ҳайитовнинг тадқиқотларига кўра, Эроннинг Машҳад, Исфахон, Теҳрон каби йирик шаҳарлари атрофида ҳам жамоа бўлиб яшаётган ўзбекларни учратиш мумкин. Уларнинг аниқ сони ҳақида маълумотлар йўқ. Ўзбеклар ҳам бошқа туркий гуруҳлар сингари Сунний ханафий мазҳабидадир. Тилимизни деярли унутишган, асосан, форсийда сўзлашишади. Одатда, ўзбеклар ҳам қорақалпоқлар ҳам туркманлар билан ҳамкорликда яшайди.
Ўрта Осиёдаги бошқа туркий халқлар сингари ўзбеклар ХХ асрнинг 20-30 йилларида Эронга кўчиб келган. Уларнинг маълум бир қисми шу ерда яшаб қолиб, аксарияти Эрон орқали Туркия, Сурия, Иордания ва Саудия Арабистонига кетган[2]. Шунингдек, 1979 йили Совет қўшинлари Афғонистонга кириши натижасида бу ердаги минглаб этник ўзбеклар Эроннинг Афғонистон билан чегарадош вилоятларига қочқин сифатида ўтган. ХХ аср бошларидаги Ўрта Осиё халқлари миграцияси билан шуғулланган етакчи олимлардан Камолиддин Абдуллаев ва Шодмон Ҳайитовларнинг ишларида ўзбекларнинг Эрондаги муҳожирлиги тўғрисида жуда қисқа маълумотлар берилган.
Умуман олганда, Эрон ва ўзбек халқлари орасида тарихдан ўзаро алоқалар мавжуд эканлиги маълум. Сомонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва Сафавийлар ҳукмронлик қилган даврларда форслар ва ўзбеклар орасида ўзаро муносабатлар бор эди. Савдо карвонлари доимий равишда Самарқанд ва Бухорони Табриз, Шероз ва Исфахон каби шаҳарлар билан боғлаб турган. Эрондаги баъзи топонимларнинг “ўзбек” номи билан боғланиши Эрон тарихида ўзбекларнинг алоҳида ўрни бўлганлигига ишорадир. Хусусан, Теҳрон яқинидаги Караж шаҳридан 50 кмлик масофада “Ўзбаки тепалиги” деб номланувчи қадимий тепалик бўлиб, унинг номи шу атрофдаги “Ўзбак” қишлоғи номидан олинган. Унинг атрофида “Ёнтепа”, “Жайронтепа”, “Моролтепа” “Душантепа” тепаликлари бор, маҳаллий аҳоли бу тепаликларни “Таппаҳойи ўзбаки” (ўзбек тепаликлари) деб атайди. Бироқ, уларнинг этник ўзбеклар билан қанчалик боғлиқ эканлиги ҳали ўрганилмаган.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Шамсутдинов Р. “Қишлоқ фожеаси: жамоалаштириш, қулоқлаштириш, сургун Ўрта Осиё республикалари мисолида. Тошкент, Шарқ 2003. 33 бет.
[2] Ҳайитов Ш.А. ХХ аср ўзбек муҳожирлиги тарихи. т.ф.д. даражасини олиш учун ёзилган диссертация. Тошкент, 2009. С. 32-33
[3]. Türel Yilmaz. Iran’da unutulmuş bir toplum: Türkmen sahra Türkmenleri.