Сурат манбаси: asiatimes.com
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси
Покистон Ислом Республикасида тахминан 280 000 нафар этник ўзбек яшайди[1]. Улар мамлакатнинг Пешовар, Равалпинди, Карачи каби шаҳарларида нисбатан кўпчиликдир. Шунингдек, афғонистонлик қочқинлар учун ташкил қилинган Шимолий-ғарбий чегара вилоятларида, Белужистон ва Панжобда умумий қочқинларнинг 2 фоизини (7 фоизини тожиклар) ташкил қилган ҳолда яшашади[2].
ХХ аср бошларида Ўрта Осиё минтақасида кузатилган йирик муҳожирлик тўлқинларининг натижаси ўлароқ, Британия Ҳиндистони ҳудудларида шаклланган мазкур этник жамоа бугун Покистонда тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида истиқомат қилмоқда.
Мазкур мақолада муаллиф Покистондаги ўзбекларнинг муҳожирлик тарихи, ижтимоий ҳолати ва ҳозирги муаммолари ҳақида сўз юритади.
Миллиондан зиёд ўрта осиёлик муҳожирлар
ХХ асрнинг биринчи ярмида турли сиёсий жараёнлар ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабаб, миллионлаб ўрта осиёликлар ватанни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Мутахассислар Ўрта ва Яқин Шарқдаги ушбу муҳожирлик тарихини икки босқичга бўлади. Биринчиси – 1917-1928 йиллар, иккинчиси эса 1928-1939 йилларни қамраб олган. Биринчи босқичда Афғонистон ва Шарқий Туркистонга истиқлолчилар тарафдорлари, камбағал деҳқонлар ва қийналган оилалар кўчган бўлса, иккинчи босқичда, коммунистларнинг диний-маданий ва мулкий босимига учраган бойлар, зиёлилар ҳамда диндор табақа Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон (Покистон), Туркия ва Саудия Арабистонига кўчиб кетган. Ўрта осиёлик таниқли муҳожирлардан бири Мирзо Обид Туркистоний ўз эсдаликларида қайд этишича, ХХ асрнинг 30- йилларида муҳожирлар миқдори миллиондан зиёд бўлган.
“Улар оз бўлса, бир-икки киши бўлса ҳам майли эди. Миллатдошларим турли шаҳарларда маҳалла-маҳалла бўлиб яшаётганлиги кишини таажжубга соларди. Шундай кезлар она юртим Туркистонда бирор миллатдошим ёки миллати турк қавмидан бирор вакил қолдимикан, деб ўйлар эдим…[3]”, деб ёзади Мирзо Обид
Ўрта осиёликларнинг муҳожирлик тарихида Покистон давлатининг ўзига хос ўрни бор. Гарчанд, бугун Покистонда ўрта осиёликларнинг катта жамоаси истиқомат қилмаса-да, Туркия, Саудия Арабистони, АҚШ ва Европада яшаётган аксарият муҳожирларнинг ота-боболари маълум муддат Покистонда бўлишган. ХХ асрнинг 80-йилларига қадар бу мамлакатда турли ижтимоий-маданий гуруҳлар, нашриётлар ташкил қилиб, она тиллари, миллий маданиятларини сақлаб қолишган. Кейинчалик шу ердан турли сабабларга кўра жаҳон бўйлаб тарқалиб кетишган.
Дискриминация ва келишмовчиликлар
Шимолий Афғонистондаги ўзбек, туркман ва қирғиз миллатига мансуб халқлар совет қўшинлари Афғонистонга киргач, ғарбга, Эрон ва Покистонга кўчиб ўтишган. Покистонда уларни афғонлар деб аташади, улар орасида ўзбеклар сони нисбатан кўпчиликни ташкил қилади.
Умуман олганда, биз сўз юритаётган Покистондаги этник ўзбекларни икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳ, октябрь инқилоби ва ундан кейин ўрнатилган тартибларни қабул қилмай, Британия Ҳиндистони (асосан, ҳозирги Покистон) ҳудудларига Андижон, Фарғона, Косон, Наманган, Бухоро шаҳарларидан бориб қолган ўзбеклар – улар сони кўп эмас. Иккинчи гуруҳ, 1979-1989 йиллар давомида Афғонистондаги уруш натижасида шу мамлакатдан борган миллионлаб қочқинлар сафидаги этник ўзбеклардир. Улар Афғонистон ҳудудларида яшаган афғон ўзбеклари ёки Ўрта Осиёдан кўчиб ўтган ўзбек муҳожирларининг авлодлари саналади. Айнан улар Покистондаги этник ўзбекларнинг асосини ташкил қилади. Ўрта Осиёда совет ҳукумати ўрнатилганидан сўнг Афғонистонга кўчиб ўтган Ўрта Осиё муҳожирларини маҳаллий аҳоли ҳам, ҳукумат ҳам илиқ қаршиламаган.
Ўз навбатида, бу ерга кўчиб келган зодагон ва зиёли ўзбек оилалари маҳаллий аҳолига нисбатан устунликларини намоён қилишган. Ушбу ҳолат, табиийки, ўзаро келишмовчиликлар асоси эди.
Афғон ҳукуматининг миллатчилик сиёсати ҳам кўчиб келган муҳожирлар бу мамлакатда эркин яшашига имкон бермаган. Масалан, Нодир Шоҳ ва Зоҳир Шоҳ даврида ривожланган пуштунлаштириш сиёсати сабабли муҳожирлар ер мулкларидан ва жуда кўп ҳолларда маданий меросидан маҳрум қилинган. Хусусан, ХХ асрнинг 60-йилларига қадар муҳожир ўзбекларнинг она тили, яъни ўзбек тили деярли таъқиқланган эди[4].
Мазкур ҳолатлар Афғонистондаги ўрта осиёлик муҳожирлар, хусусан, ўзбекларнинг яна бир маротаба кўчиши учун асос бўлди. Айтиш мумкинки, совет ҳукуматидан қочган ўрта осиёликлар пуштун шовинизмига дуч келаётган эди. Натижада, улар дастлаб Ҳиндистон, кейинчалик Покистонга ва у орқали Туркия, Саудия Арабистони ва Европага кўча бошлади. Янги тўлқиндаги кўчишлар сони шу даражада кўп эдики, тарихчи олим К.Абдуллаевнинг ёзишича, Усмон Хўжаев Ҳиндистонда ўрта осиёлик эмигрантлар марказини очишга ҳам ҳаракат қилиб кўрган. Шу тариқа Покистонда ўрта осиёлик муҳожирлар жамоаси шаклланди. Бироқ Покистон ҳам улар учун хотиржам яшаш имконини берган макон бўла олмади.
Тақдирда яна муҳожирлик
ХХ асрнинг сўнгги чорагига келиб, Афғонистон ва Покистон ҳудудидаги ўрта осиёлик муҳожирлар тақдирида яна кўчиш, саргардонлик даври бошланди. 1979-1989 йилларда Афғонистондаги уруш сабаб турли қийинчиликларга қарамай, бу ерда яшаб қолган этник ўзбеклар бошпаналарини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Шу билан бирга, бу гал ўрта осиёлик муҳожирлар совет қўшинларига қарши қуролли ҳаракатларга қўшилишди. Афғонистондаги ўзбек, туркман ва тожиклар турли қуролланган гуруҳларни ташкил қилди. Ушбу гуруҳлар кейинчалик Покистон ҳудудига ўтиб, радикал кучларга қўшилди.
Афғонистондаги уруш натижасида миллионлаб афғонлар билан бирга фарғоналик, бухоролик, туркман, тожик, қирғиз ва қозоқ муҳожирлари Покистон, Эрон, Саудия Арабистони ва Туркияга кўчиб кетди. Улар яшаш шароити оғир махсус лагерларга жойлаштирилган бўлиб, ишсиз ва уйсиз эди.
ХХ асрнинг 80-йиллари охирида Афғонистондан келиб, Покистондаги қочқинлар лагерларида яшаётган этник гуруҳлар орасида Aфғонистоннинг шимолий вилоятларидан чиққан ўзбек, тожик ва туркман миллатига мансуб кишилар кўпчиликни ташкил қилган. Пуштунлар ва ҳазоралардан фарқли ўлароқ, бу гуруҳлар Покистонда этник муаммоларга дуч келган эмас. Улар она тилида сўзлашади. Покистоннинг Синд вилояти маркази – Карачида улар учун ташкил этилган 320 та қишлоқда деярли 18,500 нафар ўзбек ва тожик қочоқлари истиқомат қилган. Карачида иш топиш қийинлиги ва қочқинлар урду ёки синхий тилларида гапира олмаганлиги сабаб, улар Покистонда қийин аҳволда яшашган[5].
О. Шалинскининг кузатувларига кўра, уларнинг катта қисми лагерларда яшаб, йиллар давомида ватанга қайтишни кутган[6]. Ва кўпчилик шу ердан турли давлатларга кетган ёки ҳануз юртга қайтишдан умидини узмаган.
1980-йилларга келиб, Покистон шимолига жойлашаётган, Афғонистондан қочиб ўтган этник қирғизларнинг дала лагерларида вазият чидаб бўлмас даражада мураккаблашади. Бу ерга халқаро ташкилотлардан юборилган озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етиб келмайди. Уч йил давом этган қийинчиликлардан сўнг 1982 йилда Туркия ҳукумати 1130 нафар этник қирғизни Туркиянинг Шарқий Анатолия ҳудудларига кўчириб кетади. Шунингдек, ХХ асрнинг 80-йилларида Покистон ҳукумати афғон қочоқларини Покистон ҳудудидан чиқариб юбориш сиёсатини бошлайди. Натижада, Афғонистондан келган минглаб ўрта осиёлик муҳожирлар яна йўлга чиқишга мажбур бўлади. Шу тариқа уларнинг аксарияти Форс кўрфази, араб давлатлари ва Европага тарқалиб кетади.
Покистон ва Ўзбекистон ўзбеклари ўртасида қандай фарқ бор?
Покистондаги ўзбекларнинг аксарияти Фарғона водийсидан борганлар бўлиб, улар ўз исмига Фарғонанинг турли шаҳарлари номини қўшиб айтади. О. Шалинскининг кузатишича, Карачи шаҳрида келиб чиқиши Фарғонанинг Косон туманига дахлдор ўзбеклар кўпчиликни ташкил қилади. Улар ўзларини косонийлар деб аташган. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг исмида фарғонийлар, қўқонийлар, туркистонийлар деган нисбатларни учратиш мумкин.
Хориждаги ўзбек-ватандошлар ҳамда ўзбекистонлик ўзбекларнинг тили, урф-одати, халқ оғзаки ижодига хос матал, мақол, қўшиқ ва лапарларида сезиларли фарқлар бор, албатта. Маълумки, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида замонавий ўзбек адабий тили вужудга келган. Хориждаги ўзбек-ватандошлар тилида эса катта ўзгаришлар кузатилмади, улар инқилобгача мавжуд бўлган ўзбек тили лаҳжаларини сақлаб қолишган. Шу билан бирга хорижда, ўзлари яшаётган мамлакат тилидан у ёки бу сўзларни тўғридан-тўғри таржима қилиб олишди. Яна бир жиҳат, Покистонда барча тиллар сингари инглиз тилидаги баъзи сўзлар кундалик истеъмолдаги сўзлар таркибига кириб қолган, шу боис, ҳозирги кунда покистонлик ўзбеклар мулоқот қиладиган ўзбек тили замонавий ўзбекистонликлар учун у қадар тушунарли эмас.
Покистондаги анъанавий ўзбек оилаларининг урф-одат ва маросимлари ҳам замонавий ўзбекларникидан сезиларли даражада фарқ қилади. Улар бу борада маҳаллий халқлар урф-одатларидан намуна олган ва инқилобдан аввалги ўзбек халқи урф-одатларини кўпроқ сақлаб қолган. О. Шалинскининг кузатувларига кўра, ўтган асрнинг 90- йилларида ҳам ўзбек эркаклари миллий “чопон” кийишган, таомлари қатлама, ҳолва, манти бўлган. Тўй-маросимлар суннатга мувофиқ, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларсиз, асосан, эркаклар иштирокида ўтказилган. Эркакларнинг икки ёки ундан кўп марта уйланиши, қизларнинг жуда эрта турмушга берилиши, аёлларнинг, асосан, уй-рўзғор ишлари билан банд бўлиши каби ҳолатлар анъанавий оилаларда ҳамон мавжуд.
– Никоҳ масаласида – деб ёзади О. Шалински – этник ўзбеклар бошқа турли этник гуруҳлар билан қуда-анда бўлишдан қочмайди. Улар этник мансублигидан қатъи назар, мусулмон суннийлар билан оилавий муносабатларга киришаверади. Жумладан, пуштунлар билан ҳам.
Покистон ўзбекларининг катта қисми мусулмон Сунний, Ханафийлар ҳисобланади. О. Руа ва О.Шалински тадқиқотларига кўра, анъанавий зиёли ўзбек оилалари ислом меъёрларига мўътадил даражада амал қилади. Сиёсий ислом ва турли радикал гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш бундай оилаларга хос эмас.
Покистонда ижтимоий мослашув масалалари худди Афғонистонда бўлганидек, осон кечмаган. Ўрта Осиёдан тўғридан-тўғри Покистонга кўчиб келган ўзбек муҳожирлари молиявий жиҳатдан таъминланган, турли касб-ҳунар ва тижорат борасида жуда моҳир бўлишса-да, тил, маданият жиҳатидан катта тафовут сезилувчи янги жамиятга мослашиш осон эмас эди. Диний эътиқод бир, тил ҳамда урф-одатларда ўхшашликлар бўлишига қарамай, урду ва дарий тилли аҳоли орасида эркин яшаб кетиш қийин кечганлигини бир қанча муҳожирлар ўз эсдаликларида ёзиб қолдиришган.
1949-1984 йиллар Покистонда оиласи ва яқинлари билан яшаб, Тошқин тахаллуси билан ижод қилган асли андижонлик Камол Абдуллоҳ муҳожирликдаги ҳаётини шундай тасвирлаган: “Ёмонроқ дард бўлмас, ул кишига юрт фироғидан, Заволли бахтсизлар айрилур юртин қучоғидин“.
Покистонда оиласи ва яқинлари билан узоқ йиллар яшаган тарихчи олим Зуҳриддин Мирзо Обид Туркистоний эса “Анда жоним қолди менинг” номли китобида ўтган асрнинг 20-30 йиллари муҳожирликда яшашга мажбур бўлган ўзбек оилаларининг машаққатли ҳаётини ҳикоя қилган. Унинг гувоҳлик беришича, андижонликларнинг катта бир жамоаси Ҳиндистондаги Гилвит, Равалпинда ва Пешовар шаҳарларида истиқомат қилган. Савдо ва тижорат ишлари юришмаган ўзбеклар кўп тазйиқларга учраган. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юришга мажбур бўлган.
Ватандошлар бир-бирини қўллаб-қувватлаши ҳамда миллий маданиятни сақлаб қолиш учун Пешоварда, Деҳлида “Бухоро ва Туркистон анжумани” номли ташкилот фаолияти йўлга қўйилган. Карачи шаҳрида эса ўзбек муҳожирларининг “Таржимон” номли газетаси чоп этилган[7].
Яна бир машҳур олим – Жўра Қори Бўтакўз Андижоний кўп йиллар Покистонда, муҳожирликда яшаган. У 1950 йили “Турклар бирлиги” номли рисоласини ёзиб, жаҳон бўйлаб тарқалиб кетган ватандошларини миллий тил ва урф-одатларни сақлаб қолишга чақирди. Форсийлашаётган, арабийлашаётган ва туркийлашаётган ўзбеклар тақдиридан ташвишга тушди. Андижонийнинг яна бир эзгу иши бор: Туркияда юрган кезлари Аҳмад Закий Валидий Тўғондан “Ўтган кунлар” романининг лотин имлосида, туркий тилда ёзилган нусхасини олиб, уни араб имлосида қайта кўчирган ва 1955 йили Пешоварда китобни ўз ҳисобидан 2000 нусхада нашр қилдириб, ҳаммасини Покистоннинг Пешовар, Равалпинди, Карачи каби шаҳарларидаги, шунингдек, Сурия, Саудия Арабистони ва Туркиядаги ватандошларга бепул тарқатган. У “Ўтган кунлар” асари миллий тилни сақлаб қолиш ва уни ёш авлодга ўргатишда катта аҳамиятга эга, деб билган.
Ҳозирги кунда Покистондаги ўзбек этник гуруҳи шу юрт фуқаролари учун яратилган барча имтиёз ва шарт-шароитлардан баҳраманд ҳолда истиқомат қилмоқда. Уларга нисбатан босим ва таъқиблар йўқ эканлиги айтилади. Аммо ўзбек тилини ўқитиш ишлари алоҳида йўлга қўйилмаган ва ўзбек маданиятини тарғиб қилувчи муассасалар мавжуд эмас. Этник ўзбекларнинг бугунги авлоди Покистон жамиятига чуқур интеграциялашган ва улар ўзбек тилида эмас, дарий ҳамда инглиз тилларида сўзлашишади.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] https://en.wikipedia.org/wiki/Uzbeks_in_Pakistan#:~:text=There%20are%20an%20estimated%20280%2C000,
[2] https://migration.iom.int/sites/default/files/public/reports/Pakistan%20Migration%20Snapshot%20Final.pdf
[3] З.Мирзо Обид Туркистоний. “Анда жоним қолди менинг…” Тошкент. 1992 й. 23 б.
[4] К.Абдуллаев. От Синьцзяня до Хоросана. Из истории среднеазиатской эмиграции ХХ века. – Душанбе. 2009.
[5] https://www.culturalsurvival.org/publications/cultural-survival-quarterly/resettlement-pattern-afghan-refugees-pakistan
[6] Audrey C. Shalinsky. Long Years of Exile Central Asian Refugees in Afghanistan and Pakistan. University Press of America. 1993
[7] Ш.Хайтиов ва б. Ўзбек мухожирлиги тарихидан лавҳалар. Фарғона нашриёти. 1984 й.