Осиё ва Яқин Шарқ кесишган ерда жойлашган Афғонистон минг йиллар давомида стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд бўлиб келган. Унинг кўҳна маршрутлари ҳамда Ҳиндистон, Ички Осиё, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги стратегик жойлашуви ушбу минтақани тез-тез ҳам тинч, ҳам ҳарбий истилоларга гирифтор қилиб келди. Оқибатда замонавий Афғонистон турли маданий ва этник ранг-барангликка эга, аммо можаролар, сиёсий беқарорлик ва аҳолининг оммавий миграцияси тилка-пора қилаётган мамлакатга айланди.
Жонатан Ли 40 йилдан ошиқ вақт Афғонистонда яшаган ва ушбу “Афғонистон: Мамлакатнинг 1260 йилдан то шу кунгача бўлган тарихи”( Jonathan Lee, Afghanistan: A History from 1260 to the Present, Reaktion Books, 2019) деб аталган ва ёрқин безакларга тўла китобида сиёсий ва маданий жиҳатдан аҳамиятли, аммо нотинч минтақада унчалик катта бўлмаган этник конфедерация замонавий миллий давлатга айлангани ҳақида ҳикоя қилади. У Афғонистонда давом этаётган можарони тарихий далиллардан келиб баҳолайди ва Ғарб мамлакатларининг мамлакат ҳақидаги фаразларга асосланган қарашларига қарши чиқади. Икки ярим аср ҳукм сурган ва 1747 йилда мамлакатни бирлаштирган қудратли Дурраний салтанати тарихига асосий эътиборни қаратган Ли Сафавийлар давлати ва Буюк Мўғуллар империясидан бошланган сулоланинг пайдо бўлиш хронологиясини тавсифлаб беради: ҳар бир амирнинг ҳукмдорлиги, уларнинг қабила, этник, минтақавий ва диний фракция – жузлар ўртасидаги мувозанатни сақлашга уринишлари, шунингдек, ижтимоий ва конституцион ислоҳот учун кураш ҳамда исломий ва коммунистик жузлар қандай ўсиб борганини таҳлил қилади. Муаллиф форслар хронологияси, Афғонистон ҳокимияти вакиллари хотиралари, Буюк Британия ва Ҳиндистон ҳукуматининг архив ёзувлари, шунингдек, АҚШ Марказий разведка бошқармасининг яқинда эълон қилинган ҳисоботлари ва WikiLeaks публикациялари – ёйинларига асосланган ҳолда янги маданий ва сиёсий таҳлилни таклиф этади.
Яна у замонавий Афғонистоннинг халқаро муносабатлари, ҳокимият учун давом этаётган кураш, “Терроризмга қарши кураш” сингари чет мамлакатларнинг ҳарбий интервенцияси – аралашуви таъсирини ҳам ёритади.
Жонатан Ли китоби ҳақида New Books Network подкастида батафсил ҳикоя қилади. Қуйида унинг умумий мазмуни умумийлаштирилган ҳолда қисқартирилган таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Профессор Жонатан Ли Британиянинг ижтимоий ва маданий соҳалар бўйича тарихчиси, шунингдек, Афғонистон тарихи бўйича етакчи мутахассис ҳисобланади. У минтақа ҳақида кўплаб китоблар ёзган, шунингдек, Буюк Британия ва Ирландиянинг Осиё мамлакатлари бўйича қироллик жамияти аъзоси ва Британиянинг Эрон тадқиқотлари институти ходимидир. Ли илгари Британиянинг Афғонистон тадқиқотлари институти ходими бўлган.
Лининг ушбу китобни ёзишига Афғонистон ҳукумати топшириғи билан ёзиладиган миллий тарихга тескари ва муқобил дискурсни ёритиш истаги туртки берган. Унинг наздида бу иш Ғарбда ҳужжатлаштирилган Афғонистон мустамлакачилик тарихини жиддий тарзда тўлдириши ва уни ибтидосидан бошлаб тиклаши керак эди.
Китобни ёзиш учун уюм-уюм архив материаллари ҳамда муаллифни мамлакатда мавжуд миллий дискурсдан бошқа муқобил қараш билан таништирган афғонларнинг воқеий ҳикоялари асос бўлиб хизмат қилди. Шимолий Афғонистондаги, Покистон, Буюк Британия ёки Европадаги қочқинлар жамлоқларидаги ҳикоялар бир-биридан фарқ қилар эди.
Китобда келтирилган 1260 йил санаси беҳуда танлангани йўқ: Ли бунга Мўғуллар империясининг 3 та йирик бўлакка бўлиниб кетишининг бошланиш санасини асос қилиб олди, ваҳоланки, аксарият муаллифлар Афғонистон йилномасини ўзини пуштунлар давлати сифатида эълон қилган Дурранийлар салтанати ташкил топган 1747 йилдан эътиборан ҳисоблайди. Айни чоқда бундай ёндашувнинг Афғонистондаги бошқа қабилаларнинг келиб чиқиш тарихини, уларнинг мамлакатнинг сиёсий жиҳатдан оёққа туришидаги аҳамиятини ҳисобга олмаслик хавфи бор. Хусусан, бу XI – XIII асрларда ҳукм сурган Ғазнавийлар салтанати ва Деҳли султонлигига тегишли. Ли фикрича, хронологияни эртароқ даврдан бошлаш Афғонистон тарихини тушуниб олиш учун муҳим, чунки Шимолий Ҳиндистон эгаменлиги қарор топишида турли қабилалар иштирок этган, Афғонистоннинг айрим қисмлари эса мамлакатнинг пуштун қабилалари билан боғлиқ давлатчилик ғояси ривожланишига таъсир кўрсатган. Мамлакатнинг замонавий дискурсида Мўғуллар империясининг тан олинган пуштун шоири бўлган Хушалхон Хаттак сингари кишилар ҳақида сўз кетганда, пуштунларга ҳавола берилишини кўриш мумкин. Шу тариқа, Афғонистоннинг ҳокимиятдаги аъёнлари Дурранийлар сулоласидан олдинги давр тарихи, айниқса, Афғонистон Шимолий Ҳиндистон тарихига, ўз навбатида алоқалар икки томонлама бўлгани учун ушбу мамлакат ривожланишига Шимолий Ҳиндистон, Эрон ва Бухоро ҳам кучли таъсир кўрсатди. Афғонистонннг ҳозирги кунда ҳам Эрон билан алоқалари мавжуд – айни чоқда Эрон Шарқий Афғонистон ерлари бир бўлагига суверен ҳуқуқи борлигини даъво қилмоқда.
Афғонистон тарихи давомида унинг Эрон, Ҳиндистон, Покистон, шунингдек, турк-мўғул қабилаларининг афғон қабилаларига қарши курашлари ҳақида жуда кўп нарсалар битилган. Афғонистон ҳокимияти ҳатто машҳур Ғазнавийлар сулоласи билан қалин муносабатларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланган. Бироқ у бошқа мамлакатлар билан муносабатларида ўзини қандай тутганини аниқ тушуниб олиш учун тарихга қайтиш керак бўлади. Ли қайд этишича, Афғонистонда пуштунларнинг бошқа қабилалардан устунлиги ғояси XIX асрда пайдо бўлган. Давлатни бошқарган сулолалар (масалан, Сафавийлар) ўзларини нечоғли пуштун деб билгани аниқ эмас, бироқ улар Садозай қабиласи шажарасига мансублигини таъкидлаб юрган. Лига кўра, ушбу мавзу ҳали етарлича тадқиқ қилинмаган, чунки пуштун қабилалари устунлиги ўтмиш қаърига қанчалик чуқур кириб боргани етарли даражада тадқиқ қилинмаган. Яна қўшимча қилишича, XX асрда мавжуд бўлган кенг қамровли афғон миллатчилик дискурси Афғонистон тарихи янги миллатчилик таъсиридан келиб чиқиб, қайта ёзилишига сабаб бўлган. Британияликларнинг бевосита аралашуви ва улар Афғонистондаги сиёсий ва этнографик усуллардан фойдалангани, Ли фикрича, афғонларнинг идентитет – кимлигини таниши мустаҳкамланишига ёрдам берган.
Ли китоби бошида Сафавийлар ҳимоясидаги Садозай сулоласи тарихи ҳақида батафсил ҳикоя қилади. Ушбу сулола ҳақидаги маълумотлар жуда кам эди, бироқ садозайлар Дурранийлар қабиласининг (абдалий) бир тармоғи бўлган. Ли баъзи ҳолларда абдалий қабиласининг бошқа тармоғи бўлган баракзай қабиласи унинг душманлари ва иттифоқчилари сафавийлар ва мўғуллар ўртасидаги душманлик сабаб XVII ва XVIII асрларнинг бой ва муҳим чегара нуқтаси ҳисобланмиш Қандаҳор шаҳрини назорат қилишга уринган мўғуллар таъсирига тушганини ҳикоя қилади.
Садозай қабиласи бошқаруви жуда заиф бўлган. Ғуриён султонлигида 8 йилда 10 га яқин ҳукмдор алмашган. Қабилалар ўртасидаги кўплаб жанжаллар, шунингдек, ҳатто Дурранийлар империясига асос солган Аҳмадшоҳ Дурраний (1722 – 1772) ҳукмронлиги вақтидаги ўзаро урушлар мамлакатни инқироз домига тушириб қўйган. Бироқ Афғонистон ҳудудий яхлитлигини сақлаб қола билди. Кейинчалик давлат мустаҳкамланишига Буюк Британия ҳам ёрдаб берди, бироқ унинг Афғонистон ҳудудидаги ҳозирлиги мустамлакачилик характерига эга эди. Дўст Муҳаммадхон Дурранийлар империяси заифлашиб қолуви оқибатида Баракзайлар уруғидан ҳокимиятга эришган биринчи амир бўлган, империя Биринчи инглиз-афғон уруши пайтида ағдариб ташланган эди. Британия ҳукумати хонга ишончсизлик билан қараган, бироқ у яна Британия вакиллари назорати остида тахтга ўтқазилган. Дўст Муҳаммадхон улардан ёрдам пули ва қурол-яроқ ола бошлаган ҳамда ушбу моддий кўмак унга Шимолий Афғонистоннинг бир бўлаги, Ҳирот ва Қандаҳорни ишғол қилиш имконини берган. Бунинг оқибатида Дурранийлар империяси парчаланиб кетгандан сўнг узоқ вақт тарқоқ бўлган минтақа бир қўл остига жамланди: тарихий жиҳатдан Эрон ҳукмронлиги остида бўлган ғарбий тараф, турк-мўғулларга тегишли шимолий тараф, шунингдек, турк-мўғул империясининг бўлаги бўлган жануби-шарқ бирлаштирилди. Мамлакат ушбу қисмларини назоратда ушлаб қолиш ҳар доим асосий бош оғриқ бўлиб келди ва Лининг қарашича, гарчи вақти-вақти билан мамлакат парчаланиб кетадигандек кўринган бўлса-да, Британия кўп жиҳатдан Афғонистонга давлат сифатида яшаб қолишда кўмаклашган.
Илмий доираларда кўпинча Британиянинг Афғонистондаги илк элчиси Элфинстоннинг миссияси (1808 – 1809 йй.) аҳамияти, шунингдек, у ва тарафдорларининг этнологияга оид амалга оширган ишлари ҳақида кўп гапирилади (элчихона эришган энг қимматли натижа унинг «Account of the Kingdom of Cabul and its Dependencies in Persia and India» (“Кобул подшолиги ҳамда унинг Форс ва Ҳиндистонга қарамлиги тўғрисидаги ҳисобот”, 1815) бўлган эди). Ушбу миссия Афғонистонга нисбатан мустамлакачилик қарашлари тарқалишига сабаб бўлди ва унинг кўп сонли ҳисоботлари мамлакат чегараларини тушуниб олишда чигалликларни вужудга келтирди. Афғонистонга қайси ҳудудлар қараши, шунингдек, унинг Ҳиндистон билан чегарасида яшаган қабилалар ҳудудлари аниқ бўлмай қолаётган эди (айни ерлар дастлаб пуштунларга тегишли эди). Элфинстон миссияси узатган маълумотларга таянган британияликлар амирлар ҳукмдорлик қилган сиёсий тузилмага нисбатан “Афғонистон” номини фаол қўллайдиган бўлган.
Британияликлар билан Биринчи ва Иккинчи инглиз-афғон урушларига айланиб кетган можароларга қарамасдан, уларнинг Сикҳлар давлати қулагандан сўнг ҳукмронликни қўлига олган амирлар билан ҳамкорлиги мамлакатни мустаҳкамлаш учун муҳим омилга айланди. Афғонистон Франция (Наполеон билан уруш вақтида), Эрон ва Россиянинг потенциал бостириб киришини тийиб тура оладиган ўзига хос буфер давлат бўлиб қолди. Шунинг учун Буюк Британия давлатни бошқараётган дўстона амирларнинг бошини силар ва ҳозирги кунга қадар мавжуд давлатни мустаҳкамлашга интилар эди, иккала уруш ҳам Афғонистонда ҳокимиятни алмаштиришга бўлган уринишдан бошқа нарса бўлмаган. Буюк Британия амирларни ўзига иттифоқчи сифатида кўришни истар, аслида амирлар мамлакатнинг ички сиёсатидаги беқарорлик сабаб Буюк Британия кўрсатмаларини тўлиқ бажаришга қодир эмас эди.
Шу тахлит, Буюк Британия Афғонистонни назоратига олишга интилар, лекин ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмас эди. Афғонлар ўз манфаатларини кўзлаб, британияликларга содиқлиги эвазига моддий ёрдам олар, лекин ўша ёрдам ҳар доим ҳам барқарорлик кафили бўла олмас, чунки кўпинча мамлакатдаги беқарорликни кучайтириб юборар эди.
Ли яна жуда кам тадқиқ қилинган Афғонистондаги босмачилар ҳаракати тарихи ҳақида ҳам сўз юритади китобида. Асосан, босмачилар ҳаракатига туркча боқиш, мамлакатда советлаштиришга қарши кураш акс этган далиллар кўп учрайди. 1920-йилларда босмачилар ҳаракати Шимолий Афғонистонга Амударё орқали кўп миқдорда ўтиб келган туркий-мўғул ўзбеклар, Бухоро яҳудийлари ва Тожикистон тожиклари айни мамлакат амирлари учун жуда катта муаммога айланган эди. Одамлар оқими катталиги сабаб Афғонистон ҳукумати уларга озиқ-овқат ва бошпана беришга мажбур бўлган. Айни чоқда Омонуллахон мақсади Марказий Осиёдаги шўролар назоратига путур етказишга интилган ҳарбий ҳаракатга ёрдам кўрсатиш бўлган. Омонуллахон бундай кўмак шўроларнинг Афғонистонга бостириб кириши учун важ бўлиши мумкинлигини етарли даражада англаб етмаган.
Шундай бўлди ҳам – Совет Иттифоқи босмачилик ҳаракати етакчиларини қўлга олиш мақсадида икки марта Шимолий Афғонистон билан чегарани кесиб ўтди. Муаммони чигаллаштирувчи жиҳат шу эдики, Афғонистоннинг шимолий қисмлари бир пайтлар Бухоро хонлигига қараган ва Афғонистонга 1840-йиллардан бошлаб, яъни Дурранийлар империяси вақтида қўшиб олинган. Бу ҳолатни инглизлар ҳам қисман қўллаб-қувватлаган – Афғонистоннинг шимолий чегараси уларнинг Ҳиндистонни ҳимоя қилиш стратегиясига ёрдам беради, деб ҳисобланган. 50 йил давомида ўзбеклар билан қақшатқич жанглар олиб борилган ва ўша вақтдан бери Афғонистон шимоли қўзғолонлар ва диссидентлар қочиб борадиган жойга айланган беқарор минтақа бўлиб қолди. Шимолни назорат қилиш муаммоси мусулмонларнинг ўзаро яқинлик ҳиссидан ҳам устун келган ва Шимолий Афғонистондаги босмачилик ҳаракати бостирилган.
Ли афғон миллатчилиги муҳокамасига қайтар экан, афғон миллатчилик дискурсининг отаси дея ном олган ҳамда маърифатпарвар ва ёш афғонлар эргашган мафкурачи Маҳмуд Тарзий шахсияти ҳақида ҳикоя қилади. Тарзий ташқи дунёни афғон илмий доираси вакиллари билан таништирган “Сирож ул-ахбор” (“Хабарлар чироғи”) газетаси ношири бўлган. Дунёнинг бошқа кунжакларида миллатчилик ҳаракатларининг авж олиб кетиши ҳам мамлакатда этник мансубият ҳисси мустаҳкамланиши, шунингдек, пушти тилини миллий тил сифатида олға суришга маълум маънода таъсир кўрсатган эди. Бунга мамлакатда мактаб ва ҳарбий академия очилиши ҳам эш бўлди. Одамлар замонавий дунё ва миллий давлатнинг бир бўлаги бўлишга интилар, унинг асосий ғояси эса Афғонистон ғояси бўлган эди. Бироқ муаммонинг бошқа жиҳати ҳам пайдо бўлди: кўплаб турли элатлар ва минтақавий жузлар бир элатнинг бошқалардан устун қўйилишига қарши чиқаётган эди. Айни муаммо бугун кунда ҳам долзарблигини йўқотган эмас. Бундан ташқари, мамлакатда ҳинд ва ислом миллатчилиги таъсири ҳам кузатила бошлади.
Ҳатто Совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгандан сўнг ҳам марксизм ва маоизм ғояларининг муайян таъсири сақланиб қолди. Бу ғоялар пуштун этносидан бошқа вакилларга кимлигини, қандайдир тенглик, жумладан, миллий тенглик ваъда қилган мафкурага дахлдорликни ҳис қилишда ёрдам берар эди. Масалан, марксизм Афғонистонда қабилаларнинг этник мансублигига боғлиқ тарзда тарқалган. Уни гилзаи ва парчам қабилалари орасида кузатиш мумкин. Маоизм вакиллари кўпинча марксизм назарияси издошлар билан чиқиша олмайди. Лекин умуман олганда, дейди Ли, советларнинг бостириб киргани оқибатида кўплаб афғонлар қандайдир муайян мафкура ҳақида эмас, оилалари даромади ва этнологик тарихи ҳақида кўпроқ қайғурадиган бўлди.
Ли подкастининг хотима қисмида Ғарб мамлакатлари ҳозирги кунга қадар Афғонистон ҳақида гап кетганда, ушбу мамлакат муаммоларини ҳал этишни ўз қўлига олишга ҳаракат қилишни афзал билади.
Ғарб мамлакатлари кенгроқ жуғрофий-сиёсий маънода Афғонистонга яхлитлигини сақлаб қолишда ёрдам беришга уринган. Бунга ҳукумат ва армияни маблағ билан таъминлаш, шунингдек, “Толибон” ҳаракати ва бошқа исёнчиларни тийиб туришга айрим уринишлар орқали эришилган. Ҳатто Қобулдан ташқарида яшайдиган маҳаллий аҳоли ҳам асосий қадриятлари ва мавжуд жамоатларини сақлаб қола билди. Улар чет мамлакатларнинг моддий ёрдами коррупция, кўплаб пора бериш-олиш ҳолатлари ва мамлакатнинг турли бурчакларига ўқимаган амалдорларнинг оқиб боришига сабаб бўлишини англаб етди. Маҳаллий жамоатлар ва кишилар уюшмалари баъзи ҳолларда ҳақиқий ёки марказий ҳукумат билан ҳеч қандай алоқага киришмасдан ҳам муаммоларни ҳал этишда уқуви борлигини кўрсатди.
Ли таъкидича, асосий муаммо шуки, чет давлатлар сиёсий ва молиявий жиҳатдан керак бўлмаган одамларни қўллаши билан мамлакатни ҳамон нотўғри тушунмоқда. Шунинг учун Афғонистон ҳамма нарсани ўз қўлига олиши ва амалдорларни бузаётган чет эл ёрдамига таянишдан воз кечиши лозим. Афғонистон молиявий жиҳатдан барқарор бўлиши, шунингдек, миллатчиликнинг одамларнинг бошини қовуштирадиган ғоясини таклиф этиши даркор. Буни чиндан ҳам ижобий ўзгаришларга интилаётган, бироқ жамиятга илдиз отиб кетган сохта қарашлар ва шунга мос муносабатга дучор бўлаётган мамлакат ёшлари тобора яхшироқ англаб етмоқда.