Муаллиф: Нурлан Кабдилҳақ – Шимолий Каролина университетининг (Шимолий Каролина, АҚШ) тарих бўйича PhD докторанти
Америкалик тарихчи олим Скотт Ливайнинг фикрига кўра, илмий доиралар ўртасида қизиқиш ортиб бораётганига қарамай, Темурийлардан сўнгги Марказий Осиё минтақанинг энг кам ўрганилган даврларидан бирилигича қолмоқда. Унинг “The Rise and Fall of Khoqand, 1709-1876 Central Asia in the Global Age” (“Қўқон хонлигинининг тараққиёти ва инқирози: 1709 – 1876-йиллар, Марказий Осиё глобал асрда”) деб номланган китоби ана шу тарихий бўшлиқни тўлдиришга қаратилган.
Ливай минтақадаги доимий инқироз ва унинг ташқи дунёдан узилиб қолгани ҳақидаги машҳур нарративни инкор қилади. Яна у Марказий Осиёга “Катта ўйин” деб аталган геосиёсий қарама-қаршилик призмаси орқали марказида империя турадиган нуқтаи назардан қарашдан ҳам ўзини тияди. Муаллиф бунинг ўрнига Марказий Осиё аҳолисининг мустақиллигини (agency) алоҳида таъкидлайди. “Боғланган тарихлар” (connected histories) методологияси Ливайга XVIII аср бошларида янги ва кучли сиёсий тузилма – Қўқон хонлиги пайдо бўлишига олиб келган жонли трансминтақавий алоқаларни кўрсатиб беришда ёрдам қилади. Муаллиф таъкидлашича, интеграция тузилмалари Марказий Осиё аҳолисини глобал жараёнлар билан боғлади, маҳаллий даражадаги тарихий воеқеаларга таъсир кўрсатди ва Марказий Осиё тараққиётининг ўшандан кейинги траекториясини белгилаб берди.
Қўқонлик турихшунослар ўзидан сўнг бой ёзма мерос қолдирган. Қўқон бўйича етук мутахиссислардан бири Тимур Бейсембиевнинг фикрича, форс ва чиғатой-туркий тилларда хонлик тарихига бағишланган 40 дан ортиқ илмий иш мавжуд. Ливай ўз ишида 7 та илк манба, яна йўл-йўлакай замонавий илмий ишлар, жумладан, Бейсембиевнинг мақола ва китобларига таянади. Китобда истифода этилган асосий илк манбалар орасида муаллиф Муҳаммад Ҳакимхоннинг форс тилида битилган “Мунтаҳаб ат-таворих”, туркий тилдаги хонлик мустақиллигининг сўнгги йиллари ва Россия қўшинларининг Қўқонни босиб олиши ҳақида ҳиқоя қилувчи “Тарихи Алимқули Амири Лашкар” китобини мисол қилиб келтириш мумкин.
“Қизил тўй”
Қўқон хонлиги XVIII аср бошида Бухоро хонлигида рўй берган чуқур таназзул оқибатида пайдо бўлган эди. Бухоро хонлигидаги марказдан қочувчи кучлар давлатнинг парчаланишига ҳамда тобора заифлашиб бораётган Тўқай-Темурийлар сулоласи қўл остидаги ҳудудларнинг тарқаб кетишига сабаб бўлди. Айни чоқда XVII аср охиридан бошлаб, Фарғона водийсида сиёсий ҳокимият маҳаллий Чодак қишлоғидаги ўзбек уруғлари ва ҳожилар жамоати қўлига ўтади. Ўша пайтда минглар ўзбек уруғларининг энг йирик таъсир кучига эга уруғларидан бўлиб, унинг бошида ҳукмрон Қўқон сулоласининг бўлғуси асосчиси Шоҳруҳ (1709 – 1722 йилларда ҳукмронлик қилган) турган эди. Шоҳруҳ ва атрофидагилар ўзидан сўнг ўзбек ҳарбий саркардасининг ҳокимиятга келишини тавсифловчи ҳеч қандай ёзма манбалар қолдирмаган. Бироқ кейинчалик ёзилган солномаларда минглар улуғловчи тафсилотлар жуда кўп учрайди. XIX асрнинг биринчи ярмига таааллуқли манбаларидан бири бўлмиш «Тарихий Шоҳруҳий»да «Тахт ўйинлари» сериалининг энг яхши эпизодларига муносиб саҳна келтирилади. Ушбу солномага кўра, Фарғонанинг ўзбек уруғлари бирлашишга ва хўжаларнинг ҳукмрон жамоатига қарши исён уюштиришга қарор қилади. Улар хўжаларга бунинг учун сулола никоҳини таклиф этади. Ўзбеклар рухсат олгандан сўнг никоҳ тантаналарини ўтказиш учун пойтахтнинг сиёсий маркази ва фарғоналик ҳожилариннг таянчи бўлган Чодакка келади. Тантаналардан сўнг ўзбек меҳмонлар обрўли ҳожиларнинг уйларига тақсимланади. Бироқ куёв – Чодакнинг ҳожи ҳокими келиши биланоқ ўзбеклар қуролларини қўлга олиб, ҳокимни ва ҳожилар жамоатининг бошқа вакилларини ўлдиради. Бундай «қизил тўй»дан кейин водийдаги сиёсий марказ бутунлай минглар ва уларнинг йўлбошчиси Шоҳруҳ томон кўчиб ўтади.
Жунгарлар
Шоҳруҳийларнинг дастлабки тарихи минтақадаги сиёсий ва ҳарбий олатасирлар билан кечади. 1720-йилларда қозоқ-жунгар урушлари қозоқ уруғларининг Марказий Осиёнинг жанубий туманлари, жумладан, Зарафшон воҳаси ҳудудига оммавий кўчишига сабаб бўлади. Кўчиб келган қозоқлар Кенагаслар уруғи билан ҳарбий иттифоқ тузади ва биргаликда Бухоро хонига қарши курашади. 1727 йилда қозоқлар Бухорони забт этмоқчи бўлади. Бироқ шаҳар икки ой қамал қилингандан сўнг қозоқларнинг аксарияти дашт туманларига қайтишга қарор қилади.
1737 – 1740-йилларда Марказий Осиё Эрондаги Афшарийлар салтанати ҳукмдори Нодиршоҳнинг (1736 – 1747-йилларда ҳукмронлик қилган) босқинчилик кампанияларига дучор бўлади. Нодиршоҳ Хоразм ва Бухоро ҳудудларидаги ҳарбий ҳаракатлар билан чекланади, Фарғона водийсини эса ҳарбий амбицияларидан четда қолдиради. Бироқ 1745 йилга келиб, водийга шарқдан жунгарлар ҳужуми бошланади. Жунгарлар ўрдуси Шоҳруҳийларнинг янги пойтахти – Қўқон шаҳрини қамал қилади. Минглар, юзлар, қирғизлар ва қипчоқларнинг биргаликдаги қўшини жунгар кучларига муносиб қаршилик кўрсатади. Қисқа муддатли муваффақиятга қарамай, янги ҳужумлар хавфи сақланиб қолаверади. Жунгарлар Қўқон ҳукмдорларидан бой совға-салом ва омонатлар олгандан Фарғона водийсидан бутунлай чиқиб кетади.
Скотт Ливай таъкидлашича, Қўқон хонлигининг иқтисодий тараққиёти, асосан, Жунгар хонлигининг инқирози ва Шарқий Туркистонда Цин ҳукмронлигининг ўрнатилиши билан боғлиқ. XVIII асрнинг биринч ярмида жунгарлар Хитой қўшинларига бир неча марта қақшатқич зарба беришга муваффақ бўлади. Улар 1717 йили Тибетни ишғол қилади, лекин орадан бир йил ўтгач, Цин армияси таъқиби остида ушбу минтақани ташлаб чиқишга мажбур бўлади. 1755 йилда император Цянлун жунгар ҳукмдорлари ўртасидаги ички можаролардан фойдаланиб, Жунгар хонлигига устига 25 минг кишилик қўшин жўнатади. Хитой қўшинлари душманларини тор-мор қилади ҳамда жунгарлар назорати остида бўлган ҳудудларни босиб олиб, бир вақтлар қудратли бўлган давлатни йўқ қилиб юборади.
Савдо-сотиқ ва кенгайиш
Цинлар Шарқий Туркистонда маҳаллий туркий воситачилар ҳокимиятига таянган билвосита бошқарув тизимини ўрнатади. Қўқон ҳукмдори Эрдонбий (1750 – 1766 йилларда ҳукмронлик қилган) Цин империяси билан расмий муносабатлар ўрнатгандан сўнг янги қудратли қўшниси билан фойдали савдо-сотиқ алоқалари ўрнатишга муваффақ бўлди. Қўқон хонлиги Хитой билан савдо-сотиқда Шарқий Туркистон ҳудудида жойлашган Қўқон савдогарлари тармоғига таянар эди. Ливай фикрича, андижонлик сифатида машҳур бўлган ушбу савдогарлар Фарғона водийсини бутун дунё иқтисодиёти билан самарали боғлаб турган. Улар фаолияти Қўқонни Евроосиё савдо-сотиғининг муҳим марказига айлантирган.
Эрдонбийнинг набираси Олимхон (1798 – 1809-йилларда ҳукмроник қилган) Қўқон хонлигининг энг кучли ҳукмдорларидан бири бўлган. Олимхон ҳокимиятга эришиши биланоқ Қўқоннинг водийнинг бошқа шаҳарлари устидан сиёсий назоратини мустаҳкамлаш бўйича фаол иш олиб борган. Унинг ислоҳотлари марказида Қўқон қўшинларини замонавий профессионал армияга айлантириш вазифаси турар эди. Янги армиянинг асосий унсурларидан бири порохли қуроллардан фойдаланиш ва тоғлик тожиклар орасидан саралаб олинган пиёда қўшинини ташкил қилиш бўлган. Улар бевосита Олимхоннинг ўзига бўйсунган, хонга ҳаддан зиёд содиқ бўлган ва ўзбошимча ўзбек бекларига қарши мувозанат сақлаган. Янги армия Қўқоннинг шарқий ҳудудлардаги назоратини кенгайтириб, Хўжанд ва Ўртатепа шаҳарларини қўшиб олган эди.
Олим Марказий Осиёнинг энг йирик савдо марказларидан бири Тошкентни эгаллаб олгандан сўнг хон рутбасини қабул қилади ва Қўқонни расман хонлик мақомига кўтаради. Олимхон водий шимолидаги минтақанинг дашт туманларига нисбатан ўта агрессив – шафқатсиз сиёсат юргизади. Ливай фикрича, у Марказий Осиёнинг дашт вилоятида ўтроқ хонлик назоратини кенгайтирган илк ҳукмдор даражасига етади.
Бироқ хоннинг даштга навбатдаги юриши мудҳиш оқибатларга олиб келади. Олмхон 1810 – 1811-йилларда қозоқлардан Туркистон шаҳрини тортиб олиб, қўшинларини Чимкент шаҳрини қамал қилишга жўнатади. Қишки кампания Қўқон армиясининг хонга бўлган ихлосини қайтаради. Ўша пайтда хонликнинг кескин марказлашув сиёсатидан норози бўлган ўзбек беклари хон пойтахтда йўлигидан фойдаланиб, Олимхоннинг укаси Умарбекни хон деб эълон қилади. Олимхон армиясини дашт кампанияидиан қайтариб, Қўқонга қарши юриш қилади. Бироқ руҳи тушиб кетган ва чарчаган аскарлар ҳукмдоридан юз ўгира бошлайди. Олимхон Қўқонга қайтаётганда ўз инисининг армиясига қарши курашда ўлдирилади.
Олтин аср
Умархоннинг (1809 – 1822-йиллада ҳукмронлик қилган) илк қарорларидан бири тоғлиқ тожиклар корпусини тугатгани бўлди. Бу эса унга ўзбек бекларининг ишончини тиклаш имконини берди. Бироқ янги ҳукмдор фақат ҳарбий ислоҳот билан чекланиб қолмади. Умархон Амир Темур ва темурийлар маданиятининг ҳалқ ўртасида машҳурлигидан фойдаланиб, Шоҳруҳийлар ҳукмдорлигини янада қонунийлаштириш мақсадида “Олтин бешик” ҳақидаги афсонани тарғиб қила бошлайди. Айни афсонага кўра, Темурий ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур (Ҳиндистондаги буюк мўғуллар сулоласи асосчиси) чақалоқ ўғилчасини Фарғона водийсида қолдириб кетишга мажбур бўлади. Бобур душманлар таъқибидан қочар экан, гўё чақалоқни олтин бешикка белаттириб қолдиради ва ўзи Кобулга равона бўлади. Кейинчалик болани тўртта уруғ вакиллари: минглар, юзлар, қипчоқлар ва қирғизлар топиб олиб, Темурий шаҳзодани бирга тарбия қилиб олади. Афсонада айтилишича, Бобурнинг айнан шу ўғлидан Қўқон хонлари сулоласи ўргийди.
Умархон сулола алоқасидан ташқари Темурийлар сиёсий маданиятининг бошқа унсурларидан ҳам фойдалана бошлайди. Хусусан, у хон саройини бутунлай бошқача тузиб, шоирлар ва дин арбобларига иззат-икром кўрсатади. Хон рутбасига қўшимча равишда Умархон “шоҳ” форсий-исломий мартабасини олиб, “Амир ул-муслимун ва Имом ул-муслимун” (Яъни мусулмонлар раҳбари ва етакчиси) диний унвонини ҳам қабул қилган эди. Умархон 1815 йилда қозоқлардан Туркистон шаҳрини тортиб олади ва дашт ҳудудларида Қўқон хонлигини позициясини мустаҳкамлайди. 1820 йилда Россия билан савдо алоқаларини ҳимоя қилиш мақсадида унинг буйруғи билан хонликнинг даштдаги форпости – Оқмачит қалъаси барпо этилади (ҳозирги кунда Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳри). Умархон Фарғона водийсидаги аҳоли сони ўсишига эш бўлган ирргация каналлари қурилишини давом эттиради, суғориладиган ер майдонларини кенгайтиради. Умархон ҳукмронлиги Қўқон хонлиги тарихидаги “олтин аср” ҳисобланади.
Умархоннинг ўғли ва вориси Мадалихон (1822 – 1842-йилларда ҳукмронлик қилган) отасининг Қўқон хонлигини кенгайтириш сиёсатини давом эттиради. Унинг вақтида янги қалъалар: Мерке, Қоракўл, Пишпек ва Тўқмоққа асос солинади, яна Помир устидан назорат ўрнатилади. 1830-йилларда Қўқон хонлиги Туркистондаги энг фойдали савдо йўллари ва марказларини назорат қила бошлайди.
Айни пайтда Қўқон аҳолиси сони бўйича абадий рақиби Бухоро амирлиги билан тенглашади, аммо территорияси бўйича ўзининг Марказий Осиёдаги принципиал рақибидан устун бўлиб олади. Ўша пайтда Қўқон шаҳрида 100 минггга яқин киши истиқомат қилар ва бу шаҳарни минтақанинг энг йирик шаҳарларидан бирига айлантирган эди.
Муваффақиятли ҳарбий мужодалаларга қарамай, Мадалихон ҳукмронлиги унинг қимор ўйинлари ва спиртли ичимликларга ружу қўйгани ва отасининг хотинларидан бири билан жинсий алоқа қилгани сабабли кўплаб ички можароларга сабаб бўлади. Мадалихон Умархоннинг бевасига уйлангандан сўнг Қўқоннинг кўплаб амалдорлари ундан юз ўгиради. Ушбу вазиятдан Мадалихонни шариат ҳукмини бузишда айблаган Бухоро амири Насруллоҳ (1827 – 1860-йилларда ҳукмдорлик қилган) фойдаланиб қолади. Насруллоҳ 1840-йиллар бошида Қўқонга ҳарбий юриш бошлайди. Хўжанд яқинидаги икки армия жанги Қўқон қўшинлари мағлубияти билан якун топади. Тез орада Насруллоҳ ўрдуси Қўқонга етиб бориб, уни талайди ва ҳукмдорни ўлдиради. Гарчи тез орада қўқонликлар Бухоро амири вакилидан халос бўлган ва душман қўшинлари Фарғона водийсидан ҳайдаб чиқарилган бўлса-да, Қўқон ушбу урушдан сўнг ўнгланиб кета олмай, узоқ муддатли инқироз домига тушиб қолади.
Таназзул
Қўқон инқирози ҳам элита – аъёнлар, ҳам этник гуруҳлараро кураш билан характерланар эди. Бироқ Скотт Ливай ички омиллар аҳамиятини зарра камситмаган ҳолда, Қўқон хонлигининг аста-секин заифлашуви ва қулашига олиб келган ташқи сабабларга эътибор қаратади. У ёзишича, Цин империясида рўй берган Тайпа қўзғолони (1850 – 1864 йй.) Шарқий Туркистондаги Хитой назоратини заифлаштириб қўяди. Айни пайтда Хитойда бунинг ортидан рўй берган молиявий инқироз қўқонлик савдогарлар даромадларига зарар етказади. Бу вақтга келиб, Россия империяси Марказий Осиёни босиб олишга қаратилган кампания бошлайди. 1853 йилда Қўқон хонлигининг даштдаги Оқмачит қалъаси қўлдан кетади, 1865 йилга келиб эса, Россия қўшинлари Тошкентни эгаллаб олади. Қўқон ярим мустақил мақомини сақлаб қолади, бироқ 1876 йили Санкт-Петербург хонликни тор-мор қилиб, Қўқон хонлиги ерларини Россияники деб эълон қилади.
“Қўқон тараққиёти ва таназзули, 1709 – 1876-йиллар” китоби “боғланган тарихлар” (connected histories) методологияси фойдали эканини намойиш этмоқда. Муаллиф фикрича, айни чарчава минтақадаги қалин алоқалар натижасида рўй берган воқеалар: Цин молия режимининг Қўқонга қандай таъсир кўрсатгани, умуман олганда, Шарқий Туркистондаги Қўқон савдо-сотиғи янги хонлик пайдо бўлиши ва ривожланишининг асосий омиларидан бўлгани муҳимлигини қайд этиш имконини беради. Савдо-сотиқдан тушиб турган барқарор даромад Қўқон хонлиги иқтисодий равнақининг гарови бўлган эди. Айни пайтда Қўқон ҳукмдорлари даромадларнинг бир қисмини минтақадаги ирригация лойиҳаларини кенгайтиришга инвестиция қилиб киритаёган эди. Ушбу каналлар Фарғона водийсини аҳоли кам яшайдиган ҳудуддан Марказий Осиёнинг энг аҳоли зич яшайдиган ҳудудига айланишига сабаб бўлди. XIX асрнинг ўрталарида кўпсонли ирригация иншоотлари шарофати билан Қўқонда пахта етиштирилиб, бозорга олиб чиқила бошлади. Ливайнинг фикрича, Марказий Осиёнинг келгусида пахта етиштиришга ихтисослашувини ва унинг ортидан рўй берган Орол денгизи фожиасини Қўқон хонлигига кўрсатилган ушбу глобал таъсир билан боғлаш мумкин.