Суратда: Рассом Ҳикмат Рахмоновнинг “Сен етим эмассан” картинаси, манба: art-blog.uz
Иккинчи жаҳон уруши тарихи неча ўн йиллардан бери катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётганига қарамай, фронт ортидаги ҳаёт ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш мавзусига етарлича эътибор берилмаган. Бу даврда совет аскарларининг озиқ-овқат таъминоти ва уларнинг рационига бағишланган кўплаб тадқиқотлар олиб борилган. Бироқ, фронт ортидаги аҳолининг овқатланишига оид манбалар анча кам. Уруш йилларида Совет Иттифоқининг шаҳарлари аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш ҳудудларга кўра турлича бўлган. Мамлакатнинг Европа қисмидан эвакуация қилинган юз минглаб аҳолини қабул қилган Ўзбекистонда озиқ-овқат таъминоти тизими қандай ташкил этилгани тўғрисида маълумотлар жуда кам. Кўпчилик учун тарихнинг бу саҳифалари ёпиқлигича қолмоқда.
UzАnalytics сайти мухбири уруш йилларида Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат таъминоти ва овқатланиш рациони ҳақида тадқиқотлар олиб борган тарихчи олимлар билан суҳбатлашди.
Хасан Бобожонов – тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 2018 йилда “Иккинчи жахон уруши йилларида Ўзбекистон иқтисодиётидаги трансформацион жараёнлар” мавзусида диссертация ёқлаган.
Ўзбек халқининг миллий таомлари ва унинг таркиби асрлар давомида шаклланган бўлиб, таомлар бу ҳудуднинг табиий шароити, об-ҳавоси ва мавсумларига мослашган. Аслида миллий таомлар эталон ёки намуна таомлар бўлиб, уларни 100% тайёрлаш мураккаб жараёндир. Ошпазликка оид журнал ёки китобларда ҳар бир халқнинг миллий таомлари, уларнинг таркиби, пишириш усули ва ҳудудлар бўйича фарқларини англаш мумкин.
Табиий, шундай вақтлар бўладики, айтайлик, уруш, қўзғолонлар ёки очарчилик даврида таомлар анъаналарга амал қилишгина эмас, балки яшаб, омон қолиш воситасига айланади. Шунинг учун урушдек инсон ҳаёти учун экстремал вазиятда таомнинг тўйимлилиги ва камҳарж тайёрланиши муҳим аҳамиятга эга бўлади. Иккинчи жаҳон уруши йиллари ҳам бу ҳолатдан истисно бўлмади.
Иккинчи жаҳон урушидан аввалги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги асосан пахта етиштиришга ихтисослашган бўлиб, аҳоли истеъмолидаги қатор озиқ-овқат маҳсулотлари собиқ Иттифоқнинг бошқа ҳудудларидан келтириларди, масалан, дон маҳсулотлари асосан Россия ва Украинадан олиб келинган. Уруш бошлангач, республикага бошқа ҳудудлардан дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари келтириши тўхтаб қолди.
Ўзбекистон аҳолиси Иттифоқ ғарбидан эвакуация қилинганлар ҳисобига ортиши озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни оширди ва таъминот масаласини янада мураккаблаштирди. 1941 йилга қадар Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли бўлган бўлса, 5 ой ичида эвакуация қилинганлар ҳисобига тахминан 10 фоизга кўпайди. Бу ҳолат таъминот режаларини қайта кўриб чиқишни ва мавжуд заҳиралар миқдорини кўпайтиришни талаб қилар эди.
Ўзбекистон аҳолининг дон маҳсулотларига талабини қондириш учун экстенсив хўжалик юритиш усулларини танлади. Республика бўйича ғалла етиштиришга мўлжалланган ер майдонлари кўпайтирилди. Масалан, Андижон вилоятида ғаллага ажратилган ер майдони 1941 йилда 2375 гектар бўлган бўлса 1942 йилда 38146 гектарга етди, яъни 16 баробар ошди. Бундан ташқари, сабзавот-полиз экинлари учун ер майдонлари ҳам кенгайтирилиб, пахта учун ажратиладиган ерлар камайтирилди. Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Советининг 1942 йил 15 апрелдаги 571-сонли қарори билан озиқ-овқат экинларини экиш учун республика колхозларига қўшимча 147,9 минг гектар (шундан 122,6 минг гектар ғалла ва дуккакли экинларга, 14,8 минг гектар шолига, 9,1 минг гектар зиғирга) ажратилди.
Уруш йилларида пахта ялпи ҳосилининг камайиши аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни яхшилади, деган фикрга келиш нотўғри бўлади. Чунки пахта чигитидан ўсимлик ёғи олинади. Пахта ялпи ҳосилининг камайиши, ўз навбатида республикада ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажми озайиб кетишига олиб келди. 1941 йилда республикада 123,4 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилган эди. 1942 йили эса ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш 85 минг тоннагача пасайди.
Маълумки, ёғ килокалория бирлигида ҳисобланганда оқсил ва углеводларга нисбатан тўйимлидир. Шунингдек, қайта ишланган пахта чигитидан чорва моллари учун тўйимли озуқа олиш мумкин. Пахта ялпи ҳосилининг камайиши чорвачиликни озуқа билан таъминлашда салбий таъсир кўрсатди.
Юқорида қайд этилган услубда Ўзбекистон аҳолиси уруш йиллари танқис бўлган нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан қониқарли даражада таъминланди. 1942 йилда 1941 йилга нисбатан умумий ғалла ҳосили 60%га кўпайди. 1940-1943 йиллар давомида Ўзбекистонда ғалла ялпи ҳосили 53 миллион пуддан 104 миллион пудга кўпайди, деярли 2 баробар. Республикада ғалла асосан Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида етиштирилди ва ғаллачиликда буғдой (52,3%) ва арпа етиштириш етакчи ўринларни эгаллади.
Ўзбекистонда озиқ-овқат муаммосини ҳал қилишда деҳқонлардан ташқари ишчи ва хизматчилар ҳам иштирок этди. Озиқ-овқат маҳсулотларида танқисликни қисман енгиллаштириш мақсадида корхона ва ташкилотларда ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилиб, ўз ошхоналарини мустақил равишда сабзавот-полиз, гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳаракат қилишди.
Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида республикада ҳар бир халқ комиссарликлари қошида алоҳида чорвачилик, балиқчилик ва полизчилик хўжаликлари ташкил қилинди.
Уруш йилларида томорқа хўжалигида етиштирилган маҳсулотлар аҳолининг озиқ-овқат таъминотида муҳим аҳамият касб этди, баъзи оилалар учун тирикчиликнинг ягона воситаси бўлиб қолди. 1945 йилда корхоналарда ишчи-хизматчилар истеъмолидаги 60% сабзавот ва 38% картошка томорқа хўжаликларида етиштирилган.
Шу билан бир қаторда, айрим ҳолларда томорқа хўжаликларини нотўғри ташкил қилиш натижасида, бунинг иқтисодий фойдасидан кўра зарари кўп бўлган. Масалан, 1942 йилда Ўзбекистон Халқ Комиссарлигига қарашли тўқимачилик корхоналари қошидаги томорқа хўжаликлари норентабел фаолияти туфайли 26 млн. сўм зарар кўрди.
Уруш йилларида нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти масаласи билан бирга тақсимот масаласини ҳам унутмаслик керак. Ҳозирги давр бозор иқтисодиёти ва иқтисодий ривожланиш шароитида “озиқ-овқат тақсимоти” ва “карточка тизими” каби тушунчалар фақат тарихий луғат ва китоблардан жой олди. Аммо яқин тарихимиз – собиқ Иттифоқ даврида озиқ-овқат, кийим-кечак ва саноат маҳсулотларининг етишмовчилиги одатий ҳолга айланган эди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари карточка тизими асосида тақсимланиши маълум маънода уруш даври учун зарур тадбир эди. Етиштирилган маҳсулотларнинг аксарият, кўп қисми фронтга жўнатилган. Ишчилар, хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари 250-600 гр. миқдорида кунлик нон билан таъминланган. Карточкаларда бошқа маҳсулотлар ҳам белгиланган бўлсада, улар амалда ҳар доим ҳам бўлавермаган.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари қанчалик қийин давр бўлмасин, ўзбек халқи барча етишмовчиликларга бардош бериб, меҳнат қилиб, фронтни ҳамда ўзини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб ғалабага ўз ҳиссасини қўшди.
2014 йилда Хасан Бобожонов Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти томонидан ташкил қилинган “оғзаки тарих” лойиҳаси доирасида фронт орти фахрийлари орасида сўровнома ўтказди ва уларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Салиҳова Раиса Каримовна (1929-2015), 1941-1945 йилларда Россиянинг Бошқирдистон Республикасида яшаган, Ўзбекистонга 1946 йилда кўчиб келган:
Уруш бошланиши билан онам бизни бувимникига, қишлоққа жўнатиб юборган. Қишлоғимиз Уфага яқин эди. Биз у ерда 1946 йилгача яшаганмиз. Қишлоғимизда харбий завод жойлашган эди. Мен ўша заводда ишлаганман. Уруш вақтида завод бизни на пул ва на озиқ- овқат карточкаси билан таъминлаган. Биргина тушликка ичида озгина картошкаси бор шўрва берар эди. Бир марта заводдан картошка ва сабзи беришганини эслайман. У вақтларда биз умуман гўштли овқатни кўрмаганмиз. Бувим картошка қуритиб, уни фронтга жўнатар, унинг оз қисмини ўзимизга ҳам олиб қоларди. Мен одатда уйимиз яқинидаги ўрмондан овқат учун ўт-ўлан териб келардим, сўнг уларни қайнатиб ер эдик. Совуқ жуда қаттиқ бўларди. Ҳатто шўрвамиз ҳам яхлаб қоларди. Биз шўрвани синдириб ердик.
1946 йилда Ўзбекистонга кўчиб келганмиз. Аҳвол ҳамон танг эди, бироқ Ўзбекистонда биз Россиядагидек очликни сезмаганмиз. Бу ерда мевалар кўп, табиийки, биз Россияда мева емаганмиз. Ўзбеклар, умуман мусулмонлар жуда меҳмондўст халқ, қўни- қўшнилар бизни ташлаб қўйишмаган, доим бизга ёрдам беришарди.
Онам Ўзбекистона кўчиб келишимиз билан фаррош бўлиб ишга кирди, опам эса консерва заводига ишга жойлашди. У заводдан қайтишда доим бир банка повидло олиб қайтарди. Биз синглим билан унинг повидло олиб келишини интиқ бўлиб кутардик ва уни нонга суртиб ейишни ёқтирардик.
Хрущ (қизлик фамилияси Блюм) Клавдия Иосифовна (1928-2017), 1941 – 1945 йилларда Тошкент шаҳридаги “Шайх Шиблий” маҳалласида яшаган:
Менинг хаётим ҳақида китоб ёзса бўлади. Мен 1928 йилда Саратовда туғилганман. Отам Урал ҳарбий округи артилерия қўшинлари қўмондонларидан бири эди, уни “халқ душмани”, онамни эса оила аъзоси сифатида қамоққа олишган. Бизни (болаларни) бутун Иттифоқ бўйича болалар уйларига тарқатиб юборишган. Мени Олтойдаги Камен шаҳрига жўнатишган, Барнаулга яқин жойлашган. Мен Каменда 3 йилча яшаганман. Онам Магаданда қамоқда эди. Онам холамга хат ёзиб, мени у ердан олиб кетишни илтимос қилган. Сўнг, холам билан бирга онамнинг акасиникига – Тошкентга келганмиз.
Мен уруш йилларида “Красний Аксай” ҳозирги “Ўзбексельмаш” заводига ишга кирдим. Биз хазил қилиб заводни “Голодный Аксай” дердик, чунки, у ерда жуда ориқ одамлар ишлашарди. Заводда карточкага бизни лавлаги, макарон ва ҳатто тошбақа билан боқишган. Тошбақаларни вагонлаб олиб келишганини эслайман. Баъзи ёшлар карточкани сотишарди, сўнг оч қолиб тушлик қолдиқларини йиғиб юришар эди. Карточканинг пулига кийим-кечак ёки бошқа бирор нарса сотиб олишарди. Дугонам карточкасидаги 800 грамм кунлик нонининг ярмини менга берарди, мен эса унга нон пулининг ярмини берардим. Ўзим ҳам бир неча марта карточкамни сотганман. Биздан карточкани бир қари киши сотиб олгани ёдимда. Баъзан ёш йигитлар ҳам сотиб олишган эди. Ким билсин, балки улар уни қимматроққа сотишгандир. Карточка пулига кўпинча туршак сотиб олардим. Туршак еяверганимдан чанқаб кетардим. Қўшнимиз, холамнинг дугонаси “туршак еявермай, нон егин”, дея койир эди. “Қара, кимга ўхшаб қолдинг”, дерди у. Мен эса туршакнинг ширин таъмини ёқтирардим.
Карточкадан ташқари, заводда бизга 200 рубль маош ҳам беришар эди. Маошимга Шивлидаги дўкондан холва сотиб олардим, чунки холва мени сеҳрлаб қўйган эди. Заводда кейинчалик ёшларга текин тушлик ташкил қилишган. Тушликда, одатда кепакдан атала қилиб беришар эди. Биз заводда 12 соат ишлар эдик. Жуда чарчар эдим. Уйда доим холам мен учун тарелкада оқ лавлаги олиб қўйганлари ёдимда. Холам болалар боғчасида ишлаб, озгина оқ лавлаги уйга олиб келар эди. Баъзида шу ҳам бўлмасди. Боғчада болалар лавлаги билан тирик қолишган.
Саидакбаров Саиданвар (1931-2016), 1941-1945 йилда Тошкент шахар, Юнусобод тумани, “Шайх Шиблий” махалласида яшаган:
Уруш вақтлари пулдан кўра ноннинг қадри баланд бўлган. Одамлар нарсасини пулдан кўра, калишгами, бошқа буюмгами алмаштирар эди. Айримлар бу каби савдо-сотиқдан анча-мунча бойиган. Онам ҳам гоҳ-гоҳида савдо қилардилар, бир марта бозорда картошкани нонга алмашганини кўрган эдим. Маҳсулотни пулга ҳам сотишарди, лекин нон қадри баланд эди. Чунки, озиқ-овқат доим тақчил бўлган.
Отам харбий эди. Гоҳида уйга бирон егулик олиб келиб турарди. Онам арпа кепагидан атала қилиб берар эдилар. Кўпчилик оилалар учун егулик топиш қийин масала бўлган. Карточкага арзимаган егулик бериларди. Заводда ишлаган кўп болали оилаларга ёғ ва турли ёрмалар ҳам ажратиларди. 84-заводда ишлаганларнинг карточкасига нисбатан кўпроқ егулик олиш мумкин эди. Аммо, карточкага нон олиш ҳам қийин кечарди. Шивлига нон олгани чиқардик. Нонга кўпинча катта навбат бўларди. Карточкага олинган махсулотларга қорин тўйғазиб бўлмасди. Бироқ, чидаганмиз, кўникканмиз. Кейинроқ Олой бозорида тижорат нон дўкони очилган. У ерда нон қимматроқ бўлган. Карточкаси йўқлар, ўша тижорат дўконидан нон олишарди. Тижорат дўконида ҳам доим нонга навбат бўларди. Баъзида навбатдагилар урушиб кетишарди. Ўша вақтлар нон шунчалар азиз бўлган.
Марианна Камп – АҚШнинг Индиана университетининг Евроосиё тадқиқотлари маркази доценти, Совет давридаги Марказий Осиё тарихи бўйича мутахассис, 2000-2004 йилларда бир қатор тарихчи олимлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда коллективлаштириш жараёнига оид тадқиқотлар олиб борган.
Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида олиб борган сўровларимиз коллективлаштириш мавзусини деярли пучга чиқарди. Респондентлар 1933 йилги очарчиликларни ва ўша вақтларда нима билан озиқланганларини ёдга олишди. Бироқ, айрим респондентлар хақиқий очликни иккинчи жаҳон уруши даврида ҳис этганликларини айтишди.
Бу икки очарчилик даври бир-биридан тубдан фарқ қилади.
1933 йилдаги очарчилик колхоз ва якка деҳқон хўжаликлари буғдой етиштирган жойларда кучли бўлган. Коллективлаштириш оқибатида очарчилик юзага келади. Боз устига, ўша йили қишда қурғоқчилик бошланиб, 1933 йилнинг баҳорига қадар давом этади. Турли вилоятлардаги респондентлар буғдой шунчаки қуриб кетганини хотирлашди. Шунингдек, айнан 1933 йилда бутун Совет Иттифоқи бўйлаб очарчилик юзага келган ва Ўзбекистонга юбориш учун нон бўлмаган ёки тақчил эди. Одамлар топган нарсаси билан озиқланишга мажбур бўлган, одатда молга бериладиган маккажўхоридан тайёрланган зоғора нон шулар жумласидандир. Ҳаттоки, ҳали пишиб етилмаган меваларни ейишга мажбур бўлишган. Баъзи жойларда буханка нон ёки картошка тарқатилган. Респондентларнинг айтишича, ўзбек деҳқонлари ўзларига бегона бўлган бу икки маҳсулотни илк бор ўша даврда татиб кўришган.
Уруш йилларидаги очарчилик эса узоқ вақт давом этгани билан ҳам фарқланади. Респондентлар маҳсулотларнинг аксарият қисми фронтга жўнатилганини айтишади. Шаҳарларда озиқ-овқат тақчил бўлган. Боз устига, шаҳарларда Совет Иттифоқининг бошқа ҳудудларидан эвакуация қилинганлар сони ҳам кўп бўлган. Колхоз ва совхозларда эркак ишчи кучи, трактор, ёқилғи кабилар етишмас эди ва бу ҳолат узоқ йиллар давом этган. Бироқ, ўша даврда қурғоқчилик бўлмаган. Шунинг учун ўз томорқасига эга бўлган қишлоқ аҳолиси шаҳарликларга нисбатан тўқроқ бўлган, деган мантиқий хулоса қилиш мумкин. Бизнинг респондентлар асосан қишлоқларда истиқомат қилишган.
Мазкур даврда ўзбекистонликлар ўзларига ёт бўлган янги маҳсулотлар, яъни буханка нон, маккажўхорининг Кавказдан эвакуация қилинган аҳоли келтирган янги навидан тайёрланган нон еб кун ўтказишган.
UzAnalytics сайти таҳририяти тарихчи олимлар – Хасан Бобожонов ва Марианна Кампга мазкур интервью учун ўз миннатдорчилигини билдиради ва муваффақият тилайди.