XIV асрда рўй берган қора ўлат тарихини ўрганган Дейвис шаҳридаги Калифорния университетининг микробиология бўйича катта ўқитувчиси Марк Уиллис ёзишича, ўлат мўғуллар қўлидаги биологик уруш қуроли бўлган ва у Европага кўплаб савдо каналлари орқали тарқалган.
«Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари» (Centers for Disease Control and Prevention) веб сайтида эълон қилинган «1346 йил Кафа қамалида биологик уруш» (Biological Warfare at the 1346 Siege of Caffa) мақоласининг қисқартирилган таржимаси.
Генуялик Габриэл де Муссининг XIV асрда ёзилган хотираномаси ўша аср ўрталарида Европани, Ғарбий Осиёни (Яқин Шарқ) ва Африка шимолини қийратган қора ўлатнинг келиб чиқиши ҳақидаги асосий ахборот манбасидир. Унинг лотин тилида ёзилган эсдаликларида таъкидланишича, Қримдан Европага келган қора ўлат мўғуллар армиясининг биологик уруш қуроли бўлган.
Ушбу ҳикояда баъзи ҳайратланарли фикрлар мавжуд: мўғуллар армияси вабо юққан майитларни Қримнинг қамалда қолган Кафа шаҳрига улоқтириб киритган; шу тариқа шаҳар аҳлига ўлатни юқтирган, қамалдан омон қолиб қочганлар эса уни Ўрта ер денгизи ҳавзасидаги ўлкаларга тарқатган. Агар ушбу маълумот тўғри бўлса, Кафани тарихдаги энг томошабоп биологик уруш юз берган ва қора ўлат тарқаб, фожиали оқибатларга олиб келган жой сифатида эътироф этиш керак бўлади. Лекин бу Кафа аҳолисига ўлатни юқтирган биологик уруш бўлган бўлиши ҳам мумкин, бироқ ушбу воқеа пандемия тарқаб кетиши учун унчалик аҳамиятли бўлмаган.
XIV аср пандемиясининг келиб чиқиши
Ҳалокатли пандемияни келтириб чиқарган касаллик грэм-салбий Yersinia pestis (ўлат таёқчаси) бактерияси қўзғатадиган зоонет касаллик – ўлат деб ҳисобланадиган бўлди. Yersinia pestis бактериясининг асосий ташувчиси ёввойи кемирувчи жониворлардир. Қора ўлатнинг асосий келиб чиқиш жойи аниқ эмас, шунинг учун Хитой, Монголия, Ҳиндистон, Марказий Осиё ва Россия жануби унинг макони сифатида таклиф этилади. Умуман олганда, тарихчилар касаллик Қора ва Каспий денгизлари шимолидаги даштлардан ғарб томон силжиб боргани хусусидаги фикрга қўшилади, унинг Европа ва Яқин Шарқ орқали тарқалиб бориши жуда яхши ҳужжатлаштирилган. Нима бўлган тақдирда ҳам, Қримнинг Ўрта ер денгизи ботиқлигида жойлашган ҳудудларга инфекция тарқалган энг яқин манба сифатида асосий роль ўйнагани аниқ.
Кафа қамалининг тарихий сабаблари
Кафани Генуя Республикаси 1266 йили Олтин Ўрда хони билан ўзаро келишувга асосан, ташкил этган эди. У Генуянинг улкан савдо кемалари учун асосий порт – бандаргоҳ бўлиб, соҳил яқинидаги кемалар қатновини Дон дарёси бўйидаги Тана (Ҳозир Азов денгизи, Россия) билан боғлаган. Дон дарёси бўйлаб савдо-сотиқ Танани Марказий Россия билан, қуруқликдаги карвон йўллари уни Сарой билан, у ёқдан эса Узоқ Шарқ билан боғлаган.
Италиялик савдогарлар ва уларнинг мўғул хўжайинлари ўртасидаги муносабатлар осон кечмаган, 1307 йилда Олтин Ўрда хони Тўхтахон Саройдаги итальянларни ҳибсга олиб, Кафани қамал қилган эди. Бунга италияликларнинг туркий қуллар савдоси билан шуғуллангани (Мамлуклар султонлигига аскарлик учун сотилгани) Тўхтахоннинг ғазабига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Генуяликлар бир йил қаршилик кўрсатади, бироқ 1308 йили улар шаҳарга ўт қўйиб, қочиб кетади. Италияликлар билан Олтин Ўрда ўртасидаги муносабатлар Тўхтахон 1312 йил вафот этгунга қадар кескин бўлиб қолади.
Тўхтахоннинг вориси Ўзбек генуяликларнинг қайтишини хурсанд қарши олади ҳамда савдо-сотиғини давом эттириши учун итальянларга Танадан жой ажратади. 1340 йилга келиб Кафа яна гуллаб-яшнаган шаҳарга айланади, атрофи умумий маркази бўлган иккита девор билан мустаҳкам қилиб ўралади. Ички девор 6000 та уйни, ташқи девори эса 11 мингта уйни ўраб турар эди. Шаҳарликлар генуяликлар, венецияликлар, юнонлар, арманилар, яҳудийлар, мўғуллар ва туркийлардан иборат космополит аҳоли эди.
1343 йили Жонибек раҳбарлигидаги (1340 йилда Ўзбекнинг ўрнини эгаллаган) мўғуллар Кафани ҳамда Танада италияликлар ва мусулмонлар ўртасида рўй берган муштлашувдан сўнг итальянлар анклавини қамал қилади. Танадаги итальян савдогарлари Кафага қочади (шаҳар соҳилда қулай жойлашгани сабабли қамалда қолганига қарамасдан, денгиз орқали ташқи дунё билан алоқаси узилиб қолмаган эди). Кафа қамали 1344 йил февралига қадар давом этади. Италиядан ёрдамга келган қўшин 15 минг нафар мўғул жангчини ўлдиргандан ва уларнинг қамал машинасини ер билан яксон қилгандан сўнг қамал тугайди. Жонибек қамални 1345 йилда қайтадан бошлайди, бироқ орадан бир йил ўтиб, яна уни бекор қилишга мажбур бўлади. Ўша пайтда ўлат эпидемияси унинг қўшинларини қириб ташлаган эди. Италияликлар мўғуллар қўл остидаги бандаргоҳларни қамал қилиш йўли билан Жонибекни музокара қилишга мажбур этади ва 1347 йилда италияликларга Танадаги мустамлакасини тиклашга рухсат берилади.
Габриэл де Мусси
Тахминан 1280 йилда туғилган Габриэл де Мусси Генуя шимолида жойлашган тоғлар ортидаги Пяченса шаҳарчасида нотариус бўлиб ишлаган. У 1356 йилда вафот этган деб ҳисобланади.
Гарчи айрим кишилар де Муссини Кафа қамал қилинган пайтда ўша ерда бўлган деб ҳисобласа-да, Де Мусси Осиёда рўй берганини тасвирлаган воқеалардан бирортасига ҳам шахсан гувоҳ бўлганини даъво қилмаган ва кўпинча ўша воқеаларни тавсифлаётганда, мажҳуллик нисбатидан фойдаланган. Де Мусси Кафа воқеаларини тасвирлагандан сўнг ҳикоясини шундай давом эттиради: “Энди ўз кўзимиз билан кўрган барча нарсаларни муҳокама қилиш учун Шарқдан Ғарбга ўтиш вақти келди…”
Габриэл де Мусси ҳикояси
Де Муссининг ҳикояси кечиктирмай ёзилгани ва унда қисқа давр тасвирлангани учун 1348 йили ёки 1349 йил бошида битилган деб тахмин қилинади. Унинг асл нусхаси йўқолиб кетган, лекин нусхасига турли муаллифларнинг тахминан 1367 йили ёзилган тарихий ва жуғрофий мавзудаги ҳикоялари йиғмаси киритилган.
Қуйида Де Мусси ҳикоясидан айрим парчалар келтирилади:
“…1346 йили Шарқ мамлакатларида сон-саноқсиз татарлар ва сарацинлар (араб тилидаги شرق сўзидан олинган – шарқликлар) қўққисдан ўлим билан якун топадиган касалликка дучор бўлди. Ўша мамлакатларнинг касалликдан тинкаси қуриган ва бепоён минтақалар, муҳташам подшоҳликлар, шаҳарлар, қўрғонлар ва қишлоқлар тез орада аҳолисидан жудо бўлди. Константинополдан шимолда жойлашган ва татарлар ҳукмронлиги остидаги ва италиялик савдогарлар тез-тез қатнаб турувчи Тана деб аталувчи шаҳарни қисқа вақт ичида тўпланган татарлар армияси қамал ва ҳужум қилгандан сўнг у бутунлай бўшаб қолди. Мажбурлаб ҳайдаб чиқарилган христиан савдогарлари татарларнинг қудратидан шунчалик қўрқиб қолдики, жонини омон сақлаш ва нарсаларини қутқариш учун Кафадан қуролланган кемада қочишга тушди”.
“Эй, Парвардигор! Мажусий татарлар ҳар томондан ёпирилиб келиб, тўсатдан Кафа шаҳрини ўраб олганини ҳамда у ерда тузоққа тушиб қолган христианларни уч йил қамал қилганини қара. У ерда улкан армия қуршовида қолган кишиларнинг, гарчи озиқ-овқат кемаларда олиб келинаётгани бир оз умид бахш этса-да, руҳи бутунлай тушиб кетган эди. Аммо кўрингки, бутун бошли армияга касаллик юқиб, барча татарларга дориди ҳамда ҳар куни минг-минглаб кишиларнинг бошига етаверди. Бу татарларнинг манманлигига зарба бериш ва янчиб ташлаш учун осмондан найзалар ёғаётганга менгзар эди. На бир тиббий маслаҳат, на бир эътибор кор қилди; татарлар танасида касаллик аломатлари пайдо бўлиши билан ўла бошлади“.
“… ўлаётган татарлар қамалга қизиқишини йўқотди. Лекин татарлар майитларнинг чидаб бўлмас ҳиди шаҳарликларни ўлдиришига умид қилиб, ўлганлариннг жасадини катапульта – манжаниқларга солиб, ичкарига отишни буюрди. Тоғдай уйилиб кетган жасадлар шаҳар ичкарисига отилди, на қутулишни ва на қочишни билмай қолган христианлар жасадларни имкон қадар денгизга улоқтирди. Орадан кўп ўтмай, жасадлар ҳавони булғади, олинаётган сувни заҳарлади… Ҳеч ким ўзини қандай ҳимоя қилишни билмас эди”.
“Шу тариқа кимки Шарққа, шимол ва жанубдаги минтақаларга борган бўлса, ушбу касалликни юқтиргандан сўнг қўққисдан ўлиб қола бошлади”.
Изоҳ
Де Мусси ушбу ҳикоясида Кафа шаҳри қамали ва қора ўлат ҳақида иккита тахминни илгари суради: ўлат европаликларга уни юқтириб ўлганларнинг жасадини қамал қилинган Кафа шаҳрига ирғитиш орқали юқтирилган ҳамда Кафадан қочаётган италияликлар уни Ўрта ер денгизи бандаргоҳларига олиб келган.
Де Муссининг ҳикояси асл бўлмаслиги мумкин, чунки ҳикоянинг унга тегишлилиги тасдиқланмаган, бироқ умуман олганда, ишончли манба деса ҳам бўлади, чунки пяченсаликлар орасида қамалнинг шоҳиди бўлганлар ҳам бўлган бўлиши мумкин. Бир неча сабаблар унинг ҳикоясига ишонишга ундамоқда: бу биологик материални қамал қилинган шаҳарларга ирғитиш йўли билан касалликни юқтиришга аниқ ҳаракат қилишнинг ягона ва биринчи намунаси эмас; бунга ўша вақтда шаҳарларни қамал қилаётган армиянинг техник қобилияти имконият берган ҳамда бу касалликнинг сабаб ва оқибатларии боғлиқлиги хусусидаги ўрта асрлар тушунчаларига мос келади.
Биз ҳужум ҳикояда тасвирланганидай рўй берганини ҳеч бир шартларсиз қабул қилиш билан ўлатнинг шаҳарга кириб боришига оид иккита тахминни кўриб чиқса бўлади: бу де Мусси таъкидлаётганидай, ўлат юқтириб ўлган кишиларнинг жасадини шаҳар ичкарисига улоқтириш оқибатида уларга юқтирилган бўлиши мумкин ёки мўғуллар лагери – жамлоғидаги кемирувчи жониворлардан бир-бирига юқиб, шаҳарга кириб борган бўлиши мумкин.
Касаллик юқтириб ўлган кишиларнинг жасадлари шаҳарга ирғитилиши билан касаллик шаҳарликларга юққан бўлиши мумкин, чунки унинг ҳимоячилари жасадларни йўқ қилишга мажбур бўлган. Инфекция юққан материалга тегиб кетиш касалликнинг юқиш омили экани маълум. Майитлар улоқтирилаётган пайт мажақланиб кетган, ҳимоячиларнинг аксарияти учиб келаётган жасадларни кўмиш ёки денгизга ташлаш билан банд бўлган пайтда қўлларини кесиб ёки терисинининг бирор жойини шилиб олган пайтда касаллик осон юққан. Ўлганлар кўп бўлгани сабабли улардан бошқаларга касалликнинг юқиш эҳтимоли ортиб кетган. Ўлимга сабаб бўлувчи касаллик кўп тарқалган пайтда ҳар доим қурбон бўлган кишиларнинг жасадини кўмиш муаммо бўлгани учун мўғул қўшинлари ўликларни дафн этиш муаммосини манжаниқлардан фойдаланган ҳолда ҳал этган ҳамда улар шу тариқа минглаб майитлардан қутулган бўлиши мумкин. Де Муссининг “тоғ-тоғ ўликлар” дея таърифлагани чин ҳақиқат бўлса ажаб эмас.
Шундай қилиб, де Мусси тавсифлаган воқеалар ўлатнинг шаҳардагиларга юқишида самарали восита бўлгани ҳақиқатга яқин бўлиб туюлади. Бошқа бир муқобил вариант – унинг мўғул жамлоқларидан шаҳарга кемирувчилар олиб келгани эҳтимоли кам. Қамал қилаётган қўшинлар одатда шаҳар деворларидан камида бир километр узоқликда жойлашади. Ушбу масофа шаҳар ҳимоячилари отаётган камон ва замбарак ўқларидан ҳимояланиш учун хавфсизлик оралиғи сифатида, моддий-техник таъминот ва жамлоқлар билан фронт чизиғи ўртасида бошқа ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш майдони сифатида ҳам зарур. Фронт чизиғи деворлардан тахминан 250 – 300 метр нарида бўлиши шарт; ҳозирги қайта тикланган ҳолатдан маълум бўлишича, манжаниқлар 100 килограммлик юкни 200 метрдан нарига улоқтира олади, тарихий манбаларда йирик манжаниқлар юкни 300 метрга ота олиши қайд этилган. Шундай қилиб, қамал қилувчи армиялар билан боғлиқ кемирувчиларнинг уялари асосан шаҳарлардан бир километр ёки ундан ошиқ узоқликда жойлашган бўлиши керак эди. Ўша уялар шаҳар деворларига 250 метрдан яқин бўлиши мумкин эмас эди, чунки каламушлар ўтроқ ҳаёт кечиради ҳамда уясидан бир неча ўн метрдан нарига узоқлашишга камдан-кам ҳолларда журъат этади. Шунинг учун шаҳар девори ичкариси ва ташқарисидаги каламушлар популяцияси ўртасидаги бирор контакт бўлгани даргумон.
Шундай қилиб, ушбу илк биологик уруш амали (ҳақиқатан ҳам амал бўлган бўлса) гарчи ҳеч қандай стратегик аҳамиятга молик бўлмаса-да, қурбонларга сабаб бўлиш нуқтаи назаридан таъсир кучига эга бўлган кўринади (чунки шаҳар италияликлар қўлида қолган, мўғуллар эса қамалдан воз кечган).
Европа ва Ғарбий Осиёда ўлат тарқалиши ҳақида
Ўлат мавжуд денгиз йўллари орқали кемаларда Ўрта ер денгизи ҳавзасига кириб борганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Юк кемалари ост юкхоналаридаги каламушларнинг касаллик юқтириши ўлатнинг жуда тез тарқалишига сабаб бўлиши тайин, гарчи каламушларнинг аксарият қисми сузиш вақтида ўлиб кетган тақдирда ҳам ўзидан минг-минглаб оч бургаларни қолдириши ва улар юкхоналарни очган одамларга ўлат юқтириши мумкин эди. Яқинда бандаргоҳга кириб келган кемаларга чиқиб олган соҳил каламушлари ҳам ўлат инфекциясини юқтириб, шаҳардаги каламушлар популяциясини ҳам заҳарлаши эҳтимол юқори бўлган.
Ўлат босқичма-босқич тарқалган бўлса керак. Уни Европага кўплаб кемалар олиб кирган ва Қримдан Европага бир йил ичида етиб борган бўлиши мумкин. Ушбу хулосани ишончли деса бўлади, чунки ўлатнинг Константинопол ва янада ғарбда жойлашган шаҳарларга етиб борган вақти аниқ. Шундай қилиб, де Мусси қора ўлат тарқалишини омон қолиб, Кафадан қочган кишиларга юклаганда, хато қилган бўлиши мумкин, чунки уларнинг Италияга қайтиб келишига бир неча ойдан кўпроқ вақт керак бўлмас эди.
Бундан ташқари, Қримдаги бир қанча бандаргоҳлар мўғуллар назоратида бўлган, шунинг учун Ғарбга йўл олаётган ва ўлат юқтирган кемалар фақат Кафадан сузиб чиққани эҳтимоли кам. Яна Сарой ва Астрахандан Ғарбий Осиёга элтувчи карвон йўллари ўлатнинг жануб томон тарқалишига ҳам сабаб бўлган, у ўша ердан Европада ҳар қандай ҳолатда ҳам кириб бориши турган гап эди. Кафа қамали ва унинг даҳшатли интиҳоси ўлатнинг Қора денгиздан Европага юқтирилиши билан жиддий тарзда боғлиқ бўлгани даргумон.
Габриэл ду Муссининг ўлатнинг келиб чиқиши ва тарқалиши ҳақидаги ҳикояси кўплаб маълум далилларга мувофиқ келади, бироқ унинг ўлат Италияга бевосита Қримдан келган деган иддаоси хатодир. Унинг биологик ҳужум ҳақидаги ҳикояси ҳақиқатга яқин, ўша пайтдаги технологияга мос тушади ҳамда касалликнинг қамалда қолган Кафадаги аҳолига қандай юққанини жуда яхши тушунтириб беради.
Бироқ ушбу ҳужум ўлатнинг Европага тарқалишида ҳал қилувчи роль ўйнагани эҳтимоли кам. Ўша давр мобайнидаги денгиз савдосининг асосий қисми Қримдаги бошқа бандаргоҳлардан олиб борилган бўлса ажаб эмас. Ғарбий Осиёга элтувчи карвон йўллари ҳам ўлатни четлаб ўтган. Шу тариқа Кафадан қочган кишилар минтақадан инфекция юқтириб чиқиб кетаётган бир қанча кема ва карвонларнинг фақат битта оқими бўлган, холос. Кафа қамали драматик жиҳатдан жозибадорлигига қарамасдан, ўлат тарқалишида чўпчакнамо аҳамиятга эга бўлган, холос.
Кафа қамали тарихий жиҳатдан аҳамиятсизлигига қарамай, касалликдан қурол сифатида эплаб фойдаланиш даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги ёддан чиқмайдиган эслатмадир.