Муаллиф: Санобар Шодмонова – тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг етакчи илмий ходими
XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон аҳолисига табиблар, жарроҳлар, риштачилар, синиқчилар, доялар, зулукчилар каби анъанавий тиббиёт вакиллари тиббий ёрдам кўрсатганлар. Улар шифобахш ўтлар, минераллар ва турли жонзотлар маҳсулотларидан дори сифатида фойдаланган. Маҳаллий аҳоли орасида қон олдириш ва зулукдан фойдаланиш анча кенг тарқалган эди, шунингдек, турли хил уқалаш (массаж) усуллари ҳам кенг тарқалган эди. Маргимуш, симоб, сулема (заҳарли порошок), киноварь (симоб сульфид), темир ва мис купороси, аччиқтош, новшадил каби минераллар кенг қўлланилган[1].
Табиблар ўсимлик ва минераллардан тайёр дориларни беморларга беришдан ташқари, ўзлари ҳам олтингугурт ва азот кислотаси тайёрлашни билган, шунингдек, дамламалар, кукунлар, ҳапдори, мазь (малҳам дори) ва пластирлар тайёрлашган.
Туркистонда европача замонавий тиббиётнинг кириб келиши
XIX аср охирида ўлка аҳолиси ҳаётида тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ўзгаришлар рўй беради. Бу ўлка аҳолиси учун янгилик бўлган европача замонавий тиббиёт эди. Маҳаллий аҳоли учун мутлақо бегона бўлган ушбу шифо масканларини қабул қилиши қийин бўлсада, кейинчалик унинг фойдаларини кўриб, уларга тиббий ёрдам сўраб мурожаат қила бошлади.
Ўлкадаги биринчи европача шифо маскани 1868 йилда очилган. У асосан ҳарбий хизматчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ва Тошкент ҳарбий лазарети деб аталган. 1870 йилда лазарет иккинчи даражали Тошкент ҳарбий госпиталига айлантирилган ва 415 ўринга мўлжалланган[2]. Даставвал госпиталь маҳаллий аҳолига ҳам тиббий хизматлар кўрсатган. Кейинчалик, шаҳар касалхонаси ва амбулаторияси очилиши билан мазкур госпиталда маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатиш тўхтатилган. ХХ аср бошида бу ерда давлат хизматидаги шахслар, шунингдек полиция талаби бўйича беморлар қабул қилинган. Тошкент шаҳар Думаси бундай беморларни даволашда сарфланган харажатларни қоплаган.
Хотин-қизлар ва болалар шифохонаси. XIX асрнинг 80-йилларидан бошлаб Туркистон маҳаллий аҳолиси учун шаҳарларда шифохоналар очила бошланди. Ўша давр шароити ва аҳолининг менталитети ҳисобга олиниб, аёллар ва болалар учун алоҳида, эркаклар учун эса алоҳида амбулаториялар очилган. 1883 йилда аёл шифокорлар ташаббуси билан Тошкентда дастлабки аёллар ва болалар шифохонаси ташкил этилди. Унга 1883 йилдан 1893 йилгача, яъни 10 йил ичида 24747 нафар бемор мурожаат қилиб, улар 48185 марта ташриф буюришган эди[3]. 1907 йилда ушбу амбулаторияга 30700 бемор мурожаат қилган[4], яъни 10 йил ичида тиббий ёрдам олган беморлар сонидан бир йилда даволанганлар сони кўпроқ эди. Шифохонада фақат аёл тиббий ходимлар хизмат кўрсатишган. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган аёллар ва болаларга бепул ёрдам кўрсатилган, шу жумладан дорилар, сув муолажалари, оддий операция ва боғлаш ишлари текин амалга оширилган.
Бундан ташқари, Тошкентда Туркистон Меҳр-мурувват жамияти қошида 1880 йилда ташкил этилган туғуруқхона мавжуд бўлган бўлиб, унда туғаётган аёлларга беғараз ёрдам кўрсатилган. Бу Туркистондаги ягона туғурукхона бўлиб, унда ҳаммаси бўлиб 7 та ўрин мавжуд эди. Туғуруқхона ҳафтада 2 марта бемор аёллар ва болаларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатган[5]. Дастлабки 30 йилда туғруқхонадан 3110 аёл фойдаланди, 4151 аёл тиббий маслаҳатлар олди[6]. 1906 йилда туғруқхонага янги бино берилди ва унинг фаолияти анча яхшиланди[7]. Ушбу туғуруқхона доктори Палиенконинг ёзишича, Гиммер, Батиршин, Йогансон каби эркак шифокорлар бир неча юз маротабалар мусулмон аёлларга туғруқ жараёнида ёрдам кўрсатганлар[8].
Шунингдек, бу даврда кўзи ёриётган аёлнинг аҳволи жуда оғир бўлганда ҳам уни шифохонага ётқизишга қаттиқ қаршилик кўрсатган оилалар кўпчиликни ташкил қилган. 1916 йилда “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида таъкидланганидек, “ҳаттоки, баъзи ниҳоятда қаттиқ касал бўлиб, ёрмоқ ёки кесмоқлик лозим бўлган касал хотинлар ўлимларига рози бўлсалар ҳам эркак жарроҳ докторга кўрсатмоқни асло ҳоҳиш қилмас эдилар”[9]. Бундай ҳолларда докторлар уй шароида қўлидан келганча тиббий ёрдам беришга ҳаракат қилганлар. Масалан, 1916 йилнинг декабрида доктор А.А.Шорохова Тошкентнинг “эски” шаҳар қисмида уй шароитида “кесарево сечение” операциясини ўтказишга мажбур бўлган эди. Операция яхши ўтказилиб, она ва боланинг ҳаёти сақланиб қолинган[10].
Бошқа томондан ўлканинг аксарият аҳолисини ташкил қилган қишлоқ аҳолисида аҳвол ўзгача эди. Қишлоқ аёллари фақат истисно тариқасидагина рус шифокорларига мурожаат қилишган. Тошкент уездидаги Турбат амбулаторияси шифокори Т.А.Колосов хабарига кўра, тиш оғриғи билан мурожаат қилган аёлларниинг кўпчилиги юзини очишга розилик беришмаган. Бундай ҳолатларда оғзининг атрофида чимматни йиртишга тўғри келган[11].
1885 йилдан кейин Туркистоннинг бошқа шаҳарларида, жумладан Хўжанд, Андижон, Марғилон, Наманган, Қўқон каби шаҳарларда маҳаллий хотин-қизлар учун амбулаториялар ташкил қилинган[12].
1900 йилга келиб Тошкент шаҳрининг Бешёғоч қисмида маҳаллий аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида иккинчи амбулатория очилган. Уни 1900-1908 йилларда шифокор А.Н.Предтеченская бошқарган. 1904 йилда бу шифохона шаҳарнинг Шайхонтоҳур қисмига кўчирилган. Амбулатория ташкил этилган йилда 8000 нафар беморга ёрдам кўрсатган бўлса, кейинчалик уларнинг сони ошиб йилига ўртача ҳисобда 25000 нафар беморни ташкил этган. Уларнинг 10 фоизи эркаклар, қолганлари эса аёллар ва болалардан иборат эди[13].
Ўлкада маҳаллий эркаклар учун дастлабки шифохона 1886 йилда Тошкентнинг Қатортерак маҳалласида Муҳаммад Юсуф Мулла Зиёев уйида очилади[14]. Бу шифохонага 1886 йилдан 1899 йилгача 99887 нафар киши 250 372 марта мурожаат қилишган[15]. 1907 йилда ушбу амбулаторияда 19980 нафар бемор тиббий ёрдам олган[16].
Тошкентнинг «эски шаҳар» қисмидаги амбулаторияларда кўп йиллар мудир бўлиб ишлаган доктор А.А. Шварц амбулаторияларга маҳаллий аҳоли мурожаат қилиши ўсишининг сабабини аёллар ва болаларга бепул тиббий ёрдам берилишида, эркаклар учун эса жудаям паст нарх: доктордан бир маслаҳат олишига ва уйга дори олишига 20 коп. белгиланишида деб тушунтиради[17].
Маҳаллий аҳоли учун очилган амбулаториялардаги аҳвол аянчли эди. Амбулатория биноси жудаям шовқин ва чанг кўчада, кўнка* ўтадиган кўчада жойлашган бўлиб, бино жудаям паст ва кичкина, деразалари кўча томонга қараган. Ошҳона йўқлиги сабабли, ҳовлининг ўртасида, ариқ бўйида овқат пишириларди. Деярли ҳеч нарса билан тўсилмаган, полсиз бўлган бу «бўлим»да 10 нафар беморлар даволанган[18].
Амбулатория биноси терраса (айвон), эркаклар қабулхонаси, аёллар қабулхонаси ва боғлаш хонаси, дори бериладиган хонадан иборат бўлиб, беморлар кўплигидан айвон, ҳовли ва ҳатто кўчада навбат кутиб туришар, у ерда на ўриндиқлар, на стуллар бор эди. Навбат кутувчилар ерда ўтиришган.
Боғлаш хонасининг катталиги 4-5 кв. арш.[19] бўлиб, ўртадаги битта табуреткада ўтирган беморга процедура ўтказилар, қолганлар навбат кутиб атрофни ўраб олган эди, «бу ерда 5 минутдан ортиқ туриб бўлмайди»[20], деб ёзади “Туркестанский курьер” газетаси мухбири Г.Юлин.
Стационар даволаниш масканлари. 150000 дан ошиқ аҳолиси бўлган Тошкентнинг «эски шаҳар» қисмидаги учта шифохонада ҳаммаси бўлиб, ётиб даволаниш учун фақатгина 30 ўрин бўлган[21].
Тошкентда аҳоли учун шифохонада ётиб даволанувчи махсус касалхона мавжуд эмас эди. 1886 йилда шаҳар бошлиғи А.Ильинский Туркистон генерал-губернаторига мурожаатида шаҳар касалхонаси ташкил этиш заруратини таъкидлаган, аммо Думада бунинг учун маблағ йўқлиги туфайли шифохона ташкил қилинмаган. Фақат 1891 йилда дифтерияни даволаш учун шаҳар шифохонаси очилган. 1892 йилда шаҳарда вабо тарқалгач, у вабо бўлимига айлантирилган[22]. Кейинчалик у юқумли касалликлар шифохонасига айлантирилган.
1898 йилда шаҳарнинг Жуковский кўчасида касалхона туридаги биринчи бино қурилди. 1901 йилда унда 95 ўринли шаҳар касалхонаси очилди. Бу ерда терапевтик, жарроҳлик, аёллар ва юқумли касалликлар бўлими ишлаб турган. У шаҳар думаси ихтиёрида бўлиб, маблағ билан таъминлаб турилган. Лекин беморлар бир кеча-кундузга 1 руб. 45 копеек харажат қилинган[23]. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 160 нафардан ортиқ бемор даволанган[24].
1899 йилда шаҳарнинг “янги” қисмида Ўрта Осиё темир йўл амбулаторияси очилди. 1909 йилда ўринлар сони 21 тага етди. Бу ерда йилига 600–700 бемор ётиб даволанарди[25]. Мазкур шифохонанинг асосий мижозларини темир йўл хизматчилари ва ишчилари ташкил қилган.
Бундан ташқари, аввал очилган амбулаториялар қошида ҳам стационар даволаниш учун ўринлар очила бошлади. 1905 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар “эски” қисмидаги хотин-қизлар ва болалар амбулаторияларида ҳам стационар ҳолатда даволаниш учун 4 ўринлик жой ажратилган. 1909 йилга келиб 1 сонли амбулаторияда ётиб даволанганлар сони 44 нафар бўлса, шундан 19 таси туғуруқ билан боғлиқ эди[26]. 2-амбулаториядаги ўринлар сони 1909 йилга келиб ошади ва 15 тага етказилади ҳамда бир йилда стационар беморлар сони 120 нафарни ташкил этади. Шайҳонтоҳурдаги эркаклар амбулаториясида ҳам шу мақсадда 1901 йилда 4 ўринлик хирургия бўлими очилади ва 1905 йилга келиб унинг сони 8 тага етади. Бир йилда у ерда 80 нафардан 120 нафаргача бемор даволанади[27].
Касалликларни олдини олиш тадбирлари. Туркистон аҳолиси орасида безгак, вабо, буқоқ ва тери касалликлари тарқалиб турган. Туркистондаги тиббий аҳволни яхшилаш учун қатор таклифлар билдирилади: биринчидан, аҳоли сифатли ичимлик суви билан таъминланиши керак эди[28]. Маълумки, аҳоли асосан ичимлик суви сифатида ариқ сувидан, баъзилар қудуқ сувидан фойдаланар эди. Мутахассислар жаҳон тажрибасига таянган ҳолда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ҳисобига кўпгина касалликларнинг олдини олиш мумкинлиги, сув қувурлари ва канали ўтказилган мамлакатларда ўлим ҳолатлари кескин камайганлиги ҳақида маълумот берадилар. Масалан, Парижда сув фильтри ўрнатилганидан кейин ич терлама касали туфайли ўлим ҳолатлари 3 мартага камайгани қайд этилган[29].
XX асрнинг бошларида миллий матбуот саҳифаларида ҳам аҳолининг тоза ичимлик суви билан маъминлаш соғлиқнинг гарови эканлиги ҳамда кўп касалликлар ичимлик сувининг ёмонлигидан ва ботқоқларнинг ҳавога таъсиридан инсонлар орасига тарқалиб минглаб одамларнинг вафотига сабаб бўлаётгани тўғрисида мақолалар чиқа бошлаган. Хусусан, 1914 йил 24 июнида «Садои Туркистон» газетасида Рауф Музаффарзоданинг «Ичар сувларимизга бир назар» номли мақоласида аҳоли сув ичадиган ариқларнинг суви юзларча ҳатто мингларча ҳовлилардан оқиб ўтиб, аҳоли уни ифлослантириши ҳар хил ахлатлар ташлаши натижасида ичишга яроқсиз ҳолга келаётганини ёзади[30]. Муаллиф таъкидлашича, бу сувлар шаҳарга кирган пайтда ниҳоят тоза ва соф ҳолда оқади. Шаҳарнинг юқори тарафида яшайдиган аҳоли тоза сув истеъмол қилган ҳолда, шаҳарнинг ўрта ва тубан тарафида яшовчи аҳоли эса ифлосланган сувларни ичишга мажбур бўлганлар. Рауф Музаффарзода, сувни тежаб ишлатишга ҳамда ифлос нарсаларни сувга ташламасликка чақиради, аксинча «саломатлик жиҳатдан миллатга улуғ бир жиноят қилинган бўлади»[31]. Чунки ифлосланган сув кўпгина юқумли касалликларнинг сабабчиси бўлиб, мингларча одамларимизнинг қирилишига олиб келади. Мақола муаллифи «саломат ва сиҳатнинг даражаси миллий тозалик ва покликнинг даражаси ила мутаносибдир»[32], деб ёзар экан, халқнинг соғлиғи масаласини юқори даражали миллий вазифа деб билади.
Тиббий кадрлар масаласи ва муаммолар. XIX асрнинг 90-йиллари бошларида Туркистон ва Россия губернияларидаги врачлар ва фельдшерлар сони қиёсий таҳлил қилинса, Туркистоннинг 3 та вилоятида ҳаммаси бўлиб 25 нафар шифокор, 60 нафар фельдшер борлиги, Россиянинг уч губерниясида 243 нафар шифокор, 399 фельдшер, ҳаммаси бўлиб 642 нафар тиббиёт ходими бўлганлиги аниқ бўлади. Бошқача қилиб айтганда, Сирдарё вилоятида 135500 кишига, Самарқанд – 97100 кишига, Фарғона – 100000, Тула губерниясида – 18000, Вятская губерниясида – 35000, Харьков – 21000 кишига бир нафар шифокор тўғри келади[33]. «Биринчидан, кўп давлатларнинг майдонидан Туркистон ер майдонининг катта эканлиги ҳисобга олганда, бошқа томондан эса шаҳар ва уезд врачлари зиммасига аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишдан ташқари яна бошқа вазифалар ҳам юклатилганлиги ҳисобга олинса, Туркистондаги… тиббий аҳволнинг қандай аянчли аҳволда эканлигини тасаввур қилиш мумкин», деб ёзади мақола муаллифи[34].
Молиявий аҳвол. Туркистондаги тиббий аҳвол тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун дори-дармонларга сарфланган харажатларга ҳам эътибор бериш лозим. Масалан, 1891 йилда Сирдарё вилоятида дорига 7354 руб. 63 коп. ажратилган. Бундан Тошкент аҳолисига бепул тарқатилган 5045 руб. ҳисобга олинса, уездларда 33327 беморни даволаш учун 2309 руб. 63 коп., яъни бир бемор учун 6,9 коп. сарфлангани кўринади![35]. Бу эса жаҳоннинг бошқа мамлакатлари эмас, балки Россия империяси марказий қисмидаги ҳолат билан таққосланганда жуда оз маблағни кўрсатади.
Хусусий шифохоналар. Туркистонда давлатга қарашли шифохоналардан ташқари хусусий амбулаториялар ҳам фаолият юритган. Бу амбулаториялар соғлиқни муҳофаза қилишнинг барча қоидаларига риоя қилиб ишлаган. Бу борада тиббиёт доктори М.И.Слоним ва врач С.И.Слоним амбулаторияси энг ибратли ҳисобланган. М.И.Слонимнинг 1909 йилда очилган шифохонасида 12 ўрин бўлган. Ўша йили 9175 нафар бемор ётиб даволанган. Даволаниш баҳоси муолажа мураккаблигига қараб белгиланган ҳамда бир кеча-кундузга 4 рублдан ортиқ маблағни ташкил қилган. Тиббий маслаҳат учун 50 коп. тўланган. Сувли муолажа ойига 15 дан 30 рублгача бўлган. Муолажанинг бу тури билан 380 нафар киши даволанган, мижозлар сони эса 7600 нафарни ташкил этган[36].
Йилдан йилга хусусий шифохоналар сони ошиб борган. 1913 йилда хусусий амбулаториялар сони 8 тага етди. Улар орасида М.Слоним шифохонаси, Тошкент шаҳар дорихонаси қошидаги амбулатория, Маҳрам дорихонаси қошидаги амбулатория, провизор Ципперсон вокзалолди дорихонаси қошидаги амбулатория, врач Розенбаум тиш шифохонаси, Ковалева, Егорова, Предтеченская туғруқхоналари бор эди.
Бу барча амбулаториялар пуллик бўлган, аммо улардан айримлари камбағаллардан пул олмаган ҳамда уларни қабул қилиш учун махсус вақтлар белгиланиб, газета орқали эълон қилинган. Предтеченская туғруқхонаси шулар жумласидан бўлган[37].
Беморлар мурожаати. Умуман олганда ташкил этилган шифохоналарга мурожаат этган беморлар сони йилдан-йилга ошиб борган. Аммо баъзи бир касалликлар бўйича, хусусан ўткир юқумли касалликлар бўйича аҳоли шифохоналарга кам мурожаат қилишган.
Тошкент шаҳридаги аҳволни кузатадиган бўлсак, Тошкент «эски шаҳар» қисмидаги амбулатория врачи А.Л.Шварцнинг келтирган маълумотларига кўра, 1897 йилдан 1908 йилгача Тошкент «эски шаҳри» ҳамма амбулаторияларида 531435 нафар бемор қабул қилинган бўлса, шулардан 221 нафари ўткир юқумли касалликлар билан оғриган беморлар, жумладан, чечак 21 та, 50 та дифтерия, 123 та қизамиқ, 27 та скарлатина билан касалланган беморлар мурожаат қилишган. Ваҳоланки, Тошкентда бу давр ичида эпидемиялар, яъни 1890 йилда дифтерия эпидемияси, 1898 йилда скарлатина ва 1901 йилда чечак (оспа) эпидемияси бўлган[38], яъни юқумли касалликлар эпидемияси даврида ҳам тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар озчиликни ташкил этган. Шунингдек, маҳаллий аҳоли суяк чиқиши ва синишини даволаш учун ҳам шифохоналарга кам мурожаат қилишган, бундай пайтда улар табиблар хизматидан фойдаланишган. А.Л. Шварцнинг қайд этишича, рус шифокорлари синиш ва чиқишни даволашда маҳаллий аҳолининг ишончини қозона олмади. 1883 йилдан 1894 йилгача бўлган 10 йил ичида Тошкент «эски шаҳр»идаги амбулаторияга атиги 100 киши синиш ва чиқишни даволаш учун мурожаат қилган бўлса, 1897-1908 йилларда 201 нафар бемор, яъни йилига 20 киши мурожаат қилган. 150 минг аҳолиси бўлган Тошкент «эски шаҳар» қисми учун фоиз миқдорида бу жуда оз миқдорни ташкил этади. Бу борада рус шифокорларига табиблар, маҳаллий суяк солувчилар рақобатдош бўлган. Табибларнинг шикастланган органни вақтинча қимирлатмаслиги тўғри чора эканлиги ва умуман табиблар бу борада европача тиббиётдан илгарилаб кетгани, яъни улар шикастланган органни қимирлатмасдан узоқ ушламасдан, уқалашга ва фаол ҳаракатга ўтишини замонавий шифохоналар ходимлари тўғри деб ҳисоблашган[39]. Шварц таъкидлашича, маҳаллий аҳоли тақдирга тан берса-да, катта операциялар қилдиришга розилик берганлар. Улар «аввало Оллоҳ, кейин сен (доктор)» деган ҳолда операция столига ишонч билан ётардилар. Бу ҳолдан доктор Шварц, русийзабон шифокорлар хирургия соҳасида маҳаллий аҳолининг ишончини қозона олганлар, деган хулосага келади[40].
Аммо юқоридаги шифохоналардан кўпроқ шаҳар аҳолиси фойдаланар эди. Туркистон аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилган қишлоқ аҳолиси XIX аср охиригача тиббий ёрдам кўрсатиш тизимидан четда қолган. 1898 йил Самарқанд вилояти Анзоб қишлоғида рўй берган чума эпидемияси туртки бўлиб, 1898 йилда Самарқанд уездида бир неча қишлоқ фельдшерлик пунктлари очилди, булар Дагбит, Янгиқўрғон ва Жумабозор фельдшерлик пунктлари эди[41]. Ҳаммаси бўлиб XX асрнинг бошида Самарқанд вилоятида 11 та амбулатория пунктлари бўлган[42]. Сирдарё вилоятида ҳаммаси бўлиб 15 та амбулатория пунктлари бўлган[43].
Аҳолига фақат амбулаториялар орқали тиббий ёрдам кўрсатиш етарли эмас эди. 1909 йил 172-173 сонларида «Туркестанский курьер» газетаси ёзишича, «амбулатория ёрдами тиббий фаолиятининг энг ибтидоий ва мукаммал бўлмаган кўринишидир»[44], деб ёзади. Чунки амбулаторияга ёрдам сўраб келувчи беморларнинг кўплигидан врач уларни яхшилаб текширишига жисмонан имкониятга эга бўлмаган. Масалан, Тошкент «эски шаҳар» қисмида жойлашган 1-амбулатория 1907 йил июлида 22 иш куни бўлган бўлса, унда 5476 нафар бемор қабул қилинган, яъни ўртача ҳисобда 2 нафар шифокорга 250 бемор тўғри келади. Бу дегани ҳар бир беморга ўртача ҳисобда 1,5 минут ажратилган.
Маҳаллий аҳолига бир неча ўн йиллар тиббий ёрдам кўрсатган шифокор А.Л.Шварц бу ҳақда «беморлар шифокорнинг олдида қанчалик тезлик билан қисқа муддатга кўриниш беришлари ва шифокорлар шундай тезликда ҳаракат қилишлари, жуда зийрак ва тажрибали бўлишлари кераклигини тасаввур қилиш мумкин. Табиийки, бундай шошилинч ишлаш натижасида кераклигича тиббий ёрдам кўрсатиш иложи йўқ эди»[45], деган хулосага келади.
Русийзабон шифокорлар маҳаллий тилларни билмаслиги ва кўпинча таржимонлар йўқлиги ҳам маҳаллий аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни қийинлаштирган омиллардан бири бўлган. 1914 йилда «Садои Фарғона» газетасида чоп этилган «Табибга муҳтожлик» мақоласида ҳам фикримизни тасдиқлайди. Унда ёзилишича, маҳаллий аҳоли касал бўлиб қолса докторга ёрдам сўраб мурожаат этишига иккиланишига сабаблардан бири тил билмаслиги бўлиб, шундай бўлса-да бориб аҳволини ишора билан тушунтиради, докторнинг айтган сўзларини тушунмайди, берган дорисини қандай ичишни билмасдан тўғри келганда ичади. Мақоланинг номаълум муаллифи маҳаллий аҳолидан доктор йўқлигидан афсус-надомат чекар экан, болаларни мактабда ўқитмагандан кейин аҳвол шундай давом этишини тушунтириб, «биз учун неча юз мусулмон доктор бўлса камлик қилур», деб ёзади[46].
Мақолада келтирилган суратлар муаллиф томонидан тақдим этилди.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Шишов А. Сарты. Этнографическое и антропологическое исследование / Сборник материалов для статистики Сырдарьинской области. Том 11. – Ташкент, 1904. – С.391.
[2] Добросмыслов А.И. Ташкент в прошлом и настоящем. Исторический очерк. – Ташкент, 1912. – С.326-327.
[3]Пославская, Мандельштамм. Обзор десятилетней (1883-1894) деятельности амбулаторной лечебницы для женщин и детей в Ташкенте. – Ташкент, 1894. – С. 94.
[4] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
[5] Обзор Сырдарьинской области за 1891 год. – Ташкент, 1893. – С. 169.
[6] Ўзбекистон Миллий архиви, И.2231-фонд, 1-рўйхат, 165-иш, 72– варақ.
[7] Обзор Сырдарьинской области за 1910 г. – Ташкент, 1912. – С.178.
[8] Палиенко. Моим оппонентам // Туркестанские ведомости (ТВ). – 1893. – № 88.
[9] Шаҳар касалхонаси ҳақида // Туркистон вилоятининг газети. – 1916. – №62.
[10] Ўзбекистон ИТТҲ МА, 192–фонд, 296-иш, 17-18 варақ.
[11] О народном врачевании сартов и киргиз Туркестана. Медицинская помощь инородцам Туркестана и их отношение к русским врачам. – СПб., 1903. – С. 112.
[12] Отчет о деятельности лечебниц для туземных женщин и детей в г. Самарканде за 1885 год // ТВ. 1886, № 16; Отчет о врачебной деятельности Ходжентской амбулаторной лечебницы для туземных женщин и детей (за 29.IX.86 по 1.I.88) // ТВ. 1888, № 44; Извлечение из отчета амбулаторной лечебницы для туземных женщин и детей в г. Андижане за 1888 год // ТВ. 1889, № 46, 47, 48; Извлечение из отчета амбулаторной лечебницы для туземных женщин и детей в г. Коканде за 1888 год // ТВ. 1889, № 50, 51; 1890, № 1; Извлечение из отчета Маргеланской амбулаторной лечебницы для туземных женщин и детей за 1891 // ТВ. 1893, № 9, 82, 86, 90.
[13] Добросмыслов А.И. Ташкент в прошлом и настоящем. Исторический очерк. – Ташкент, 1912. – С.336.
[14] Туркестанские ведомости. – 1886. – № 19.
[15] О народном врачевании сартов и киргиз Туркестана. Медицинская помощь инородцам Туркестана и их отношение к русским врачам. – СПб., 1903. – С. 96-97.
[16] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
[17] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
* Кўнка – от қўшиб юриладиган вагон; шундай вагонлар юрадиган шаҳар темир йўли.
[18] Юлин Г. В лечебнице для туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 174.
[19] 1 аршин – 0,71 м.га тенг узунлик ўлчови.
[20] Юлин Г. В лечебнице для туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 174.
[21] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
[22] Ўзбекистон Миллий архиви, И. 37-фонд, 1–рўйхат, 451–иш, 15– варақ..
[23] Отчет по ревизии Туркестанского края. – СПб., 1910. – С. 391.
[24] Ўзбекистон Миллий архиви, И. 2231-фонд, 1-рўйхат, 165-иш, 72-варақ.
[25] Ўзбекистон Миллий архиви, И. 2231-фонд, 1-рўйхат, 165-иш, 7-варақ.
[26] Добросмыслов А.И. Ташкент в прошлом и настоящем. Исторический очерк. – Ташкент, 1912. – С.332.
[27] Добросмыслов А.И. Ташкент в прошлом и настоящем. Исторический очерк. – Ташкент, 1912. – С.333.
[28] О рациональном водоснабжении г. Ташкента // ТВ. – 1893. – № 65, 69; Габбин Н. Несколько цифр к вопросу об устройстве водопровода в Ташкенте // ТВ. – 1900. – № 20; Васильев Н. Наша общая беда и как помочь ей // Окраина. – 1895. – № 61, 62, 64, 66, 68, 71, 73; Шишмарев И.А. Несколько строк о Ташкенте // ТВ. – 1891. – № 20. К вопросу о санитарном состоянии Ташкента // ТВ. – 1897. – № 7.
[29] О рациональном водоснабжении г. Ташкента // ТВ. – 1893. – № 65, 69.
[30] Музаффарзода Р. Ичар сувларимизга бир назар // Садои Туркистон. – 1914. – № 21.
[31] Музаффарзода Р. Ичар сувларимизга бир назар // Садои Туркистон. – 1914. – № 21.
[32] Шу ерда.
[33] Васильев Н. Наша общая беда и как помочь ей // Окраина. – 1895. – № 61, 62.
[34] Васильев Н. Наша общая беда и как помочь ей // Окраина. – 1895. – № 61, 62.
[35] Васильев Н. Наша общая беда и как помочь ей // Окраина. – 1895. – № 61, 62.
[36] Ўзбекистон Миллий архиви, И.2231-фонд, 1-рўйхат, 272-иш, 16-варақ.
[37] Ўзбекистон Миллий архиви, И.17-фонд, 1–рўйхат, 29429–иш, 5-варақ..
[38] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
[39] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
[40] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
[41] Справочная книжка Самаркандской области. – Самарканд, 1902. – С. 163.
[42] Адрес-справочник Туркестанского края. – Ташкент, 1910. – С. 133.
[43] Обзор Сырдарьинской области за 1891 год. – Ташкент, 1893. – С. 171.
[44] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
[45] Успехи русской медицины среди туземцев // Туркестанский курьер. – 1909. – № 172, 173.
[46] Табибга муҳтожлик // Садои Фарғона. – 1914. – № 55.