Сурат манбаси: press-unity.com
Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст
Зуҳра Қосимова UzAnalytics сайтига берган интервьюсида тадқиқот қизиқишлари ҳамда маданият ва тарих фанлари билан боғлиқ долзарб муаммолар тўғрисидаги саволларга жавоб беради. У ўзбекларнинг идентитети, ўзбек аёлининг фильмдаги энг яхши образига оид фикрларини баён қилади ҳамда Игорь Савицкий номидаги музей ва рассом ижодининг аҳамиятини очиб беради. Ушбу интервьюда модернизмнинг мураккаблиги ва дурагайлиги ҳақида фикр юритади, ҳозирги пайтда у буни докторлик илмий ишига тайёргарлик кўриш даражасида қунт билан ўрганмоқда. Зуҳра Қосимова маданият, билим, цензура ва санъатдаги жумладан, совет ва постсовет давридаги кино ва театрдаги муросасизлик (анти-конформизм) ҳақидаги кузатишларини баён қилади. Шу тариқа у “Илҳом” театри ўтмиши ҳақида батафсил ҳикоя қилади, унинг бошқа театрлардан фарқини тушунтириб беради. Олиманинг кузатишлари билан тарихимиз ва маданиятимизнинг ўрганилмаган соҳалари миқёсини кўрсатиб беради ҳамда ёш тадқиқотчилар мулоҳаза юритиши учун масалаларни ўртага ташлайди.
Асли тошкентлик бўлган Зуҳра Қосимова Чикагодаги Иллинойс университетининг (University of Illinois at Chicago) тарих фанлари докторанти, шунингдек, Нью-Йорк университетига қарашли Жордан марказининг (Jordan Centre) таклиф этилган тадқиқотчисидир. У Венгрия пойтахти Будапешт шаҳридаги Марказий Европа университетида (Central European University) солиштирма тарих бўйича магистрлик илмий даражасини қўлга киритган, ўша ерда “Илҳом” театрининг ташкил этилиши бўйича диссертация ёзган. Айни пайтда у дастлабки номи “Дурагай модернизм: Совет Ўзбекистони, 1940 – 1980 йиллар” бўлган докторлик диссертацияси устида ишламоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини (ЎзДЖТУ) битирган.
Ўзбекистон ва/ёки Марказий Осиё бўйича қайси соҳада тадқиқот олиб боряпсиз?
Тадқиқот бўйича менинг асосий қизиқиш соҳамга Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврдаги Совет Марказий Осиёси тарихи (Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон тарихига кўпроқ эътибор қаратган ҳолда) киради. Умуман олганда, ўша тарих Марказий Осиё республикалари ва улар аҳолисининг Совет расмий дискурси ва Совет ҳаёти тузилмасига энг юксак даражада интеграциялангани билан характерланади. Илмий ишимда Иккинчи жаҳон уруши дурагай кимликлар шаклланишида бурилиш нуқтаси бўлгани ҳамда Совет модернизмининг урушдан кейинги табиатини аниқлаб бергани таъкидланади. Диссертациямда мен Совет кишилари кимлиги ва тажрибасининг маданий, диний, минтақавий ва мафкуравий ранг-барангликлари ва дурагайлиги аҳамиятини пасайтириб кўрсатишни эмас, тадқиқ қилишни мақсад қилиб олганман. Бир қанча муайян мисолларга мурожаат қилиш жараёнида қуйидагиларни ажратиб кўрсатмоқчиман: (1) билим олиш ва маданият шаклланишида маҳаллий арбобларнинг роли; (2) (лингвистик, маданий ва мафкуравий) таржиманинг роли ва кўптиллилик; (3) аҳоли ўртасида, айниқса, “яқин” соҳалардаги (оилалар, узоқдаги аҳоли пунктлари, эвакуация қилинган болаларни асраб олиш ва шу кабилар) мулоқотлар ва алмашувлар; ўзбек ижтимоий ва маданияти муҳитига интеграциялашув (рус муҳитига интеграциялашув сифатидаги советлаштириш ва модернизациядан фарқли ўлароқ); совет мусулмони (тақводор ёки дин амалларини бажарувчи бўлмаган кишилар учун) ёки совет ўзбекистонликлиги (этник жиҳатдан ўзбек бўлмаган кишилар учун) кўп қатламли кимликлар.
Илмий ишингизда қандай асосий далиллар ва манбалардан фойдаланяпсиз?
Мен совет лойиҳасининг мустамлакачи ёки модернизацияловчи табиати ҳақидаги мунозаралар чорчўпидан четга чиқиб, мураккаб, кўп қатламли ва айни пайтдаги идентитет билан аниқланувчи, шу билан бир вақтда аҳолини таснифлаш ва интеграциялаш учун мавжуд кўплаб қолиплар сингари империяга оид вазият сақланиб қолаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Гарчи маҳаллий элита – аъёнларнинг субъективлиги ва уларнинг совет лойиҳаларида қатнашгани илмий ишимда аҳён-аҳён кўзга ташланиб қолса-да, унда рус тилини умуман билмайдиган ўзбекча сўзловчилар, ота-онасиз болаларни қабул қилувчи ўзбек оилаларидаги аёллар, ҳамроҳи бўлмаган етим болалар, уруш вақтида ҳамма нарсасидан маҳрум этилиб, эвакуация қилинган кишилар сингари аъёнларга мансуб бўлмаган кишиларнинг овозларини ҳам қамраб олишга ҳаракат қиляпман. Мен ушбу ҳамкорлик иштирокчилари бўлган кўплаб ва турли-туман арбоблар Марказий Осиёда яратган ижтимоий муносабатлар ва дискурсларга эътиборни қаратиш баробарида, қандай қилиб “мукаммал бўлмаган” ва “маргиналлиги” тахмин қилинган Совет субъектлари советларнинг замонавийлик лойиҳасига мос тушиб қолгани тўғрисидаги саволга жавоб беришга умид қиламан.
Менинг асосий методологик ҳиссам Совет дурагай модернизми концепцияси бўлди, айни дамда уни оригинал тадқиқотлар ва назарий мунозаралар билан асослаш устида иш олиб боряпман. Тадқиқот услубларим танланган мавзуларни акс эттиради: Уларда Москва, Санкт-Петербург (олдинги Ленинград), Тошкент, Самарқанд ва Нукусдаги архивлар ва кутубхоналари манбаларини умумлаштиряпман ва уларни оғзаки далиллар билан тўлдиряпман; мен рус, ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги маълумотлар билан ишлаяпман.
Ўзбекларнинг идентитети ҳақида: у ўзбек фильмларида қандай акс этган ва тарихий нуқтаи назардан қай тариқа ўзгариб борган?
Тадқиқотим Марказий Осиё тарихининг Совет даврига бағишлангани сабабли Иккинчи жаҳон урушидан сўнгги Совет модернизацияси лойиҳаси кўп ўлчамли бўлганини кўрсатиб беришга қизиқаётганимга эътибор қаратиш муҳимдир: у миллий совет республикаларидан тортиб, мухтор республикалар ва вилоятлар арбоблари сингари кўплаб арбоблар билан ва кўплаб даражаларда муҳокама қилинди. Шундай қилиб, “ўзбек” идентитетини оддий ва бир ўлчамли тарзда тушунтириб ҳам, тушуниб ҳам бўлмайди. Масалан, мен Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳеч ким ҳамроҳлик қилмай Марказий Осиёга эвакуация қилинган болаларнинг ҳаётини кузатаман, уларнинг аксарияти етим экани етмаганидай, яшаш жойидан бир умрга кўчирилган, бу ерга келиб бошпана топиб, ўзбек жамиятига тўлиқ интеграция бўлиб кетган. Катта ёшга етгач суҳбатлашилган ўша болалар ўзларини “совет ўзбекистонилик” деб билади, бу ўринда ўзбекчилик этник тушунча эмас. Кўпинча ўша болаларни қишлоқликлар асраб олган, улар машҳур ва Тошкентда истиқомат қилган Шомаҳмудовлар оиласи аъзоларидан фарқли ўлароқ, мутлақо ўзига хос тарзда Марказий Осиёнинг маданий, диний ва тил меъёрларига тез ва тўлиқ сингишиб кетган.
Ўзбек аёлининг фильмларда яратилган энг яхши ва қизиқарли портрети борми?
Мен уруш вақтида етим болаларни асраб олган ўзбек оилаларининг ўзим тилга олган намунасидан келиб чиқиб айтаманки, энг қизиқарли, аммо етарли баҳосини олмаган, етарли даражада тамсил қилинмаган ҳолатлардан бири вилоятда яшаган ўзбек аёли Фотима Қосимовадир (унинг менга қариндошлиги йўқ). У билан боғлиқ воқеа ҳақидаги қисқа ҳужжатли фильм тасвирга олинган, бироқ у ҳеч қачон машҳур Шомаҳмудовлар сингари шарафланган эмас.
Самарқанд вилоятилик ўзбек аёли Фотима Қосимова бир ўзи Иккинчи жаҳон уруши вақтида 10 болани асраб олиб тарбиялаган. Меҳнатга қобил эркаклар урушга чақирилгач, Қосимова бир вақтда ҳам оила, ҳам колхоз – жамоа хўжалиги бошлиғи бўлиб қолади Шоаҳмад Шомаҳмудовнинг умр йўлдоши, архетип “Шарқ” аёли: уй бекаси, она ва бир ўзи оила ташвишларини зиммасига олган Баҳри ая Акрамовадан фарқли ўлароқ, Қосимова ҳам ишда, ҳам оилада муваффақиятга эришган эди.
Шомаҳмудовлардан фарқли ўлароқ, Қосимова билан боғлиқ воқеа совет матбуотида нисбатан кам ёритилган.
Шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, тарғиботдаги бундай тенгсизлик нафақат ўзига хос ўзбек итерациясидан[1], қолаверса, умумий совет модернизми дискурсида мавжуд бўлган чекловлардан далолат беради. Қосимованинг оиласи тўлиқсиз бўлган, бинобарин, ўша оилага норасо деб қаралган. Совет давлати назарида Қосимованинг учта “етишмовчилиги” – аёллиги, қишлоқдан экани ва ўзбеклиги бўлган. Айни чоқда Иккинчи жаҳон уруши вақтида ва ундан кейин жамоа хўжаликларида эркаклар меҳнатининг етишмаслиги ва ажаб эмаски, Қосимованинг фаол позицияси унга, вақтинча бўлса-да, камида ўша иккита камчиликни хўжалик раҳбари даражасига кўтарилиш ва асраб олинган 10 болани тарбиялаб катта қилиш билан енгиб ўтиш имконини берган.
Қосимованинг уруш вақтида эришган муваффақияти расмий ва анъанавий дискурсларни дурагайлаштирди, уларда тўлақонли оилаларга устувор аҳамият берилар, қишлоқда яшайдиган ўзбек аёлига ҳали-ҳамон модернизмнинг энг паст вакиласи деб қаралар эди. Қосимованикига ўхшаш воқеаларга асосий совет ва ўзбек матбуотида (“Комсомольская правда”, “Правда Востока” ёки “Совет Ўзбекистони” газеталари) етарли эътибор берилмаган бўлса-да, аёлларга мўлжалланган “Советская женщина» (“Совет аёли”) ёки “Ўзбекистон хотин-қизлари” сингари совет журналларига йўл топган эди.
Ўтган йил ёзида (2019) уруш йилларида бола асраб олган яна бир оила – Ҳамид Саматов оиласи архивидан фойдаланиш имкониятига эга бўлдим. Умид қиламанки, Фотима Қосимованинг фарзандларини (балки невараларини) ҳам топиб, унинг оиласи билан боғлиқ эътибордан четда қолган воқеани юзага чиқара оламан.
Сиз Игорь Савицкий шахси ва ривоятларга чулғанган музей тарихи ҳақида ҳам ёзгансиз. Савицкий музейи феноменини нима деб тушунтирса бўлади? “Чўлдаги Лувр” деб аталувчи музей пайдо бўлишига нима ёрдам берган?
Савицкий таржимаи ҳолини ёзган кишилар қарашига зид равишда мен у “Марказий Осиёнинг Пол Гогени” деб тамсил этилиши, Қорақалпоғистон АССРга шарқона соддалаштирилган тарзда “Совет Полинезияси” деб, Савицкий музейига эса “Чўлдаги Лувр” деб қаралиши билан келиша олмайман. Савицкийни бунинг ўрнига Совет трикстери (trickster) (уддабуронлик) модели намунаси деб ҳисоблайман[2], бу қарашни Марк Липовецкий илгари сурган эди[3]. Савицкийнинг тизимни алдашдаги уддабуронлиги (трансгрессияси – мумкин бўлган ва бўлмаган нарсалар чегарасидан ўтиш) совет воқелигидаги кўплаб “кулранг зоналар”[4] табиатини очиб беради.
Музей ҳозирги томошабинлар орасида совет авангард санъатининг ажойиб коллекцияси сифатида машҳур, аслида у совет авангард картиналарининг иккинчи йирик коллекциясидир. Узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтишга қодир кишилар Савицкий коллекцияси жуда юксак бадиий қимматга эга эканини алоҳида қайд этади. Бироқ замонавий санъатнинг оддий ихлосмандлари учун Савицкий нафақат “Европа” Россиясидан авангард картиналар, қолаверса, маҳаллий қорақалпоқ амалий санъати намуналарини ҳам йиққани тушунарсиз бўлиб қолаверади. Ушба санъат музейи аслида Қорақалпоғистон этнографик музейи сифатида иш бошлаган эди. Шу тариқа мен ушбу музей ягона лойиҳа сифатида режалаштирилмаганини ҳамда Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон коммунистик партиясининг музейни қўллаб-қувватлаган турли амалдорлари бу ишни ўз манфаатидан келиб чиқиб бажарганини кўрсатиб беришга ҳаракат қиляпман. У қорақалпоқлар учун санъати ва ҳунарларига, уларнинг совет миллатлари иерархияси – мартабалар силсиласида чекланган “прото-миллат”дан тўлақонли миллатга кўтарилишига бағишланган этнографик музей бўлган.
Нукус санъат музейининг ташкил этилиши маҳаллий жамият тўқимасига тўлиқ интеграция бўлган ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тармоқларини яратган “марказлик” арбоблар фаолияти натижаси ўлароқ намоён бўлади. Мен ушбу ҳамкорликни Савицкийнинг совет тизими зиддиятларидан усталик билан фойдаланиш стратегияси орқали тадқиқ қиляпман. Ушбу стратегия унга давлат назари остидаги “кулранг зона”да жон сақлаб қолиш имконини берган эди. Совет империясининг “тупкаси таги” бўлган Қорақалпоғистонда Савицкий мафкура машинасидан ўзини иҳоталаб олган ҳамда кўзга кўринмас ва кўпинча нотўғри тушунилган маргинал – четдаги одам бўлиб қолган эди. У ушбу “кулранг зона”да йўқотилган совет авангардининг “маркази”ни яратди.
Савицкий коллекцияси яратилишини (нима ва қандай қилиб йиғилганини) асослаб бериш совет тажрибаси, миллатчилиги ва модернизмининг мураккаблиги ва дуругайлигини; Иккинчи жаҳон урушининг советлар сўнгги даврининг сиёсий, маданий ва ижтимоий манзарасини ҳамда Марказий Осиёнинг ундаги ўрнини ўзи ичига олади. Яна унда совет трикстерлари нотекис ва ички зиддиятларга тўла советлар маконини яхши билгани сабабли “кулранг зоналар”да ва советларнинг дурагайлашган маъмурий, миллий ва маданий иерархияларида муваффақиятли фаолият юритгани алоҳида таъкидланади.
Сиз магистрлик диссертациянгизни ёзаётганда “Илҳом” театри тарихига кўпроқ эътибор қаратгансиз. Ушбу театр эволюцияси – тадрижи ва у не сабабдан дунёда машҳур экани хусусида сўзлаб берсангиз
“Илҳом” театри 1976 йили Kомсомолга қарашли экспериментал студия сифатида ташкил этилган ва мен магистрлик диплом ишимда[5] унинг Брежнев “турғунлик” даврида Совет Иттифоқидаги илк мустақил театрга айланганини тадқиқ қилган эдим. У ҳам Ўзбекистон Ёшлар марказий қўмитаси (Kомсомол ташкилотининг республика ташкилоти) ва Ўзбекистон театр жамияти[6] ёшлар бўлимининг қўшалоқ шафелиги остида Ижодкор ёшларнинг экспериментал студияси (ИЁЭС) сифатида ташкил этилган эди. Театр жамиятининг ёшлар бўлими ва комсомол ўша пайтда ҳаваскор мақомига эга бўлган “Илҳом” театрига ертўладан жой ажратди. Айни ертўла аслида янгитдан барпо этилган Ёшлар саройининг сабзовот омбори эди, труппа ўша ерда кечалари репетиция қилган. Актёрлар ё кундузи табиий фанлар соҳасида ишлайдиган ҳаваскорлар, ёки “расмий” профессионал театрларда хизмат қиладиган профессионал актёрлар бўлган. Барча профессионал актёрлар Горький номидаги рус академик драма театри, “Ёш гвардия” театри, Рус (ёш томошабинлар театри – ТЮЗ) ёки Йўлдош Охунбобоев номидаги ўзбек ёш томошибанлар театрида ишлаган. Иттифоқдош республикалардаги театрларга тилига қараб бюджетдан маблағ ажратилар эди (Ўзбекистон ССРда уларнинг тили ё ўзбекча, ёки русча бўлиши қатъий белгилаб қўйилган). Лекин “Илҳом” театри ушбу тақсимотдан ташқари чиқиб, спектаклларини кўп тилларда намойиш эта бошлади.
Совет режими таназзулга юз тутгандан сўнг ИЁЭСлари ҳам бирин-кетин ёпила бошлади, чунки шу тариқа уларнинг асосчиси ва молиявий кўмак манбаи бўлган Kомсомол ҳам барҳам топган эди. “Илҳом”нинг бошқа ИЁЭСларидан фарқли ўлароқ, яшаб қолишига фойда олиб ишламайдиган ҳаваскор экспериментал студиядан фойда олиб ишлайдиган репертуарга эга профессионал театрга айлангани сабаб бўлди. Аслида “Илҳом” репертуарини қайта кўриб чиққани ҳамда янги ижтимоий, сиёсий ва маданий воқеликка мослаша олгани сабаб омон қолди.
70-йилларнинг охири ва 80-йиллар бошида “Илҳом” театри профессионал театрларда саҳналаштириш мумкин бўлмаган спектакллар билан эксперимент қилди. Экспериментал театрлар репертуарини Kомсомолнинг тарғибот бошқармаси тасдиқлаб бериши керак эди. Бошқарма ходимлари (айниқса, “периферия” – марказдан узоқ жойларда) Маданият вазирлиги мутахассисларидан фарқли ўлароқ, Эзоп тилида битилган асарларни яхши тушунмас эди. Ошкоралик ва ундан кейинги даврда “Илҳом” театри довюраклик билан қўйилган спектаклларини муросасиз ва мустақил театр сифатидаги номини реклама қилиш ва мустаҳкамлаш учун мақташ йўлига ўтди.
Театр қайта қуриш ва ошкоралик вақтида пантомималарга урғу берди, бу билан сўзамоллик ҳеч бир маънони англатмайдиган товушлар какофониясига[7] сабаб бўлишини кўрсатиб берди. “Илҳом” нафақат Москвадаги, балки Тошкентдаги партия етакчиларини сатира қилиш учун масхарабозликдан фойдаланадиган бўлди. Вайль дастлабки постсовет йилларида ўзбек кўча театри (масхарабозлик) унсурларини commedia dell’arte[8] (масалан, Карло Гоццининг 1995 йили саҳналаштирилган “Бахтли гадолар” пьесасида) билан уйғунлаштира билди. “Илҳом” театрининг янги космополитизми советларга хос бўлмаган бошқача дурагайлик шаклланишига олиб келди. Вайль 90-йиллар бошида америкалик ёзувчи Жон Стейнбекнинг “Тортилья Флэт” романини саҳналаштирди, бу ерда режиссёр советларнинг аралаш никоҳлари[9] − дурагай кимликни универсаллаштирди: Монтерей пайсанолари[10] аралаш Mарказий осиёликлар сифатида тамсил этилди. Шу билан бирга, Монтерейнинг Вайль талқинидаги турли-туман кишилардан ташкил топган ва шарти кетиб, парти қолган мавзеси маҳалланинг ўхшаши бўлиб гавдаланади.
Постсовет Марказий Осиёси ҳолати шу маънода маданий ўзига хосликларнинг (рус, ўзбек, татар, яҳудий, корeялик, мусулмон, “ғарблик”, совет ва ҳк.) кўплаб қатламлари намунаси сифатида хизмат қилади ҳамда кескин бинар қаршилантиришларни итқитиб ташлаш имконини беради. Ушбу ҳолатда “Илҳом” театрининг ўзини қайтадан кашф қилиш борасидаги ноёблиги, кучи ва қобиллиги қисмлар йиғиндисидан кўра, аҳамиятлироқ бутун сифатида намоён бўлади. Айни дамда савол “Илҳом” моҳияти ва шаклини сақлаб қолган ҳолда ўзини қайтадан кашф қила оладими тарзида қўйилиши керак.
Ўз тажрибангиздан келиб чиқиб, минтақани/мамлакатни тадқиқ қилаётган ёш олимларга нима маслаҳат берасиз?
Мен минтақадаги ёш олималарга мурожаат қилмоқчиман. Тарих фани (бошқа фанлардаги сингари) узоқ вақт (ва ҳозир ҳам) эркаклар устунлик қилган соҳа бўлиб келди. Нафақaт Марказий Осиё, қолаверса, Ғарб илмий доираларида ҳам аҳвол шундай. Мисол тариқасида ўзбек олимаси Азиза Шоназаровани мисол қилиб келтиришим мумкин, у мусулмонлар полемикаси – мунозарасида фаол қатнашган авлиё аёллар ҳақида диссертация ёзди. Шоназарова Индиана университетида (Блумингтон шаҳри) Марказий Евроосиё ва ислом тадқиқотлари бўйича фалсафа докторлик (Ph.D.) илмий даражасини олди, Стэнфорд ва Оксфорд университетларида таклиф этилган тадқиқотчи бўлди. Айни пайтда Питтсбург университетида постдокторантдир.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бизда ҳаётда муваффақиятга эришиш учун илмий даражалар керак эмас деган гапларни ҳар куни эшитаётган ёш ва бошловчи олимлар жуда кўп. Мен ушбу қуруқ гапни фош қилиб айтмоқчиманки, Марказий Осиёда минтақа ва/ёки мамлакат тарихини ўрганишга иштиёқманд, кўплаб кўникмаларга эга ва тилларни биладиган олимлар кўп. Бошқа тарафдан, минтақа бўйича илмий ишларнинг асосий қисми шу пайтгача Марказий Осиё мамлакатлари пойтахтларидаги марказий архивларда ишлаш орқали ёзилди, аммо ҳали, масалан, Самарқанд, Нуқус ва яна қайсидир вилоят архивларида қилинадиган ишлар ниҳоятда кўп.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Итерация (ингл. iteration) – такрор, бирор ҳаракатни такрорлаш.
[2] Zukhra Kasimova, “The Improbable Museum: Igor Savitsky’s Art Museum in Nukus as an Artifact of Postwar Soviet Reality.” Ab Imperio 2019, no. 3 (2019): 119-143. doi:10.1353/imp.2019.0067.
[3] Mark Lipovetsky, Charms of Cynical Reason: Trickster in Soviet and Post-Soviet Culture, Boston: Academic Studies Press, 2011.
[4] Grey zone (инглизчаси – сўзма-сўз “кулранг зона”) – бир–бирига қарама–қарши позициялар ўртасидаги оралиқ зона; унда вазият, буюм ва ҳк.ни очиқ-ойдин ва енгил аниқлаб ёки мавжуд тоифа ва қоидалар тўплами билан қамраб олиб бўлмайди.
[5] Zukhra Kasimova, Ilkhom in Tashkent: From Komsomol-Inspired Studio to Post-Soviet Independent Theater, MA Thesis, Central European University, 2016, http://www.etd.ceu.edu/2016/kasimova_zukhra.pdf
[6] ХХ асрнинг 40-йилларида Совет Иттифоқининг барча республикаларида театр жамиятлари тузилган эди. (Ўзбекистон театр жамияти 1945 йилда ташкил топган). Улар кўнгиллилар ташкилотлари бўлиб, 1933 йилда ташкил топган Умумроссия театрлари жамияти (УТЖ) кўмагида тузилган ҳамда Санъат арбоблари касаба уюшмаси шафелигида фаолият юритар эди.
[7] Какофония – маъносиз, қулоққа ёқмайдиган товушлар.
[8] Commedia dell’arte (итальянча) – ниқоблар комедияси.
[9] Совет Марказий Осиёсининг аралаш оилалари ҳақида қаранг: Adrienne Lynn Edgar, “Marriage, Modernity, and the “Friendship of Nations’: Interethnic Intimacy in Post-War Central Asia in Comparative Perspective”, Central Asian Survey, December 2007, 26(4), pp.581-599.
[10] Paisano (кўплиги paisanos) – Калифорниянинг ота-боболари испанлар, мексикаликлар ва ҳиндулар бўлган аҳолиси.