Суратда: “Қирқ қиз” қалъаси, манба: uzbekistanpass.com
Муаллиф: Эльмира Гюль – профессор, санъатшунослик фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтининг етакчи илмий ходими, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги илмий-маслаҳат марказининг ўқитувчиси.
Қирқ қиз – эркаклар билан ёнма-ён туриб ёки уларга қарши курашадиган кўчманчи дашт маданиятининг шафқатсиз ва кучли жангчи қизлар ҳақидаги афсонасидир. Антрополог Балқиз Кармишева билдиришича, ушбу афсонани чет элликлар тўқимаган, балки у Мовароуннаҳрнинг ўзида илдиз отган. Қадим замонларда эркаклар жанг қилгани кетганда, даштликлар тураржойларида қариялар, болалар ва аёллар қолган; қабилани ҳимоя қилиш ўшаларнинг гарданига тушган. Шунинг учун қўчманчилар жамиятларида қизларга болалигидан бошлаб худди ўғил болалар сингари қуролдан қандай фойдаланиш ўргатилган.
Дарғазаб амазонлар
Юнонлар илк марта Осиё кўчманчиларига дуч келганда, болалигида камондан ўқ отишига қулай бўлиши учун чап кўкраги кесиб ташланган сирли жангчи аёллар ҳақида ёзиб қолдирган эди. Албатта, скиф аёллар ва уларнинг машҳур маликаси бир марта ўз қўшинларини Буюк Кир ҳужумидан ҳимоя қилиш учун бошлаб бориб, милоддан аввалги (мил. ав.) 530 йилда уни енгиб, қатл қилган эди, аммо кўкракларига ҳеч нарса бўлмаган, деб ёзади Ҳеродот.
Ушбу ҳикоятлар юнонлар жангчи аёлларни кўрганидан қаттиқ ҳайратга тушгани ифодаси бўлган ва улар эркакларни жинидан баттар ёмон кўради, деб ҳисоблаган. Қадимги юнонлар ғайриоддий аёллардан ташқари, ярми эркак киши, ярми от бўлиб кўринган мавжудотларга ҳам дуч келган. “Башанг” шаҳарлар аҳолиси эгарда юриб, овқатланиб, ҳам ухлайдиган “ваҳшийлар”ни кўрганидан ақли шошиб қолган кўринади. Шу тариқа кўҳна дунёда ярим одам – ярим одамлар ва кўкраксиз аёллар ҳақида афсоналар пайдо бўлган.
Исм билан боғлиқ афсоналар
Ўзбекистоннинг бугунги сайёҳларни кўп жалб қилаётган қадамжоларидан бири Сурхондарё вилоятидаги IX – X асрларга тегишли, тобора нураб бораётган “Қирқ қиз” қалъасидир, у Термиз шаҳридан 3 километр шарқ томонда жойлашган.
Аҳоли ўртасида машҳур афсоналарга кўра, ушбу қалъа деворлари ортида яшаган 40 қиз чет эллик кўчманчиларнинг ҳужумларини қайтарган. Уларга исми Гулсим, Гулойим ёки Гавҳар бўлган маҳаллий малика бошчилик қилган. Қалъада қолган барча эркаклар ўлдирилгандан сўнг маликани қўриқлаётган 40 қиз душман ҳужумига қарши турган.
Бироқ узоқ вақт ушбу воқеага эътибор қилинмай, “Қирқ қиз” топоним – жой номи саналиб келган. 40 жангчи қиз – амазон кўчманчилар ва дашт аёлларининг йиғма тимсоли бўлиб келгани эҳтимолга яқиндир, шунинг учун уларнинг ушбу қўҳна йирик ва ҳашаматли бинода яшаганини тахмин қилиш қийин.
Қирқ қиз ким бўлгани ҳақида ислом анъанасининг ҳам ўзига яраша талқини бор. Уларга ё қалъани ҳимоя қилган солиҳа аёллар, ёки “кофирлар” таъқибидан ҳимоя истаб, Аллоҳга тошга айлантириб қўйишни сўраб ёлворган канизак деб қаралган.
Нима бўлганда ҳам, у билан боғлиқ ҳақиқий тарих жумбоқлигича қолмоқда, лекин ҳозирги олимлар ушбу тарихнинг турли талқинлари борлигини айтади. Баъзилар қалъадан карвонсарой сифатида фойдаланилган ёки шаҳар ташқарисидаги қалъа – сарой бўлган, уни Термиз ҳукмдорлари ёзги қароргоҳ сифатида ишлатган, деб ҳисоблайди. Қалъа жойлашган ер ўтган асрда Шаҳри Сомон деб аталган. Баъзи тадқиқотчилар шунга асосланиб, бинони Сомонийлар сулоласи даврига олиб бориб боғлайди. Қалъанинг қурилиш санаси Сомонийлар билан боғлиқ талқинга тўғри келади, кўпчилик мақолаларда қалъа VI – IX асрлари, тўғрироғи, IX – XI асрларда, яъни сулола ҳукмронлик қилган даврда қурилгани айтилмоқда.
Бироқ бошқа аниқроқ талқинга кўра, “Қирқ қиз” дарвишлар ибодатхонаси – “хонақоҳ” бўлган ва у XIV – XV асрлар охирида қурилган. Ушбу талқинни ўзбек археологи Елизавета Некрасова илгари сурган эди. У ХХ асрнинг 80-йилларида археологик тадқиқотлар олиб борган ва қалъа олдинроқ қурилганига оид ҳеч қандай исбот топмаган эди. Некрасованинг фикрича, Чингизхон қўшинлари оммавий қирғинидан зўрға омон қолган кўҳна Термиз аҳолиси шаҳрини XIII асрнинг 2-ярмига келиб, бутунлай қайта тиклашга интилган. Лекин вақти зиқ бўлгани учун улар қалъа қурилиши пайтида қўл остида бўлган арзон ашёлардан фойдаланган. Шаҳри Сомон лой ва сомон қўшиб қўлда тайёрланган хом ғиштдан қад кўтарган. Амударё соҳилларида бундай хом ашё мўл эди. Ўша вақтда “Қирқ қиз” янги шаҳарнинг бир қисми бўлган, ҳозиргига ўхшаш шаҳар ташқарисида бўлмаган.
XIV асрнинг сўнгги 30 – 35 йилидан бошлаб, Сурхондарё ҳудуди Темурга бўйсунган. Термиз ҳукмдорларининг дунёнинг ярмини эгаллаган шимолдаги шафқатсиз қўшниси билан муносабатлари яхши бўлган; Темур ўзи ҳам пайғамбарнинг қизи Фотима ва набираси Ҳусайн ўргиган авлодлар – саидларга катта ҳурмат ва эҳтиром кўргизган. Ҳатто бугун ҳам Термизда муҳташам Султон Саодат – “Саидлар ҳукмронлиги” мақбаралар мажмуаси сақланиб қолган ва у ерда ҳукмрон оиланинг кўплаб аъзолари дафн этилган.
“Қирқ қиз” қалъаси
Мен у ерга олти йилча олдин борган эдим. Унинг нураб кетган харобалари ва моҳирлик билан терилган ғиштлари ҳали-ҳамон зиёратчиларни мафтун этади. Равоқлар оралаб юриш ва нафис чизиқларни томоша қилиш одам хаёлини асрлар қаъри ва тарих орзулари томон етаклаб кетади.
Суратларда: “Қирқ қиз” қалъаси.
Ушбу кўриниб турган квадрат бинонинг (54 х 54 м.) бурчакларида тўрт томонга қараган залворли миноралар бўлган. Гарчи улар қўл етмайдиган бўлиб туюлса-да, ҳимоя функциясини бажармаган: ички бинолар билан боғланмаган ва ковак бўлиб, туйнуги (тўплари) йўқ. Бино томонларидаги тўртта кириш жойи, ташқи деворларда тасодифий қурилган деразалар борлиги ҳам қалъа мудофаа иншооти бўлганини инкор қилади.
Суратда: “Қирқ қиз” қалъасининг олд кўринишларидан бири. Қайта қурилган. Очиқ манбадан олинган сурат.
“Қирқ қиз” қалъаси ўртасида ўлчами 11 х 11 метр бўлган тўғри бурчакли ҳовли бор, уни кириш хоналарига туташтирувчи узун коридорлар – долонлар (анфиладалар) бўлган. Ушбу анфиладалар бутун мажмуани тўртта мустақил бўлакка бўлади. Ҳовли очиқ ёки ёпиқ бўлгани тўғрисида турлича фикрлар бор. Елизавета Некрасованинг фикрича, у кейинчалик қулаб тушган катта гумбаз билан қопланган бўлган, ғиштларини эса яқин атрофда яшайдиган кишилар ўз эҳтиёжи учун ташиб кетган.
Суратда: Тўғри бурчакли квадрат ҳовли “Қирқ қиз” қалъасининг марказида жойлашган бўлиб, бир замонлар гумбаз билан қопланган.
Ҳовли чети бўйлаб бинонинг тўртта қисмида икки қаватли хоналар жойлашган бўлиб, долонлар билан қўшиб ҳисоблаганда, хоналар сони 52 тага етади. Шифтнинг баландлиги 7 метргача етган. Хоналардан бири махсус бир кишилик чиллахона бўлган ва у “chill” (“совиб олиш”), медитация ва ибодат қилиш, қирқ кун рўза тутишга мўлжалланган. Биринчи қаватдаги хоналардан бири ошхона бўлган, чунки у ердан тандир ва идишлар қолдиқлари топилган.
Бу ерда “Худони англашга интилаётган ҳар бир киши учун очиқ” муқаддас бино муҳити мавжуд. Унда дунёнинг тўрт томони: “Шимол – Шарқ – Жануб – Ғарб” концепцияси билан бирга тўртта унсур: “олов – сув – ер – ҳаво” концепциясини ҳам ифодаловчи рамзлар мавжуд. Ушбу андаза Зардуштийлик динининг оловга сиғиниладиган ибодатхоналарига хосдир, у “чортоқ”, яъни “тўртта равоқ” – муқаддас олов акс этган тўртта тиргак устунга таянган равоқли квадрат гумбазли павильондан иборат. Ернинг тўрт тарафига очиқ бўлган қалъа маънавий куч рамзи ва манбасидир.
Бундан ташқари, у Сомонийлар сулоласининг дастлабки мақбарасига ўхшаб кетади, ўша мақбара кичик ўлчамларига қарамай, айни тузилмага эга: кўриниши куб шаклида, томонларида тўртта кириш жойи, ярим сферасимон гумбаз ва томонларидан қўшилган кичик гумбазлар. Аммо “Қирқ қиз” бошқа обидалардан ажойиб ғишт қалови ва равоқ ва гумбазларнинг ҳайратланарли ранг-баранглиги билан фарқ қилади, унда ҳалигача шакл ва чизиқларнинг софлиги ва нафислиги сақланиб қолган. Турли: учбурчак, тухумсимон, бурама равоқлар, шунингдек, гумбазлар мавжуд. Ушбу ранг-баранглик сабаб хонақоҳ ўрта асрлар қурилиши ва техника амалиётининг ҳақиқий музейи ҳисобланади.
Суратда: “Қирқ қиз” қалъаси равоқлари.
Ниҳоят, энг қизиғи шундаки, ушбу инжа гўзаллик қуёшда қуритилган оддий хом ғиштдан тайёрланган, деворлари эса лойсувоқ қилинган. Пишиқ ғиштни фақат айрим ҳолларда равоқларда учратиш мумкин. Ёғочдан деворлар ва деразалар атрофини мустаҳкамлаш учун фойдаланилган. Ички безаклар сақланиб қолмаган.
Суратда: Ғиштлар моҳирона қалангани билан одамни лол қолдиради.
Қалъа меъморчилиги эстетикаси, Темурийларнинг нафис сирланган кошинларисиз ва равоқларининг безакланган кўланкаларисиз улкан яланғоч тупроқ деворлар сўфийлар аскетизми – зоҳидона ҳаёт тарзига хосдир. Бироқ у маҳаллий қурилиш ашёларидан барпо этилган соф маънодаги маҳаллий бинолигича қолиб келмоқда. Амударёнинг ўнг қирғоғидаги тўқай ўрмонлари билан қопланган заминда ғиштни пишириш учун ўтин етарли эмас, аммо қуёшда қуритилган ғишт тайёрлаш учун қамиш ҳар доим мўл-кўл бўлган.
Сўфийлар руҳи
Қалъанинг марказий зали дарвишлар ибодат қиладиган хонақоҳ бўлган кўринади. Бугун улар ўша пайтда қанақа бўлганини айтиш қийин. Марказий Осиёдаги сўфийлик анъанаси овоз чиқариб ва ичда айтиладиган зикрлари билан машҳур, эркаклар хонақоҳ гумбази остидаги нимқоронғи жойда маънавий озодликка эришиш амалини бажариш учун йиғилиб турган.
Қизиғи шундаки, асосий залга олиб борадиган долон деворлари қора рангга бўялган, бунинг учун тоза кулдан фойдаланилган ва бу сўфийлик амалиёти билан боғлиқ. Сўфийлик рамзларига кўра, қора ранг – сир ва донишмандлик ранги – руҳий жиҳатдан озод бўлишни англатган. Айрим тариқатларга мансуб сўфийлар маънавий сафар олдидан кўк кийим кийган, сирлардан воқиф бўлган сўфийлар эса қора кийим кийган ҳамда бу улар босиб ўтган йўлни ва мутлақ руҳга эришганини билдиради.
Суратда: Марказий зал сўфийлар ибодат қиладиган жой бўлган.
Замонамиз кишилари – маҳаллий аҳоли – “Қирқ қиз”нинг муқаддас маъноси борлигига ишонади ва шу сабабли тез-тез бу ерга ибодат қилгани умид билан келиб туради. Истаклар амалга ошиши учун шомонлар амалиётидан фойдаланилади, яъни харобалар ўрнида ўсаётган буталар шохига эски кийим бўлаклари боғланади; одамлар маҳаллий руҳлар ўзлари келтирган қурбонликни қабул қилишидан ва орзулари ушалишидан умидвор бўлади.
Суратларда: Сўфий зикр қиладиган жойдаги шомонлар амали
Термиз шаҳри сўфийлар тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган. IX асрда машҳур муҳаддис олим Ҳаким ат-Термизий айнан Термизда туғилган. Тарихчилар уни дунёдаги дарвишларнинг илк диний тариқатига асос солган, деб ҳисоблайди. Термизий зоҳидларча ҳаёт кечирган, шу сабабли маҳаллий аҳоли уни қаттиқ урмат қилган. У тарихда ўзининг камтарлик, нафс ва дард-изтиробларни назорат қилиш орқали комилликка интилишга даъват қилишга асосланган дунёқараши билан машҳур бўлди. Унинг дунёқараши қайсидир маънода 10 аср олдин (I – X асрлар оралиғида) Сурхондарё вилоятидаги асосий дин бўлган буддизм таълимотига ўхшаб кетади.
Шунинг учун биз қанчалик истамайлик, Сурхондарё вилоятидаги “Қирқ қиз” қалъаси 40 аёл жангчи эмас, маърифат жангчилари, яъни сўфийлар ҳақидаги ривоятлар билан боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, ушбу ажойиб меъморлик обидаси оддий зиёратчи тасаввурини жунбушга келтирувчи сир-синоат билан тўла.
Суратларда: Ҳаким ат-Термизий мақбараси ҳозирги кунга қадар юз минглаб кишилар учун зиёрат жойи бўлиб келмоқда.