Тбилисининг Эркин университети қошидаги араб давлатлари ва ислом дунёсини ўрганиш Маркази директори ва ушбу университетнинг собиқ ректори Гурам Чиковани UzAnalytics сайтига Ўзбекистон арабларининг тарихи ва тил тафовутлари ҳақида сўзлаб берди. Профессор Чиковани 80-йиллардан бошлаб Ўзбекистоннинг Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида лингвистик материалларни тўплаш ва уларнинг таҳлили билан шуғулланиб келади. У Ўрта Осиё араблари, уларнинг тарихи, маданияти, тили, фольклор ва этнографияси тўғрисида 4 та монография ва 50 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифидир.
Марказий Осиёда араблар қандай пайдо бўлган? Марказий Осиёнинг замонавий араб ҳамжамияти кимлар?
Арабларнинг Ўрта Осиёга кўчиши кўп асрлик тарихга эга. Бу арабларнинг катта истилолар даври билан боғлиқ ва VII-VIII асрларда бошланган, бу ҳақида тарихий далиллар етарли. Ўрта Осиёда арабларнинг шаклланиши йирик шаҳарларда бошланган, аммо кейинчалик у янада кенг миқёсда амалга оширилган. IX аср географи Ёқубийнинг ёзиб қолдиришича, Мовароуннаҳр таркибидаги Хуросонда асосан араблар истиқомат қилган. Кейинчалик шаҳар аҳолиси маҳаллий аҳоли билан аралашиб, аста-секин ўзларининг миллий хусусиятларини ва энг асосийси, ўз тилларини йўқота бошлаганлар. Жаҳизнинг маълумот беришича, IX асрлардаёқ араблар маҳаллий аҳоли билан қоришиб кетган ва улардан деярли фарқ қилмай қолган. Шаҳарларда яшамаган ва кўчманчилик билан турмуш кечирган араблар эса ўз тилларини ва бошқа миллий хусусиятларини сақлаб қолишга муваффақ бўлишган.
Арабларнинг катта миграция тўлқини Хуросоннинг Мерв ва Балх шаҳарларига ҳам етиб борди. Бу шаҳарлар Амударёнинг чап қирғоғида жойлашган ва арабларнинг босқинчилик юришлари давридан бери асосий истиқомат манзили бўлиб келган. Бу шаҳарларда арабларнинг жамланиши ва атрофида кўчманчи араб қабилаларининг пайдо бўлишига омил бўлди. XII асрда Шаҳристон шаҳри яқинида аҳолиси араб миллатига мансуб бўлган маскан маълум эди. Араблар, шунингдек, Афғонистоннинг марказий қисмида ҳам истиқомат қилиши қайд этилган. Бу ерда улар нафақат кўчманчиликда турмуш кечиришди, балки Маҳмуд Ғазнавий қўшинлари таркибида муваффақиятли жанглар олиб боришди. XVI аср бошларида Қобул ва унинг атрофида араблар истиқомат қилгани ҳам тасдиқланган. Бобур берган маълумотларга кўра, улар араб тилида сўзлашганлар. Бу, мутахассислар фикрича, Ўрта Осиё араблари тилида афғон тили элементлари мавжудлигининг изоҳидир. XV аср охирига келиб араб кўчманчилиги Хуросондан Ироқ ҳудудларигача тарқалди.
Тарихий манбаларда Ўрта Осиёнинг ҳозирги пайтда араблар истиқомат қилиб келаётган ҳудудларида улар XVI аср ўрталаридан мавжудлиги қайд этилган. XVII-XVIII асрлардаги Ўрта Осиёда араблар ҳақида ёзма маълумотлар бугунги кунда мавжуд эмас. Бухоро ва Ақчада ҳам араб тилида сўзлашувчи аҳолининг мавжудлиги XIX аср бошида Ўрта Осиёда араб жамоатчилиги жипслаша бошлаганидан далолат беради. В.Мейендорф XIX асрнинг 20-йилларида араблар Қарши ва Термиз туманларида ҳам истиқомат қилганини қайд этган. Мейендорфдан ташқари араблар ҳақида маълумотлар бошқа манбаларда ҳам учрайди. Улар XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиёда араблар кенг тарқалганини якдиллик билан таъкидлайдилар.
Табиийки, савол туғилади: ҳозирги Бухоро ва Қашқадарё араблари араб миграциясининг қайси тўлқинига тааллуқли? Ушбу масалани ўрганиш маълум тарихга эга. 1826 йилда В.Мейендорф ҳеч бир асоссиз ҳижрий биринчи асрда Бухоро арабларининг аждодлари бу ҳудудга кўчиб келишган, деган фикрни илгари сурган. Шунингдек, у ушбу даврда Қашқадарё ва Термиз туманларида ҳам араблар мавжуд, деб ёзган. Аммо В.Мейендорф Қарши араблари аждодларининг бу минтақага кўчиб ўтиши тахмин қилинган вақт ҳақида ҳеч нарса ёзмаган. В.Вамбери ҳам нима учундир ҳудди В.Мейендорф каби Бухоро арабларини Исломни тарқатувчиларнинг авлодлари деб ҳисоблайди.
Тадқиқотчи А.Гребенкиннинг маълумотлари диққатга сазовор. У Ўрта Осиё араб аҳолиси орасида ўз аждодларининг кўчиб келишига оид тарқалган иккита тахсинни келтиради. Улардан биринчисига кўра, Ўрта Осиё араблари ота-боболари ва араб истилочиларини исломни тарқатувчилар, деб ҳисоблашган, иккинчисига кўра, урф-одатларни сақлаб қолган араблар уларнинг аждодлари Темур томонидан Ўрта Осиёга асир сифатида кўчирилган, деб ишонадилар.
Ўрта Осиё араблари аждодларининг мазкур минтақага кўчиб ўтиш саналарига М.Андреев ҳам аниқлик киритишга уриниб кўрди, аммо у ҳам А.Гребенкин сингари асосан халқ орасида тарқалган оғзаки ривоят ва тахминларга таяниб иш кўрди. Унинг маълумотлари аслини олганда А.Гребенкин тўплаган маълумотлардан фарқ қилмаган, бу эса халқ анъаналари барқарорлигини исботлайди. М.Андреевда биргина хабар эътиборни тортади, яъни Каттақўрғон туманида истиқомат қилган араблар ўзларини Қарши туманидан кўчиб келган муҳожирлар деб ҳисоблашади. Ривоятга кўра, уларни 250 йил аввал Бухоро амири бу ерларга кўчириб юборган. Бу эса араблар Ўрта Осиёнинг Қашқадарё вилоятида давомий истиқомат қилаётганларидан далолат беради.
1930 йилда Бурикина ва Измаилова томонидан Ўрта Осиё арабларига бағишланган мақола нашр этилади. Унда минтақада арабларнинг пайдо бўлиши Темур давридан бошланган, деган хулосалар илгари сурилган.
1980 йил ноябрь ойида Ўрта Осиёга биринчи сафаримиз пайтида Қашқадарё вилояти Жейнов қишлоғида сақланиб қолган ақидалар эътиборимизни тортди. Унга кўра, VII-VIII асрларда Ўрта Осиёни забт этган араб аскарлари маҳаллий арабларнинг аждодлари бўлган. Жейнов қишлоғи олтита мавзега бўлинган: Харрук, Бавор, Авон, Андхой, Чуқуркўл ва Каттапай. Улардан фақат учтаси – Авон, Харрук ва Баворда аҳоли араб тилида сўзлашади. Харрук ва Бавор аҳолиси аждодларининг Қарши туманида пайдо бўлишини VII аср билан боғлайдилар. Авон аҳолисининг эса бу борада фикрлари икки ҳил: баъзилари Харрук ва Бавордаги қўшниларининг фикрига қўшилса, бошқалари ўз ота-боболарининг Қашқадарё ўлкасига кўчирилишини Темур номи билан боғлашади.
Ривоятларда Қашқадарё арабларининг аждодлари бу ҳудудга ҳижрий биринчи асрда кўчиб келганлари ҳақидаги факт қизиқарли, албатта. Темур билан боғлиқ кўплаб афсоналар ва уларнинг таъсирига қарамасдан, бу тахмин ушбу ривоятлар қаторидан ўз ўрнини эгаллади ва ҳозирга қадар етиб келди.
Табиийки, савол туғилади: биз юқоридаги оғзаки манбаларга таяниб, Жейнов қишлоғида истиқомат қилаётган араблар ҳижрий биринчи асрда кўчиб келишган, деб тахмин қилишга бирон асосимиз борми? Ўйлашимизча, бу масалани қисман тарихий материаллар, шунингдек Қашқадарё ва Бухоро диалектларини таҳлил қилиш орқали ҳал қилиш мумкин. Таъкидлаб ўтилганидек, Ўрта Осиёда илк араблар эрамизнинг VII-VIII асрларида пайдо бўлган. Бу ҳақда В.Бартольд, В.Мейендорф, А.Вамбери, IX аср араб олими Ёқубий ва бошқалар ёзишган.
Гарчи Ёқубий арабларнинг Қарши туманида жойлашишини қайд этмаган бўлсада, аммо арабларнинг Ўрта Осиёда ёйилиб истиқомат қилиши ва кўчманчиликда ҳаёт кечиргани араб қабилалари йирик шаҳарлардан узоқда ҳам бўлган дейишга асос бўлади.
Ал-Истаҳрий томонидан ҳам қимматли маълумотлар қолдирилган, унга кўра, бу ердаги Ведар ва бошқа аҳоли пунктлари Бакр ибн Вўил қабиласи халқига тегишли. С.Волин бу маълумотга шубҳа билан қарайди. В.Бартольд эса Х асрда Ведар ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳақиқатан ҳам араблар кўчиб келганини таъкидлайди.
Ал-Истаҳрий қолдирган маълумотда Қашқадарёнинг энг қадимги аҳоли пункти – Новканд-Қураиш ҳақида жуда муҳим фактлар мавжуд. Ушбу қишлоқнинг номи бу ерда яшаган одамларнинг келиб чиқиши араб миллатига мансуб эканини кўрсатади. Ўрта Осиёга хизмат сафаримиз чоғида биз Қарши туманида яшайдиган арабларнинг аксарияти ўзларини Қураиш қабиласининг авлодлари деб билишларини аниқладик. Бу Қашқадарё вилоятида арабларнинг пайдо бўлиши VII-VIII асрларга тақалишини, энг муҳими, айни пайтда бу ерда яшаётган араблар билан боғлиқлигини кўрсатади. Ўрта Осиё араб лаҳжаларининг таҳлили ҳам бизнинг нуқтаи назаримизни тасдиқлайди. Ушбу таҳлилга асосланган ҳолда, Ўрта Осиё араблари аждодларининг ушбу минтақага кўчишини хронологик жиҳатдан икки хил оқимда таҳмин қилиш мумкин: уларнинг биринчиси эрамизнинг VII-VIII асрларида Қашқадарё вилоятига, иккинчиси XIV асрда Бухоро ҳудудига. Демак, Бухоро араблари орасида тарқалган уларнинг аждодлари Темур томонидан асир олиниб, Ўрта Осиёга юборилган ва Ғиждувон минтақасида яшаб қолган деган таҳмин лингвистик маълумотлар билан мустаҳкамланади.
Арабларнинг маҳаллий миллатлар билан ассимиляцияси ҳақида гапириш мумкинми?
Арабларнинг маҳаллий халқлар билан ассимиляцияси масаласида айтишим мумкинки, араблар ўзларининг шахсий хусусиятларини сақлаб қола олишган. Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги қишлоқларда, хусусан, Жогари қишлоғида зич жойлашган кўплаб араблар ҳамон ўз она тилларида сўзлашади. Қарши шаҳри яқинидаги Жейнов қишлоғи аҳолиси ҳам араб тилини сақлаб қолган. Шуни қўшимча қилиш керакки, Бухоро ва Қашқадарё араблари араб тилининг турли лаҳжаларида гаплашишади. Бу араб тили тарихи ва умуман, семит тиллар тарихи учун ўзига ҳос жихат саналади. Мазкур ҳудудларда араб тили орқали мулоқотлар қайд этилган. Ўзбек ва тожик тиллари араб тилига таъсир кўрсатган. Тилшунослик нуқтаи назаридан ушбу ҳудуд юқорида қайд этилган тил ҳодисалари бўйича ноёбдир.
Ўзбекистон арабларининг тили, ҳаёти ва урф-одатлари етарлича ўрганиляптими?
Ўз она тилларини ўрганаётган арабларга келсак, бу борада маълум ютуқлар мавжуд. Масалан, Қарши Давлат университетида танланган фан сифатида адабий араб тили ўқитилади ва талабалар бу ерда араб тилини ўрганиш имкониятига эга. Араб аҳолисининг ўз она тилини ўрганиш кенг имкониятлар яратилган, биз Ўзбекистонда араб миллатига мансуб инсонлар учун барча шароитлар мавжудлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шуниси эътиборлики, улар тилдан ташқари, ўзларининг фольклор, урф-одат ва маросимларини сақлаб қолишган.
Ўзбекистондаги “АРАБ” миллий-маданий маркази директори муовини, “ANTIQUE WORLD” халқаро илмий Академиясининг профессори, журналист Шомурод Шарапов:
1991 йилда Жейнов қишлоғида “Араб” миллий-маданий маркази ташкил этилди. Марказнинг асл мақсади – миллий урф-одатларни тиклаш, араб тили ва ёзувини, халқ оғзаки ижодини, шунингдек тарихни ўрганиш, қадимий қўшиқ, терма ва рақсларни ижро этувчи этно-бадиий даста ташкил этиш, миллатлараро тинчликни барқарорлаштиришга хисса қўшишдан иборат.
Миллий маданий марказ томонидан “Ўзбектелефильм” студияси билан ҳамкорликда “Асрлар қўйнида”, “Жейновликлар”, “Ўзбекистон араблари” каби маҳаллий араблар тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Жейнов қишлоғи марказидаги Санъат саройида кўргазма ташкил этилган бўлиб, унда намойиш этиладиган экспонатлар юртимиздаги арабларнинг азалий анъаналари ва урф-одатлари, шунингдек диаспорага мансуб таниқли кишилар фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.
Айни кунларда “Ал-Арабия” фольклор бадиий гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Гуруҳ жамоаси “Ўзбекистон умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивалларининг бир неча бор ғолиби бўлган. Қарши туманидаги Кахлак ва Косон туманидаги Пўлати қишлоқларида мамлакатимизда яшовчи араб халқининг атоқли адиблари, фан ва маданият арбоблари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Марказ ташаббуси билан машҳур араби гиламлари тайёрлашга мослаштирилган якка тартибдаги тадбиркорлик ишлари ҳам кенг йўлга қўйилган.
Марказ фаолияти таниқли пахтакор, Ўзбекистон Қаҳрамони Муродулло Саидов (1935-2009 й) шахси билан боғлиқ. У Миришкор туманидаги собиқ “Жейнов” ширкат хўжалигига узоқ йиллар раҳбарлик қилган. Шунингдек, миллий-маданий марказни ташкил қилишда жонбозлик кўрсатган. Муродулло Саидовнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Тарих интитути, Қарши шаҳар Педагогика коллежи илмий-тадқиқотчилари бир неча йилдан буён ўзбекистонлик араблар тарихи ва маданияти бўйича илмий изланишлар олиб борадилар. Тарих фанлари номзодлиги ҳамда докторлиги диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар. Муродулла Саидов ёзувчи Поён Равшанов билан ҳамкорликда “Жейнов тарихи” монографиясини чоп этган.
Миллий маданий марказ жамоаси айни кунларда хорижий араб мамлакатлари билан дўстлик алоқаларига тайёргарлик кўрмоқда.
Суратлар Шомурод Шарапов томонидан тақдим этилди.