Ўзбекистон. Тиллақори масжиди қурилиши унинг яқинидаги Шердор (1619 – 1636) мадрасаси қурилиш тугаллангандан сўнг орадан 10 йил ўтиб, асли келиб чиқиши ўзбекларнинг олчин уруғидан бўлган Самарқанд ҳукмдори (1646 – 1660) Ялангтўш Баҳодир буйруғи билан бошланган эди.
Афғонистон. Ҳиротдаги Жума масжидини (Буюк масжид) Ғурийлар сулоласига мансуб ҳукмдор Ғиёсиддин ибн Сом зилзила ва ёнғин оқибатида вайрон бўлган иккита кичик зардуштийлар оташкадаси – оловли ибодатхонаси ўрнида бунёд қилдирди, олдин улар ўрнида Ғазнавийларнинг иккита масжиди қурилган эди. Асрлар давомида масжид вайронагарчиликлар ҳамда Темурийлар, Мафовийлар, ўзбеклар ва ҳк. ҳукмдорларнинг тиклаш ва янги қурилишларини бошидан кечирди. Хуросоннинг Шоҳруҳ (1405 – 1444) давридаги энг буюк амирларидан бири Жалолиддин Ферузшоҳ даврида атрофи боғ билан қопланган бино қурилишига энг йирик ҳисса қўшилди. Масжид қурилишига 1498 – 1500 йилларда шоир Алишер Навоий бошчилик қилди, аммо безакларни тайёрлаш учун беш йилдан ортиқ вақт кетди, чунки амир Темурийлар салтанатининг барча ҳудудларидан ишчиларни жалб этган эди. Жума масжиди ҳар доим Ҳиротдаги энг йирик масжид бўлган эмас; ундан анча йирик мажмуа – Гавҳаршодбегим масжиди ва мадрасасини Темурийлар қурдирган бўлиб, шаҳарнинг шимолий қисмида жойлашган эди. Аммо ушбу меъморчилик ёдгорликларини 1885 йилда Британиянинг ҳинд армияси зобитлари улардан Россия армияси истеҳком сифатида фойдаланиши олдини олиш учун портлатиб юборди.
Ҳиндистон. Ҳиндистондаги мусулмон санъати дурдонаси ва умумжаҳон меросининг тан олинган шоҳ асари бўлмиш Тожмаҳал Шоҳжаҳон I нинг марҳум умр йўлдоши, форс маликаси Мумтоз Маҳал учун – унинг туғилган пайтидаги исми Аржуманд бону бўлган – мақбара сифатида қурилган. Тожмаҳал мажмуаси 1653 йилга келиб, тўлиқ қуриб битказилган эди, унинг ўша вақтдаги қиймати тақрибан 32 миллион рупий (2015 йилги қиймат бўйича 827 миллион АҚШ доллари) бўлган, деб ҳисобланади. Лойиҳа қурилишида меъморлар кенгаши раҳбарлигида – кенгашга Дешенов-Ану, Макрамат Хон ва устод Аҳмад Лоҳурий кирган – 20 мингга яқин ҳунарманд ишлаган. Одатда Лоҳурий лойиҳа муаллифи ҳисобланади. Тожмаҳал гидлари орасида энг машҳур бошқа талқинга кўра, энг йирик меъморлардан бири туркий Исо Муҳаммад афанди бўлган. Тожмаҳал форс безак ва мўғуллар[1] дастлабки меъморчилигининг анъаналарини ўз ичига олади ва кенгайтиради. Меъморлар ажойиб тарзда қурилган Темурийлар ва мўғуллар бинолари, жумладан, Гўр Амир (Мўғуллар сулоласи асосчиси Темурнинг Самарқанддаги мақбараси), Ҳумоюн мақбараси, Итмад уд-Давла (баъзан бу мақбара кичик Тожмаҳал ҳам деб аталади) ва Шоҳжаҳоннинг Деҳлидаги мақбарасидан илҳомланган эди. Мўғулларнинг дастлабки бинолари, асосан, қизил қумтошдан қурилган бўлса, Шоҳжаҳон қурилишда ярим шаффоф оқ мармардан фойдаланишни ва унинг ичига ярим қимматбаҳо тошларни (феруза, ақиқ, малахит, карнеол ва ҳк.) ўйиб ўрнатишни буюрди. Мармарнинг кун ёруғлигида оқ, тонг отаётганда қирмизи ва ойлоқ кечада эса кумушрангда товланиш хусусияти бор. Мармар Ражастоннинг Макрана деган жойидан, яшма Панжобдан, нефрит ва кристаллар Хитойдан олиб келинган. Феруза Тибетдан, ложувард Афғонистондан, ёқут Шри-Ланка оролидан , карнеол эса Арабистондан ташиб келтирилган. Умуман олганда, оқ мармарга саккиз турдаги қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар ўйиб жойланган. Афсуски, сўнгги пайтларда ҳаво ифлосланиб кетаётгани сабабли мармар ўзининг афсонавий оқлигини йўқота бошлади.
Ҳиндистон. Қутб-Минор – Деҳли султонлиги ҳукмдорларининг бир неча авлоди ғиштдан тиклаган энг баланд минора. Баландлиги 72,6 метр бўлган ушбу минора Афғонистондаги Ғурийлар сулоласи Ғазнавийлар устидан қозонган ғалабаси шарафига тикланган Жомеъ масжиди минораси баландроқ қилиб қурилиши керак эди. Қутб-Минор ўрта асрлар ҳинд-ислом меъморчилиги ноёб ёдгорлиги бўлиб, умумжаҳон мероси сифатида ЮНЕСКО ҳимоясига олинган.
Минора қурилиши 1193 йили Қутбиддин Ойбек (келиб келиб чиқиши туркий бўлган, Деҳли салтанатининг биринчи султони ва Мамлуклар сулоласи асосчиси) ҳукмронлиги даврида бошланди, мажмуа унинг номи билан аталади. Унинг қурилишини вориси Шамсиддин Илтутмиш давом эттирди ва 1368 йили Ферузшоҳ Туғлақ даврида тугалланди. Миноранинг ташқи кўринишига қараб, меъморчилик услуби ўзгариб борганини кўриш мумкин.
Мажмуанинг Қутб-Минор ва Қувват ул-Ислом масжидидан бошқа иншоотларига Аълои дарвоза, Аълои минораси ва ноёб темирдан (метеорит темири) ясалган устун киради. Қувват ул-Ислом масжиди минорасидан азон айтиб, одамларни ибодат чорлашдан ташқари ислом динининг қудратини кўрсатиш учун ғалаба минораси сифатида ҳам фойдаланилган, шунингдек, у шаҳарни қўриқлаш учун атрофни кузатиб туриш минораси вазифасини ҳам ўтаган.
Бошқа тахминга кўра, Қутб-Минор мажмуаси Ҳиндистонга кўчиб келган ва Акбарнинг ҳурмату эҳтиромига сазовор бўлган бағдодлик авлиё хўжа Қутбиддин Бахтиёр Қоқий шарафига шу ном билан аталган. Тожмаҳал билан бир қаторда мажмуани ҳам миллионлаб сайёҳлар зиёрат қилади.
Ҳиндистон. Ҳумоюн мақбараси – Деҳлидаги мўғул подшоҳи Ҳумоюн дахмаси, беваси Ҳамидабону бегим буюртмаси билан қурилган. Меъморчилик нуқтаи назаридан Ҳумоюн мақбараси унинг бобокалони Амир Темур дафн этилган Гўр Амир мақбараси билан эвараси Шоҳжаҳон буюртмасига кўра қурилган Тожмаҳал ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўтаган.
Мақбара қурилиши 1562 йили бошланиб, орадан 8 йил ўтгач, тугалланган. Саид Муҳаммад билан отаси Мироқ Ғиёсиддин бино меъморлари бўлган ҳамда уларнинг тарҳига Темурийларнинг Самарқанддаги бинолари қаттиқ таъсир кўрсатган. Ҳумоюн мақбараси ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. У Мўғуллар меъморчилигида илгари фақат форс боғларига хос бўлган, аммо Ҳиндистонда бўлмаган чорбоғлар таъсирида сакраш юз берганини англатади. Мақбара мўғулларнинг кейинги меъморчилиги учун янги анъанани бошлаб берди ва бу Тожмаҳалда қиёмига етди. Бундай боғларда сарв (Cupressus sempervirens) дарахтлари ўстирилади. Мевали боғлар ҳаёт тимсоли ҳисобланади. Боғ кўплаб қушларни жалб қилади ва улар боғнинг хусусиятларидан биридир ( шунинг учун бундай боғлар “жаннат боғлари” деб аталади).
Чорбоғ ёки Чаҳор боғ (форсча :ارباغ, “тўрт боғ” маъносини англатади) форс боғининг тўрт томонлама тарҳи бўлиб, Қуръонда зикр этилган тўртта жаннат боғи ғоясига асосланади. Бино тўрт томонини қуршаб олган боғ йўлаклар ёки ариқ билан 4 та кичик қисмга ажратилади.
Парвардигори (ҳузурида) туришдан (сўралишдан) қўрққан киши учун икки жаннат (боғи) бордир (55-сура, 46-оят). У иккисидан бошқа яна икки боғ бордир (55-сура, 62-оят)
Жаннат боғи – кўҳна Эрон, хусусан, Аҳамонийлар давридаги боғнинг бир тури бўлиб, «pairi» («атроф») ва «daeza» ёки «diz» («девор», «ғишт» ёки «шакл») сўзларидан олинган бўлиб, дастлаб битта от сўз туркуми билан “бекитилган мажмуа ёки боғ” маъносини англатган. Унинг асосий хусусияти ишлов берилаётган ҳудудни ўраб олиш бўлган, у ерда ёввойи табиат қолмайди, кўкаламлаштирилади ва суғорилади, атрофи ёпиқ ва хавфсиз бўлади. Унинг яна бир кенг тарқалган хусусияти сувдан канал, ҳовуз ёки ариқ ёрдамида пухта ўйлаб фойдаланишдир. Ислом боғдорчилик анъаналари ва кейинги давр Европа анъаналарининг кўпчилиги жаннат боғи анъаналарига бориб тақалади. Унинг келиб чиқиш намуналари кўплаб ислом дунёси ва Европа халқлари тарихий боғларида мавжуд бўлган.
Афғонистон. Боғи Бобур (Бобур боғи) Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги тарихий боғ бўлиб, Буюк мўғуллар императори Бобурнинг абадий қўним топган жойи ҳамдир. Нақл қилинишича, Бобур Кобулда “Бобурнома”да батафсил тасвирланган боғ қуриш ҳақида буйруқ бергандан сўнг ушбу боғ 1528 йили (ҳижрий 935 йил) барпо қилинган экан. Боғи Бобур Афғонистоннинг зиёрат жойларидан биридир. У ерда дарахт ва бошқа экинлар пухта ўйлаб экилгани билан ажралиб туради, ўтмишда кўплаб ноёб ўсимликлар ўстирилган. Улар орасида у ерда илгари ҳеч қачон учрамаган мева, полиз экинларининг турли навлари ва бошқа экинлар бўлган.
Бобур ўзи дафн қилинишини сўраган боғни барча мўғул ҳукмдорлари муҳим қадамжо деб билган. Мўғуллар императори Шоҳжаҳон қабрларни қуршаган мармар лавҳга мана бу сўзларни 1638 йили ёздирган экан: “Фақат авлиёлар ибодати ва фаришталар аримаслиги учун қурилган ушбу жамил масжид, ушбу олижаноблик ибодатхонаси бузург фаришталарнинг ушбу қатнов йўли, ушбу жаннат саҳнаси, ушбу Аллоҳ мағфират қилган фариштамонанд ҳукмдор ва фотиҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг чароғон боғи сифатида муқаддас маъбадда туришга муносибдир, жаннат у мангу ором томган маскандир”.
Эрон. Нақши Жаҳон майдони Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги улкан майдон ва ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган иншоотлардин биридир. 1979 йилги Ислом инқилобига қадар Майдони Шоҳ (Шоҳ майдони) деб аталган. Шаҳар тарҳининг бош меъмори машҳур математик, астроном, файласуф ва шоир шайх Баҳовуддин ал-Амилий бўлган, у қурилиш режасини шоҳ Аббос тарҳининг иккита ўзига хос хусусиятига жамлаган. Бу муҳим давлат, дин ва таълим бинолари, жумладан, барча чет эллик юқори лавозимли кишиларнинг қароргоҳлари жойлашган Чаҳорбоғ («тўрт боғ») кўчаси ҳамда атрофида Исфаҳоннинг асосий меъморчилик дурдоналари қурилган Нақши Жаҳон майдони эди. Майдонга ўзига хос жиҳати шуки, шоҳ Аббос қураётиб, унда Эрондаги ҳокимиятнинг учта таркибий қисми: Шоҳ масжиди тимсоли бўлган маънавий ҳокимият, Салтанат бозори рамзи бўлган савдогарлар ҳокимияти ва албатта, майдоннинг ғарбий қисмидаги Али Қапу саройида яшайдиган шоҳ ҳокимиятини бир жойга тўплаган.
Майдон шоҳ одамлар билан учрашадиган жойдир. Салобатли меъморчилик обидалари билан қуршалган икки қаватли расталар эрмак ва бизнес куну тун ором билмайдиган ҳудуд, дунёнинг турли бурчакларидан келган кишилар ўртасидаги алмашув жойи бўлган. Исфаҳон Буюк ипак йўлидаги ҳаётий жиҳатдан муҳим тўхташ жойи бўлгани учун ғарбидаги Португалиядан тортиб, шарқдаги Ўрта подшоҳликкача бўлган барча маданияти ривожланган мамлакатлардан келтирилган товарлар уста ишбилармон савдогарлар қўлида бўлган, улар ўша товарларни қандай сотиб, катта фойда олиш сирини билган.
Эрон. Наиндаги жума масжиди. 960 йилда, яъни Х асрда Салжуқийлар ҳукмронлиги даврида қурилган масжиднинг баландлиги 28 метрлик минораси бор. Унинг ички безаклари ҳам Салжуқийлар даврининг ғиштдан фойдаланиш маҳоратини акс эттиради. Шунинг учун у XI асрга тааллуқли деб қаралади. Умуман олганда, масжид Сосонийлар санъати билан Хуросон услуби ўртасида ворислик мавжуд бўлганидан далолат беради.
Хуросоний услуби – тарихдаги Эрон меъморчилигини таснифлашда ишлатиладиган меъморчилик услуби (сабк). Бу мусулмонлар Эронни забт этганидан сўнг пайдо бўлган илк меъморчилик услубидир, аммо исломдан олдинги меъморчилик намуналарига ўта боғлиқ. Айни услуб намуналари VII аср охирида пайдо бўлган ва X аср охиригча бўлган даврни қамраб олади. Наин масжиди ушбу услуб намуналаридан биридир.
Эрон. Исфаҳондаги жума масжиди – ушбу шаҳардаги энг йирик жомеъ масжиди. Унинг қурилиши жуда узоқ давом этган: милодий 771 йилда пойдевори қўйилган, аммо ХХ аср охиригача таъмирланган ва қуриб битказилган. Масжиднинг шарқ тарафида Исфаҳондаги катта бозор жойлашган. Жума масжиди 2012 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Эрондаги энг кўҳна масжидлардан бири бўлган жума масжиди “розий” услубида қўрилган. Эроннинг анъанавий меъморчилик луғатида “розий”га мана бундай таъриф берилади: “XI асрдан бошлаб мўғуллар бостириб келган давргача бўлган меъморчилик услуби, унга Сомонийлар, Ғазнавийлар ва Салжуқийлар қурилишииннг услуб ва усуллари киради”.
Розий услуби Эрон меъморчилигидаги тўртинчи услубдир. У олдинги услубларнинг энг яхши ўзига хос хусусиятларини жамулжам этди. Розий услубида форс услубининг ҳашамдорлиги, паҳлавийча улуғворлик ва Хуросон услубининг нафислиги жамланди. У Эроннинг шимоли-шарқида вужудга келди, бироқ Рей шаҳрида кенг тарқалгани учун «розий» номини олди. Илк марта розий меъморий услуби Зиёрийлар сулоласи ҳукмронлиги вақтида пайдо бўлди, аммо Хоразмшоҳлар сулоласи даврига келиб, таназзулга юз тутди. Шу тариқа розий услуби Эронда 300 йилга яқин вақт мобайнида гуллаб-яшнади.
Мумтоз форс мозаикаси
Ўзбекистон, Бухоро, Масжиди Калон
Исфаҳондаги энг йирик шайх Лутфулло масжиди
Покистон. Жаҳонгир мақбараси – мўғуллар императори Жаҳонгирга атаб XVII асрда қурилган мақбара. 1637 йили қуриб битказилган мақбара Покистоннинг Панжоб штати Лаҳор шаҳрининг Шоҳдара-Боғ туманида, Рави дарёси бўйида жойлашган. Ёдгорлик фреска ва мармар билан безатилган интерьери – ички қисми билан машҳур. Қўшни Акбар саройи ва Асиф хон қабри билан ёнма-ён жойлашган гўр ансамблнинг бир қисми ҳисобланади. Ҳозирги пайтда ушбу ансамбль ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси мақомини олиш учун дастлабки рўйхатга киритилган. Қабр Мўғуллар империясини милодий 1605 – 1627 йилларда бошқарган император Жаҳонгирга атаб қурилган. Унинг ўғли, Буюк мўғуллар империясининг янги императори Шоҳжаҳон отаси шарафига «императорга мос мақбара» қуришга фармон берган эди. Мақбара мўғуллар услубида, Сафовийлар услубига хос форс меъморчилиги таъсирида қурилган бўлиб, ундан-да машҳур Тожмаҳалга ўхшашдир. Умумий ўлчамлари, платформаси, унинг тўрт бурчагидаги 4 та минора – ҳаммаси Тожмаҳалга ўхшаб кетади, фақат ҳашами ва баҳоси камроқ. Мақбарани ўраб турган боғлар, форсларга хос «Чаҳор боғ» услубида барпо қилинган. Боғ тош тўшалган йўлаклар (хиёбонлар) билан тўрт қисмга, иккита марказий ариқ билан эса тенг иккига бўлинган, улар ислом тушунчасидаги жаннатдан оқиб ўтувчи тўртта дарёни акс эттиради. Сўнгра ҳар бир квадрат йўлаклар билан ажратилган кичик квадратларга бўлинади, натижада жами 16 та квадрат ҳосил бўлади.
Покистон. Минори Ҳиран (урдуча: ہرن مینار ёки “Кийик минораси”) Покистоннинг Панжоб вилоятидаги Шайхупур туманида жойлашган ва Буюк мўғуллар даврининг XVII аср бошларига тегишли мажмуасидир. У Буюк мўғуллар императори Жаҳонгир яхши кўрадиган ва Масранж деб атаган кийиги шарафига қўриқхона ўрнида қурилган, Жаҳонгир шикорга чиққан пайт ундан йиртқич ҳайвонларни жалб этиш учун фойдаланган ва тирик мавжудот орасида фақат шу жониворгагина ишонган. Кийикнинг туёқларини ҳар сафар ерга урганида олтин сачраши ҳақидаги ривоят Жаҳонгир севимли кийигининг туёқларига қимматбаҳо тошлар ўрнатилган олтин тақа қоқишни буюргани ҳақидаги афсонага асосланади. Ушбу мажмуа мўғулларнинг одамлар, уй жониворлари ва овга муносабати ифодасидир.
Покистон. Шолимар боғларини Буюк мўғуллар императори Шоҳжаҳон Лаҳорда қурдирган ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Қурилиш 1641 йили бошланган ва орадан бир йил ўтиб битказилган. Қалъада мозаика ва тилла суви билан безатилган мармар саройлар ва масжидлар бор. Боғлар учта зинасимон кўкаламзордан иборат бўлиб, яна шаршаралари ва улкан манзарали ҳовузлари бор. «Шолимар» сўзининг келиб чиқишига (аниқроғи, «Шоламар») оид бир неча тахмин бор, лекин у ё араб, ёки форс тилидан келиб чиққан, арабча «шоҳ ал-иморат» сўз бирикмасининг («Иморатлар шоҳи») бузилган шакли бўлиши ҳам мумкин. Айни ўринда «иморат» сўзи тарихан боғ-парк меъморчилиги ва умуман боғларга тааллуқли бўлган.
Шолимар боғлари учта зинасимон майдонга бўлинган. Қизил майдон –терраса энг юқорида жойлашган ва шоҳнинг ҳарамига, кўк рангдаги жой эса шоҳнинг ўзига мўлжалланган. Яшил зона эса энг қуйи терраса бўлиб, баъзан оддий халқ кириши учун очиб турилган. Боғлар Мўғуллар империясининг бадиий ва эстетик қарашлари энг юксак нуқтага етган пайтларда барпо этилган ҳамда ҳозирги кунда Покистондаги энг машҳур сайёҳлик масканларидан биридир. Шолимар боғлари худди форс жаннат боғи сифатида бўлакларга бўлинган ва жаннат ҳақида ерда – бу дунёда тасаввур уйғотиш учун хизмат қилган. Унга кўра, одамлар табиатнинг барча унсурлари билан уйғун ҳолда яшайди. Мўғул боғларига XIV – XVI асрларда Марказий Осиё ва Эронда барпо этилган Темурийлар боғлари асос қилиб олинган. Жимжимадор ганч безаклар билан қопланган баланд ғиштин девор чорбоғ – ер утопияси микрокосмини ҳосил қилиш учун жойни ўраб туради.
Эрон. Ардашер саройи – тахминан мелодий 224 йили Сосонийлар подшоҳи Ардашернинг Қалъаи Духтар қалъаси ёнида қурилган қароргоҳларидан бири. Харобалари ҳозирги Форс вилоятидаги Ферузобод шаҳри чеккасида жойлашган.
У Сарвестон саройи билан бирга Сосонийлар меъморчилигининг сақланиб қолган ёдгорликларидан бири сифатида катта қизиқиш уйғотади. Харобалар 105 га 55 метр жойни эгаллайди. Қадим замонларда сарой олдида сунъий ҳовуз бўлган. 1997 йили Эрон ҳокимият идоралари ЮНЕСКОга Оташкадани Қалъаи Духтар билан бирга инсониятнинг Умумжаҳон мероси иншоотлари қаторига киритишни таклиф қилди. Ардашер паҳлавийларнинг сўнгги подшоҳи Ардаванни тахтидан ағдариб, Сосонийлар империясини ташкил қилгандан сўнг саройи бор кўҳна шаҳар “Пероз” (айнан “ғолиб”) деб ўзгартирилди. Араблар босиб олгандан сўнг Пероз номи Феруз бўлди. Замонавий Ферузобод шаҳри Эрон тарихида муҳим аҳамият касб этган. Бинонинг учта йирик гумбази бор, бу дунёдаги улкан гумбазлар қуришнинг энг кўҳна намуналаридир биридир.
Ким бизнинг куч- қудратимизга шубҳа қилса, келиб биз қурган биноларни кўрсин
Ўзбекистон. Моҳ ёки Мағоки Атторий маҳалла масжиди Бухорода XII – XVI асрларда қурилган. У Ўзбекистондаги энг кўҳна ва Марказий Осиёдаги энг кўҳна масжидлардан бири ҳисобланади. Масжид дастлаб Х асрда қурилган, унгача унинг ўрнида мажусийлар – оташпарастларнинг ибодат қиладиган биноси бўлган. Ер сатҳидан 4,5 метр пастда жойлашган, ўйма нақшлари эътиборни тортади. Масжид араблар истилосидан олдин бутлар, дориворлар ва зираворлар сотиладиган бозор ичида жойлашган эди, шунинг учун у баъзан “Атторлар масжиди” деб аталган.
Унинг яқинида Ой ибодатхонаси бўлган, шунинг учун иккинчи номи Моҳ (форсча ماه ) масжидидир. Масжид яна “мағоқ”, яъни “чуқурда” ҳам деб аталади, чунки ўша пайтдаёқ у тез ўсиб бораётган маданий қатламлар ортида қолиб кетган эди.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Твиттер каналидаги суратлар (– https://twitter.com/BiruniKhorasan/status/1178006037657468928 ) ва Wikipedia’даги маълумотларга асосланган
[1] Ҳиндистонда уч аср ҳукм сурган Темурийлар давлати Ғарбда Мўғуллар давлати деб аталади.