Мамлакат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра 2020 йил 1 июнгача Давлат ҳавфсизлик хизмати давлат архивларида сақланаётган ва 1917 йилгача бўлган архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш белгиланган.
Тарихчи ва архивчи олим Ренат Шигабдинов UzAnalytics сайтининг мухбирига берган интервьюсида мамлакатимиз архивларида қандай ҳужжатлар сақланаётгани ва уларнинг қанчалик қизиқарли ҳамда муҳимлиги ҳақида сўзлаб берди.
Шигабдинов Ренат Начметдинович – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтининг катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди. Архив соҳасида 40 йиллик тажрибага эга. Илмий изланиш мавзулари: ХIХ – XXI асрларда Ўрта Осиё халқларининг тарихи, манбашунослик ва тарихшунослик масалалари, Ўрта Осиё тарихида мустамлака ва шўролар давридаги диний сиёсат. Кўплаб илмий мақолалар ва монографиялар муаллифи.
– Нима сабабдан давлат архивларида сақланаётган 1917 йилгача бўлган тарихий давр архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш керак деган ҳулосага келинди?
– Агар кенг қамровда тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бу каби қарорлар собиқ Иттифоқ даврида ҳам қабул қилинган. Диний ишлар бўйича қўмита фонди ва айрим бошқа фондлардаги ҳужжатлардан махфийлик олиб ташланган. Бундай қарорлар, айниқса, 1985-1991 йиллардаги қайта қуриш даврида кўпроқ қабул қилинган. Иттифоқ пойтахти Москвадаги архивларнинг катта қисми, Ўзбекистондаги архивларнинг айрим бўлимлари очилди. Архивларда тадқиқотлар олиб бориш учун хорижлик, хусусан, АҚШ, Япония, Польша, Туркия, Германия ва бошқа мамлакатлардан, шунингдек, қўшни мамлакат Қозоғистондан мутахассислар кела бошлашди.
Бора-бора ҳужжатларни махфийликдан чиқариш жараёни сусайди, илгари очилган фондлар эса ёпила бошлади. Аксарият тадқиқотчилар ўтган асрнинг 90-йиллардан кейин бизнинг архивларимиз қисман ёпилганини таъкидлайдилар. Биздаги айрим маълумотларга кўра, бундай ҳолат Россияда ҳам кузатилган экан. Бизнинг мутахассисларимиз Москва, Санкт-Петербург ва бошқа марказий шаҳарлардаги архивларда ҳам тадқиқотлар олиб боришади. Ўша пайтларда ҳозиргидек илғор техникалар мавжуд эмас эди, шу боис, биз нусха кўчирган ҳужжатларнинг аксарияти жуда паст сифатда жамланган. Хира, четлари қорайиб кетган, қоғозлари титилиб кетган. Ушбу ҳужжатларни сифатини яхшилаш мақсадида архив нусхаларни олишга қайта бюртма бермоқчи бўлдик. Аммо бир мунча вақт илгари очиқ бўлган ҳужжатлар, бу пайтга келиб “махфий, ёпиқ” деган мақомни олибди. Уч, беш, ўн йил аввал ҳудди шу ҳужжатларни паст сифатда олганимизни ҳар қанча таъкидламайлик, фойдаси бўлмади.
1917 йилгача бўлган барча тарихий ҳужжатлар фақат Ўзбекистон Республикаси давлат Марказий архивида сақланади. Қорақалпоғистон, Бухоро, Самарқанд ва бошқа архивларимизда эса 1917 йилдан кейинги давр ҳужжатлари сақланади. Давлат раҳбарининг 2019 йил 20 сентябрдаги фармонига кўра Марказий архив Миллий архив мақомини олди.
Мен мутахассис сифатида махфий фондлар таркибини ўрганиб чиқдим. Биринчи навбатда, 90-йилларнинг ўрталарида ва ундан кейин Советлар даври ҳужжатлари махфийлаштирилди. Масалан, расмий очиқ саналган айрим ҳужжатларда “махфий” ёки “ўта махфий” деган тамғалар бўлган. Балки, 1920-1930 йиллар учун бу муҳим саналгандир, аммо улар аллақачон махфийликдан чиқарилган. Катта эҳтимол билан айрим амалдорлар, ҳужжатлардаги эски “махфий” ёки “ўта махфий” деган тамғаларни кўриб, лавозимларини суистеъмол қилишган кўринади. Агар бу ҳужжатларда миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш ҳавфи мавжуд бўлса, Афғонистон ёки Хитой билан чегара масаласида муаммоларига оид бўлса, тақиқланган сиёсий ташкилотлар фаолияти ёки қирғин қуролларига оид бўлса, 1920-йиллар нуқтаи назаридан тушунса бўлади.
Умуман зарарсиз, ҳавфлилик даражаси бўлмаган ҳужжатларга ҳам махфийлик даражаси қўлланилаверган. Вахоланки, 90-йилларда дунёнинг турли давлатларидан архив мутахассислари келиб тадқиқотлар олиб боришар эди. Ўша пайтлари биздаги аксарият архив ҳужжатларига “махфий” тамғаси қўйилди. Аммо соҳанинг тажрибали мутахассислари учун бизда тақиқланган ҳужжатлар билан Москва ёки Санкт-Петербургнинг архивларида бемалол танишиш мумкин бўлган. Шу сабабли узоқ хорижлик архив ходимлари Тошкентга эмас, Москва архивларида ишлагани келишни афзал билишди. АҚШлик машҳур профессор, Марказий Осиё бўйича йирик мутахассис, дунёда таниқли тарихчи олим Адиб Холид билан боғлиқ бир ҳолатни айтиб бермоқчиман. 90-йилларда у бир йил давомида архивдан чиқмай тадқиқотлар ўтказди. Қандайдир юмушлари билан қисқа муддатга юртига бориб келган олим, Тошкентга қайтиб келиб, ишини давом эттирмоқчи бўлганида, архив ҳужжатларининг аксариятига “махфий”лик тамғаси қўйилганига гувоҳ бўлди. Шундан сўнг у Москвага бориб тадқиқотларини чекловларсиз ўша ерда давом эттирди. Гап шундаки, ўша даврларда ҳужжатлар тайёрланиш жараёнида, ўша даврларда, ёзув машинкаларида, паст сифатдаги нусхаларда тайёрланар ва албатта Москва архивларига жўнатилар эди. Биз нафақат тажрибали хориж тадқиқотчиларини йўқотдик, шу билан бирга ўзаро алоқаларимизни ҳам бой бердик. Хорижий тадқиқотчилар билан биз соҳага оид турли мавзуларда суҳбатлашардик, баҳслашардик, норасмий ижодий майдончада бирлашар эдик. Афсуски, ушбу майдонча энди йўқ.
Биздаги амалдорлар ваколатларидан фойдаланиб барча ҳужжатларга тақиқ қўйдик, деб ўйлашади. Йўқ, ахир бу Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга оид архив ҳужжатларининг нусхалари Москва ёки Санкт-Петербург, Омск ёки Оренбург каби марказий шаҳарларнинг архивларида очиқ фойдаланиш имконияти билан сақланади.
– Нима учун мазкур фармонда 1917 йилгача бўлган ҳужжатларни махфийликдан чиқарилиши белгилаб қўйилди? Бу тадқиқотчиларга нима беради? Ушбу ҳужжатларнинг ҳажми қандай?
– Архивлар мантиқан олиб қараганда ёпиқ, уни очиш эса бир мунча расмиятчиликни талаб қилади. У ерда ишлаш учун рухсатнома, тадқиқ қилинаётган мавзунинг долзарблиги, тадқиқотлар учун зарурат мавжудлиги ҳақида маълумотномалар, ҳужжатлар, расмий хатлар тақдим қилиниши лозим. Шундай бўлиши ҳам керак, албатта. Бошқа томондан, тадқиқотчи архивда ишлаш жараёнида ўтмишнинг ўзига хос манзарасини чизади. Тадқиқотлар ва хулосалар ходимнинг шахсан ўзи учунгина эмас, сиёсат учун, мамлакат ўтмишига бефарқ бўлмаган кенг омма учун ҳам қизиқарлидир. Совет иттифоқи даврининг сўнгги йилларида шундай архивлар махфийликдан чиқарилдики, биз уларнинг мавжудлиги ҳақида хатто эшитмаган ҳам эдик, уларнинг номлари ҳаттоки катологларга ҳам киритилмаган, ёки фонднинг ўзи ёпиқ. Масалан, барча учун бирдек қизиқарли бўлган куч ишлатар тизимларнинг фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар архивини сақлайдиган фондлар: жандармерия, полиция бошқармалари. Туркистон район қўриқлаш бўлими деган ташкилот ҳам фаолият олиб борган. Бу ташкилот СССРнинг КГБси, замонавий ДҲХ каби ташкилотларнинг функцияларини бажарган. Мазкур ташкилот ҳамма нарсани, ҳар кимни назорат қилган ва кузатган: фуқароларнинг кайфияти, партиялар ва турли ташкилотларнинг фаолияти ва ҳоказолар. Ички разведка ва жосуслик каби масалалар ҳам уларнинг ваколатида бўлган. Уларнинг кузатуви остида бўлган фуқаролар ҳақида тўлиқ маълумотлар жамланган. Кузатув остидаги кишининг исм-шарифи, унинг одатлари, алоқалари, характери, машғулотлари, қариндошлари, борадиган жойлари, фотосуратлари ва шу каби маълумотлар тўрланган. Ушбу фонддаги деярли барча фотосуратлар махфий сақлаш бўлинмаларига ёки ўша пайтдаги НКВД, ОГПУ ва КГБ каби идораларга топшириб юборилган. Мазкур фондлар 1917 йил инқилобигача бўлган давр ҳақида аниқ тасаввур олишга ёрдам бериши мумкин.
Миллат етакчилари, яъни жадидлар илғор фикрли, маърифатпарвар бўлганлари учун чоризм қўриқчилари, яъни Туркистон район қўриқлаш бўлимининг ходимлари уларни доим таъқиб қилганлар. Ушбу ҳужжатлар ёруғликка чиқиш онларини кутиб ётибди. Масалан, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг етакчилари ҳисобланган Мунавварқори, Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудийлар фаолияти ҳамма учун қизиқарли ва муҳим бўлса керак, деб ўйлайман. Аммо уларни видеокамералар, роботлар эмас, балки оддий жосус-изқуварлар таъқиб қилган. Биз у кишиларни фақат тахаллуси (лақаби) орқали биламиз. Улар ҳужжатларда тахаллус билан қайд этилган. Биз учун муҳими, ушбу тахаллуслар ортида ким яширинганини, у қандай қарашларга эга бўлганини, одатлари, қизиқишларини билиш. Негаки улар миллат етакчиларини таъқиб қилган, уларнинг устидан ҳисоботлар ёзган, уларнинг фаолиятини таҳлил қилган ва баҳо берган. Демак, унинг ўзи қандай инсон бўлган, деган саволга жавоб топиш қизиқарли ва муҳим. Бу жосуслардан ўч ёки қасос олиш учун эмас, унинг ёзганлари нечоғлик объектив ёки субъектив эканига баҳо бериш учун ҳам зарур.
– Тарихнинг яна қандай биз билмаган қизиқарли фактлари ҳақида ушбу архивлар орқали билиб олиш мумкин? Сизнингча махфийликдан чиқарилган тарихнинг қайси даври муҳим саналади?
– Энг қизиқарли тарихий давр, менимча, бу 1865-1917 йиллар оралиғидир. Бу Чор Россиясининг Туркистонни, жумладан Хива ва Қўқон хонлиги, Бухор амирлигини эгаллаб олган пайтига тўғри келади. Ўзбекистон миллий архивидаги ҳужжатларнинг аксарияти ҳам ана шу даврда тўпланган. Мазкур ҳужжатлар нафақат Туркистон, балки бошқа мамлакатларга ҳам тааллуқли. Россия империяси ва Туркистон пойтахтида фақат ички эмас, ташқи разведка билан ҳам шуғулланишган. Бу Афғонистон, Эрон ва Ғарбий Хитой (Синьцзян) давлатларига тааллуқлидир. Ушбу анъана, яъни маълум давлатларни кузатиш, ўрганиш аста-секинлик билан Советлар даврига ҳам ўтган. Биламизки, Совет разведкаси дунёдаги энг кучли разведкалардан бири ҳисобланган.
Буюк князь Николай Константинович Романов ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш жараёнида ҳам қизиқарли фактларга дуч келишимиз мумкин. Маълумки, Тошкент шаҳрининг марказида унинг саройи сақлаб қолинган. Бу ҳақда китоблар ва юзлаб мақолалар ёзилган. Ҳужжатларни ўрганиб ва тарихий фактларни тиклаган ҳолда бу ҳақда яхши бир бадиий асар ёки бадиий фильм яратиш мумкин, деган хулосага келдим. Бу тўқима бўлмаган, фақат тарихий фактларга асосланган асар бўлади. Масалан, Жаник Файзиевнинг “Турк гамбити” фильмида тўқима воқелар кўп. Мен айтмоқчи бўлган асар ва унинг асосида яратилган фильм хаттоки Голливуд учун ҳам қизиқарли бўлиши мумкин.
Масалан, князь Николай Романов рус, қозоқ, туркман миллати вакилларидан иборат байналминал экспедиция ташкил қилган. Уларга пул ва озиқ-овқат бериб, Бухоро амирлигига хизмат сафарига жўнатади. Сафар мақсади сифатида отлар бозорини ўрганиш, учқур тулпор отларни топиб, Романовга олиб бориш каби вазифалар белгиланади. Бу хизмат сафарининг расмий мақсади эди. Экспедиция аъзолари Туркистон генерал-губернаторлигининг чегарасидан кесиб ўтади. Бухоро бекларидан бири хорижий кишилар ҳар нарсага қизиқиб, сўраб-суриштириб юришганига аҳамият бериб қолади ва экспедиция аъзоларини зиндонга ташлайди. Ажабланарли томони шундаки, Россия ҳукумати, Туркистон генерал-губернаторлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа жаъми олтита идора асирларни озод қилиш учун ҳаракатга тушиб қолишади.
Мен Николай Константинович Романов ҳаёти ва фаолияти устида тадқиқот олиб бораётган бир нечта ходимлар билан гаплашиб, бир тахминда тўхтадим. Катта эҳтимол билан Романов сургундан чиқиб кетиш йўлларини излаган. У Бухоро орқали Хитой ва Ҳиндистонга, у ердан Англияга қочиб кетиш режасини тузган. Экспедициянинг тутқун аъзоларини озод қилиш йўлидаги ёзишмалар, музокаралар, таъқиб, дўқ-пўписалар, дипломатия жараёнларининг барчаси ҳужжатларда акс этган. Аммо асл сабаблари ҳалигача ошкор қилинмаган. Умрининг аксарият қисми Тошкентда ўтган буюк князь Романовнинг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганган олимлар Гога Аброрович Ҳидоятов ва Ойдин Гударзи фикрича, ушбу тахмин ҳақиқатга яқинроқ. Архив ҳужжатлари бу тахминни тасдиқлаши ҳам, тасдиқламаслиги ҳам мумкин. Агар тасдиқланса, бу яхши бадиий асар учун тайёр сценарий бўларди.
– Туркистон ўша даврда ҳам кўп миллатли давлат бўлган. Архивлардаги миллий муносабатлар билан боғлиқ маълумотлар ҳам махфийликдан чиқарилиши назарда тутилганми?
– Ўйлашимча, ҳар бир қонун ортида қонуности ҳужжатлари бўлади. Аминманки, барча ҳужжатлар ҳам бирдек ошкор этилмайди. Негаки, кескин вазиятлар, алоҳида қабилалар ўртасида қирғинбаротлар кўп бўлган. Ўзаро низолар ва ҳудулар учун курашлар бўлган. Бундай холатлар билан боғлиқ ҳужжатлар, менимча, махфийликдан чиқарилмайди. Негаки, қўшничилик, миллатчилик масалаларини қайта кўтариш бир мунча хатарли ҳисобланади.
– Ҳужжатларни махфийликдан чиқариш нимани англатади? Ҳар қандай журналист ёки фуқаро бирор зарур маълумот олиш учун архив ҳужжатларидан эркин фойдалана оладими?
– Ўзбекистон фуқаролари учун ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Архивларда доим тадқиқотчилар билан бир қаторда оддий қизиқувчиларни, журналистларни ва талабаларни кўраман. Фуқаролар архив идораларига кўпинча ўз шажараларини тузиш, аждодлари ким бўлганини аниқлаш, яшаш маҳаллалари, қишлоқ ва овуллари тарихини ўрганиш мақсадида мурожаат қиладилар. Архивдан фойдаланиш учун мурожаат қилинса кифоя. Нусха кўчириш ва сканер қилиш имкониятлари мавжуд. Аммо нусха кўчириш, сканер қилиш учун ҳам буюртма қилинади ва унга виза қўйиб, рухсат берилади. Буюртма учун тўлов амалга оширилади ва фойдаланувчига чек тақдим этилади. Лекин фойдаланувчилар текширувдан ўтказилади. Чунки, турли йўллар билан нусхаларни ноқонуний кўчиришга уриниш холлари ҳам кузатилган. Бироқ бу жараёнлар содда ва кўп вақтни талаб қилмайди.
– Бу йил архив ишининг 100 йиллиги экан. Архив дастлаб қаерда, қандай ташкил бўлган?
– Архив ҳужжатларини жамлаш ишлари 1917 йилларгача ҳам мавжуд эди. Масалан, Бухоро амирининг Қушбеги архиви, Қўқон хонлари архиви ва Хива хонлари архиви кабилар. Инқилобдан сўнг, барча тизимлар қайта тузилган ва расмий жиҳатдан 1919 йил – архив ишининг бошланиши сифатида қайд этилади.
Энг қадимий архив ҳужжатлари 16 асрларга тўғри келади. Асосан 17-18 асрларга оид ҳужжатлар сақланиб қолган. Булар қўлёзмалар, уламоларнинг фатволари, ривоятлар, ер ажратиш, солиқ ва мерос масалаларига оид ҳужжатлардир. Улар араб, форс тилларида. Ҳужжатлар кўп, кадрлар танқис. Бу замонавий Ўзбекистон тарих фанининг энг катта муаммоларидан биридир.
– Архив манбаларини махфийликдан чиқариш тадқиқотчилар ва фуқаролар учун қандай аҳамиятга эга?
– Авваламбор, соҳа мутахассислари учун ҳам, оилавий ёки торроқ доирада маълумот излаётганлар учун ҳам кўпроқ маълумотлар топиш имкони юзага келади. Ўзбекистон ҳам дунё аренасида ўзини илмий салоҳияти, архивлари бой давлат сифатида кўпроқ намоён қилиши мумкин. Бу ижобий баҳоланадиган қадам. Келгусида бундай ишларни давом эттириб, Ўзбекистонда ҳеч бўлмаса Иккинчи жаҳон урушигача бўлган даврга оид хужжатларни ҳам махфийликдан чиқариш лозим, деб ўйлайман. Қолаверса, бу хорижий тадқиқотчиларни ҳам жалб қилади. Хитой, Эрон, Афғонистон, Марказий Осиё давлатларининг тарихига оид ҳужжатлар бизнинг архивларимизда жуда кўп.
Сурат манбаси: angvremya.ru