Сурат манбаси: flickr.com
Буюк ипак йўли тарихчиси Сюзен Уитфилд ўқувчини Марказий Осиё дунё ва тарих маркази бўлган даврга қисқача саёҳат қилдиради. У минтақани турли-туман оламшумул воқеалар рўй берган жой деб атайди ва Марказий Осиё тарихи тўлқинлари узоқ Европадаги жараёнларни юзага келтирган, деб ҳисоблайди, палов билан паэльянинг келиб чиқиши бир эканини айтади.
Сюзен Уитфилд – Британия кутубхонасидаги Дунхуан халқаро лойиҳаси асосчиси ва директори. У бир неча китоблар муаллифи, улардан сўнггиси “Silk, Slaves and Stupas – Material Culture of the Silk Road” (“Ипак, қуллар ва ступалар – Ипак йўлининг моддий маданияти”) деб номланади.
UzAnalytics сайти Whitfield, Susan. 2005. From Plov to Paella. мақоласининг қисқартирилган таржимасини эътиборингизга ҳавола қилади.
Агар пухта тадқиқ қиладиган бўлсак, Марказий Осиё дунёмизни, шунингдек, ўтмишни анча-мунча бойитиши мумкин бўлган тарихий артефактлар (инсон қўли билан ясалган санъат буюмлари) билан тўла хазина эканини кўрамиз. Кўчманчи дашт – дала халқлари билан чўллардаги воҳалар ва текисликлар подшоҳликлари ва империяларининг ўзаро ҳаракатлашув синергияси цивилизация – тамаддун учун бир қанча йирик кашфиётларни юзага келтирди. Ушбу минтақа 1000 йил давомида глобал иқтисодиёт маркази ҳамда барча асосий дунё динларига эътиқод қилувчилар учрайдиган макон бўлиб ва кўплаб муҳим технологияларга эгалик қилиб келди. Ўн йил олдин Андре Гундер Франк Марказий Осиёни дунё ва унинг тарихининг энг муҳим ва эътибордан четда қолаётган қисми деб атаган эди. Минтақага сиёсий қизиқишнинг ҳозирча терроризм ва нефть билан боғлиқ тарзда қайта уйғониши бундай беписандликни тузатиши мумкин.
Европа бир ярим аср олдин ушбу минтақага фақат сиёсий қизиқиш билдирган – Россия империяси билан Британия Ҳиндистони Марказий Осиёни назоратга олиш учун курашаётган эди. Бироқ ўша вақтга келиб, минтақа ривожланишининг энг юқори нуқтасини босиб ўтган, агентлар ва элчилар Ғарбга маҳаллий бойлик изловчилардан сотиб олган ва бепоён саҳролардаги йўқ бўлиб кетган шаҳарлар тарихидан ҳикоя қилувчи кўҳна қўлёзмалар жўната бошлагач, минтақага бўлган илмий қизиқиш орта борди. Тадқиқотчилар ва археологлар сиёсатчилардан ҳам фаолроқ ва қатъиятлироқ бўлиб чиқди. Минтақага ҳаммадан олдин келган сайёҳлардан бири Свен Гедин Такламакон чўлидаги қумлар остига яширинган харобалар мавжудлигини тасдиқлади, инглиз, немис, рус, япон ва бошқа халқлар экспедициялари эса бой, аммо дунёга ўша вақтгача маълум бўлмаган тарихдан шаҳодат берувчи ўн минглаб қўлёзма, артефакт ва картиналарни топди.
Пировардида руслар “Катта ўйин”да устун келди. Британия империяси таназзулга юз тутгандан сўнг Совет ҳокимияти Марказий Осиё амирликларини назорати остига олди, уларнинг кўпчилиги XIX аср ярмидан бошлаб Чор Россияси таъсирига тушиб қолган эди, 1924 ва 1936 йиллар оралиғида бешта Марказий Осиё республикаси ташкил топди. 40-йилларда Сталиннинг греклар, казаклар, корейслар ва бошқа этносларни сургун қилиши минтақанинг этник манзарасини янада ранг-баранг қилди. Ажабланарлиси шундаки, сургун қилинган халқлар орасида Грузияда яшаб келган месхет турклари ҳам бор эди, улар, этник мансубликка (“туркийлашган грузинлар” эмас) оид даъвосига ишонадиган бўлсак, ўз аждодлари юртига қувғин қилинган эди.
3000 йилдан ошиқ тарихга эга бўлган турли-туман халқларни тавсифлаш учун “туркий” атамасидан фойдаланиш муаммолидир, бироқ бу ҳақда етарли билимга эга бўлмаганимиз учун айрим ҳолларда қарашларимизни соддалаштиришимизга тўғри келади. Бутун эрта тарих давомида (баҳсли бўлишига қарамай) турли халқлар: милоддан олдинги биринчи мингйилликда Хитойнинг шимоли-ғарбий чегараларида яшаган кўчманчи хуннуларнинг дашт конфедерациясидан тортиб, V ва VI асрларда Эрон билан Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган эфталитлар ёки V асрда Европани вайрон қилган хуннларгача туркий деб аталди.
ХХ асрда совет археологлари ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бир замонлар улкан шаҳар-давлатлар бўлган, айни пайтда эса йўқ бўлиб кетган тамаддун харобаларини аниқлади. Кўҳна Самарқанд ҳисобланмиш Афросиёбда милоддан олдинги 329 йилда Искандар Мақдуний жанжаллашиб қолиб, дўсти Клит Қорани ўлдирган қўрғон топилди. Греклар ушбу шаҳарни форсий Ахоманийлар империясининг олд маррадаги истеҳкоми деб билган, биринчи минг йилликнинг дастлабки асрлари бошига келиб, бу ерда Ипак йўлининг буюк савдогарлари суғдлар яшаган. Яна бир топилма VII асрга тегишли муҳташам зал – саломхона бўлди, у ерда суғдлар юртига савдо миссияларини юборган подшоҳликлар ва империяларнинг элчилари қабул қилинган. Саломхона икки метрлик деворларининг бир томонига суғдлар подшоҳи оиласи, иккинчи томонига эса Хитой ҳумдорлари суратлари ишланган. Ушбу сюжетлардан суғдлар ўша даврда ўзини ким деб ҳисоблаганини тушуниб олиш мумкин. Асосий деворда эроний суғд подшоҳи ва инъомлар билан келган туркийлар ва хитойликлар тасвирланган, хитойликларни узун соч турмагидан ҳам билиб олса бўлади. Ўша пайтларда суғдлар оташпараст зардуштийлар бўлган, аммо у ерда буддавий ва христиан жамоалари яшаганини тасдиқловчи далиллар ҳам бор. Яна ниқоб тақиб олган руҳонийлар ҳам тасвирланган, улар муқаддас оловни булғашга йўл қўймаган.
Ушбу топилмалардан кўряпмизки, суғдлар, эроний деҳқонлар ва тадбиркорлар, асосан, шимолдаги кўчманчи туркий қўшнилари, шунингдек, жануб ва шарқдаги хитойлик ва ҳинд истеъмолчилари билан симбиотик муносабатлар юритган. Бироқ қўлёзмалар топилгунга қадар уларнинг таъсир даражаси ҳақида жуда кам нарсаларни билар эдик. 1907 йили Такламакон чўлидаги харобалар орасидан почта – ёмхона қопи топилди. Саҳронинг қуруқ ҳавосида жўнатма хатлар сақланиб қолган экан. Милодий 314 йилги хатларни (сана ишончли, чунки унда Хитой манбаларида қайта-қайта тилга олинган воқеа эслаб ўтилади) Ипак йўлидан қатнаётган суғд жамоалари аъзолари ёзган бўлиб, уларнинг олувчиси Самарқанддаги ҳамкасблари ва қариндошлари бўлган.
Ўша хатлардан бирида бир неча йил аввал ушбу узоқ чет эл шаҳрига эри билан кўчиб келган суғд аёли Миуней тақдиридан ҳикоя қилади. Эри қулоғигача қарзга ботгач, у билан қизини тақдир ҳукмига ташлаб, кетиб қолади. Аёл хатида оғир аҳволга тушиб қолганини ҳикоя қилар экан, ундан қайтишини сўрайди, забун аҳволи сабаб бир хитойлик оиласига ишга жойлашишга мажбур бўлганини, маҳаллий суғдлар жамоаси унга ёрдам беришдан бош тортганини ёзади. Эрига мурожаати сўнггида онаси ўша кишига турмушга чиқишга қарши бўлганини ҳамда куёвига “сендан кўра ит ёки чўчқанинг хотини бўлиш” яхшироқ эканини айтиб, ўзини жазолаганини аламу изтироб билан эслайди.
Хат ҳинд-европа тилларига мансуб ва форс тилига яқин суғд тилида ёзилган, унда Оромий ёзуви вариантидан фойдаланилган. Ушбу шрифт дастлаб алоҳида сомий гуруҳига кирувчи тиллардаги белгиларни ўқиш учун ишлаб чиқилган, шунинг учун суғд тилига жуда мос келган. Туркий халқлар ўз тилини транскрипция қилиш учун ёзув керак бўлиб қолганда суғд ёзувига мурожаат қилган. Айни ёзув ўша пайтга келиб, бир оз мослаштирилган, шу сабабли у фойдаланиш учун янада ноқулай бўлиб қолган эди, чунки туркий тил тилларнинг учинчи – Олтой гуруҳига мансубдир. Оқибатда ушбу ёзувдан иккита янги вариант – руник туркий ва уйғур ёзувларини яратишда фойдаланилди. XIII асрда уйғур ёзувини мўғуллар, XVII асрда эса манчжурлар ишлатди. Бу пайтга келиб, Марказий Осиёнинг кўплаб туркийлари араб алифбосидан фойдаланаётган эди. Улар суғд қўшниларидан ўзларининг қадимий шомонлик дини ўрнига янги динни ҳам – гарчи бу жараён узоқ давом этган бўлса-да – ўзлаштириб олди.
Илк минг йиллик Ипак йўли бўйидаги динларнинг буюк ранг-баранглиги даври бўлди. Суғдлар дунёдаги барча асосий динларнинг тарқатувчиси бўлиб хизмат қилди, айрим зардуштий суғдларни эса монийлик дини миссионерлари ўз динига ўтказиб олди, вақти келиб эса ўша суғдлар VIII аср ўртасида Хитой пойтахтида учратган туркий ҳукмдорларини ўз динини қабул қилишга кўндирди. Туркийлар бу вақтга келиб, ҳозирги Монголия ҳудудида кучли девор билан қуршалган шаҳар барпо қилган ва ўша ердан туриб улкан империясини бошқара бошлаган эди. Шу тариқа ўзини ташқи ҳужумлардан иҳота қилиб олиб, улар узоқ чўзилиб кетган фуқаролар урушида исёнчи генерал билан жанг қилаётган хитойликларга ҳарбий ёрдам таклиф этаётган, яна Хитой пойтахтини фаол тарзда эгаллаб олаётган эди. Тақдир ҳазилини қарангки, генералнинг келиб чиқиши туркий ва суғд ҳалқларига бориб тақалган ва у ушбу лавозимга Хитойнинг маҳаллий ҳудудларни бошқариш учун чет эллик генералларни жалб этиш стратегиясига кўра тайинланган эди. Хитойликлар тахминича, чет эллик раҳбарларнинг сиёсий интилишлари бўлмаслиги керак эди. Генерал Ан-Лушан – ёки Рухшон – бунинг Хитойга қимматга тушган хато эканини исботлаб берди. Ўшанда ўн йиллик уруш домига тушиб қолган Хитой қўшинларини Марказий Осиёдан олиб чиқишга мажбур бўлган эди.
Туркий аскарлар хитойликларга ёрдамга келди. Ваҳолонки, бир неча йил олдин – милодий 751 йили Хитой қўшинларининг Суғдиёна шимолида жойлашган Талас дарёси бўйида Араб халифалиги қўшинлари билан бўлган жангида айнан туркий аскарлар кучлар нисбатини араблар фойдасига ўзгартириб юборган эди. Ушбу жанг – Марказий Осиё тарихидаги бошқа кўплаб воқеалар сингари – Хитойнинг бошқа мамлакатлар ҳудудларига бўлган даъвосини чеклабгина қолмасдан, улкан оқибатларга ҳам олиб келди. Айнан хитойлик уста қоғозпазларнинг асир олиниши кўпчилик ҳолларда ушбу муҳим технологиянинг Араб халифалиги, кейинчалик Европада тарқалишига сабаб бўлгани айтилади. Дарҳақиқат, кўп асрлар давомида Европа тарихчилари қоғозни араблар ихтиро қилган деб ҳисоблаб келди.
Эҳтимол, натижа барча йўналишларда кўзга ташланаётган пайтда унга сувга ташланган тош каби туртки берган Марказий Осиёдаги воқеалар ҳақида ўйлаган фойдалироқдир.
Туркийларнинг Ипак йўлидан топилган монийча қўлёзмалари қоғозга ёзилгани бунга Хитойнинг таъсири бўлганини кўрсатади, бироқ уларнинг шакли узоқ Ғарб таъсирини ҳам акс эттиради. Аммо туркийларни – ҳарбий қудрати нечоғли буюк бўлмасин – бекаму кўст деб бўлмас эди. Ҳатто улкан шаҳри, давлат дини ва ёзуви бўла туриб ҳам, шимолдаги қирғиз қўшниларининг IX асрдаги ҳужумларига қарши тура олмади ва ўз империясидан жануб томон – Такламакондаги Ипак йўли подшоҳликларига қувиб чиқарилди. Кўпчилиги ўша ерда ўтроқ яшаб қолди ва умумий тарзда “уйғур” идентитети – ўзлигига эга бўлди. Бу сўнгги туркий мўғул империясини ташкил қилган қабилалар конфедерацияси эди. Улар иккинчи минг йилликнинг дастлабки бир неча асрида ислом динини қабул қилди ҳамда ушбу минтақага қайтиб келган ва XVIII аср ўртасидан бошлаб баъзан омонатлашиб қолса-да, ҳукмронлик қилаётган хитойликлар билан, осон бўлмаса-да, бирга яшаб келмоқда.
Суғдлар VII аср охирида араблар келиши билан ислом динини қабул қила бошлади, аммо VIII аср давомида арабларга ҳам, уларнинг эътиқодига ҳам қаршиликлар бўлиб турди. Модомики, тарих жанглар йилномаси экан, Муғ тоғидаги жанг суғдлар учун бурилиш нуқтаси бўлганини қайд этиш жоиз. Бу ерда Суғд подшоҳи Дивашти тутиб олиниб, қатл этилган эди[1]. Орадан неча асрлар ўтиб, рус археологлари ҳужжатлар ва артефактлар жойланган муҳим пана жойни топиб олди. Аксарият суғдлар шимолга қочди ва аста-секин кўпчилик бўлган туркийлар қаторига қўшилиб кетди. Бу суғдларнинг интиҳоси, аммо муқаррар таназзулнинг ибтидоси эди. Араблар билан туркийлар ўртасида қисилиб қолган суғдларнинг ҳеч бир иложи қолмаган эди. Ушбу минтақадаги халқларнинг бетартиб бўлиб кўринган ҳаракатларидан қонуният қидирадиган тарихчилар ушбу даврни минтақада эроний халқлар таъсири тугаши ва туркий халқлар ҳукмронлиги бошланиши деб тавсифлайди. Тарих, албатта, бундан мураккаброқ, яъни Эроннинг таъсири бутунлай йўқолиб кетгани йўқ. Гарчи узоқ вақт суғд тили иккинчи минг йилликда сақланиб қолмаган, деб ҳисобланган бўлса-да, совет этнографларининг Тожикистон олис қишлоқларидан бирида нотаниш маҳаллий тилда сўзлашишини кашф қилиши бундай қараш нотўғри экани ҳақидаги фикрларга туртки берди. Этнографларга кўра, Яғноб водийси аҳолиси суғд тилидан келиб чиқувчи тилда сўзлашади.
Форсларнинг зардуштийлик дини ҳам унга эътиқод қилувчилар жамоаси Ҳиндистонга қочгани учун яшаб қолди. Бугун уларнинг авлодлари парслар деб аталади. Аммо диний ранг-баранглик ислом дини келиши билан барҳам топгани йўқ, кейинги асрларда диний таъқиб кўзга ташланмади. Марко Поло Дунхуанда нестор христианлари жамоаси яшаганини ёзиб қолдирган. Мўғул императори Чингизхон эса саройидаги диний мунозараларга хайрихоҳ бўлган, аммо ўзи шомонлик эътиқодини сақлаб қолган.
Туркий халқлар кейинги асрларда шимолий империядан қисиб чиқарилиши оқибатида улар нафақат Марказий Осиёнинг шарқи қисми – ҳозирги Хитой ҳудудида, қолаверса, Суғдиёна ва унга туташ минтақада ҳукмронлик қила бошлади. Салжуқ бошчилигидаги бир гуруҳ XI асрда ғарб – Онадўли (Анатолия) томон отланди, бу пировардида Европа чегарасида янги – Усмонлилар империяси барпо этилишига сабаб бўлди. Аммо салжуқлар ҳокимиятни узоқ вақт сақлаб қола билмади. Иккинчи минг йилликда мўғуллар, дастлаб туркий халқларнинг даштдаги қўшнилари аввало Монголияга, кейинчалик Марказий Осиёга кўчиб ўтди, аммо ўтроқ туркий халқларнинг қақшатқич қаршилигига дуч келди. Марказий Осиё туркийлари енгилди, Россия чегаралари томон юриш қилаётган мўғул армияси таъқиб қилган Хоразмшоҳ Каспий – Хазар денгизи томон қочди. Яна Марказий Осиёда қўзғалган мавж Европа сувларини безовта қилди.
Pax Mongolia шафелигида савдо-сотиқ гуллаб-яшнар, Самарқанд ва унга қўшни шаҳарлар Суғд давлати вақтидаги шуҳратининг бир қисмини қайтариб олди. Маҳаллий халқ вакилларидан бўлган Темир мўғуллар давлати инқирозидан сўнг ҳокимиятни қўлга киритгач, ўзини Чингизхон авлоди деб эълон қилди ва савдо йўлларидаги барқарорликни тиклашга интилди. У салтанатини жануб – Ҳиндистон ва ғарб – турк Усмонлилар империяси томон кенгайтирди; фақат етмиш ёшдаги ўлими 1405 йили Хитойга қарши бошлаган юришини тўхтатиб қолди. Невараси Улуғбек машҳур астроном эди, унинг Самарқандда 1420 йили қуриб битказилган расадхонасини ҳали ҳам бор; лекин унинг ҳукмронлиги узоқ давом этмади, 1500 йили Чингизхон билан қардошликка даъво қилган ўзбеклар ҳокимиятни эгаллаб олди. Бироқ иккинчи минг йилликнинг иккинчи ярмида минтақа биринчи минг йилликдаги суғд шаҳар-давлатларига ўхшаш тарзда шаҳарлар атрофида бирлашган алоҳида хонликларга бўлиниб кетди. Рус подшоҳлари Пётр I ва Екатерина даврида минтақа рус экспансияси марказига ва “Буюк ўйин” ибтидосига айланди. Юқорида тавсифланганидек, бу минтақанинг биринчи минг йиллигига оид тарихнинг илмий жиҳатдан кашф этилишига сабаб бўлди.
Туркий халқлар тарихидан кўпинча Марказий Осиё тарихидаги у ёки бу моделни, хусусан, кўчманчилар ва деҳқонлар ўртасидаги тафовут ўзаро ва ҳаракатлашувни тушунтириш учун унсур сифатида фойдаланилади. Илгари бу фақат дихотомия сифатида тақдим этилган бўлса, бугунги кунда соддалаштириш сифатида қабул қилинади, тарихчилар билан этнографлар эса халқлар ва улар ҳаёт тарзига берган олдинги тавсифларини қайта кўриб чиқмоқда. Чиндан ҳам туркий халқларнинг кўплаб гуруҳлари ҳали ҳам ярим кўчманчилик ҳаёт тарзини давом эттирмоқда, ушбу бирга яшаганлик исботига туркий таомлардан кўра яхшироқ мисол топиш қийин.
Қўй гўшти, сабзи ва майиздан итальянча ризотто таомига ўхшаш тарзда турли усуллар билан пишириладиган палов Марказий Осиёнинг миллий таоми номига даъвогарлик қилиши мумкин, бироқ уни Ўрта ер денгизи соҳилларидан Кошғар бозорларигача бўлган ҳудудда турли номларда учратасиз: Ҳиндистонда – пилаф ёки пилау, Испанияда эса – паэлья. Бу ушбу минтақаларнинг Марказий Осиё билан тарихий алоқалари мавжуд бўлганини кўрсатади.
Паловнинг асосий масаллиғи гуручни етиштириш учун қишлоқ хўжалиги ва ирригация керак, айни дамда туркий халқлар ошхонасининг бошқа таоми шиш-кабоб қўй гўштидан сихга тортилиб, оловда пиширилади. Ушбу аралашмага форсларнинг шакарни ёқтиришини ва туркий халқларнинг ширин пишириқларини қўшсак, ошхона замонавий Марказий Осиёнинг халқлари ва тилларини тўлиқ акс эттиради. Ўзбекча, қозоқча, қирғизча – туркий тиллар, аммо тожикча Эрон ва Афғонистондаги форс тили билан чамбарчас боғлиқ. Бугун тожик тилида Марказий Осиё лўлилари, Самарқад билан Бухоро яҳудийлари сўзлашади ва бу ҳол ушбу минтақадаги ранг-барангликни ҳамда унинг мураккаб тарихини намойиш қилади. Лекин бу биттагина ришта, холос. Уч минг йиллик бой ва ранг-баранг тарихга эга минтақага ташланган ушбу қисқа назар ҳам Марказий Осиё тўлқинлари ҳатто узоқ бўлиб кўринган Европада сезилиб турганини кўрсатади.
____________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Зарафшон дарёси водийсидаги Қалъаи Муғга ҳужум қилиниб, ишғол этилгач, Диваштини Хуросон амири Саид ал-Ҳарашийнинг араб жангчилари чормих қилиб ўлдирди.