Суратда: “Чанъандаги энг узун кун” сериалида қайта тикланган суғдлар кийим-боши (2019).
Гарчи Хитойда истиқомат қилаётган суғдлар ҳақида кўп нарса билмасак-да, суғд элатига мансуб аъёнларнинг Хитой – Чин юрти билан муносабатлари минтақанинг ўша вақтдаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Араблар истилосига қадар суғдлар Чин юртининг ҳашаматли товарларини Эрон, туркий қабилалар ва бошқаларга етказиб берувчи савдогарлар сифатида машҳур бўлган. Тарихчи Ричард Фольцнинг ёзишича, суғдлар Чин юрти шаҳарларида ўз мавзеларини ташкил қилиб, ўша мамлакат ҳукмдорларидан кўмак олиб турган, ўта бадавлат бўлгани учун Чин юртида ҳам, Суғдда ҳам башанг ҳаёт кечирган. Суғдлар Чин юртида танилишига нафақат уларнинг савдо-сотиқда моҳир бўлгани, балки одамлар улар чалган мусиқа, ижро этган рақслар ва яратган санъат асарларидан баҳра олгани ҳам сабаб бўлган.
Профессор Жин Сю ( Jin Xu) Чин юртидаги суғд санъатини узоқ йиллардан бери тадқиқ қилиб келади. Нью-Йоркдаги Вассар хусусий санъат коллежи профессори CAAN мухбирига берган интервьюсида аждодларимиз тарихининг ушбу саҳифасига ойдинлик киритади:
– Мен Суғд санъати билан бундан йигирма йилча олдин коллеж талабаси бўлган кезларимдан бери қизиқаман. Ўша пайтлар хитойлик археологлар милодий VI асрда мамлакат шимолидаги суғд иммигрантларига тегишли бўлган сағаналар туркуми, тош тобутлар ва дафн каравотларини излаб топган эди. Ушбу мўъжизакор безатилган тошларга марҳум эгалари тўғрисида марсиялар битилган ва ўша марсияларда улар қаердан келгани, нега Чин юртига кўчиб ўтгани ва нималарга эришгани хусусида ҳикоя қилинади. Айни сағаналар Суғд санъати бўйича Чин юрти маданияти контекстида тадқиқотлар бошланганини англатар эди; улар менга суғд санъатига эшик очиб берди.
Чин юртидаги Суғд санъати изидан
Суғдлар Чин юртига бир неча сабабга кўра кўчиб кета бошлади. Савдо-сотиқ асосий, аммо бирдан-бир сабаб эмас эди. Масалан, суғд роҳиблари Будда таълимотини Чин юртида тарқатган илк буддавий миссионерлар бўлган. VI аср ўртасидан бошлаб Чин юрти ҳукмдорлари дипломатия, тижорат, ҳарбий ва маданий масалаларга ечим топишда тобора Суғд аъёнларига қарам бўлиб қола бошлади; бу кўплаб суғдларни Марказий Осиё ва Чин юртининг чегара туманларидан Лоян, Чанъан ва Йе сингари сиёсат марказларига кўчиб ўтишга ундади.
VII асрда Тан сулоласи Турк ҳоқонлиги устидан мўғул яйловларида ғалаба қозонгандан сўнг илгари туркийларнинг хизматини қилган суғд аъёнлари садоқатини ўзгартириб, Чин юртига кўчиб ўтди. Бироқ суғд иммигрантларининг ҳаммасини ҳам ўша ерда бадавлат ёки аъён оилаларга мансуб деб бўлмас эди. Улар орасида деҳқонлар, санъаткорлар, раққослар ва хизматкорлар ҳам бисёр эди.
Чин юртидаги Суғд санъати ушбу мамлакатнинг ўрта асрлардаги (мил. 220 – 906 йй.) санъатининг тўқимачилик, тош ва зумрад ўймакорлиги, меъморчилик, рассомлик, рақслар, мусиқа, спектакллар ва б.дан иборат деярли барча тоифаларини қамраб олади.
Суғд рассомлари илгари фақат Чин юрти мотивларидан иборат империя санъатини яратишда муҳим роль ўйнади. VI аср охирига келиб, суғдлар Чин юрти империя санъатини ранг-баранглаштириб, космополит санъатга айлантирди. Чин санъати айни дамда жуда бой, мотивлари кўп, чунки у ўзининг узоқ ва ёрқин тарихи давомида ҳеч қачон Чинники бўлмаган услублар, мотивлар ва техникани сингдириб олишдан тўхтамаган. Чин юртидаги Суғд санъати ушбу жўшқин маромнинг энг ёрқин намуналаридан биридир. Айни санъат Буюк ипак йўли бўйида яшаган халқлар бадиий анъаналарининг кенг қамровли спектрини ўзаро бирлаштирди. Яна бир муҳим жиҳати – Суғд санъати Суй ва Тан сулолалари (581 – 907 йй.) даврида улар санъати туғилишига ҳал қилувчи ҳисса қўшди ва ўша давр Чин цивилизацияси – тамаддунининг “олтин даври” ҳисобланади.
Ўша даврнинг машҳур вакилларидан бири суғдлик иммигрантларнинг учинчи авлодига мансуб Ҳе Чоудир (He Chou) (тахминан, мил. 543 – 622 йй.). У император устахонаси бошлиғи этиб тайинланади, Чин ва Суғд санъат анъаналарини жуда яхши билгани учун ушбу лавозимда ишлаб турган пайти императорлик санъатини ўзгартириб юборади.
Қатъий қилиб айтганда, “Чин юртидаги суғд санъати” атамаси VI – X асрлар оралиғида Чин сулолалари ҳудудида яшаган суғд рассомлари ва ҳунармандларининг санъат ва меъморчилигига тааллуқлидир. Бироқ кўплаб суғд рассомлари ва оилалари Чин юртида бир неча авлод давомида яшаган ва улар аксаран чинлик рассомлар билан бирга ишлаган. Шу сабабга кўра, биз бу ҳолатда “чин-суғд санъати” атамасини қўлласак, ушбу ҳодисани аниқроқ тавсифлаган бўламиз.
Суғд санъати аъёнлар даврасидаги картиналарга ҳам анча-мунча таъсир ўтказди. Цао (Cao Zhongda) исмли суғд рассоми ўзининг шарафига аталган ноёб услуб ёки мактаб яратди. “Цаонинг оилавий услуби” деб аталувчи йўналиш пировардида Чин юрти рассомчилиги бутун тарихи давомидаги энг машҳур услублардан бирига айланди.
Суғд санъатига бундай ижобий муносабат аъёнларга хос эди, хитойликларнинг аксарияти эса суғд санъатини ғайриоддий, экзотик ва жумбоқли деб билар эди. Қўлимизда Чин юрти рассомлари VI – VII асрларда суғдлар ва уларга мунсуб нарсаларни маҳобатли карикатураларда чизганига оид исботлар бор. Суғд санъатининг аксарият қисми, айниқса, суғдларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ артефактлар фақат ва фақат суғд иммигрантлари учун тайёрланган, улар Чин юрти оммаси учун мўлжалланмаган.
Диннинг таъсири
Чин юртида суғд санъатининг пайдо бўлиши ушбу миллат иммигрантларининг аксарияти эътиқод қилган буддавийлик билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Суғдлар ғорларда кичик буддавийлик бутхоналари қуриш ва ҳайкаллар ясашга буюртма берган; ўша яратиқларга кўпинча сосоний ва Марказий Осиё мотивлари қўшилган ва уларда ҳомийларининг шахси акс этган. Профессор Аннет Жулиано Чин юртида яратилган суғд санъат намуналарида буддавийлик унсурлари кўп бўлганига эҳтибор қаратган эди, уларни нафақат суратларда, қолаверса, ландшафт ва меъморчиликда ҳам топиш мумкин.
Юқорида номи зикр этилган рассом Цао буддавийлик мавзусида чизган суратлари билан ном қозонган эди. Суғдлар жамоати етакчиси Виркак сағанасида олиб борган тадқиқотимга кўра, унда марҳумнинг таржимаи ҳоли кейинчалик Буддага айланган шаҳзода Сиддҳартҳининг ҳаёти тасвирланган услубда чизилган эди.
Чин юртидаги суғд рассомлари Суғд ва Чин юртларининг рассомлик анъаналарини яхши билган; бинобарин, улар ўта янги ва инновацион нарса яратиш учун иккита амалиётни ўзаро бирлаштирганидан ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Масалан, Чин юртида яшаган суғдлар яратган артефакатларда мавжуд бўлган зардуштийлик иконографияси Марказий Осиё ва Эронда кўрганимиз зардуштийлик иконографиясидан кескин фарқ қилади. Ортодоксал зардуштийлик санъатида меърож – осмонга чиқишни тасвирлаш жуда кам учрайди, бироқ бу ҳол Чин юртидаги суғд иммигрантлари сағаналарида кўп тасвирланади. У меърожни дафн маросими ва ҳаёт билан ўлимни ажратиб турувчи кўприкдан ўтишдан бошлаб, руҳ ҳақидаги мулоҳаза ва унинг жаннатга етиб бориш эҳтимоли билан тугалланувчи бир неча босқичда батафсил тасвирлайди. Қабр орти ҳаёти ҳақидаги бундай батафсил тасаввурлар Чин юртидаги дахмаларни безаш санъати анъанасининг таъсиридир, буни Биринчи императорнинг (мил. ав. 259 – 210 йй.) машҳур терракота аскарлари ясалган вақтдан олдинги даврдаги санъат асарларида кўриш мумкин.
Ислом суғдлар юртида етакчи динга айлангач ва Ан-Лушан қўзғолони Тан сулоласи таназзулига сабаб бўлгач, VII аср ўртасидан бошлаб суғд санъати Чин юртида ҳам, Марказий Осиёда ҳам бутунлай бошқа йўлдан ривожланди. Марказий Осиёдаги суғд санъатини ўша пайтда шакллана бошлаган ислом визуал маданияти ютиб юборди.
Келиб чиқиши туркий ва суғд бўлган Чин юрти генерали Ан Лушан қўзғолонидагн сўнг чинлик ҳукмдорлар ва аъёнлар ушбу мамлакат санъати ва маданиятидаги чет эл, жумладан, суғдлар билан боғлиқ унсурларга душман кўзи билан қарай бошлади. Суғд санъати илгариги машҳурлиги ва нуфузини йўқотди. Тан сулоласи таназзулидан суғдлар зарар кўрди; суғд санъатига шармандали ва тушкун деб қарала бошлади. Ҳам Чин юрти, ҳам суғд рассомлари ўз асарларида суғд таъсири аломатларидан қутулишга ҳаракат қилди. XI асрга келиб, гарчи суғдларнинг кўплаб авлодлари Чин юртида яшаган бўлса-да, улар санъатини чинлик ҳамкасблари асарларидан ажратиб бўлмай қолди. XI асрда яшаб ўтган ҳамда Чин юрти тарихидаги энг машҳур хаттот ва рассомлардан бири Ми Фунинг келиб чиқиши суғд бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Бироқ унинг санъатини, ҳатто элас-элас бўлса ҳам, олдинги даврлардан бизга таниш бўлган суғд санъати билан солиштириб бўлмайди.
Замонавий Хитойдаги суғд санъати
Суғд санъатининг замонавий Хитой маданиятига таъсири катта. Бу илмий тадқиқотларда ҳам, оммавий маданиятда ҳам яққол кўзга ташланади. Илм аҳли суғд санъатини турли соҳаларда яхши ўрганмоқда; бугунги куннинг энг машҳур тарихчилари суғд санъати бўйича кўплаб мақола ва китоблар ёзди.
Бадиий кўргазмалар, китоблар, телевизион драмалар ва кўнгилочар истироҳат боғлари сингари оммавий маданият турларида ҳам суғд маданияти ажралиб туради. Сўнгги пайтда Хитой ижтимоий тармоқларида «Чанъандаги энг узун кун» драмаси ҳақида кўп гапириляпти. Шерлок Холмс ҳақидаги сериални эсга солувчи ушбу драмада Тан сулоласи пойтахтида рўй берган воқеалар ҳикоя қилинади. Унда суғд иммигрантлари ва уларнинг санъатига тез-тез кўзингиз тушади.
Ҳозирги кунда суғд сағаналари ва Суғд санъатининг бошқа намуналарини Хитой шимоли ва шимоли-ғарбидаги кўплаб музейларда учратиш мумкин. Қизиққан кишиларга Шэнси музейи (Сиан, Шэнси вилояти), Сиан муниципал музейи (Шэнси вилояти) ва Шанси музейини (Шанси вилояти) бориб кўришни тавсия қиламан.