Гулбаданбегим (1523—1603) — Ўрта асрларда Марказий Осиёдаги ягона тарихчи аёл, “Ҳумоюннома” тарихий асарининг муаллифи, Амир Темурнинг авлоди, Бобурнинг кенжа қизи. Гулбаданбегим ўзининг жияни бўлмиш Акбаршоҳнинг илтимосига кўра, 1585-87 йилларда отаси ҳамда ўгай акаси, Акбарнинг отаси Ҳумоюн ҳақидаги хотираларига бағишланган форс тилидаги “Ҳумоюннома” номли асарни ёзади. Асар европа тилларига илк бор 1902 йилда А. Беверидж (Англия) томонидан изоҳлар билан биргаликда чоп этилади. 1959 йилда Тошкентда ушбу тарихий асарнинг ўзбек тилидаги таржимаси нашрдан чиқади. Мустақиллик йилларида китоб бир неча бор қайта нашр қилинади. Гулбаданбегимнинг мазкур асари аёл киши томонидан ёзилган Ҳиндистоннинг ягона ўрта аср йилномасидир. “Ҳумоюннома” ўз даврига оид кўплаб материалларни ўз ичига олади.
Урсула Симс-Вильямс, Британия кутубхонаси Гулбаданбегим ҳақида “Мўғул маликаси Гулбаданнинг таржимаи ҳоли, (“Подшоҳ Ҳумоюннинг ҳаёти (Ҳумоюннома)”)” номли блогда қуйидагиларни ёзади.
Британия кутубхонасида кўплаб тарихий матнлар сақланади. Уларнинг айримлари Мўғуллар тарихини тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этади, бироқ улар ҳеч қачон кўргазмага қўйилмаган.
Масалан, малика Гулбаданбегимнинг “Avval-i Humāyūn Pādshāh” (“Буюк Мўғуллар Салтанатининг иккинчи подшоҳи, Бобурнинг ўғли ва Акбарнинг отаси — Подшоҳ Ҳумоюннинг ҳаёти”) асари ягона сақланиб қолган нусха ҳисобланади. У 17 аср бошларида эҳтимол Гулбаданнинг асл қўлёзмасидан кўчирилган бўлиши ҳам мумкин. Афсуски, матн тўлиқ эмас, 1553 йилга келиб тўхтаб қолган. У 1823 йилдан 1867 йилгача Дели комиссари сифатида Ҳиндистонда хизмат қилган коллекция тўпловчи, полковник Джордж Уильям Гамильтон (1807-1868) томонидан Британияга олиб келинган. Ҳозирда у рақамлаштирилган ва онлайн намойишга қўйилган.
Бобурнинг қизи ва Ҳумоюннинг ўгай синглиси бўлмиш малика Гулбадан (1523-1603) атрофида кўплаб эркаклар бўлишига қарамай, сиёсат ва ҳукуматда муҳим роль ўйнаган ҳамда таълим ва санъат ҳомийси сифатида машҳур бўлган.
Гулбадан Бобурнинг Ҳиндистонда муқим жой эгаллашидан бир неча йил олдин Қобулда туғилган. Сўнгра отаси Аграда ўрнашиб олганидан сўнг 1529 йилда у ҳам унинг ортидан Ҳиндистонга жўнайди. 1530 йилда Бобур вафот этганида, Гулбаданбегим атиги саккиз ёшда бўлган. Шунда уни унинг акаси Ҳумоюн ўз қарамоғига олади. 1540 йилда у турмушга чиқади ва Қобулга қайтади, Ҳумоюн эса Ҳиндистонда ҳокимиятни ушлаб қолишга интилади. Бир қанча вақтдан сўнг 1553 йилда Гулбадан ёдномаларини тугатгач, яна Ҳиндистонга қайтади ва Абу Фазлнинг “Акбарнома” асаридан бизга маълум бўлишича, 1575 йилда Гулбаданбегим Ҳаж сафарига отланади. У ердан қайтгач Адендаги кема ҳалокатидан олти йил ўтиб, Гужаратда яшаб қолади. У 1603 йил февраль ойида улуғ 82 ёшида вафот этади.
Гулбадан жуда саводли аёл бўлган. У ўзининг она тили бўлмиш чиғатой турк тили билан бирга (турмуш ўртоғи, чиғатой-мўғул аслзодалари вакили бўлган Ҳизр Ҳаж Хондан фарқли ўлароқ) форс тилида ҳам ёзишни ва ўқишни билган. Гулбаданнинг шахсий кутубхонаси бўлгани бизга маълум, чунки Ҳумоюннинг таржимаи ҳолини ёзган Боязид Баётнинг қайд этишича, у ўз асарининг нусхасини Гулбаданбегимга берган. 1589 йилда Акбар ўзининг бош вазири Абул Фазлга ўз ҳукмронлигининг мукаммал тарихини яратишни топширади ва ўтмишдаги воқеаларни ёдга олган барча фуқароларга ўз хотираларини кўчириб, саройга юборишини буюради (Акбарномага сўзбоши). Гулбадан шундай деб ёзади: “(Бобурнинг жаннат маконида яшайдиган) Фирдавс Маконий ва Ҳазрати Олийлари Жаннат Маконий (Ҳумоюн) ҳаёти ҳақида билган нарсаларингиз ҳақида ёзинг”, — деган буйруқ берилди”. Гулбадан Бобур ҳақидаги ўз хотиралари мукаммал эмаслигини билган ҳолда, асарига отаси айтиб берган кўплаб оилавий хотиралар ва латифаларни қўшимча қилади. Ўзи иштирок этмаган тақдирда, масалан, 1543 ва 1545 йиллар оралиғида Ҳумоюннинг Эронга қувғин қилинган пайтлари ҳақида у Ҳумоюннинг турмуш ўртоғи Ҳамидабегим ва бошқа гувоҳларнинг ҳикояларига таянади.
Гулбаданнинг ёдномалари хотин-қизлар бўлмалари (ҳарам)дан хабардор бўлиш учун ажойиб имкониятдир. У шоҳнинг хотинлари ва фарзандлари ҳамда оиланинг бошқа аъзолари исмлари ва уларга оид қимматли маълумотларни келтиради.
Масалан, у Ҳумоюнни хотинларидан бириникига бормагани учун айблашганида подшоҳнинг айтган гапларини баён қилади. Бунга жавобан Ҳумоюн: “Мен афюнга ўрганиб қолдим, агар узоқ пайт олдингга келолмасам, мендан хафа бўлма”, — дейди.
Унинг отаси Аградан унча узоқ бўлмаган Дхолпурда чўмилиш ҳавзасини барпо этганида, “Бу ҳавза битгач, уни май билан тўлдираман”, деб ваъда берган. Шундай бўлса-да, Гулбаданнинг ёзишича, “Бобур Сангра Сингх билан бўладиган жанг олдидан майдан воз кечгани учун ҳавзани лимон шарбати билан тўлдирган”.
Эртапишар ровочни кўриш учун тоққа чиқиш хотиралари ой шуласида Балхдан Лағмонга саёҳат қилаётган, гурунг қилаётган, бир-бирларига ҳикоялар айтиб бераётган ва ашула куйлаётган хонимлар ҳақидаги ҳикоядан бошланади. Афсуски, улар йўлда ушланиб қоладилар ва Кухдаманга етганларида ровочнинг барглари аллақачон униб чиққан бўлади. Ҳумоюн уларнинг кечикканидан шу қадар жаҳли чиқиб, хонимларни ундан кечирим сўраб мактуб ёзишларига мажбур қилади.
Ёдномалардан бирида Темурий малика Гулбадан Ҳумоюннинг касаллиги ҳақида ёзади. Унинг онаси Бобурга юзланиб: “Сиз ҳукмдорсиз. Хафа бўлармидингиз? Ахир сизнинг бошқа фарзандларингиз ҳам бор. Менинг қайғуим шундаки, менинг фақат битта ўғлим бор”, — деб шикоят қилади. Шунда у: “Моҳимбегим, гарчи менинг бошқа фарзандларим бўлса-да, уларнинг ҳеч бирини сенинг Ҳумоюнингчалик яхши кўрмайман. Мен унинг учун салтанат барпо этдим ва дунё бошқалар учун эмас, балки оламда ягона, ўз вақтининг ноёб инсони бўлган менинг севимли Ҳумоюним учун ёрқин нур сочишини истардим”, — деб жавоб қайтаради”.
“У (Ҳумоюн) бемор ётганида Олий Ҳазратлари Ҳазрат Муртазо Алининг рўзасини тутади. Ушбу рўза одатда чоршанба кунидан бошлаб тутиларди, бироқ у шу қадар безовта ва хафа эдики, рўзани сешанбадан тутишга қарор қилади. Ҳаво жуда иссиқ эди. Унинг ичи куяди ва у Худога шундай деб илтижо қилади: “Яратган Эгам, жон керак бўлса, мен, Бобур, ўз жонимни бераман”.
Шу куни Олий Ҳазратлари Фирдавс Маконийнинг мазаси қочади, Ҳумоюн шоҳ эса бошини ювиб саройга чиқади. Ўз навбатида, Олий Ҳазратлари менинг отам касал бўлиб қолади ва қарийб икки-уч ой тўшакда ётади”. Тез орада Бобур касаллиги туфайли 47 ёшида вафот этади.
Гулбадан шунингдек, мўғул аёлларининг кўчманчи ҳаётини ҳам баён қилади. Унинг ўсмирлик даври Қобул, Агра ва Лахор ўртасида кўчиб юрувчи мўғул оиласининг одатий ҳаёт тарзи бўйича ўтган. Ҳумоюн қувғин қилинган чоғда у ўгай акаларидан бири билан Қобулда яшашга мажбур бўлади. Гулбаданнинг бу акаси кейинчалик унинг турмуш ўртоғини Ҳумоюнга қарши исён кўтаришига ундаган. Шунда Гулбаданбегим эрини бу ишни қилмасликка ишонтирган. Бироқ у барибир жияни Акбарга қарши фитнада қатнашади ва ўғли билан бирга енгилади. У саройдан ва Гулбаданбегимнинг ҳаётидан қувғин қилинади. Унга ҳатто Гулбадан билан бир жойда дафн этилишига ҳам рухсат беришмайди.
Умуман олганда, Гулбадан бахтли ва фаровон ҳаётдан завқланиб яшаган ва ўз умрининг кўп қисмини Қобулда ўтказган. 1557 йилда унинг жияни Акбар Гулбаданни Аградаги шоҳ саройига келиб яшашга таклиф этади. Гулбадан саройда ҳурмат ва юксак эътибор қозонган. Акбар ҳам, Акбарнинг онаси Ҳамида ҳам уни қаттиқ яхши кўришган. Гулбадан хайр-саховат ишларини кўп қиларди ва Худонинг розилиги йўлида ҳар куни ночорлар ва муҳтожларга ёрдам берарди. Айтишларича, унинг ўлимидан сўнг икки йил мобайнида Акбар ўзининг севимли аммасини соғинаётганидан доим нолиб юрган. У ҳатто 1605 йил ўз вафотига қадар қадрдони соғинчи билан яшаган.
Яна айтишларича, Гулбадан шеърлар ҳам ёзиб турган. Гарчи кўплаб муаллифлар унинг шеъриятига мурожаат қилишган бўлса-да, шеърларнинг биронтаси ҳам бизгача етиб келмаган. Афсуски, мўғул подшоҳларига оид архив материалларининг аксарият қисми Ҳиндистонда йўқ қилинган.