Х асрнинг буюк мутафаккири ва тасаввуф намояндаси Ал-Форобий ўзининг сиёсий фалсафасида бой эллинистик ғоялардан фойдаланган. Хусусан, Афлотун ва Арастунинг фалсафасини кенгайтириб ўз даври учун мослаштирган. Бу ҳақда Aeon онлайн-журналида мақола чоп этилди. Муаллиф қатор ғарб ва араб нашрларининг кулумнисти
Рашми Рушан Лал бўлиб, у Афлотуннинг илк араб файласуфларига таъсирини ўрганади.
Қуйида унинг Афлотун томонидан сўзни назорат қилиш зарурати ҳақидаги ғоялари машҳур шарқ алломаси Ал-Форобийга қанчалик таъсир қилгани ҳақидаги мақоласи таржимаси билан танишасиз.
Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон Ал-Форобий яшаган қудратли Аббосийлар салтанатидаги вазият радикалликка йўғрилган консерватизмнинг ўсишига имкон яратди.
Бағдодга келиш олдидан Дамашқда қоровул бўлиб ишлаган файласуф қўй юраги ва сувдан тайёрланган оддийгина таомларни еб, ширин райҳон шарбатини ичиб салтанатдаги ўсиб келаётган беқарорликни кузатиб борарди.
Бағдодга келиш олдидан Дамашқда қоровул бўлиб ишлаган файласуф қўй юраги ва сувдан тайёрланган оддийгина таомларни еб, ширин райҳон шарбатини ичиб салтанатдаги ўсиб келаётган беқарорликни кузатиб борарди.
Буларнинг фонида Ал-Форобий фуқароларни хайр-саҳоватга, адолат, одамийлик бахти ва жамоат тартибига чорловчи сиёсий фалсафасини шакллантирди.
Ал-Форобийнинг фалсафий мероси орасида мусулмон дунёсида ижодий тафаккурни назорат қилишга қаратилган қарашлари анча машҳур. Бу билан у еттинчи аср охирида одам тасвирисиз тангалар зарб қилган ва Қуддуси Шарифдаги гумбазларни ҳуснихатлар билан безатган Уммавийлар халифаси Абдул Малик томонидан бошланган аниконизм лойиҳасининг якунловчиси бўлди.
Ислом санъати айни шу жиҳати билан юнон-рум анъаналаридан фарқ қилади. Ал-Форобий кейинчалик тирик жонларни сўз билан тасвирлашдаги чегараларни тасдиқлаш орқали ижодий тафаккур устидан назоратни янги чўққиларга олиб чиқди. У Афлотун таълимотларидан фойдаланган ҳолда буни амалга оширди ва дадил айтиш мумкинки, у исломнинг ижодий тафаккурни қандай тушуниши ва унга муносабат билдириши бўйича қарашларга аниқлик киритишда ёрдам берди.
Исломни ва унинг пайғамбарини сўз билан тасвирлаш ҳам тасвирий санъат билан тенг ва, айтиш мумкинки, шаккокликдир. Ал-Форобийнинг мазкур табулари такомиллашуви оқибатлари бугунги кунда ҳам яққол кўзга ташланади. Оятулло Ҳомайнийнинг “Шайтон оятлари” асари учун Салмон Рушдий устидан ўлим ҳукми ёзилган фатвоси, Бомиёнда Будда ҳайкалининг Толибон томонидан бузиб ташланиши, Даниянинг Jyllands-Posten газетасида Муҳаммад пайғамбар тасвири чоп этилиши, Charlie Hebdo француз сатирик газетаси офисига ҳужумлар бунга яққол мисол бўла олади.
Бу ҳужумларнинг барчаси образлардан фойдаланишни назорат қилиш истаги билан боғлиқ.
Ал-Форобий ўзининг асосий назариялари устида бош қотираётган пайтларда суратли образлардан фойдаланиш мусулмонлар учун анча жиддий муаммо бўлган. 632 йилда пайғамбар вафот этганидан сўнг 30 йил давомида бадиий ва ижодий қарашлар аслиятга нисбатан икки ҳар хил йўлда кетдики, бу йўллар илгаридан белгилаб берилгандек эди.
Дунёвий жойлар, масалан, Уммавийларнинг (661-750) саройлари ва ҳаммомлари учун алоҳида санъат мавжуд эди. Диний қадамжолар – масжид, мақбара, “Қуббатус Саҳро” (691 йилда қурилган) кабилар учун ҳам алоҳида санъат йўли шаклланди.
Византия императори Юстиниан Иккинчининг тангада тасвири зарб этилиши натижасида юзага келган “образлар полемика”си Халифа Абдул Малик томонидан қайта жонлантирилди. Алалоқибат, Абдул Малик ўзининг портретини эмас “Амирал мўминин”, “Аллоҳнинг халифаси” сўзлари ёзилган тангаларни зарб эттирди.
Қуббатус Саҳро эса жонли мавжудотларнинг тасвирлари билан эмас, балки, сўзлар билан безатилди. Тасвирнинг йўқлиги эса асосий мезон бўлди. Амалда сўз образга айланди. Мана, нима учун мусулмонлар ҳуснихатда улкан ютуқларни қўлга киритдилар ва каллиграфияни мусулмон санъатининг буюк бир шаклига айлантирдилар!
Ёзма сўзларнинг муҳимлиги, унинг қабул қилиниши ва маъноси, саккизинчи асрдан ўнинчи асрга қадар юнон манбаларининг араб тилига таржима қилинишида Аббосийларнинг киритган инвестициялари туфайли янада шоён бўлди.
Табиийки, Ал-Форобий яшаган даврларда мусулмонлар учун сўз устидан назорат ўта аҳамиятли бўлган. Насроний руҳонийлар ҳам сўз устидан бундай назоратни қўллаб-қувватлаганлар. Уларнинг айтишларича, сўз ҳам картиналар каби тасвирни акс эттира олади. Ўнинчи асрда мусулмон дунёсида яшаган ва араб тилида ёзган насроний руҳонийси Теодор Абу Курах сўзнинг иконаларга тенглигини эълон қилганди. Унинг айтишича, тасвирлар саводсизларнинг ёзувлари саналаркан.
Аббосийлар салтанати таназзулга юз тутишини кузатар экан, Ал-Форобий, у яхши ёки ёмон шаклда бўладими, ёзувнинг ҳукми юқори бўлишини англаб етади. Ижодкор кишилар ўзларининг ёзган асарлари учун жавобгарлик зиммасида эга эканига у амин эди. Аббосий халифалар ўз шахсиятидаги инқирозлар билан ҳам маънавий, ҳам сиёсий жиҳатдан кўп бор тўқнаш келишарди.
Бу араб дунёсидаги энг илғор мутафаккирлардан бири бўлган Ал-Форобийни турли миллатлар ва ҳудудлар ўртасида кенгайиб бораётган Ислом олдида турган долзарб муаммолар орасидан энг зарурийларини ажратиб олишга ундади.
Ал-Форобий Афлотуннинг таълимотини уйғунлаштирган ҳолда сиёсий фалсафани яратди. Унда инсонларнинг яшаши учун зарур бўлган идеал жамият акс этади.
У етакчилик масалалари билан ҳам шуғулланди. Ўз асарларида мусулмонларга “фозил дин” тамойиллари асосида шаклланадиган “фозил одамлар шаҳри”, уни бошқариш учун “файласуф қирол”, “одил ҳукмдор” тушунчаларининг моҳиятини англатишга уринди.
Худди Афлотун сингари Ал-Форобий ҳам фозил одамлар шаҳри ва унинг даҳлсизлигини мустаҳкамлаш учун идеал ҳукмдор кераклиги ва у ўзининг ижодкорлиги билан буни қўллаб-қувватлаши лозимлигини айтади.
Афлотун ўзининг “Давлат” асарида шоирлардан хайр-саҳоват ҳақида, илоҳларга яхшиликлар қилиш ҳақида ёзишни талаб қилади. Ал-Форобий рисолаларида ҳам фозил одамлар шаҳри учун куй-қўшиқлар, ҳамду саноларга йўғрилган сатрлар тилга олинади.
Ал-Форобий “одил подшоҳ ва олий ҳукмдор хизматида” муншийлар фозил одамлар шаҳри кишилари учун “энг ҳурматли” саналишини ёзади.
Асарларида келтирилган ёзувчилар ҳақидаги айни шу ғоя Ал-Форобийнинг сиёсий фалсафасини ўзи “илоҳий Афлотун” деб атаган инсон билан янада яқинлаштиради.
Мусулмон жамияти учун ижтимоий фойда сифатида Афлотуннинг “ёзувчилар цензураси”си далилига мурожаат қилар экан, Ал-Форобий сўз ёрдамида жамиятни бошқариш мумкинлигини исботлаб беради. Бу Ислом имижини яратишдаги кейинги босқич учун жуда муҳим эди.
Ал-Форобийнинг айрим ғоялари қомусий олим Ибн Сино ва диний уламо Абу Ҳомид Ал-Ғаззолий каби бошқа мусулмон мутафаккирларига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Шубҳасиз, Ал-Форобий ёқлаб чиққан сўзнинг ижодий ифодаси устидан назорат қилиниши исломнинг янада янги тасвирлар ва тасаввурлар билан бойишига хизмат қилди.