2015 йили китобхонлар эътиборига ҳавола қилинган “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” номли асарнинг рус тилида чоп этилган нашри – “История происхождения узбекского народа” китоби яқинда кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Китобда асосан ўзбек халқининг миллат сифатида шаклланиш жараёни, миллий менталитет тушунчаси ва унинг ўзига хосликлари тадқиқ қилинган, бой моддий, маданият ва ёзма манбаларнинг чуқур илмий таҳлили берилган. Тан олиш керак, ўзбек тилидаги “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” ва асарнинг рус тилида чоп этилган – “История происхождения узбекского народа” китоблари “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан юксак даражада дизайнлаштириб, чоп этилган. Сирасини айтганда, мазкур фундаментал асарнинг юксак илмий ва полиграфик асосда чоп этилиши мустақил Ўзбекистон тарих фани ривожи учун катта ютуқдир.
Китоб муаллифи – тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Аҳмадали АСҚАРОВ UzAnalytics.com мухбирига асарнинг ёзилиш тарихи, унда баён этилган янгича қарашлар ва башқа масалалар ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берди.
Китоб ёзилишига нима туртки бўлди ва бунга қандай зарурият бор эди?
Мен археолог сифатида ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи билан 30-35 йилдан бери шуғулланиб келаман. Бу менинг шу даврдаги археологик изланишларим, топилмаларим, илмий-ижодий меҳнатларимнинг маҳсулидир. Асар ўзбек халқининг этногенези, этник ва миллат бўлиб шакилланиш тарихига бағишланган бўлиб, унда халқимизнинг яқин 4 минг йиллик тарихи археологик, антропологик, этнографик, лингивистик, тарихий топонимика ва қадимги ёзма манбалар маълумотларининг илмий таҳлили асосида баён этилган. Ушбу асарни ёзишга туртки бўлган сабаблар масаласига келсак, аввало, биз олимларга Истиқлол берган ижодий эркинлик бўлса, ундан кейин она ватан ва халқимга бўлган садоқатим, мавзу бўйича мутахассис сифатида бурчим эди.
Асар ўзбек халқининг этногенези, этник ва миллат бўлиб шакилланиш тарихига бағишланган. Халқимизнинг яқин 4 минг йиллик тарихи илмий таҳлил асосида баён этилган
Аслида олимлар бу мавзу билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келишади. ХХ аср бошларида академик В.В.Бартольд раҳбарлигида бир гуруҳ олимлар ўзбек халқи Мовароуннаҳр, ҳозирги Ўрта Осиё ҳудудига XVI асрда келгинди, кўчманчи бўлиб кириб келган деган назарияни ривожлантиради ҳамда бу фан томонидан тан олинади. Бу қараш жадидлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланган, чунки ўша пайтда илм-фаннинг даражаси шундай хулосани тақазо этарди. Сўнг 1940-йилларнинг бошида археолог олим, Ўрта Осиё халқлари тарихининг чуқур билимдони, академик А.Ю. Якубовский олиб борган тадқиқотлари натижасида ўзбек халқининг этногенези, халқ сифатида шаклланиши VI аср ўрталарида Турк хоқонлиги даврига бориб тақалади, деган таълимотни илгари сурди. Якубовский асосан ҳудудий бирлик, этномоддий бирлик, тил бирлиги, антропологик тип (қиёфа) бирлиги, маданий, диний ва давлат бирлиги каби этник омилларга суяниб, шундай хулосага келган. Унгача Ўрта Осиёда қадимий эрон тилларида гаплашувчи суғдийлар, хоразмийлар, бақарийлар, саклар яшаган дейди олим. Бу Бартольд ғоясига берилган илк зарба эди.
Вақт ўтиши билан замон, фан, илм тараққий топиб, олимларнинг изланишлари ҳам кенг кўлам ола бошлади. Борган сари турли янги қарашлар, янги назариялар илгари сурилди. Бизнинг авлод олимлари ана шу ғоялар остида шаклланганмиз. Бундай назарий ва маърифий қараш Ғарбий Европа ва Шўролар даври тарих фанининг хукмрон ғоялари асосида қурилган бўлиб, бу ғоя Авесто ва Веда каби қадимги эроний тилларда битилган зардуштийлик диний ривоятларига асосланиб айтилган илмий фаразлар ва улар асосида қурилган хулосалар эди. Боз устига, археологик қазишмаларда учратилган (суякка, сополга, ёғочга, тошга ёзилган), орамий алифбоси асосида битилган ёзув парчалари деярли қадимги эроний тилларда ёзилганлиги қайд этилиб, уларнинг илмий таҳлили ҳам эроний тиллар фойдасига хизмат қилиб келди. Тили эроний бўлмаган ёзув парчалари эса, фанда “номаълум ёзув” деб эълон қилинди.
Шўролар даври тарих фанининг назарий ва мафкуравий концептуал дастурида бронза, илк темир, ҳатто антик даврида ҳам Евроосиё даштларининг Тоғли Олтойдан бошқа барча ҳудудларида аҳоли эроний тилларда сўзлашганлар, деган ғоя олға сурилди ва шу руҳда илмий асарлар битилиб, ёшлар, бадиий ижод ва илм аҳли шу руҳда тарбияланди. Бу ўзбек олими сифатида менга ёқмас эди.
Собиқ СССРнинг парчаланиши ва унинг ўрнида таркиб топган мустақил давлатлар кундалик ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1998 йилда бир гуруҳ тарихчилар билан бўлган суҳбатида мустақиллигимиз берган ижодий эркинликлардан фойдаланиб, эндиликда ўз тарихимизни ўзимиз ёзишимиз даври келди, “қачонгача биз тарихимизни бировларнинг нуқтаи назари, қаричи билан баҳолаймиз?”, деб айтган гаплари менга қанот бағишлади. Мен “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобининг ўзбек тилидаги нашрида (2015 йил) Каримовнинг ушбу гапларини тўлиқ келтириб, илк саҳифасига жойлаштирган эдим. Афсуски, ушбу доно даъват унинг рус тилидаги нашрида (2018 йил) менга номаълум сабабларга кўра чиқариб ташланибди.
Аслида асосий туртки 2006 йилда бошланган. Бир куни Президент Каримов номидан 2 киши мавзу билан шуғулланаётган олим сифатида менга учраб, тарихий адолатни тиклаш, тарихни ҳаққоний очиб бериш, ўзбеклар келиб чиқиши тарихини асослаб борича кўрсатиб бериш масаласида суҳбатлашишди. Шу ишни қилиш учун нималар қилиш керак, умуман, шу вазифани амалга ошириш мумкинми, деган саволларни беришди. Мен уларга мавжуд муаммоларнинг борини айтдим. Ўзимни қийнаётган саволлар, масала ва муаммоларни рўйи-рост гапирдим. Орадан 4-5 кун ўтиб улар яна келишди. Президент сизнинг ғояларингизни маъқуллади. Сизга барча шароитларни яратиб бериш ва китоб ёзилиши, чоп этилиши ҳамда тарқатилиши билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал этишни тегишли кишиларга топширди, деб айтишди. Мен дархол ишга киришдим ҳамда дастлаб “Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи” китоби 2007 йилда дунё юзини кўрди.
Сўнг маълумотларни тўплашда давом этдим. Орада не-не қийинчиликлар, қаршиликлар, оғир кунлар бўлди. Мавзуни давом эттириб, янги-янги манбаалар топиб, уларга асосланиб, китбни яна тўлдириб боравердим. 2015 йил арафасида китобни катта олимларга, сафдошларимга, мутахассисларга ўқитдим. Ҳаммага ёқади, ижобий фикрлар билдиришади, аммо раҳбарлардан ўтмайди, нашрга рухсат беришмайди. Бу аслида Биринчи раҳбарнинг топшириғи билан битилган китобнинг давоми, десам ҳам фойдасиз-да. Президент ҳузурига кирмоқчи ҳам бўлдим. Йўлатишмади. Кирсам, кўп гаплар очилиб кетишидан хадиксирашди. Китоб грант доирасида нашр этиладиган бўлгани учун, муддатига 1 кун қолганда қийинчиликлар билан ўша пайтдаги молия вазири ҳузурига кирдим. Бир кун кеч қолсам, маблағ куйиб кетарди, ғазначилик пулни ўтказмас эди. Вазирга тушунтирдим. Инсофи бор экан, тушунди, пул ўтказилди. Улкан ва катта машаққатлар билан бўлсада, ўзбек тилидаги “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китоби нашр этилди. Қийинчилик ва қаршиликлар шу билан тугамади. Арзимаган важлар билан китобни сотишга, тарқатишга монеликлар авж олди. Иложсиз, ўқув юртларига, изланувчиларга, тадқиқотчиларга ўзимиз тарқатдик, бепул. Орадан бирмунча вақт ўтиб, нуфузли комиссия тузилди ва комиссия китоб кенг оммага тавсия этилсин, деган хулоса берди. Шу зайл китоб бир неча бор чоп этилди.
Китобни Президент Шавкат Мирзиёевга ҳам совға қилдим. Жуда хурсанд бўлди, мени табриклади, раҳмат айтди. 1 соатга яқин мен билан суҳбатлашди. Суҳбатдан янги ғоялар олдим, янги режалар пайдо бўлди.
Ўзбеклар этногенези мураккаб ва баҳсталаб мавзу. Сиз илгари сураётган ўзбекларнинг келиб чиқишига оид ғоя аввалги назариялардан нимаси билан фарқ қилади?
Маълумки, қадимдан давом этиб келаётган этносиёсий вазиятга кўра, Ўрта Осиёда икки тилли этник уруғ жамоалари, қабила ва элатлар яшаб келган. Улар микроҳудудий жиҳатдан алоҳида, ёнма-ён, кўп ҳолларда аралашиб яшаганлар. Улар ўртасидаги иқтисодий, маданий ва этник алоқалар узоқ давом этган тарихий жараёнлар бўлиб, маълум ҳудудлар доирасида, улар ўзаро қаришиб, янги этник бирликларнинг вужудга келишига, янги этносларнинг шаклланишига олиб келган. Ана шундай этногенетик жараёнларнинг этник ҳосиласини айниқса ўзбек ва тожик халқлари мисолида кўриш мумкин. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам эроний ва туркий этник бирликларнинг маълум нисбатда, узоқ асрлар давомида қаришуви асосида таркиб топган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам икки этник илдизли Ўрта Осиёнинг туб жойли автохтон аҳолиси ҳисобланади.
Ўзбек халқининг этногенези муаммосида, унинг археологик манбалар билан боғлиқ икки масаладаги кузатувларим, менга тинчлик бермай келар эди. Улардан бири Марказий Осиё бронза даври дашт қабилаларига тегишли археологик ёдгорликларнинг ашёларидаги айнан ўхшашликлар бўлса, иккинчиси ўша давр одамларининг антропологик типидаги айнан бир хиллик эди. Чунки, Шўролар даврида лингивистик фаразлар асосида яратилган концепцияга кўра, Ўрта Осиё, ҳатто Евроосиё даштларининг бронза даври чорвадор аҳолиси қадимги эроний тилларда сўзлашган, уларнинг Тоғли Олтой районида истиқомат қилувчи қисмигина туркий тилли эди, деган қараш тарихшуносликда устувор эди. Бошқача қилиб айтганда, нега бир хил моддий маданият ва бир хил антропологик типли аҳолининг Тоғли Олтой зонасида яшаганлари туркийда, қолганлари эса эроний тилда сўзлашган, деган фараз жумбоқлигича қолиб келмоқда эди.
Кейинги йилларда қадимги Хитой ёзма манбаларининг аслияти асосида олиб борилган изланишлар туфайли Евроосиё даштларининг сўнгги энеолит ва бронза даври чорвадор қабилалари – хулар, дилар, тиек каби прототурк уруғ жамоалари бўлганлиги ҳақида янги маълумотлар олинди. Бунга кўра, у прототурк уруғ жамоаларининг археологик маданиятларда акс этган муқобиллари Евроосиё даштларининг чорвадор сруб-андроново қабилалари бўлиб, уларнинг моддий маданият излари милоддан аввалги II-минг йилликнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё ҳудудларида кенг тарқалган. Бу жараён археологик адабиётларда орийларнинг жанубга миграцияси билан узвий боғланиб келинади.
Шундай қилиб, юқорида келтирилган археологик материаллар ва уларнинг қадимги Хитой ёзма манбалари билан қиёсий локализациялаш асосида шундай хулосага келиш мумкинки, Евроосиё даштларининг энеолит ва бронза даври қабилалари ҳамда улар билан келиб чиқиш илдизлари бир бўлган Калтаминор маданияти аҳолиси прототуркий тилли бўлишган, деган фаразни ўртага ташласа бўлади. Демак, икки тиллилик Ўрта Осиё қадимги аҳолиси учун характерли бўлиб, ўзбек халқининг ҳар икки тарихий илдизи автохтон асосга эга бўлган.
Ватанимиз тарихий илдизларига чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, ўзбек халқининг энг қадимги аждоди 1988 йилда Фарғона водийсининг Селунгур ғоридан топилган ашель даври одамларининг суяк қолдиқлари бўлиб, улар 35-40 ёшлардаги эркак, 40 ёшлардаги аёл ва 10 ёшлардаги болага тегишли бўлган. Улар антрополог олимларнинг хулосаларига кўра, одамзод илк аждоди, яъни архантроплардан палеоантропларга ўтиш даври одами билан характерланади. Ундан кейинги босқич одамининг скелети (мустье даври) 1938 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун тоғининг Тешик-Тош ғоридан топилган. Тешик-Тош одамининг суяк қолдиқлари Сельунгур одамига нисбатан анча ёш бўлиб, у неандерталлар даври одами типига киради. Аммо, антрополог олимлар орасида узоқ йиллар илмий бахсларга сабаб бўлган бу топилма ўзининг ривожланган морфологик қиёфасига кўра, Европанинг классик неандерталидан фарқ қилиб, у келиб чиқиш жиҳатидан одамзоднинг Яқин ва Ўрта Шарқ ўчагига тегишли эканлиги билан характерланади.
Маълумки, 1972-1974 йилларда Хоразм археологик экспедицияси томонидан куйи Амударёнинг Сарикамиш делтаси районидан, Тумек-Кичиджик қабристонидан 30 га яқин неолит даври қабрлари очиб ўрганилган. Антрополог Т.Трафимованинг таъкидлашича, бу ердан топилган одам бош чаноқлари бир томондан Яқин Шарқ антропологик типини (Ўртаер денгизи типини) эслатса, иккинчи томондан шимолнинг протоевропеоидтипининг айнан ўзгинасидир. Тумек-Кичиджик антропологик комплексини Л.Яблонский мухтасар ўрганиб, Калтаминор аҳолисининг жисмоний тузилишида протоевропеоид антропологик асос ётади, деган хулосага келади. Т.Трафимова таъкидлаган Ўртаер денгизи типига хос элементларга келсак, улар аниқ кўзга ташланмайди, эхтимол неолит даврида Ўртаер денгизи типининг қандайдир гурухи шимолга, протоевропеоидлар жамоасига кириб келган бўлиши мумкин. Аммо, улар маҳаллий протоевропеоидлар этник асосини ўзгартириб юбара олмаганлар. Бундай мисол ва далилларни яна истаганча келтиришим мумкин.
Ўз қарашларингизни яна қандай далил ва исботлар билан ҳимоя қилдингиз?
Юқорида келтирилган археологик ва антропологик материаллар обзоридан маълумки, Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудларида инсоният ҳаётининг илк босқичларида ҳам одамзод яшаган. Аммо, уларнинг ҳеч бирини ҳозирги замон Ўрта Осиё аҳолиси этносининг биронтаси билан бевосита боғлаш мумкин эмас. Чунки, у кезларда, яъни қадимги, ўрта ва янги тош даврида уларнинг (ҳозирги замон этносларининг) ҳеч бири муайян элат, халқ бўлиб шаклланмаган эди.
Маълумки, аждодларимизнинг уруғ, жамоа бўлиб шаклланиши юқори палеолит давридан бошланди (бундан тахминан 40 минг йил аввал). Айнан шу даврда географик мухит таъсирида одамларнинг ирқларга (европеоид, негротоид ва монголоид) бўлиниши юз берди. Мезолит (ўрта тош) даврида эса, ҳар бир ирқнинг минтақавий антропологик типларга бўлиниши содир бўлди. Неолит (янги тош) даврида эса ибтидоий деҳқончилик ва хонаки чорвачилик кашф этилиб, минтақавий маданий-хўжалик зоналари таркиб топди. Аждодлар ҳаётида юз берган бу туб ўзгаришлар аҳолининг антропологик қиёфасида ҳам ўз аксини топди.
Таъкидлаш жоизки, дунёда биронта ҳам моногенезли этнос йўқ ва бўлмайди ҳам. Бу назарий ва илмий методологик қарашдан ўзбек ва тожик халқлари ҳам мустасно эмас. Ҳар бир халқнинг этник таркиби кўп компонентли этник бирликлар қаришувидан иборат. Муайян халқ этник тарихидаги илк қаришув унинг этногенез тарихининг бошланишини англатади. Ўзбек ва тожик халқлари мисолида уларнинг этногенез тарихи археологик манбалар таҳлилига кўра бронза давридан бошланган. Бу жараён орийларнинг мил. авв. II-минг йиллик ўрталарида юз берган жанубга миграцияси билан боғлиқ бўлиб, протоевропеоид типли чорвадор орийлар Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларига кенг кўламда кириб келди. Уларнинг ерли протоевропеоид ва шарқий Ўртаер денгизи типли аҳоли билан қоришуви бошланди, антик даврига келганда жадал давом этган этномаданий алоқалар ва этник қоришувлар натижаси сифатида ўзбек ва воҳа тожикларига хос янги антропологик тип шаклландики, у фанда “Ўрта Осиё икки дарё оралиги типи” номи билан ўз ўрнини топди.
Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳудудлари жуда қадим-қадим замонлардан хронологик кетма-кетликда одамзод яшаган макон бўлиб келган
Демак, аввалги назарияларга қарши бемалол айтиш мумкинки, ўзбек халқи “келгинди” ёки “кўчманчи” бўлган эмас?
Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳудудлари жуда қадим-қадим замонлардан хронологик кетма-кетликда одамзод яшаган макон бўлиб келган. Унинг табиий-географик шароити, экологик имкониятлари қадимги тош давридан бошлаб аждодлар эътиборини ўзига тортган. Ашель даврида яшаган фергантроплар, мустье даврининг неандерталлари яшаб ўтган бу ўлка мезолит, айниқса неолит даврига келганда жаҳон цивилизация марказларининг бирига айланишига асос берган. Ўрта Осиёнинг бу бепоён муштарак бағрида неолит даврида икки маданий-хўжалик ва икки тилли автохтон уруғ жамоалари шаклланади. Минтақанинг шимолий ҳудудлар аҳолиси генетик жиҳатдан Евроазия этномаданий дунёси (протоевропеоид, прототурк) билан боғлиқ бўлса, унинг жанубий ҳудудлар аҳолиси иқтисодий-хўжалик ва тил жиҳатидан(шарқий ўртаер денгизи типи ва эроний тиллар оиласи) Яқин ва Ўрта Шарқ минтақалари билан боғлиқ эди. Шу боисдан Ўрта Осиёнинг қадимги дунёсида икки тиллилик (туркий ва эроний) мавжуд эди. Уларнинг бири неолит даврининг Калтаминор маданияти мисолида минтақанинг шимолий ва марказий қисмининг ғарбида таркиб топса, иккинчиси минтақанинг жануби-ғарбида Жайтун маданияти мисолида шаклланади.
Китоб нима учун орадан 3 йил ўтиб рус тилига таржима қилинди? Яна қайси тилларга таржима устида иш олиб бориляпти?
Китобни рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилиш бўйича жуда кўп таклифлар бўлди. Аммо таржима – меҳнат, демак пул туради. Ҳомий, яъни маблағ масаласи катта муаммо бўлиб юзага чиқди. Шогирдларим, сафдошларим ва ўзимнинг саъй-ҳаракатимиз билан топган мурувватли ташкилотлар ва жисмоний шахслар ҳам маблағнинг бир қисмидан ортиғини бера олишмаслигини айтишарди. 2016 йили нашриётдан қўнғироқ қилиб, менга китобнинг ўзбек тилидаги нашри учун анчагина қалам ҳақи чиққанини айтишди. Орада Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни республикадаги таниқли академиклар билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қуриб, ҳар биримизга рағбатлантирувчи пул мукофотларини берди. Ана шу шахсий маблағларимни йўналтириб, рус тилига таржима ишларини бошлаш учун мутахассисларни жалб қилдим.
Яқинда Хитой давлатида бўлиб ўтган йирик халқаро илмий конференцияда иштирок этдим. Китобдан бир нечта нусхасини олиб кетган эдим. Хитойлик олимлар китобимга қизиқиб қолишди. Хитой манбаалари ва у ердаги археологик топилмаларга асосланиб ёзган китобимни ўз тилларига таржима қилиш истагини билдирдилар. Келишувга ҳам эришдик. Айни пайтда “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” рисолам хитой тилига таржима қилиниш жараёнида.
Ҳозир инглиз ва бошқа Европа тилларига таржима қилишга жазм қила оладиган, ўзига ишонган мутахассис-таржимонларни излаяпмиз. Чунки, китоб илмий асар. Қисқартмалар, атамалар, топонимларнинг илмий исботланган изоҳлари, мураккаб тарихий, илмий ва соҳага оид атамалар жуда кўп. Уни таржимаси ҳам шунга яраша мураккаб, заҳматли меҳнат талаб қиладиган жараён. Хуллас, талабга ва вазиятга қараб бошқа тилларга таржима қилиш ниятларимиз йўқ эмас.
Китобингиз кенг жамоатчилик орасида қандай кутиб олинди? Илмий доираларда уни ўрганиш, талабалар ва ёш мутахассисларга ўқитиш ишлари бошландими?
Мутахассислар асарга юқори баҳо беришди. 660 бетдан иборат ушбу монография ўзбек халқи тарихини янада бойитишда илмий асос бўлиб хизмат қилишини, китоб сўнгги йилларда Ўзбекистон тарихи бўйича яратилган энг яхши асарлар қаторидан ўрин олишини таъкидлашди. У илмий тадқиқот институтлари илмий ходимлари, этнография, тилшунослик, Ўзбекистон тарихини ўрганаётган талабалар ва профессор-ўқитувчилар, шунингдек, Ўзбекистон этноси тарихига қизиқувчилар учун тавсия этилган эди. Ҳозирда истаган киши уни китоб дўконларидан сотиб олиши ёки кутубхона, ўқув юртларида дарслик сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд.